Admin   11-29-2013, 06:17 PM
#1
Таълимни мухтасар асарлардан бошлашлик

Уламолар ана шу (3 асос) каби мухтасар асарлар битишга аҳамият қаратиб, уни мухтасар ва мўъжазгина бўлиши учун кўп тиришишган. Сўнг талабаларининг зеҳнида ушбу рисолалар асос ва заҳира бўлиб, ўзлари ҳам ундан фойда олиб, ўзгаларга ҳам фойда улашишсин дея уларга ёдлаттиришган.
(Таълимни) ана шундай мухтасар асарлардан бошлашлик толиби илмлар учун асос (вазифасини ўтайди). Талаба илм олишда боқичма-босқич илдамлаб, илмнинг аслу асосидан бошлайди ва юқорилаб боради.
Ушбу мухтасар асарлар катта-катта китобларга элтувчи йўлдир. Мухтасар китобларни бирин-кетин, босқичма-босқич тушунмай туриб, катта-катта китобларни тушунишлик имконияти йўқдир. Шунинг учун ҳам (уламолар) Аллоҳ таолонинг ушбу: «Балки уларга: «(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, раббоний (ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар) бўлинглар», (демоғи лозимдир)» (Оли Имрон: 79) қовлидаги «Раббонийлар» борасида, улар катта илмий масалалардан олдин кичикларидан бошлайдилар. Ўзлари ва талабаларини кичик масалалардан бошлаб, (секин-аста) катта масалалар(га киришишлик билан) тарбия қиладилар, деб айтишган. Бу табиий бир жараёндир. Чунки ҳар бир нарса аслу асосидан бошланиб, сўнгра катта ва улканлашиб боради.
Илмга, унинг юқори томонидан ёндашадиган кимсага келсак, у бирор нарсага эришолмайди. Асослардан бошлаб, босқичма-босқич юқорилаб борадиган киши эса, Аллоҳнинг изни билан, саҳиҳ йўл ва соғлом йўналиш бўйлаб боради.
Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшиклардан кирингиз!» (Бақара: 189). Улар ойлар ҳақида, нима учун ой кичик бўлиб, сўнг аста-секин катталашиб, тўлгач, яна ўзининг олдинги кичик шаклига қайтади, деб сўрашганди. Шунда Аллоҳ таоло уларга итоб-таъна қилиб, ўзларига фойдали нарсалар ҳақида савол беришга ва илм дея аталмиш уйларга ўзининг эшикларидан киришга йўллаб қўйди.
Ойнинг ҳолатлари, катта ва кичик бўлиши ҳақида савол беришнинг улар учун фойдаси йўқ. Балки ҳожатманд бўлган нарсалари ҳақида савол бериш фойдалидир. Яъни, ойнинг фойдаларини билиб олмоқлик. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «У (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир», деб ойнинг фойдаларини баён қилди. Ойни Аллоҳ таоло одамлар учун вақт ўлчови қилиб бердики, унинг воситасида ибодат, муомалот ва муддатларни билиб борадилар.
Демак Аллоҳ таоло уларни ойнинг фойдаларига йўллаб қўйди. Уларнинг ой ҳақиқати ҳақидаги саволларига жавоб бермади. Чунки бунда улар учун фойда йўқдир. Ҳамда уларни сўрашлари лозим бўлган масалага йўллади. Демак илмга эшикларидан кириб борилади, юқори томонидан эмас, киши оз даражада эҳтиёж сезадиган фазилатли дея аталмиш масалалар ҳам эмас.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.