Ассаламу алейкум!
бу хадис сахих ми?
Моъиз ал-Асламий Ҳуззол ибн Нуъайм исмли киши қарамоғидаги етим йигит эди. Ўша жойдаги бир чўри қиз билан зино қилиб қўйди. Ҳуззол уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, қилган ишини ўзи айтиб беришга буюрди. Шояд бунинг учун истиғфор айтсалар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, Моъиз олдиларига келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгирдилар ва:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қил», дедилар. У эса, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам рўбарўларига ўтиб:
«Таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан яна юзларини ўгириб олдилар. У эса, яна рўбарўларига ўтиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени покланг! Мен зино қилдим», деди. Унга Абу Бакр Сиддиқ:
«Агар тўртинчи бор иқрор бўлсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени, албатта, тошбўрон қиладилар», деди. Аммо у ўз гапида туриб олди:
«Эй Аллоҳнинг Расули, шубҳасиз, мен зино қилдим, мени поклаб қўйинг», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эҳтимол ўпгандирсан, қучоқлагандирсан ёки қарагандирсан?» дедилар. У:
«Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У билан бирга ётдингми?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа», деди. У зот:
«Унга яқинлик қилдингми?» дедилар. У:
«Ҳа», деб жавоб қайтарди. У зот:
«Уни ўзингга жамладингми?» деб сўрадилар. У яна:
«Ҳа», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат жинсий яқинликка ишлатиладиган иборани қўлладилар. Бошқа ҳеч ерда, ҳеч қачон бу иборани ишлатмаган эдилар. Чунки бировнинг ўлимига ҳукм чиқариш осон эмас эди.
У эса, ўша саволга ҳам:
«Ҳа», деб жавоб берди. У зот:
«Сурма чўпи сурмадонга кирганга ўхшаб-а?» дедилар. У:
«Ҳа», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан:
«Зинони биласанми ўзинг?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа, биланман, мен унга ҳаром алоқа қилдим, эркак ўз хотини билан қилса ҳалол бўладиган алоқани қилдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳда бўлганмисан?», дедилар. У:
«Ҳа», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги саҳобалардан:
«Бу ўзи жинни эмасми?» деб сўрадилар.
Улар унинг мажнун эмаслиги ҳақида хабар бердилар. Сўнгра:
«Ароқ ичганинг йўқми?» деб сўрадилар.
Шунда бир одам туриб бориб, унинг оғзини ҳидлаб кўрди. Ундан ароқ ҳиди ҳам келмади.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуззолга:
«Агар буни беркитганингда ўзингга яхши бўлар эди», дедилар. Сўнгра тошбўрон қилишга амр этдилар. Мадинанинг ташқарисида тошбўрон қилинди. У тошбўроннинг аламини тотганда бақира бошлади:
«Эй қавм, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариб олиб боринглар! Мени қавмим ҳалок қилди, алдашди, мени Расулуллоҳ қатл қилмасликларини айтишган эди!» деди.
Лекин одамлар уни то ўлгунича тошбўрон қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у тошбўрон аламидан додлаб, ўлимдан қочгани зикр қилинганида, у зот:
«Қўйиб юборсангиз, Аллоҳга тавба қилса, тавбаси қабул бўлармиди», дедилар».
«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-Зариёт: 56)