PDF WORD

«ал-Вало вал-Баро»нинг Исломдаги ўрни

«ал-Вало вал-Баро»нинг Исломдаги ўрни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

Сўнг …

Исломдаги дўст ва душман (ал-вало вал-баро) мавзуси динда улкан ўрин эгаллайди. Қуръон ва суннатнинг кўпгина матнлари бизнинг эътиборимизни айни шу мавзуга қаратади. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир» (Тавба: 23).

Аллоҳ таоло яна айтади:

«(Модомики, барча иш – бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир)»[1] (Оли Имрон: 28).

Кофирларга нисбатан муҳаббат ва дўстона муносабатни намоён қилиш мунофиқлик аломатидандир. Бу ҳақида Буюк Аллоҳ таоло айтади:

«Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг! Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир» (Нисо: 138-139).

Шунингдек кофирларни яхши кўриш ва уларга дўстона муносабатда бўлиш яҳудийларнинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:

«Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани — Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир. Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 80-82).

Шайх Ҳамд бин Аътиқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кофир ва мушрикларга бўлган адоватга келсак, билгинки, Аллоҳ ушбу вазифани таъкидлаган ҳолда мажбурий қилди. Уларни яхши кўришни ва уларга ёрдам беришни қатъий суратда таъқиқлади! Бундан ташқари Аллоҳ таолонинг китобида тавҳидни барпо қилиш ва ширкдан йироқ бўлишдан кейин дўст ва душманлик (ал-вало вал-баро)ни изоҳловчи далилларчалик бошқа нарсага эътибор қаратилмаган» (Қаранг: «Сабил ан-Нажа» 31).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, у зот айтадилар: «Иймон ҳалқаларининг энг мустаҳками — Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир» (Аҳмад, Байҳақий. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2009).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» (Бухорий 6170, Муслим 2641).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Инсон қайси қавмни яхши кўрса, албатта ўша қавм билан бирга тирилади!» (Табароний ривояти. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 3037).

Бу жуда муҳим ва буюк ҳадислардир. Уларда дўст танлашда ва бирор кимсани яхши кўришда эҳтиёт бўлишликка кўрсатма бор. Ҳофиз ал-Мунзирий зикр қилинган ва бошқа кўпгина ҳадисларни ўзининг машҳур «ат-Тарғиб ват-тарҳиб» 3/14 китобида келтирган ва ўша бобни: «Ёмон кимсалар ва бидъат аҳлини яхши кўришдан қўрқитув. Чунки инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» деб номлаган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Улар қилганчалик амалларим бўлмасада, умид қиламанки шу муҳаббатим сабабидан улар билан бирга бўламан» (Бухорий 1/162).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар сен яшаётган давр одамларидаги Исломнинг аҳволини билмоқчи бўлсанг, масжид эшиклари атрофидаги тўс-тўполонга қарама. Шунингдек уларнинг Ҳаж вақтида «лаббайка»ни айтилаётгандаги шовқинга эътибор берма. Бироқ уларнинг шариат душманларига нисбатан муносабатларига қарагин!» (Қаранг: «ал-Адабуш-шаръия» 1/268).

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Кимсанинг мушрикларга нисбатан нафрат хисси бўлмагунича, унинг Исломи комил бўлмайди. Ҳатто у якка Аллоҳга ибодат қилса ва ширкдан йироқ бўлса ҳам» (Қаранг: «Мажмуъа ат-тавҳид» 19).

Бироқ кўпгина мусулмонлар «дўстлашув ва душманлашув» (ал-вало вал-баро) қоидасини нотўғри тушунадилар. Кофирларга нисбатан нафрат хисси рухсат этилган чегарадан чиқишликни англатмайди. Уларга нисбатан хоинона ва адолатсиз муносабатда бўлишни тақозо қилмайди. Шайх Абдурраҳмон ал-Баррак «Муваллатул-куффар»да айган: «Кофирларга нисбатан нафрат ва душманлик Аллоҳга иймон келтириш ва тоғутга[2] кофир бўлишга боғланган диннинг асоси ҳисобланади. Бироқ бу хиёнат ва адолатсизликни тақозо қилмайди ва бунга рухсат бермайди. Чунки адолатсизлик ва шартга вафо қилмаслик ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 187).

Шунга қарамай кўпчилик кофирларга зулм қилишни ҳалол деб ҳисоблайдилар ва буни Исломдаги «душманлик» (ал-баро) тушунчасига боғлайдилар.[3] Бироқ Олий ва Буюк Аллоҳ айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).

Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ушбу оят кофирнинг куфри унга нисбатан адолатли бўлишга тўсиқ бўла олмаслигини кўрсатмоқда» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 5/85).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ҳатто агар бирор тоғ бошқасига нисбатан адолатсиз бўлганида, шу сабабли вайрон қилинган бўлар эди» (Бухорий «ал-Адабул-муфрад» 588. Шайх Албоний саҳиҳ деган).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъул-фатава»да айтадилар: «Ҳар бир инсон учун барча ва ҳар кимга адолатли бўлиши вожибдир. Шунингдек ҳар бир инсон учун, у хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир ёки золим бўлсин, барчага нисбатан бўлган муносабатларда адолатсизликнинг барча кўринишлари ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8). Оятдаги «ёмон кўришингиз»дан мурод, кофирларга бўлган нафрат назарда тутилган». У яна шундай дейди: «Адолат – Китобларда нозил бўлган ва пайғамбарлар олиб келган нарсадир. Бунинг акси таъқиқланган адолатсизликдир. Ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси таборака ва таоло ҳақида ривоят қилар экан шундай дедилар: «Ҳой, бандаларим! Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим» (Муслим 2577).

Мана шу мураккаб масалада кўпгина мусулмонлар бу мавзудаги илмлари йўқлиги оқибатида чегарадан чиқиб кетдилар. Баъзилар кофирларга бўлган муҳаббат масаласида ошириб юбордилар. Ҳатто яҳудий ва насронийларни кофир эмас деб ҳисоблай бошладилар.[4] Баъзилар эса душманлик қилишда ошириб юборадилар. Улар кофирлар билан бўлган ҳар қандай муносабатни «душманлик» (ал-баро) ёки «тавҳид» қоидаларини бузади деб ҳисоблай бошладилар. Буларнинг барчаси динда ўрни бўлмаган ғулувдир. Шариат бу ишларни қатъий таъқиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3/29, Ибн ал-Жоруд 473. Ҳадиснинг саҳиҳ эканлигини Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Заҳабий, Нававий, Ибн Таймия, Аҳмад Шокир, Албоний тасдиқлашган).

Ушбу Исломдаги муҳим масалани тўғри тушуниш учун уламоларга мурожаат қилишимиз лозим. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар Аллоҳ таолонинг динини тўғри тушунишимизга ёрдам берадилар.

Биз Исломда «ал-вало» (муҳаббат, дўстлик) ва «ал-баро» (душманлик, нафрат) сўзлари нимани англатишини тушуниб олишимиз зарур.

«Ал-Валая» – ёрдам, муҳаббат, иззат, ҳурмат, яхши кўргани билан бирга бўлишни хоҳловчи ички туйғу ва зоҳирда ушбу туйғуни билдиришдир (Қаранг: «Тайсирул-Аъзизил-Ҳамид» 422).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 257).

Шайхулислом Ибн Таймия айтадилар: «Ал-Вало – душманликнинг аксидир. «Ал-Вало» сўзининг асоси – муҳаббат ва яқинликдир. «Ал-Баро» сўзининг асоси эса узоқлашиш ва нафратдир. Ал-Валий – яқин инсондир» (Қаранг: «ал-Фурқон» 7).

«Ал-Баро» – узоқлашиш, юз ўгириш ва адоватдир (Қаранг: «Таҳзиб ал-луға» 15/269, «ал-Вало вал-Баро» 71).

Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ барча мўминларни биродарлик, ҳамжиҳатлик ва муҳаббат билан боғлади. Ҳар қандай кофирни яхши кўришни ҳаром қилди. У хоҳ яҳудий, насроний, мажусий, мушрик, атеист ва ҳар қандай Қуръон ва суннат кофир деб номлаган барча кофирлар бунда фарқсиздир. Бу барча мусулмонлар иттифоқ қилган асосдир. Ҳар қандай тавҳид аҳлидан бўлган ва куфрга олиб борувчи барча омиллардан йироқ бўлган мўминни яхши кўриш ва унга ёрдам бериш вожибдир. Шунингдек ушбу ҳолатнинг аксида бўлган барчани ёмон кўриш шартдир. Бу орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилинади! Дарҳақиқат, ал-вало вал-баро – муҳаббат ва нафратдир! Иймон асослари Аллоҳ учун унинг Пайғамбарларини ва уларга эргашганларни яхши кўришинг, Аллоҳ ва унинг пайғамбарлари душманларини ёмон кўришингдан иборатдир» (Қаранг: «ал-Фатава ас-Саъдия» 1/98).

Юқоридаги сўзларга асосланган ҳолда шу нарса маълум бўладики, «ал-Вало» – Аллоҳни унга бўлган иймон сабабли яхши кўришдир. Аллоҳга бўлган иймон ва муҳаббат сабабли Аллоҳ яхши кўрганларга нисбатан муҳаббат юзага келади. Масалан, кейинги авлод ҳатто учратмаган Пайғамбарларга бўлган муҳаббати, уламоларга бўлган муҳаббат, солиҳ ва барча тавҳид аҳлига бўлагн муҳаббат. «Ал-Баро» эса – меҳр ва муҳаббатнинг йўқлиги, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсаларни ёмон кўришдир. Масалан, куфр, гуноҳлар, ёки куфр ва гуноҳлар қилаётган инсонлар. Яъни, Аллоҳни ғазабини келтирувчи барча нарсалар.

Кофирларга нисбатан дўстлик ва муҳаббат эса таъқиқлангандир. Бундай муносабат «Мувалатул-куффар» деб номланади. Бу сўз, амал ва ниятларда намоён бўлади (Қаранг: «Китабул-ийман» 145).

Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ дедилар: «ал-Мувало – бу кофирларга куфрлари сабабидан ёрдам бериш ва қўллаб қувватлашдир!» (Қаранг: «Лиқаат Бабул-мафтуҳ» № 20).

Шариатда кофирларга нисбатан қўлланувчи «ал-мувало» сўзидан уларни яхши кўриш ва динларидан рози бўлиш, яъни кофирларнинг куфрларига рози бўлиш тушунилади (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 6/277, «ал-Муҳалла» 8/35, «Аҳкаму аҳлиз-зимма» 1/67-69).

Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

1 та мулоҳаза

  1. oti yo' → 18.04.2011 йил

    Bismillah! Albatta bu kabi maqolalarni yozishingizga sabab al-valo(mo’minlarga bo’lgan muhabbat do’stlik) sabab bo’ldi deb o’ylayman. bugungi kunda arab tilini bilmaydigan, ko’plab (arab tilida yozilgan) saxix kitob va risolalardan g’arib bo’lgan birodarlarimizga, bu kabi maqolalar albatta foyda beradi deb umid qilaman. Alloh bu maqolalarni yozishga vaqtlarini sarf qilgan birodarlarimizni ko’p yaxshliklar bilan mukofotlashini duo qilib birodaringiz ….

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.