PDF WORD

Ражаб ойи

Ражаб ойи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биз инсонлар фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишлигимиз учун бизга самодан шариат нурини тўкди, китоб туширди, Пайғамбарлар ва Расуллар жўнатди.

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

«Аниқки биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Ибодат ёлғиз Аллоҳгагина хос бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўлларига мос келмаса, ибодат деган номга сазовор бўла олмайди. Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида мана бундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)»» (Каҳф: 110).

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Амал тўғри ва холис бўлмоғи лозим. Тўғри (суннатга мувофиқ) бўлиб холис бўлмаса, Аллоҳ ҳузурида қабул эмас. Холис бўлиб, тўғри (суннатга мувофиқ) бўлмаса ҳам мақбул эмасдир» деган эканлар.

Бугунги кунда баъзи мўмин-мусулмонларнинг аҳволига қараб ҳайрон қоласан. Ҳар бир минтақа, шаҳар, қолаверса маҳалланинг ўзига хос ибодат деб биладиган амаллари бор, гарчи ибодатга заррача алоқаси бўлмаса ҳам. Шу амалларнинг орқасидан бечоралар савоб умид қиладиган ибодатлари бор. Бундай амаллар қаерлардан келиб қолган экан?! Балки халқимизнинг илмсизлиги, ёки бўлмаса эски урф-одатларнинг яхши ёмонига қарамай ҳаммасини бирданига жорий қилишганлигиданмикин?! Балки бу тарзда амал қилиш кимгадир моддий, кимларгадир яна бошқа фойда келтирётгандир?! Валлоҳу аълам.

Қўйида мана шу «ибодат»лар жумласидан баъзи бир мусулмонлар ражаб ойида қилган амалларини мисол қилиб келтиришимиз ўринлидир. Аммо биринчи ражаб ойи нима учун ражаб деб номланди, ражаб ойининг маъноси ҳақидаги қисқача маълумотларга тўхталиб ўтишлигимиз мақсадга мувофиқ деб топдик.

Биринчи: Ражабнинг маъноси

Ражаб – араб тилида (Ражиба رجب) феълидан олинган бўлиб, улуғлаш маъносини англатади. Жоҳилият даврида Макка мушриклари Ражаб ойини шундай атаган эдилар. Чунки улар бу ойни улуғ ойлардан деб билиб, бу ойда қурол кўтармас, жанг қилмас эдилар. Демак, Ражаб ойи улуғ ой деган тушунча шундан келиб чиққан экан.

Иккинчи: Бу ойда қилинадиган баъзи бидъат амаллар ёки «ибодатлар»

1 – Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасини кутиб олиш:

Баъзилар уни «Меърож кечаси» деб ҳам аташади.

Меърожнинг айнан шу кунда содир бўлганлиги ҳеч бир саҳиҳ манбаларда айтилмаган. Хўш, бу умматнинг улуғлари шундай «муҳим» кунни умматдан яшириб ўтиб кетдимикин?! Ёки бўлмаса шундай «улуғ кун» борлигидан бехабар қолишдими?! Во ажаб!

Ҳаммамизга маълумки, шариатимизда муҳим бўлган кунларга катта эътибор қаратилади. Жумладан икки ҳайит, қурбон ва рамазон ҳайитларининг қачон бўлишлиги, қандай аниқланишлиги, агар янги ойни булут қоплаб уни кўришни имкони бўлмай қолса, қандай ечим борлиги. Хуллас ҳайит, арафот кунлари аниқланиши учун қанчалар ҳадис келгани тўғрисида фикр юритайлик. Нима учун Ражаб ойи тўғрисида битта саҳиҳ ҳадис топилмади? Ёки Ражаб ойи баъзилар эътибор бергани сингари эътиборли эмасмикин?!

Бинобарин, Ражаб ойининг қачон содир бўлганлиги бизга муҳим эмас ва у кунда қилинадиган амаллар ҳам, агар далилларга биноан бўлмас экан, ибодат эмас. Шариатда далилларга тўғри келмаган «ибодат»ларни қисқа қилиб айтганда бидъат дейилади. Билмадим, Меърож кечаси қачон содир бўлгани аниқ бўлганида бундан ҳам кўпроқ бидъатлар келиб чиққан бўлармиди?! Балки эсдан чиқарилганлигининг ҳикмати шундадир?!

Агарда бу борада умматга заррача фойдаси тегадиган амал бўлганида, ҳар бир ҳадисини ёзиш учун Аллоҳга икки ракат истихора намозини ўқиган Бухорий сингари олимлар, йўқ имом Бухорийдан ҳадис илмида минг чандон ортиқ бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек саҳобалар шубҳасиз баён қилиб ўтган бўлар эдилар.

2 – Ражаб намози (Рағоиб намози):

Ражаб ойида қилинадиган амаллардан яна бири, ойнинг биринчи жума кечасида ўқиладиган 12 ракат намоздир. Ушбу намоз тўғрисида узундан-узун ёлғон ҳадис келган. «Ҳадис»да айтилишича кимки шу намозни ўқиса, сўнг тилагини тиласа, барча тилаги қабул қилинар эмиш. Бу ҳадисни уламолар барчалари бир овоздан ёлғон, тўқима ҳадис деганлар.

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни: «Барча китоблардан текшириб чиқдим, бирортасида ҳам топмадим» дейдилар.

Имом Шавконий бу ҳадисни зикр қилиб: «Бу ҳадис тўқима ҳадис бўлиб, ҳадис олимлари бир овоздан ёлғон деганлар», дедилар.

Бу намознинг ҳукми:

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ниҳоятда мункар амал бўлиб, буни илмсиз жоҳиллар тўқиб чиқарганлар, уларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилсин. Олимларимиз бу амални нотўғри эканлигини, бунга эргашувчилар адашган кимсаларлигини жуда кўп ўринда баён қилиб ўтишган», дейдилар (Муслимнинг шарҳи: 8/20).

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу амал асоссиз бир амалдир, уни на жамоат билан ва на алоҳида амалга ошириб бўлмайди», деганлар (Фатово: 23/123).

Яна бир ўринда аллома шайхулислом: «Бу намозни Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик, Аҳмад, Саврий, Авзоий ва Лайс каби имомларимиздан ҳеч бирлари жоиз демаганлар. Бу тўғридаги ҳадис эса маърифат аҳллари наздида бир овоздан ёлғон деб топилган», дейдилар (Фатово: 23/123).

3 – Ражаб ойи рўзаси:

Ражаб ойининг ҳаммасини ёки баъзи кунларини ўзига хос фазилати бор деб рўза тутиш ҳам шу ойнинг бидъат амаллари жумласидандир.

Имом ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Ражаб ойининг фазилати тўғрисида, бу ойда рўзанинг фазилатли эканлиги ёки шу ойнинг баъзи бир кунларида рўза тутиш афзаллигига далолат қиладиган, ёки баъзи бир кечаларида махсус таҳажжуд намозлари ўқилишига ҳужжат бўлишга арзийдиган ривоят келмаган. Бундай қатъий фикрга мендан олдин имом Абу Исмоил Ал-Ҳаравий раҳматуллоҳи алайҳ келганлар» дейдилар.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳдан олдин ўтган олимлардан бири, Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу масалага тўхталиб, бундай дейдилар: «Ражаб ойида намоз, рўза ёки баъзи ражаб кечаларида махсус намозлар фазилати тўғрисида келган ҳар қандай ривоят тўқима, ёлғон ривоятдир».

4 – Ражаб ойида Умра қилиш:

Ражаб ойида Умра қилса афзал бўлади, деган масалага тўхталиб ўтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган амалларини мисол қилиб келтиришдан нарига ўта олмаймиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сақланиб қолган хабар шуки, у киши ҳижратдан кейин тўрт марта Умра қилдилар. Тўрттала Умра ҳам Зул-қаъда ойида содир бўлган эди. Ўйлаймизки ҳар бир мусулмон дин амалларини аъло суратда бажаришга ҳар қанча уринмасин, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлардан афзал амал қила олмаслигини яхши англайди. Шундай экан, нима учун биз улуғларимиз бизга ўргатмаган амалларга қаттиқ эътибор берамизу, динимизда энг долзарб мавзулардан ғафлатда қоламиз?!

Ҳаммамизни Аллоҳ таоло ҳидоятга бошласин, динда бизга динни ўргатганлардек амал қилишни насиб этсин. Амалларимизнинг самарасига бидъат номли қуртлар тушиб, бебарака амалга айлантирмасин. Аллоҳ карами кенг марҳаматли зотдир!

1 та мулоҳаза

  1. lolo → 03.07.2009 йил

    Zamonamizda bid’atlar shu darajada ko’payib ketganki, xatto ularning ba’zilari haqiqatdan ham bid’at ekani hanuz aniqlangan emas. Buning asosiy sababi esa sahih ilmni o’rganishlik kamayib ketganidir.

    “Dunyo mal’undir, undagi barcha narsalar ham mal’undir, Allohning zikri va Alloh yaxshi ko’rgan narsalar hamda olim yoki ta’lim oluvchi bo’lgan kishi bundan mustasnodir”

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.