(02-23-2011, 01:32 PM)ZamZam Wrote: Бундан ташқари, пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи вас-саллам табобат борасидаги хадисларидан билганимизни шу ерда бошқа биродарларимиз билан бўлишиб боришимиз, ўрганишимиз ҳам мумкин.
Қон чиқариш (ҳижома)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Даволанишларинг учун энг афзал нарса ҳижомадир» (Бухорий 5696, Муслим 1577).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Кимки (қамарий ойнинг) ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи ёхуд йигирма биринчи кунларида қон олдирса, бу у учун барча касалликларга шифо бўлади» (Абу Довуд 3861, Ҳоким 4/210. Ҳадис саҳиҳлигини имом Ҳоким, Заҳабий, Ироқий ва Албоний тасдиқлаган).
Шайх Ибнул Қоййим дедилар: «Сеҳр қилинган жойдан қон олдириш энг самарали шифодир, агар қон олдириш тўғри қилинса» («Зодул-маъод» 4/125-126).
Қора седана
Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қора седана билан даволанинглар, унда ўлимдан бошқа барча дардга даво бордир» (Бухорий 5687, Муслим 2215).
Зам-зам суви
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Зам-зам суви – нима учун ичилса ўша учундир» (Аҳмад 3/357, Ибн Можа 3062. Ҳадис саҳиҳлигини имом Суфён ибн Уяйна, ҳофиз Мунзирий, шайх Ибнул Қоййим, имом Суютий ва Албоний тасдиқлаган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ер юзидаги энг афзал сув – зам-зам сувидир! Дарҳақиқат у таом ва шифодир» (Табароний, саҳиҳ ҳадис. «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1056).
Асал
Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик – асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 68-69).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Икки шифобахш нарса билан шифоланинглар: булар Қуръон ва асалдир!» (Ибн Можа 2452, Ҳоким 4/200. Ҳадис саҳиҳлигини ҳофиз Бусайрий тасдиқлаган).