Admin   10-25-2009, 08:02 AM
#1
ИХЛОС


 - Ихлос ҳақида тушунча;
 - Ихлоснинг таърифи ва унинг чегаралари;
 - Риёга интилишнинг нозик ва махфий томонлари;
 - Риёга интилишни даволаш;
 - Салафи солиҳларнинг ихлос борасидаги сўз ва амалларидан баъзи намуналар;
 - Ихлосга оид баъзи масалалар.


بسم الله الرحمن الرحيم

Ихлос ҳақида тушунча

“Ихлос” калимаси араб тилидаги “ахласа” феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғатда “бирон кишига нисбатан самимий, холис, содиқ бўлиш”, деган маънони ифодалайди. Шариат истилоҳида эса у “Аллоҳ Таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.
Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамзот сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа - нажот топади. Ким уни зое қилса - ҳалокатга юз тутади. Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ Таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай деди:
“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга, ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси, 5-оят).
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, яна бундай деди:
“Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!” (Нисо сураси, 125-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни эшитганман”, дейдилар:
“Аллоҳ Таборака ва Таоло айтди: “Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман”
(Муслим ривоятлари).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким Аллоҳнинг юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ).
Аллоҳ Таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига - гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг - гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да - гуноҳларини кечиради.
Шайхул-Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Аллоҳ Таоло томонидан катта гуноҳларнинг ҳам кечиб юборилишига сабаб бўладиган ягона амал Аллоҳ Таоло учун холис, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилган ҳолда бажарилган амалдир”.
Бу сўзларга исбот ўлароқ Суннати шарифада етарлича ҳадислар мавжуд. Шулардан бири йўлдан одамларга озор берувчи нарсани холис Аллоҳ учун олиб ташлаган ва шу туфайли гуноҳи кечирилган киши ҳақидаги ҳадисдир. Яна бири итни сувга қондирган ва шу сабабли гуноҳи кечирилган фоҳиша аёл ҳақидаги ҳадисдир. Бу ҳадис хусусида Ибн Таймийя шундай деганлар:
“Бу аёл қалбида соф иймонни сақлаган ҳолда итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди. Агар шундай бўлмаганида, (яъни амалларда ихлос шарт қилинмаганда - тарж.) унда итни сув билан суғорган ҳар қандай фоҳишанинг ҳам гуноҳи кечирилган бўлар эди...”
Шундай қилиб, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақланадиган иймон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро, амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан тирикдир. Шайх Дувайш айтадилар: “Агар амалларда ихлос қилмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир”. Дарҳақиқат, агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унда унинг тезда қуришини кутавер!
Ихлоссиз қилинган ҳар қандай амал - гарчи у Исломда энг юксак амал ҳисобланган бўлса ҳам - бирон қийматга эга бўлмайди, у учун бирон мукофот берилмайди, балки аксинча, шу амал соҳиби азобга дучор бўлиши мумкин. Наувзу биллаҳ.
Мана шу маъно Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган машҳур ҳадисларида ҳам ўз аксини топган:
“Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал тақдири ҳал қилинадиган киши шаҳид одам бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. У банда: “То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун урушдим”, - деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: “Ёлғон айтаяпсан, зеро сен одамлар сени “жасур” дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди. Сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. Банда: “Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Куръон ўқидим”, - деб жавоб беради. Аллоҳ: “Алдаяпсан, сен илмни одамлар “илмли”, дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори”, дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: “Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?” - деб сўрайди. “Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим”, - дейди у. “Ёлғон айтаяпсан, зеро сен бу ишни одамлар сени “саҳий”, деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди”, - дейди Аллоҳ Сўнг буйруқ берилади - уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади”
(Муслим ривоятлари).
Admin   10-25-2009, 08:04 AM
#2
Ихлоснинг таърифи ва унинг чегаралари

Ихлоснинг таърифи ва унинг чегаралари борасида тўхталадиган бўлсак, айтиш мумкинки, уламолар бу борада турлича фикр билдиришган. Айрим олимлар ихлосни: “Диний вожиботларни фақат холис Аллоҳ Таоло учун қилишдир”, - деб тушунтиришган. Айрим олимлар эса: “Ихлос бу амалларни одамларнинг назаридан олиб қочишдир”, - деб айтишган.
Ал-Харавий: “Ихлос бу амалларни ҳар қандай ташқи аралашмалардан халос қилишдир”, - деб таъриф берганлар.
Яна бир олим эса: “Мухлис (амалларни холис қилувчи) киши, бошқаларнинг қалбида унинг эътибори бор ёки йўқлигига заррача ҳам аҳамият қаратмайдиган одамдир. Унинг қалби Аллоҳ азза ва жалла олдида тақволи бўлиб бўлган. Шунинг учун у ҳатто энг арзимас амалларини ҳам одамлар билишини истамайди”, - деганлар.
Шак-шубҳа йўқки, тўлиқ ихлосга эришиш учун бутун куч-ғайратни ишга солмоқ керак. Ривоят қилинадики, бир куни Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарийдан: “Қалб учун энг машаққатли нарса нимадир?” - деб савол беришганда, у зот: “У ихлосдир, чунки унда қалб хоҳиши учун ҳеч қандай улуш қолмайди”, - деган эканлар.
Суфён ас-Саврий эса: “Ниятимдан кўра қийинроқ бирон нарсани муолажа қилмадим, зеро, у тез ўзгариб турувчидир”, - деганлар.
Admin   10-25-2009, 08:07 AM
#3
Риёга интилишнинг нозик ва махфий томонлари


Билгинки, Пайғамбар алайҳиссалом умматлари учун энг қўрққан нарсалари риё ва унинг маъносидаги нарсалар бўлган. Бунга у зотнинг қуйидаги ҳадислари яққол мисолдир. ”Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир”, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Кичик ширк нимадир?” - деб сўрашди саҳобалар. Шунда у зот: “У риёдир”, - дедилар. (Аҳмад ривоятлари, саҳиҳ ҳадис).
Ихлосга зид келадиган нарсалар жумласига риёга интилиш, бу дунёни, шуҳрат ёки шон-шарафни яхши кўриш ва ҳурматталаб-иззатталаб бўлиш киради.
Бу ерда “риёга интилиш”, деганда Аллоҳга фақат одамлар кўрсинлар ва ибодатгўй сифатида мақтасинлар учун ибодат қилиш назарда тутилади. Одатда бундай киши бошқа одамлар томонидан улуғланиши билан шуҳрати ёйилишига интилади ёки унинг ибодатини кўриб турган одамнинг қалбида қандайдир бир ҳис-туйғу пайдо қилишни ёхуд қўрқув ҳиссини уйғотишни хоҳлайди.
“Шон-шуҳратни яхши кўриш”га келсак, унинг маъноси Аллоҳ Таолога ибодат турларини фақат одамлар эшитиб қўйсинлар учун, эътибор қилсинлар учун қилишдир.
“Ҳурматталаб бўлиш” эса риёга интилиш билан чамбарчас боғлиқдир, улар орасидаги фарқни Шайхул-Ислом ибн Таймийя шундай тушунтирадилар:
“Бирон-бир амални риё учун қилиш ширкнинг шундай турига тааллуқлики, бунда киши ўз амалларини нафақат Аллоҳ Таоло учун, балки одамлар учун ҳам қилади. Ҳурматталаб бўлиш эса ширкнинг шундай турига тааллуқлики, унда киши ўз амалларини нафақат Аллоҳ Таоло учун, балки ўз нафсини юксалтириш учун ҳам қилади” (“Ал-Фатово”, 10-жилд, 277-бет).
Ҳозир эса эй биродарим, сенга риёга интилишнинг нозик кўринишлари ва махфий томонларига оид бир неча мисоллар келтираман. Гап бу ерда баъзи мисоллар ҳақида боради, чунки ихлосга зид нарсалар ҳақида узоқдан-узоқ гапириш мумкин. Қуйида риёга интилишнинг уч нозик жиҳатини келтириш бошқаларини билишда сенга кифоя қилади.
Биринчиси: Бу Абу Ҳомид ал-Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобларида зикр қилиб ўтган жиҳатдир. У зот риёга интилишнинг махфий жиҳатлари ҳақида гапира туриб, шундай деганлар:
“Мана шу ширк туридан ҳам махфийроқ жиҳат борлигига кишининг шундай амали ишора қиладики, у ўзининг диний вожиботларини ҳеч кимга билдирмай махфий қилади ва солиҳ амалларини бошқалар билиб қолишини истамайди, лекин шу билан бирга у одамларни кўрганда одамлар унга биринчи бўлиб салом беришларини, уни хушмуомалалик билан кутиб олишларини, эҳтиёжини қондиришларини, ҳурмат қилишларини, мақтовли сўз айтишларини, савдо-сотиқ ишларида ён беришларини ва унга жой беришларини ич-ичидан хоҳлайди. Агар кимдир шундай қилмаса, буни ўзига оғир олади. У худди махфий амаллари учун эҳтиром талаб қилаётгандек бу ишни (одамларнинг унга нисбатан эътиборсизлигини-тарж.) амри маҳол деб ҳисоблайди… Гарчи ибодатларни қилиш уларни қилмаслик билан баробар бўлмаса-да, у бу махфий ибодатлари Аллоҳнинг Ўзига маълум эканидан қониқмайди. Бу шуни англатадики, бундай кимса риёга бўлган интилишнинг махфий ва нозик аралашмаларидан ҳоли эмас. Буларнинг ҳаммаси банданинг ўз савобидан осонгина маҳрум бўлишига олиб келади. Бундан фақат содиқларгина ҳолидирлар” (Иҳёу улумид-дин, 3-жилд, 305-306-бетлар).
Иккинчиси: Бу Аллоҳга нисбатан бўлган ихлосни бирдан-бир мақсад эмас, балки дунёвий бирон-бир нарсага етишиш учун восита сифатида кўришлик. Шайхул-Ислом ибн Таймийя бу махфий офатдан огоҳлантириб, шундай деганлар:
“Айтишларича, Абу Ҳомид ал-Ғаззолийга кимдир: “Агар киши 40 кун мобайнида амалларини холис Аллоҳ учун қилса, унинг қалбидаги ҳикмат чашмалари тилига отилиб чиқади”, - дебди. Абу Ҳомид айтадилар: “Буни эшитиб мен 40 кун мобайнида Аллоҳга нисбатан ихлосни сақладим, лекин бу билан бирон натижага эришмадим. Кейин буни бир ориф одамга айтиб берганимда, у зот: “Чунки сиз ихлосни ёлғиз Аллоҳ учун эмас, балки ҳикмат отилиб чиқиши учун қилгансиз”, - деб жавоб берди””.
Сўнг Ибн Таймийя ёзадилар:
“Бунинг сабаби шуки, гоҳо кишининг амалдан кўзлаган мақсади илм ва ҳикматни ҳосил қилиш ёки кароматга етишиш ёки одамлар ҳурматига сазовор бўлиш ва уларнинг мақтовларини эшитиш ёки фақат Аллоҳга ихлос қилиш туфайлигина етишиш мумкин бўлган бошқа бир нарсани ҳосил қилиш бўлиши мумкин. Лекин билмоқ керакки, бу нарсаларга эришишга ихлос воситасида интилиш айни шу воситага зиддир. Чунки агар киши бирон-бир нарсани бошқа нарсага етишиш учун восита қилса, унда унинг кўзлаган мақсади кейингиси бўлиб қолади, биринчиси эса фақат бунга етишиш воситаси бўлиб қолади. Шундай экан, ким илм, маърифат, ҳикмат, кароматга етишиш учун ёки бирон-бир нарсани тасарруф этиш имкониятини ҳосил қилиш учун Аллоҳга нисбатан холисликни сақласа, унда бу ҳолат кишининг Аллоҳга интилмаётганини, балки Аллоҳни қандайдир бир ҳақир мақсадга эришиш учун восита қилаётганини англатади” (Ад-Даръу, 6-жилд, 66-67-бетлар).
Шунинг учун ҳам Аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Агар лаёқатли киши бу ёки у масаладаги буйруқ ёки қайтариққа, шу буйруқ ёки қайтариқдан ўзга нарсага эътибор бермай бўйсунса, у ҳолда бундан ўша киши ўз улушидан бош тортиб, Парвардигори олдидаги мажбуриятларига киришди ва ўзини ҳақиқий қул сингари тутадиган бўлди, деган маъно чиқади. Агар иш бунинг аксича бўлса, яъни киши буйруқ ёки қайтариқнинг натижасига эътибор қаратиб, уни эътиборга оладиган бўлса, унда унинг саъй-ҳаракати охирги натижа томон йўналтирилган бўлиб қолади. Бошқача айтганда, унинг ўз Парвардигорига нисбатан муносабати сабаб-натижа билан шарт қилинган бўлади… Шак-шубҳа йўқки, бу икки ихлос даражаси орасида катта фарқ бордир” (Ал-Мувафақот, 1-жилд, 219-220-бетлар).
Учинчиси: Риёга интилишнинг яна бир нозик жиҳатига ибн Ражаб Ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги сўзларида ишора қилиб ўтганлар:
“Лекин бу ерда бир нозик нуқта бор, унинг моҳияти шундан иборатки, киши одамларда унга нисбатан “Ичдан тавозеълик-камтарликка риоя қилади”, деган фикр пайдо бўлиши учун ўзини улар ҳузурида тергаб-койиши, камситиши мумкин, бунинг натижасида у одамлар назарида юксалади ва улар уни мақтай бошлашади. Бу ўша одамда риёга бўлган интилишнинг нозик кўриниши борлигига далолат қилади. Мана шунга салафлар қаттиқ эътибор қаратишган. Мисол учун Мутриф бин Абдуллоҳ аш-Шиххир шундай деганлар: “Нафсингни юксалтиришингга, уни зийнатлаш мақсадида хамманинг олдида тергаб-койишинг кифоя қиладики, бу Аллоҳ наздида беҳаёлик ҳисобланади””.
Admin   10-25-2009, 08:11 AM
#4
Риёга интилишни даволаш


Ҳар қандай касалликнинг даволаш йўллари бор. Буни баъзилар билади, баъзилар эса билмайди. Риёга интилиш каби ихлосга зид касалликлар учун ҳам турли муолажалар мавжуддир. Бундай муолажалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1 - Ҳар бир мукаллаф мусулмон шуни яхши англаб етмоғи керакки, у Аллоҳга нисбатан фақат қулдир, ундан ўзгаси эмас. Қул хўжайинига хизмат қилгани учун товон-бадал ёки ҳақ олишга ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас. Чунки у хўжайинига ўзининг ҳолати сабабидан хизмат қилиши лозимдир. Хизмати учун олиши мумкин бўлган ҳақ ёки мукофот товон-бадал эмас, балки хўжайини томонидан бўлган илтифот ва мурувват ҳисобланади.
2 - Аллоҳ унга марҳамат ва ёрдам бераётганини, у бирон нарсани ўзича эмас, балки Аллоҳнинг тавфиқи-ёрдами ила қила олишини, унинг амаллари ўзининг хоҳиш-истакларига эмас, балки Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ эканини тушуниб етиш. Зеро, ҳар бир неъмат Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг марҳаматидан ўзга нарса эмас.
3 - Ўзининг шахсий камчилик ва хатоларини ўрганиш, қайси иш ўзидан ва қайсиниси шайтон томонидан содир бўлаётганини тушунишга ҳаракат қилиш. Чунки шайтон қўли тегмаган иш жуда кам. Шайтон ҳатто арзимас саналган ишларга ҳам аралашади. Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: Мен Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз вақтида четга бурилиш ҳақида сўрадим, шунда у зот: “Бу шайтоннинг банда намозидан ўғирлайдиган ўлжасидир”, - деб айтдилар.
Гап бу ерда жасаднинг бурилиши ҳақида кетаяпти. Энди қалбнинг Аллоҳдан ўзгага юзланиши ҳақида нима дейиш мумкин?! (Бу уч нуқта Ибнул-Қаййимнинг “Мадорикус-солиҳийн” китобидан олинган).
4 - Аллоҳ камолотга ва қалбни поклашга буюрганини ҳамда амалларни бошқаларга риё қилаётган кимса Аллоҳнинг ёрдами ва иноятидан маҳрум бўлишини нафсга эслатиш.
5 - Риё сабабли амаллар савоби - улар қанчалик катта бўлмасин - ювилиб кетишини ва агар амал вожиботлардан бўлса, бунга қўшимча тарзда улкан гуноҳ ёзилишини эслаш.
Риё қилувчининг риёси масжиди зирорни ташландиқ, ҳаробага айлантирди. Мухлиснинг ихлоси эса соч-соқоли тўзиган, жулдур кийинган кимсанинг қадр-мартабасини оширди, дуо қилса дарҳол қабул бўладиган қилиб қўйди.
(Масжиди зирор - мунофиқлар томонидан мусулмонларни фитнага солиш учун махсус қурилган, ҳамда Аллоҳ Таоло томонидан бузиб ташлашга буюрилган зарарли масжиддир).
6 - Қалб риёга интилаётганини кўрганида, Аллоҳнинг ғазаби келишидан қўрқиб туриш.
7 - Нафл ибодатларни иложи борича махфий қилишга интилиш, масалан уларни кечалари қилиш, садақани ҳеч ким билмайдиган даражада бериш, Аллоҳдан қўрқиб йиғлашни якка ўзи қолганда, ҳеч ким пайқамайдиган пайтда қилиш.
Ал-Хурайбий айтадилар: “Саҳобалар солиҳ амалларини одамлар тугул, ҳатто аёли ҳам билмайдиган даражада махфий қилишини афзал санашар эди”.
8 - Ўлим ва унинг оғир лаҳзаларини, қабр ва унинг даҳшатини, ҳатто ёш болаларни ҳам қаритиб юборадиган Охират кунини эсга олиш.
9 - Риёга интилишнинг махфий томонларини ва бу интилиш инсон қалбида қандай шаклланишини билишга ҳаракат қилиш.
10 - Риё қилиш бу дунё-ю, у дунёда қандай оқибатларга олиб келишини тушуниш.
Аллоҳнинг бандаси шуни яхши тушуниши керакки, агар барча одамлар унга бирон манфаат етказиш учун тўплансалар, у учун бирон манфаат етказа олмайдилар, фақат Аллоҳ ёзиб қўйган нарсанигина етказа оладилар. Зеро, фойда ва зарар фақат Раҳмоннинг хоҳиши ва қўлидадир.
Салафлардан бирлари айтадилар: “Қалбдан риёга ундайдиган ҳар қандай нарсани чиқариб ташлаш учун қалбинг билан кураш, одамлар сенинг назарингда гўё жонивор ёки ёш бола сифатида намоён бўлсинлар, зеро, сен ибодат билан машғул бўлганингда, у ерда жонивор ёки ёш боланинг бор ёки йўқлиги, уларнинг буни билиш ёки билмаслиги аҳамиятсиздир. Ибодатларингни ёлғиз Аллоҳ билиб турганлиги билан кифоялангин”.
Умар разияллоҳу анҳу дедилар: “Кимнинг нияти нафс хоҳишига қарамай ҳақ билан боғлиқ турса, Аллоҳ бундай кишини одамлардан ҳимоялаб қўяди. Ким ўзини аслида унда мавжуд бўлмаган сифатлар билан зийнатлаб кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни бадном қилади”.
Амирул-мўъминийннинг бу сўзларини Ибнул-Қоййим шарҳлаб туриб, шундай деганлар: “Ўзини унда мавжуд бўлмаган нарса билан зийнатлаб кўрсатишга ҳаракат қиладиган киши мухлис одамнинг тескариси ҳисобланади. Бундай киши одамларга асл ҳолатига тескари бўлган нарсани кўрсатишга интилади. Аллоҳ бунга шу билан жавоб берадики, уни кўзлаётган мақсадига қарама-қарши бўлган ишни қилишга олиб келади… Қачон мухлис банда ихлоси учун бу дунёда одамлар қалбидаги ёқтириш, муҳаббат ва ҳурмат кўринишидаги мукофотни олса, бу мукофот ўзида йўқ сифатлар билан нафсини зийнатлаб кўрсатишга интиладиган кишига ҳам етиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ уни шундай жазолайдики, ҳамманинг олдида бадном, шарманда қилади. Зеро у ўзини Аллоҳ олдида бадном, шарманда қилиб бўлгандир…” (“Иълам”, 3-жилд, 180-бет).
Амалларини риё қиладиган кишининг бу дунё-ю у дунёда тортадиган жазоси ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким қилаётган ишларини бошқаларга эшиттиришга ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг шармандасини чиқаради, ким амалларини бошқаларга кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни шармандали ҳолда кўрсатиб қўяди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бундан ташқари, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг юқорида ўтган ҳадисларидан ҳам маълум бўладики, амалларини хўжакўрсинга қиладиган кишилар дўзахга биринчи бўлиб ташланар эканлар. Наувзу биллаҳ.
11 - Аллоҳ кишининг мухлис бўлишига ёрдам бериши ҳамда уни риёга интилишдан сақлаши учун Унга дуо билан юзланиш зарур. Бунинг маъноси мусулмон киши Аллоҳдан риё ва унга ундайдиган нарсалардан сақлашини тез-тез дуо билан сўраб турмоғи лозим. Акс ҳолда риёдан саломат қолишига ҳеч ҳам ишонч йўқдир. Бундай дуонинг зарур эканига Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисларида ишора қилиб ўтганлар: “Сизлардаги ширк ўрмалаб кетаётган чумолидан ҳам кўра махфийроқ, сезилмайдиганроқдир. Лекин мен сизларни шундай нарсага йўллаб қўяманки, агар уни қилсангиз, ширкнинг кичиги-ю каттаси сиздан кетади. Шундай дейсиз: “Аллоҳумма инний аувзу бика ан-ушрика бика ва ана аъламу ва астағфирука лима ла аъламу”. (Маъноси: “Эй Аллоҳ мен Сендан Сенга ширк келтиришимдан паноҳ беришингни сўрайман ва Сендан билмаган нарсам учун мағфират тилайман”) (Саҳиҳул-жомиус-сағийр, 3-жилд, 233-бет).
Admin   10-25-2009, 08:16 AM
#5
Салафи солиҳларнинг ихлос борасидаги сўз ва амалларидан баъзи намуналар


Рабиъ ибн Ҳузайм айтганлар: “Қайси бир амалдан Аллоҳнинг юзи исталмаса, у қуриб, йўқ бўлиб кетгувчидир”.
* * *
Имом Аҳмад ўғилларига насиҳат қила туриб, шундай деганлар: ”Эй ўғилчам, яхшиликни ният қил, зеро агар сен яхшиликни ният қилсанг, доим яхшиликда бўласан”.
* * *
Айюб ас-Суҳтиёний айтадилар: ”Аллоҳга қасамки, банда ҳолати-фазилатининг бошқаларга билинмаслигидан хурсанд бўлсагина содиқ-мухлис бўлибди”.
* * *
Бир киши Шақиқ ибн Иброҳимдан: ”Одамлар мени солиҳ деб айтишади, солиҳ ёки солиҳ эмаслигимни қандай билсам бўлади?” - деб сўради. Шунда Шақиқ ибн Иброҳим: ”Яширин қиладиган ишларингни солиҳларга ошкор қил. Агар улар ундан рози бўлишса, демак сен солиҳсан, бўлмаса солиҳ эмассан”, - дедилар.
* * *
Муҳаммад ибн Юсуф ал-Асбаҳоний емишларини бир новвойдан сотиб олишга одатланмас эканлар. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: ”Эҳтимол сизлар мени таниб қолиб, ҳайбатланиб, нонни арзонроқ қилиб беришингиз мумкин, унда мен дини билан кун кўрадиганлардан бўлиб қоламан”, - деган эканлар.
* * *
Сурайя Рабиъ ибн Ҳузайм ҳақида айтадилар: ”Рабиънинг барча амали махфий эди. Агар у зот ҳузурига бирон кимса келиб қолса ва ўша вақт Мусҳафни очиб қўйган бўлсалар, уни кўйлаклари билан бекитиб олар эдилар”.
* * *
Иброҳим ан-Наҳаий агар Мусҳафдан бирон сура ўқиётган бўлсалар ва олдиларига бирон киши кириб қолса, уни бекитиб, яшириб қўяр эдилар.
* * *
Ибн Муборак ғазотга чиқсалар, кимликлари билинмасин учун юзларини ёпинчиқ билан тўсиб олар эканлар. Абдуллоҳ ибн Сулаймон айтадилар: ”Мен ёпинчиқнинг бир четини ушлаб, тортдим. Шунда у зот: “Эй Абу Амр! Сиз бизни уялтириб, шарманда қиладиган кимсалардан экансиз”, - дедилар”.
* * *
Ибн Мухайриз кўйлак сотиб олиш истагида чақа пул билан дўконга кирдилар. Шунда бир киши сотувчига қараб: ”Бу Ибн Мухайриз бўладилар, савдони чиройли қилинг”, - деди. Шунда Ибн Мухайриз савдони тўхтатиб, ўша дўкондан чиқиб кетдилар ва: ”Биз фақат пулларимиз билан сотиб оламиз, динимиз билан сотиб олувчи эмасмиз”, - дедилар.
* * *
Халаф ибн Тамим айтадилар: “Мен Суфён ас-Саврийни Маккада кўрдим, у зот атрофларида ҳадис ўрганувчилар кўпайиб кетганида: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, мен каби инсонга одамларнинг ҳожати тушгани сабаб Аллоҳ бу умматни йўқ қилиб юборишидан қўрқаман”, - дедилар”.
* * *
Имом Аҳмад айтадилар: ”Бир киши Суфён ас-Саврийга у зотни тушида кўргани ҳақида айтганда, “Ўзингни қийнама, мен нафсимнинг қандайлигини туш кўрувчилардан кўра яхшироқ биламан”, - деган эканлар”.
* * *
Иброҳим ан-Наҳаий айтадилар: ”Қилинган бир яхши амални гапирдим. Агар гапирмасликдан қутулиш йўлини топганимда эди, гапирмасдим. Қайси бир замонда мен Кўфа фақиҳи бўладиган бўлсам, демак ўша замон ёмон замондир”.
* * *
Ҳасанул-Басрий айтадилар: ”Бир киши бир ерда зикр қилиб ўтирарди, качон кўз ёши келса, уни орқага қайтарарди. Агар кўз ёши чиқиб кетишидан қўрқса, туриб оларди”.
* * *
Муҳаммад ибн ал-Восиъ: ”Агар гуноҳларимга ҳид берилганида эди, сизлар менга яқин келолмаган бўлардингиз. Мен шундай кишиларни кўрдим, улардан бирлари аҳли билан бир ёстиқда ётарди. Кўз ёшидан чаккаси ҳўл бўлиб кетарди, аммо буни аёли ҳис қилмасди. Яна шундай кишиларга етишдимки, улардан бири намозда бир сафда туриб йиғларди, буни ёнида турган киши сезмасди”.
* * *
Ҳассон ибн Синоннинг аёли айтади: ”Ҳассон ибн Синон келиб тўшакка ётардилар, сўнг мени худди она ўз боласини алдаб ухлатганидек алдаб ухлатишга ҳаракат қилардилар. Агар ухлаганимни билсалар, секин ўзларини тўшакдан чиқариб олиб, хонадан чиқиб кетардилар. Сўнг намоз ўқишга турар эдилар”.
* * *
Алий ибн Ҳусайн Зайнул-Обидин раҳимаҳуллоҳ кечанинг энг охирги қисмида орқаларига бир қоп нонни ортиб, уни одамларга махфий равишда улашиб чиқар эдилар ва: ”Махфий қилинган садақа Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабини ўчирур”, - дердилар. Мадина аҳли айтардилар: ”Биз махфий садақани Алий ибн Ҳусайн вафот этгунларига қадар йўқотмадик”.
* * *
Амр ибн Қайс ал-Мулаий 20 йил нафл рўза тутдилар. Буни аҳли оилалари билмади. У зот нонушталарини олиб, тонг-ла дўконга кетардилар ва ўша таомни садақа қилиб юборардилар, буни оила аъзолари билмасди. Агар у зотга йиғи келиб қолса, юзларини деворга қаратиб, шерикларига: ”Шамоллаш қандай ҳам қаттиқ-а”, - дер эканлар.
Admin   10-25-2009, 08:20 AM
#6
Ихлосга оид баъзи масалалар


1. Амалларни махфий қилишлик ҳақида юқорида ўтган сўзлар одамлар олдида бутунлай амалларни тарк қилиш лозим, деган маънони англатмайди. Амалларни махфий қилиш қалбнинг риёдан хотиржам бўлиши жиҳатидан афзалликка йўйилади. Киши амалларини одамлар мавжудлигида ҳам қилавериши мумкин. Айниқса у амаллар инсоннинг доимий қилиб юрадиган ибодатлари бўлса, уни ҳар қандай ҳолатда адо этиши жоиз. Фақат бунда қалбини риёдан қаттиқ сақлаши керак, одамларни жонивор ёхуд ёш бола сифатида эътиборсиз санаши керак. Мусулмон киши риёдан сақланиш билан амаллардан тўсувчи шайтон васвасаси орасини ажратиб олиши лозим, шунда у кўп яхшиликлардан ортда қолиб кетмайди. Зеро, шайтон ҳам риё ва ундан қўрқиш мавзусини ибодатдан тўсиш учун қурол қилиб олиши мумкин. Бирон яхши амал қилмоқчи бўлган одамга - хоҳ у толиб, хоҳ мударрис, хоҳ ваъз айтувчи бўлсин - келиб, бу ишнинг риёга олиб боришини, агар тўхтамаса ширкка тушиб қолишини васваса қилиб, уни мақсадидан тўсиши эҳтимол.
Имом ибн Жавзий айтадилар: ”Иблис зийрак ваъз ўкувчини алдаб, унга: “Сен каби одам маъруза қилмайди, панд-насиҳатни фақат ҳушёр одамгина ўқийди”, - деб, уни жим бўлишга ва маърузасидан тўхташга ундайди. Мана шу шайтоннинг ҳийла-найрангларидандир. Чунки у яхшилик қилишдан тўсаяпти… Баъзан у келиб: “Сен ўзинг келтираётган нарсаларинг (оят, ҳадислар) билан лаззатланаяпсан ва бундан роҳат топаяпсан, эҳтимол сўзингга риё кириб қолгандир, бундан кўра одамлардан узоқ бўлишинг тинчроқдир”, - дейди. Унинг бундан кўзлаган мақсади яхшилик эшигини ёпишдир”. (Талбису иблис, 125-бет).
Агар риё ёки “сумъа” (одамлар эшитсин, деган тушунча) бирон амални қилишга ундаётган бўлса, ўша амалдан тўхташ зарур, аммо кимнинг холис бошланган амалига риё васвасаси аралашса, амални тарк қилмай, бу васвасани бартараф этишга ҳаракат қилмоқ керак.
Демак, мусулмон киши қалбидаги ниятини тўғрилаб, азму-қарорини мустаҳкамлаб, қаерда бўлмасин одатий солиҳ амалларини давом эттиравериши ва бунда шайтоннинг васвасасига учиб қолмаслиги зарур. Лекин нафл амалларни одамлар кўзидан панада қилишга одатланиши у учун аълороқдир.
2. Кўпинча шайтон солиҳ кишига у ҳақда одамларнинг мақташларини, илиқ сўз айтишларини риё сифатида келтиради. Шак-шубҳа йўқки, ким амалини одамлар мақтови учун қилса, бу риёдир. Бироқ, ким амалини холис Аллоҳ учун қилса ва амалидан сўнг одамларнинг унга айтаётган мақтовларидан озгина хурсанд бўлиб қўйса, бу ихлос ҳақиқатига зид эмас.
Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: ”Яхшиликдан биронтасини қилиб, сўнг одамлардан мақтов эшитган кишининг амалини риё деб ҳисоблайсизми?” - деб сўрашганида, у зот: ”Бу мўминлар учун олдиндан берилган хушхабардир”, - дедилар.
3. Баъзан киши амалини холис Аллоҳ учун бошлайди, лекин ўша амал асносида қалбига риё ҳиссиёти келади. Бунда унинг амали бекор бўлган ёки бўлмаганлиги борасида иккиланиб қолади. Уламолар бу ҳақда турлича фикр билдирганлар. Бу борадаги фикрларнинг тўғриси шуки, агар киши шу ҳолатда ўша риёга қарши курашса, уни ёмон кўриб, қалбидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилса, унинг амали бекор бўлмайди. Аммо ўша ҳаёлга рози бўлиб, шу фикрда амалини давом эттираверса, унда унинг амали бекор бўлади. Валлоҳу аълам.
4. Биз риёнинг ёмон иллат экани ҳақида гапирар эканмиз, масаланинг бошқа томонларини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Одамларни, айниқса ёшларни ва Исломга янги кириб келаётганларни нафл ибодатларга рағбатлантириш, қизиқтириш ва ўргатиш учун баъзан шу ибодатларни ошкора қилиш махфий қилишдан кўра афзалроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим учун нафл ибодатларини аҳли аёллари олдида, баъзан саҳобалар билан бирга адо қилганлари, ҳамда баъзи салафлар нафл амалларни бошқаларга ошкора кўрсатиб, қилганлари бунга мисолдир.
Агар ибодатлар диндаги фарз ёки муҳим таъкидланган суннатлардан бўлса, унда уларни таълим учун ошкора қилиб кўрсатиш афзал, балки зарур бўлиши мумкин.
Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 271-оятида инфоқ-эҳсон ҳақида сўз юритиб шундай дейди:
“Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда ҳам яхши. Агар уларни махфий қилсангиз ва фақир-камбағалларга берсангиз, бу сизлар учун яна-да яхшироқдир. Аллоҳ гуноҳларингизни ўчирур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан жуда яхши хабардордир”.
Бу оят хусусида Имом Бағавий айтадилар: ”Айрим муфассирлар: “Бу оят нафл садақалар хусусидадир. Фарз қилинган закотни эса одамлар эргашишлари учун ошкора бериш афзалдир. Бу худди фарз намозни жамоатда ўқиш, нафлни эса уйда ўқиш афзал бўлгани кабидир”, - дейишган. Баъзилар эса айтишганки: “Бу оят фарз қилинган закот хусусидадир. Уни махфий бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида яхшироқ бўлган. Бизнинг замонимизда эса ёмон гумонларни кетказиш учун уни ошкор қилиб, кўрсатиб бериш афзалдир””.
Риё бўлади, деб нафл амалларнинг ҳаммасини фақат яширин қилишга ўтиб кетиладиган бўлса, ёшларни нафл ибодатларга ўргатилмаса, бунинг ўзига яраша салбий натижалари ҳам бўлиши мумкин. Жумладан, фарзанд ёки шогирд нафл ибодат қилаётганларни амалда кўрмаса, ибодатларга бўладиган тарғиботлар қуруқ ва ҳаёлий гапдан иборат бўлиб қолади. Бу ҳолда гўёки устоз ёки ота-она ўзи амал қилмайдиган нарсага бошқаларни тарғиб қилгандек бўлиб қолишади. Демак, нафл амалларни одамларнинг кўзидан йироқда қилиш риёдан ҳоли бўлиши жиҳатидан афзал эканини таъкидлаш билан бирга уларни одамларнинг кўз олдида ҳам ИХЛОС риёдан ҳоли ҳолда қилишга ўрганишимиз ва ёшларга ўргатишимиз лозим. Зеро, бу ҳам дини Ислом йўлида қилинадиган даъват ва тарбиядандир.
Сўзимиз охирида Аллоҳ Таолодан Ўзининг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан риё ва унга ўхшаш ширк турларидан паноҳ беришини сўраб қоламиз.
Арабча манбалардан таржима қилиб, нашрга тайёрловчи: Аҳмад Солиҳ

Фойдаланилган асосий адабиётлар:
1. “Ат-тарбиятур-руҳийя”, “Ал-мифтаҳ” - Шайх Дувайш;
2. “Адабу толибил-илм” - Шайх Қарзон.

Admin   10-25-2009, 09:03 AM
#7
Ихлос ҳақида

Холид ибн Муҳаммад аш-Шорих

Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд...
Мусулмон биродарлар! Ихлос диннинг ҳақиқати ва пайғамбарлар даъватининг калитидир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари).
Бу хусусда бошқа яна кўплаб ҳадислар келган.
Хўш, ихлос ўзи нима, Китобу Суннатда зикр қилинган ва салафи солиҳлар истилоҳида келган ихлос нима маънони англатади?
Уламолар ихлосга берган таърифлари турли кўринишда бўлса-да, ҳаммаси келиб битта маънода бирлашади. Яъни, ихлос – инсон барча ҳаракатларида, зоҳирий ва ботиний ибодатларида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши ва улар билан дунё матосини ёки одамларнинг мақтовларини истамаслигидир.
Фазл ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Абу Абдуллоҳдан – яъни, Аҳмад ибн Ҳанбалдан – ниятнинг амалдаги ўрни ҳақида сўрадим ва: «Ният қандай бўлиши керак?», дедим. У деди: «Қалбига қаттиқ эътибор қилади, агар бир амални қилмоқчи бўлса, у билан одамлар (мақтови)ни истамайди»».
Уламолардан бирлари айтади: «Улуғлар ихлос маъносини ўрганиб, унинг қуйидагидан бошқа маъносини топмаганлар: ҳаракатлари ҳам, сукунатлари ҳам, сирру ошкори ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлиши, унга нафс ҳам, ҳаво ҳам, дунё ҳам аралашмаслигидир».
Мусулмон биродарлар! Ихлоснинг ибодатларда тутган ўрни, балки барча амалларда ҳам тутган ўрни жуда ажибдир. Ихлос туфайли Аллоҳ таоло оз амалга ҳам кўп ажрлар беради. Риё ва ихлоссизлик билан қилинган жуда катта амалларга эса Аллоҳ таоло ҳеч қандай ажр бермайди. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бир турли амални инсон баъзан ихлоси ва Аллоҳга убудияти комил бўлган ҳолда қилади ва битоқа (бир парча қоғоз) ҳадисида келганидек, Аллоҳ таоло шу сабабли унинг катта гуноҳларини ҳам кечириб юборади. Битоқа ҳадиси шуки, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни умматимдан бир кишини бутун халойиқлар олдида чақирилади ва у учун тўқсон тўққизта сижил (китоб, битик)ни очилади. Улардан ҳар бири кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Булардан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзиб турувчи котибларим сенга зулм қилибдиларми?!», дейилади. У: «Йўқ, эй Раббим!», дейди. «Сенинг бу хусусда бирон узринг ёки ҳасананг (яхши амалинг) борми?», дейилади. «Йўқ», деб жавоб беради у. «Йўқ, Бизнинг ҳузуримизда сен қилган бир ҳасана бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейилади унга ва бир битоқани (бир парча қоғоз) чиқариб берилади. Унда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва анна муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» деб ёзилган бўлади. У банда: «Ё Раббим, шунча улкан китоблар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. Шунда: «Сенга зулм қилинмайди», дейилади. Сўнг китобларни бир паллага, битоқани иккинчи паллага қўйилади. Шунда китоблар енгил келиб, битоқа оғир келади» (Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилганлар, Термизий ҳасан, Заҳабий саҳиҳ санаган).
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Амаллар кўриниши ва сонига қараб бир-биридан афзал бўлмайди, балки қалбларда бўлган ниятларнинг афзал бўлишига қараб афзал бўлади. Иккита амал бир хил кўринишда бўлиши, бироқ афзаллик жиҳатидан улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлиши мумкин. Битоқа ҳадисини эсга олинг, уни бир паллага қўйилади, кўз илғамас даражада улкан тўқсон тўққиз сижил (китоб)ни эса иккинчи паллага қўйилганида, у ўшаларнинг ҳаммасидан оғир келади. Маълумки, ҳар бир муваҳҳид (тавҳид аҳли)да ушбу битоқа бўлади, бироқ улардан кўплари гуноҳлари сабабли дўзахга кирадилар».
Ташналикдан силласи қуриган бир итга сув берган киши – бир ривоятда Бану Исроиллик бир фоҳиша – ҳақидаги ҳадис ҳам бунга мисол бўла олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар хусусида ҳам ажр бўладими?» деб сўрадилар. «Ҳар бир тирик жонда ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Бухорий ривоятида: «Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди ва жаннатга киритди», дейилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен бир кишининг йўл устидан мусулмонларга озор бериб келаётган бир дарахтни кесиб ташлагани боис жаннатда сайр қилиб юрганини кўрдим».
Бир ривоятда: «Бир киши кетаётиб йўл юзаcида ётган дарахт шохига кўзи тушди ва ўзига: «Аллоҳга қаcамки, муcулмонларга озор бермаcлиги учун шуни йўлдан олиб ташлаганим бўлcин!», деди. У шу иши туфайли жаннатга киргизилди» (Имом Муслим ривояти).
Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ итни суғориб қўйган бузуқ аёл ва йўлдан озорни олиб ташлаган киши ҳақидаги ҳадис борасида айтади: «Бу аёл қалбида бўлган холис иймон туфайли итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди. Аслида, итни сув билан қондириб қўйган ҳар қандай фоҳишанинг ҳам гуноҳи кечирилиб кетавермайди».
Демак, амаллар қалбларда бўлган иймон ва ниятларга қараб тафовутли бўларкан.
Муҳтарам дўстлар! Бунинг муқобилида кўрамизки, ихлоссиз ва сидқидилдан қилинмаган тоат-ибодатнинг Аллоҳ наздида қиймати бўлмайди ва унга ажру-савоб берилмайди. Аксинча, бундай амалнинг соҳиби, гарчи амали яхшилик йўлларида мол сарф қилиш, кофирларга қарши жиҳод қилиш ва шаръий илм эгаллаш каби улуғ тоатлардан бўлса ҳам, азобга дучор бўлиши ҳақида огоҳлантиришлар келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид қилинган кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сенинг йўлингда жанг қилдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен одамлар сени «жасур» дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.
Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади»
(Муслим ривояти).
Шунинг учун салафи солиҳларимиз – раҳимаҳумуллоҳ – қилган амалларига риё кириб қолишидан ёки ширк белгилари аралашиб қолишидан жуда қаттиқ қўрқувчи зотлар бўлган эдилар. Улар мудом ўз амаллари ва гап-сўзлари борасида нафслари билан жиҳод қилишар, уларни Аллоҳ учун холис бўлишига қаттиқ тиришар эдилар.
Шунинг учун Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтардилар: «Мен учун ниятимни тузатишдан кўра оғирроқ иш бўлмади. Энди тузатдим десам, яна ўзгариб қолаверарди».
Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ниятни бузилишдан сақлаб қолиш амал қилувчи кишилар учун узундан-узоқ ибодатлардан кўра ҳам оғирроқдир».
Салафлардан бирлари айтади: «Ким амали комил бўлишини истаса, ниятини яхшиласин. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бандага агар нияти яхши бўлса, ҳатто бир луқмасига ҳам ажр беради».
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Нафсга ихлосдан кўра оғирроқ нарса йўқ. Чунки, ихлосда нафс учун улуш йўқдир».
Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мутарриф ибн Абдуллоҳ: «Эй Аллоҳим, мен у билан Сенинг Юзингни ирода қилдим деб даъво қилган ва қалбимга Ўзинг билган нарсалар аралашиб қолган амалимда Сенга истиғфор айтаман», деб дуо қилардилар».
Холид ибн Маъдон раҳимаҳуллоҳ илм давраси толиблар билан тўлиб тошиб кетса, шуҳратдан қўрқиб, ўринларидан туриб кетардилар.
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ айтардилар: «Нафсимни тўғрилаб олгунча у билан қирқ йил курашдим».
Айюб ас-Сихтиёний раҳимаҳуллоҳ кечаси намоз билан бедор бўлар, тонг отганда худди энди уйқудан турган одам каби овоз қилар эдилар.
У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини сўзласалар, томоқларига йиғи тиқилар, шунда саллаларини кўзлари устига тушириб: «Қаттиқ шамоллабман, қаттиқ шамоллабман», деб қўярдилар.
Абдулвоҳид ибн Зайд Айюб билан бўлган бир воқеани сўзлаб беради. Ундан Айюб бу воқеани то у вафот қилмагунича бировга айтмасликка аҳд олган эканлар. Чунки, риёдан шунчалар қўрқардилар. Абдулвоҳид айтади: «Бир куни Айюб билан бирга эдим, иккаламизни ҳам қаттиқ ташналик олиб, ҳалок бўлишга яқин бўлдик. Шунда Айюб: «Бировга айтмасликка сўз берасанми?», деди. Мен: «Ҳа, тирик экансиз, ҳеч кимга айтмайман», дедим. Шундан сўнг Айюб оёғи билан ерга тепган эди, сув отилиб чиқди, ундан ичиб қондим ва ишидимни ҳам тўлдириб олдим».
Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қай бир банда ўзи билан Аллоҳ ўртасини яхшиласа, албатта Аллоҳ у билан бандалар ўртасини яхши қилиб қўяди. Ўзи билан Аллоҳ ўртасини нуқсонли қилса, албатта Аллоҳ у билан бандалар ўртасини нуқсонли қилиб қўяди. Зотан, бир кишига ёқишга уриниш ҳаммага ёқишга уринишдан кўра осонроқдир».
Довуд ибн Аби Ҳинд раҳимаҳуллоҳ қирқ йил аҳли-оилаларига билдирмай рўза тутган эканлар. У кишининг дўконлари бор бўлиб, тонг пайти нонушталарини олиб кетиб, уни садақа қилиб юборар, тушликларини олиб келишса, уни ҳам садақа қилиб юборар, кечқурун оилалари билан кечки овқатни тановул қилар эканлар.
Йигирма йилдан зиёд тунги намозни ўқиган, бироқ аёллари бундан бехабар бўлган эканлар.
Субҳаналлоҳ! Қаранг, улар ихлос борасида ўзларини қандай тарбия қилганлар ва солиҳ амалларини махфий қилишга нафсларини қандай мажбур қилганлар! Аёли ёнида ётгани ҳолда йигирма йилдан зиёд тунги намозини унга билдирмай ўқиса! Нақадар ихлос, нақадар махфийлик!!
Ҳамма амалларини гапириб юрадиган, мабодо бир кеча намоз ўқиб қолсалар, бу ҳақда барча таниш-билишлари, қўни-қўшнилари ва ёр-дўстлари хабар топадиган, ёки бирон нарсани садақа ё ҳадя қилсалар, бу ҳақда умматга жар соладиган бугунги айрим мусулмонлар у зотлардан нақадар узоқларда бўлмасалар!! Мен улардан ажабланаман. Улар ўша салафлардан ҳам иймонлари комилроқ, ихлослари бутунроқмикин?! Салафлар иймонлари заифроқ бўлгани учун хижолатдан амалларини яширганмикинлар, булар эса иймонлари комиллигидан амалларини кўз-кўз қилармикинлар?! Қизиқ, ғоят қизиқ!!
Мусулмон биродар, менинг сизга насиҳатим, агар Аллоҳга ёқишни истасангиз, Унинг розилигини топишни хоҳласангиз, махфий равишда садақалар қилишга интилинг, одамлар билиши у ёқда турсин, ўнг қўлингиз билан қилган садақангизни чап қўлингиз билмасин! Тун қоронғусида хушуъ билан, ихлос билан намоз ўқинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасин!
Нафсни ана шундай ишлар билан тарбия қилингандагина у риёдан узоқлашади, ихлосга бўйин эгади. Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ кундузлари кулиб, кулгидан кўзларидан ёш чиқиб кетар, кечаларини эса йиғи ва намоз билан ўтказар эканлар.
Диндош биродарлар! Билмоқ керакки, ихлоснинг муқобилида, унга зид бўлган бир неча ишлар бор. Улар дунёга муҳаббат қўйиш, шуҳратпарастлик, иззатталаблик, риё ва сумъа, ғурурланиш каби иллатлардир.
Риё – ибодатни одамлар кўзида изҳор қилиш ва шу билан уларнинг мақтовига эришишни қасд қилишдир.
Сумъа – амали одамларга овоза бўлишини исташликдир.
Ғурурланиб кетиш риёнинг йўлдошидир. Ғурур – инсон ибодати билан мағрурланиб қолиши ва ўзини бошқалардан юқори кўришидир.
Буларнинг ҳаммаси амалларни бекорга чиқариб қўяди.
Мусулмон биродар, риёнинг шундай нозик йўллари бўладики, шайтон мўмин бандани ўзига сездириб-сездирмай уларга тушириб қўяди. Гап чўзилиб кетмаслиги учун мен сизга бу ўринда улардан фақат учтасини зикр қилиб ўтаман.
Биринчиси: У ҳақда Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ махфий риё ҳақидаги сўзлари орасида айтиб ўтган: «Бундан ҳам махфийроғи шуки, амал қилувчи ўзининг тоат-ибодатларини яширади, солиҳ амалларини бошқалар билиб қолишини истамайди, лекин шу билан бирга у одамлар унга биринчи бўлиб салом беришларини, уни очиқ юз билан кутиб олишларини, унинг ҳожатларини бароридан келтириш учун елиб-югуришларини, ҳурмат қилишларини, мақтовли сўз айтишларини, савдо-сотиқ ишларида ён беришларини ва унга тўридан жой беришларини ич-ичидан хоҳлайди. Агар кимдир бу хусусда бепарволик кўрсатса, буни ўзига оғир олади ва буни ўзига нисбатан ноҳақлик деб билади. Гўёки бировларга кўрсатмай қилган махфий тоатлари учун улардан эҳтиром талаб қилгандек бўлади. Ҳолбуки, ўша тоатларни қилмаганида одамларнинг муомаласини ўзига оғир олмаган бўларди. Буларнинг ҳаммаси савобдан маҳрум бўлишга олиб келади. Бундан фақат сиддиқларгина омон қоладилар».
Иккинчиси: Аллоҳга бўлган ихлосни ғоя ва мақсад эмас, балки восита қилади. Яъни, ихлосни дунёвий бир ғаразга етиш йўлида восита қилиб олади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу махфий офат ҳақида сўзларкан, шундай дейди: «Айтишларича, биров Абу Ҳомид Ғаззолийга: «Ким қирқ кун мобайнида Аллоҳ учун холис амал қилса, ҳикмат чашмалари қалбидан тилига отилиб чиқади», дебди. Абу Ҳомид айтади: «Буни эшитиб мен қирқ кун мобайнида Аллоҳга ихлос билан амал қилдим, бироқ тилимга ҳеч нарса отилиб чиқмади. Кейин буни бир орифга айтиб берганимда, у зот: «Чунки сиз ихлосни ёлғиз Аллоҳ учун эмас, балки ҳикмат отилиб чиқиши учун қилгансиз», деб жавоб берди».
Бу ҳам кўриб турганингиздек, жуда хатарли йўл бўлиб, камдан-кам одамгина бундан ҳушёр қолади.
Воқеъда ҳам бунга кўплаб мисоллар бор. Айримлар бўладики, имтиҳонлар олдидан нафл ибодатларга зўр бериб қолади, нафл рўзалар тутади, таҳажжуд намозлари ўқиб қолади, намозларини хушуъ билан ўқишга уринади. Ибодатини қанчалик яхшироқ адо қилса, имтиҳонларида шу қадар муваффақият қозонишига умид қилади ё бирон яхшироқ ишга жойлашишига ишонади. Бу одам аслида, ўша имтиҳонлар учун ихлос қилган бўлади, Аллоҳ учун эмас.
Ёки бўлмасам, баъзилар масжидга яёв қатнайди ё ҳар йили ҳажга боради ё шу каби риёзатли амалларни қилади. Қалбида эса бу амаллари билан бадани соғлом бўлишини ёки айримлар тили билан айтганда, қони айланишини мақсад қилади.
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масалан, жиҳод ниятига риё бўлмаган бошқа бир ният ҳам аралашса, яъни, хизматига яраша ҳақ олиш ё ўлжага эришиш ё тижорат қилиб келиш каби нарсаларни қасд қилса, шу билан гарчи жиҳоди бутунлай ботил бўлмаса ҳам жиҳодининг ажрига нуқсон етади».
Шунинг учун сиз масжидга яёв қатнашингизни ҳам, ҳаж ва бошқа ибодатларингизни ҳам холис Аллоҳ учун қилинг, бу ишлар ҳам шунинг остида ўзидан ўзи бўлаверади.
Учинчиси: Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ унга қуйидаги сўзлари билан ишора қилганлар: «Бу ерда бир нозик нуқта бор. Унинг моҳияти шундан иборатки, киши одамларда ўзига нисбатан «Жуда тавозеълик – камтар инсон», деган фикр пайдо қилиш учун баъзан ўзини улар ҳузурида тергаб-койиши, камситиши мумкин. Бунинг натижасида у одамлар назарида юксалади ва улар уни мақтай бошлашади. Бу ўша одамда риёга бўлган интилишнинг нозик кўриниши борлигига далолат қилади. Салафи солиҳлар мана шунга қаттиқ эътибор қаратганлар. Мисол учун Мутарриф ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай деган: Нафсингни юксалтириш ва зийнатлаш учун ҳаммани олдида уни тергаб-койишинг кифоя қилади. Лекин бу Аллоҳ наздида беҳаёлик ҳисобланади».
Эй Аллоҳим, гап-сўзу иш-амалларимизда Ўзинг ихлос ато этгин, бизларни Ўзинг учун холис, Пайғамбарингнинг суннатларига мувофиқ амал қилувчилардан қилгин. Амийн.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.