Admin   11-21-2010, 12:46 PM
#1
Ширкнинг хато маънолари

Тавҳид ва ширкнинг тафсир-изоҳини яхшилаб билиб олинглар! Чунки баъзи кимсалар борки, тавҳид ва ширкни ўзининг изоҳи билан изоҳламайдилар.
Баъзи кимсалар: ширк бу ҳукмдаги ширкдир, дейишади. Афсуслар бўлсинким ушбу сўз бугун кенг тарқалган. Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилиш ширк турларидан бири бўлиб, тоатдаги ширк деб аталади. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санашда махлуққа итоат қилиш ширк турларидандир. Бироқ бу ўринда ундан ҳам укланроқ ширк бор. У ҳам бўлса жонлиқ сўйиш, назр аташ, (қабрларни) тавоф қилиш ва улардан ўтиниб ёрдам сўраш билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишдир. Ширкнинг баридан огоҳлантиришимиз лозим. Бир турига эътибор қаратиб, ундан-да улкан ва даҳшатлироғи ташлаб қўйилмайди. Ва ширк фақат ҳукмдаги ёки сиёсатдаги ширк деб изоҳланмайди. (Ўшаларнинг) айтишича: қабрлар(га қарата қилинган ибодат сабабли бўлган) ширк оддий-аҳамиятсиз ширк эмиш. Ахир бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога журъат қилиш-ку. Ширк Аллоҳ таоло қайтарган нарсалари ичидаги энг улканидир. У (ширк) - У билан бирга ўзгасига ибодат қилиш. Ана шу ширкдир.
Яна ўшаларнинг баъзилари: ширк – мол-дунёга муҳаббат қўйиш, дейдилар. Аллоҳ таоло молни инсон табиатига севикли қилиб қўйди. «Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!» (Фажр: 20). «Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир» (Вал-Одиёт: 8). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз …. суюклироқ бўлса…»» (Тавба: 24).
Аллоҳ таоло: «Суюклироқ бўлса», деди. Яхши кўришларини инкор этгани йўқ. Бироқ буларни Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам муқаддам қўйишларини инкор қилди. Мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки бу табиий муҳаббатдир. Одамлар мол-дунёга муҳтожлар ва уни яхши кўрадилар. Демак, мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки у инсонлар ўзлари фойдаланадиган нарсаларини яхши кўришларидандир. Анави кимсалар эса ушбу сўзларни ё тавҳид ва ширкни таълим олмай жоҳил бўлганликлари сабабли, ё бўлмаса (тавҳиддан) батамом юз ўгириб, одамларни ушбу ҳақиқатлардан буриб, ўзларининг истакларига йўллашни хоҳлаганлари учун айтадилар. Аллоҳ таоло мақсадларни Билгувчироқдир.
Муҳими, ушбу (мол-дунёни яхши кўриш) ширк эмас. Ширк Аллоҳ билан бирга Ўзгасига ибодат қилиш ёки жонлиқ сўйиш, назр аташ, дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш, илтижо қилиб ёлбориш, хавф, умид қилиш ва бундан бошқалар каби ибодат турларининг бирортасини Аллоҳдан Ўзгасига сарф қилишдир. Ана шу энг улкан гуноҳ бўлмиш ширкки, у – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга Ўзгасига ибодат қилишдир. Чунки дуо Аллоҳ таоло айтганидек энг улуғ ибодатлардандир: «Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта, дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14). Ва яна шундай деди: «Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – У Зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 14). Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш ширкдир. Аммо анави кимсалар ширк, деб атаётган жузиётларга келсак, ундай эмас. Бироқ: ўша ишларнинг баъзиси ширк қисмларидандир. Ва бу ўринда улардан-да хатарлироқ ва муҳимроқ бўлган ширк турлари бор, деб айтилади. Чунки ширк ҳам турлича тафовутдадир. Баъзиси бошқасига нисбатан қаттиқроқ-оғирроқдир, Аллоҳ сақласин.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.