Уч Асос шарҳи


Учинчи рисола

Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати

«Тўғри йўлдан оғмаган» (ҳанифийя калимасининг) таърифи

Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати

«Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати», яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, таниб олишинг вожибдир. Тўғри йўлдан оғмаган сўзи луғатда: мойил бўлмоқ, (талпинмоқ) маъноларини ифодалайди.

«Тўғри йўлдан оғмаган» калимасининг маъноси, ширкни қўйиб тавҳидга мойил бўлган, (талпинган) миллатдир. Иброҳим алайҳиссалом тўғри йўлдан оғмаган, мусулмон эдилар. Тўғри йўлдан оғмаган, яъни, ширкдан юз ўгириб, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари талпинган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди» (Наҳл: 120). Демак, тўғри йўлдан оғмаганлик Иброҳим алайҳиссалом сифатларидан бўлиб, у – ширкдан батамом юз ўгириб, тавҳид сари талпинган, бор имконияти билан тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари юз тутган, маъноларидадир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Ва яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон: 67).

Мана шулар Иброҳим алайҳиссаломнинг буюк сифатларидирки, у киши тўғри йўлдан оғмаган ва у кишининг миллатлари ҳам тўғри йўлдан оғмаган бир миллатдир. У бирор ширк асорати бўлмаган, Аллоҳ азза ва жаллага холис бир миллатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана бу қовли билан ушбу миллатга эргашмоқликни амр этди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Шунингдек, биз ҳам Иброҳим алайҳиссалом миллатига эргашишга маъмурмиз. Аллоҳ таоло шундай деди: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, исломни ушлангиз)!… (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас Китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни, Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади» (Ҳаж: 78). Ва бу барча пайғамбарларнинг динидир.

Иброҳим алайҳиссалом пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарларнинг энг афзали эканларига сабаб, тавҳидга даъват қилиш йўлида ўзгалар йўлиқмаган азоб-уқубатларга йўлиқиб, уларга сабр қилдилар. Пайғамбарларнинг отаси эканликларининг сабаби эса, у кишидан кейин келган пайғамбарларнинг бари ўз зурриётларидандир. Тўғри йўлдан оғмаган ушбу миллат бўлмиш тавҳидга даъват қилиб, ширкдан қайтариш – барча пайғамбарларнинг миллатидир. Бироқ Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу миллат рўбарўсида ўзига хос тутган ўринлари бўлгани боис, ушбу миллат у киши ва у кишидан кейин келганларга нисбат берилади. У кишидан кейинги пайғамбарларнинг бари Иброҳим алайҳиссалом миллатида, яъни, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш миллатидадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва биз эргашишликка маъмур бўлган ушбу миллат, аслида қайси миллат экан? Демак, бизга уни билишимиз вожиб бўлади. Чунки мусулмон киши бўйинсуниши ва унга путур етказмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло унга вожиб қилганларини билиб олиши лозим бўлади. Ҳали яхши билмай туриб киши ўзини (ушбу миллатга) нисбат бериши кифоя қилмайди. Исломни, динни бузувчи амаллар, дин ҳукмларини билмай туриб киши ўзини исломга нисбат беришлиги асло етарли эмас. Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмай туриб, унга ўзингизни нисбат беришингиз асло кифоя қилмайди. У ҳақда сўралганизда: билмайман, деб айтасизми?! Бу жоиз эмас. Демак, (ҳаётда) онгли равишда ушбу йўл бўйлаб юриб, ундаги бирор нарсага путур етказмаслигингиз учун ҳам, уни яхшилаб билиб олишингиз даркор.

Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир.

«Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир» – ана шу Иброҳим (алайҳиссалом) миллатидир. Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишингда икки иш жам бўлди: ибодат ва ихлос. Кимки Аллоҳга ибодат қилса-ю, динни Унинг учун холис қилмаса, ибодатининг сариқ чақалик қиймати йўқ. Кимки Аллоҳга ибодат қилиб, рўза тутиб, ҳажга бориб, намоз ўқиб, умра қилиб, садақа ва закотларни бериб, ҳамда кўплаб тоат-ибодатларни адо этса-ю, бироқ буларда Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмаган бўлса, ё риё сабабли ё бўлмаса сумъа-биров эшитсин учун ё Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш ва жонлиқ сўйиш каби амалига ширкдан бирор нарса аралашган бўлса, ушбу кимса ибодатида мухлис бўлмай, аксинча мушрик бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом миллатида бўлмайди.

Бугунги кунда ўзларини исломга нисбат берадиганларнинг кўпчилиги, Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, қабр ва қадамжоларга ибодат қилиб, жонлиқ сўйиш, назр аташ, барака ҳосил бўлармикин деган ниятда ўшаларнинг атрофида тавоф қилиш, ўликлардан ёрдам сўраш ва бундан бошқа ишлардан иборат катта ширкка қўл уришяпти. Ва яна: улар мусулмонлар, деб айтадилар. Ана ўшалар пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юриб ўтган Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмайдилар ёки билсалар-да билиб туриб зиддини қиладилар, Аллоҳ сақласин, бу қаттиқ-оғирроқдир.

Иброҳим (алайҳиссалом) миллати ширкнинг ҳар қандай кўринишини ҳам рад этади. Кимда-ким амалига ширкни аралаштирадиган бўлса, бас, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатида эмасдир. Гарчи ўзини ушбу миллатга нисбат бериб, мусулмонман, деб даъво қилса ҳам. Демак, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, унга амал қилишинг ва динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилиш, ҳамда ибодатинга на катта ва на кичик ширкни аралаштирмай ушбу миллатни лозим тутишинг вожиб бўлади.

Ана шу Иброҳим алайҳиссалом миллатики: ширкдан батамом юз ўгириб, тўлалигича тавҳид сари юзланган ҳанифийя-тўғри йўлдан оғмаган миллат бўлиб, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилишингдир.

Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди.

«Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб», яъни, юқоридаги: динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилиш, жумласига ишора қилиняпти. Яъни, Аллоҳ таоло жамийки халқларни, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло бутун башариятни, арабу ажамларини, оқ ва қора танлиларини, одам алайҳиссалом замонларидан бошлаб то дунёдаги охирги инсоннинг барини, хуллас барча-барчани ибодатни ихлос ила адо этишга амр этди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!» (Бақара: 21-22). Аллоҳнинг ўхшаши, тенгдоши йўқдир. Ушбу оят ширкнинг катта ва кичигидан қайтариқни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларидан тортиб барча инсониятни ана шунга амр этди.

«Уларни ана шунинг учун яратди», яъни, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилиш учун. Ана шунинг сабабидан яратилинишди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).

Ушбу жумлалар шайх раҳимаҳуллоҳнинг: шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, деган сўзларининг маъносидир. Ушбу: Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, қовлларида Аллоҳ таоло айтганидек икки ишни жам қилдилар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». Аллоҳ таолонинг ушбу: «Мен жин ва инсни яратдим» қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло барча нарсани яратган. Шу жумладан жин ва инсни ҳам. Уларга ақл бериб, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни амр этди. Уларни ибодатга бўлган буйруқ ила (ўзга махлуқотлар ичида) хослади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл ва зарар нимаю, фойда нима, ҳақ нимаю, ботил нима эканини ажратиб оладиган нарсани берди. Қолган нарсаларнинг барини уларнинг фойда ва манфаатлари учун яратди. Аллоҳ таоло шундай деди: «У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосия: 13). Унинг сабабидан яратилинишган буюк ғояга ёрдам олсинлар-куч йиғсинлар дея барча нарса одам болалалри учун бўйинсундириб қўйилган. (Ушбу буюк ғоя) – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишдир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».

Жинлар биз кўзимиз билан кўра олмайдиган ғайб олами бўлиб, улар ҳам одам болалари каби ибодат қилишга маъмур ва ширк ҳамда маъсиятдан қайтарилгандир. Бироқ хилқатда одам болаларидан фарқлидирлар.

Буйруқ ва қайтариқлар жиҳатидан олиб қарасак, улар ҳам одам болалари сингари (маълум бир ишларга) буюрилиб, (яна маълум бир ишлардан) қайтарилгандир. Жинларни ўз кўзимиз билан кўрмасакда, бироқ улар мавжуддир.

Жинлар мавжуд бўлиб, ким уларни (бор эканлигини) инкор қилса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ, Расули ва мусулмонларнинг ижмоларини ёлғонга чиқарган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла жин ва инсни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини баён қилди, бошқа нарса учун эмас.

У Зот уларни Унга фойда ёки зарар келтирсинлар учун ёки улар сабабли хорликдан иззат сари чиқиш учун ёки оз бўлиб, энди кўпайиб қолиш учун яратгани йўқ. Чунки У барча оламлардан Беҳожатдир. Уларга ҳожатманд экани учун ёки улар унга ризқ топиб беришлари учун ҳам яратмади: «Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 57-58).

Аллоҳ таоло махлуқотларга муҳтож эмас. Балки жин ва инсни фақат бир нарса учун яратди. Яъни, Унгагина ибодат қилишлари учун. Аллоҳ таоло уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, балки улар ибодатга муҳтождир. Чунки улар Аллоҳга ибодат қиладиган бўлишса, У Зот уларни икром қилиб, жаннатга дохил қилади. Демак, қилган ибодатларидан бўлган фойда ўзлари учундир. Худди шундай қилган маъсиятларининг зарари ҳам ўзларига қайтади. Аллоҳ таолога эса итоат қилувчининг итоати ва маъсият қилувчининг маъсияти асло зарар беролмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, Мақталган Зотдир» (Иброҳим: 8). Аллоҳ таолога осийнинг маъсияти зарар бермайди ва бўйинсинувчи кишининг итоати фойда келтирмайди. Балки бу ишларнинг (фойда ёки зарарлари) ўзларига қайтади. Итоатнинг фойдасини ўзлари кўрадилар. Маъсият қилишса ҳам зарарини ўзлари кўрадилар.

«Менга Ибодат қилишлари учун», яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.

Яъни, ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учун. Ибодат ва тавҳиднинг маъноси бирдир. Тавҳид ибодат дея ва аксинча ибодат тавҳид дея изоҳланади. Иккисининг маъноси бир. Демак бу сўзлар тавҳидни Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтурувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш дея изоҳлаган кимсага раддиядир. Ушбу (кимса изоҳлаган) тавҳид, халқлар унинг сабабидан яратилган тавҳид эмас. Балки халқлар ибодат тавҳиди учун яратилди, яъни, улуҳият тавҳиди учун.

Энди ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса, у муваҳҳид ҳам ва жаннат аҳлидан ҳам эмас. Балки у дўзах эгаларидандир. Чунки у, унинг сабабидан яратилган тавҳид ва ибодатни адо этмади.

 

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳиддир

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид. У – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид», деган сўзлари жуда муҳим аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло буюрган барча буйруқлар тавҳиддан кейиндир.

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далил ушбу оятдир: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36) оятининг охирги қисмигача бўлган жумлалар.

Ушбу оятда ўнта ҳақ-ҳуқуқ эслаб ўтилди. Шу сабабдан ҳам ушбу оят ўн ҳақ-ҳуқуқ ояти, деб аталади. Ушбу ҳақларнинг энг биринчиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққидир: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» «Ота-онангизга яхшилик қилингиз!» Бу эса иккинчи ҳақдир. «Қариндош-уруғ», учинчи ҳақ. Қариндош-уруғ ота ёки она томонидан сизга наслу насаб жиҳатидан яқин бўлганлардир. Мисол учун: ота, боболар, амаки ва аммалар, тоға ва холалар, ака-ука, опа-сингиллар ва уларнинг фарзандлари ҳамда амаки ва аммаларнинг фарзандлари. Ана шулар қариндош-уруғлардир. Уларнинг сизда қариндошлик ҳақлари бор.

«Етим-есирлар», яъни, мусулмонларнинг етимлари. Балоғат ёшига етмай, кичиклигида отаси вафот этган ва ушбу норасидага тарбия, инфоқ ва фойда бўлиши мумкин бўлган ҳожатларини ўтайдиган, ҳамда зарарни тўсадиган отасининг ўрнини босадиган бир кишига муҳтож бўлган гўдакдир. Чунки уни ҳимоя қилиб, унга нафақа ажратадиган ва уни мудофа қиладиган отаси йўқ. Елкасидан тутадиган бир кишига муҳтож, чунки унинг отаси ва оиласи йўқ. Унинг исломда (маълум бир) ҳаққи бор.

Муҳими, Аллоҳ таоло ушбу оятни Ўзининг ҳаққи билан бошлаб, фақат мана бу қовлига чекланмади: «Аллоҳга ибодат қилинглар», балки давомида шундай деди: «Ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» Чунки ибодат ширк билан саҳиҳ бўлмайди ва фойда ҳам келтирмайди. Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлгандагина ибодат деб номланади. У билан ширк бўлар экан, инсон ҳар қанча ўзини машаққатга қўйса ҳам, у ибодат бўлмайди. Аллоҳ таоло ибодат қилишга бўлган буйруқни ширкдан қайтаришликка боғлаб, бир ўринда ёд этди. Зеро, ибодат ширк билан асло саҳиҳ бўлмайди.

Бу, шайх раҳимаҳуллоҳнинг: «Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид», деган сўзларининг далили эди. Чунки Аллоҳ таоло кўплаб оятларни тавҳид билан бошлайди. Ана шу оятлардан биз юқорида зикр қилган ва мана бу қуйидаги оятдир: «(Эй инсон), Роббинг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни амр этди» (Исро: 23). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тавҳиддан бошлади. Бу эса Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далолат қилади. «Айтинг: «Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз!»» (Анъом: 151).

Бу эса келгусидаги мавзу бўлмиш: Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан нарса ширк эканига далилдир. Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид бўлар экан, демак, инсон барча нарсадан аввал ақидани ўқиб-ўрганишдан бошламоғи вожиб бўлади. Ақида – пойдевордир. Демак, ўқиб-ўрганиш ва таълим беришни ақидадан бошлаб, уни дарс бериш ва одамларга баён қилиб беришда бардавом бўлиш лозим бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарсадир. Уни кейинга суриш ёки унга интилмаслик асло муносиб эмас. Чунки ҳозирда баъзи даъватчилар тавҳид ва ақидадан таълим беришда сусткашликка йўл қўйишдек бир мусибатга мубтало бўлишган. Чунки ақида-тавҳидда сусткашликка йўл қўйиш-путур етказиш, диннинг барига путур етказишдир. Шундай бўлар экан, унга аҳамият қаратмоқ даркор.

Тавҳид нима у ўзи? У – Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи ва Ўлдирувчи эканини тан олишингми? Йўқ! Тавҳид Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Муфассирлар айтишдики: «Ибодат қилишлари учунгина», яъни, (ибодатда) яккалашликлари учунгина. Тавҳидни ибодат дея изоҳлашди.

Демак, тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. У, Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам инсон фитратига, оқил кишиларнинг зеҳнига сингдирилган. Дунёда, осмонлар ва ерни Аллоҳдан Ўзга бирортаси яратган деб эътиқод қиладиган бирор оқил бўлмаса керак. Оламда бирор киши, ҳатто кофир ва мулҳидларни ичида ҳам, инсонни бошқа бир инсон яратган дея эътиқод қиладиган бирор киши бўлмаса керак. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар» (Зухруф: 87). Ушбу оламда инсон ўзига ўхшаш ерда юриб, сўзлаб, еб-ичадиган бир инсонни яратган, деб эътиқод қиладиган бирор ақли расо киши йўқдир. Ёки шундай деб эътиқод қиладиган бирор эс-ҳушли одам борми? «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандилар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35-36). Рубубият тавҳиди фитрат ва ақлларга сингдирилгандир. Ибодат тавҳиди бўлмиш, Аллоҳни ибодатда яккалашликсиз (унинг ўзи) етарли эмас.

Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ: тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир, дедилар. У (тавҳид) Аллоҳни яратиш, ризқ бериш, тирилтириш ва ўлдиришда якка деб билиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам маълумдир. Тавҳидга таъриф беришда рубубият тавҳидининг ўзи кифоя қилмайди.

 

Аллоҳ таоло қайтарган (қайтариқлари) ичидаги энг улкани ширкдир

Ва ундан қайтарган энг улкан нарса ширкдир.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг: «Ва Аллоҳ таоло ундан қайтарган энг улкан нарса ширкдир», деган сўзларидан кўплаб фойдалар оламиз. Чунки баъзи кимсалар маълум бир гуноҳ ишларни энг улкан жарима деб эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан нарса: рибодир. У энг катта ҳаром иш. Зино энг улкан ҳаром иш, дея рибо, зино, бузуқ хулқлардан қайтаришга бутун диққатларини жамлайдилар. Лекин ширкдан огоҳ этишга, одамларни ширкка ботиб кетганларини кўзлари билан кўрсалар-да, унга аҳамият қаратмайдилар. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариатини билмаган энг жоҳил кимсадир.

Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ ширкдир. У (ширк), рибо, маст қилувчи ичимлик ичиш, ўғирлик, одамларнинг молини ноҳақ ейиш ва қимордан-да улкан қайтариқ ва ҳаром ишдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Айтинг: «Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз-сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани ё зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 151). Ушбу оятлар ўн васият, деб аталади. «Айтинг: «Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай»», оятидан мана бу оятларгача: «Шояд эслатма (насиҳат) олурсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсага буюрди» (Анъом: 152).

Ушбу ҳаром ишларни Аллоҳ таоло мана бу қовли билан бошлади: «У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз». Демак ушбу оят ширк Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ эканига далолат қилади.

Исро сурасида ҳам Аллоҳ таоло шундай деди: «Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон ҳақ илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!» (Исро: 22). (Аллоҳ таоло ушбу оятларни) ширкдан қайтариш ила бошлаб ва яна ширкдан қайтариш билан якунлади. «Сиз яна Аллоҳ билан бирга бошқа ҳақ илоҳ ҳам бор, деб маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!» (Исро: 39). Демак, буларнинг бари ширк Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ эканига ва шайх раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари (нақадар ҳақ эканига) далолат қилади.

Саҳиҳ ҳадисда айтилишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Энг улкан гуноҳ қайси?», дея савол берилди. Шунда: «Аллоҳ таоло сени яратган бўлса-да, Унга тенгдош исбот қилишинг», дедилар. «Сўнг қайси?», дейилди. «Болангни, сен билан таомланишидан қўрқиб ўлдиришинг», дедилар. «Сўнг қайси?», дейилди. «Қўшнингни аёли билан зино қилишинг», дедилар.[15]

Аллоҳ таоло (ушбу ҳадис) тасдиғи ўлароқ мана бу қовлини нозил қилди: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур» (Фурқон: 68). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қай бир гуноҳ энг улкан-даҳшатли дея сўралганларида: «Аллоҳ таоло сени яратган бўлса-да, Унга тенгдош -яъни шерик- исбот қилишинг», деб, ширкни энг даҳшатли гуноҳ дея зикр қилдирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан четланинглар». «Улар қайсилар экан, эй Расулуллоҳ?!», дейилди. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш…».[16]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам (ҳалок қилувчи гуноҳларни) ширкдан бошладилар. Бу эса ширк энг улкан гуноҳ эканига далолат қилади. Шунинг учун ҳам мушрик абадул-абад жаннатга кирмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72). Аллоҳ таоло мушрикни асло мағфират қилмайди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур» (Нисо: 48). Бу эса жаннат мушрикка ҳаром экани, Аллоҳ таоло уни кечирмаслиги ва ширк энг улкан гуноҳ эканига далолат қилади. Чунки ширкдан ўзга гуноҳлар мағфират қилиниши мумкин: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур». Зино, ўғирлик, маст қилувчи ичимлик ичиш, рибо, буларнинг бари Аллоҳнинг хоҳиши остидадир. Хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди.

Ширк эса асло кечирилмайди. Аллоҳ таоло уни (ширкни) асло кечирмайман, дея ҳукм қилди. Шунингдек, осий кимса ширкдан қуйи турадиган гуноҳи кабираларга қўл урар экан, унга жаннат ҳаром бўлмай, оқибати барибир жаннатдир. Ё Аллоҳ таоло уни аввалги дафъада кечириб жаннатга дохил қилади. Ё бўлмаса дўзахда азоблангач, ундан чиқиб жаннатга киради. Мўмин киши ширкдан ўзга-қуйи бўлган фисқ ва маъсиятларга ҳар қанча қўл урса ҳам Аллоҳнинг Раҳматидан умидини узмасин. Чунки у жаннатдан маҳрум эмас. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳиши билан Унинг мағфирати остига дохилдир.

Мушрикка келсак, у буларнинг баридан маҳрумдир, Аллоҳ сақласин. Ширк энг улкан-даҳшатли гуноҳ эканига Аллоҳ таолонинг ушбу қовли далилдир: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48). «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116). Ушбу далилларнинг барчаси ширк энг улкан-даҳшатли гуноҳ эканига далолат қилади. Ширк энг улкан гуноҳ бўлар экан, демак, уламо ва мутааллимларга ундан қайтариб, огоҳ этишлари ва ширкдан огоҳ этишдан сукут сақламасликлари вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳод қилганларидек, куч-қувват борида мушрикларга қарши жиҳод қилишлик вожибдир.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, уларни (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5). Демак, ширкдан огоҳ этиш ва одамларга унинг (ҳақиқатини) баён қилиб бериш лозим бўлади, тоинки ундан четлашишсин. Ана шу вожиб бўлган ишдир.

Ширк ҳақида гапирмай сукут сақлаш ва одамларни Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишда улоқиб юришларига қўйиб қўйиш, ҳолбуки улар исломни даъво қиладилар, энди бирор киши қайтармай, огоҳлантирмаслиги ўта аянчли бир ишдир. Баъзи кимсалар рибо, зино, бузуқ хулқлардан қайтаришда кўп тиришишади. (Тўғри ушбу ишлар) ҳаром ва фасод. Бироқ ширк энг улкани-даҳшатлисидир. Энди нима учун (ушбу кимса) ширкдан қайтариб, ундан огоҳлантиришга ва исломни даъво қиладиган кўплаб одамларга қўл уришаётган катта ширкни ёритиб беришга аҳамият қаратмайди?

Нима учун ширкка бунчалар бепарво ва аҳамиятсизлик қилиниб, одамларни ширкка тушишларига ташлаб қўйилиш(ни кузатяпмиз)? Ахир уламолар бор-ку, балки улар ўша одамлар билан яшаб, уларга (бу ҳақда) ҳеч нарса дейишмас? Авваламбор уммат бошига битган муқаррар ҳалокат бўлмиш ушбу даҳшатли хатардан қайтаришга киришиш вожиб бўлади. Барча гуноҳлар ширкдан қуйи ва ундан енгил. Энг муҳим ишдан бошлаш лозимдир.

У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир.

Ширкнинг таърифи: У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир, яъни, ибодатларнинг бирортасини Аллоҳдан ўзга фаришталардан бирор фаришта ёки пайғамбарлардан бўлган бир пайғамбар, солиҳ зотлардан бири ёки қадимий қадамжо-ёдгорлик, хуллас Аллоҳдан ўзга бирор махлуқотга ибодатни йўналтиришлик, Аллоҳ қайтарган қайтариқлари ичидаги энг улкани бўлмиш ширкдир.

Тавҳид ва ширкнинг тафсир-изоҳини яхшилаб билиб олинглар! Чунки баъзи кимсалар борки, тавҳид ва ширкни ўзининг изоҳи билан изоҳламайдилар.

Баъзи кимсалар: ширк бу ҳукмдаги ширкдир, дейишади. Афсуслар бўлсинким ушбу сўз бугун кенг тарқалган. Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилиш ширк турларидан бири бўлиб, тоатдаги ширк деб аталади. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санашда махлуққа итоат қилиш ширк турларидандир. Бироқ бу ўринда ундан ҳам укланроқ ширк бор. У ҳам бўлса жонлиқ сўйиш, назр аташ, (қабрларни) тавоф қилиш ва улардан ўтиниб ёрдам сўраш билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишдир. Ширкнинг баридан огоҳлантиришимиз лозим. Бир турига эътибор қаратиб, ундан-да улкан ва даҳшатлироғи ташлаб қўйилмайди. Ва ширк фақат ҳукмдаги ёки сиёсатдаги ширк деб изоҳланмайди. (Ўшаларнинг) айтишича: қабрлар(га қарата қилинган ибодат сабабли бўлган) ширк оддий-аҳамиятсиз ширк эмиш. Ахир бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога журъат қилиш-ку. Ширк Аллоҳ таоло қайтарган нарсалари ичидаги энг улканидир. У (ширк) – У билан бирга ўзгасига ибодат қилиш. Ана шу ширкдир.

Яна ўшаларнинг баъзилари: ширк – мол-дунёга муҳаббат қўйиш, дейдилар. Аллоҳ таоло молни инсон табиатига севикли қилиб қўйди.

«Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!» (Фажр: 20).

«Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир» (Вал-Одиёт: 8).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз …. суюклироқ бўлса…»» (Тавба: 24).

Аллоҳ таоло: «Суюклироқ бўлса», деди. Яхши кўришларини инкор этгани йўқ. Бироқ буларни Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам муқаддам қўйишларини инкор қилди. Мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки бу табиий муҳаббатдир. Одамлар мол-дунёга муҳтожлар ва уни яхши кўрадилар. Демак, мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки у инсонлар ўзлари фойдаланадиган нарсаларини яхши кўришларидандир. Анави кимсалар эса ушбу сўзларни ё тавҳид ва ширкни таълим олмай жоҳил бўлганликлари сабабли, ё бўлмаса (тавҳиддан) батамом юз ўгириб, одамларни ушбу ҳақиқатлардан буриб, ўзларининг истакларига йўллашни хоҳлаганлари учун айтадилар. Аллоҳ таоло мақсадларни Билгувчироқдир.

Муҳими, ушбу (мол-дунёни яхши кўриш) ширк эмас. Ширк Аллоҳ билан бирга Ўзгасига ибодат қилиш ёки жонлиқ сўйиш, назр аташ, дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш, илтижо қилиб ёлбориш, хавф, умид қилиш ва бундан бошқалар каби ибодат турларининг бирортасини Аллоҳдан Ўзгасига сарф қилишдир. Ана шу энг улкан гуноҳ бўлмиш ширкки, у – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга Ўзгасига ибодат қилишдир. Чунки дуо Аллоҳ таоло айтганидек энг улуғ ибодатлардандир: «Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта, дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14). Ва яна шундай деди: «Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – У Зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 14). Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш ширкдир. Аммо анави кимсалар ширк, деб атаётган жузиётларга келсак, ундай эмас. Бироқ: ўша ишларнинг баъзиси ширк қисмларидандир. Ва бу ўринда улардан-да хатарлироқ ва муҳимроқ бўлган ширк турлари бор, деб айтилади. Чунки ширк ҳам турлича тафовутдадир. Баъзиси бошқасига нисбатан қаттиқроқ-оғирроқдир, Аллоҳ сақласин.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).

Аллоҳ таоло буюрган нарсаларининг энг буюги тавҳид эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!», деб айтгандик. Аллоҳ таоло тавҳидга буюриб, ширкдан қайтаришлик билан бошлагани, Аллоҳ таоло буюрган буйруқлари ичидаги энг олийси тавҳид эканига далилдир. Чунки У Зот: «Аллоҳга бандалик қилинглар», деди. Сўнг: «Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!», деб қайтарди. Демак, тавҳидга бўлган буйруқ ва ширкдан бўлган қайтариқдан бошлади. Демак, бу Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид, қайтарганлари ичидаги энг улкани ширк эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло оятни ана шу ишлар билан бошлади. Аллоҳ таоло фақат энг муҳим нарсалар билан бошлайди. Бу, оятдан (биз гаплашаётган мавзуга) далил келтириш услуби эди.

10 thoughts on “Уч Асос шарҳи

  1. ассалому алейкум устозлар. менга хозирги кундаги олимларни исми шарифларини айтиб берсангиз

  2. Waalaykum assalom,
    hozirgi kundagi hayot ulamolarning bazilari:

    Shaykh Aal ash-Shaykh
    Shaykh al-Abbad
    Shaykh al-Ajlan
    Shaykh al-Albani
    Shaykh al-Barrak
    Shaykh al-Fawzan
    Shaykh al-Ghudayyaan
    Shaykh al-Jaami
    Shaykh al-Jabiree
    Shaykh al-Khamees
    Shaykh al-Luhaydaan
    Shaykh al-Munajid
    Shaykh an-Najmi
    Shaykh As-Suhaymee
    Shaykh bin Baz
    Shaykh Ibn al-Uthaymeen
    Shaykh Muqbil
    Shaykh Zayd al-Madkhali

    wassalam

    1. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Ҳурматли Daniell, авваламбор сиз санаб ўтган уламоларнинг барчаси ҳам афсуски бугунги кунда ҳаёт эмас.
      Кейин Shaykh al-Khamees деб айни кимни назарда тутдингиз. Бу кишининг исм-шарифларини тўлиқроқ ёзсангиз.
      Shaykh al-Munajid эса аслида уламо эмас. У кишининг фатволарини ўқишдан, у кишидан илм олишдан кўпчилик уламолар қайтаришган.
      Валлоҳу аълам.

  3. Waalaykum assalom va rahmatullohi va barakatuh,

    Sharhimga etiboringiz va javobingiz uchun rahmat.

    Shaykh Uthman al Khamees meni bilishimcha Quvaytdagi Islom Universiteti Doktori.

    Shaykh al Munajjid tugrisida yana bir bor surishtirib kuraman.

    wassalam

    1. 1) Усмон ал-Хамисни мақтаб ундан илм олишликни тавсия қилган бирор олимни сўзларидан хабардор бўлсангиз илтимос келтирсангиз.
      Бизга маълум бўлгани шуки шайх Утайбий бу кишини ҳизбий, Иҳё ат-Турос фондига боғлиқ инсон эканини айтганлар. Кенгроқ маълумот учун қуйидаги манбага мурожаат қилинг:
      http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=121124
      http://www.archive.org/download/radasheekotaibialaotmankamise/radasheekotaibialaotmankamise_2.mp3

      2) Мунажжиднинг манҳажини эса кўпчилик аҳли илмлар танқид қилишган. Хоссатан сиз санаб ўтган шайх Убайд ибн Жобирий ҳафизаҳуллоҳ у кишини қутбий эканини айтганлар. Ушбу сўзларини қуйидаги манбадан топишингиз мумкин:
      http://youtu.be/EfscGHQjKWI

      3) Шайх Аббод ва шайх Жобирий бугунги кунда тириклар алҳамдулиллаҳ.

      Валлоҳу аълам.

  4. Tugri ayttingiz bazi ulamolar hayot emaslar:
    Shaykh al Abbad
    Shaykh al Alboniy
    Shaykh al Jabiree
    Shaykh Ibn Baz
    Shaykh ibn Uthaimeen
    va yana bazilar

    wassalam.

  5. Ассалому алейкум! Кандай килиб юклаб осам китобни? Хар сафар онлайн укиш хар сафарам кулай бумаяпти.Жазакумуллоху хойрон

  6. Ассаламу аьлайкум бидаьт ахлига эң тугри мафким китобини арапча вариятыны кандай юлаб олсам болоди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan