Admin   06-21-2010, 10:32 PM
#1
Ражаб ойи арафасида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг...
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Quote:Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.
Дарҳақиқат, борлиқнинг Яратувчиси кўпгина кун ва ойлар орасидан баъзи кун ва ойларни танлади, ҳамда уларни қолганларидан олий қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан баъзи ойларни «ҳаром» қилди.
«Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Қасас: 68).
Ўша «ҳаром» ойларнинг бири Ражаб ойидир. «Ҳаром» ойлар ҳақида Қуръони Каримда айтилган: «Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).
Оятда зикр қилиб ўтилган тўрт ҳаром қилинган ой – бу Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррамдир. Бу ҳақда Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда зикр қилиб ўтилган. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: «Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) Жумодо ва Шаъбоннинг орасидаги Музарнинг Ражабидир» (Бухорий, 4662; Муслим, 1679).
«Ҳаром» қилинган ойлар қолган ойлар орасида ўзига хос ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!» (Моида: 2).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).
Ушбу ойлар икки сабабга кўра «ҳаром» деб ном олган:
1. Бу ойларда қуролли ҳаракатлар қилиш ҳаромдир, агар фақатгина душман ўзи урушни бошламаса.
2. Бу ойларда гуноҳ қилиш ҳаромлиги янада қаттиқроқ бўлади.

Ражаб ойида рўза тутишнинг ҳукми

Бу ойда рўза тутишга келсак, Ражаб ойида рўза тутишнинг ўзига хос хусусияти ёки фазилатига далолат қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис, у зотнинг саҳобаларидан бирорта ҳам саҳиҳ ривоят ворид бўлмаган. Баъзи мусулмонларнинг ушбу ойнинг маълум кунларини рўза тутиш учун хослаб, бу амалда фазилат бор деб таъкидлаши, шариатда бирорта ҳам асосга эга эмас. Ражаб ойининг ўзига хос хусусият ёки фазилатига далолат қилувчи барча ҳадислар ёки заиф, ёки (мавзу) тўқимадир. Бу ҳақда Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтганлар («Маджмуъ ал-фатава», 25/290). Фақатгина Абу Довуд ривоят қилган ҳадисни ҳисобга олмаса: «Ҳаром ойларда рўза тут ва ифторлик қил» (Абу Довуд, 2428, шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадисни заиф дедилар). Ушбу ҳадисни ҳасан деб ҳисоблайдиганлар учун эса унда (ҳадисда) Ражаб ойини ўз ичига олувчи ҳаром қилинган ойларда рўза тутиш мустаҳаб эканлигига кўрсатма бор. Ҳадисда Ражабни қолган ойлардан ажратишга ва уни ўзига хос фазилатига кўрсатма йўқ.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ражаб ойининг фазилати тўғрисида, бу ойда рўзанинг фазилатли эканлиги, ёки шу ойнинг баъзи кунларида рўза тутиш афзаллигига далолат қиладиган, ёки баъзи бир кечаларида махсус таҳажжуд намозлари ўқилишига ҳужжат бўлишга арзийдиган саҳиҳ ҳадис келмаган. Бундай қатъий фикрга мендан аввал имом Абу Исмоил ал-Ҳаравий раҳматуллоҳи алайҳ келганлар. Шунингдек, бу фикр, саҳиҳ ровий силсиласига эга бўлган бошқа уламоларнинг фикридир… Ражабнинг фазилати, ёки ушбу ойда рўза тутишнинг фазилати, ёки ушбу ойнинг маълум кунларида рўза тутишнинг фазилатига далолат қилувчи ҳадисларга келсак, уларда ўша фазилат ва ўзига хос хусусиятлар аниқ, очиқ-ойдин айтилган. Бироқ ўша барча ҳадисларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: заиф ва мавзу» («Табиъин ал-аъжаб бима варада фазл Ражаб», 11). Кейин Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўз китобларида Ражаб ойи фазилати мавзусида ўн битта заиф ва йигирма битта мавзу ҳадисни жам қилдилар. Мисол тариқасида шу каби ҳадислардан бирини келтиришимиз мумкин: «Ражаб ойининг бошқа ойлардан устунлиги, Қуръоннинг бошқа сўзлардан устунлиги кабидир» (Мавзу ҳадис, бу ҳақида Ибн Ҳажар айтади. Ушбу ҳадисни Ибн ал-Жавзий ўзининг «Тўқима ҳадислар» номли китобида келтиради, 2/576-581).

Ражаб ва Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутиш ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ражаб ойида тўлиқ рўза тутганлари ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлари ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Бундан ташқари саҳобалардан бирорталари ушбу икки ойда тўлиқ рўза тутганлари бизга етиб келмаган. Саҳиҳ ҳадислардан шу нарса маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойидагина тўлиқ рўза тутганлар. Саҳиҳ ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам рўза тутсалар энди (бу ой охиригача) рўзаларини очмас эканлар деб ўйлаб қолардик, рўза тутмай юрсалар энди тутмас эканлар деган ҳаёлга борардик. Рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман, Шаъбон ойида эса бошқа ойлардан кўра кўп рўза тутганларини гувоҳи бўлганман» (Бухорий, 1969; Муслим, 1156 (175)).

Ражаб ойида Умра қилиш

Ражаб ойини Умра амалини бажариш учун хослаш, бу ойда қилинган Умрага қандайдир фазилатни дохил қилиш мумкин эмас. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Ражаб ойида Умра қилганлари, ёки ушбу амалнинг фазилати ҳақида айтганлари саҳиҳ далилларда ворид бўлмаган. Мужоҳид (тобиинлардан бири) деди: «Биз мўминларнинг онаси Оиша ўз ҳужраларида тишларини тозалаётганларини эшитиб қолдик ва Урва деди: «Эй онажон, эй мўминларнинг онаси, Абу Абдурраҳмон (Ибн Умар) нима деяётганини эшитдингизми?» Улар сўрадилар: «Нима деяётган экан?» (Урва) деди: «Унинг айтишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта Умра қилган эканлар, (шунингдек) – бир марта Ражабда». (Бунга) улар дедилар: «Абу Абдурраҳмонни Аллоҳ раҳматига олсин! (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) усиз бирор марта Умра қилмадилар. Бироқ улар ҳеч қачон Ражабда Умра қилмаганлар!»» (Бухорий, 1776). Шунингдек Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг фатволарида айтадилар: «Ражаб ойининг баъзи кунларини Умра қилиш учун, ёки бошқа бирор ибодат турларини бажариш учун хослашга келсак, буларнинг барчаси Исломда ҳеч қандай асоси йўқдир. Бу ҳақда имом Абу Шома ўзларининг «Ал-Бидъа вал Ҳавадис» китобларида таъкидлаб ўтганлар. Уларнинг айтишларича, бирор вақтни маълум ибодат турларини бажариш учун хослаш, агар у шариат томонидан хосланмаган бўлса, мумкин эмас. Чунки маълум бир вақтнинг бошқа бир вақтдан афзаллик тарафи йўқ, илло бунга шариат кўрсатмаси бўлса ва унга (вақтга) ўзига хос хусусиятларни дохил қилган бўлса бундан мустасно. Шунинг учун ҳам Ражаб ойини кўп сонли Умра қилиш учун хослашликни уламолар танқид қилдилар. Ушбу ойда (Умра қилишда) бирор фазилат бор деб эътиқод қилмаган ҳолда ёки шунчаки сафари Ражаб ойига тўғри келиб қолган ҳолда Умра қилишга отланган кишига тўхталсак, бунда ҳеч қандай ножуялик йўқдир».

Рағойиб намози

Ушбу намоз Ражаб ойининг биринчи жума тунида ўқиладиган, баъзи лўттибозлар ўйлаб чиқарган намоздир.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «Бу кўпгина танбеҳга лойиқ нарсалардан иборат бўлган ҳунук ва танбеҳга лойиқ бидъатдир. Ушбу бидъатни тарк этиш ва уни бажарувчиларни танбеҳ қилиш вожибдир» («Имом Нававий фатволари», 57-бет).
Аллома Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Рағойиб намози – уламо-имомларнинг ижмосига кўра бидъатдир. Чунки бу намозни адо этиш на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан, на у зотнинг халифалари томонидан буюрилган. Имом Молик, Шофиъий, Аҳмад, Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий, Лайс ва бошқа бирор дин имоми ушбу намозни ўқишни оқламади. Рағойиб намози ҳақида келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра ёлғондир» («Мажмуъ ал-фатава», 23/134).
Ибн Наххас раҳимаҳуллоҳ деди: «Бу (рағойиб намози) бидъатдир. Бу ҳақда келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра мавзудир (тўқиб чиқарилгандир)» («Танбиҳ ал-Ғофилин», 496).
Аллома Тартуший ушбу бидъатнинг бошланишини изоҳлаб, деди: «Менга Абу Муҳаммад ал-Мақдисий хабар берди: «Ражаб ва Шаъбон ойида адо этиладиган рағойиб намози Байт ал-Мақдисда (Ақсо масжидида) умуман мавжуд бўлмаган. Илк бор уни бизда 448 (ҳижрий) йил ўйлаб топишди. Бу иш бизнинг Байт ал-Мақдисга Набилисдан, Ибн Абу Ҳамра исми билан танилган инсон келганда содир бўлди. У Қуръонни ажойиб тиловат қилиши билан ажралиб турар эди. Айни ўша Ақсо масжидида илк бор Шаъбоннинг ўртасида тунги намоз адо этди... Ражаб ойида адо этиладиган намозга келсак, уни илк бор бизнинг Байт ал-Мақдисда 480 (ҳижрий) йилдан сўнг адо этила бошлади»» («Ал-ҳавадис вал бидъа», 103).
Шунингдек рағойиб намози хусусидаги ҳадис ҳақида ва у мавзу (тўқиб чиқарилган) эканлиги ҳақида Ибн ал-Жавзий, Абу ал-Хаттоб, Абу Шома, Ибн Ражаб, Абу ал-Фазл ибн Наср ва бошқалар ўзларининг асарларида зикр қилиб ўтганлар.

Исро ва Меърож кечасини нишонлаш

Ушбу маросим Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида нишонланади, гарчи на ушбу кун (Исро ва Меърож) санаси ҳақида ва на уни нишонлаш шаръий эканлиги ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ маълумот бўлмаса ҳам. Шунингдек, тарихчилар орасида ушбу ҳодиса санаси хусусида катта ихтилоф мавжуд. Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда деди: «(Баъзи китобларда) келтирилишича, Ражаб ойида аҳамиятли ҳодисалар бўлиб ўтган экан. Бироқ бу борадаги бирорта маълумот саҳиҳ эмас. Келтирилишича, гўёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойнинг биринчи кечасида туғилган эканлар, ёки у зот Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида пайғамбар бўлган эканлар. Баъзиларнинг айтишича, бу воқеа йигирма бешинчи кун содир бўлган экан. Бироқ буларнинг барчаси саҳиҳ эмас» («Латоиф ал-Маъариф», 233).
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан Ражаб ойининг йигирма еттинчи куни рўза тутиш ва ушбу тунни бошқа тунлардан тунги намоз ўқиш билан хослашлик ҳақида сўрашди. Бунга улар жавоб бердилар: «Ражаб ойининг йигирма еттинчи куни рўза тутиш ва ушбу тунни тунги намозлар учун хослашлик диндаги бидъатдир. Барча бидъат эса залолатдир» (Ибн Усаймин, «Мажмуъ ал-фатава», 20/440).
Бундан ташқари, баъзилар ушбу ойнинг фазилатига ишонган ҳолда, қўшимча равишда турли ибодатлар бажаришади: садақа бериш, қурбонлик қилиш ва ҳоказо. Бироқ, юқорида зикр қилиб ўтилганидек, биз ўзимиз учун маълум кунларни хослаб олишимиз ва у кунга маълум ибодатларни хослашимиз мумкин эмас ва бунга ҳаққимиз йўқ. Чунки биз мусулмонлар ибодат масаласида фақатгина Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатига қатъий эргашишимиз лозим. Агар бирор нарса ушбу икки асосга (Қуръон ва Суннатга) мувофиқ келмаса, инсон ушбу бидъатни яхши ёки ёмон мақсадда бажараётганидан қатъий назар, у рад қилинади. Чунки Аллоҳ таоло ўзининг динини бизга комил равишда етказди ва бу комил диндир. Ислом қўшимчаларга ва қисқартиришларга муҳтож эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламларида ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий, 2697). Муслимда эса ривоят қилинишича: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади» (Муслим, 1718).
Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: унда ҳаром қилинган Ражаб ойида нима қилиш мумкин?! Жавоб оддий: шу нарсани англаш керакки, ушбу ой ҳаром қилингандир. Шунинг учун ҳам гуноҳларни тарк қилиш ва солиҳ амалларни бажаришга жиддий киришмоқ керак. Аллоҳга тавба қилиш керак. Саҳиҳ суннатда собит бўлган нафл рўза тутиш орқали, Аллоҳ таолодан буюрилган ибодатларни бажаришга соғлик ва куч сўраш орқали Рамазон ойига тайёргарлик кўриш керак.
Аллоҳ таолодан фойдали илм, ихлос ва солиҳ амалларни сўраб қоламиз. Шояд Қиёмат куни муваффақиятга эришганлар сарасидан бўлсак! Омин.
Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.

Ражаб ойи арафасида
Admin   06-21-2010, 10:40 PM
#2
Ражаб ойи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биз инсонлар фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишлигимиз учун бизга самодан шариат нурини тўкди, китоб туширди, Пайғамбарлар ва Расуллар жўнатди.
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
«Аниқки биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Ибодат ёлғиз Аллоҳгагина хос бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўлларига мос келмаса, ибодат деган номга сазовор бўла олмайди. Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида мана бундай марҳамат қилади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)»» (Каҳф: 110).
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Амал тўғри ва холис бўлмоғи лозим. Тўғри (суннатга мувофиқ) бўлиб холис бўлмаса, Аллоҳ ҳузурида қабул эмас. Холис бўлиб, тўғри (суннатга мувофиқ) бўлмаса ҳам мақбул эмасдир» деган эканлар.
Бугунги кунда баъзи мўмин-мусулмонларнинг аҳволига қараб ҳайрон қоласан. Ҳар бир минтақа, шаҳар, қолаверса маҳалланинг ўзига хос ибодат деб биладиган амаллари бор, гарчи ибодатга заррача алоқаси бўлмаса ҳам. Шу амалларнинг орқасидан бечоралар савоб умид қиладиган ибодатлари бор. Бундай амаллар қаерлардан келиб қолган экан?! Балки халқимизнинг илмсизлиги, ёки бўлмаса эски урф-одатларнинг яхши ёмонига қарамай ҳаммасини бирданига жорий қилишганлигиданмикин?! Балки бу тарзда амал қилиш кимгадир моддий, кимларгадир яна бошқа фойда келтирётгандир?! Валлоҳу аълам.
Қўйида мана шу «ибодат»лар жумласидан баъзи бир мусулмонлар ражаб ойида қилган амалларини мисол қилиб келтиришимиз ўринлидир. Аммо биринчи ражаб ойи нима учун ражаб деб номланди, ражаб ойининг маъноси ҳақидаги қисқача маълумотларга тўхталиб ўтишлигимиз мақсадга мувофиқ деб топдик.

Биринчи: Ражабнинг маъноси

Ражаб - араб тилида (Ражиба رجب) феълидан олинган бўлиб, улуғлаш маъносини англатади. Жоҳилият даврида Макка мушриклари Ражаб ойини шундай атаган эдилар. Чунки улар бу ойни улуғ ойлардан деб билиб, бу ойда қурол кўтармас, жанг қилмас эдилар. Демак, Ражаб ойи улуғ ой деган тушунча шундан келиб чиққан экан.

Иккинчи: Бу ойда қилинадиган баъзи бидъат амаллар ёки «ибодатлар»

1 - Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасини кутиб олиш:
Баъзилар уни «Меърож кечаси» деб ҳам аташади.
Меърожнинг айнан шу кунда содир бўлганлиги ҳеч бир саҳиҳ манбаларда айтилмаган. Хўш, бу умматнинг улуғлари шундай «муҳим» кунни умматдан яшириб ўтиб кетдимикин?! Ёки бўлмаса шундай «улуғ кун» борлигидан бехабар қолишдими?! Во ажаб!
Ҳаммамизга маълумки, шариатимизда муҳим бўлган кунларга катта эътибор қаратилади. Жумладан икки ҳайит, қурбон ва рамазон ҳайитларининг қачон бўлишлиги, қандай аниқланишлиги, агар янги ойни булут қоплаб уни кўришни имкони бўлмай қолса, қандай ечим борлиги. Хуллас ҳайит, арафот кунлари аниқланиши учун қанчалар ҳадис келгани тўғрисида фикр юритайлик. Нима учун Ражаб ойи тўғрисида битта саҳиҳ ҳадис топилмади? Ёки Ражаб ойи баъзилар эътибор бергани сингари эътиборли эмасмикин?!
Бинобарин, Ражаб ойининг қачон содир бўлганлиги бизга муҳим эмас ва у кунда қилинадиган амаллар ҳам, агар далилларга биноан бўлмас экан, ибодат эмас. Шариатда далилларга тўғри келмаган «ибодат»ларни қисқа қилиб айтганда бидъат дейилади. Билмадим, Меърож кечаси қачон содир бўлгани аниқ бўлганида бундан ҳам кўпроқ бидъатлар келиб чиққан бўлармиди?! Балки эсдан чиқарилганлигининг ҳикмати шундадир?!
Агарда бу борада умматга заррача фойдаси тегадиган амал бўлганида, ҳар бир ҳадисини ёзиш учун Аллоҳга икки ракат истихора намозини ўқиган Бухорий сингари олимлар, йўқ имом Бухорийдан ҳадис илмида минг чандон ортиқ бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек саҳобалар шубҳасиз баён қилиб ўтган бўлар эдилар.
2 - Ражаб намози (Рағоиб намози):
Ражаб ойида қилинадиган амаллардан яна бири, ойнинг биринчи жума кечасида ўқиладиган 12 ракат намоздир. Ушбу намоз тўғрисида узундан-узун ёлғон ҳадис келган. «Ҳадис»да айтилишича кимки шу намозни ўқиса, сўнг тилагини тиласа, барча тилаги қабул қилинар эмиш. Бу ҳадисни уламолар барчалари бир овоздан ёлғон, тўқима ҳадис деганлар.
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни: «Барча китоблардан текшириб чиқдим, бирортасида ҳам топмадим» дейдилар.
Имом Шавконий бу ҳадисни зикр қилиб: «Бу ҳадис тўқима ҳадис бўлиб, ҳадис олимлари бир овоздан ёлғон деганлар», дедилар.
Бу намознинг ҳукми:
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ниҳоятда мункар амал бўлиб, буни илмсиз жоҳиллар тўқиб чиқарганлар, уларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилсин. Олимларимиз бу амални нотўғри эканлигини, бунга эргашувчилар адашган кимсаларлигини жуда кўп ўринда баён қилиб ўтишган», дейдилар (Муслимнинг шарҳи: 8/20).
Шайхулислом Ибн Таймийя раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу амал асоссиз бир амалдир, уни на жамоат билан ва на алоҳида амалга ошириб бўлмайди», деганлар (Фатово: 23/123).
Яна бир ўринда аллома шайхулислом: «Бу намозни Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик, Аҳмад, Саврий, Авзоий ва Лайс каби имомларимиздан ҳеч бирлари жоиз демаганлар. Бу тўғридаги ҳадис эса маърифат аҳллари наздида бир овоздан ёлғон деб топилган», дейдилар (Фатово: 23/123).
3 - Ражаб ойи рўзаси:
Ражаб ойининг ҳаммасини ёки баъзи кунларини ўзига хос фазилати бор деб рўза тутиш ҳам шу ойнинг бидъат амаллари жумласидандир.
Имом ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Ражаб ойининг фазилати тўғрисида, бу ойда рўзанинг фазилатли эканлиги ёки шу ойнинг баъзи бир кунларида рўза тутиш афзаллигига далолат қиладиган, ёки баъзи бир кечаларида махсус таҳажжуд намозлари ўқилишига ҳужжат бўлишга арзийдиган ривоят келмаган. Бундай қатъий фикрга мендан олдин имом Абу Исмоил Ал-Ҳаравий раҳматуллоҳи алайҳ келганлар» дейдилар.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳдан олдин ўтган олимлардан бири, Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу масалага тўхталиб, бундай дейдилар: «Ражаб ойида намоз, рўза ёки баъзи ражаб кечаларида махсус намозлар фазилати тўғрисида келган ҳар қандай ривоят тўқима, ёлғон ривоятдир».
4 - Ражаб ойида Умра қилиш:
Ражаб ойида Умра қилса афзал бўлади, деган масалага тўхталиб ўтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган амалларини мисол қилиб келтиришдан нарига ўта олмаймиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сақланиб қолган хабар шуки, у киши ҳижратдан кейин тўрт марта Умра қилдилар. Тўрттала Умра ҳам Зул-қаъда ойида содир бўлган эди. Ўйлаймизки ҳар бир мусулмон дин амалларини аъло суратда бажаришга ҳар қанча уринмасин, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлардан афзал амал қила олмаслигини яхши англайди. Шундай экан, нима учун биз улуғларимиз бизга ўргатмаган амалларга қаттиқ эътибор берамизу, динимизда энг долзарб мавзулардан ғафлатда қоламиз?!
Ҳаммамизни Аллоҳ таоло ҳидоятга бошласин, динда бизга динни ўргатганлардек амал қилишни насиб этсин. Амалларимизнинг самарасига бидъат номли қуртлар тушиб, бебарака амалга айлантирмасин. Аллоҳ карами кенг марҳаматли зотдир!

Ражаб ойи
Admin   06-21-2010, 10:48 PM
#3
Ражаб ойидаги бидъатлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бидъат – Аллоҳнинг Китоби ва Суннатга хилоф бўлган жиддий масалалардан биридир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин комил бўлганидан кейингина вафот этдилар. Аллоҳ айтади:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий ва Муслим ривояти). Имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади».
Баъзи одамлар ражаб ойида бир қатор бидъатларни тўқиб чиқардилар. Улар қуйидагилар:
1. Рағойиб намози. Ушбу намоз аввалги ва афзал асрлар ўтганидан кейин кенг тарқалди, айниқса тўртинчи ҳижрий асрдан сўнг. Баъзи одамлар ражаб ойининг аввалги кечасида ўқиладиган ушбу намозни тўқиб чиқардилар. Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Рағойиб намози – уламоларнинг ижмосига кўра бидъатдир. Улар имом Молик, Шофиъий, Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий, Лайсий ва бошқалардир. Бу ҳақида келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра мавзудир (тўқима)».
2. Ражаб ойида содир этилган бир қатор муҳим воқеалар келтирилади. Бироқ ушбу хабарларнинг бирортаси ҳам саҳиҳ эмас. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ражабнинг биринчи кечасида туғилган эканлар. Шунингдек, у зотга пайғамбарлик вазифаси ушбу ойнинг йигирма еттинчи ёки йигирма бешинчи санасида юклатилган экан. Юқорида зикр қилинганларнинг бирортаси ҳақиқат эмас. Ҳадис ровийлари силсиласи заиф бўлган ҳадисда, Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади, Исро воқеаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида содир бўлган экан. Ушбу (сана) Иброҳим Ҳарбий ва бошқа (муҳаддис)лар тарафидан рад қилинган. Ушбу ойдаги бидъатлар орасида Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг Меърож воқеаси ҳақидаги ҳикояни ўқиш, ушбу воқеани ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида нишонлаш, ёки атайин шу кечани нафл ибодатларни бажариш учун хослаш ўз ўрнини топган. Масалан, қиёмул лайл (тунги намоз) ўқиш, ёки ўша кун мобайнида рўза тутиш, ёки тантана ва байрамлар ўтказиш. Шунингдек, баъзи байрамларда қатъий ҳаром бўлган амаллар содир этилади: (бегона) эркак ва аёлларнинг аралашиши, (ҳатто) Ислом жорий қилган икки катта байрамда (Рамазон ва Қурбон ҳайити) рухсат берилмаган қўшиқ ва мусиқа, бошқа тўқима тантаналарни гапирмаса ҳам бўлади. Бунга яна, Исро ва Меърож кечаси айни шу санада содир бўлганига ҳеч қандай далил йўқ эканини қўшишингиз мумкин. Ҳатто агар бу нарса исботланганида ҳам, буни тантана ўтказиш билан нишонлашга ҳеч қандай сабаб йўқ. Чунки на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, на у зотнинг саҳобаларидан, на ушбу умматнинг салаф солиҳларидан бу борада бирор нарса ривоят қилинмаган. Агар бу ишда яхшилик бўлганида эди, улар албатта биздан аввал бажарган бўлар эдилар. Аллоҳ Ўзи бизга ёрдам берсин!
3. Ражаб ойининг ярмида «Умму Довуд» деб номланган намозни адо этиш.
4. Атайин ражаб ойида ўқиладиган барча дуолар сохта ва тўқимадир.
5. Ражаб ойида атайин мозорларни зиёрат қилиш бидъатдир. Чунки мозорни йилнинг хоҳлаган вақтида зиёрат қилиш мумкин.
Биз Аллоҳдан У муқаддас қилган нарсаларни улуғловчилардан ва Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Суннатларига зоҳиран ва ботинан эргашувчилардан қилишини сўраймиз. Чунки Унгагина дуо билан мурожаат қилишимиз керак ва У бизга бу нарсани бера олади. Дуоимиз охирида айтамизки: «Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!»

Abdulloh Salafiy   06-22-2010, 09:33 AM
#4
Barakallohu fiykum

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Admin   07-10-2010, 07:57 AM
#5
Ражаб ойида умра қилиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳадислар шунга далолат қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида умра қилмаганлар. Чунки, ривоят қилинишича Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ деди: «(Кунларнинг бирида) биз Урва ибн Зубайр билан масжидга кирдик ва у ерда Абдуллоҳ ибн Умарни кўрдик, Аллоҳ у иккисидан рози бўлсин. У Оиша ҳужраси (деворига) суяниб ўтирган эди. (Урва) ундан сўради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча марта умра қилганлар?» У (Ибн Умар) деди: «Тўрт марта ва улардан бирини ражаб (ойида)». Биз эса унга эътироз билдиришни истамадик. Шунда биз мўминларнинг онаси Оиша ўз ҳужраларида тишларини тозалаётганларини эшитиб қолдик (бу ерда мисвокнинг овози эшитилгани назарда тутилмоқда) ва Урва деди: «Эй онажон, эй мўминларнинг онаси, Абу Абдурраҳмон (Ибн Умар) нима деяётганини эшитдингизми?» Улар сўрадилар: «Нима деяётган экан?» (Урва) деди: «Унинг айтишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилган эканлар, (шунингдек) – бир марта ражабда». (Бунга) улар дедилар: «Абу Абдурраҳмонни Аллоҳ раҳматига олсин! (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) усиз бирор марта умра қилмадилар. Бироқ улар ҳеч қачон ражабда умра қилмаганлар!»» (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳ» Муслимда ривоят қилинишича, Ибн Умар буни эшитиб тасдиқламади ҳам, рад ҳам қилмади. Имом Нававий ёзади: «Оиша (Ибн Умар) айтганини рад қилганида Ибн Умарнинг сукут қилиши шу нарсага далолат қиладики, у ёки чалкашиб кетди, ёки унутди, ёки шубҳа қилди». Шундай экан, ражаб ойини умра қилиш учун хослаб танлаш ва ражабда умра қилиш ўзига хос фазилатга эга деб эътиқод қилиш бидъатдир. Бу борада бирор нарса ривоят қилинмаган. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ражаб ойида умра қилганлари ҳақида бирор жойда маълумот келмаганини гапирмаса ҳам бўлади.
Шайх Олий ибн Иброҳим ал-Аттор (724 ҳижрий йилда вафот этган) деди: «Макка шаҳри аҳолисидан, Аллоҳ уларнинг мартабасини олий қилсин, эшитган нарсаларимдан бири шу бўлдики, улар ражаб ойида кўп умра қилар эканлар. Бу асоси менга номаълум бўлган амалдир. Менга маълум бўлган нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда айтадилар: «Рамазондаги умра, ҳаж билан баробардир» (Бухорий ва Муслим ривояти)».
Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг фатволарида айтадилар: «Ражаб ойининг баъзи кунларини ҳар қандай солиҳ амалларни бажариш, зиёрат, ёки бошқа бирор нарса учун хослашга келсак, буларнинг барчаси (шариатда) асоси бўлмаган нарсадир. Чунки, бу ҳақида имом Абу Шома ўзларининг «Ал-Бидъа вал Ҳавадис» китобларида таъкидлаб ўтганлар: «Шариат томонидан хосланмаган вақтда ибодат турларини хослаб бажариш хатодир. Ҳеч бир вақтни бошқа бир вақтдан афзал кўриш мумкин эмас. Илло шариат маълум ибодатни маълум вақтда бажаришни афзал кўрган, ёки ҳар қандай солиҳ амални айни ўша вақтда бажариш бошқа ҳар қандай вақтда бажаришдан афзал эканига шариат томонидан кўрсатма бўлса бундан мустасно. Шунинг учун ҳам Ражаб ойини кўп сонли Умра қилиш учун хослашликни уламолар танқид қилдилар».
Бироқ агар инсон ражаб ойида умра қилиб, унда ўзига хос фазилат бор деб эътиқод қилмаса, ёки унга ўша умра қилиш енгил бўлган вақтга тўғри келиб қолган бўлса, бунда ҳеч қандай ножуялик йўқдир.

Admin   07-13-2010, 12:00 AM
#6
Ражаб ойидаги рўза ҳақида

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб Ражаб ойида рўза тутганни урар эканлар ва уларни ейишга зўрлаб, айтар эканлар: «Енглар! Дарҳақиқат, бу жоҳилият даврида улуғланган ойдир» (Ибн Аби Шайба. Шайх Албоний ҳадис иснодини саҳиҳ деди. «Ирвоул-ғалил» 957).
Шунингдек Ибн Умар ҳам Ражаб ойини рўза билан хослаганларни танқид қилар эдилар. Ибн Аби Шайба, унинг ҳам исноди саҳиҳ («Ирвоул-ғалил» 958).
Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Ражаб ойини рўза билан хослашнинг мустаҳаблигига келсак, бунга далолат қилувчи барча ҳадислар заифдир ва ҳатто мавзудир. Уларга уламолар суянмайдилар» («Мажмуъ ул-фатава» 25/290).
Ибн ал-Қоййим ҳамда ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам худди шу сўзларни айтишди («ал-Манар ал-муниф» 96, «Табйин ал-уъжб» 11).

Admin   07-16-2011, 12:15 PM
#7
Шаъбон ойининг 15 кечасини нишонлаш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/bidat/zamonga_xos_bidatlar/zamonga_xos_bidatlar_002_shabonning_15_kechasini_nishonlash.mp3[/audio]
Юклаб олиш

Савол: Шаъбоннинг 15 кечаси (бароат кечаси)ни нишонлаш ва обод қилиш мумкинми?
Жавоб: Шаъбоннинг 15 кечасини нишонлаш мумкин эмас. Бу амалнинг асоси йўқ. Шунингдек улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражаб ойининг 27 кечасини ҳам нишонлаш мумкин эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На шаъбоннинг 15 кечасини, на ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси одамлар тўқиб чиқарган бидъатлар сарасидандир. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидини нишонлаш ҳам бидъат. На пайғамбар мавлидини, на шаъбоннинг 15 кечасини, на улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на хулофои рошидийнлар, на уларнинг бошқа саҳобалари, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, на аввалги афзал уч асрнинг солиҳ уламолари буларни қилишмаган. Буларнинг барчасини одамлар тўқиб чиқарган. Биз Аллоҳдан омонлик сўраймиз.

  
Users browsing this thread: 4 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.