PDF WORD

Тавҳид рисоласи

ТАВҲИД

Абдураҳим ўғли Тоҳиржон

Қозон 1994

МЕҲРИБОН ВА РАҲИМЛИ АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН (БОШЛАЙМАН)

Барча мақтов-олқишлар Аллоҳ учундир. Аллоҳни мақтаймиз, ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимизнинг ёмонликларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ тўғри йўлга тўғирлаб қўйган кишини адаштиргувчи йўқдир ва У адаштириб қўйган киши учун тўғри йўл кўрсатувчи йўқ. Аллоҳдан бошқага сиғинишга, ибодат қилинишга лойиқ бирон-бир илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман ва Муҳаммад унинг қули ва элчиси эканликларига гувоҳлик бераман. Бу ташаҳҳудни ҳар бир ҳожатда айтилишнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам таълим берадилар деб Абдуллоҳ ибну Масъуд ривоят қиладилар. Яна уч оят ўқилади:

“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқиш билан қўрқинглар фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда вафот этинглар!” (Оли Имрон сураси, 102-оят).

“Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини яратган ҳамда у икковларидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздан савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишингиздан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган зотдир” (Нисо сураси, 1-оят).

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар, ким Аллоҳга ва Унинг элчисига итоат қилса, бас у улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб сураси, 70-71 оятлар).

Пайғамбаримизга, аҳл-оилаларига, саҳобаларига ва қиёмат кунигача буларнинг кетидан изма-из эргашган кишиларга Аллоҳнинг мақтовлари ва кўп саломлари бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурига борганимизда азобдан сақланишликка ва жаннатга олиб киришликка сабаб бўлади деган умид билан бу Тавҳид рисоламизни мана шу ҳожат хутбаси билан бошладик. Ўзимиз томонимиздан бирор ортиқча сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва салламнинг муборак ҳадисларига қўшилиб қолишдан қўрқиб, Абдуллоҳ ибну Масъуд бу ҳожат хутбасини қандай ривоят қилган бўлсалар илмимиз етгунча буни ўзбек тилига таржима қилдик. Шояд шунда Аллоҳ таъоло ишларнинг энг ёмони бўлган бидъатдан бизни сақлаб, сўзларнинг энг тўғриси бўлган Ўзининг каломи ва йўлларининг энг яхшиси ва ҳақиқийси бўлган Расули соллаллоҳу алаҳи ва саллам йўлида собитқадам қилса!

Ҳозирги биз билан замондош бўлган одамлар орасида ҳақиқий иймон соҳиби бўлиш кун ўтиши билан ниҳоятда мураккаблашиб ўтмоқда. Кучайиб бораётган фитналардан Аллоҳ таъолонинг ўзи сақламаса чуқур адашиб, разил умрга гирифтор бўлиб қолиш яққол кўриниб қолган. Саодат замонасидаги саҳобийлар ҳаёти ва уларнинг қилган амалларини кўзларимизга ёшлар олиб Аллоҳ таъолодан кўп мағфират сўраб қоламиз ҳолос. Чунки баъзан бизда деярли Исломни номидан бошқа ҳеч нарса қолмагандай бўлиб туюлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Инсонлар орасида охири фақатгина намоз қолади …” деб хабар берганлари бунинг исботидир. Бу ҳадис, Абу Довуд ривоят қилган ҳадиснинг бир парчасидир. Шунинг учун сиз азиз мусулмон биродарлар билан биргаликда бу фитналардан сақланиб мусулмон ҳолдагина вафот этишимиз учун ушбу Тавҳид рисоласини ёзмоқдамиз.

Бизни вужудга келтирган ва кўп марҳаматлар насиб қилаётган Роббимиз биздан рози бўлиб қолишини илтижо қиламиз! Амин!

МЎМИННИНГ НИЯТИ

Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: Мен, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам қуйидаги сўзларни айтаётганларини эшитдим, у киши: “Барча амаллар ниятлар билан (эътибор қилинади) ҳар бир киши ўзининг қилган ниятига қараб жазо ёки мукофот олади, бас кимки, дунё учун бир жойдан бошқа жойга ҳижрат қилиб борган бўлса, ўша нарсага етади, ёки бир аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Демак, унинг ҳижрати нима мақсад билан бўлган бўлса, ўша мақсади эътиборга олинади”. Бу ҳадисни ал-Бухорий ва бу кишидан бошқалар ривоят килишган. Биз, тушунарли бўлиши учун баъзи бир учраб қолган, таржима қилишда мураккаблашиб қоладиган араб тили сўзларини ўз ўринларида тушунтириб борамиз.

Розияллоҳу анҳу – бир саҳобий эсланганда “Аллоҳ у кишидан рози бўлсин” деб дуо қилиш;

Ривоят – сўзлаб бериш;

Ҳадис – Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва салламга сўз, феъл, таҳрир ва сифат билан нисбат берилган нарсага ҳадис дейилади;

Соллаллоҳу алайҳи ва саллам – У кишига Аллоҳнинг мақтови, саломи бўлсин дегани.

Ният қалб амалидир, жасаднинг бошқа бир аъзосига бунинг алоқаси йўқ. Мўмин киши бирон-бир ибодатни барпо қилишда ниятини қалбида ўтказади, яъни ибодатини қай бир турини қилмоқчи эканлигини аниқлайди. Имом ан-Нававий: “Ният, қасд қилиш, буни қалб ҳал қилади, деган эканлар. Ният ҳар бир амалнинг аввалида бўлади. Ҳар бир амал учун ният қилиш лозимдир. Имом ал-Бухорий юқоридаги ҳадисни ўз ҳадис тўпламларининг аввалида келтирганлар. Шунинг учун баъзи ҳадис олимлари: “Амаллар турлича бўлади, ниятлар турлича бўлгани каби, ал-Бухорий бу амаллари билан Аллоҳ таъоло ризолигини ният қилганларига бир ишора тариқасида бу ҳадисни китобларининг аввалида келтирганлар, деган фикрларни билдиршади. Аллоҳ таъоло буларни ҳаммаларини ўз раҳматига олсин! Шунинг учун, азиз биродарлар ҳар бир ишларингизда Аллоҳ таъоло рози бўладиган яхши ният қилишларингиз учун биз ҳам бу мавзуни рисоланинг аввалида келтирдик.

ТАВҲИД

“Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишликка, Аллоҳ таъолони ибодатда ёлғизлашликка тавҳид дейилади. Ёлғиз Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина ибодат қилувчи ва ундан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилмайдиган кишига муваҳҳид дейилади. Муваҳҳид бўлишни Аллоҳ таъоло ҳаммамизга насиб этсин! Пайғамбарларнинг асосий вазифалари инсониятга тавҳидни буюриш бўлган. Пайғамбарлар орасида Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи ва саллам пайғамбаримиз инсониятдан ташқари жин тоифасига ҳам мана шу буйруқни буюриш учун юборилганлар. Яна, бизга маълум бўлишича Мусо алайҳиссалом (у кишига Аллоҳнинг саломи бўлсин) жинларга ҳам пайғамбар бўлиб келганлар, лекин бу киши фақат Бану Исроил қавмига юборилгандирлар, барча инсонларга эмас. Аллоҳ таъолонинг ҳузурига тавҳидсиз борган ҳар қандай одам ҳатто пайғамбар ҳам нажот топа олмайди.

Имом Абу Жафар ат-Таҳовий (239-321 йиллар орасида яшаган) ўзларининг эътиқод тўғрисида ёзган китобларида қуйидаги иборани келтирадилар: Аллоҳ таъолонинг тавҳиди тўғрисида Аллоҳнинг бизга насиб қилган тавфиқи (тўғри ҳаёт, омад, бахт) билан унга эътиқод қилган ҳолда айтамиз: Албатта Аллоҳ ёлғиздир, унинг бирон-бир шериги йўқдир. Пайғамбарлар чақириғининг аввали ҳам тавҳид бўлган. Аллоҳ таъоло Аъроф сурасининг 59-оятида:

“Қасамки, Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир”, деб хабар беради. Бошқа пайғамбарлар ҳам (Аллоҳнинг уларга саломи бўлсин) энг биринчи тавҳидга чақирганлари тўғрисида Аллоҳ таъоло бизга Қуръон орқали билдирди. Ибну Аббос розиаллоҳу анҳумо ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Одамлар то Ла илаҳа иллаллоҳ деб гувоҳлик бермагунларича улар билан жанг қилишга буюрилдим”, – дедилар. Бу ҳадисни ал-Бухорий ва Муслим ривоят қилишади. Аллоҳ таъолони Ёлғиз дейишлик – Унинг Ўзигагина ибодат қилиб ундан бошқасига ибодат қилмаслик дегани бўлади. Ёлғиз Аллоҳ илоҳ деб, унга ибодат қилмаётган одам ёлғончи бўлиб, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилаётганлиги аниқдир. Аллоҳ таъолодан бошқа бир нарсага ибодат қилиб ўтган киши жаннатдан маҳрум бўлиб азобга гирифтор бўлади. Эй, Аллоҳ, биз сендан жаннатни сўраб, дўзахдан сенинг паноҳингга ўтамиз!

ТАВҲИДНИНГ ҚИСМЛАРИ

Тавҳид уч қисмга бўлинади:

1) Тавҳидур – рубубияҳ;

2) Тавҳидул – улуҳияҳ;

3) Тавҳидул – асмои вас-сифот.

ТАВҲИДУР – РУБУБИЯҲ

Аллоҳ таъолони феълларида ёлғизлашликка тавҳидур-рубубияҳ дейилади, яъни Аллоҳ таъолонинг феъллари фақат унинг Ўзигагина хосдир. Маҳлуқларнинг феъллари эса буларнинг ўзларига хос тарздалар. Кўзимизга кўриниб турган борлиқ, мавжудотнинг барчаси маҳлуқ дейилади. Осмонлар, ер, қуёш, ой, бошқа сайёралар, юлдузлар, фаришталар, жинлар, одамлар, ҳайвонот олами, ўсимликлар олами ва бундан бошқа кўп нарсаларга маҳлуқ дейилади. Бу нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ ва адашган файласуфлар айтганларидек ҳам эмас. Файласуфлар, Аллоҳ таъоло ўз марҳамати билан инсониятга хизмат қилиши учун яратган бу мавжудодларни табиат мўжизалари дейишади. Буларни табиат инъомлари дейиш муваҳҳидларга зид бўлган файласуфлар сифатларидандир.

Эй азиз биродар, Аллоҳ таъоло сизни Ўз марҳаматига олсин, бу маҳлуқот, мавжудодларини яратиш феълига эга бўлган Аллоҳ таъолодан бошқа бир зот бор деган одамни ақлли одам деса бўладими? Албатта йўқ! Бу маҳлуқотни барчасини Аллоҳ таъоло яратган. Буларнинг ҳаракатларини ҳам Унинг Ўзи яратган. Бирон-бир маҳлуқ Аллоҳ таъоло унга яратган ҳаракатда бошқа бир ҳаракатга қодир бўла олмайди. Ҳаммалари доим Аллоҳ таъолога бўйинсуниб туради. Инсон бир кунда неча хил ҳаракат қилганини ҳисобига ета олмайди. Инсонни ҳар бир сонияда қилиб турган феълини ҳам Аллоҳ таъоло яратган. Мана шундай диний тушунчада бўлиш ҳақиқий мўминларнинг сифатлари билан сифатланишдир. Мана шундай диний тушунчада бўлмаган одам Аллоҳ таъолонинг ҳузурида нажот топа олмайди. Инсонлар феълларини ўзлари яратади. Аллоҳ таъоло бунга қодир эмас, деган бир қанча тоифалар адашиб кетишади. Энг тўғри эътиқод бўлган аҳли суннат вал-жамоат эътиқодидан ажралиб қолишади. Аллоҳ таъоло барчамизни залолатдан сақласин!

Бу маҳлуқларнинг Холиқи (яратувчиси) Аллоҳ таъоло экан, буларга ризқ, ҳаёт ва ҳаётдан кейин мамотни ҳам Аллоҳ таъолонинг Ўзи тақсимлаб, белгилаб қўйди. Бирон бир маҳлуқ бошқа бир маҳлуққа: сенинг ризқингни мен беряпман, дейишга ҳаққи йўқдир. Ишларни ҳам барчасини бошқариб турувчи Аллоҳ таъолонинг Ўзидир.

Эй азиз биродар, Аллоҳ таъоло сизни ўз марҳаматига олсин, шундай қудратли зот бўлган Аллоҳ таъологина ибодат қилинишга лойиқ бўлган зотдир, бошқаси эмас, Унинг шериги йўқдир. Шундай қудратли зот бўлган Аллоҳ таъолони қўйиб фарёдини эшитмайдиган юлдузга, дуосига қулоқ сол аолмайдиган булоққа, гўшт, қон билан иши йўқ қабрга ва бундан бошқа нарсаларга ибодат қилаётган одамларни ким деса бўлади

Холиқ фақат Аллоҳ таъолонинг Ўзи эканлигини ҳар қандай кофир ҳам, мушрик ҳам тан олишга мажбурдир, тан олади ҳам. Тан олмайман деган маҳлуқ қалбидаги нарсанинг тескарисини тили билан айтаётган ёлғончидир. Аллоҳ таъоло Луқмон сурасининг 25-оятида:

“Қасамки, агар улардан “Осмонлар ва ерни ким яратган?” деб сўрасангиз албатта Аллоҳ дейишади”.

Эй Аллоҳ, сендан жаннатни сўраб, дўзахдан паноҳ сўраймиз.

Одамларнинг Холиқи ягона Аллоҳ таъолонинг Ўзидир. Бу тавҳид ҳам тавҳиддир. Бунда бирор-бир шак-шубҳа йўқдир. Одам боласидан бирон-бир тоифа бу тавҳидга қаршилик қилмаган. Аллоҳ таъолога мақтовлар бўлсинки, қалбларни бу тавҳидни иқрор қилишга мойил қилиб яратган. Туғиладиган ҳар бир бола бу саломат қалб билан туғилади. Унинг ақли бўлмаса ҳам, ҳали кўп нарсани тушунмаса ҳам Исломий табиатда туғилади. Агар шу ёшлигида вафот этса жаннат олдида бўлади деган ривоят бор, гарчи у яҳудий, насроний ёки мажусий (оташпараст киши) ота-онадан туғилиб ёшлигида вафот этган бўлса ҳам. Тавҳидур-рубубияҳ ҳаммага аниқ, маълум бўлсада, бир қанча тоифалар бу тўғрисида чуқур киришиб кетишади. Буни яна ҳам чуқур исботлаймиз деб манфаатдан қолиб кетишади. Аниқ нарса баёнга муҳтож бўлмайди.

Золимларнинг золимроғи бўлиб, ўзини рабб дейишгача борган подшоҳ Фираъавн ҳам бу тавҳидни иқрор қилган, Аллоҳ таъоло бу ҳақда бизга хабар беради. Аллоҳ таъоло Анбиё сурасининг 22-оятида:

“Агар унда Аллоҳдан бошқа илоҳлар бўлганида эди албатта бузилиб кетар эди”. Яъни осмонлар ва ерда Алллоҳ таъолодан бошқа илоҳлар бўлганида эди, бу нозик низом билан доим ҳаракатда бўлиб турган осмонлар ва ер бузилиб кетар эди. Подшоҳ битта бўлади. Агар подшоҳлар кўп бўлса ҳеч қачон бирон-бир нарсага иттифоқ қила олмайдилар.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олсин) ҳикоя қилинади: Зиндиқлар (яъни ички ҳолатлари кофирланиб кетган кишилар) ривоятларда аҳли каломлар бир неча киши бўлиб бу кишидан яратувчининг мавжудлиги тўғрисида сўрашди. Шунда Абу Ҳанифа уларга: “Бу масалага киришдан олдин менга денгиздаги оғир юклар ортилган кема ҳақида гапирингларчи … Унда тижорат қилинадиган турли моллар бор, лекин бирон-бир қўриқлаб турувчи қоровул ҳам, кемани ҳайдовчи ҳам йўқ. Аммо бу кема боради, келади, ўзи сайр қилади, катта тўлқинларга учраб улардан қутулгунча уларни кесиб ўтади, хоҳлаган томонига сайр қилади, лекин уни ҳайдаб турган ҳайдовчиси йўқ” дедилар. Шунда зиндиқлар: “Бу ақлли одамнинг гапи эмас” дейишади. Абу Ҳанифа уларга: “Сизларга мусибат бўлсин, бу мавжудод, ундаги баландлик ва пастликларни борлиги ва аниқ, чиройли қилиб қўйилган нарсалар бор бўлиб, яратувчиси – бор қилувчиси бўлмасинми?” Уларга бу жуда чиройли, ёрқин жавоб бўлади. Улар ҳақиқатга қайтишиб, Абу Ҳанифа олдиларида, мусулмон бўлишди.

Тавҳидур-рубубияҳ маълумдир. Аллоҳ таъоло Ўз пайғамбарларини бу учун юбормади, Тавҳидул-улуҳияҳга чақириш учун юборди. Тавҳидул-улуҳияҳ тавҳидур-рубубияҳни ўз ичига олади. Аллоҳ таъолонинг ҳузурига борганимда дўзахдан нажот топиб, жаннатга дохил бўлсам, деб умид қилган одам тавҳидул-улуҳияҳга муваҳҳид бўлмоғи лозимдир.

ТАВҲИДУЛ – УЛУҲИЯҲ

Аллоҳ таъоло ва унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи ва саллам шариъати қонунларига киритилган ибодатнинг барча турлари ёлғиз Аллоҳ таъоло Ўзига қилинишини тавҳидул-улуҳияҳ дейилади. Бу ибодатларга ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳақли. Унинг бирор-бир шериги йўқ деб, илмига амал қилган кишини муваҳҳид дейилади. Сўзимизнинг бошида айтамизки, дунё ва охиратдаги барча бахту-саодат, мана шу муваҳҳид бўлган кишидадир. Кимни Аллоҳ таъоло бу тавҳидда муваҳҳид қилган бўлса Аллоҳ таъолога мақтов-олқишлар айтсин! Чунки, бу одамни Аллоҳ таъоло яхши кўрибди, ҳузуридаги роҳат масканига олиб борадиган йўлдан юришни насиб этибди. Ал-ҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн!

Ишнинг аввали ҳам охири ҳам шу тавҳиддир. Ҳаётнинг аввалида, энди тили чиқаётган ёш бола “Ла илаҳа иллаллоҳ” ўргатилганда бу калимани талаффуз қилса, муваҳҳид бўлади. Ақл юритиш ёшига етганда, “тавҳид калимасини айтган, олдин сен ёш эдинг, ақлинг йўқ эди”, деб айтилмайди, балки таҳорат ва намозга буюрилади. Аввалги вожиб ҳам, охирги вожиб ҳам шу тавҳиддир. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Кимники охирги каломи Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, жаннатга киради”, дедилар.

Юқорида ибодатнинг барча турлари ёлғиз Аллоҳ таъоло учун дедик. Булар: дуо қилиш, намоз ўқиш, мақташ (яъни Аллоҳга хос бўлган мақтов) улуғлаш, муҳаббатнинг энг олийси, Аллоҳга хос бўлган умид, Аллоҳдангини қўрқиш, қурбонлик қилиш, назр қилиш, ёрдам сўраш ва бундан бошқалардир. Бу ибодат турлари тўғрисида яна тўхталиб ўтамиз, иншааллоҳ (агар Аллоҳ хоҳласа)!

Тавҳидул-улуҳияҳни кофирлар инкор қиладилар. Ким мусулмон, ким кофир ё мушрик эканлигини мана шу тавҳид ажратади, агарчи бир-бирига энг яқин бўлган одамлар бўлса ҳам, шу тавҳид туфайли оралари узоқлашади. Бу тавҳидга муваҳҳид бўлмаган кишини бошқа бир муваҳҳид киши қалбидан яхши кўришлигига иймон рухсат бермайди. Биз Аллоҳ таъоло учун яхши кўриб ва Аллоҳ таъоло учун ёмон кўриб иймонимизни мукаммал қиламиз. Ҳадиси шарифда Пайғмбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун қайтарса ҳақиқатда иймонини мукаммал қилибди”, дедилар.

Барча пайғамбарлар умматларига (бу сўзнинг баёни иншааллоҳ келади) Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина ибодат қилиш бўлган тавҳидул-улуҳияҳга даъват қилишган. Бу даъватни ижобат қилиб эргашганларга жаннат башоратини беришган. Ижобат қилмасдан ўз кофирлиги ва мушриклигида қолганларга дўзах азобини огоҳлантиришган.

Кофирлар, мушриклар пайғамбарлар билан Аллоҳнинг борлиги, ҳаёт бериб кейин вафот эттириши ё ризқ беришлиги тўғрисида хусумат қилишмаган. Бу нарсаларга кофирлар ҳам мушриклар ҳам иқрор бўлишган. Балки ёлғиз Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина ибодат қилинглар, деб даъват қилишганда хусумат қилишган. Пайғамбарларни қийнашган, ҳатто баъзиларини қатл қилишган. Ҳар бир қабила ўз миллатини фаҳрлаб солиҳ бир фарзандининг ҳайкалини ясаб унга ибодат қилиб келган. Бу ҳайкални зийнатлаган, улуғлаган ва олдида байрамлар ўтказиб келган.

Ҳайкал, бут ва санамлар ясаб уларни улуғлаш қачон пайдо бўлган, деган саволга жавоб берамиз. Муфассирлар (Қуръон маъносини кенгайтириб баён қилувчилар)нинг айтишларича, Одам алайҳиссалом ва Нуҳ алайҳиссалом ораларида ўнта авлодлар ўтди. Уларнинг барчалари исломда эдилар. Санамлар (тошдан ўйилган ҳайкал)га ибодат қилишининг авали, вафот этган солиҳ кишиларни улуғлаш билан бошланди. Ўша замонда бир неча солиҳ кишилар вафот этганда, улар билан замондош бўлган қавмлари уларнинг қабрлари устига масжидлар бино қилишди. Ўша солиҳ кишиларнинг ҳолатлари хотира бўлиб қолишлиги, қилган ибодатлари эслатма бўлишлиги ва қавмлари ўша кишиларга ўхшаб юришлари учун бино қилган масжидларининг ичларига уларнинг суратларини чизишди (шу ўринда эслатамизки, биз сураткашликдан, сурат солиб қўйишдан қайтарилганмиз. Кечирилмайдиган гуноҳ бўлган ширк мана шундан бошланган). Орадан бир замон ўтиб ҳайкалтарошлар бу суратларнинг ҳайкалларини ясашиб суратлар ўрнига ҳайкалларни ўрнатишди. Орадан яна бир замон ўтгач, мана шу санамларни улуғлаб, ибодат қила бошлашди. Бу санамларга ўша солиҳ кишиларнинг номлари қўйилди. Буларнинг номлари тўғрисида Аллоҳ таъоло Қуръонда бизга хабар беради. Ер юзидаги аввалги ширк мана шундай бошланди. Тавҳиднинг зиддида ширк туради. Муваҳҳиднинг зиддида мушрик туради.

Масжидларнинг ичларига ўрнаштирилган санамларга ибодат қилиш кучайиб кетди, Аллоҳ таъоло Ўз марҳамати билан бу одамларга тўғри йўлни кўрсатувчи аввалги расулини юборди. Бу киши Нуҳ алайҳиссалом эдилар. Нуҳ алайҳиссалом уларга ёлғиз Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина ибодат қилишни, Ундан бошқасига ибодат қилмасликка буюрдилар. У кишига қавмлари “Сен бу даъватинг билан очиқдан-очиқ адашгансан” дейишар эдилар. Ота боболаримизни бу ҳайкаллар олдида кўрардик, дейишар эди. Ширк мана шундай бошланди. Нуҳ алайҳиссалом уларни тўққиз юзу эллик йил тавҳидга даъват қилдилар улар эса тавҳидга унамас эдилар. Нуҳ алайҳиссаломга жуда кўп азиятлар беришар эди. Кейин Аллоҳ таъоло бир тўфон юбориб уларнинг барчасини сувга ғарқ қилди. Фақат Нуҳ алайҳиссалом ва бу кишига эргашган озгина мусулмонларни Аллоҳ таъоло бир кемада сақлаб қолди. Тавҳидга унамаган Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлини ҳам Аллоҳ таъоло ҳалок қилди. Аллоҳ таъоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи ва салламгача бўлган барча пайғамбарларнинг тавҳидга унамаган умматларини турли азоблар билан ҳалок қилиб келди. Эй Аллоҳ, бизни, зурриётларимизни ва барча мўминларни вафотимизга қадар муваҳҳидликда бўлиб қолишимизни насиб эт! Амин!

Ҳар бир пайғамбарнинг уммати икки қисмга бўлинади. Бирон-бир киши, унга эргашмаган пайғамбар бундан мустаснодир. Бир қабилага Аллоҳ таъоло пайғамбар юборса, шу қабила бу пайғамбарга уммат ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам барча инсонлар ва жинларга юборилгандирлар. Бу киши даъватини қабул қилиб эргашганларга умматул-ижобаҳ дейилиб, булар қандай тилда гаплашмасин ё қандай танали бўлмасин ҳаммаларига мусулмон дейилади. Пайғамбаримиз даъватини ижобат қилмаганларга умматул-даъваҳ дейилади. Ҳозирги замонамиздаги ҳар қандай одам ё ижобат қилиб мусулмон бўлган, ё ижобат қилмасдан кофирлигида қолган.

Ўтган замонларда мушрикларнинг мушриклиги аниқ бўлиб ажралиб турар эди. Мушрик бўлиб мен пайғамбарга эргашган муваҳҳидман демас эди. Қайси эътиқодда бўлса шуни даъво қилар эди. Бизнинг жаҳолат тўлиб кетган замонамизда иш бошқача тус олган. Мусулмонлигида содиқ бўлмаган киши ҳам мен мусулмонман дейиши одат бўлиб қолди. Аҳён-аҳёнда ўзини хотиржам қилмоқчи бўлиб исломий амаллардан биттасини қилиб қўяди. Аллоҳ таъоло Бақара сурасининг 85-оятида шу ишни қилган бану Исроил қавмини қоралаган:

“Китобни баъзисига иймон келтириб, баъзисига кофир бўласизларми?” деб, кейин уларга дунёда, расволик ва охиратда ашаддий азоб бўлишини зикр қилган.

Эй азиз биродар, Аллоҳ таъоло сизни Ўз раҳматига олсин, Аллоҳнинг ҳузурига борганимда дўзахдан нажот топиб, жаннатга кирадиган бахтли-саодатли киши бўлсам, деб умид қилган бўлсангиз, муваҳҳид бўлиш ташвишида бўлинг. Ҳар бир айтаётган сўзим, қилаётган амалим тавҳидга зид бўлмаяптимикан, деб фикр юритинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Ким муваҳҳид бўлган ҳолда вафот этса жаннатга киради, ва ким мушрик ҳолда вафот этса дўзахга киради” деган маънода ҳадис айтганлар. Демак тавҳидул-улуҳияҳга муваҳҳид бўлмаган киши нажот топмайди.

ШИРК ҲАҚИДА

Тавҳиднинг зиддида ширк туради. Кечирилмайдиган энг ёмон гуноҳ ширкдир. Одам боласи охиратга борганда асосан ширк келтирганлиги туфайли бадбахт бўлиб, азобга гирифтор бўлади. Ширк келтирган одамга мушрик дейилади. Ширк – Аллоҳга бир нарсани шерик қилиш қилиш дегани. Яъни Аллоҳга ибодат қилиб ундан бошқасига ҳам ибодат қилиш. Масалан: тошга, дарахтга, қуёшга, ойга, пайғамбарга, авлиёга, юлдузга, фариштага ё бундан бошқа нарсаларга. Аллоҳ таъоло Нисо сурасининг 116-оятида:

“Шубҳасиз Аллоҳ, Унга ширк келтирмоғликни кечирмайди ва бундан бошқасини хоҳлаган кишисидан кечиради” деди. Яна Моида сурасининг 72-оятида:

“Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади, ва жойи дўзах бўлади” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни қўйиб бошқасига ибодат қилиш ёки Аллоҳ билан бирга бошқасига ҳам ибодат қилиш бошқасини ҳам улуғлаш ҳалокатга олиб боради”, деган маъноларда ҳадис айтдилар. Ширк – ибодатни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйишдир. Кимки Ҳолиқ билан маҳлуқни тенглаштирса одамларнинг энг аҳмоқроғи эканлигида шак-шубҳа йўқдир ва бу одам ақли кетиб қолиб ҳайвон билан тенглашиб қолади. Бу одам ҳеч қачон жаннатга кирмайди ва бирон-бир киши унга ёрдам ҳам бера олмайди, агар отаси, онаси, эри, хотини ё фарзанди бўлса ҳам. Мушрик ҳолларида вафот этган оталарини пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Ота дўзахда” дедилар. Кунлардан бир кун пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам отам, онам қаерда? Деб эслаганларида, Аллоҳ таъоло Бақара сурасининг 119-оятида:

“Сиз дўзах аҳли тўғрисида сўралмайсиз” деди. Қуръон етти хил қироъатда ўқилади, бошқа қироъатда: “Сиз дўзах аҳли тўғрисида савол қилманг” деб Аллоҳ айтди. Шундан кейин пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам ота-оналарини бошқа эсламаган эканлар, деб муфассирлар юқоридаги оятга шу тафсирни беришган. Аллоҳ таъоло пайғамбаримизга Зумар сурасининг 65-оятида:

(Эй Муҳаммад), қасамки: агар ширк келтирсангиз, албатта қилган амалингиз беҳуда кетар ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қоласиз” деди. Демак ширкни Аллоҳ таъоло банда тавба қилиб ҳақ йўлга қайтмаса, ҳеч кимдан кечмайди. Эй Аллоҳ бизни Ўзинг ширкдан сақлагин, Сен энг меҳрибон бўлган зотсан!

Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳдангина қўрқиб азиз инсонга айланади. Ҳақиқий мўмин бўлмаган одам Аллоҳдан бошқа бир шахс ё жиндан қўрқиб, хор бўлади. Кимки Аллоҳдан қўрққанчалик бошқасидан ҳам шунча қўрқса катта ширк келтирган бўлади. Аллоҳ таъоло мўминларни Ўзига дўст тутган, дуосини ижобат қиламан деган, сизларни албатта жаннатга киритаман дегандан кейин, мўмин фақат Аллоҳдангина қўрқиб, унинг Ўзигагина ибодат қилади. Эй Аллоҳ сенинг Ўзингдангина қўрқиб, бошқалар орасида азиз бўлиб юришимизни насиб этишингни сўраймиз!

ИБОДАТ ТУРЛАРИ

Аллоҳ таъолонинг маҳлуқи бўлган туя, мол, қўй, эчки, товуқ ё бундан бошқа ҳайвонлар фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг номи билан сўйилади. Халқ, ватан, ҳуррият, ота, она, бола ё бундан бошқа номлар билан ҳайвонни сўяман деган одам ҳам ҳайвонсифат бўлиб қолади ва амали ширк бўлади.

Муҳим ишларда фақат Аллоҳ таъолонинг номи билан қасам ичиш мумкиндир. Халқ, ватан, ҳуррият, ота, она, бола, нон, дастурхон, сув, ер, осмон, қуёш, ой ё бундан бошқа нарсалар билан қасам ичиш ҳаромдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам бундан қайтарганлар.

Бир ишни одамлар кўрсин, эшитсин, билсин, деб қилган одамнинг бу иши, ибодати қабул қилинмайди, савобидан маҳрум бўлиб гуноҳкор бўлиб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Сизлар учун мен қўрқадиган нарсанинг энг қўрқинчлироғи кичкина ширк” дедилар. У нима дейилганда, “Риё дедилар. Бизнинг халқ орасидаги хўжакўрсин деган ибора билан айтиладиган ишлар ҳам риёдир.

Балоғат ёшига етган киши ўзига ўзи бир нарсага эришсам ё шуни қила олсам ўн ракаат намоз ўқир эдим, ё уч кун рўза тутган бўлар эдим, каби ибодатларни вожиб қилишга назр дейилади. Назр фақат Аллоҳ таъоло учун бўлади. Бошқасига қилса ҳаром бўлади, ширк бўлади. Масалан: бир одам: “ошқозоним тузалиб кетса уч кун рўза тутаман” деса, ошқозони тузалганда уч кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади. Гуноҳ бўладиган нарсага назр қилиш мумкин эмасдир. Мабодо жоҳиллик вақтида фарзанда кўрмасдан брган бир киши: “Агар бир ўғил кўрсам, дўстларимни маст қилувчи ичимлик билан суғораман” деган бўлса, фарзанд кўрган вақтда ақл юритадиган, муваҳҳид бўлган бўлса, албатта бу аҳдига вафо қилмайди. Баъзи уламоларимиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам назрдан қайтарганлар деб, назр қилишни макруҳ дейишади. Лекин намоз, рўза ва бошқа шу каби тоатлар бу қайтариқ остига кирмайди. Бизнинг ҳозирги замонамизда: “Агар тижоратимда катта фойда кўрсам фалон мақбарани олдига бориб бир қон чиқараман, ё ўша мақбарага бир нарса атаб бериб келаман” деган жоҳил гаплар шариатга тўғри келмайди. Бу каби амаллар ширкдан ҳоли бўлмайди, ёки ширк яна ҳам ривожланиб кетиши учун хизмат қилиб беради. Ўтган замондаги бутпарастлар шу сўзларни араб ё бошқа тилда айтишар эди, бу ерда ҳозир мақбаралар бўлса, уларда бутлар бўлар эди. Эй Аллоҳ жоҳилликдан Ўзинг бизни сақлагин, ошқозонга, нафсга қул бўлмасдан Сени Ўзингагина қул бўлишимизни насиб этгин! Амин!

Қабрлардан ёрдам сўраш, ё уларни Аллоҳ билан ўзини орасида восита қилиш, ё бир авлиёни ўзи ва Аллоҳ ўртасига қўйиб дуо қилиш ҳам ширк амалларидандир. Бу ерда авлиё дейилган, вафот этиб кетган авлиё ҳақидадир.

ТАВҲИДУЛ – АСМОИ ВАС – СИФОТ

Албатта Аллоҳ таъолонинг исмлари ва сифатлари бор деб иймон келтирамиз. Мана шу нажот топгунча ва энг тўғри эътиқодда бўлган аҳли суннат вал-жамоатнинг эътиқодидир. Аллоҳ таъолонинг исмлари ва сифатларини йўққа чиқарган тоифалар адашиб кетишади. Аллоҳ таъоло Ўзини Қуръони Каримда қандай исмлар билан исмлаган бўлса ва қандай сифатлар билан сифатлаган бўлса биз ҳам Аллоҳ таъолони мана шу исмлар билан исмлаймиз ва мана шу сифатлар билан сифатлаймиз. Бундан ташқари, пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам ўзларининг ишонарли ҳадисларида Аллоҳ таъолони қандай исмлар билан исмлаган бўлсалар ва қандай сифат билан сифатлаган бўлсалар, биз ҳам мана шу исмлар билан исмлаб ва мана шу сифатлар билан сифатлаймиз. Ўзимизча Аллоҳ таъолога бирон-бир исм, ё сифат қўйиб қўйишимиз мумкин эмас. Аллоҳ таъолода мана шу исмлар ва сифатлар борлигини исбот қиламиз. Бу исмлар ва сифатлар фақат Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина хосдир. Маҳлуқлардан бирон-бир маҳлуқ бу исмлар ва сифатлар билан сифатлана олмайди, деб эътиқод қиламиз. Демак Аллоҳ таъолонинг исмлари ва сифатлари фақат Унинг Ўзигагина хос деб шу исмлар ва сифатларда Аллоҳ таъолони ёлғизлашга киши тавҳидул-асмои вас-сифотдаги муваҳҳид бўлган киши бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳда тўқсон тўққизта исм бор, ким буларни ёдласа жаннатга киради” дедилар. Аллоҳ таъолонинг бу тўқсон тўққизта исмларидан бошқа яна исмлари бордир. Бу ҳадисдаги тўқсон тўққизта дейилган бошқа исмлари орасидаги хосланган, фазилатли исмларидан, буларнин ёдлаш ва амал қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади, деб жумҳур уламолари айтишади (бир нарсага келишиб олган кўпчилик уламоларга жумҳур уламолари дейилади). Аллоҳ таъолонинг шундай исмлари ҳам борки, халқларидан бирон-бир киши буларни билмайди. Аллоҳ таъоло маҳлуқлардаги бўлган сифатлар билан сифатланмайди. Махлуқлар ҳам Аллоҳ таъолонинг сифатлари билан сифатлана олмайдилар. Аллоҳ таъоло бирон-бир нарсага ўхшамайди. Аллоҳ таъоло Шўро сурасиниг 11-оятида:

“Бирон нарса У зот (Аллоҳ таъоло)га ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб тургувчидир” деди. Баъзи уламолар: “Кимки Аллоҳ таъолони халқидан бўлган бирон-бир нарсага ўхшатса, ҳақиқатда кофир бўлади, бу сифатлар хоҳ Қуръондаги сифатлар бўлсин, хоҳ ишонарли ҳадислардаги сифатлар бўлсин” дейишган. Эй Аллоҳ бизни куфрдан сақлашингни сўраймиз! Амин!

ЎҚУВЧИ (МУТААЛЛИМ)НИНГ ОДОБИ

Эй азиз биродар, Аллоҳ таъоло сизни Ўз марҳаматига олсин, тавҳид тўғрисидаги дарсларимизнинг ниҳоясида сизга яна бир яхшилик қиламиз иншааллоҳ! Биз мутааллим (ўқувчи)нинг Исломий одоби ва аҳлоқи ҳақида тушунча берамиз. Бу рисола асосон мутааллимларга кўзланганлиги учун муаллим (ўқитувчи)нинг одоби ва аҳлоқи тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Эй мутааллим биродар, муаллимингиздан ўрганган илмингизга амал қилинг. Кимда-ким билган илмига амал қилмас экан, илми унга мусибат бўдади ва қиёмат кунида унинг зарарига ҳужжат бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Қуръон сенинг фойдангга ё зарарингга ҳужжатдир” дедилар.

Эй мутааллим биродар, дарс олишингизда ихлос бўлиши шартдир, яъни холис Аллоҳ таъоло учун дарс олишингиз, Унинг шариатини ҳимоя қилиман деб ният қилмоғингиз ва шариат илминин тарқатаман, деб ният қилмоғингиз ва бу умматнинг жаҳолатини кеткзишда ҳиссамни қўшаман, деб ният қилмоғингиз керак бўлади. Кимки дунёвий бирон-бир нарса учун азиз бўлган шариат илмини ўрганаман ва шу дунёга эришиман деса, ҳолига вой бўлади. Бу одам разил одам бўлади, агарчи қори, домла ё катта имом деган шуҳратни оддий халқ орасида қозонган бўлса ҳам. Астағфируллоҳ ва атувбу илайҳи (Аллоҳдан мағфират сўраб Унга тавба қиламан). Бу одам пайғамбиримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам ҳадисларига биноан жаннат ҳидини ҳам топа олмайди.

Эй мутааллим биродар, энг фазилат, гўзал ва олий ҳулқлар билан ҳулқланмоғингиз, чиройли кўринишда бўлмоғингиз ва юмшоқ муомалада бўлмоғингиз лозимдир.

Эй мутааллим биродар, ёмон хулқлардан, фаҳш ишлардан, сўкишдан, азият етказишдан, қўполликдан, енгилтак бўлиб сўзлашишдан ва ёмон ҳайъат (кўриниш, ҳолат) билан ҳайъатланишдан сақланмоғингиз лозим, чунки бу нарсаларни шариат мазамматлайди.

Эй мутааллим биродар, илм олишингизда жиддий ҳаракат қилмоғингиз лозимдир. Жасадниниг роҳати билан илмга эриша олмайсиз. Илмга олиб борадиган барча йўллардан юрмоғингиз лозимдир. Шунда Аллоҳ таъоло сизга жаннат йўлини енгиллаштириб қўяди.

Эй мутааллим биродар, илмнинг энг муҳим бўлганидан бошланг. Диний ва дунёвий ишларда муҳтожроқ бўлганингиз муҳимроғи бўлади. Ҳикмат мана шундадир.

Эй мутааллим биродар, илм талаб қилишда қандай шахсдан уни таълим олаётган бўлсангиз камтарин бўлинг, агар муаллимингиз сиздан ёш бўлса ҳам, насаби бошқачароқ бўлса ҳам, қора танли бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам. Илмга камтарлик билан эргашасиз. Илмдаги камтарлик азизликдир. Қанча одамлар сиз билган нарсаларни билишмайди, лекин улар бир масала тўғрсида сиз билмаган илмни билишади.

Эй мутааллим биродар, муаллимингизни унга лойиқ бўладиган иззат ва эҳтиромни қилмоғингиз лозимдир. Чунки сизга насиҳат қилувчи муаллимингиз отангиз баробарида бўлади. Отангиз сизни озиқ-овқат билан таъминласа, муаллимингиз қалбингизни илм ва иймон билан таъминлайди. Шунинг учун жуда чуқур кетмасдан ва нуқсонлик қилмасдан эҳтиром қилмоғингиз лозимдир. У кишидан савол сўраганингизда, дарс бўладиган йўлингизни тўғри бўлишига сабаб бўладиган саволни сўранг. Тортишадиган, кибрга сабаб бўладиган савол бўлмасин! Чунки бунда муаллимингизга жафо қилган бўласиз. Баъзан муаллимингиз бир иш сабабли ўзгачароқ ҳолатда бўлиб сиздан ҳам жафо кўриб қолса, буни кўтара олмайди, қийналади.

Эй мутааллим биродар, дарсларингизни яхши эслаб боринг, эсингиздан чиқиб қолиш эҳтимоли бўлса, ёзиб боринг. Агар униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса илмни зое кетказган бўласиз.

Эй мутааллим биродар, сиздаги бирон-бир камчиликни кўриб муаллимингиз буни ислоҳ қилиш ниятида нисиҳат қилса, ё одобли таълим берса қулоқ солинг, хато ишингизда ўзингизни оқлаб, бахс томонига ўтсангиз, кибр бўлиши мумкин. Хатоингизни тан олинг. Агар нисиҳат қилишда муаллимингиз билан тортишадиган бўлсангиз, у киши бошқа насиҳат қилмай қўяди. Бу ҳолда одобсизлигингизча қолиб кетасиз. Ҳозирги замонимизда озчиликдан бошқа кўпчилик бу мусибатга мубтало бўлган. Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи!

Эй мутааллим биродар, қалбингизни гуноҳкорликлардан тозалашингиз лозимдир. Чунки мана шундагина қалбингиз Қуръонни қабул қиладиган, уни сақлаб қоладиган ва самараси кўринадиган бўлади. Агар қалб салоҳиятли бўлмаса, бутун баданда фасод тўлади. Бир киши: “Илм учун қалб покланади, экин экиш учун ер поклангани каби” деган чиройли сўзни айтган эканлар.

Эй мутааллим биродар, муаллимингиз билан ишларингизни маслаҳатлашиб боринг, у кишини сўзини қабул қилинг. Худди ақлли касал киши, холис насиҳат берувчи, доно табибнинг сўзини қабул қилгани каби, бу энг яхши ишдир.

Эй мутааллим биродар, дуч келган муаллимдан дарс олишдан эҳтиёт бўлинг, айниқса ҳозирги замонимизда тарқалиб кетаётган адашган тоифалар эътиқодларини, йўналишларини ўргатаётган муаллимлардан эҳтиёт бўлинг. Салаф уламоларимиз (аввалги уламолар): “Бу илм диндир, кимдан уни олаётганингизга назар солинг” деган эканлар.

Эй мутааллим биродар, муаллимингизга, аввалги замон муаллимлари муаллимларига дуо қилганлари каби дуо қилинг. Улар “Эй Аллоҳ муаллимимнинг айбини мендан тўсгин ва унинг илмидаги баракани мендан кетказмагин” деб дуо қилишар эди.

1 та мулоҳаза

  1. bint Jamilya → 06.06.2014 йил

    Ассаламу алейкум уа рохматуЛлохи уа барокатух!
    БаракаЛлоху фиикум, ушбу рисоланинг муаллифи ким?
    Абдураҳим ўғли Тоҳиржон (1994 уломами еки толибу ль-ильм? Улома булса – ким улома деб гувохлик берган?
    Толибу ль-ильм булса – кимдан илм олган?
    ДжазакаЛлоху хайрон!

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.