Admin 11-09-2009, 07:29 AM
МЎМИННИНГ НИЯТИ

Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: Мен, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам қуйидаги сўзларни айтаётганларини эшитдим, у киши: “Барча амаллар ниятлар билан (эътибор қилинади) ҳар бир киши ўзининг қилган ниятига қараб жазо ёки мукофот олади, бас кимки, дунё учун бир жойдан бошқа жойга ҳижрат қилиб борган бўлса, ўша нарсага етади, ёки бир аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Демак, унинг ҳижрати нима мақсад билан бўлган бўлса, ўша мақсади эътиборга олинади”. Бу ҳадисни ал-Бухорий ва бу кишидан бошқалар ривоят килишган. Биз, тушунарли бўлиши учун баъзи бир учраб қолган, таржима қилишда мураккаблашиб қоладиган араб тили сўзларини ўз ўринларида тушунтириб борамиз.
Розияллоҳу анҳу - бир саҳобий эсланганда “Аллоҳ у кишидан рози бўлсин” деб дуо қилиш;
Ривоят - сўзлаб бериш;
Ҳадис - Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва салламга сўз, феъл, таҳрир ва сифат билан нисбат берилган нарсага ҳадис дейилади;
Соллаллоҳу алайҳи ва саллам - У кишига Аллоҳнинг мақтови, саломи бўлсин дегани.
Ният қалб амалидир, жасаднинг бошқа бир аъзосига бунинг алоқаси йўқ. Мўмин киши бирон-бир ибодатни барпо қилишда ниятини қалбида ўтказади, яъни ибодатини қай бир турини қилмоқчи эканлигини аниқлайди. Имом ан-Нававий: “Ният, қасд қилиш, буни қалб ҳал қилади”, деган эканлар. Ният ҳар бир амалнинг аввалида бўлади. Ҳар бир амал учун ният қилиш лозимдир. Имом ал-Бухорий юқоридаги ҳадисни ўз ҳадис тўпламларининг аввалида келтирганлар. Шунинг учун баъзи ҳадис олимлари: “Амаллар турлича бўлади, ниятлар турлича бўлгани каби, ал-Бухорий бу амаллари билан Аллоҳ таъоло ризолигини ният қилганларига бир ишора тариқасида бу ҳадисни китобларининг аввалида келтирганлар”, деган фикрларни билдиршади. Аллоҳ таъоло буларни ҳаммаларини ўз раҳматига олсин! Шунинг учун, азиз биродарлар ҳар бир ишларингизда Аллоҳ таъоло рози бўладиган яхши ният қилишларингиз учун биз ҳам бу мавзуни келтирдик.

Admin 11-08-2009, 07:05 AM
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган издошларга салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг ...

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Бугундан эътиборан Маъруза номли бўлим ишга тушди. Унда турли тиллардаги маърузалар қўйиб борилади иншааллоҳ.
Бўлим ҳақида таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса бизга билдиришингиз мумкин.
Ушбу бўлимдан маърузаларни юклаб, фойдаланасиз деб умид қилиб қоламиз.

Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Меҳмон 11-05-2009, 09:34 PM
Ҳайз келишини тўхтатадиган дориларни истеъмол қилиш

Савол:
Ҳайз келишини тўхтатадиган дориларни истеъмол қилишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Ҳайз келишини тўхтатадиган дориларни, соғлик нуқтаи назаридан зарари бўлмаса, эрнинг рухсат бериши шарти билан истеъмол қилиш мумкин. Бироқ, менинг билганимга кўра, бу дорилар аёл кишига зарар қилармиш. Маълумки, ҳайз қонининг чиқиши табиийдир. Табиий нарсанинг ўз вақтида чиқмаслиги хотин кишининг соғлиғига жиддий зарар бериши мумкин.
Бундан ташқари, бу дорилар хотин одатини чалкаштириб юборади ва у намоз ўқиш, эри билан жинсий алоқада бўлишда тараддудланиб қолади. Шунинг учун ҳам, мен уни ис-теъмол қилиш ҳаром, демайман, бироқ, дориларни хотин кишига зарар беришидан хавф қилиб, истеъмол қилмаслигини тавсия этаман.
Хотин киши Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсага рози бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажжи йилида волидамиз Оиша разияллоҳу анҳо олдига кирдилар. Оиша онамиз йиғлаётган эдилар. Чунки, умра учун эҳром боғлаган (ва ҳайз кўриб қолган э)дилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга нима бўлди, ҳайз кўриб қолдингизми?» - деб сўрадилар. Оиша разияллоҳу анҳо: «Ҳа» - деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу – Аллоҳ Одамнинг қизларига тақдир қилган нарсадир» - де-дилар. Бас, хотин киши ҳайз сабабли рўза ва намоз таъқиқланган бўлсада сабр қилиб, савоб умидида бўлиши керак.
Алҳамдулиллаҳ, (Аллоҳни) зикр қилиш дарвозалари очиқдир. (Синглим), Аллоҳни зикр қилинг, тасбеҳ айтинг, садақа беринг, одамларга ширин сўзларни гапириб, яхши ишларни қилинг. Булар ҳам афзал амаллардандир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Admin 11-05-2009, 12:37 AM
Ассаламу алайкум!
Ман кунига 2-3 та бот аъзолани ўчирвомман.
У бу нарса қилила илтимос!
Admin 11-03-2009, 08:49 AM
Аллоҳ ҳақида билимсизлик билан сўзлашлик!

(Юқорида) зикр қилинганлардан кейин илм офатларининг энг улканларидан бирини огоҳлантириб ўтаман. У ҳам бўлса: Аллоҳ ҳақида билимсизлик билан сўзлашликдир! Зотан, у улкан жиноят, қабиҳ иш, ёлғон ва Аллоҳ жалла ва аъла ҳақида ҳукм чиқаришликдир. У, Аллоҳ азза ва жалла бирор кишига Ўзи ҳақида беҳуда сўзлашликни ҳалол қилмаган ишдир. Ҳаттоинки У Зот жалла ва аъла Ўзининг Халили ва Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида, ҳолбуки У Зот у кишини бундан сақлаган, у кишидан қуйи бўлганлар ҳақида нима дейсиз, шундай деди: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди» (Ал-Ҳаққо: 44-47).
Ҳофиз Ибн Касир тафсирларида (4/415) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида», деяпти, яъни, улар даъво қилганларидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Биз ҳақимизда ёлғон тўқиб, рисолатга зиёдалик олиб кирса ёки унга нуқсон етказса ёҳуд ўзидан бирор нарса деб, уни бизга нисбат берса, асло бундай бўлмайди, батаҳқиқ, унга уқубатни тезлаштирган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган... бўлур эдик», деди. Унинг маъноси ҳақида шундай дейилди: ундан ўнг Қўл билан ўч олган бўлур эдик. Чунки у ушлашликда қаттиқроқ-(мустаҳкамроқ)дир. Ва айтилдики: унинг ўнг қўлидан ушлаган бўлур эдик. «Сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик». Ибн Аббос шундай дедилар: у шотомир-(аорта). Ва у юрак унга боғланган томирдир.
«У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди», яъни, агар унга ушбу (азоб)дан бирор нарсани хоҳлайдиган бўлсак, сизлардан бирор киши Биз билан унинг орасини тўсиб қолишликка қодир бўлмас эди.
Бу борадаги маъно шуки: балки у ростгўй, итоаткор, тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло уни тасдиқ этиб, Ўзи ҳақида (рисолатни) етказувчи қилди ва у кишини ажойиб мўъжиза ва узил-кесил далиллар билан қўллаб-қувватлади»
.
Ушбу хатарли ва улуғ мақомни қайд этиб ўтишликдаги далиллардан:
1) Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди», деган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?» (Анъом: 93).
Аллома Қуртубий («Жамиъ лиаҳкамил Қуръан» (7/41))да шундай дедилар: «Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?», маъноси, ундан золимроқ бирор киши йўқ. «Ёлғон тўқиган», яъни, Аллоҳ ҳақида ёлғонни ўйлаб топган. ««Менга ваҳий келди», деган», ўзини пайғамбар эканини даъво қилган. «Ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда»... .
Ана шу услубдандир кимда-ким фиқҳ, суннат ва салафлар юриб ўтган йўлдан юз ўгириб: ҳаёлимга шундай-шундай нарса келди ёки қалбим шундай хабар берди деб, қалбларига келган ва ҳаёлларига устун келган нарса ила ҳукм қиладиганлар. Ва шулар турли кирлардан мусаффо ҳамда ўзгариш-(беқарорлик)дан холий деб даъво қиладиганлар бўлиб, уларга илоҳий илм ва раббоний ҳақиқатлар маълум бўлади! Куллий сир-асрорларга воқиф бўлиб, жузъий ҳукмларни биладилар ва натижада шулар сабабли умум шариат ҳукмларидан беҳожат бўладилар. Айтадиларки: ушбу шаръий ҳукмлар омма учун бўлиб, у билан бефаросат ва оммага ҳукм қилинади. Авлиё ва хос одамларга келсак, улар ушбу ҳужжатлардан беҳожатдир».
Аллома Саъдий ўз тафсирларида (226) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтяптики: Аллоҳ таоло ундан пок бўлган бирор сўз ёки ҳукмни Унга нисбат беришлик билан У Зотга ёлғон сўзлаган кимсадан-да улканроқ зулм ва каттароқ жиноят қилган бирор киши йўқ. Балки ушбу (кимса) махлуқотларнинг энг золимидир. Чунки ушбу қилмишда ёлғон ҳамда диннинг асоси ва бўлимларини ўзгартиришлик ва буни Аллоҳ таолога нисбат беришлик мавжудки, бу бузуқ ишларнинг энг каттасидир».
2) Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116).
Ҳофиз Ибн Касир ўз тафсирларида (2/590) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло ўзлари қўйиб олган ва истилоҳга киритган қуруқ исмлар билан ҳалол ва ҳаром қилиб оладиган мушрикларнинг йўлидан юришдан қайтарди...» - дея давом этадилар. «Бирор шаръий асосга эга бўлмаган бидъатни ўйлаб топган ёки қуруқ раъй ва истак-хоҳиши деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган ёҳуд Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санаган ҳар бир кимса ушбу (маъно) остига дохил бўлади... Сўнг У субҳанаҳу ушбу ишга таҳдид қилиб айтдики: «Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар», яъни, на дунёда ва на охиратда. Дунёга келсак, озгина матодир. Охиратга келсак, бас, улар учун аламли азоб бордир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!» (Луқмон: 24)».
Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ёлғон тўқишлик ҳам Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқишлик остига киради. Чунки суннат ваҳийдир. Аллоҳ таоло деди: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм: 3-4). Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да келганидек ўзларига нисбатан ёлғон тўқиган кимса ҳақида ваъид-(қўрқитув) айтиб, шундай дедилар: «Менга нисбатан (тўқилган) ёлғон бирор кишига нисбатан (тўқилган) ёлғон каби эмас. Кимда-ким менга қасддан ёлғон тўқиса, бас, ўрнини дўзахдан эгаллайверсин».
3) Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни, ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33).
Олийҳиммат имом Ибнул Қоййим буюк китоблари «Иълам ал-Муваққиъин ан Роббил Аъламин» (1/38)да шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу фатво ва қозиликда Унинг шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришни ҳаром қилди ва ҳаром қилинганларнинг энг улкани деди. Балки уни энг юқори мартабага қўйди. Субҳанаҳу айтдики: «Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни, ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос». У Зот ҳаром ишларни тўрт даражага тартиблади. Уларнинг энг енгили бўлмиш фаҳш ишлардан бошлади. Сўнг иккинчи ўринга ҳаром эканлиги ундан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлгани бўлмиш гуноҳ ва зулмни қўйди. Сўнг учинчи ўринга ҳаром эканлиги у иккисиданда улканроқ бўлган У субҳанаҳуга ширк келтиришни қўйди. Сўнг эса тўртинчи ўринга ҳаром эканлиги буларнинг баридан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлган У Зот шаънига илмсиз сўзлашликни қўйди.
Бу эса Унинг исм, сифат, феъллари ҳамда шариати ва дини борасида У субҳанаҳуга нисбатан билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир» (Наҳл: 116-117). Субҳанаҳу уларга У Зот шаънига Унинг ҳукмлари борасида ёлғон сўзлашлик, У Зот ҳаром қилмаган нарсани: бу ҳаром дейишликлари ва У ҳалол қилмаган нарсани: бу ҳалол дейишликлари ҳақида ваъид билан мурожаат қилди. У субҳанаҳу томонидан баён қилиняпти-ки, бандага Аллоҳ субҳанаҳу ҳалол ёки ҳаром қилганини билгандан кейингина: бу ҳалол, бу эса ҳаром дейишлиги жоиз бўлади.
Баъзи салафлар шундай дейишган: сизлардан бирингиз: Аллоҳ буни ҳалол қилди, мана буни ҳаром қилди дейишликдан қўрқсин. Шунда Аллоҳ унга: ёлғон сўзладинг, Мен буни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим дейди. Унинг ҳалол ва ҳаром эканлиги ҳақида очиқ-ойдин ваҳий ворид бўлганини билмаган нарса борасида Аллоҳ уни ҳалол қилган деб гап очишлиги ярамайди. Аллоҳ уни қуруқ-(кўр-кўрона) тақлид ёки таъвил сабаб раҳм қилсин!
Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда ўз(лари қўшинга сайлаган) амирлари Бурайдани, душманни қамал қилганда уларни Аллоҳнинг ҳумкига туширишдан қайтардилар. Айтдиларки: «Батаҳқиқ, сен улар борасида Аллоҳнинг ҳукмига (тўғри) етасанми ёки йўқми билмайсан. Бироқ уларни ўзинг ва шерикларингнинг ҳукмига тушир». У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг ҳукми билан мужтаҳид амирнинг ҳукми ўртасини қандай ажратганлари ва мужтаҳидларнинг ҳукми Аллоҳнинг ҳукми деб аталишидан қайтарганларини ўйлаб кўринг!
Яна шундайлардан, котиб мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурида у киши чиқарган ҳукмни ёза туриб: «Бу Аллоҳ таоло мўминларнинг амири Умарга кўрсатган (ҳукми)», деди. Шунда у киши (розияллоҳу анҳу): «Бундай дема! Балки: бу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб раъй қилган (ҳукм) дегин», дедилар.
Ибн Ваҳб Моликни шундай деяётганларини эшитдим деди: «Одамлар ҳам бундай қилишмасди, ўтган салафларимиз ҳам. Ўзим иқтидо қиладиган бирор кишини бирор нарсада шундай деганини топмадим: бу ҳалол, бу эса ҳаром. Улар бунга журъат қилишмасди. Балки шундай деб айтардилар: буни кариҳ кўрамиз, буни яхши деб биламиз, шундай лозим бўлади, шуни раъй қилмаймиз». У кишидан буни Атиқ ибн Яъқуб ривоят қилиб, шуни зиёда қилди: «Улар: ҳалол ҳам, ҳаром ҳам демасдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини эшитмаганмисан:
«Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!»» (Юнус: 59). Ҳалол – Аллоҳ ва Расули ҳалол қилгани. Ҳаром – Аллоҳ ва Расули ҳаром қилганидир».
Имом Ибнул Қоййим «Мадариж ас-Саликийн» (1/372)да шундай дедилар: «Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик ҳаром қилинганлар ичидаги энг оғир-(қабиҳ) ҳаром қилингани ва гуноҳи улканроғидир. Шу сабабли шариат ва динлар иттифоқ қилган ҳаром бўлган ишларнинг тўртинчи мартабасида ёд этилди. Ушбулар бирор ҳолатда ҳалол бўлмай, фақат ҳаромлигича қолади. Ўлакса, қон ва тўнғиз гўшти каби эмаски, маълум бир ҳолатда ҳалол қилинса.
Ҳаром қилинганлар икки турлидир:
Зотига кўра ҳаром қилинганлар бўлиб, бирор бир ҳолатда ҳалол бўлмайди.
Маълум вақтда шароит тақозосига кўра ҳаром қилинганлар.
Аллоҳ таоло зотига кўра ҳаром қилинганлар ҳақида шундай деди:
«Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни ...». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «(Барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «Ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «Ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос».
Булар Аллоҳ наздидаги энг улкан ҳаром ишлар ва гуноҳи оғирроқларидир. Батаҳқиқ у Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишни, Унга нолойиқ нарсани нисбат беришни, динини ўзгартириб, алиштиришликни, исбот қилганини инкор этиб, инкор этганини исбот қилишликни, ботил деганини ҳақ ва ҳақ деганини ботил дейишликни, дўст тутганини душман ва душман тутганини дўст тутишликни, ғазаб қилганига муҳаббат қўйиб, муҳаббат қўйганига ғазаб қилишликни, ҳамда Унинг Зоти, сифатлари, сўзлари ва феълларида Уни нолойиқ нарса билан сифатлашликни ўз ичига олади.
Ҳаром қилинганлар жинси ичида Аллоҳ ҳузурида бунданда улканроғи ва гуноҳи оғирроғи йўқ. У ширк ва куфрнинг асли ҳамда бидъат ва залолатлар қуриладиган асосдир. Диндаги барча йўлдан оздирувчи бидъатнинг асоси Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир.
Шу сабабли салаф ва имомлар шуларни қаттиқ инкор қилиб, шуларга қўл урганларга дунёнинг турли чеккаларидан хитоб қилдилар ва уларнинг фитналаридан ниҳоятда огоҳ этдилар. Бу борада шундай муболаға билан (огоҳ этдиларки), фаҳш, зулм ва тажовузни инкор қилишда бу даражада муболаға қилмадилар. Зеро, бидъатларнинг зарари, динни бузишлиги ва унга номувофиқ келишлиги қаттиқродир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирор ҳужжатсиз ўзининг наздидан бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилишни динига нисбат берган кимсага инкор қилиб, шундай деди:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116). Энди Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзини сифатламаган сифатларни нисбат берган ёки У Зотдан Ўзини сифатлаган сифатни рад этган кимса қандай бўларкин?!
Баъзи салафлар шундай дейишди: бирортангиз: Аллоҳ буни ҳалол қилди, Аллоҳ мана буни ҳаром қилди дейишдан ҳазир бўлсин. Шунда Аллоҳ айтадики: ёлғон сўзладинг. Буни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим.
Аллоҳ ва Расулидан бирор ҳужжатсиз қуруқ раъй билан ҳалол ва ҳаром дейишлик назарда тутиляпти.
Ширк ва куфрнинг асли Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир. Батаҳқиқ, мушрик Аллоҳдан ўзга маъбуди уни Аллоҳга яқинлаштиради, уни Унинг ҳузурида шафоат қилади, У Зот подшоҳларнинг ҳузурида воситачилар бўлгани каби унинг воситасида ҳожатларини ўтайди дея даъво қилади. Демак, ҳар бир мушрик Аллоҳ шаънига билимсиз сўзловчидир, акси эмас. Зотан, Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик инкор-(таътил) ва Аллоҳнинг динида бидъат қилишликни ўз ичига олади. Демак, у ширкданда умумийроқдир. Ширк унинг жуъзларидан бир жуъздир.
Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига ёлғон тўқишлик жаҳаннамга киришни ва ундан жой ҳозирлашликни лозим тутади. У ўз соҳибидан мудом ажралмайдиган манзилдир. Чунки у, У Зотга очиқ ёлғон тўқиш каби Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Чунки элчига нисбат берилган нарса элчи қилиб жўнатувчи Зотга нисбат берилгани ва Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлаш, Унга очиқ ёлғон тўқишдир.
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?» (Анъом: 93).
Бидъат аҳлининг барча гуноҳлари ушбу тур остига дохилдир. Ундан тавба қилишлик фақат бидъатдан тавба қилишлик ила рўёбга чиқади. Уни бидъат эканини билмаган ёки уни суннат дея гумон қилиб, унга чорлаган ва тарғиб қилган кимса булардан қандай тавба қилсин? Ушбу кимсага улардан тавба қилишлиги вожиб бўладиган гуноҳлари фақат суннатдан тўла хабардор бўлишлиги, ундан илм ҳосил қилиб, давомий изланиш ва суриштиришда бўлишлиги билан кўринади. Бидъат соҳибини эса бундай ҳолатда асло кўрмайсан»
.

Admin 11-03-2009, 08:38 AM
САҲОБАЛАРНИ СЎККАН КИМСАНИНГ ҲУКМИ

Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг «Сорим ал-Маслул ала шатим ар-Росул» (437) китобида айтдики: «Кимки (саҳобаларни) сўкиб яна (ушбу сўкишига) Али илоҳ ёки у пайғамбар, Жаброил рисолатни етказишда адашиб қолди деган даъволарни қўшадиган бўлса, ушбу кимса кофир эканида шак-шубҳа йўқдир. Балки ушбу кимсани кофир деб айтишда иккиланиб қолган одамни ҳам кофир эканлигида шак-шубҳа йўқдир. Ёки ўша кимсаларнинг қай бири, Қуръондан тушиб қолган оятлар бўлиб улар яшириб келинган деб даъво қилса ёки Қуръоннинг ҳозирги шаръий амалларини соқит қиладиган ботиний (ички) таъвилотлари бор ва шунга ўхшаш нарсаларни даъво қилса, улар Қаромита, Ботинийя ва Танасухиялар деб номланиб, уларнинг кофир эканларида ихтилоф йўқдир.
Бироқ уларни (саҳобаларни) адолатли ва диёнатли эканига путур етказмайдиган даражада ҳақоратласа, мисол учун у (саҳоба)ларнинг баъзисини бахиллик, қўрқоқлик, илми ва зуҳди озлик ҳамда шунга ўхшашлар билан сифатласа, бу кимсага адабини ва таъзирини бериб қўйиш лозим бўлади. Унга фақат ушбу сўзини деб куфр ҳукмини бермаймиз. Демак илм аҳлидан ана шундай кимсаларга куфр ҳукмини бермаганларнинг сўзларини (ушбу маънога) йўйиб қўйилади.
Мутлақ лаънат айтиб, таҳқирлайдиган кимсага келсак, бу аччиқланганидан лаънат айтдими ёки эътиқоддан келиб чиқиб лаънат айтдими деган иккиланиш борлиги сабабидан илм аҳли ўртасида ихтилофга бориладиган ўриндир.
Бироқ кимки улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин муртад бўлиб кетишди. Фақатгина ўн неча нафардан иборатларигина бундан мустаснодир ёки барчаси фосиқ бўлиб кетишди деб айтадиган даражагача борса, бу кимса кофир эканлигида шак-шубҳа йўқдир. Чунки у Қуръоннинг бир неча ўринда Аллоҳ таоло улардан рози бўлганлиги ва уларга мақтов айтгани ҳақида келган оятларни ёлғонга чиқарувчидир. Балки ушбу кимсанинг кофир эканлигида шак-шубҳа қилган кишининг кофир эканлиги аниқ-тайин масаладир. Чунки ушбу сўздан Китобу-Суннатни бизгача етказган зотлар кофиру-фосиқлардир деган маъно келиб чиқади. Ҳамда ушбу Оли-Имрон сурасининг 110-ояти
«Сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз» деб хабар берилган миллатларнинг энг яхшиси бўлмиш аввалги асрдагиларнинг барчаси кофир ва фосиқлар бўлиб, ушбу уммат умматнинг энг ёмонидир ва ушбу умматнинг энг ёмонлари аввалда ўтганларидир деган маъно келиб чиқади. Ушбу кимсанинг кофир эканлиги Ислом динида барчага бирдек маълум бўлган масалалар сирасидандир. Шу сабабли ушбу сўзни ошкор айтаётганларнинг аксари зиндиқлиги маълум бўлган кимса эканлигини кўрасиз. Зиндиқларнинг аксари ўзининг йўлларини сир тутади. Асли уларнинг (турқида) Аллоҳ таолонинг ўрнак олинадиган жазоси яққол намоён бўлиб туради. Нақл (қилинган асарлар) мутавотир даражада келдики, уларнинг ҳаёт ва ўлим чоғидаги юз-чеҳралари чўчқа тусини олади…
Хулоса қиладиган бўлсак: (Саҳобаларни) сўкувчи кимсалар кофир эканида шак-шубҳа бўлмаган, кофир эканлигига ҳукм қилинмайдиган ва кофир ёки кофир эмас деб ҳукм қилинишда иккиланиладиган турларга бўлинади. Бу ўринда ушбу масалага муфассал киришиш ноўриндир. Ушбу масалани биз истаган ана шу масала борасида айтганларимиз тамомий бўлсин дея ёдга олдик»
.
Қози Иёз «Шифо» (299) да шундай дедилар: «Молик роҳимаҳуллоҳ айтдики: «Кимки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирортасини, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Муовия ёки Амр ибн Осни сўкадиган бўлса, айтсаки: улар залолатда ва куфрда эди, деса боши танасидан жудо қилинади. Уларни ушбу лафзни айтмай одамларни ҳақоратлагани каби ҳақоратлайдиган бўлса қаттиқ жазога тортилади…».

Admin 11-03-2009, 08:23 AM
Илм ва баҳс

Илмда кўп баҳслашиш, жанжал ва адоватга, уламолар ҳақида ёмон гумонга бориш, уларни айблаш, ноҳақ тухмат қилиш ва шу каби ҳаром ишларга олиб боради. Шуниг учун Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи ва саллам чиройли тарзда кечмайдиган мунозарадан қайтарганлар. Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир қавм ҳидоят топгач, (фойдасиз) мунозарага киришса, адашади” (Термизий, 3250).
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмда тортишув қалбни қотиради ва бошқаларни камситишга олиб келади”.
Ҳасан Басрий тортишаётган қавм сўзларини эшитиб қолиб, шундай дейдилар: “Анави қавм ибодатдан зерикибди, сўз уларга енгил бўлибди, тақволари камайиб, гапга берилибдилар” (Фазлу илмис-салаф).
Имом Ибн Ражаб Ҳамбалий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳозир одамларнинг кўпчилиги мана шу иллатга, яъни илмда кўп баҳсу-мунозара қилишга гирифтор бўлганлар. Улар ким кўп гапириб, диний масалаларда кўп мунозара қилса, уни бошқалардан кўра олимроқ деб ўйлайдилар. Бу ҳақиқий жоҳилликдир. Чунки илм кўп гапириш ёки кўп ҳадис ёд олиш эмас, балки у қалбга ташланадиган нур бўлиб, банда унинг ёрдамида ҳақни англайди ва ҳақ билан нохақни ажратади” (Юқорида кўрсатилган манбадан).
Имом Абу Бакр Ожурий раҳимаҳуллоҳ илмда тортишиш ва кўп мунозара қилишдан огоҳлантиргач, бундай дейдилар: “Агарда бирор кишига илмий масала тушунарсиз бўлиб қолса, нима қилиши керак?” деб сўралса, бундай жовоб берилади: “Мақсади тушунмаган илмини ўрганиш бўлса, тақводор, илмига амал қилувчи олимнинг олдига борсин, ва одобли талаба сифатида мунозара қилсин, шунингдек у олимга: “Мен ҳақни аниқлаш мақсадида мунозара қилаяппман” деб айтсин. Сўнгра инсоф билан адолатли мунозара қилсин” (Аҳлақул Уламо).
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, унинг тўғри йўлини топиб, ҳаққа муваффақ этилишини, ҳамда Аллаҳнинг ҳифси-ҳимоясида бўлишини ҳоҳладим. Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, Аллаҳ ҳақни менинг тилимдан баён этадими ёки унинг тилиданми парво қилмадим” (Ал фақиҳ ва Ал муттафақиҳ).
Имом Ибн Жавзий уламо ва талабаларни мунозарали масалаларда шайтоннинг васваса қилишидан огоҳлантириб, бундай дейдилар: “Улардан бири ҳақиқат рақиб томонида эканини билиб туриб ҳам сўзидан қайтмайди, рақиби ҳақида: “у қандай ҳақ бўлиб чиқади-я” деб сиқилади. Кўпинча рақиби ҳақ эканини била туриб, раддия беришга ҳаракат қилади. Бу энг қабиҳ ишдир. Аслида мунозара қилишдан мақсад ҳақиқатни аниқлаш эди. Имом Шофеий айтганлар: "Бирон киши билан мунозара қилганимда, у ҳужжатни инкор этса, менинг наздимда обрў этибори қолмасди. Агар ҳужжатни қабул этса иззат-икром қилар эдим” (“Талбиси иблис” китобидан).

Admin 11-03-2009, 08:00 AM
Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш

Қасам – муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) нинг номини зикр қилиш билан сўзни муайян кўринишда таъкидлаш демакдир. Таъзим (улуғлаш) – ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, Унигина улуғланади, Ундан бошқаси билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақатгина Аллоҳ билан ёки Унинг исмлари ёки сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқаси билан қасам ичишдан ман қилинишига ижмоъ қилганлар.
Quote:Ҳошияту ибн Қосим ала китабит-тавҳид (303-б).
Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса у кофир ёки мушрик бўлибди» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари). У кичик куфр ва кичик ширк саналади, бироқ унинг номига қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади. Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳолига ўхшашки, улар қабрда ётган улуғларидан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, улардан бировидан ўзи улуғ санайдиган азиз-авлиё номига қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, фақат гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.
Қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётганни улуғлаш бўлиб, у Алоҳдан бошқа ҳеч кимга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10).
«Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз» (Моида: 89).
Яъни фақат зарурат юзасидан, ростлик ва яхшилик ҳолатида қасам ичингиз! Чунки, кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳурматсизлик ва У зотни улуғламасликка далолат қилади. Бу эса тавҳидни нуқсонли қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир» дедилар ва жумладан: «Бир кишики, Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичади, олишда ҳам қасам ичади» дедилар (Табароний ривояти). Шу қадар қаттиқ огоҳлантиришларидан маълум бўлмоқдаки, кўп қасам ичиш Аллоҳнинг номини беҳурмат қилишдан сақлаш мақсадида ҳаром қилинган. Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқларни улар билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.

Хулоса:
1) Аллоҳдан бошқа билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.
2) Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.
3) Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳанаҳу номини беҳурмат қилишдир.
4) Зарурат тушганда ва айтаётган сўзи рост бўлса Аллоҳнинг номига қасам ичиш жоиз.

Admin 11-03-2009, 07:51 AM
Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
«Тўғри йўлдан оғмаган»
(ҳанифийя калимасининг) таърифи

Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
«Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати», яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, таниб олишинг вожибдир. Тўғри йўлдан оғмаган сўзи луғатда: мойил бўлмоқ, (талпинмоқ) маъноларини ифодалайди.
«Тўғри йўлдан оғмаган» калимасининг маъноси, ширкни қўйиб тавҳидга мойил бўлган, (талпинган) миллатдир. Иброҳим алайҳиссалом тўғри йўлдан оғмаган, мусулмон эдилар. Тўғри йўлдан оғмаган, яъни, ширкдан юз ўгириб, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари талпинган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди» (Наҳл: 120). Демак, тўғри йўлдан оғмаганлик Иброҳим алайҳиссалом сифатларидан бўлиб, у – ширкдан батамом юз ўгириб, тавҳид сари талпинган, бор имконияти билан тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари юз тутган, маъноларидадир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Ва яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон: 67).
Мана шулар Иброҳим алайҳиссаломнинг буюк сифатларидирки, у киши тўғри йўлдан оғмаган ва у кишининг миллатлари ҳам тўғри йўлдан оғмаган бир миллатдир. У бирор ширк асорати бўлмаган, Аллоҳ азза ва жаллага холис бир миллатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана бу қовли билан ушбу миллатга эргашмоқликни амр этди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Шунингдек, биз ҳам Иброҳим алайҳиссалом миллатига эргашишга маъмурмиз. Аллоҳ таоло шундай деди: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, исломни ушлангиз)!... (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас Китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни, Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади» (Ҳаж: 78). Ва бу барча пайғамбарларнинг динидир.
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарларнинг энг афзали эканларига сабаб, тавҳидга даъват қилиш йўлида ўзгалар йўлиқмаган азоб-уқубатларга йўлиқиб, уларга сабр қилдилар. Пайғамбарларнинг отаси эканликларининг сабаби эса, у кишидан кейин келган пайғамбарларнинг бари ўз зурриётларидандир. Тўғри йўлдан оғмаган ушбу миллат бўлмиш тавҳидга даъват қилиб, ширкдан қайтариш – барча пайғамбарларнинг миллатидир. Бироқ Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу миллат рўбарўсида ўзига хос тутган ўринлари бўлгани боис, ушбу миллат у киши ва у кишидан кейин келганларга нисбат берилади. У кишидан кейинги пайғамбарларнинг бари Иброҳим алайҳиссалом миллатида, яъни, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш миллатидадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва биз эргашишликка маъмур бўлган ушбу миллат, аслида қайси миллат экан? Демак, бизга уни билишимиз вожиб бўлади. Чунки мусулмон киши бўйинсуниши ва унга путур етказмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло унга вожиб қилганларини билиб олиши лозим бўлади. Ҳали яхши билмай туриб киши ўзини (ушбу миллатга) нисбат бериши кифоя қилмайди. Исломни, динни бузувчи амаллар, дин ҳукмларини билмай туриб киши ўзини исломга нисбат беришлиги асло етарли эмас. Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмай туриб, унга ўзингизни нисбат беришингиз асло кифоя қилмайди. У ҳақда сўралганизда: билмайман, деб айтасизми?! Бу жоиз эмас. Демак, (ҳаётда) онгли равишда ушбу йўл бўйлаб юриб, ундаги бирор нарсага путур етказмаслигингиз учун ҳам, уни яхшилаб билиб олишингиз даркор.
Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир.
«Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир» - ана шу Иброҳим (алайҳиссалом) миллатидир. Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишингда икки иш жам бўлди: ибодат ва ихлос. Кимки Аллоҳга ибодат қилса-ю, динни Унинг учун холис қилмаса, ибодатининг сариқ чақалик қиймати йўқ. Кимки Аллоҳга ибодат қилиб, рўза тутиб, ҳажга бориб, намоз ўқиб, умра қилиб, садақа ва закотларни бериб, ҳамда кўплаб тоат-ибодатларни адо этса-ю, бироқ буларда Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмаган бўлса, ё риё сабабли ё бўлмаса сумъа-биров эшитсин учун ё Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш ва жонлиқ сўйиш каби амалига ширкдан бирор нарса аралашган бўлса, ушбу кимса ибодатида мухлис бўлмай, аксинча мушрик бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом миллатида бўлмайди.
Бугунги кунда ўзларини исломга нисбат берадиганларнинг кўпчилиги, Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, қабр ва қадамжоларга ибодат қилиб, жонлиқ сўйиш, назр аташ, барака ҳосил бўлармикин деган ниятда ўшаларнинг атрофида тавоф қилиш, ўликлардан ёрдам сўраш ва бундан бошқа ишлардан иборат катта ширкка қўл уришяпти. Ва яна: улар мусулмонлар, деб айтадилар. Ана ўшалар пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юриб ўтган Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмайдилар ёки билсалар-да билиб туриб зиддини қиладилар, Аллоҳ сақласин, бу қаттиқ-оғирроқдир.
Иброҳим (алайҳиссалом) миллати ширкнинг ҳар қандай кўринишини ҳам рад этади. Кимда-ким амалига ширкни аралаштирадиган бўлса, бас, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатида эмасдир. Гарчи ўзини ушбу миллатга нисбат бериб, мусулмонман, деб даъво қилса ҳам. Демак, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, унга амал қилишинг ва динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилиш, ҳамда ибодатинга на катта ва на кичик ширкни аралаштирмай ушбу миллатни лозим тутишинг вожиб бўлади.
Ана шу Иброҳим алайҳиссалом миллатики: ширкдан батамом юз ўгириб, тўлалигича тавҳид сари юзланган ҳанифийя-тўғри йўлдан оғмаган миллат бўлиб, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилишингдир.
Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди.
«Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб», яъни, юқоридаги: динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилиш, жумласига ишора қилиняпти. Яъни, Аллоҳ таоло жамийки халқларни, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло бутун башариятни, арабу ажамларини, оқ ва қора танлиларини, одам алайҳиссалом замонларидан бошлаб то дунёдаги охирги инсоннинг барини, хуллас барча-барчани ибодатни ихлос ила адо этишга амр этди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!» (Бақара: 21-22). Аллоҳнинг ўхшаши, тенгдоши йўқдир. Ушбу оят ширкнинг катта ва кичигидан қайтариқни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларидан тортиб барча инсониятни ана шунга амр этди.
«Уларни ана шунинг учун яратди», яъни, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилиш учун. Ана шунинг сабабидан яратилинишди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).
Ушбу жумлалар шайх раҳимаҳуллоҳнинг: шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, деган сўзларининг маъносидир. Ушбу: Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, қовлларида Аллоҳ таоло айтганидек икки ишни жам қилдилар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». Аллоҳ таолонинг ушбу: «Мен жин ва инсни яратдим» қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло барча нарсани яратган. Шу жумладан жин ва инсни ҳам. Уларга ақл бериб, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни амр этди. Уларни ибодатга бўлган буйруқ ила (ўзга махлуқотлар ичида) хослади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл ва зарар нимаю, фойда нима, ҳақ нимаю, ботил нима эканини ажратиб оладиган нарсани берди. Қолган нарсаларнинг барини уларнинг фойда ва манфаатлари учун яратди. Аллоҳ таоло шундай деди: «У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосия: 13). Унинг сабабидан яратилинишган буюк ғояга ёрдам олсинлар-куч йиғсинлар дея барча нарса одам болалалри учун бўйинсундириб қўйилган. (Ушбу буюк ғоя) – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишдир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».
Жинлар биз кўзимиз билан кўра олмайдиган ғайб олами бўлиб, улар ҳам одам болалари каби ибодат қилишга маъмур ва ширк ҳамда маъсиятдан қайтарилгандир. Бироқ хилқатда одам болаларидан фарқлидирлар.
Буйруқ ва қайтариқлар жиҳатидан олиб қарасак, улар ҳам одам болалари сингари (маълум бир ишларга) буюрилиб, (яна маълум бир ишлардан) қайтарилгандир. Жинларни ўз кўзимиз билан кўрмасакда, бироқ улар мавжуддир.
Жинлар мавжуд бўлиб, ким уларни (бор эканлигини) инкор қилса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ, Расули ва мусулмонларнинг ижмоларини ёлғонга чиқарган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла жин ва инсни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини баён қилди, бошқа нарса учун эмас.
У Зот уларни Унга фойда ёки зарар келтирсинлар учун ёки улар сабабли хорликдан иззат сари чиқиш учун ёки оз бўлиб, энди кўпайиб қолиш учун яратгани йўқ. Чунки У барча оламлардан Беҳожатдир. Уларга ҳожатманд экани учун ёки улар унга ризқ топиб беришлари учун ҳам яратмади: «Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 57-58).
Аллоҳ таоло махлуқотларга муҳтож эмас. Балки жин ва инсни фақат бир нарса учун яратди. Яъни, Унгагина ибодат қилишлари учун. Аллоҳ таоло уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, балки улар ибодатга муҳтождир. Чунки улар Аллоҳга ибодат қиладиган бўлишса, У Зот уларни икром қилиб, жаннатга дохил қилади. Демак, қилган ибодатларидан бўлган фойда ўзлари учундир. Худди шундай қилган маъсиятларининг зарари ҳам ўзларига қайтади. Аллоҳ таолога эса итоат қилувчининг итоати ва маъсият қилувчининг маъсияти асло зарар беролмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, Мақталган Зотдир» (Иброҳим: 8). Аллоҳ таолога осийнинг маъсияти зарар бермайди ва бўйинсинувчи кишининг итоати фойда келтирмайди. Балки бу ишларнинг (фойда ёки зарарлари) ўзларига қайтади. Итоатнинг фойдасини ўзлари кўрадилар. Маъсият қилишса ҳам зарарини ўзлари кўрадилар.
«Менга Ибодат қилишлари учун», яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.
Яъни, ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учун. Ибодат ва тавҳиднинг маъноси бирдир. Тавҳид ибодат дея ва аксинча ибодат тавҳид дея изоҳланади. Иккисининг маъноси бир. Демак бу сўзлар тавҳидни Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтурувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш дея изоҳлаган кимсага раддиядир. Ушбу (кимса изоҳлаган) тавҳид, халқлар унинг сабабидан яратилган тавҳид эмас. Балки халқлар ибодат тавҳиди учун яратилди, яъни, улуҳият тавҳиди учун.
Энди ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса, у муваҳҳид ҳам ва жаннат аҳлидан ҳам эмас. Балки у дўзах эгаларидандир. Чунки у, унинг сабабидан яратилган тавҳид ва ибодатни адо этмади.

Admin 11-03-2009, 07:21 AM
Нифос ва унинг ҳукми ҳақида


Нифос – туғиш сабабли бачадондан келадиган қон бўлиб, у туғишдан 2-3 кун аввал тўлғоқ билан ё кўз ёриш пайти ёки ундан кейин келади.
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Тўлғоқ тутган пайтда келган қон нифосдир, у икки-уч кунга боғлиқ эмас, унинг белгиси тўлғоқ. Акс ҳолда у нифос бўлмайди».
Уламолар унинг муддати ҳақида турли фикрлар билдиришган. Шайхулислом Ибн Таймия «Шариат соҳиби ҳукмларни боғлиқ қилган исмлар» рисоласида айтади: «Нифос кунларининг оз-кўпига чегара йўқ. Мабодо аёл киши 40, 60 ёки 70 кундан кўпроқ қон кўриб, сўнг қони тўхтаса, у нифосдир. Лекин давом этаверса у фасод қондир. Шу пайтда ҳадисларда келган аксар муддат ҳисобланган 40 кунни чегара қилиб олинади».
Демак, шунга кўра агар қони 40 кундан ошиб кетса ва унинг шу муддатдан кейин тўхташ одати бўлса ёки тўхташга яқинлик аломатлари кўриниб қолса, тўхтагунича кутиб туради. Агар ундай бўлмаса 40 кун тўлгач ювинади. Чунки 40 кун нифоснинг аксар муддатидир. Мабодо шу кунда унинг ҳайз даври бошланиб қолса ҳайзи тугагунича кутади. Шундан сўнг тўхтаса, мана шу унинг одати деб эътибор қилинади ва кейинги сафарларда шунга мувофиқ иш тутади. Агар қон келиши давом этаверса, у мустаҳоза саналиб, мустаҳозанинг ҳукмларига амал қилади.
Агар қон 40 кундан олдин тўхтаса, у покланган ҳисобланади. Ғусл қилиб намоз ўқийди, рўза тутади, эри у билан жимоъ қилаверади. Бироқ бир кундан озроқ муддатда қони тўхтаса унинг ҳукми йўқ. «Муғний»да шундай дейилган.
Аёл кишидан инсон шаклини олган ҳомила тушсагина нифос ҳукми татбиқ бўлади. Агар ҳомила илк ойларда тушган бўлса ва унда одам шакли аниқ билинмаган бўлса, у қон нифос қони эмас, балки томир қони бўлиб, ҳукми мустаҳозанинг ҳукми кабидир. Одам шакли аниқ билинадиган муддатнинг энг ками ҳомила бошлангандан 80 кун ва кўпроғи 90 кундан кейин бўлади.
Pages (290):    1 272 273 274 275 276 290   
Welcome, Guest
You have to register before you can post on our site.
Lost Password?
Remember me?
 
Members: 2,512
Latest member: Mcmug
Forum threads: 2,896
Forum posts: 8,180
There are currently 33 online users. 0 Member(s) | 30 Guest(s)
Bing, Google, Yandex
Latest Threads
Абдуллоҳ Бухорий (Мирзағо...
Forum: Жарҳ ва таъдил
Last Post: encounc, 07-17-2024, 04:57 AM
Replies: 24 - Views: 67,853
Танишув сайтларидан умр й...
Forum: Оила
Last Post: encounc, 06-30-2024, 09:22 AM
Replies: 4 - Views: 37,239
Рўзадор аёл шом азонидан ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-29-2020, 09:23 AM
Replies: 0 - Views: 557
Ақида ва рўза (Аҳмад ибн ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-28-2020, 09:30 AM
Replies: 0 - Views: 783
Коронавирус
Forum: Муносабат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:44 PM
Replies: 8 - Views: 1,490
Шаъбон ойи ўртасини нишон...
Forum: Бидъат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:42 PM
Replies: 6 - Views: 15,566
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.