Фосиқ ва бидъатчининг орқасида намоз ўқиш
Савол: Ашъарий оқимига мансуб имомнинг орқасида намоз ўқилса бўладими?
Жавоб: Фосиқ ёки бидъатчининг орқасида намоз ўқиш равоми ёки йўқми? Бу – ихтилофли масъаладир. Айрим уламолар бу намознинг дуруст эмаслигини, бидъатчи ёки фосиқ орқасида ўқилган намозни қайтариб ўқиш зарурлигини, баъзилар улар орқасида нафл намоз ўқишни, кейин эса қайтариб ўқишни, бошқалар эса улар орқасида ўқилган намоз раво эканини айтдилар ва бу тўғридир. Тўғриси – фосиқ ва бидъатчи орқасида ўқилган намоз, у одамнинг фисқ ва бидъати куфрга олиб бормаслиги шарти билан, раводир. Агар куфрга олиб борса, унинг намози ботилдир. Яъни, Аллоҳдан бошқасига сиғинган, авлиё ва солиҳ кимсалар учун жонлиқ сўйган бутпараст ёки ҳулулий ёки иттиҳодий бўлса, унинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас.
Аммо у куфрга олиб бормайдиган даражада бидъатчи ёки фосиқ бўлмаса, намози раводир. Бунга далил шуки, саҳобалар Ҳажжожнинг орқасида намоз ўқидилар. Ҳолбуки, у золим ва фосиқ эди. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Саҳиҳ»ида шу ҳадис ҳам бор:
«Сизларга (имомлар) намоз ўқиб берадилар: тўкис ўқисалар сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам фойдасидир. Агар хато қилсалар сизларнинг фойдангиз ва уларнинг зараридир» – дедилар (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 694; Имом Аҳмад «Муснад», 2/ 355, 536).
Бироқ, фосиқдан бошқа имомни кўрсангиз, фосиққа иқтидо қилманг. Имом фосиқ ёки бидъатчи бўлса, унга имомлик учун моҳиёна тайинламаслик керак. Агар имом бидъатчи ёки фосиқ бўлса уни ишдан бўшатиш учун устидан давлат идораларига шикоят қилиш керак. Токи ашъарий ёки фосиқ эмас, салаф солиҳ – аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги одил имом тайинлансин.
Бироқ, бидъатчи ёки фосиқ орқасида намоз ўқиб қўйган бўлсангиз, бу намозингиз раводир. Аммо икки жамоатни кўрсангиз ва улардан бири бидъатчи ва фосиқ орқасида, иккинчиси эса (эътиқоди соғлом) бошқа одам орқасида намоз ўқиётган бўлса ва сиз биринчи имом орқасида намоз ўқисангиз, бунинг маъноси сизнинг мункар-гуноҳ ишга рози бўлишингиздир. Мункар ишни қайтаришнинг энг оз кўриниши – унинг орқасида намоз ўқимаслигингиздир.
Мункар ишдан қайтариш – фарздир. Агар мункарни тилингиз билан қайтара олмасангиз, мункарнинг оз кўриниши – унинг орқасида намоз ўқиманг! Агар унинг орқасида намоз ўқиб қўйган бўлсангиз, намозингиз, уламоларнинг икки фикрларидан соғломроғидан бирига кўра, бу бидъат ва фосиқлик катта куфр ёки катта ширкка олиб бормаслиги шарти билан, раводир. Агар катта куфр ва катта ширкка олиб борса, намози дуруст бўлмай, унинг орқасида намоз ўқилган бўлса, худди Аллоҳдан бошқасини чорлаган ёки авлиёлар учун жонлиқ сўйган ёхуд Аллоҳдан бошқасидан мадад сўраган ё солиҳ кишилар учун назрлар атаган ёхуд Аллоҳнинг жазоларини инкор этган ёки Аллоҳ махлуқотларига ҳулул қилган деган эътиқодда бўлган одамнинг орқасида намоз ўқилганидек, у намозни қайта ўқиш керак бўлади. Чунки, унинг намози раво эмасдир. Ундай одамнинг орқасида ўқилган намознинг қайта ўқилиши фарздир.