Admin   04-19-2012, 08:37 PM
#1
33-ТАНҚИД
191-192 саҳифаларда сўфийларнинг «зикр халқаси» деб аталадиган халқаларга йиғилишларини қўллаб-қувватлади. Бу йиғилишларни қоралайдиган бирор бир монеълик йўқ, деб гумон қилди ва зикр шариатда жоиз ишлардан деди.
Биз унга раддия бериб айтамиз: Зикр албатта шаръий амалдир, аммо Китоб ва суннатда ворид бўлган сифатда бўлишлиги лозимдир. Зикр учун бир ҳолат ўйлаб топиш, жамоат зикрлари ва сўфийларнинг вирдлари кабилар – бунга бирор далил йўқдир. Балки, унга баъзида ширк сўзлар ҳам аралашади ва бу бидъатлигида шак-шубҳа йўқдир. Бу халқаларни ўтказаётганлар бидъатчидирлар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларига дохил бўладилар: «Ким биз буюрмаган ишни қилса, у мардуддир (қайтарилган)».
Бир нарса аслида шариатда жоиз бўлади, аммо уни амалга ошириш сурати далилга асосланган кўринишда бўлмаса бидъат бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфа масжидида тўпланганларни рад қилдилар. Уларнинг орасида бир киши бор эди, у айтарди: «Юз марта субҳаналлоҳ, денглар. Юз марта алҳамдулиллаҳ, денглар. Юз марта ла илаҳа иллаллоҳни айтинглар». (Бу ишни рад қилдилар), чунки бу сурат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан эмас.


Шайх Солиҳ Фавзон сўзларининг охирида эслаб ўтган ҳадис мана бу ҳадисдир:
Доримий «Сунан» китобларининг муқаддимасида (1/286-287), Амр ибн Яҳёга бориб тақаладиган санад билан ривоят қиладилар. У киши (Амр ибн Яҳё) айтадиларки: «Отам оталаридан шундай ривоят қилганларини эшитганман. У киши (боболари) айтадиларки: Биз бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эшиклари олдида ўтирардик. У киши (уйдан) чиқсалар масжидга бирга борар эдик. Шунда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу келиб, айтдиларки: «Абу Абдурроҳман олдингизга чиқдиларми?» Биз: «Йўқ, ҳали (чиқмадилар)», дедик. У киши чиққунларигача биз билан ўтирдилар. (Уйдан) чиққанларида барчамиз у киши (томонга қараб) турдик. Абу Мусо у кишига айтдиларки: «Эй Абу Абдурроҳман, мен боя масжидда ўзим норози бўлган бир ишни кўрдим. Аллоҳга қасамки, унда бирор яхшилик бор деб билмайман».
Абдуллоҳ ибн Масъуд: «У нима экан?», дедилар. Абу Мусо: «Биз билан юрсангиз кўрасиз», дедиларда (воқеани) айтиб бердилар: «Масжидда ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирган бир қавмни кўрдим. Намозни кутиб ўтиришарди. Ҳар бир ҳалқада қўлларида майда тош бўлган бир киши бўлиб, шундай дерди: юз марта Аллоҳу Акбар деб айтинглар. (Атрофидагилар) юз марта Аллоҳу Акбар дейишарди. Юз марта Ла илаҳа иллаллоҳ денглар деса, ҳалигилар ҳам юз марта Ла илаҳа иллаллоҳ дейишарди. Юз марта субҳаналлоҳ денглар, деса, ҳалигилар ҳам юз марта субҳаналлоҳ дейишарди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Уларга нима дедингиз?», дедилар. Абу Мусо: «Уларга сизни райингизни ёки сизни амрингизни кутайчи деб бирор гап гапирмадим», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Уларга қилган ёмон ишларини санашни буюриб, шунда яхши ишлари зое бўлмаслигини гаровини бермабсиз-да», дедилар. Сўнг у киши билан то ўша ҳалқалардан бирини олдига келгунларича бирга юрдик. Уларни тепасида тўхтаб: «Мен кўриб турган, бу қилаётган ишингиз нимаси?», дедилар. Улар: «Эй Абу Абдурроҳман, бу майда тошлар бўлиб, булар билан такбир, таҳлил ва тасбиҳ айтиб ўтиргандик», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтдиларки: «Қилган ёмонликларингизни санасангизчи. Шунда мен ҳасанотларингиздан бирор нарса зое бўлмаслигини гаровини бераман. Ҳолингизга вой бўлсин эй Муҳаммад уммати! Ҳалокатингиз намунча тез бўлмаса! Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари (атрофингизда) кўп бўлсалар. Пайғамбарингизнинг кийими ҳали эскирмаган, идиши эса синмаган бўлса. Нафсим Уни Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра тўғрироқ миллатдамисизлар ёки залолат эшигини очувчимикинсизлар?!»
Улар: «Аллоҳга қасамки, эй Абу Абдурроҳман, биз фақат яхшиликни истаган эдик», дейишди.
У киши: «Қанчадан-қанча яхшилик истагида юрганлар борки, бироқ ҳаргиз унга етишолмайдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир қавм ҳақида айтганларки, улар Қуръон ўқийдилар, бироқ у (ўқиганлари) бўғизларидан нарига ўтмайди. Аллоҳга қасамки, эҳтимол ўшаларни кўпи сизларни ичингиздан бўлса керак деб ўйлайман», дедилар. Сўнг улардан бурилиб кетдилар.
Амр ибн Салама айтдиларки: «Ўша ҳалқаларнинг аксарини Наҳровон куни хаворижлар билан бирга бизга қарши уруш олиб бораётганларини кўрдим»
.
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.