Admin 10-04-2009, 07:17 AM
Аллоҳ таоло бизни яратиб, ризқ бергани ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймаганига иймон келтириш

Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди, ризқ берди ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди», деган сўзларининг маъноси: У Зот бизни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло бизни яратишидан олдин йўқ эдик. Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир» (Инсон: 1).
Аллоҳ таоло айтадики: «(Аллоҳ) айтди: «Шундай. Роббинг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку) (Марям: 9). Инсон яратилишидан олдин йўқ бўлганди. Уни вужудга келтириб, яратган Зот – Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?!» (Тур: 35).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «(Бизга) ризқ берди», деган сўзларига тўхталсак. Биз ризқ, таом, ичимлик, кийим-кечак, уй-жой, маркаб ва ўзимизга фойдали нарсаларга муҳтож бўлганимиз они, Субҳанаҳу ва таоло ҳаёт кечиришимиз ва яратилишимиздан кўзланган (буюк ғоя) – Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга куч йиғишимиз учун осмонлар ва ердаги бизга фойдали бўлган барча нарсани бўйинсундириб берди.
«(Бизни) шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади», деган қовлларига қайтадиган бўлсак, шунчаки-беҳуда, яъни, аҳамият берилмай, қаровсиз, ўз-ўзига ташлаб қўйилган, деган маънодадир. Аллоҳ таоло бизни (етук) бир ҳикмат сабабли яратиб, ризқ ато этди. Бизни беҳудага яратгани йўқ. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас!)» (Мўминун: 115).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди» (Қиёмат: 36-38).
Ва яна шундай деди: «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах – ҳалокат бўлгай!» (Сод: 27).
Аллоҳ таоло бизни яратди ва буюк ҳамда олий бир ҳикмат сабабли бизларга турли ризқ ва имкониятларни ато этди. (Ушбу ҳикмат) – У субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишимиздир. Бизларни бандаларнинг фойдалари учун яратилиб сўнг ўлиб, (йўқ бўлиб) кетадиган ҳайвонлар каби яратмади. Чунки ҳайвонларда буйруқ ва қайтариқларга риоя қилиш йўқ. Демак Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 56-58). Бизни ушбу дунёда фақат яшаб, елиб-югуриб, кўнгилхушлик қилиб, еб-ичиб, фойдаланишимиз сўнг эса бирор натижа-оқибатсиз яратган эмас. Балки ушбу ҳаёт охират диёри учун солиҳ амаллар қилиб қоладиган экинзор ва бозорки сўнг вафот этиб, бу дунёни тарк этамиз. Сўнг эса қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилиниб, амалларимизга яраша жазо (ёки мукофотимизни) оламиз.
Ана шу жин ва инсни яратилишидан бўлган мақсад эди. Бунинг ҳужжатлари кўп бўлиб, ушбу ҳужжатлар қайта тирилиш, жазо ва ҳисоб-китоб ҳақ эканига далолат қилади. Ақл ҳам шуларни ҳақ эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ушбу ажойиб борлиқни яратиб, уни одам болаларига бўйинсундириб бериши ва уларни шунчаки вафот этиб, бирор натижасиз (йўқ бўлиб) кетишларига ташлаб қўйиши субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига нолойиқдир. Балки бу бекор-беҳудаликдир. Ушбу амалларни охират диёрида натижаси кўрилмоғи шартдир.
Шунинг учун ҳам гоҳида инсонлар орасида умрини Аллоҳ таолога тоат-ибодатда ўтказиб, фақир, муҳтож, гоҳида эса мазлум, эзилиб-сиқилган, тазйиққа учраган ва ушбу дунёда қилган ишига яраша улушини олмаган ҳолда умргузаронлик қилиб ўтганлар бўлади. Ва аксинча одамлар ичида кофир, мулҳид, ярамас, ўйнаб-чопиб, бу дунёда дилҳушлик қилиб, неъматларга бурканиб, хоҳлаган нарсаси берилиб, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл уриб, ўзгаларга зулм ва тажовуз қилиб, уларнинг молларини тортиб олиб, ноҳақ ўлдириб, мажбуран устунлик-ҳукмронлик қиладиган сўнгра ана шу ҳолатида вафот этиб, бирор жазога тортилмайдиган кимсалар бўлади. Энди ушбу итоаткор бандани мукофотсиз ва мана бу кофирни жазосиз ташлаб қўйиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига лойиқми?! Албатта бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига нолойиқ бир ишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи қилган яхшилигига мукофот, ёмонлик қилувчи қилган ёмонлигига жазо олсин учун бошқа бир диёрни яратдики, ўша диёрда амаллар ўз самарасини кўрсатади.
Дунё амал қилиб қолиш диёридир. Охират эса жазо ва мукофот диёри, ё жаннат ё дўзахдир. Аллоҳ таоло бизни мулҳид-даҳрийлар ўйлаганидек бекор-беҳудага ташлаб қўйган эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар (яъни, қиёматни инкор қилувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Ҳолбуки, улар учун бу тўғрида бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос» (Жосия: 24). Ушбу жумлалар қайта тирилишга иймон келтирмайдиган мулҳидларнинг қовлидир.
Дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жалла уларнинг бу сўзларини инкор қилиб, шундай деди: «Ахир биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35-36).
Ва яна шундай деди: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
Аллоҳ азза ва жалла айтдики: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!)» (Сод: 28).
Балки бизларга элчи жўнатди
Ибодат, таҳсинга сазовор иш экан, деган гумонимиз ва фалончи-ю пистончиларга тақлид қилиш билан бўлмайдиган бир иш экани учун ҳам Аллоҳ таоло, Унга қандай ибодат қилишимизни бизга баён қилиб берадиган бир элчи жўнатди. Чунки ибодатлар тавқифий-ҳужжат асосида адо этиладиган амаллар бўлиб, Аллоҳ таолога фақат Ўзи жорий қилган нарса билангина сиғинилади.
Ибодатлар элчилар алайҳиммуссалоту вассалам олиб келган динга қайдлангандир. Элчиларни жўнатишдан бўлган ҳикмат, одамларга Роббилари азза ва жаллага қандай ибодат қилишларини баён қилиб бериш ва уларни Аллоҳ таолога ширк ва куфр келтиришдан қайтариш учундир. Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир» (Бухорий (7350) ҳадисдан олдин Муслим (18) ва (1718) Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилишди). Демак, ибодатлар тавқифий-ҳужжат, далилга қайдланган, бидъат ва хурофотлар мардуддир, кўр-кўрона тақлид қилиш эса қайтарилгандир. Ибодатлар фақатгина Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан олинади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Балки бизларга элчи жўнатди», деган сўзларидан мурод – пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло у кишини бизга, нима учун яратилганимиз ва Аллоҳ азза ва жаллага қандай ибодат қилишимизни баён қилиб бериш ҳамда бизни ширк, куфр ва маъсиятлардан қайтаришлари учун жўнатди. Ана шулар Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳамият қаратган ишлар бўлиб, у киши рисолатни тамомий етказиб, омонатни адо қилиб, умматга холис-самимий бўлдилар ва (барча нарсани) баён қилиб, изоҳлаб бердилар. Бизни кечалари кундуз каби оппоқ ҳужжат-йўл устида қолдирдирлар. Энди бу йўлдан фақат ҳалокатга учрайдиган кимсагина оғиб кетиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
У кишига итоат қилган жаннатга, итоатсизлик қилган эса дўзахга киради.
«У кишига итоат қилган...», яъни, у кишига буюрган ишларида итоат қилган киши жаннатга киради.
«Итоатсизлик қилган эса...», яъни, у кишига қайтарган ишларида итоатсизлик қилган кимса дўзахга киради.
Ушбу жумлани Қуръондаги кўплаб оятлар тасдиқ этади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80). Ва яна шундай деди: «Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз» (Нисо: 64). Субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54). Яна шундай деди: «Пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангиз» (Нур: 56). Кимки у кишига итоат қилса, ҳидоят топиб, жаннатга дохил бўлади. Ким энди у кишига итоатсизлик қилса, залолатга оғиб, жаҳаннамга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бош тортганингиздан ташқари барчангиз жаннатга кирасизлар». «(Жаннатга киришдан) ким ҳам бош тортарди эй Расулуллоҳ», дейишди. (Шунда): «Ким менга итоат қилса жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, дарҳақиқат, (жаннатга киришдан) бош тортибди» (Бухорий (7280) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бирор яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитиб, сўнг мен олиб келган нарса-динга иймон келтирмаса, дўзахга киради» (Муслим (153) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди). Демак, кимда-ким у кишига бўйинсунса жаннатга, осийлик қилса жаҳаннамга киради. Ана шу мўмин билан кофирнинг орасидаги фарқдир.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)» (Музаммил: 15-16).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Далил», деган сўзларидан мурод, элчиларни жўнатишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир, деган маънода: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)». Аллоҳ таолонинг: «Биз» деган қовлидаги кўплик олмошидан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ушбу олмош ўзини катта-улуғ санаганда истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло Азийм-Улуғ Зотдир.
«Юбордик», яъни, худди юқоридагидек улуғлик олмоши. «Юбордик», яъни, жўнатдик, ваҳий қилдик.
«Сизларга», яъни, эй жин ва инс тоифаси. Хитоб бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки ушбу Расул қиёматгача бўлган жамийки инсониятга юборилгандир.
«Бир пайғамбарни», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни.
«Сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи», яъни, қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида сизларга рисолатни етказиб, ҳужжатни қоим қилгани(га гувоҳлик беради). Аллоҳ таоло шундай деди: «Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165). Қиёмат куни бирор киши: мен ибодат қилиш учун яратилганимни, менга нима вожибу нима ҳаром эканини билмагандим, деб айтолмайди. Чунки элчилар алайҳимуссалоту ва саллам (рисолатни) етказиб кетишган. Ушбу Муҳаммадий уммат ҳам уларнинг устида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Шунингдек, (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).
Ушбу уммат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ўқиб-билганига биноан қиёмат куни ўтган умматлар устида, уларга жўнатилган элчилар Аллоҳнинг рисолатини етказишганига гувоҳлик беради. Чунки Аллоҳ таоло бизга олдинги умматлар ва уларга пайғамбарлари нималар дегани ҳақида қисса қилиб берди. Ушбу хабарларнинг барини на олдидан ва на ортидан ботил-путур етмайдиган, Ҳикматли ва Ҳамид-Мақталган Зот томонидан нозил қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан ўқиб билдик.
«Ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун», яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари устида, Аллоҳнинг ҳузурида, уларга ҳужжатни қоим қилиб, рисолатни етказиб, Аллоҳ йўлида насиҳат қилган эканларига гувоҳлик берадилар. Қиёмат куни бирор кишига: менга ҳеч нарса етиб келмади, огоҳлантирувчи келмади, деб айтишига ҳужжат йўқ. Ҳатто кофирлар ҳам жаҳаннамга улоқтирилишганда шуни эътироф этадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз»» (Мулк: 8-9). Демак, пайғамбарларга қарата: сизлар залолатда, деб, уларни ёлғончига чиқаришган.
Пайғамбарларни жўнатишликдан бўлган ҳикмат, бандаларга ҳужжатни қоим қилиб, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоятга бошлашидир. Демак, Аллоҳ таоло элчилар сабаб Ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайди ва қайсарлик, инкор, ҳамда кибр қилганларга қарши ҳужжатни қоим қилади.
«Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби»: Фиръавн Мисрдаги золим подшоҳ бўлиб, ўзини Роб дея даъво қилганди. Фиръавн, Мисрдаги подшоҳларнинг лақаби бўлиб, бу ўринда назарда тутилган Фиръавн: ««Мен сизларнинг энг юксак Роббингизман», деди» (Нозиат: 24), дея рубубиятни даъво қилган подшоҳдир.
«(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач», Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўрталарида юз берган воқеларни бошидан охиригача қисса қилиб берганидек Фиръавн у кишига (иймон келтирмай) кофир бўлди.
«Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)», яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилиб сўнгра жаҳаннамга киргазди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар» (Нуҳ: 25). Барзах ҳаёти улар учун жаҳаннамга айланди. Демак, бу охиратдан олдинги қабрдаги ҳолатдир. Қиёмат қоим бўлгунга қадар эрта-ю кеч оловга тутиладилар. Бу эса қабр азоби (ҳақ) эканига далилдир, Аллоҳ сақласин: «(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46).
Азоб (улар учун) уч босқичдан иборат (бўлди):
Биринчи: Аллоҳ таоло бир лаҳзада уларни денгизга ғарқ қилиб, охиригача (бу дунёдан) ўчириб-супуриб ташлади.
Иккинчи: Улар Қиёмат қойим бўлгунга қадар барзахда азобланадилар.
Учинчи: Улар қиёматда қайта тирилтирилишгач энг қаттиқ азобга киритиладилар, Аллоҳ сақласин.
Шунингдек, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, унинг оқибати Фиръавннинг оқибатидан-да аянчли бўлади. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг афзали эканлар, энди ким у кишига итоатсизлик қилса тортадиган азоби ҳам аянчли бўлади.
«Қаттиқ ушлаш билан ушладик», яъни, шафқат қилинмай. «Роббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).
Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга пайғамбар қилиб юбориши билан марҳамат қилганига далилдир. У кишини пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, бизга ибодат (қилиш) йўлини ёритиб беришки, ким у кишига итоат қилса жаннатга, осийлик қилган эса жаҳаннамга киради. Худди Фиръавн оиласи ўзларига юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга итоатсизлик қилишганда жаҳаннамга кирганларидек.
Пайғамбарларнинг душманлари доим ушбу йўл ва тариқатни босиб ўтишган.

Admin 10-03-2009, 10:34 PM
Ислом дини нима?

5-савол: Дининг нима?
Жавоб: Диним Ислом. Ислом бу бўйсуниш ва таслим бўлишликдир. Бунга далил Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Оли Имрон: 19).
Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ва: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Admin 10-02-2009, 11:40 PM
Admin 09-29-2009, 12:05 PM
Қолдирилган рўза эвазига тўланадиган «фидя»

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
«Фидя» арабча сўз бўлиб, ўзбек тилига «эваз тўлаш» деб таржима қилинади. Фидя тутилмаган рўза эвазига жарима тўлаш маъносини англатади. Фидя Қуръонда рўза аҳкомларини баён қилувчи «Бақара» сурасининг 184-оятида зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз (фидя) тўлашлари лозим».
Қария, заиф ва тузалишидан умиди узилган бемор инсонлар, зикр қилинган «Бақара» сурасининг 184-оятига кўра иш тутишлари лозим. Шунга биноан улар рўза тутмайдилар, бироқ рўза эвазига «фидя» тўлайдилар, яъни мискинни таомлантирадилар.
Энди таомлантириш масаласига тўхталсак:
Уламолар қуйидаги икки йўлнинг хоҳлагани билан таомлантириш мумкинлигига иттифоқ қилдилар.
Биринчи: Мискинларни тайёр таом билан таомлантириш. Бу ҳолатда мусулмон аввалдан таом тайёрлайди, сўнгра ўша таом орқали муҳтожларни таомлантиради. 30 та мискинни таклиф қилиб, бир кундаёқ барчасини таомлантириши мумкин. Ёки 30 кун давомида кунига 1 та мискинни таомлантирса ҳам бўлади. Икки ҳолатга ҳам ижозат берилган.
Иккинчи: Мискинга озиқ-овқат маҳсулотини бериш. Мискин ўша маҳсулот орқали ўзига таом тайёрлайди. Қандай маҳсулотни қанча миқдорда бериш лозим? Бу мусулмонлар фитр закоти сифатида улашадиган маҳсулотлардир: ун, гуруч ва шу кабилар.
Миқдор масаласига келсак, жумҳур уламоларнинг айтишича, масалан «фидя» гуруч орқали берилса, уни қуйидагича ҳисобланади: 1 кун эвазига тахминан 3 кг миқдорда гуруч берилади.
Ушбу рақамлар мана бу тарзда пайдо бўлган: Уламоларнинг фикрларича, «фидя»нинг миқдори «фитр закоти» миқдорига тенг бўлиши лозим, яъни тахминан 2,5 - 3 кг.
Шундай қилиб шариат рўза ўрнига «фидя» тўлашларига рухсат берилган мусулмонлар кўрсатилган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ҳарид қилишлари ва муҳтожларга тарқатишлари мумкин. Масалан, гуруч орқали берилса олдиндан 90 кг гуруч (3 кг х 30 кун) ҳарид қилинади, сўнгра ушбу маҳсулотни бир неча ёки бир мискинга берилади.
«Фидя» тўлаш вақти қатъий чегараланмаган. Афзали «фидя»ни Рамазонда беришлик. Ундай қилинмаса, бошқа ойларда берилса ҳам бўлади. Шуни таъкидлашимиз лозимки, «фидя»ни фақатгина фақир ва мискинларга бериш мумкин.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Меҳмон 09-27-2009, 03:04 PM
Битта таҳорат билан бир неча фарз намозини ўқиса бўлади

Савол: Битта таҳорат билан бир неча фарз намозини ўқиса бўладими?
Жавоб: Ҳа, ўқиса бўлади. Масалан, пешин намозига таҳорат қилган бўлса аср намозининг вақти кириб, пешинга қилган таҳорати билан аср намозини ўқиши мумкин. Бу ерда намозхон таҳорат олишида иккита фарз намозини ўқиш учун таҳорат қилишга ният қилдим деб айтмаган бўлса ҳам. Чунки таҳорат қилган киши пок бўлди ва ҳамма билган таҳоратни бузадиган нарса содир бўлмагунича, у, таҳоратлидир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Меҳмон 09-27-2009, 03:04 PM
Хотинларнинг бошларига масҳ тортишлари эркакларнинг бошларига масҳ тортишларига ўхшайдими?

Савол: Таҳорат қилаётган хотинга, худди эркаклардек, бошига: манглайдан бошлаб энсагача, энсадан эса манглайгача қайта масҳ тортиши суннатми?

Жавоб: Ҳа, шаръий ҳукмлардаги асос шуки, эркакларга жорий қилинган ҳукмлар хотин-қизлар учун ҳам айни ҳукмдадир. Акси эса ундай эмасдир, яъни, хотин-қизлар ҳақидаги ҳукмлар далил бўлсагина эркакларга жорий қилиниши мумкин.

Масҳ тортиш борасида хотинларга хос бир ҳукм бор эканини билмайман. Шунинг учун ҳам хотин киши бошининг олд қисмидан то орқа қисмигача масҳ тортади. Соч узунлигининг аҳамияти йўқдир. Чунки масҳ - намланиши учун шиддат билан сочни босиш ёки бошнинг тепасига чиқиши эмас, балки секин-аста силаш, демакдир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Меҳмон 09-27-2009, 03:04 PM
Пайпоқни ечиш билан масҳ таҳорати бузилади

Савол: Бир киши пайпоғига масҳ тортиб, оёғидан ҳид келганидан кейин пайпоғини ечиб, оёқларини ювмай намоз ўқиди. Унинг бу ҳолатдаги намозининг ҳукми нима?

Жавоб: Агар пайпоғини кийган биринчи таҳоратида (яъни, ҳали масҳ тортмаган) бўлса, унинг ечиши зарар қилмайди ва таҳорати ўз кучида қолади. Агар (биринчи) таҳорати бузилганидан кейин пайпоғини ечган бўлса, таҳорати бузилиб, таҳоратини янгидан олиши керак бўлади. Чунки, уламоларнинг кучли сўзларига кўра, масҳ таҳоратининг ҳукми пайпоқни ечиш билан бекор бўлди.

Аллоҳ тавфиқ соҳибидир.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
«Мажмуъу фатава ибн Баз», 10/113.

Совуқ ёки бошқа бирон бир сабабсиз пайпоққа масҳ тортиш

Савол: Ўқувчи Сомий Ҳ. қуйидаги мазмунда мактуб йўллабди: Кўпинча, намозхонларнинг пайпоқларига, ҳатто ёз кунларида ҳам, масҳ тортаётганларини кўраман. Унинг рухсатлик даражасини тушунтириб беришингизни илтимос қиламан: муқим одам учун қайси бири афзал: оёқларини ювиш билан таҳорат олишларими ёки пайпоқларига масҳ тортишлари биланми? Шуни ҳам таъкидламоқчиманки, масҳ тортаётганларнинг: «Бунга рухсат берилган!»- деб айтишдан бошқа узрлари йўқдир.

Жавоб:
Махси ва пайпоқларга масҳ тортишга далолат қилган соғлом-саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси, қиш ва ёзда масҳ тортишнинг жоизлигига далолат қилади.

Мен (пойафзал ёки пайпоққа) масҳ тортиш учун қиш вақтинигина белгилаб қўйилганига далолат қиладиган биронта шаръий ҳужжатни билмайман. Шундай бўлсада, одам пайпоқ ёки бошқа нарсага шаръан диққатга олинган шартлар юзага келсагина масҳ тортиши керак. Масалан: пайпоқнинг (оёқнинг) ювилиши керак бўлган фарз қисмини ўраб туриши, муқим одам учун бир кеча ва бир кундуз, мусофир учун эса уч кеча ва уч кундуз муддатни - уламоларнинг кучли сўзалирга биноан, таҳорат бузилган пайтдан (сўнгра олинган таҳорат асносида) масҳ тортишдан бошлаш билан - риоя қилган ҳолда таҳоратли (оёққа) кийилган бўлиши.

Аллоҳ тавфиқ соҳибидир.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
«Мажмуъу фатава ибн Баз», 10/114.

Таҳоратлик пайтида кийган пайпоқ устидан бошқа пайпоқ кийган одамнинг ҳукми

Савол: Риёзлик М. С. суҳбат чоғида шундай савол берди: Бомдод намозидан сўнгра таҳоратлик пайтимда пайпоқ кийдим. Пешин намозидан илгари эса масҳ тортдим. Намозни ўқиб бўлгач бошқа пайпоқни, таҳоратим бузилмай туриб, аввалги пайпоғим устидан кийдим. Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, тушунтириб берсангиз, масҳ муддатининг тугаши устдаги пайпоққа нисбатан бўладими ёки биринчи кийилганига кўрами?

Жавоб:
Агар таҳоратлик пайтингизда кийган бўлсангиз, устдаги пайпоққа масҳ тортсангиз зарари йўқдир. Масҳ муддати ҳам, таҳоратлик пайтда кийилгани учун, устдаги (иккинчи кийилган) пайпоққа кўра бўлади. Бунинг мисоли, боғланган жароҳат устидан таҳоратлик пайтида кийилган махси ёки пайпоққа масҳ тортишга ўхшайди.

Аллоҳ тавфиқ соҳибидир.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ
«Мажмуъу фатава ибн Баз», 10/118.
Admin 09-26-2009, 07:41 AM
Шаввол ойи рўзаси ҳақида

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти, 1164).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш, кўпгина ҳадисларда зикр қилинганидек суннат ҳисобланади. Ушбу масалада Имом Моликка эргашиш тўғри бўлмайди. Чунки улар Шаввол ойининг рўзасини суннат эмас деб ҳисоблаганлар. Эҳтимол бу кишига Шаввол ойи рўзаси ҳақидаги ҳадислар етиб бормагандир. Бу хулоса уларнинг сўзларида акс этилган: «Менга бирорта салафлардан Шаввол рўзаси ҳақида хабар етиб келмади. Уламолар бу рўзани бидъат бўлиши мумкинлиги ҳавфи сабабли инкор этишди» (Қаранг: «ал-Муватто» 228).
Шунингдек ушбу кунларда рўза тутишни Имом Абу Ҳанифа ҳам макруҳ санаганлар.
Бироқ бир масалада илмнинг мавжуд эмаслиги, бу амал мавжуд эмаслигига далолат қилмайди. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ. Бу ҳадисларга кўпгина имомлар таянишган.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутишдек, олти кун рўза тутиш эса (60 кун рўза тутишга баробар бўлиб), бир йилни ташкил этади» (Имом Насоий, Ибн Можа, Абу Шайх «ас-Саваб». Шайх Албоний саҳиҳ деган).
Рамазоннинг 30 кунлик рўзаси, 300 кун кабидир. Шаввол ойидаги 6 кун эса, 60 кун кабидир. Шунда жами 360 кунга (1 йилга) тенг.
Ушбу улуғ ажрга эришиш учун Шаввол ойида 6 кун кетма-кет рўза тутиш шарт эмас. Шайх Сиддиқ Ҳасанхон айтишларича, ушбу рўза Шаввол ойи мобайнида тутилса кифоя қилади (Қаранг: «ар-Равдатун-надия» 1/555).
Сўзимиз охирида Аллоҳдан бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin 09-24-2009, 09:48 PM
Аллоҳ таоло Олий Аршнинг устидадир

Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну
Таржимон: Ислом Йўли таҳририяти

Муқаддима

Барча мақтовлар фақат Аллоҳга хосдур. Биз унга ҳамдлар ва истиғфорлар айтамиз, ҳамда Ундан ёрдам ва нафсимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи зот йўқдур. Мен шериксиз, ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлиб вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, у жондан эса жуфтини яратган ва у иккисидан кўплаб эр ва аёлларни яратган Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошлик алоқаларини узишдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларнинг устингизда кузатувчи бўлган Зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва фақат рост сўзланглар, Аллоҳ сизларнинг ишларингизни ислоҳ қилади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ ва Унинг расулига итоат қилган кимса улкан зафарларга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Сўнг ...
Сўзларнинг энг рости Аллоҳнинг каломидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони динда янги қўшилган (эътиқодий, амалий, қавлий ва ҳоказо қўшимчалар барчаси) нарсадир. Ва ҳар бир Янги қўшилган нарса – бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир ва ҳар бир залолат жаҳаннамдадир.
Quote: Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва салам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.

Аллоҳ таоло қаерда?

Аллоҳ таоло бизларни яратди ва бизларга қалбларимиз, дуоларимиз ва намозларимиз билан Унга юзланишимиз учун У қаерда эканлигини билишликни вожиб қилди. Роббиси қаерда эканлигини билмаган ва Роббиси қайси тарафда эканлигини билмаган кимса ўзининг йўлида адашиб қолишлиги ва Унинг ҳақиқий ибодати қила олмаслиги ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг бошқа махлуқлардан Олийлик сифати бошқа эшитиш, кўриш, калом ва пастга тушишлик сифатларига ўхшаган Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатлари кабидур. Салафи солиҳинлар, нажот топган фирқа, аҳли суннат вал жамоа ақидаси Аллоҳ таоло Ўзининг Китобидаги ва Унинг расули ҳадисларда зикр қилган хабарларга таъвил, таътилсиз ва ташбиҳсиз иймон келтиришни тақозо қилади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидир:
Quote:Қуърон ва суннатда бўлмаган хабарлар билан шарҳ қилиб, натижада Аллоҳ ва расули қасд қилган маънодан бошқа маънони беришни таъвил дейилади.
Қуръон ва суннатда бўлган Аллоҳнинг сифатларини бутунлай инкор қилишлик.
Қуръон ва суннатда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларини бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик.
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро: 11).
Мана шу сифатлар, булардан Аллоҳнинг махлуқлардан Олийлиги, Ўзининг Зотини таърифловчи сифатлар экан, у сифатларга ҳам иймон келтириш худди Унинг Зотига иймон келтишликдек вожибдир. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
«Ар-Раҳмон бўлмиш Зот Аршнинг устига истиво қилди (Ўзининг Комил Зотига лойиқ ҳолда кўтарилди)» (Тоҳа: 5), оятининг маъноси борасида сўралганларида шундай жавоб берган эканлар: «Истево (кўтарилишлик) бу маълумдир (яъни кўтарилиш маъносини беради), кайфияти мажҳулдир. Унга иймон келтириш вожиб ва у борасида савол беришлик бидаътдир».
Quote:Имом Бағавий: «Шарҳуссунна».
Эй мусулмон биродарим! Имом Моликнинг бу жавобларига эътибор берайлик. Улар кўтарилиш маъносини бергувчи, лекин кайфиятини фақат Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган истевога бўлган иймонни ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган вожиб амаллардан деб ҳисоблаган эканлар.
Шунинг учун ҳам, Қуръони Каримда ва ҳадиси муборакда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини инкор қилган кимса, улар ҳақида хабар берувчи оят ва ҳадисларни инкор қилган бўлади. Бу сифатлар Унинг Комиллиги ва Олийлигига далолат қилгувчи сифатлардир, уларни (Аллоҳ бундай сифатларга эга эмас деб) инкор қилишлик мутлақо жоиз эмас.
Кўп (саҳоба, тобеин ва мужтаҳид имомлардан сўнг келган) мусулмонларнинг ақидаларини бузиб юборган баъзи бир фалсафий фикрлар натижасида баъзи мусулмонлар Аллоҳнинг сифатларини ифодаловчи оят ва ҳадисларни тафсир қила бошлашди ва натижада Комил Сифатларини инкор қилишгача боришди. Бу билан улар салафларнинг йўлидан адашишди, ваҳоланки уларнинг йўллари энг соф, энг илмли ва энг ҳикматли йўл эди. Қуйидаги сатрларни айтган кимсанинг гаплари қандай ҳам тўғри:
«Ҳар бир яхшилик салафларга эргашишликда ва ҳар бир ёмонлик халафларнинг ўйлаб топган бидъатларидадир».

Хулоса

Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган барча Аллоҳнинг сифатларига иймон келтиришлик вожибдир. Аллоҳнинг баъзи сифатларига зоҳирий маъносига иймон келтирган ҳолда тасдиқлаб, бошқаларни таъвил қилган ҳолда инкор қилиб Аллоҳ сифатларининг орасида тафриқа қилишлик жоиз эмас. Аллоҳнинг Эшитиш ва Кўриш сифатларига бошқа махлуқларга ташбиҳ қилмаган ҳолда иймон келтирган кимсаучун, Аллоҳнинг Осмонлар устида эканлигига иймон келтириш вожибдир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ Ўзининг Китобида Ўзини таърифлаган ва расули ўзининг ҳадисларида таърифлаган Аллоҳнинг комиллигига далолат қилгувчи сифатлардандир. Уларни инсоннинг фитрати ва салим ақли тасдиқ қилади.
Наъим ибн Ҳаммад, Имом Бухорийнинг устозлари, шундай деган эканлар:
«Аллоҳни махлуқларга ўхшатишлик куфрдир. Ҳудди шунга ўхшаш, Аллоҳ Ўзини сифатлаган Сифатларни инкор қилишлик ҳам куфрдир. Аллоҳ таоло Аллоҳ Арш устидадир. Ўзини ифодалаган ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларда ифодалаган Сифатларда Ташбиҳ йўқдир (яъни бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик йўқдир)».
Quote:Ақида ат-Таҳовийя шарҳига қаралсин.
Меҳмон 09-24-2009, 02:57 PM
Ҳайз кўрган хотин тиловат саждаси қиладими?

Савол: Ҳайз кўрган хотин тиловат саждаси қиладими?
Жавоб: Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтди: «Уламолар сажда оятларини эшитган ҳайз кўрган хотиннинг ҳукми ҳақида фарқли фикрлар айтдилар. Атоъ, Абу Қилоба, Зуҳрий, Саид ибн Жубайр, Ҳасан Басрий, Иброҳим ва Қатода разияллоҳу анҳулар: «У, сажда қилмайди», - дедилар. Имом Молик, Суфён Саврий, имом Шофиий ва имом Аъзам раҳимаҳумуллоҳлар ҳам шу фикрдалар. Биз Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудан: «(Сажда оятини эшитган ҳайз кўрган хотин) боши билан ишора қилади» деган ривоятни келтирган эдик. Саид ибн Мусайяб ҳам: «Боши билан ишора қилади ва «Лака сажад-ту» (Сенга сажда қилдим)- дейди», - деди.

Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ
Pages (290):    1 280 281 282 283 284 290   
Welcome, Guest
You have to register before you can post on our site.
Lost Password?
Remember me?
 
Members: 2,511
Latest member: Tracysoods
Forum threads: 2,896
Forum posts: 8,180
There are currently 43 online users. 0 Member(s) | 40 Guest(s)
Bing, Google, Yandex
Latest Threads
Абдуллоҳ Бухорий (Мирзағо...
Forum: Жарҳ ва таъдил
Last Post: encounc, 07-17-2024, 04:57 AM
Replies: 24 - Views: 67,852
Танишув сайтларидан умр й...
Forum: Оила
Last Post: encounc, 06-30-2024, 09:22 AM
Replies: 4 - Views: 37,238
Рўзадор аёл шом азонидан ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-29-2020, 09:23 AM
Replies: 0 - Views: 554
Ақида ва рўза (Аҳмад ибн ...
Forum: Рўза
Last Post: Муслим, 04-28-2020, 09:30 AM
Replies: 0 - Views: 779
Коронавирус
Forum: Муносабат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:44 PM
Replies: 8 - Views: 1,490
Шаъбон ойи ўртасини нишон...
Forum: Бидъат
Last Post: Муслим, 04-14-2020, 12:42 PM
Replies: 6 - Views: 15,565
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.