Admin   12-05-2009, 07:32 AM
#1
«ал-Вало вал-Баро»нинг Исломдаги ўрни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
Сўнг …
Исломдаги дўст ва душман (ал-вало вал-баро) мавзуси динда улкан ўрин эгаллайди. Қуръон ва суннатнинг кўпгина матнлари бизнинг эътиборимизни айни шу мавзуга қаратади. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир» (Тавба: 23).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«(Модомики, барча иш – бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир)» (Оли Имрон: 28).
Quote:Имом Ибн Жарир ат-Тобарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида ёзадилар: «Бундан мурод: Агар сиз кофирларни ҳукмронлиги остида бўлмасангиз ва ўзларингизга нисбатан ҳавф сезмасангиз (бундай қилишингиз жоиз бўлмайди). Агар сиз шундай ҳолатда бўлсангиз, уларга нисбатан тилингизда дўстона муносабатда бўлиб, уларга бўлган адоватингизни яширинг. Аммо уларнинг куфрларига эргашманг ва амалларингиз билан мусулмонларга қарши уларга ёрдам берманг» (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 3/228).
Ушбу оятда, ўзига нисбатан ҳавф сабабидан кофирларга бўлган зоҳирий дўстона муносабат, душманлик (ал-баро) қоидасига зид эмаслигига далил бор. Исломда бу нарса «ат-тақия» деб номланади. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тақия – бу қалбдаги нарсани изҳор қилишдан қўрқишдир» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 12/314).
Ибн ал-Қоййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: «Агар инсонга кофирлар тарафидан бирор зарар етгудек бўлса ва у уларнинг хузурига борганида яхши сўзларни айтса, хайрли тилаклар тиласа, бунинг ҳеч қандай зарари йўқдир» (Қаранг: «Аҳкаму аҳли-зимма» 1/205). Бироқ шундай бўлсада мажбурланмаса уларга ёлғон сўзлаш ёки уларни улуғлаш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мунофиқни «саййид» деманглар. Агар у сизларнинг саййидингиз бўлса, сиз Қудратли ва Буюк Аллоҳни ғазаблантирасизлар» (Аҳмад 5/346, Абу Довуд 4977. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Нававий ва шайх Албоний тасдиқлашган).
Бундан ташқари бандаларига тоқатидан ортиқ нарсани юкламайдиган меҳрибон Аллоҳ қийноқ вақтида куфр сўзларини айтишга изн берган. Аллоҳ таоло айтади:
«Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир» (Наҳл: 106).
Ушбу оят Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга нисбатан нозил бўлган. Мушриклар Амморни ота-онаси Ёсир ва Сумайя билан ушлаб олганида уларни (ота-онасини) ўлдиришди. Амморни эса шу қадар қийноқ остига олдиларки, у қалбида иймонни тасдиқ қилган ҳолда куфр сўзларини айтиб юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аммор куфр келтиргани ҳақида хабар етказилганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирдилар ва дедилар: «Дарҳақиқат Аммор бошдан оёқ вужудини иймон қоплаган» (Насоий 8/111, Ҳоким 3/392. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 807).
Уламолар айтадилар: «Куфр сўзларини айтишга рухсат бўлиши учун қийноқ ўлимдан қўрқиш ёки қаттиқ дўппослаш каби, инсон чидашга қодир бўлмайдиган даражада бўлиши лозим. Шунингдек, уламолар куфр сўзларини талаффуз қилишга мажбурланган кимса очиқ куфр сўзларини айтиши жоиз эмаслигига иттифоқ қилдилар. Бироқ уни аниқ, турли маънони англатмайдиган куфр сўзларини сўзлашга мажбурласалар, бундай ҳолда рухсат берилади. Фақат у қалбида мустаҳкам иймонни сақлаган бўлиши ва айтган сўзларидек эътиқодда бўлмаслиги лозим. Аммо Ёсир ва Сумайя сабр қилганлари каби ўлдирилса ҳам сабр қилиш афзалроқдир» (Қаранг: «Тафсир ал-Ҳазин» 4/117).
Шиа ва бошқа адашган тоифаларнинг «тақия» деган тушунчалари Аллоҳ изн берган тақияга ҳеч қандай даҳли йўқдир. Улар зоҳирида ўзларининг асл эътиқодларига зид эътиқодни изҳор қиладилар. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тақия – алдаш ва қалбида бўлмаган нарсани тилида изҳор қилиш дегани эмас. Бу мунофиқликдир! Динини яшириш бошқа, қалбаки динни изҳор қилиш эса умуман бошқа нарсадир. Бунга Аллоҳ ҳеч қачон изн бермаган. Мажбурланишлик бундан мустасно» (Қаранг: «Минҳажус-сунна» 4/424-425).
Кофирларга нисбатан муҳаббат ва дўстона муносабатни намоён қилиш мунофиқлик аломатидандир. Бу ҳақида Буюк Аллоҳ таоло айтади:
«Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан «хушхабар» бериб қўйинг! Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир» (Нисо: 138-139).
Шунингдек кофирларни яхши кўриш ва уларга дўстона муносабатда бўлиш яҳудийларнинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:
«Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани — Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир. Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 80-82).
Шайх Ҳамд бин Аътиқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кофир ва мушрикларга бўлган адоватга келсак, билгинки, Аллоҳ ушбу вазифани таъкидлаган ҳолда мажбурий қилди. Уларни яхши кўришни ва уларга ёрдам беришни қатъий суратда таъқиқлади! Бундан ташқари Аллоҳ таолонинг китобида тавҳидни барпо қилиш ва ширкдан йироқ бўлишдан кейин дўст ва душманлик (ал-вало вал-баро)ни изоҳловчи далилларчалик бошқа нарсага эътибор қаратилмаган» (Қаранг: «Сабил ан-Нажа» 31).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, у зот айтадилар: «Иймон ҳалқаларининг энг мустаҳками — Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир» (Аҳмад, Байҳақий. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2009).
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» (Бухорий 6170, Муслим 2641).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Инсон қайси қавмни яхши кўрса, албатта ўша қавм билан бирга тирилади!» (Табароний ривояти. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 3037).
Бу жуда муҳим ва буюк ҳадислардир. Уларда дўст танлашда ва бирор кимсани яхши кўришда эҳтиёт бўлишликка кўрсатма бор. Ҳофиз ал-Мунзирий зикр қилинган ва бошқа кўпгина ҳадисларни ўзининг машҳур «ат-Тарғиб ват-тарҳиб» 3/14 китобида келтирган ва ўша бобни: «Ёмон кимсалар ва бидъат аҳлини яхши кўришдан қўрқитув. Чунки инсон яхши кўргани билан бирга бўлади» деб номлаган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Улар қилганчалик амалларим бўлмасада, умид қиламанки шу муҳаббатим сабабидан улар билан бирга бўламан» (Бухорий 1/162).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар сен яшаётган давр одамларидаги Исломнинг аҳволини билмоқчи бўлсанг, масжид эшиклари атрофидаги тўс-тўполонга қарама. Шунингдек уларнинг Ҳаж вақтида «лаббайка»ни айтилаётгандаги шовқинга эътибор берма. Бироқ уларнинг шариат душманларига нисбатан муносабатларига қарагин!» (Қаранг: «ал-Адабуш-шаръия» 1/268).
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Кимсанинг мушрикларга нисбатан нафрат хисси бўлмагунича, унинг Исломи комил бўлмайди. Ҳатто у якка Аллоҳга ибодат қилса ва ширкдан йироқ бўлса ҳам» (Қаранг: «Мажмуъа ат-тавҳид» 19).
Бироқ кўпгина мусулмонлар «дўстлашув ва душманлашув» (ал-вало вал-баро) қоидасини нотўғри тушунадилар. Кофирларга нисбатан нафрат хисси рухсат этилган чегарадан чиқишликни англатмайди. Уларга нисбатан хоинона ва адолатсиз муносабатда бўлишни тақозо қилмайди. Шайх Абдурраҳмон ал-Баррак «Муваллатул-куффар»да айган: «Кофирларга нисбатан нафрат ва душманлик Аллоҳга иймон келтириш ва тоғутга кофир бўлишга боғланган диннинг асоси ҳисобланади. Бироқ бу хиёнат ва адолатсизликни тақозо қилмайди ва бунга рухсат бермайди. Чунки адолатсизлик ва шартга вафо қилмаслик ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 187).
Quote:Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Билгинки, инсон тоғутга кофир бўлмай туриб Аллоҳга иймон келтирган ҳисобланмайди! Бунга далил Қуръондаги ушбу оятдир:
«Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди!» (Бақара: 256) (Қаранг: «ад-Дурарус-сания» 1/95).
Тоғут – имом Молик айтганларидек, бу илоҳлаштирилган ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсадир. Бугунги кунда ушбу сўз шаръий илми оз бўлган кўпгина инсонлар орасида кенг тарқалган. Улар барчани, айниқса мусулмон давлатлар ҳукмдорларини кетма-кет ушбу ном билан номлайдилар. Ушбу сўзни ўзини илоҳлаштирилишига рози бўлган ёки ўзига ибодат қилишга чорлаётган ҳолатдагина инсонларга нисбатан қўллаш мумкин. Масалан, Фиравн шундай қилган эди. Бироқ ўзи рози бўлмаган ҳолда илоҳлаштирилган кимсани тоғут деб номлаш тўғри бўлмайди. Исо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям бунга мисол бўла олади. Насронийлар уларнинг хоҳишларига хилоф равишда уларга ибодат қиладилар. Шунингдек Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмайдиган ва бу ишни ҳалол санаган ёки шариатдан афзал қонун бор деб ҳисоблаган инсон тоғут ҳисобланади (Қаранг: Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб «Маъна ат-тоғут» 9-24, шайх Фавзоннинг шарҳи билан).
Шунга қарамай кўпчилик кофирларга зулм қилишни ҳалол деб ҳисоблайдилар ва буни Исломдаги «душманлик» (ал-баро) тушунчасига боғлайдилар.
Quote:Шайх Абдурраҳмон ал-Баррак айтадилар: «Кофирлар юртида истиқомат қилаётган баъзи жоҳил мусулмонлар та-рафидан содир этилаётган ўғрилик, ҳақларни поймол қилиш, дўппослаш ва ноҳақ ҳақорат қилиш каби жиноятлар Ислом шариатида ҳаром ҳисобланади! Ўша кимсалар содир этаётган ишлар Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқдир! Баъзи адашган тоифалар тарафидан турли муассасаларни портлатаётган террорчилик ҳаракатлари бунданда ёмонроқдир. Дарҳақиқат, бу ишларнинг Аллоҳ таоло адолатнинг ёйилиши ва Унинг Сўзи ер юзида олий бўлиши учун бандаларига ҳалол қилган жиҳодга ҳеч қандай алоқаси йўқдир! Ундан ташқари бу ҳаром қилинган фосиқликдир!” (Қаранг: «Иътида аъла ғойрил-муслимин» 3).
Бироқ Олий ва Буюк Аллоҳ айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).
Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ушбу оят кофирнинг куфри унга нисбатан адолатли бўлишга тўсиқ бўла олмаслигини кўрсатмоқда» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 5/85).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ҳатто агар бирор тоғ бошқасига нисбатан адолатсиз бўлганида, шу сабабли вайрон қилинган бўлар эди» (Бухорий «ал-Адабул-муфрад» 588. Шайх Албоний саҳиҳ деган).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъул-фатава»да айтадилар: «Ҳар бир инсон учун барча ва ҳар кимга адолатли бўлиши вожибдир. Шунингдек ҳар бир инсон учун, у хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир ёки золим бўлсин, барчага нисбатан бўлган муносабатларда адолатсизликнинг барча кўринишлари ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8). Оятдаги «ёмон кўришингиз»дан мурод, кофирларга бўлган нафрат назарда тутилган». У яна шундай дейди: «Адолат – Китобларда нозил бўлган ва пайғамбарлар олиб келган нарсадир. Бунинг акси таъқиқланган адолатсизликдир. Ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси таборака ва таоло ҳақида ривоят қилар экан шундай дедилар: «Ҳой, бандаларим! Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим» (Муслим 2577).
Мана шу мураккаб масалада кўпгина мусулмонлар бу мавзудаги илмлари йўқлиги оқибатида чегарадан чиқиб кетдилар. Баъзилар кофирларга бўлган муҳаббат масаласида ошириб юбордилар. Ҳатто яҳудий ва насронийларни кофир эмас деб ҳисоблай бошладилар.
Quote:Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Биз Исломдан бошқа ҳар қандай динга эътиқод қилувчиларни кофир деймиз. Шунингдек, ўзини мусулмон деб ҳисобласада, ундайларни кофир эканлигида шубҳа қилган ёки уларнинг динини ҳақ деганни кофир деймиз» (Қаранг: «аш-Шифа» 2/171).
Имом Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Куфр ва ширк бир хил нарсадир. Ҳар бир кофир мушрикдир ва ҳар бир мушрик кофирдир. Бу шунингдек Имом Шофиъийнинг ҳам фикридир» (Қаранг: «ал-Фисал» 3/124).
Ислом уммати ижмоъларига биноан насроний ва яҳудийларнинг кофир эканлигида шубҳа қилиш айни куфрдир. Чунки уларнинг кофир эканлиги ҳақида Аллоҳнинг ўзи кўп марта зикр қилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
«Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар» (Моида: 73).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!» (Тавба: 30).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«На ахли китоблар (яҳудий ва насронийлар) дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизга Парвардигорингиз тарафидан бир яхшилик (яъни ваҳий) тушишини истамайдилар» (Бақара: 105).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Имом Ҳаллол раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, имом Аҳмадга: «Яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан ҳисобланадиларми?» деган савол берилди. Имом Аҳмад бундан қаттиқ ғазабландилар ва: «Наҳотки мусулмон бу каби гапларни гапирса?!» дедилар. «Шундай деганларни рад қилишимиз ва койишимиз лозимми?» деб сўралганларида эса: «Албатта рад қилиш ва койиш лозим!» дедилар (Қаранг: «Аҳкаму аҳлил-милал» 5-6).
Баъзилар эса душманлик қилишда ошириб юборадилар. Улар кофирлар билан бўлган ҳар қандай муносабатни «душманлик» (ал-баро) ёки «тавҳид» қоидаларини бузади деб ҳисоблай бошладилар. Буларнинг барчаси динда ўрни бўлмаган ғулувдир. Шариат бу ишларни қатъий таъқиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3/29, Ибн ал-Жоруд 473. Ҳадиснинг саҳиҳ эканлигини Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Заҳабий, Нававий, Ибн Таймия, Аҳмад Шокир, Албоний тасдиқлашган).
Ушбу Исломдаги муҳим масалани тўғри тушуниш учун уламоларга мурожаат қилишимиз лозим. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар Аллоҳ таолонинг динини тўғри тушунишимизга ёрдам берадилар.
Биз Исломда «ал-вало» (муҳаббат, дўстлик) ва «ал-баро» (душманлик, нафрат) сўзлари нимани англатишини тушуниб олишимиз зарур.
«Ал-Валая» - ёрдам, муҳаббат, иззат, ҳурмат, яхши кўргани билан бирга бўлишни хоҳловчи ички туйғу ва зоҳирда ушбу туйғуни билдиришдир (Қаранг: «Тайсирул-Аъзизил-Ҳамид» 422).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 257).
Шайхулислом Ибн Таймия айтадилар: «Ал-Вало – душманликнинг аксидир. «Ал-Вало» сўзининг асоси – муҳаббат ва яқинликдир. «Ал-Баро» сўзининг асоси эса узоқлашиш ва нафратдир. Ал-Валий – яқин инсондир» (Қаранг: «ал-Фурқон» 7).
«Ал-Баро» - узоқлашиш, юз ўгириш ва адоватдир (Қаранг: «Таҳзиб ал-луға» 15/269, «ал-Вало вал-Баро» 71).
Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ барча мўминларни биродарлик, ҳамжиҳатлик ва муҳаббат билан боғлади. Ҳар қандай кофирни яхши кўришни ҳаром қилди. У хоҳ яҳудий, насроний, мажусий, мушрик, атеист ва ҳар қандай Қуръон ва суннат кофир деб номлаган барча кофирлар бунда фарқсиздир. Бу барча мусулмонлар иттифоқ қилган асосдир. Ҳар қандай тавҳид аҳлидан бўлган ва куфрга олиб борувчи барча омиллардан йироқ бўлган мўминни яхши кўриш ва унга ёрдам бериш вожибдир. Шунингдек ушбу ҳолатнинг аксида бўлган барчани ёмон кўриш шартдир. Бу орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилинади! Дарҳақиқат, ал-вало вал-баро – муҳаббат ва нафратдир! Иймон асослари Аллоҳ учун унинг Пайғамбарларини ва уларга эргашганларни яхши кўришинг, Аллоҳ ва унинг пайғамбарлари душманларини ёмон кўришингдан иборатдир» (Қаранг: «ал-Фатава ас-Саъдия» 1/98).
Юқоридаги сўзларга асосланган ҳолда шу нарса маълум бўладики, «ал-Вало» - Аллоҳни унга бўлган иймон сабабли яхши кўришдир. Аллоҳга бўлган иймон ва муҳаббат сабабли Аллоҳ яхши кўрганларга нисбатан муҳаббат юзага келади. Масалан, кейинги авлод ҳатто учратмаган Пайғамбарларга бўлган муҳаббати, уламоларга бўлган муҳаббат, солиҳ ва барча тавҳид аҳлига бўлагн муҳаббат. «Ал-Баро» эса – меҳр ва муҳаббатнинг йўқлиги, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсаларни ёмон кўришдир. Масалан, куфр, гуноҳлар, ёки куфр ва гуноҳлар қилаётган инсонлар. Яъни, Аллоҳни ғазабини келтирувчи барча нарсалар.
Кофирларга нисбатан дўстлик ва муҳаббат эса таъқиқлангандир. Бундай муносабат «Мувалатул-куффар» деб номланади. Бу сўз, амал ва ниятларда намоён бўлади (Қаранг: «Китабул-ийман» 145).
Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ дедилар: «ал-Мувало – бу кофирларга куфрлари сабабидан ёрдам бериш ва қўллаб қувватлашдир!» (Қаранг: «Лиқаат Бабул-мафтуҳ» № 20).
Шариатда кофирларга нисбатан қўлланувчи «ал-мувало» сўзидан уларни яхши кўриш ва динларидан рози бўлиш, яъни кофирларнинг куфрларига рози бўлиш тушунилади (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 6/277, «ал-Муҳалла» 8/35, «Аҳкаму аҳлиз-зимма» 1/67-69).
Аллоҳ азза ва жалладан динига нусрат беришини, калимасини олий қилишини ва душманларини хор қилишини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Admin   12-05-2009, 07:50 AM
#2
Ал-Вала вал Баро
(Дўст ва душманлик)

Учинчиси: Расулга итоат қилиб, Аллоҳни (ибодатда) якка деб билган кишига, Аллоҳу Расулига душманлик қилганлар билан дўстлашиши жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам.
Демак, Аллоҳу Расулига душманлик қилганлар билан дўстлашиш жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам.
Ушбу масала «ал-Вала вал Баро» («Дўст ва душманлик»), деб аталиб, у тавҳидга тобедир. Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиш ва Аллоҳнинг душманларидан безор болиш тавҳиднинг ҳақларидандир. Дўст тутишдан мурод қалб ила муҳаббат қўймоқдир. Бу билан ўзаро ёрдам қўлини чўзиш ва ҳамкорлик, ҳамда дия-товон тўлаш ва мерос олиш (маънолари) ирода қилинади.
Мусулмон киши Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиб, қалбидан фақат Аллоҳнинг дўстларигагина жой бериб, уларга ўзаро ёрдам қўлини чўзади. Мусулмон фақат мусулмонлар билан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга Аллоҳ йўлида дўстлашиб, бир-бирларига меросхўр бўлган кишилардан) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Ўзаро дия-товон тўлаш мусулмонлар ўртасида юз беради. Ва бу ўзаро кафолат, деб ҳам номланади. Буларнинг бари «ал-Вала» (Дўстлашиш) маъноси остига дохил бўлади. Мусулмон ва кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлиши мумкин эмас. Муҳаббат, ёрдам қўлини чўзиш, мерос, товон тўлаш, никоҳ ва қозилик-ҳукмлардаги ҳомий-валийлик ва бундан бошқа ишларда мусулмон билан кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлмайди. Балки буларнинг бари мусулмонларнинг ўрталарида бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (Нисо: 141). Ана шундай қилиб мўминлар кофирлардан ажралишлари вожиб бўлади. Демак, Аллоҳни (ибодатда) яккалаб, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этган кишига, Аллоҳга душманлик қилган кимса билан дўстлашиши жоиз бўлмайди.
Душманлик қилишнинг маъноси: Инсон (йўлнинг) бу чеккасида бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расули, ҳамда мўминлар (йўлнинг) бошқа чеккасида бўлиши. Демак душманлик қилувчи (йўлнинг) нариги кофирлар томонида бўлишлиги. Ана шу душманликдир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам», деган қовлларига тўхталадиган бўлсак, яъни, насаб жиҳатидан энг яқин одами бўлса ҳам. Агар жигаргўшангиз Аллоҳу Расулига душманлик қиладиганлардан бўлса, бас, сизга уни душман тутишингиз ва у билан борди-келдини тўхтатишингиз вожиб бўлади. Ким Аллоҳ ва Унинг Расулини дўст тутган бўлса, сизга ўша одамга муҳаббат қўйиб, дўст тутишингиз вожиб бўлади. Агарчи у киши насаб жиҳатидан сизга узоқ, бегона, қора танли ёки оқ ё бўлмаса қизил бўлса ҳам. Демак, сизга ана шу кишини дўст тутиб, қалб тўрингиздан жой беришингиз вожиб бўлади. Хоҳ у киши сизни шаҳрингиздан бўлсин, хоҳ машриқ ва мағрибдан бўлсин. Аллоҳ таоло шундай деди: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар» (Тавба: 71). Яъни, ўрталарида ўзаро муҳаббат, ёрдам, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик бардавомдир.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ – Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!» (Мужодала: 22).
«Дўстлашаётганларини топмассиз», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата хитоб қилиняпти. Аллоҳу Расулига иймон келтирган кишининг кофирларни яхши кўришлиги ҳеч қачон юз бермайди. Энди уларни яхши кўрадиган бўлса, мўмин бўлмайди, гарчи иймонни даъво қилса ҳам.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «ал-Кафия аш-Шафия»да шундай дедилар:
Севиклигин душманларин яхши кўриб,
Унга муҳаббат қўйишинг мумкин эмасдир.
Шундай қилиб севиклигин ёрларига душманлик қиласан,
Муҳаббат қаерда қолди эй шайтон биродари?
Кофирларга муҳаббат қўйиб, мен Аллоҳу Расулини яхши кўраман, деб айтишнинг имконияти йўқдир. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1) оятларидан то ушбу оятларгача: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намума бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (Тавба: 114). Бу Иброҳим алайҳиссалом миллатики, у киши ҳам оталаридан, энг яқин кишиларидан, Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач пок-безор эканларини эълон қилдилар.
Ушбу оят ҳам кофирларга муҳаббат қўйиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймонга, ё унинг асли ёки мукаммаллигига, зид келишига далолат қиляпти. Уларга муҳаббат қўйиш билан бирга маслак ва куфрларини қўллаб қувватлаш ҳам бўладиган бўлса, бу исломдан чиқишликдир. Бироқ уларга ёрдам қўлини чўзмай фақат муҳаббат қўядиган бўлса, бу иймонни нуқсонли қилувчи-заифлаштурувчи амал ва фосиқлик дея қаралади.
Айтилишича: Ушбу оят Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида, оталарини Бадр куни қатл қилганларида нозил бўлган экан. Чунки оталари кофир бўлиб, ўғли Абу Убайдани ўлдиришни истарди. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни қатл қилдилар. Чунки у Аллоҳнинг душмани бўлиб, Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилиб, қатл қилишларидан, ахир у отам-ку деган ўй тўсиб қололмади.
Аллоҳ таолонинг: «Ана ўшаларнинг», деган қовлидан мурод, яъни, Аллоҳ ва Расулига душманлик қиладиган кимсага муҳаббат қўйиб, дўстлашишдан йироқ бўладиган зотлар.
Аллоҳ таолонинг: «Дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир», деган қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло қалбларида иймонни собит айлаб, мустаҳкам-барқарор қилди.
«Уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур», яъни, қувватлагандир: куч бағш этгандир. Ўз ҳузуридан бўлган Руҳ ила куч-қувват ато этган. Руҳ калимаси Қуръонда бир қанча маъноларда келади. Ана шулардан бири нафсдаги руҳки, у билан ҳаёт-тириклик бўлади. Яна ваҳий маъносида ҳам келади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовли каби: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик» (Шўро: 52). Яна руҳ калимаси Жаброил алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади. Руҳул Қудус ва Руҳул Амин, калималари каби. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудус (яъни Жаброил) Роббингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг» (Наҳл: 102). Ва яна шундай деди: «Уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуаро: 192). Биз гаплашаётган мавзудаги оятда руҳ калимаси қувват маъносида келди.
Уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ-қувват билан куч ато этгандир, яъни, дунё ва охиратда иймон қуввати ила куч бағш этган. «У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур». Жаннат араб тилида боғ-бўстон маъносида. Қуюқ дарахтлар билан қопланиб, ўралгани боис жаннат дея аталган. Чунки жаннат соя-салқин, дарахт, дарё ва қасрлардан иборат. Энг юқори қисми Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг аршидир.
«Остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган», яъни, унда боқий қолиб, асло кўчмайдилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар» (Каҳф: 108). Ўлим етиши ёки бирон киши уларни чиқариб, қувиб солишидан асло қўрқмайдилар. Чунки дунёда шундай, гоҳида инсон қасрда бўлади, бироқ ўлим етиб, ушбу қасрдан (бир кун) чиқиб кетишидан хотиржам эмас. Ва яна душман устун келиб, ундан (қасрдан) чиқариб ташлашидан ҳам хотиржам эмас. Инсон дунёда доим хавфдадир.
«Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар». Кофирлардан иборат ўз яқинларидан нафрат қилишиб, уларни душман санашгач, Аллоҳ таоло уларга мукофот ўлароқ Ўз ҳузуридан розилик ато этди. Кофир бўлган қон-қариндошларидан нафратланишганларининг эвазига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга Ўзининг розилигини дариғ тутмади. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.
«Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар», яъни, Аллоҳнинг жамоатидирлар. Кофирлар эса шайтон ҳизбидир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар» (Мужодала: 19), яъни, шайтоннинг жамоати ва ёрдамчилари.
Ушбу масала кофирларга адоват сақлаш ва уларни дўст тутмасликка боғлиқдир. Ва бу, биз кофирлар билан дунёвий манфаатларда алоқа узишимизни тақозо қилмайди. Балки қуйидаги ишлар бундан мустаснодир:
1 - Биз улардан нафратланиб, адоват сақлашимиз билан бирга, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига даъват қиламиз. Уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилишимиз вожиб бўлади. Улар Аллоҳ ва бизнинг душманларимиздир, деб уларни ташлаб қўймаймиз. Балки уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қиламиз, шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қилса. Агар даъватимизни қабул қилишмаса, куч-қудратга эга эканмиз, уларга қарши жанг қиламиз. Ё исломга кирадилар ёки яҳуд, насоро ва мажусийлардан бўлишса, хорланган-мағлуб ҳолларида жизя тўлайдилар ва ислом ҳукмларига бўйинсуниб, ўзларининг дин-удумларини ташлайдилар.
Бироқ жизя тўлаб, ислом ҳукмига бўйинсуниш шарти билан. Агар аҳли китоблардан (яҳуд ва насоролардан) ва мажусийлардан бўлишмаса, улардан жизя олишликда уламолар ўртасида ихтилоф бор.
2 - Ҳожат тушганда кофирлар билан сулҳ тузишдан монелик йўқдир. Мусулмонлар жанг қилишга қодир бўлмай ёки уларнинг ёмонликларидан хавфсираб сулҳ-шартнома тузишга эҳтиёж сезсалар, ёки уларнинг ўзлари сулҳ тузиш таклифи билан чиқсалар, мусулмонлар то куч-қувватга киргунларига қадар улар билан (тинчлик) шартнома(си) тузишларида зиён йўқдир. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг» (Анфол: 61). Сулҳ тузилганда ҳам доимий (тинчлик) деб эмас, балки мусулмонларнинг ҳукмдори фойда миқдорини кўздан кечириб, маълум бир муддатга-муваққат шартнома тузади.
3 - Мусулмонларга яхшилик қилишганда қилган яхшиликлари эвазига мукофот улашишдан монелик йўқдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ дин(ингиз – Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар» (Мумтаҳана: 8).
4 - Мусулмон фарзанд кофир отасига яхшилик қилиши вожиб бўлади. Бироқ унга куфр борасида итоат қилмайди. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буйирдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан! Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!»» (Луқмон: 14-15). Демак, ота кофир бўлса-да, ўз ҳақ-ҳуқуқига эгадир. Бироқ уни қалбингиздан яхши кўрмайсиз. Балки тарбия қилганига яраша мукофот тарзида муомала қиласиз. Чунки у ота ва уни оталик рўбарўсидаги ўз ҳаққи бор.
5 - Улар билан тижорий муомала ва савдо қилиш. Улардан ҳожатга қараб мол сотиб олиш ва пул эвазига турли мол ва қурол-аслаҳарлар олиб киришда зиён йўқдир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан (тижорий) муомала қилганлар. Шунингдек Хайбар аҳли бўлмиш яҳудлар билан ерни экин-тикин қилиш ва ҳосилнинг бир қисмини уларга қолдириш шарти билан (тижорий) муомала қилганлар. Бу уларни дўст тутиб, муҳаббат қўйишдан эмас. Бали ўзаро фойда алишишдир. Ушбу ишларни яхши билиб олишимиз ва улар кофирларни дўст тутиш бобига кирмаслиги ва қайтарилган ҳам эмаслигини ёдда тутишимиз даркор.
Шунингдек улардан қарз сўраш ҳам (ушбу қисм остига дохил бўлади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийдан таомни қарзга олганлар. Ва гаровга ўзларининг совутларини қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳли-оилаларига деб сотиб олган таомлари ўрнига берган ушбу совутлари яҳудийда қолди. Демак, шунга ўхшаш ишлардан монелик йўқдир. Ушбу ишлар дунёвий фойдалар бўлиб, қалбдаги муҳаббат ва дўст тутишга далолат қилмайди. Ушбу ишлар орасини ажратиб олишимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар кофирларни душман тутиш ва уларга муҳаббат изҳор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатларни эшитиб олади-да, улар билан умуман муомала қилинмайди ва узил-кесил алоқалар узилади, деб тушунади. Йўқ! Ушбу ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан олинган аҳли илм наздида маъруф бўлган ҳукм, шарт ва ҳудудлар билан белгилаб қўйилгандир.
6 - Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг аёлларига, ўз иффат-ор-номусларини сақлайдиган бўлишлари шарти билан турмуш қуришни ва уларнинг сўйган жонлиқларини мубоҳ-ҳалол қилди.
7 - Бирор муносабат билан чақирсалар, чақириқларига ижобат қилиш ва ҳалол бўлган таомларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам еганларидек еб-тановул қилиш.
8 - Кофир қўшниларга яхшилик қилиш. Чунки уларда қўшнилик ҳаққи бор.
9 - Уларга зулм қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.