Илм ва баҳс

Илм ва баҳс

 

Илмда кўп баҳслашиш, жанжал ва адоватга, уламолар ҳақида ёмон гумонга бориш, уларни айблаш, ноҳақ тухмат қилиш ва шу каби ҳаром ишларга олиб боради. Шуниг учун Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи ва саллам чиройли тарзда кечмайдиган мунозарадан қайтарганлар. Расулуллоҳ саллаллаҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир қавм ҳидоят топгач, (фойдасиз) мунозарага киришса, адашади” (Термизий, 3250).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмда тортишув қалбни қотиради ва бошқаларни камситишга олиб келади”.

Ҳасан Басрий тортишаётган қавм сўзларини эшитиб қолиб, шундай дейдилар: “Анави қавм ибодатдан зерикибди, сўз уларга енгил бўлибди, тақволари камайиб, гапга берилибдилар” (Фазлу илмис-салаф).

Имом Ибн Ражаб Ҳамбалий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳозир одамларнинг кўпчилиги мана шу иллатга, яъни илмда кўп баҳсу-мунозара қилишга гирифтор бўлганлар. Улар ким кўп гапириб, диний масалаларда кўп мунозара қилса, уни бошқалардан кўра олимроқ деб ўйлайдилар. Бу ҳақиқий жоҳилликдир. Чунки илм кўп гапириш ёки кўп ҳадис ёд олиш эмас, балки у қалбга ташланадиган нур бўлиб, банда унинг ёрдамида ҳақни англайди ва ҳақ билан нохақни ажратади” (Юқорида кўрсатилган манбадан).

Имом Абу Бакр Ожурий раҳимаҳуллоҳ илмда тортишиш ва кўп мунозара қилишдан огоҳлантиргач, бундай дейдилар: “Агарда бирор кишига илмий масала тушунарсиз бўлиб қолса, нима қилиши керак?” деб сўралса, бундай жовоб берилади: “Мақсади тушунмаган илмини ўрганиш бўлса, тақводор, илмига амал қилувчи олимнинг олдига борсин, ва одобли талаба сифатида мунозара қилсин, шунингдек у олимга: “Мен ҳақни аниқлаш мақсадида мунозара қилаяппман” деб айтсин. Сўнгра инсоф билан адолатли мунозара қилсин (Аҳлақул Уламо).

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, унинг тўғри йўлини топиб, ҳаққа муваффақ этилишини, ҳамда Аллаҳнинг ҳифси-ҳимоясида бўлишини ҳоҳладим. Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, Аллаҳ ҳақни менинг тилимдан баён этадими ёки унинг тилиданми парво қилмадим” (Ал фақиҳ ва Ал муттафақиҳ).

Имом Ибн Жавзий уламо ва талабаларни мунозарали масалаларда шайтоннинг васваса қилишидан огоҳлантириб, бундай дейдилар: “Улардан бири ҳақиқат рақиб томонида эканини билиб туриб ҳам сўзидан қайтмайди, рақиби ҳақида: “у қандай ҳақ бўлиб чиқади-я” деб сиқилади. Кўпинча рақиби ҳақ эканини била туриб, раддия беришга ҳаракат қилади. Бу энг қабиҳ ишдир. Аслида мунозара қилишдан мақсад ҳақиқатни аниқлаш эди. Имом Шофеий айтганлар: «Бирон киши билан мунозара қилганимда, у ҳужжатни инкор этса, менинг наздимда обрў этибори қолмасди. Агар ҳужжатни қабул этса иззат-икром қилар эдим” (“Талбиси иблис” китобидан).

Сўраб билишлик ҳақида

Сўраш илмнинг калитидир. Кўпинча талаба мушкул масалалар қаршисида жавоб тополмай иккиланиб қолади. Бундай ҳолатларда уламолар ҳузурига бориб, одоб билан, ўзини паст олиб, ҳақни топиш мақсадида, улардан масалани сўраш керак.

“Агар билмайдиган бўлсангизлар аҳли илмлардан сўранглар” (Наҳл, 43).

Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Сафарда бир кишининг боши ёрилди. Сўнг эҳтилом бўлиб қолди. Ҳамроҳлари: “Сенинг таяммум қилишингга руҳсат бера олмаймиз”, дедилар. У ғусл қилган эди, ўлиб қолди. Воқеа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганида: “Уни ўлдириб қўйишибдику, Аллоҳ уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми, зеро жоҳилликнинг давоси сўрашдир”, дедилар” (Абу Довуд, 336).

Оиша розияллоҳу анҳум айтадилар: “Ансорий аёлларни Аллоҳ раҳматига олсин. Ҳаё уларни дин ишларини сўрашдан тўсмас эди” (Бухорий,1/41).

Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илмнинг зиёда бўлиши тахсил билан, илмни идрок қилиш (тушуниш) сўраш билан бўлур” (Жомеъу баёнил-илм китобидан).

Ибн Аббосдан сўрадилар: “Илмни қандай эгалладингис?” “Сўровчи тил ва ақлли қалб билан”, деб жавоб бердилар (Таълимул мутаъаллим).

Ибн Шиҳоб айтадилар: “Илм ҳазинадир. Унинг калитлари эса сўрашдир” (Жомеул баёнил-илм китобидан).

Манба: SofIslom.com

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan