Admin 10-29-2009, 08:36 AM
Асримиз фақиҳи, шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ толиби илмларга қилган насиҳати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Толиби илм ўз вақтини авайлаши ва уни беҳудага сарф қилмаслиги керак.
Вақтни беҳуда сарфлаш қуйидаги нарсаларда бўлиши мумкин:
- Ўқиган нарсасини ёд олмаслик ва уни такрорламаслик;
- Дўстлар билан ўтириш ва беҳуда, фойдасиз суҳбатлар қуриш;
- Аммо толиби илм учун энг зарарлиси – бу унинг одамлар нима деяётганини кузатишдан бошқа ғами бўлмаслигидир. Ким тарафдан нима дейилди, нима бўлди ва нима бўлади каби унга тегишли бўлмаган ишларга қизиқади. Шубҳа йўқки, бу Исломий эътиқоднинг сустлиги оқибатидир. Ахир Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедиларку: «Инсоннинг ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиши, унинг исломи чиройли эканлигидан далолатдир» (Имом Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Саҳиҳ ат-Термизий» 2/531).
Нима, ким тарафидан айтилгани ва кўпгина саволлар билан банд бўлиш – бу вақтни беҳуда кетказишдир. Аслида бу касаллик. Инсонни у қамраб олганда эса, миш-мишлар унинг асосий ғами бўлиб қолади. Унинг ғами бўлиб қолган бу ишлар илм талаб қилишига ҳам тўсқинлик қилади. Бунинг оқибатида у душманликка лойиқ бўлмаганлар билан душманлик қилиши ва дўстликка лойиқ бўлмаганлар билан дўстлашишига олиб бориши мумкин. Буларнинг барчаси ҳақ ва адолат учун курашишлик баҳонаси остида (содир этилади). Бироқ ундай эмас! Аксинча, бу инсонга дахли бўлмаган нарса билан банд бўлишликдир. Бироқ, агар сен бу ҳақида қизиқмаган ҳолингда сенга қандайдир хабар етиб келса ва сен уни илиб олмаган бўлсанг, бунинг мисоли шунга ўхшайдики, худди ҳар кимга қандайдир хабарлар етиб борадию, бироқ у ўзини ўшалар билан банд қилмайди ва буларни ўзининг асосий ғами қилиб олмайди. Чунки бу толиби илмни чалғитади ва унинг ишини бетартибликка олиб боради. Шунингдек бу умматни гуруҳларга бўлиниш эшигини очади ва у (уммат) парчаланади.

Қаранг: «Китобул Илм» 143-144.

Admin 10-29-2009, 08:14 AM
Умра ибодати эҳром, тавоф, саъй ва сочни қирдириш ёки қисқартиришдан иборат. Эҳром эса умра ёки ҳаж ибодатига киришни ният қилиш. Умрага эҳром боғламоқчи бўлган киши имкони бўлса, ғусл қилади, хушбўйлик суради, сўнг ўз мийқотидан эҳром либоси бўлмиш изор ва ридони кияди. Аёллар эса хоҳлаган кийимларини ясан-тусансиз кийишади. Улар ниқоб ва қўлқоп кийишмайди ва юзларини бегона кишилар олдида беркитишади. Бошқа вақтларда эса очиб юришади, чунки уларнинг эҳромлари юз ва қўлларида бўлади. Имом Дароқутний Ибни Умардан ривоят қилишларича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлнинг эҳроми юзида, эркак кишиники бошида” - деган эканлар (Сунани Дароқутний, 2/294). Сўнг: “Лаббайка умратан, лаббайкаллоҳумма лаббайка лаббайка ла шарийка лака лаббайка иннал ҳамда ван неъмата лака вал мулка ла шарийка лака” - деб умрани ният қилади. “Талбия”нинг маъноси қўйидагича: “Лаббай, эй, Аллоҳим! Сен шериксиз ягонасан, лаббай! Ҳамду-сано, неъмат ва мулк Сен учундир! Сенинг шеригинг йўқдир!” (Муслим ривояти, 7/397, ҳадис рақами: 2868). Талбияни баланд овозда айтиш эркаклар учун суннат, чунки овозни кўтаришда Аллоҳнинг маросимларини изҳор қилиш ва тавҳидни ошкор қилиш бор. Аёллар эса талбияни ҳам бошқа зикрларни ҳам баланд овозда айтишмайди. Йўл давомида кўп зикр, дуо ва талбия айтади. Эҳромга кирмоқчи бўлган киши касаллик ё кечикиш каби умра ё ҳажни охирига етказишдан тўсадиган тўсиқлардан чўчиса, эҳромга киришдан олдин: “Ин ҳабасаний ҳаабисун фамаҳиллий ҳайсу ҳабастаний” - деб шарт қилиб олиши суннат саналади. Маъноси: “Агар умра ё ҳажимни охирига етказишдан тўсадиган касаллик ё кечикиш каби тўсиқлар чиқиб қолса, мен эҳромимдан чиқиб кетаман” - дегани. Бу каби нарсалардан чўчимаган киши шарт қилиши керак эмас. Умрадаги талбияни эҳромдан бошлаб то тавофга киришгунча айтилади. Маккага етиб боргач, умраси учун Каъбани етти марта тавоф қилади. Тавофнинг бошланиши ҳам тугаши ҳам Қора тошдан ҳисобланади. Қора тошни ўнг қўли билан силайди. Имкон топса, ўпади. Буни Қора тош фойда ё зарар етказа олади деб эътиқод қилиб эмас, балки Аллоҳни улуғлаб ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиб қилади. Тошни ўпишга имкон топмаса, уни қўли билан силаб, қўлини ўпади. Қўли билан силашга имкон топмаса, одамларга тиқилмайди, чунки тиқилинч ўзига ҳам бошқаларга ҳам озор беради, хушуъни кетказади ва тавофни ибодатлик хусусиятидан чиқариб юборади. Гоҳида у сабабли жанжал-сурон келиб чиқади. Шунинг учун узоқдан бўлса ҳам қўли билан ишора қилиши унга кифоя қилади. Тавоф қилаётганда Каъбани чап тарафида қолдириб айланади. Рукни ямонийга етгач имкони бўлса, уни ўпмасдан қўли билан силайди. Имкон топмаса, одамларга тиқилмайди. Каъбадан фақат Қора тош ва Рукни ямонийгина қўл билан силанади, чунки иккаласи Иброҳим (алайҳис салом) қурган пойдевор устига қурилган бўлиб, Пайғамбаримиз фақат иккаласини силаган эканлар. Рукни ямоний билан Қора тош орасида Бақара сурасининг 201-оятида келган:
“Роббана аатина фид дуня ҳасанатан ва фил аахироти ҳасанатан ва қина азабаннаар” - деган дуони айтилади. Маъноси: "Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин". Қачон Қора тошни тўғрисига келса, юқорида ўтган амаллардан имконида борини қилади ва “Аллоҳу акбар” - дейди. Тавоф қилаётганда ўзи хоҳлаган зикр, дуо ва тиловатларни қилади, чунки Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ва Жамаротларга тош отиш Аллоҳ зикрини адо этиш учун машруъ қилинган. Ушбу тавофда эркаклар учун тавофнинг ҳаммасида изтибоъ қилишлари ва аввалги учта тавофда рамал қилишлари суннат. Изтибоъ деб ўнг елкани очиб ридонинг ўртасини ўнг қўлтиқ остига, икки тарафини эса чап елка устига ташлаб қўйишга айтилади. Рамал эса кичик қадамлар босиб тез юриш, ёки лўккиллаб юриш дегани. Тавофни етти марта қилгандан сўнг Мақоми Иброҳимнинг олдига бориб Бақара сурасининг 125-оятида келган оятни ўқийди. Маъноси: “... ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: “Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, руку — сужуд эгалари учун пок тутинг”, деб буюрдик”. Сўнг имкони бўлса, Мақоми Иброҳимнинг орқасида унга яқинроқ жойда икки ракаат намоз ўқийди. Агар тиқилинч бўлса, узоқроқда ўқиса ҳам бўлади. Бу намознинг биринчи ракаатида Кофирун сурасини иккинчи ракаатида Ихлос сурасини ўқилади. Тавофнинг икки ракаатини ўқигандан сўнг Замзам сувидан қониққанча ичади. Сўнг имкони бўлса, Қора тошга қайтиб бориб уни силайди. Имкони бўлмаса, унга қўли билан ишора қилмайди. Сўнг Сафо тоғи тарафга юради. Уни кўрганда Бақара сурасининг 158-оятини ўқийди. Маъноси: “Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Шундай экан, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёрила яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир” (Бақара: 158). Сўнг Сафога чиқади ва Каъбага юзланиб икки қўлини кўтарган ҳолда Аллоҳга ҳамд айтади ва хоҳлаган нарсаларини сўраб унга дуо қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сафо ва Марванинг устида: “Ла илаҳа иллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр, ла илаҳа иллоҳу ваҳдаҳ, анжаза ваъдаҳ, ва насоро абдаҳ, ва ҳазамал-аҳзаба ваҳдаҳ” - деб уч марта такрорлар ва шулар орасида дуо қилар эдилар. Сўнг Сафодан Марва тарафга қараб юради. Яшил чироқли белгига етгач имкони борича бировга озор бермай кейинги яшил чироқли белгигача тез югуради. Кейин Марвага етиб боргунча одатдагидай оддий юради. Етиб келгач, унинг устига чиқади ва Қиблага юзланиб икки қўлини кўтарганча Сафо устида қилган зикр ва дуоларни қилади. Сўнг Марвадан Сафога қараб юрадиган ўринларда юриб, чопадиган ўринларда югуриб боради. Сўнг Сафога чиқади ва Каъбага юзланиб икки қўлини кўтарган ҳолда биринчи марта қилганидек дуо қилади. Саъйнинг қолган қисмида ўзи ёқтирган зикр, қироат ва дуоларни айтади. Сафо ва Марванинг устига чиқиш ва иккита яшил чироқли белги орасида югуриш вожиб эмас, балки суннатдир. Сафо билан Марва орасида етти марта умранинг саъйини қилади. Уни Сафодан бошлаб Марвада тугатади. Саъйнинг ҳар мартасида эркаклар иккита яшил чироқли белги орасида югурадилар. Аёллар учун бу машруъ эмас. Саъйни тугатгандан сўнг эркаклар сочларини қириб олдирадилар ёки қисқартирадилар. Қириб олдириш афзал, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочни қириб олдирганлар ҳаққига уч марта Аллоҳдан раҳмат сўраб дуо қилганлар, қисқартирганлар ҳаққига эса бир марта дуо қилганлар (Муслим ривояти, 8/287, ҳадис рақами: 3206).
Аёллар эса сочларини учидан бир бармоқ учи миқдорида қисқартирадилар. Шу билан умра амаллари якунланади. Шундан сўнг эҳром либосларини ечиб, ўз кийимларини кийишади. Энди атир суриш, соч ва тирноқларни олиш ва ўз аёлига қўшилиш каби эҳромда ҳаром қилинган нарсаларнинг ҳаммаси ҳалол бўлади.

(Мажмуъул фатово, Ибни Усаймийн, 241/31-36).

Admin 10-29-2009, 07:59 AM
Мабрур ҳаж ҳақидаги ҳадислар шарҳи

وعنه قال: سئل النبي، صلى الله عليه وسلم، أي العمل أفضل ؟ قال: إيمانٌ بالله ورسوله قيل: ثم ماذا ؟ قال: الجهاد في سبيل الله قيل: ثم ماذا ؟ قال: حجٌ مبرورٌ متفقٌ عليه.
المبرور هو الذي لا يرتكب صاحبه فيه معصيةً.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб дейдилар: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг афзал амал нима?” - деб сўралган эдилар: “Аллоҳга ва унинг элчисига иймон келтириш” - дедилар. “Кейинчи?” - дейилган эди: “Аллоҳ йўлида жанг қилиш” - дедилар. “Ундан кейинчи?” - деб сўралган эдилар: “Мабрур ҳаж” - деб жавоб бердилар” (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Ибни Ражаб (роҳимаҳуллоҳ): “Амалларнинг энг афзали Аллоҳ таъоло бандаларига фарз қилган амаллар эканида шак-шубҳа йўқ. Бандаларга вожиб бўлган фарзларнинг энг афзали дил билан тасдиқ ва тил билан нутқ қилган ҳолда Аллоҳ ва Унинг элчисига иймон келтиришдир. Бу эса калимайи шаҳодатни айтиш бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу билан пайғамбар қилиб жўнатилганлар ва шу учун жанг қилишга буюрилганлар” - деган эканлар (Фатҳул-Борий, Ибни Ражаб, 4/18).
Ушбу ҳадисда зикр қилинган афзал амаллардан иккинчиси Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш экан. Бу ҳақида ҳам кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган. Зиммасидаги фарз ҳажни адо қилмаган киши учун эса ҳаж қилиш афзал бўлади, чунки у ислом рукнларидан бири бўлиб шу кишига нисбатан фарзи айн ҳисобланади.
Мабрур ҳаж деб унда риёкорлик, шаҳватга оид амаллар ва гуноҳ ишлар қилинмаган ва ҳалол мол сарфланган ҳажни айтилади. Ибни Умар (розияллоҳу анҳу): “Мабрур ҳаж одамларга овқат едириш ва яхши ҳамсуҳбат бўлиш” - деган эканлар. Савр ибни Язид (роҳимаҳуллоҳ) шундай деган эканлар: “Кимда ким ушбу уй (яъни Каъба)ни қасд қилиб келсаю, лекин унда учта хислат; яъни: ғазабини босадиган ақли, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилиши ва ҳамроҳига яхши ҳамсуҳбати бўлмаса, унинг ҳажи саломат бўлмайди”. Бир киши Ҳасан (роҳимаҳуллоҳ)дан: “Эй Абу Саъийд, мабрур ҳаж нима?” - деб сўраганда: “Дунёдан воз кечган ва охиратга қизиққан ҳолда қайтишлик” - деб жавоб берган эканлар (Ал-истизкор, Ибни Абдил-Барр, 4/104-105). Ибни Холавайҳ (роҳимаҳуллоҳ): “Мабрур ҳаж деб қабул қилинган ҳажни айтилади” - деган бўлсалар, бошқалар: “У гуноҳ аралашмаган ҳаж” - дейишган экан. Мана шу фикрни Нававий (роҳимаҳуллоҳ) қўллаб-қувватлаган эканлар. Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) эса: “Мабрур ҳажнинг маъносида зикр қилинган сўзлар ҳаммаси бир-бирига яқин маънода бўлиб, бу маъно – аҳкомлари бенуқсон қилиниб, мукаллафдан талаб қилинганидек тўла-тўкис адо қилинган ҳаждир” - деган эканлар (Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар, 4/329).
Меҳмон 10-27-2009, 09:01 PM
Истиҳоза ва унинг ҳукмлари ҳақида

Истиҳоза – аёл кишида ҳеч тўхтамайдиган ёки оз муддат, бир-икки кун тўхтаб, яна давом этадиган қондир.
Биринчи ҳолат – яъни ҳеч тўхтамайдиган, ойлаб, ҳатто йиллаб давом этадиган истиҳозага далил «Саҳиҳ Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир: «Фотима бинт Аби Ҳубайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳеч пок бўлмайман» деди. Бир ривоятда: «Истиҳоза бўлиб, пок бўлмайман» деди.
Иккинчи ҳолат - яъни қон кам тўхтайдиган ҳолатга далил: Ҳамна бинт Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен қаттиқ истиҳоза бўламан» деди (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Admin 10-25-2009, 09:09 AM
Агар Пайғамбар Аллоҳнинг шаънига айрим сўзларни тўқиб олганида

«Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди» (Ал-Ҳаққо: 44-47).
Ҳофиз Ибн Касир тафсирларида (4/415) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида», деяпти, яъни, улар даъво қилганларидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Биз ҳақимизда ёлғон тўқиб, рисолатга зиёдалик олиб кирса ёки унга нуқсон етказса ёҳуд ўзидан бирор нарса деб, уни бизга нисбат берса, асло бундай бўлмайди, батаҳқиқ, унга уқубатни тезлаштирган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган... бўлур эдик», деди. Унинг маъноси ҳақида шундай дейилди: ундан ўнг Қўл билан ўч олган бўлур эдик. Чунки у ушлашликда қаттиқроқ-(мустаҳкамроқ)дир. Ва айтилдики: унинг ўнг қўлидан ушлаган бўлур эдик. «Сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик». Ибн Аббос шундай дедилар: у шотомир-(аорта). Ва у юрак унга боғланган томирдир.
«У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди», яъни, агар унга ушбу (азоб)дан бирор нарсани хоҳлайдиган бўлсак, сизлардан бирор киши Биз билан унинг орасини тўсиб қолишликка қодир бўлмас эди.
Бу борадаги маъно шуки: балки у ростгўй, итоаткор, тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло уни тасдиқ этиб, Ўзи ҳақида (рисолатни) етказувчи қилди ва у кишини ажойиб мўъжиза ва узил-кесил далиллар билан қўллаб-қувватлади»
.

Admin 10-25-2009, 08:39 AM
Илм излаш асослари

Шайх Абдуллоҳ ибн Салфиқ аз-Зуфаирийнинг
”Ар-Ракаъиз-ул-Ашар Лит-Таҳсил-ил-Илми” рисоласи асосида тайёрланди

Алҳамдулиллааҳи Раббилаламин, вас-Солаату вас-Салааму ала Ашрафил-Анбияи вал-Мурсалин, ва баъд:

1. Аллоҳдан ёрдам сўрашлик
Инсон ўзи кучсиз ва агар Аллоҳ куч қудрат бермаса ўзида на куч ва на қувват бор. Агар инсон ишларини фақатгина ўзига топшириб қўйса, у ҳолда ҳалокатга учрайди. Аммо у ишларини Аллоҳга топширса, яъни Аллоҳга таваккул қилса ва илм излашда Аллоҳдан ёрдам сўраса Аллоҳ унга ёрдам беради.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!” (Фотиҳа сураси , 5).
“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилур” (Талоқ сураси, 3).
“Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!” (Моида сураси, 23).
Агар биз Аллоҳга ихлос билан таваккул қилсак Аллоҳ бизга худди қушларга ризқ бергани каби бизларга ҳам ризқ ато қилади. Қушлар инларидан оч қорин билан чиқиб қайтганларида эса қоринлари тўқ бўлиб қайтишади.
Аллоҳ берган энг катта ризқ нима? Бу илмдир. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ишларда Аллоҳга таваккул қилиб, Аллоҳдан ёрдам сўрар эдилар. Демак, биз ҳам хусусан фойдали илм излашда Аллоҳга таваккул қилишимиз ҳамда Ундан ёрдам сўрашимиз керак бўлади.

2. Яхши ният
Мусулмон илм излашда ниятни фақатгина Аллоҳ учун қилмоқлиги лозимдир, яъни бошқалар “Бу илм олаётган экан, зўр экан, илмли экан ва ҳ.к.” дейишлари учун эмас, балки Аллоҳ учун илм излаш лозим бўлади. Кимки ниятини Аллоҳ учун қилса, Аллоҳ унга ўша ишда ютуқ беради ва мукофотлайди. Илм бу ибодат туридир. Ҳақиқатда, илм бу ибодат турларининг энг катталаридандир.
Ибодатнинг қабул бўлиш шартлари эса 2 тадир:
1) Ихлос, яъни Аллоҳ учун қилишлик;
2) Муҳаммад саллалалҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига кўра қилишлик
Аллоҳ таоло айтадики:
“Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан биргадир” (Наҳл сураси, 128).
Тақвонинг энг улуғ тури бу ниятни холис Аллоҳ учун қилишликдир.
Кимки риё учун, яъни бошқалар кўришлиги учун, мақташлари учун илм изласа, шу ҳолатида вафот этса, у ҳолда у тушкунликка тушганлардан ҳисобланади ва Қиёматда у азобланади. Аллоҳ барчамизни бундан асрасин.

3. Ўзини Аллоҳ олдида ўзини камтарин ҳис қилишлик ва Аллоҳдан илмини оширишликни сўрашлик.
Мусулмон доимо Аллоҳдан илмини оширишликни сўрашлиги зарурдир, чунки у доимо Аллоҳга, Унинг ёрдамига муҳтождир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бандаларини Унга дуо қилиб ёрдам сўрашликка чақирган. Аллоҳ таоло айтади:
“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилинглар, Мен сизларга (дуоларингизни) мустажоб қилай”, - деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир сураси, 60).
“Айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин!”” (Тоҳа сураси, 114).
Қуръонда Иброҳим алайҳиссалом шундай деганлиги айтилади:
“Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин!” (Шуъаро сураси, 83).
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг хотирасини кучли қилишликни сўраган эдилар. Ҳамда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга илм ато қилишликни ҳам сўраб дуо қилган эдилар. Аллоҳ Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини қабул қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эшитган нарсасини ёдлайдиган, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса бу Умматнинг катта уламоларидан ҳамда Қуръонни тафсир қилувчилардан бўлди.
Уламолар ҳам Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашиб доимо Аллоҳдан илмларини зиёда қилишликни сўраб келганлар. Масалан, Шайҳул Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ масжидларга бориб, сажда қилиб саждада “Эй Иброҳимга илм берган, Эй Сулаймонга илм берган, менда динни тушунишликни насиб қил” деб дуо қилар эдилар. Аллоҳ таоло Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг дуосини ҳам қабул қилди ва Ислом оламидаги энг катта уламоларга айландилар.
Демак, биз ўзимизни Аллоҳ олдида камтарин ҳис қилиб, доимо Аллоҳдан илмимизни зиёда қилишлигини сўрашимиз лозим. Чунки бу Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ҳамда уларга эргашган уламолар йўли экан.

4. Тўғри, соғлом қалб
Қалб бу илм сақланадиган жойдир. Агар бу жой мустаҳкам бўлса у ҳолда ичида бўлган нарсани сақлай олади, агар бу жой мустаҳкам бўлмаса у ҳолда у жойда бўлган нарсалар йўқолади.
Жасаднинг шундай бир қисми, жойи борки агар ўша жой тўғри, соғлом бўлса, бутун жасад ҳам соғлом бўлади. Агар у жой тўғри бўлмаса, соғлом бўлмаса бутун жасад ҳам шундай бўлади.
Мана шу жасаднинг қисми нима? У қалб, юракдир.
Қандай қилиб инсон соғлом қалбга эга бўла олади?
Соғлом қалбга эга бўлишлик Аллоҳни аниқ танишлик, Унинг Гўзал Исмлари ва Комил Сифатларини билиш орқали бошланади. Бундан ташқари Аллоҳнинг аломатлари ва яратгани (бутун олам) ҳақида, ҳамда Қуръон ҳақида ҳам тафаккур қилишлик соғлом қалбга олиб борадиган амаллардандир. Намозни тўкис адо қилишлик, таҳажжуд намозини ҳам ўқишлик соғлом қалбга элтувчи амалларга киради.
Инсон қалбини касал қилувчи, бузувчи нарсалардан, жойлардан ўзини йироқ қилиши зарур. Агар бу нарсалар қалбида бўлса, у ҳолда ундай қалбга илм кирмайди, илм у ерга жойлаша олмайди. Ҳаттоки жойлашса ҳам, у илмни тушуна олмайди. Аллоҳ таоло мунофиқлар, яъни қалби касал бўлганлар ҳақида шундай дейди:
“Уларнинг қалблари бору англай олмайдилар” (Аъроф сураси, 179).
Энди савол: Инсоннинг қалби қандай қилиб касал, бузилган қалбга айланади?
2 хил йўл билан: шаҳват ва шубҳаларга эргашишлик. Демак, бузилган, касал қалб 2 хил экан. Шаҳватларга эргашишлик дегани бу: бу дунё ҳаёти, маишатликларини севишлик ва шу нарсалар билан овора бўлишлик, ҳаром бўлган суратларни севишлик, ҳаром нарсаларни эшитишлик, ҳамда ҳаром нарсаларга қарашлик. Шубҳаларга эргашишлик бу адашган ақидаларни ўрганишлик, бидъат амалларини қилишлик, бидъат аҳлидан бўлишликдир.
Бундан ташқари рашқ ҳамда кибр, кўп ухлашлик, кўп гапиришлик ҳам кўп овқат ейишлик ҳам қалбни бузувчи амаллардандир. Шунинг учун ҳам инсон қалбни бузувчи нарсалардан ўзини йироқ қилиб, қалбини софловчи амалларни қилиши ва натижада эса соғлом қалбга эга бўлишга интилиши лозимдир.

5. Ақл
Инсонда ўқиган нарсасини тез тушуниш, ёдлаш қобилияти табиий бўлиши мумкин ёки бу нарсага ўзи ҳаракат қилиб эришиши мумкин. Агар инсон табиий жиҳатдан ақлли бўлса у ҳолда ақлини кучлироқ қилиш билан шуғулланиши агар ақлли бўлмаса у ҳолда ақлли бўлишга интилиш учун ўзига шароит яратиши лозим бўлади.
Инсоннинг илм олиш, тушуниш ҳамда ёдлаш қобилияти жуда ҳам зарур ҳамда кучли усуллардан биридир. Бу нарса унинг ҳар хил фиқҳий фикрларни , уларнинг далилларини ҳам тушунишига ёрдам беради.

6. Илм олишга иштиёқнинг кучли бўлиши. Илмни ўзлаштиришга ҳамда Аллоҳнинг ёрдамини олишга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан биргадир” (Наҳл сураси, 128).
Агар инсон бир нарсанинг муҳимлигини тушуниб етса, ўша нарсага эришишга ҳаракат қилади. Илм эса муҳим нарсаларнинг энг муҳимидир. Шунинг учун ҳар бир илм изловчи инсоннинг илмни ёдлашга, тушунишга ҳамда уламолар билан ўтиришга, улардан илм олишга бўлган иштиёқи кучли бўлиши лозимдир. Бу ишларни амалга оширишда албатта у вақтини нимага сарф қилишини режалаштириши зарур. Яъни, вақтини бекорчи нарсаларга эмас фойдали нарсаларга ажратиши керак бўлади.

7. Илм излашда жиддийлик, аҳд ҳамда сабр
Киши дангасаликдан, эринишдан ўзини йироқ тутиши, ҳамда шаҳватга ва Шайтонга қарши курашиши лозимдир. Чунки шаҳват ҳамда Шайтон илм олишга, излашга тўсқинлик қилувчи 2 та нарса.
Илм излашга мойилликни, аҳдини кучайтирувчи амаллардан бири бу: уламолар ҳаёти ҳақида ўқишлик, уларнинг қандай қилиб қийинчиликлар бўлганда сабр қилганликлари ҳақида билишлик. Бунга уларнинг қандай қилиб узоқ-узоқ ўлкаларга илм излаш учун сафар қилганликлари ҳам киради.

8. Мукаммаллик
Илм олаётган инсон илм излашга барча бор ҳаракатларини холисона сарф қилса натижада олган илмини мукаммал эгаллайди ҳамда кучайтиради. Бу нарса унинг илмни ёдлашида ва тўғри тушунишида кўринади.

9. Уламолардан илм ўрганишлик
Илм бу уламолардан ўрганилиши лозимдир. Уламолар Ислом ақидаси, қонун-қоидаларини тўғри тушунишади ва уни бизларга тўғри ҳолда ўргатишади. Ҳамда бундан ташқари амал қилишлари орқали ҳам уламолар бошқаларга жуда фойдали намунадир.
Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларни қандай қилиб тўғри Салафлар тушунгандек тушунишни биз Салафлар йўлида бўлган уламолардангина ўргана оламиз. Шу сабаб ҳам доимо ҳақиқий уламоларни танишлик, уларнинг китоблари, маъруза ҳамда мақолалари билан танишишга, уларни дарсларига қатнашишга қизиқишлик ва шунга яраша улардан илм олишлик ақлли инсоннинг ишидир.

10. Вақт
Илм излаётган инсон илм олишлик 1-2 кун ёки йилда тугайди деб ўйламаслиги лозимир. Балки кўп йиллар илм излашни давом эттириши зарур.
Солиҳ инсонлар доимо охирги нафасларигача илм олиш йўлида бўлганлар чунки улар илм излаш йўлида бўлишлик бу Жаннатга энг осон йўл эканлигини ҳаққоний равишда тушуниб етганлар. Албатта бу ерда сабрни алоҳида қайд қилиб ўтишлик лозим. Шубҳасиз, илм олишлик кўп йиллар давом этади ва бу учун инсон сабр қилишга ўзини ҳар томонлама тайёр қилиши лозим.

Admin 10-25-2009, 08:02 AM
ИХЛОС


 - Ихлос ҳақида тушунча;
 - Ихлоснинг таърифи ва унинг чегаралари;
 - Риёга интилишнинг нозик ва махфий томонлари;
 - Риёга интилишни даволаш;
 - Салафи солиҳларнинг ихлос борасидаги сўз ва амалларидан баъзи намуналар;
 - Ихлосга оид баъзи масалалар.


بسم الله الرحمن الرحيم

Ихлос ҳақида тушунча

“Ихлос” калимаси араб тилидаги “ахласа” феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғатда “бирон кишига нисбатан самимий, холис, содиқ бўлиш”, деган маънони ифодалайди. Шариат истилоҳида эса у “Аллоҳ Таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.
Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамзот сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа - нажот топади. Ким уни зое қилса - ҳалокатга юз тутади. Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ Таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай деди:
“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга, ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси, 5-оят).
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, яна бундай деди:
“Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!” (Нисо сураси, 125-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни эшитганман”, дейдилар:
“Аллоҳ Таборака ва Таоло айтди: “Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман”
(Муслим ривоятлари).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким Аллоҳнинг юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ).
Аллоҳ Таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига - гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг - гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да - гуноҳларини кечиради.
Шайхул-Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Аллоҳ Таоло томонидан катта гуноҳларнинг ҳам кечиб юборилишига сабаб бўладиган ягона амал Аллоҳ Таоло учун холис, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилган ҳолда бажарилган амалдир”.
Бу сўзларга исбот ўлароқ Суннати шарифада етарлича ҳадислар мавжуд. Шулардан бири йўлдан одамларга озор берувчи нарсани холис Аллоҳ учун олиб ташлаган ва шу туфайли гуноҳи кечирилган киши ҳақидаги ҳадисдир. Яна бири итни сувга қондирган ва шу сабабли гуноҳи кечирилган фоҳиша аёл ҳақидаги ҳадисдир. Бу ҳадис хусусида Ибн Таймийя шундай деганлар:
“Бу аёл қалбида соф иймонни сақлаган ҳолда итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди. Агар шундай бўлмаганида, (яъни амалларда ихлос шарт қилинмаганда - тарж.) унда итни сув билан суғорган ҳар қандай фоҳишанинг ҳам гуноҳи кечирилган бўлар эди...”
Шундай қилиб, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақланадиган иймон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро, амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан тирикдир. Шайх Дувайш айтадилар: “Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир”. Дарҳақиқат, агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унда унинг тезда қуришини кутавер!
Ихлоссиз қилинган ҳар қандай амал - гарчи у Исломда энг юксак амал ҳисобланган бўлса ҳам - бирон қийматга эга бўлмайди, у учун бирон мукофот берилмайди, балки аксинча, шу амал соҳиби азобга дучор бўлиши мумкин. Наувзу биллаҳ.
Мана шу маъно Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган машҳур ҳадисларида ҳам ўз аксини топган:
“Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал тақдири ҳал қилинадиган киши шаҳид одам бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. У банда: “То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун урушдим”, - деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: “Ёлғон айтаяпсан, зеро сен одамлар сени “жасур” дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди. Сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. Банда: “Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Куръон ўқидим”, - деб жавоб беради. Аллоҳ: “Алдаяпсан, сен илмни одамлар “илмли”, дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори”, дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. “Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим”, - дейди у. “Ёлғон айтаяпсан, зеро сен бу ишни одамлар сени “саҳий”, деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди Аллоҳ Сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади”
(Муслим ривоятлари).
Admin 10-21-2009, 11:09 PM
Имомга намозда эргашиш

إن الحمد لله، نحمده ونستعينه ونستغفره، ونعوذ بالله من شرور أنفسنا، وسيئات أعمالنا من
يهده الله فلا مضل له، ومن يضلل فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمداً عبده ورسوله
Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида (№411) Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
عن أنس بن مالك: ... قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: (إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَإِذَا رَفَعَ فَارْفَعُوا وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ وَإِذَا صَلَّى قَاعِدًا فَصَلُّوا قُعُودًا أَجْمَعُونَ).
«Имом фақат унга эргашиш учун қўйилган. Агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар у сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. Агар у (саждадан) кўтарилса, сизлар ҳам саждадан кўтарилинглар. Агар у: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, сизлар «Роббанаа валакал-ҳамд» денглар. Агар у ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар».
Имом Нававий бу ҳадиснинг шарҳида имомга намоздаги зоҳирий (сиртки) амалларда эргашилади деб айтганлар.
Демак, имомнинг орқасида турганлар имомга зоҳирий амалларида эргашиши лозим бўлади, гарчи уларнинг мазҳабларига мувофиқ бўлмаса ҳам, масалан, имом қўлларини ҳар такбирда кўтармаса, кўтармаслик ва ҳоказо.
Бу фикрни (яъни имомга зоҳирий амалларда эргашишни) Шайхул-ислом Ибн Таймия ва Албоний раҳимаҳумаллоҳ ҳам айтишган. Ибн Таймия ротиб (доимий) имомга шундай эргашилишини айтганлар.
Quote:Чунки орқа сафда турганлар янги келиб қолган имомнинг намоздаги зоҳирий ҳаракатларини билмайди, кўрмайди, лекин доимий имомнинг намоз ўқишини билишади.
Албоний эса имом намоздаги шу ҳаракатларни суннат деб билса, унга эргашилади, деганлар. Бунга мисол қилиб Албоний қуйидагини келтирадилар: Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ намозда имом бўлиб рукуъдан сўнг қўлларини кўкракка боғлаганларида Албоний орқаларида туриб ҳам шу ишни қилганлар, гарчи бу амал (рукуъдан сўнг қўлларни кўкракка боғлаш)ни Албоний бидъат деб билсалар ҳам. Чунки Ибн Боз бу амални суннат деб билардилар. Аллоҳ уларнинг ҳаммаларини раҳматига олсин!
Баъзилар: «Имомга фақат ҳайъат (ҳолат)да эргашилади» дейишади, яъни тик туриш, рукуъ, сажда, ўтириш каби.
Биринчидан, бунга савол туғиладики: «Ҳадиснинг қайси ўрнидан ушбу фикр истинбот қилинди?»
Иккинчидан, бошқа ривоятда: «Имом қироат қилса, тингланглар» дейилган. Имомнинг қироат қилиши бир ҳолат бўлса, тинглаш эса бошқа ҳолат, балки қироат ҳолатига тескари.
Учинчидан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Бухорий ва Муслимдаги ривоятида: «Имом фақат эргашиш учун қўйилган. Бас, унга хилоф иш тутмангизлар» дейилган. Имом қўлларини кўтарса, унинг орқасидаги намозхон (маъмум) эса кўтармаса, ёки бунинг акси: имом қўлларини кўтарса-ю, маъмум кўтармаса, имомга хилоф иш тутган бўлади.
«Ҳадисда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар «эргашилиш учун қўйилган» деган ом буйруқдан хос кўрсатилган, фақат ўша амалларда эргашилади, улардан бошқасида имомга эргашилмайди» деган даъвога қуйидагича жавоб берса бўлади. Бу ерда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар тахсис (хослаштириш) учун эмас, балки тансис (матнни тушунтириб бериш) учун келган. Яъни, эргашишга бўлган ом буйруққа қандай эргашилиш мисоллари келтирилган. Эргашишдан мақсад ом эргашиш эканлигига: «Унга хилоф қилманглар» сўзлари далолат қилади.
Имом баъзи суннатларни суннат эмас деб билса, баъзилар суннатларни шу имомнинг орқасидан бажараверишади. Уларнинг наздида суннатни имомга эргашиш учун тарк қилиш мумкин эмас. Лекин ўтириб ўқиган имомга эргашиш учун намознинг рукни (усиз намоз намоз эмас) бўлган тик туриш юқоридаги ҳадисга биноан соқит (бекор) бўлганини бир ўйлаб кўришсин!
Саҳобалар имомга эргашишга қаттиқ эътибор беришганларига қуйидаги мисол келтирамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бир куни намоз ўқиётганларида оёқ кийимларини ечдилар. Саҳобалар ҳам оёқ кийимларини ечишди. Ул зот намозни тугатганларидан сўнг улардан: «Сизларга нима бўлдики, оёқ кийимларингизни ечдингизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Сиз оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб биз ҳам ечдик» дейишди. Ул зот айтдилар: «Менга Жаброил келиб оёқ кийимда нажосат - ёки зиён дедилар - (бошқа ривоятда ифлослик) борлигини айтди ва мен уни ечдим. Сизлардан биронтангиз масжидга келса, оёқ кийимига қарасин, агар нажосат - ёки зиён дедилар - (бошқа ривоятда ифлослик) кўрса, оёқ кийимини артсин-да, шу (оёқ кийим)да намоз ўқисин» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Ҳоким, Заҳабий ва Нававий саҳиҳ дейишди. «Ирвоул-ғолил»да келтирилган (№284)).
Бунга яна мисол қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг орқаларидан сафарда тўрт ракаат ўқиганликларини келтирсак бўлади. Ибн Масъуддан: «Сиз Усмонни (сафарда қаср ўқимагани учун) танқид қилиб ўзингиз яна тўрт ракаат ўқидингизми?» деб сўрашганида, Ибн Масъуд: «Ихтилоф қилиш ёмон» деб жавоб бердилар. Буни Абу Довуд «Сунан» (1/307/1960)да ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул-Буҳорий»нинг шарҳи бўлмиш «Фатҳул-Борий»да буни келтирганлар. Бунинг санадини Албоний саҳиҳ деганлар.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам амир қон олдириб таҳорат олмасдан намозга ўтганида орқасидан намоз ўқиганлар. У кишидан нимага бундай қилганларини сўрашганида: «Субҳаналлоҳ, мўминлар амири-ку?!» деганлар. Буни Ибн Абил-Ийз ал-Ҳанафий «Таҳовий ақидаси» шарҳида келтирганлар.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида (№1707) ва Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Ҳудайн ибн ал-Мунзир Абу Саасаандан ривоят қилинадики, Валид ибн Уқба бомдод намозини маст ҳолатда бошқарган. Аҳмад ривоятида (1/144/1229) бомдодни тўрт ракаат ўқигани айтилган.
Quote:Шуъайб Арнаут уни Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ деган.
Ваҳоланки, саҳобалар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Масъуд унинг ортидан туриб, унга эргашиб намоз ўқишган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да Умар розияллоҳу анҳу шомни қироатсиз ўқиб қўйганлари ҳақида ривоятни келтирадилар. Кейин намоздан сўнг у кишига бу ҳақда айтишганида, Умар: «Қироатсиз намоз намоз эмас» деб намозни бошқатдан ўқиганлар. Эътиборли жойи шуки, ортларидан саҳобалар индамай намоз ўқиган ва танбеҳни намоздан сўнг айтишган.
Албоний раҳимаҳуллоҳ намозларни, хусусан витр намозини масжид имоми бошқа мазҳабда ўқигани учун унинг орқасида эргашмаганларни «Саҳиҳа»да танқид қилгандилар.
Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ савол берувчига таровиҳни 23 ракаат ўқиган имомнинг орқасидан тўлиқ ўқишни тавсия қилганлар ва имомнинг ортидан намозни тўлиқ ўқиган кишига кечаси билан намоз ўқиган деб ёзилиши ҳақидаги ҳадисни келтирганлар.

Admin 10-21-2009, 10:50 PM
Илм олаётган киши-(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз

Талабага улар билан боғланаётган мана шу уламоларнинг ўрнини билиши ва у бу билан ибодатда эканини билиши вожиб. Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собитнинг узангисини ушларди. Шунда Зайд у кишига: «… Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли бўла туриб-а?», дерди. Шунда Ибн Аббос у кишига: «Бу (гаплар)ни қўйинг. Биз уламоларимизга нисбатан шундай қиламиз», дерди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ бу бобда илм талаб қилган ва унинг эгаларидан одобланган киши биладиган машҳур байтларида шундай дедилар: Улар учун ўзимни хор тутаман, яъни, уламоларга.
Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай.
Яъни, сиз ҳозир уни (нафсни) уламолар олдида хор тутасиз, улар ҳузурида тавозели бўласиз, уларга хушомадгўйлик қиласиз. Эртага иншаАллоҳ талабалар сизни иззат-икром қилади. Сиз манбага айланасиз. Худди шайхларингизни иззат-икром қилиб, уларга камтар бўлиб, ўзингизни улар ҳузурида кичик олганингиздек Аллоҳ жалла ва аъла яқинда сизни шу билан мукофотлайди.
«Нафсимни улар учун хор тутаман». Яъни, уламоларга. «Улар эса уни иззат-икром қиладилар». Ким ўзини уламолар ҳузурида паст олса, Аллоҳга қасамки, улар уни хорламайдилар. Балки уни иззат-икром қиладилар.
«Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай». Агар илм, уламоларни лозим тутиш, улар ҳузурида ўтириш ва уларга камтарлик қилишдан кибр қилсангиз, иззат-ҳурмат топишингиз мумкин эмас.
Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дерди: «Илм олаётган киши-(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз». Бизга уламоларни эҳтиром қилишимиз, уларга нисбатан одоб сақлашимиз, уларнинг ўрнини билишимиз, уларнинг қадрини билишимиз, уларга фахрланмасликни билишимиз вожиб. Уларни бадном қилишни-ку қўя туринг. Буни фақат Аллоҳ онгини ўчирган-(тўсган) кимса қилади. Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз.

Admin 10-21-2009, 10:46 PM
Толиби илм ўзини илмли деб ҳисоблаб қолишдан огоҳ бўлмоғи лозим

Аммо бир кун ёки бир йил ёҳуд бир ой таълим олсанг сўнг ўзингни уларнинг (уламоларнинг) мартабасига етдим деб билган ҳолда чиқсанг, дарҳақиқат, сенга бало ва ёмонлик етади. Ва бу ёмонликка далолат қиладиган аломатлардан. Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз. Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ ўзидан олдинги салаф уламолари билан бирга зикр қилинса буни инкор қиларди! Ва мисол келтирган ҳолда шундай дерди: «Бизни улар билан эслаш ила кўндаланг қилманг, соғлом киши юрган вақт ногирон каби эмас». Бу Абдуллоҳ ибн Муборак! Шундай демоқда… Бугун эса олим ёки шайх ҳузурида бир ҳафта ёки бир йил таълим олган кимсани катта бало олиб келаётганини кўрасиз. Ўзини ушбу олим, эҳтимол унинг энг кичик набиралари қатори бўлар, манзилатида кўради. Куч ва қувват фақат Аллоҳда!

Pages (290):    1 274 275 276 277 278 290   
Welcome, Guest
You have to register before you can post on our site.
Lost Password?
Remember me?
 
Members: 2,512
Latest member: Mcmug
Forum threads: 2,896
Forum posts: 8,180
There are currently 36 online users. 0 Member(s) | 33 Guest(s)
Bing, Google, Yandex
Latest Threads
Абдуллоҳ Бухорий (Мирзағо...
Forum: Жарҳ ва таъдил
Last Post: encounc, 07-17-2024, 04:57 AM
Replies: 24 - Views: 67,852
Танишув сайтларидан умр й...
Forum: Оила
Last Post: encounc, 06-30-2024, 09:22 AM
Replies: 4 - Views: 37,239
Рўзадор аёл шом азонидан ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-29-2020, 09:23 AM
Replies: 0 - Views: 557
Ақида ва рўза (Аҳмад ибн ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-28-2020, 09:30 AM
Replies: 0 - Views: 783
Коронавирус
Forum: Муносабат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:44 PM
Replies: 8 - Views: 1,490
Шаъбон ойи ўртасини нишон...
Forum: Бидъат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:42 PM
Replies: 6 - Views: 15,566
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.