PDF WORD

Имомга намозда эргашиш

Имомга намозда эргашиш

إن الحمد لله، نحمده ونستعينه ونستغفره، ونعوذ بالله من شرور أنفسنا، وسيئات أعمالنا من

يهده الله فلا مضل له، ومن يضلل فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمداً عبده ورسوله

Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида (№411) Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

عن أنس بن مالك: … قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: (إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَإِذَا رَفَعَ فَارْفَعُوا وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ وَإِذَا صَلَّى قَاعِدًا فَصَلُّوا قُعُودًا أَجْمَعُونَ).

«Имом фақат унга эргашиш учун қўйилган. Агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар у сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. Агар у (саждадан) кўтарилса, сизлар ҳам саждадан кўтарилинглар. Агар у: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, сизлар «Роббанаа валакал-ҳамд» денглар. Агар у ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар».

Имом Нававий бу ҳадиснинг шарҳида имомга намоздаги зоҳирий (сиртки) амалларда эргашилади деб айтганлар.

Демак, имомнинг орқасида турганлар имомга зоҳирий амалларида эргашиши лозим бўлади, гарчи уларнинг мазҳабларига мувофиқ бўлмаса ҳам, масалан, имом қўлларини ҳар такбирда кўтармаса, кўтармаслик ва ҳоказо.

Бу фикрни (яъни имомга зоҳирий амалларда эргашишни) Шайхул-ислом Ибн Таймия ва Албоний раҳимаҳумаллоҳ ҳам айтишган. Ибн Таймия ротиб (доимий) имомга шундай эргашилишини айтганлар.[1] Албоний эса имом намоздаги шу ҳаракатларни суннат деб билса, унга эргашилади, деганлар. Бунга мисол қилиб Албоний қуйидагини келтирадилар: Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ намозда имом бўлиб рукуъдан сўнг қўлларини кўкракка боғлаганларида Албоний орқаларида туриб ҳам шу ишни қилганлар, гарчи бу амал (рукуъдан сўнг қўлларни кўкракка боғлаш)ни Албоний бидъат деб билсалар ҳам. Чунки Ибн Боз бу амални суннат деб билардилар. Аллоҳ уларнинг ҳаммаларини раҳматига олсин!

Баъзилар: «Имомга фақат ҳайъат (ҳолат)да эргашилади» дейишади, яъни тик туриш, рукуъ, сажда, ўтириш каби.

Биринчидан, бунга савол туғиладики: «Ҳадиснинг қайси ўрнидан ушбу фикр истинбот қилинди?»

Иккинчидан, бошқа ривоятда: «Имом қироат қилса, тингланглар» дейилган. Имомнинг қироат қилиши бир ҳолат бўлса, тинглаш эса бошқа ҳолат, балки қироат ҳолатига тескари.

Учинчидан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Бухорий ва Муслимдаги ривоятида: «Имом фақат эргашиш учун қўйилган. Бас, унга хилоф иш тутмангизлар» дейилган. Имом қўлларини кўтарса, унинг орқасидаги намозхон (маъмум) эса кўтармаса, ёки бунинг акси: имом қўлларини кўтарса-ю, маъмум кўтармаса, имомга хилоф иш тутган бўлади.

«Ҳадисда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар «эргашилиш учун қўйилган» деган ом буйруқдан хос кўрсатилган, фақат ўша амалларда эргашилади, улардан бошқасида имомга эргашилмайди» деган даъвога қуйидагича жавоб берса бўлади. Бу ерда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар тахсис (хослаштириш) учун эмас, балки тансис (матнни тушунтириб бериш) учун келган. Яъни, эргашишга бўлган ом буйруққа қандай эргашилиш мисоллари келтирилган. Эргашишдан мақсад ом эргашиш эканлигига: «Унга хилоф қилманглар» сўзлари далолат қилади.

Имом баъзи суннатларни суннат эмас деб билса, баъзилар суннатларни шу имомнинг орқасидан бажараверишади. Уларнинг наздида суннатни имомга эргашиш учун тарк қилиш мумкин эмас. Лекин ўтириб ўқиган имомга эргашиш учун намознинг рукни (усиз намоз намоз эмас) бўлган тик туриш юқоридаги ҳадисга биноан соқит (бекор) бўлганини бир ўйлаб кўришсин!

Саҳобалар имомга эргашишга қаттиқ эътибор беришганларига қуйидаги мисол келтирамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бир куни намоз ўқиётганларида оёқ кийимларини ечдилар. Саҳобалар ҳам оёқ кийимларини ечишди. Ул зот намозни тугатганларидан сўнг улардан: «Сизларга нима бўлдики, оёқ кийимларингизни ечдингизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Сиз оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб биз ҳам ечдик» дейишди. Ул зот айтдилар: «Менга Жаброил келиб оёқ кийимда нажосат – ёки зиён дедилар – (бошқа ривоятда ифлослик) борлигини айтди ва мен уни ечдим. Сизлардан биронтангиз масжидга келса, оёқ кийимига қарасин, агар нажосат – ёки зиён дедилар – (бошқа ривоятда ифлослик) кўрса, оёқ кийимини артсин-да, шу (оёқ кийим)да намоз ўқисин» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Ҳоким, Заҳабий ва Нававий саҳиҳ дейишди. «Ирвоул-ғолил»да келтирилган (№284)).

Бунга яна мисол қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг орқаларидан сафарда тўрт ракаат ўқиганликларини келтирсак бўлади. Ибн Масъуддан: «Сиз Усмонни (сафарда қаср ўқимагани учун) танқид қилиб ўзингиз яна тўрт ракаат ўқидингизми?» деб сўрашганида, Ибн Масъуд: «Ихтилоф қилиш ёмон» деб жавоб бердилар. Буни Абу Довуд «Сунан» (1/307/1960)да ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул-Буҳорий»нинг шарҳи бўлмиш «Фатҳул-Борий»да буни келтирганлар. Бунинг санадини Албоний саҳиҳ деганлар.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам амир қон олдириб таҳорат олмасдан намозга ўтганида орқасидан намоз ўқиганлар. У кишидан нимага бундай қилганларини сўрашганида: «Субҳаналлоҳ, мўминлар амири-ку?!» деганлар. Буни Ибн Абил-Ийз ал-Ҳанафий «Таҳовий ақидаси» шарҳида келтирганлар.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида (№1707) ва Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Ҳудайн ибн ал-Мунзир Абу Саасаандан ривоят қилинадики, Валид ибн Уқба бомдод намозини маст ҳолатда бошқарган. Аҳмад ривоятида (1/144/1229) бомдодни тўрт ракаат ўқигани айтилган.[2] Ваҳоланки, саҳобалар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Масъуд унинг ортидан туриб, унга эргашиб намоз ўқишган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да Умар розияллоҳу анҳу шомни қироатсиз ўқиб қўйганлари ҳақида ривоятни келтирадилар. Кейин намоздан сўнг у кишига бу ҳақда айтишганида, Умар: «Қироатсиз намоз намоз эмас» деб намозни бошқатдан ўқиганлар. Эътиборли жойи шуки, ортларидан саҳобалар индамай намоз ўқиган ва танбеҳни намоздан сўнг айтишган.

Албоний раҳимаҳуллоҳ намозларни, хусусан витр намозини масжид имоми бошқа мазҳабда ўқигани учун унинг орқасида эргашмаганларни «Саҳиҳа»да танқид қилгандилар.

Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ савол берувчига таровиҳни 23 ракаат ўқиган имомнинг орқасидан тўлиқ ўқишни тавсия қилганлар ва имомнинг ортидан намозни тўлиқ ўқиган кишига кечаси билан намоз ўқиган деб ёзилиши ҳақидаги ҳадисни келтирганлар.

Фожир ёки бидъатларни қилувчи имомнинг ортидан намоз ўқиш масаласи

Баъзи мусулмонлар имомнинг фожир эканлигини ёки шунга ўхшаш бошқа сабабларни рўкач қилиб масжидга чиқмай, ортидан намоз ўқишмайди.

Юқорида саҳобалар (хусусан Абдуллоҳ ибн Масъуд) Валид ибн Уқбанинг орқасидан намоз ўқиганлари келтирилди. Ваҳоланки, Валид ибн Уқба маст қилувчи ичимлик ичарди.

«Саҳиҳул-Бухорий»да: Абдуллоҳ бин Умар ва Анас бин Молик разияллоҳу анҳумлар Ҳажжож бин Юсуф орқасида унга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди, деб ривоят қилинади. Ҳажжож (қонлар тўккан) фосиқу золим эди. Яна «Саҳиҳул-Бухорий»да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

« يصلون لكم,  فإن أصابوا فلكم و لهم, وإن أخطأوا فلكم وعليهم «   رواه البخاري و أحمد و اللفظ له.

Маъноси: «Сизларга имомлар намоз ўқиб берадилар. Агар тўғри ўқисалар, сизлар ҳам намозингизнинг савобини оласизлар, улар ҳам. Агар хато ўқисалар, сизлар савоб оласизлар, гуноҳни улар олади».

Ибн Абил-Ийз ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ «Ақидатут-Таҳовия»нинг шарҳида шундай дейдилар: «Билгин (эй биродар), – Аллоҳ сени ҳам, бизни ҳам Ўз раҳматига олсин – имомларнинг иттифоқига биноан, бидъат ва фосиқлигини билмаган имом орқасида намоз ўқиш, намозхон кишига жоиз бўлади. Имомга иқтидо қилиш учун, унинг эътиқодини билиш ва уни имтихон қилиб кўриш, намозхонга шарт эмас. Имомга: «Эътиқодинг қандай?» каби савол берилмайди. Имомнинг эътиқоди номаълум бўлган ҳолда, унга иқтидо қилинаверади. Аксар уламолар айтишларича: Кимки, жумъа ва жамоат намозидан, имом фожирдир, деб қолиб кетса, бидъат пайдо қилган бидъатчи бўлади».

Яна шуни ҳам билиш лозим бўладики, ҳар қандай бидъат қилувчи бидъатчи бўлиб қолмайди. Бидъатчи деб унга ҳужжат қоим бўлса ҳам, бидъатида давом этган кишига айтилади. Кўп одамлар бидъатни билмай, уни тўғри иш, суннат деб қилади. Даъватчига лозим бўлган иш шуки, энг муҳим ишлардан бошлаб, даражама-даража одамларга шариат илмини тўғри, ҳикмат ва юмшоқлик билан етказиш ва одамлар унга озор бериб қўполлик қилишса, уларга қўполлик билан жавоб бермай, сабр қилиб чиройли муомала қилишдир.

Рўза, ҳайит ва қурбонликда одамлар билан бирга бўлиш

Ой бир-икки кун олдин ёки кейин кўрилса ҳам, ҳайит намози халқ-кўпчилик билан ўқилади ва қурбонлик халқ билан қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо Масруқка: «Қурбонлик – одамлар қурбонлик қилганда, оғиз очиш (рўза тутмаслик) одамлар рўза тутмаганда бўлади» деганлар. Албоний бу ривоятни «Саҳиҳа» (№224)ларида келтирганлар. Бунга яна бир далил: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзангиз – рўза тутганларингизда, оғиз очишингиз (рўза тутмаганингиз) – одамлар оғиз очганда, қурбонлигингиз – одамлар қурбонлик қилаётганда» дедилар. Имом Термизий «Сунан»ларида (№697) келтириб уни ғариб ҳасан деганлар. Албоний «Саҳиҳа» (№224) ва «Ирво» (№905) да саҳиҳ деганлар. Абу Довуд (№2324), Дорақутний (231, 257, 258), Байҳақий (4/251-252) да учта йўл орқали Абу Ҳурайрадан шунга ўхшаш ҳадис келтиришган. Бу Ибн Таймия («Фатаво» 25-114-117) ва баъзи бир бошқа ҳанбалий олимларнинг фикридир.

Агар халқ рўзани ойни кузатиб тутадиган бўлса, киши халқи билан рўза тутиши керак бўлади, гарчи бошқа диёрда рўзани бошқа кунда кўришган бўлишса ҳам, чунки бу иш юқоридаги ҳадисга мувофиқ бўлиб, ихтилофларнинг олдини олади. Буни Албоний «Тамомул-минна» (398-с.)да айтганлар.

Шунинг учун намозда имомга зоҳирий амалларида эргашиш ҳамда қурбонлик қилиш ва ҳайит ўқишда халқ билан бирга бўлиш мусулмонлар ўртасидаги ихтилофларнинг камайишига сабаб бўлади, деган умидда ушбу сатрларни қораладик.

Аллоҳ билгувчироқ.

سبحانك اللهم وبحمدك، أشهد أن لا اله إلا أنت، أستغفرك وأتوب إليك.


[1] Чунки орқа сафда турганлар янги келиб қолган имомнинг намоздаги зоҳирий ҳаракатларини билмайди, кўрмайди, лекин доимий имомнинг намоз ўқишини билишади.

[2] Шуъайб Арнаут уни Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ деган.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.