PDF WORD

Шаввол ойи рўзаси ҳақида

Шаввол ойи рўзаси ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти, 1164).

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш, кўпгина ҳадисларда зикр қилинганидек суннат ҳисобланади. Ушбу масалада Имом Моликка эргашиш тўғри бўлмайди. Чунки улар Шаввол ойининг рўзасини суннат эмас деб ҳисоблаганлар. Эҳтимол бу кишига Шаввол ойи рўзаси ҳақидаги ҳадислар етиб бормагандир. Бу хулоса уларнинг сўзларида акс этилган: «Менга бирорта салафлардан Шаввол рўзаси ҳақида хабар етиб келмади. Уламолар бу рўзани бидъат бўлиши мумкинлиги ҳавфи сабабли инкор этишди» (Қаранг: «ал-Муватто» 228).

Шунингдек ушбу кунларда рўза тутишни Имом Абу Ҳанифа ҳам макруҳ санаганлар.

Бироқ бир масалада илмнинг мавжуд эмаслиги, бу амал мавжуд эмаслигига далолат қилмайди. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ. Бу ҳадисларга кўпгина имомлар таянишган.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар миқдорида яхшилик тайинлади. Шундай қилиб бир ой рўза тутиш 10 ой рўза тутишдек, олти кун рўза тутиш эса (60 кун рўза тутишга баробар бўлиб), бир йилни ташкил этади» (Имом Насоий, Ибн Можа, Абу Шайх «ас-Саваб». Шайх Албоний саҳиҳ деган).

Рамазоннинг 30 кунлик рўзаси, 300 кун кабидир. Шаввол ойидаги 6 кун эса, 60 кун кабидир. Шунда жами 360 кунга (1 йилга) тенг.

Ушбу улуғ ажрга эришиш учун Шаввол ойида 6 кун кетма-кет рўза тутиш шарт эмас. Шайх Сиддиқ Ҳасанхон айтишларича, ушбу рўза Шаввол ойи мобайнида тутилса кифоя қилади (Қаранг: «ар-Равдатун-надия» 1/555).

Сўзимиз охирида Аллоҳдан бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Фикр билдиринг