67-боб:
Аллоҳ таолонинг ушбу: “Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир)” (Зумар: 67), қавли ҳақидаги боб
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ушбу боб билан “Тавҳид китоби”нинг бобларини якунладилар. Чунки у исм ва сифатларни ўз ичига олади. “Тавҳид китоби”нинг бари улуҳият тавҳиди, уни тўлдирувчи, нуқсонли қуливчи ва бузувчи (амал)лар атрофида айланади.
Ушбу бобда ана шу китоб мукаммал бўлиб, тавҳид турларининг барчасини ўз ичига олиши учун исм ва сифатларни ёдга олдилар. Чунки улуҳият тавҳиди рубубият тавҳидини ўз ичига олади. Исм ва сифатларга иймон келтириш эса рубубият тавҳиди жумласидандир. Бироқ жаҳмия, мўтазила, ашъария ва уларнинг йўлларини тутган фирқалардан иборат бу борада хилоф чиқувчилар мавжуд бўлгани боис исм ва сифатлар алоҳида қисм ўлароқ ажратилди. Дарҳақиқат, имомлар уларнинг бу йўлларини қаттиқ инкор қилдилар. Бу борада асар ва кўплаб раддиялар битдилар. Чунки бу Аллоҳнинг исм ва сифатларини бекор қилиш, Аллоҳнинг исм ва сифатларида оғишликдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар”. (Аъроф: 180).
Аллоҳ ўзига исмларни исбот қилди. Ва ўзига сифатларни исбот қилди. Ўзига эшитиш, кўриш, қудрат, ҳаёт, илм, юз ва икки қўлни исбот қилди. Ўзига субҳанаҳу ва таоло камолот сифатларини исбот қилди. Кимки буни Аллоҳдан инкор қилса, дарҳақиқат, Аллоҳнинг исмларида оғишибди. Ва у Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деб айтганлар жумласидандир:
“Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар”. (Аъроф: 180). Яъни, уларни қўйинглар ва сўзларига қайрилиб ҳам қараманглар. Чунки у Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мухолифдир.
Аллоҳ таолонинг ушбу:
“Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар”. (Аъроф: 180), қавлида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан Аллоҳнинг исм ва сифатларида хилоф чиққан кимса яқинда азобланиши билан таҳдид қилинмоқда.
Шунинг учун мусанниф раҳимаҳуллоҳ ушбу бобни тавҳид борасидаги сўз мукаммал бўлиши учун “Тавҳид китоби”нинг охирида битдилар.
У киши раҳимаҳуллоҳнинг ушбу:
“Қавли ҳақидаги боб”, сўзлари яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва солиҳ салафлардан ушбу оят:
“Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир”. (Зумар: 67) изоҳи ҳақида ворид бўлган сўзлар. Ушбу улкан оятда ибрат ва панд-насиҳатлар бўлиб, ўзининг осмон, ер, тоғлар, дарахт, сув ва бойликлари билан ушбу борлиқ ҳамда жамийки махлуқотларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни бармоқларига қўйиб, бу борада саҳиҳ далиллар ворид бўлганидек уларни икки кафтида жамлайди, субҳанаҳу ва таоло. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюклиги ҳамда ушбу баҳайбат махлуқотлар У субҳанаҳу ва таолога нисбатан кичик эканига далолат қилади. Ва Унинг буюклиги, улканлиги ва У субҳанаҳунинг куч-қувватига далолат қилади. Шунинг учун У жалла ва аъла деди:
“Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар!”. (Зумар: 67). Яъни, Уни чинакамига улуғламадилар.
“Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир)”. (Зумар: 67). Бу, У субҳанаҳу ва таолонинг буюклигини баён қилишдир. Бунинг тафсилоти муаллиф раҳимаҳуллоҳ қуйида келтирадиган ҳадисда келади.
“Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир”. (Зумар: 67). Ушбу ишларга қодир бўлган Зот, батаҳқиқ, У субҳанаҳу ва таолодан улканроғи йўқ. Бутун борлиқ ўз ичидагилари билан, бари Холиқи субҳанаҳу ва таолога нисбатан арзимас ва кичикдир.
“Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар!”. (Зумар: 67). Бу, Аллоҳ таолони нуқсонли деган ҳар бир кимсани ўз ичига олади. Батаҳқиқ, у Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Аллоҳ таолонинг бор эканини рад этадиган инкор қилувчи муъаттилалар ҳам шунинг остига дохил бўлади. Улар мана бундай деб айтадиган даҳрийлардир:
“Улар (яъни қиёматни инкор қилгувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар”. (Жосия: 24). Айтадиларки:
“Бизни бошқарадиган Раббимиз йўқ. Балки ушбу борлиқ табиат ва тасодиф натижасидир. Уни йўқдан борган қилган ва яратган Раббиси йўқ. Балки ушбу борлиқ ўзидан таъсир олади. Ва ушбу борлиқ таъсиридан ана шу нарсалар ташкил топади”. Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг бор эканини инкор этадилар. Уларни даҳрий муъаттила-(бекорга чиқарувчи)лар дейилади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларга ушбу қавли билан раддия берди:
“Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!”. (Тур: 35-36). Ҳамда ушбу қавли билан раддия берди:
“Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ. Улар фақат гумон қиладилар, холос”. (Жосия: 24). Чунки сўз далилга таянган бўлиши шарт. Уларнинг далиллари қаерда? Чунки ҳужжат ушбу махлуқотларнинг Яратувчгиси бор эканини (кўрсатмоқда). Бу, фитрат ва ақллар иқрор бўладиган ҳужжатдир.
Махлуқ Яратувчисиз йўқдан бор бўлиши тасаввур ва ақлга сиғмайди. Оқил киши ушбу борлиқ Яратувчисиз вужудга келганини тасаввур қилолмайди. Чунки бу ақлдаги беҳудаликдир. Мисол учун қаср ишчи ва қурувчиларсиз бўлишини-(қад кўтаришини) учратасизларми? Бу амри маҳол. Мисол учун дарахтни сабабларсиз, уруғ ва суғоришликсиз вужудга келишини кўрганмисизлар? Уни вужудга келиши учун сабаблар бўлиши чорасиздир.
Айтишларича имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳузурларига мулҳидлардан иборат бир жамоа келиб: мунозара қилишни хоҳлаймиз, дедилар. Шунда у киши раҳимаҳуллоҳ мунозарадан олдин уларга: менга ажойиб хабар етди, дедилар. Улар: у нима экан?, дейишди. У киши: менга етган (хабар)га кўра бир кема ўзи денгизда сузиб, ўзи молларини кўтариб, сўнг ишчи ва бошқарувчисиз ўзи келиб, юкларини бўшатибди, дедилар. Улар: Бу амри маҳол. Кема денгизда сузиб, ўзи юклаб, ишчи ва бошқарувчисиз ўзи (юкларни) бўшатиши тасаввурга сиғмайди, дейишди. У киши: менга шундай (хабар) етди, дедилар. Улар: Бу амри маҳол, дейишди. У киши: Субҳаналлоҳ! Агар кема, ҳолбуки у ушбу борлиқдаги кичик бир жузъиётдир, ушбу нарсани қилгани тасаввурга сиғмас экан, ахир ушбу борлиқнинг бари Яратувчисиз, Бошқарувчи ва Тарбияткунандаси бўлмаслиги қандай?, дедилар. Шунда улар баҳсни қўлдан бой бердилар ва мағлуб бўлдилар. У киши ушбу ҳужжат билан уларнинг оғизларини ёпдилар.
Ушбу оят ҳар бир мулҳидга ишончли (жавоб):
“Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?!”. (Тур: 35). Махлуқотлар Яратувчисиз йўқдан бор бўлиши ақлга сиғадими? Йўқ. Оқил киши бундай демайди.
Агар ушбу борлиқнинг Яратувчиси бўлиши чорасиз экан, ушбу Яратувчи ким? У сизларми?
“Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!”. (Тур: 35). Яъни, осмон, ер, дарахт ва денгизларни яратганмисизлар? Бизга ушбу нарсаларни яратган Зотни баён қилинглар, очиқлаб беринглар. Куфр ва илҳодда ҳар қанча (тубанликка) етмасин бирор киши осмон ва ерни яратганини даъво қилишга қодир эмас.
“Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!”. (Луқмон: 11). Барча кофир ва мушриклар, улардан бирортаси Аллоҳдан ўзга маъбуди ушбу борлиқдан бирор нарсани яратганини даъво қилмайди, асло. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди:
“Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир»”. (Раъд: 16).
Аллоҳ жалла ва аъла яратишда ёлғиздир. Мустабид, мутакаббир, кофир ва мулҳидлардан бирортаси бу борада Аллоҳ билан тортишмайди. Бирор киши чивин яратганини даъво қилмайди:
“Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак ўша бутлардан ҳожатини (раво қилишни сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир”. (Ҳаж: 73). Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан беллашувга чорлашдир. Махлуқотларнинг бари, улар ичидаги моҳир, муҳандис ва билимлиларни бир дона пашша яратиш учун беллашувга чорлаш. Беллашув мудом қиёмат кунигача қоимдир. Бу эса Яратувчи Аллоҳ эканига далил.
Биринчидан: Махлуқотларнинг Яратувчиси бўлиши чорасиз. Бу ақлан маълум бўлиб, бу борада фақат қайсар кимса тортишади.
Иккинчидан: Бирор киши осмонлар ва ердан бирор нарсани яратганини даъво қилмаган. Беллашувга чорлаш қиёмат кунигача қоимдир.
Аллоҳнинг бор эканини, Холиқнинг бор эканини инкор қиладиган мулҳидлар Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар.
Шунингдек, Яратувчи, ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Бошқарувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деб иқрор бўладиган, рубубият тавҳидини эътироф этадиган мушриклар. Бироқ улар ибодатда хилоф қилдилар, улуҳият тавҳидида мухолиф бўлдилар ва санам, тош, дарахт, қабр ва сағаналардан иборат Аллоҳ билан бирга ўзгасига ибодат қилдилар. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар. Улар У билан бирга яратмайдиган, ризқ бермайдиган, фойда ва зарар, ўлим ва ҳаёт ҳамда қайта тирилтиришга эгалик қилмайдиганлардан иборат Ундан ўзгасини Унга ибодат қилишда шерик қилдилар. Улар Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар. Унга махлуқотларидан бир махлуқни баробар қилдилар. Уларни У Зот билан бирга маъбудлар қилиб олиб, улар учун жонлиқ сўядилар, уларга назр атайдилар, улардан барака талаб қиладилар, уларнинг қабрларини тавоф қиладилар. Тош ва дарахтлардан барака талаб қиладилар. Санамларга ибодат қиладилар. Ушбу санам ва жисмларни, қабрларидаги ўлик мурдаларни ибодатда Аллоҳга шерик қилдилар. Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳақиқий қадрига етмадилар.
Шунингдек, исм ва сифатларни инкор қилганлар ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар. Кимда-ким Аллоҳ ўзига исбот қилган ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Зотга исбот қилган исм ва сифатларни инкор этса ёки уларни ўзга маънога таъвил қилса ва уларда оғишса Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмабди. “Аллоҳ сифатлар билан сифатланмайди ва исмлар билан номланмайди. Балки булар мажозий бўлиб, ҳақиқати йўқ”, деса... Аллоҳ унинг наздида икки қўли, юзи бор дея сифатланмайди. Аллоҳ олийда, махлуқотларидан олий, аршига кўтарилган дея сифатланмайди. Сўнг бориб, ушбу сифатларни эҳтимоли йўқ маъноларга таъвил қилади. Бу кас ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳақиқий қадрига етмади. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исм ва сифатларида оғишди. Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Жаҳмия, мўътазила, ашъарий ва мотуридийлар ҳам шунинг остига дохил бўлади. Исм ва сифатларда оғган ёки буни инкор қилган ҳар бир кимса, исм ва сифатларда мухолиф бўлган ҳар бир кас, батаҳқиқ, у Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Уни чинакамига улуғламади. Раббиси субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб сақламади. Балки Аллоҳ ўзини сифатлаган сифат ва ўзини номлаган исмларни ёлғонга чиқарадиган бўлиб: бу, тўғри эмас. Бу мажозий, ҳақиқат эмас ва бундан бошқа ботил сўзларини айтади.
“Улар Аллоҳнинг ҳақиқий қадри — улуғлигини билмадилар”. (Ҳаж: 74).
Шунингдек, тақдирни инкор қилганлар ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмадилар. Қадарийлар Аллоҳни тўғри таний олмадилар. Улар:
“Нарсалар Аллоҳнинг тақдирисиз вужудга келади. Улар тақдир-(ўлчов)сиз юз беради. Балки банда Аллоҳнинг олдинда тақдир қилган экани ва ушбу нарсаларни олдинда билганисиз ўзининг фелини ўзи яратади”, дейдилар.
“Улар Аллоҳнинг ҳақиқий қадри — улуғлигини билмадилар”. (Ҳаж: 74).
Жабарий ва қадарийлардан иборат тақдир борасида оғган ҳар бир кимса шунинг остига дохилдир. Уларнинг бари Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади.
Яна: Аллоҳга осийлик қилган, Аллоҳ ҳаром қилган маъсиятларга қўл урган ва Аллоҳ вожиб қилган тоатларни тарк этган кимса ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Аллоҳни тўғри таний олмади. Чунки у У субҳанаҳу ва таолонинг амрига қарши чиқди. Шак-шубҳа йўқки махлуққа итоатсизлик қилган киши, дарҳақиқат, уни оёқости қилган бўлади. Холиққа итоатсизлик қилган кимса қандай бўларкин?
“Аъло мисол Аллоҳникидир”. (Наҳл: 60). Агар инсон подшоҳлардан бир подшоҳнинг буйруқларига итоатсизлик қилса ва буюрганларини ижро этишдан бош тортса ушбу подшоҳнинг ҳақиқий қадрига етмаган бўлади. Балки ушбу подшоҳни оёқости қилди. Чунки унинг буйруқ ва қайтариқларини лозим тутмади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқ ва қайтариқларига қарши чиқувчи, қайтариққа қўл уриб, вожибни тарк этадиган кимса ҳақида нима дейсиз? Ушбу кимса Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етувчи бўладими?
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқ, қайтариқ ва ҳукмларига хилоф иш тутувчи, батаҳқиқ, Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Чунки у Аллоҳнинг шариатига бўйсунмади. Ҳақиқатда у Аллоҳни тўғри таний олмади.
Шунингдек, Аллоҳ нозил қилганидан ўзгаси билан ҳукм юритадиган ҳамда Аллоҳ бандаларига жорий қилган шаръий ҳукмлар ўрнига инсон томонидан жорий қилинган қонунларни қўйган кимса Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмабди. Ўз ҳолати ёки тили билан: шариатинг башарият учун яроқсиз. Балки инсониятга махлуқ томонидан жорий қилинган инсоният қонунлари ярайди, дейди. Бу нусха ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳақиқий қадрига етмади.
Одамлар бу борада тафовутлидир. Улардан катта хилоф билан мухолиф бўладиганлари ва улардан бундан қуйилари бор. Хилоф чиқиш миқёсларига қараб. Аллоҳга мухолиф бўлган ҳар бир кимса, қандай хилоф чиқишлик тури бўлишидан қатъий назар, батаҳқиқ, у Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмабди. Балки Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етадиган киши Унинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунган, Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилган ва Унга бирор нарсани шерик қилмаган кишидир. Ана шу, Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етгандир. Унинг буйруғига бўйсунди, қайтариғидан четлашди ва У субҳанаҳу ва таолога иймон келтирди. Уни, У ўзини сифатлаган сифатлар билан сифатлади. Уни, У ўзини номлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаган, номлаган исмлар билан номлади. Ана шу, Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етган кишидир. Шунингдек, рисолатни инкор қилган ва: Аллоҳ инсондан Расул юбормайди, дейдиган кимса, бас, бу ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони, У бандаларини ҳидоят ва баёнсиз тарк этди. Уларга ҳақ йўл қайси-ю ботил йўл қайси эканини баён қилмади, уларга очиқлаб бермади, дея айблади. Шунинг учун Аллоҳ жалла ва аъла айтади:
“(Яҳудийлар): «Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас», деган пайтларида, Аллоҳни тўғри таний олмадилар. Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оятларини эса яшириб юрадиган ва (ундаги оятларда) на ўзларингиз ва на ота-боболарингиз билган нарсалар баён этилган Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?! «Аллоҳ!», деб жавоб қилинг. Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашган ҳолларида тарк этинг!”. (Анъом: 91).
Рисолатни инкор қилиб:
“Аллоҳ инсонни (пайғамбар қилиб) юбориши мумкин эмас”, дейди. Балки Аллоҳдан башариятга фаришталарни юборишлигини талаб қилади. Бу, Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмабди.
Шунингдек, қайта тирилишни инкор этиб, Аллоҳ бандаларини амалларига яраша жазо-(мукофот)лаши учун қайта тирилтирмайди деб даъво қилади.
“У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!”. (Нажм: 31). Бу, Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади. Уни беҳудалик ва Аллоҳ махлуқотларни беҳудага яратган, уларни шунчаки ташлаб қўйган, дея сифатлади. Бирор натижасиз амал қилаверадилар. Яхшилик қилувчи билан ёмонлик қилувчи ҳамда итоаткор билан осий ўртасида фарқ йўқ, (дея даъво қилди). Аллоҳ улар айтаётганларидан ниҳоятда олийдир.
Шунингдек, Аллоҳнинг Каломини инкор қилиб:
“Аллоҳ сўзламайди. Таврот, Инжил, Қуръон, Забур ва улардан бошқа Аллоҳнинг Китоблари Аллоҳнинг Каломи эмас. Чунки Аллоҳ сўзламайди. Балки у башарнинг сўзи”, дейди. Улардан яна:
“Маъно Аллоҳдан. Лафз эса инсон томонидан”, дейдиганлари бор. Бу ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади.
Хулоса шуки, бу боб кенгдир. Аллоҳ таолонинг ушбу:
“Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар!”. (Зумар: 67), қавли ақида ва ҳукм бобида хилоф чиқувчи ҳар бир кимсани ўз ичига олади. Батаҳқиқ, у Аллоҳнинг ҳақиқий қадрига етмади.
Аллоҳ таолонинг қавли:
“Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир”. (Зумар: 67). Ушбу оятнинг изоҳи мусанниф ана шу бобда ёдга олган ҳадис ва асарлардадир.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: “(Яҳудийларнинг) олимларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад! Биз (Тавротда шундай сатрларга) дуч келамизки, Аллоҳ осмонларни бир бармоққа, ерларни бир бармоққа, дарахтларни бир бармоққа, тупроқни бир бармоққа ва бошқа махлуқотларни бир бармоққа олиб шундай дейди: Мен Подшоҳман. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу (яҳудий) олимнинг сўзини тасдиқлаган ҳолда кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўринди. Сўнг (ушбу оятни) қироат қилдилар: “Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир)”. (Бухорий (3/285), (7414, 7415, 7451, 7513), Муслим (4/2147)).
Муслимнинг ривоятида (шундай ворид бўлган): “Тоғ ва дарахтлар бир бармоқда (бўлиб), сўнг уларни силкитиб, шундай дейди: Мен Подшоҳман, Мен Аллоҳман”. (Муслим (4/2147)).
Бухорийнинг ривоятида эса (шундай ворид бўлган): “Осмонларни бир бармоққа, сув ва тупроқни бир бармоққа ва бошқа махлуқотларни бир бармоққа қўяди”. Иккилари ривоят қилди. (Бухорий (3/285)).
Биринчиси:
“Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: “(Яҳудийларнинг) олимларидан бири … келиб: “Эй Муҳаммад!”…, деди”. Яҳудлар у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ушбу хитоб билан хитоб қиладилар. Гоҳида : “Эй, Абул Қосим”, дейдилар. “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари” ёки “Эй, Аллоҳнинг Расули”, демайдилар. Чунки улар у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатларини инкор қиладилар ва у киши алайҳиссалоту вассаламга ҳасад қиладилар. Гарчи қалбларининг тўрида у киши Аллоҳнинг Расули ва у киши Аллоҳнинг пайғамбари эканликларини эътироф этсалар-да Аллоҳ таоло айтганидек:
“Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) Уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар.) Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар”. (Бақара: 146). Улар у киши Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг пайғамбари эканларини биладилар. Бироқ улар буни кибр ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва арабларга ҳасад қилган ҳолда инкор қилдилар. Чунки улар нубувват Бану Исроилда бўлишини хоҳлайдилар. Бану Исроилдан ўзгасида бўлишини истамайдилар. Бироқ Аллоҳ раҳматини ўзи хоҳлаганига хос қилиб беради. (Яҳудий) олими деди:
“Биз (Тавротда шундай сатрларга) дуч келамизки”. Бунга Тавротда дуч келадилар.
“Аллоҳ осмонларни бир бармоққа, ерларни бир бармоққа, дарахтларни бир бармоққа … олиб …”. Дунё дарахтлари, қуруқлик ва денгиз дарахтлари. Дарахт, дунёдаги барча дарахтларни ўз ичига олади.
“Тупроқни бир бармоққа”. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди:
“Осмонлардаги, ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир”. (Тоҳа: 6).
“Ва бошқа махлуқотларни бир бармоққа”. Яъни, қолган махлуқотларни.
Ушбу беш бармоқда юқори ва қуйи (оламдаги) махлуқотларнинг бари. Ҳар бир бармоқда У субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотларидан бир махлуқот.
“Шундай дейди: Мен Подшоҳман”. Бирор киши бу борада тортишмайди. Бу эса У субҳанаҳунинг қиёмат куни мулкда якка-ю ёлғиз эканига далолат қилади. Аллоҳ жалла ва аъла дейди:
“Бу Кунда подшоҳлик кимникидир?”. (Ғофир: 16). Сўнг ўзи жавоб бериб айтади:
“Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!”. (Ғофир: 16). Бирор киши бу борада тортишиб, осмонлар ва ер мулкидан бирор нарсани даъво қилмайди. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга бирортаси осмонлар ва ерга эгалик қилмайди.
Дунёдаги вақтинчалик мулкка келсак, баъзи одамларга бериладиган мулк, бу муваққатдир. Ҳақиқий мулк эмас. Балки муваққат ҳамда тугайдиган имтиҳон-(синов).
“Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан»”. (Оли Имрон: 26-27).
Мулк Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қайтади. Ер ва унинг устидагиларга меросхўр бўладиган У Зотдир:
“Шак-шубҳасиз Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар”. (Марям: 40).
“Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам … кулдилар”. Яъни, ушбу (яҳудий) олимнинг сўзини эшитганларида бундан шодланиб кулдилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Чунки бу, Қуръонда келган хабарни тасдиқлаш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган хабарга иқрор бўлишдир.
“Ҳатто тишларининг оқи кўринди”. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулсалар фақат табассум қилардилар. Агар табассум қилишда муболаға қилсалар тишларининг оқи кўринарди, соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
“Сўнг (ушбу оятни) қироат қилдилар: “Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир)”.”. Бу, Таврот олиб келганидек Қуръон ҳам олиб келган нарса. Қуръон, Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо саҳифалари ҳамда пайғамбарларнинг китобларини бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридан. Таврот ва Инжилга киритилган ўзгартиришлар пайғамбарлардан кейин яҳуд ва насоролар томонидан бўлган. Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръонда уларнинг ўзгартиришларини баён қилди ва сир-асрорларини айтиб шарманда қилди.
“Муслимнинг ривоятида (шундай ворид бўлган): “Тоғ ва дарахтлар бир бармоқда (бўлиб)…”. Ушбу ривоятда тоғлар зиёда қилинди.
“Сўнг уларни силкитиб…”. Уларни ҳаракатлантиради-(қимирлатади), субҳанаҳу ва таоло.
“Шундай дейди: Мен Подшоҳман, Мен Аллоҳман”. Бу ўринда Унинг буюклиги, рубубияти, субҳанаҳу ва таолонинг мулки, жалла ва аъланинг қудрати улкан экани баён қилинди ва мулкда якка-ю ёлғиз экани қайдлаб ўтилди.
“Бухорийнинг ривоятида эса (шундай ворид бўлган): “Осмонларни бир бармоққа, сув ва тупроқни бир бармоққа ва бошқа махлуқотларни бир бармоққа қўяди”.”. Бу ўринда субҳанаҳунинг бармоқлари махлуқотларнинг барини тўла қамраб олиши ҳамда осмонлар ва ерларни икки қўли билан қабзасига олиши зикр қилинди. Бу, У субҳанаҳу ва таолонинг буюклигидандир. Шайх раҳимаҳуллоҳ дедилар:
“Дарҳақиқат, ушбу оятга боғлиқ кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Бу ва шунга ўхшашлар борасидаги тўғри йўл салаф йўлидир. У, кайфият бериш ва ўзгартиришсиз (қандай) келган бўлса шундай ўтказишликдир”. Сўзи тугади.
Имом Ибн Хузайма (раҳимаҳуллоҳ):
“Бармоқларда ушлаш, бирор нарсани қабзасига олишдан ўзгадир”, деди.
“Бармоқларда ушлаш, Аллоҳ ерни ўзга бир ерга алмаштиришидан олдин”, деди. Сўзи маъносига кўра тугади.