«ал-Вало вал-Баро»нинг Исломдаги ўрни
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
Сўнг …
Исломдаги дўст ва душман (ал-вало вал-баро) мавзуси динда улкан ўрин эгаллайди. Қуръон ва суннатнинг кўпгина матнлари бизнинг эътиборимизни айни шу мавзуга қаратади. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам)
дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса)
бас, улар золимлардир» (Тавба: 23).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«(Модомики, барча иш – бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак)
Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир)
. Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир)
» (Оли Имрон: 28).
Quote:Имом Ибн Жарир ат-Тобарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида ёзадилар: «Бундан мурод: Агар сиз кофирларни ҳукмронлиги остида бўлмасангиз ва ўзларингизга нисбатан ҳавф сезмасангиз (бундай қилишингиз жоиз бўлмайди). Агар сиз шундай ҳолатда бўлсангиз, уларга нисбатан тилингизда дўстона муносабатда бўлиб, уларга бўлган адоватингизни яширинг. Аммо уларнинг куфрларига эргашманг ва амалларингиз билан мусулмонларга қарши уларга ёрдам берманг» (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 3/228).
Ушбу оятда, ўзига нисбатан ҳавф сабабидан кофирларга бўлган зоҳирий дўстона муносабат, душманлик (ал-баро) қоидасига зид эмаслигига далил бор. Исломда бу нарса «ат-тақия» деб номланади. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тақия – бу қалбдаги нарсани изҳор қилишдан қўрқишдир» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 12/314).
Ибн ал-Қоййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: «Агар инсонга кофирлар тарафидан бирор зарар етгудек бўлса ва у уларнинг хузурига борганида яхши сўзларни айтса, хайрли тилаклар тиласа, бунинг ҳеч қандай зарари йўқдир» (Қаранг: «Аҳкаму аҳли-зимма» 1/205). Бироқ шундай бўлсада мажбурланмаса уларга ёлғон сўзлаш ёки уларни улуғлаш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мунофиқни «саййид» деманглар. Агар у сизларнинг саййидингиз бўлса, сиз Қудратли ва Буюк Аллоҳни ғазаблантирасизлар» (Аҳмад 5/346, Абу Довуд 4977. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Нававий ва шайх Албоний тасдиқлашган).
Бундан ташқари бандаларига тоқатидан ортиқ нарсани юкламайдиган меҳрибон Аллоҳ қийноқ вақтида куфр сўзларини айтишга изн берган. Аллоҳ таоло айтади:
«Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир» (Наҳл: 106).
Ушбу оят Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга нисбатан нозил бўлган. Мушриклар Амморни ота-онаси Ёсир ва Сумайя билан ушлаб олганида уларни (ота-онасини) ўлдиришди. Амморни эса шу қадар қийноқ остига олдиларки, у қалбида иймонни тасдиқ қилган ҳолда куфр сўзларини айтиб юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аммор куфр келтиргани ҳақида хабар етказилганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирдилар ва дедилар: «Дарҳақиқат Аммор бошдан оёқ вужудини иймон қоплаган» (Насоий 8/111, Ҳоким 3/392. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 807).
Уламолар айтадилар: «Куфр сўзларини айтишга рухсат бўлиши учун қийноқ ўлимдан қўрқиш ёки қаттиқ дўппослаш каби, инсон чидашга қодир бўлмайдиган даражада бўлиши лозим. Шунингдек, уламолар куфр сўзларини талаффуз қилишга мажбурланган кимса очиқ куфр сўзларини айтиши жоиз эмаслигига иттифоқ қилдилар. Бироқ уни аниқ, турли маънони англатмайдиган куфр сўзларини сўзлашга мажбурласалар, бундай ҳолда рухсат берилади. Фақат у қалбида мустаҳкам иймонни сақлаган бўлиши ва айтган сўзларидек эътиқодда бўлмаслиги лозим. Аммо Ёсир ва Сумайя сабр қилганлари каби ўлдирилса ҳам сабр қилиш афзалроқдир» (Қаранг: «Тафсир ал-Ҳазин» 4/117).
Шиа ва бошқа адашган тоифаларнинг «тақия» деган тушунчалари Аллоҳ изн берган тақияга ҳеч қандай даҳли йўқдир. Улар зоҳирида ўзларининг асл эътиқодларига зид эътиқодни изҳор қиладилар. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тақия – алдаш ва қалбида бўлмаган нарсани тилида изҳор қилиш дегани эмас. Бу мунофиқликдир! Динини яшириш бошқа, қалбаки динни изҳор қилиш эса умуман бошқа нарсадир. Бунга Аллоҳ ҳеч қачон изн бермаган. Мажбурланишлик бундан мустасно» (Қаранг: «Минҳажус-сунна» 4/424-425).
Кофирларга нисбатан муҳаббат ва дўстона муносабатни намоён қилиш мунофиқлик аломатидандир. Бу ҳақида Буюк Аллоҳ таоло айтади:
«Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг! Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!)
Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир» (Нисо: 138-139).
Шунингдек кофирларни яхши кўриш ва уларга дўстона муносабатда бўлиш яҳудийларнинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:
«Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани — Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир. Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 80-82).
Шайх Ҳамд бин Аътиқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Кофир ва мушрикларга бўлган адоватга келсак, билгинки, Аллоҳ ушбу вазифани таъкидлаган ҳолда мажбурий қилди. Уларни яхши кўришни ва уларга ёрдам беришни қатъий суратда таъқиқлади! Бундан ташқари Аллоҳ таолонинг китобида тавҳидни барпо қилиш ва ширкдан йироқ бўлишдан кейин дўст ва душманлик (ал-вало вал-баро)ни изоҳловчи далилларчалик бошқа нарсага эътибор қаратилмаган» (Қаранг: «Сабил ан-Нажа» 31).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, у зот айтадилар:
«Иймон ҳалқаларининг энг мустаҳками — Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир» (Аҳмад, Байҳақий. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2009).
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» (Бухорий 6170, Муслим 2641).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Инсон қайси қавмни яхши кўрса, албатта ўша қавм билан бирга тирилади!» (Табароний ривояти. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 3037).
Бу жуда муҳим ва буюк ҳадислардир. Уларда дўст танлашда ва бирор кимсани яхши кўришда эҳтиёт бўлишликка кўрсатма бор. Ҳофиз ал-Мунзирий зикр қилинган ва бошқа кўпгина ҳадисларни ўзининг машҳур «ат-Тарғиб ват-тарҳиб» 3/14 китобида келтирган ва ўша бобни: «Ёмон кимсалар ва бидъат аҳлини яхши кўришдан қўрқитув. Чунки инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» деб номлаган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар:
«Мен Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Улар қилганчалик амалларим бўлмасада, умид қиламанки шу муҳаббатим сабабидан улар билан бирга бўламан» (Бухорий 1/162).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар:
«Агар сен яшаётган давр одамларидаги Исломнинг аҳволини билмоқчи бўлсанг, масжид эшиклари атрофидаги тўс-тўполонга қарама. Шунингдек уларнинг Ҳаж вақтида «лаббайка»ни айтилаётгандаги шовқинга эътибор берма. Бироқ уларнинг шариат душманларига нисбатан муносабатларига қарагин!» (Қаранг: «ал-Адабуш-шаръия» 1/268).
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтганлар:
«Кимсанинг мушрикларга нисбатан нафрат хисси бўлмагунича, унинг Исломи комил бўлмайди. Ҳатто у якка Аллоҳга ибодат қилса ва ширкдан йироқ бўлса ҳам» (Қаранг: «Мажмуъа ат-тавҳид» 19).
Бироқ кўпгина мусулмонлар «дўстлашув ва душманлашув» (ал-вало вал-баро) қоидасини нотўғри тушунадилар. Кофирларга нисбатан нафрат хисси рухсат этилган чегарадан чиқишликни англатмайди. Уларга нисбатан хоинона ва адолатсиз муносабатда бўлишни тақозо қилмайди. Шайх Абдурраҳмон ал-Баррак «Муваллатул-куффар»да айган:
«Кофирларга нисбатан нафрат ва душманлик Аллоҳга иймон келтириш ва тоғутга кофир бўлишга боғланган диннинг асоси ҳисобланади. Бироқ бу хиёнат ва адолатсизликни тақозо қилмайди ва бунга рухсат бермайди. Чунки адолатсизлик ва шартга вафо қилмаслик ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар)
Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 187).
Quote:Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Билгинки, инсон тоғутга кофир бўлмай туриб Аллоҳга иймон келтирган ҳисобланмайди! Бунга далил Қуръондаги ушбу оятдир:
«Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди!» (Бақара: 256) (Қаранг: «ад-Дурарус-сания» 1/95).
Тоғут – имом Молик айтганларидек, бу илоҳлаштирилган ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсадир. Бугунги кунда ушбу сўз шаръий илми оз бўлган кўпгина инсонлар орасида кенг тарқалган. Улар барчани, айниқса мусулмон давлатлар ҳукмдорларини кетма-кет ушбу ном билан номлайдилар. Ушбу сўзни ўзини илоҳлаштирилишига рози бўлган ёки ўзига ибодат қилишга чорлаётган ҳолатдагина инсонларга нисбатан қўллаш мумкин. Масалан, Фиравн шундай қилган эди. Бироқ ўзи рози бўлмаган ҳолда илоҳлаштирилган кимсани тоғут деб номлаш тўғри бўлмайди. Исо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям бунга мисол бўла олади. Насронийлар уларнинг хоҳишларига хилоф равишда уларга ибодат қиладилар. Шунингдек Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмайдиган ва бу ишни ҳалол санаган ёки шариатдан афзал қонун бор деб ҳисоблаган инсон тоғут ҳисобланади (Қаранг: Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб «Маъна ат-тоғут» 9-24, шайх Фавзоннинг шарҳи билан).
Шунга қарамай кўпчилик кофирларга зулм қилишни ҳалол деб ҳисоблайдилар ва буни Исломдаги «душманлик» (ал-баро) тушунчасига боғлайдилар.
Quote:Шайх Абдурраҳмон ал-Баррак айтадилар: «Кофирлар юртида истиқомат қилаётган баъзи жоҳил мусулмонлар та-рафидан содир этилаётган ўғрилик, ҳақларни поймол қилиш, дўппослаш ва ноҳақ ҳақорат қилиш каби жиноятлар Ислом шариатида ҳаром ҳисобланади! Ўша кимсалар содир этаётган ишлар Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқдир! Баъзи адашган тоифалар тарафидан турли муассасаларни портлатаётган террорчилик ҳаракатлари бунданда ёмонроқдир. Дарҳақиқат, бу ишларнинг Аллоҳ таоло адолатнинг ёйилиши ва Унинг Сўзи ер юзида олий бўлиши учун бандаларига ҳалол қилган жиҳодга ҳеч қандай алоқаси йўқдир! Ундан ташқари бу ҳаром қилинган фосиқликдир!” (Қаранг: «Иътида аъла ғойрил-муслимин» 3).
Бироқ Олий ва Буюк Аллоҳ айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).
Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Ушбу оят кофирнинг куфри унга нисбатан адолатли бўлишга тўсиқ бўла олмаслигини кўрсатмоқда» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 5/85).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Ҳатто агар бирор тоғ бошқасига нисбатан адолатсиз бўлганида, шу сабабли вайрон қилинган бўлар эди» (Бухорий «ал-Адабул-муфрад» 588. Шайх Албоний саҳиҳ деган).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъул-фатава»да айтадилар:
«Ҳар бир инсон учун барча ва ҳар кимга адолатли бўлиши вожибдир. Шунингдек ҳар бир инсон учун, у хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир ёки золим бўлсин, барчага нисбатан бўлган муносабатларда адолатсизликнинг барча кўринишлари ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).
Оятдаги «ёмон кўришингиз»дан мурод, кофирларга бўлган нафрат назарда тутилган». У яна шундай дейди:
«Адолат – Китобларда нозил бўлган ва пайғамбарлар олиб келган нарсадир. Бунинг акси таъқиқланган адолатсизликдир. Ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси таборака ва таоло ҳақида ривоят қилар экан шундай дедилар: «Ҳой, бандаларим! Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим» (Муслим 2577).
Мана шу мураккаб масалада кўпгина мусулмонлар бу мавзудаги илмлари йўқлиги оқибатида чегарадан чиқиб кетдилар. Баъзилар кофирларга бўлган муҳаббат масаласида ошириб юбордилар. Ҳатто яҳудий ва насронийларни кофир эмас деб ҳисоблай бошладилар.
Quote:Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Биз Исломдан бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилувчиларни кофир деймиз. Шунингдек, ўзини мусулмон деб ҳисобласада, ундайларни кофир эканлигида шубҳа қилган ёки уларнинг динини ҳақ деганни кофир деймиз» (Қаранг: «аш-Шифа» 2/171).
Имом Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Куфр ва ширк бир хил нарсадир. Ҳар бир кофир мушрикдир ва ҳар бир мушрик кофирдир. Бу шунингдек Имом Шофиъийнинг ҳам фикридир» (Қаранг: «ал-Фисал» 3/124).
Ислом уммати ижмоъларига биноан насроний ва яҳудийларнинг кофир эканлигида шубҳа қилиш айни куфрдир. Чунки уларнинг кофир эканлиги ҳақида Аллоҳнинг ўзи кўп марта зикр қилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
«Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар» (Моида: 73).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!» (Тавба: 30).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«На ахли китоблар (яҳудий ва насронийлар) дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизга Парвардигорингиз тарафидан бир яхшилик (яъни ваҳий) тушишини истамайдилар» (Бақара: 105).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Имом Ҳаллол раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, имом Аҳмадга: «Яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан ҳисобланадиларми?» деган савол берилди. Имом Аҳмад бундан қаттиқ ғазабландилар ва: «Наҳотки мусулмон бу каби гапларни гапирса?!» дедилар. «Шундай деганларни рад қилишимиз ва койишимиз лозимми?» деб сўралганларида эса: «Албатта рад қилиш ва койиш лозим!» дедилар (Қаранг: «Аҳкаму аҳлил-милал» 5-6).
Баъзилар эса душманлик қилишда ошириб юборадилар. Улар кофирлар билан бўлган ҳар қандай муносабатни «душманлик» (ал-баро) ёки «тавҳид» қоидаларини бузади деб ҳисоблай бошладилар. Буларнинг барчаси динда ўрни бўлмаган ғулувдир. Шариат бу ишларни қатъий таъқиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3/29, Ибн ал-Жоруд 473. Ҳадиснинг саҳиҳ эканлигини Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Заҳабий, Нававий, Ибн Таймия, Аҳмад Шокир, Албоний тасдиқлашган).
Ушбу Исломдаги муҳим масалани тўғри тушуниш учун уламоларга мурожаат қилишимиз лозим. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар Аллоҳ таолонинг динини тўғри тушунишимизга ёрдам берадилар.
Биз Исломда «ал-вало» (муҳаббат, дўстлик) ва «ал-баро» (душманлик, нафрат) сўзлари нимани англатишини тушуниб олишимиз зарур.
«Ал-Валая» - ёрдам, муҳаббат, иззат, ҳурмат, яхши кўргани билан бирга бўлишни хоҳловчи ички туйғу ва зоҳирда ушбу туйғуни билдиришдир (Қаранг: «Тайсирул-Аъзизил-Ҳамид» 422).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 257).
Шайхулислом Ибн Таймия айтадилар:
«Ал-Вало – душманликнинг аксидир. «Ал-Вало» сўзининг асоси – муҳаббат ва яқинликдир. «Ал-Баро» сўзининг асоси эса узоқлашиш ва нафратдир. Ал-Валий – яқин инсондир» (Қаранг: «ал-Фурқон» 7).
«Ал-Баро» - узоқлашиш, юз ўгириш ва адоватдир (Қаранг: «Таҳзиб ал-луға» 15/269, «ал-Вало вал-Баро» 71).
Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Дарҳақиқат, Аллоҳ барча мўминларни биродарлик, ҳамжиҳатлик ва муҳаббат билан боғлади. Ҳар қандай кофирни яхши кўришни ҳаром қилди. У хоҳ яҳудий, насроний, мажусий, мушрик, атеист ва ҳар қандай Қуръон ва суннат кофир деб номлаган барча кофирлар бунда фарқсиздир. Бу барча мусулмонлар иттифоқ қилган асосдир. Ҳар қандай тавҳид аҳлидан бўлган ва куфрга олиб борувчи барча омиллардан йироқ бўлган мўминни яхши кўриш ва унга ёрдам бериш вожибдир. Шунингдек ушбу ҳолатнинг аксида бўлган барчани ёмон кўриш шартдир. Бу орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилинади! Дарҳақиқат, ал-вало вал-баро – муҳаббат ва нафратдир! Иймон асослари Аллоҳ учун унинг Пайғамбарларини ва уларга эргашганларни яхши кўришинг, Аллоҳ ва унинг пайғамбарлари душманларини ёмон кўришингдан иборатдир» (Қаранг: «ал-Фатава ас-Саъдия» 1/98).
Юқоридаги сўзларга асосланган ҳолда шу нарса маълум бўладики, «ал-Вало» - Аллоҳни унга бўлган иймон сабабли яхши кўришдир. Аллоҳга бўлган иймон ва муҳаббат сабабли Аллоҳ яхши кўрганларга нисбатан муҳаббат юзага келади. Масалан, кейинги авлод ҳатто учратмаган Пайғамбарларга бўлган муҳаббати, уламоларга бўлган муҳаббат, солиҳ ва барча тавҳид аҳлига бўлагн муҳаббат. «Ал-Баро» эса – меҳр ва муҳаббатнинг йўқлиги, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсаларни ёмон кўришдир. Масалан, куфр, гуноҳлар, ёки куфр ва гуноҳлар қилаётган инсонлар. Яъни, Аллоҳни ғазабини келтирувчи барча нарсалар.
Кофирларга нисбатан дўстлик ва муҳаббат эса таъқиқлангандир. Бундай муносабат «Мувалатул-куффар» деб номланади. Бу сўз, амал ва ниятларда намоён бўлади (Қаранг: «Китабул-ийман» 145).
Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ дедилар:
«ал-Мувало – бу кофирларга куфрлари сабабидан ёрдам бериш ва қўллаб қувватлашдир!» (Қаранг: «Лиқаат Бабул-мафтуҳ» № 20).
Шариатда кофирларга нисбатан қўлланувчи «ал-мувало» сўзидан уларни яхши кўриш ва динларидан рози бўлиш, яъни кофирларнинг куфрларига рози бўлиш тушунилади (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 6/277, «ал-Муҳалла» 8/35, «Аҳкаму аҳлиз-зимма» 1/67-69).
Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.