Pages (10):    1 6 7 8 9 10   
mutaallim   06-20-2014, 08:17 PM
#71
52-боб:
”Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин”, деб айтилмаслиги ҳақидаги боб

Саҳиҳ (ҳадис)да Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У киши деди: “Биз пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намозда бўлсак шундай деб айтардик: Аллоҳга бандаларидан салом бўлсин. Фалончи ва пистончиларга салом бўлсин”. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга салом (бўлсин) деб айтманглар. Чунки Аллоҳ – Ас-Саломдир”-дедилар”.(Бухорий (1/269), (1/268) ва Муслим (1/301)).

Ушбу бобнинг “Тавҳид Китоби”га боғлиқлиги шуки, “Ас-Салом” Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларидан бўлар экан, “Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин”, деб айтилмайди. Чунки У “Ас-Салом”дир, субҳанаҳу ва таоло.
Яна, саломнинг маъноси салом берилаётган кишига офатлардан саломат бўлишини тилаб дуо қилишлик бўлар экан, Аллоҳ жалла ва аъла, Унга бирор нуқсон, офат ёки кариҳ кўриладиган нарса етишидан покдир. У барча нарсадан беҳожат ва ҳар бир нарса У субҳанаҳу ва таолога ҳожатман бўлгани учун, У субҳанаҳунинг ҳаққига дуо қилишнинг ҳожати йўқ. Балки У, дуо сўраладиган Зотдир. У субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққига дуо қилинмайди. Чунки дуо, муҳтож бўлган махлуқнинг ҳаққига қилинади. Аллоҳ жалла ва аълага келсак, батаҳқиқ, У Беҳожат, бирор нарсага ҳожатман эмас. Кимки Аллоҳнинг ҳаққига дуо қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллани оёқости қилибди. Бу эса тавҳидга шикаст етказади.
“Саҳиҳ (ҳадис)да”. Яъни, “Саҳиҳайн”да.
“Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят. Баъзи ривоятларда (шундай ворид бўлган): “Жаброил ва Микоилга салом бўлсин!”. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин деманглар. Батаҳқиқ, Аллоҳ – Ас-Саломдир. Бироқ: “Ат-Таҳияту лиллаҳи вассолавату ваттоййибату…”-денглар”. (Бухорий (800), Муслим (402), Насоий (1298), Абу Довуд (928), Ибн Можжа (899), Аҳмад (1/431) ва Доримий (1340)).
“Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин деманглар”. Бу, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ушбу калимадан қайтарувдир. Қайтарув эса ҳаром қилинганини тақозо қилади.
Сўнг у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қайтарувни баён қилиб, дедилар: “Чунки Аллоҳ – Ас-Саломдир”. Яъни, “Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг исмларидан. Аллоҳ таоло айтганидек: “У – Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хохлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир…”. (Ҳашр: 23).
“Ас-Салам” Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларидан бири. Маъноси офат, айб ва нуқсонлардан саломат демакдир. Аллоҳ жалла ва аъла Ўз Зотида офат, айб ва нуқсонлардан саломат. Бирор киши Уни саломат қилган эмас. Балки У Ўз Зотида саломатдир, субҳанаҳу ва таоло.
Яна “Ас-Салом” – саломатлик талаб қилинадиган Зот. Ҳудди Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берганларида саҳобаларига бурилишларидан олдин қиблага юзланган ҳолда уч марта Аллоҳга истиғфор айтганлари сўнг шундай деганлари каби: “Эй Аллоҳ! Сен ас-Саломсан. Салом-(тинчлик) Сендан. Эй, буюклик ва улуғлик соҳиби, олий бўлдинг!”. (Муслим (591), Термизий (300), Абу Довуд (1512), ибн Можжа (928), Аҳмад (5/280) ва Доримий (1348)). “Салом-(тинчлик) Сендан”, Бандаларинга саломатлик ато этадиган ва тинчлик сўраладиган Зот Сенсан. Яъни, бандалар Сендан, Сен уларни офат, нуқсон ва ёмон нарсалардан саломат қилишингни сўрайдилар.
“Ас-Салам” Аллоҳнинг исмларидан бўлиб, илм аҳли зикр қилганларидек унинг икки маъноси бор:
Биринчи маъно: Айб ва нуқсонлардан саломат.
Иккинчи: Ўзгани саломат қилувчи-(сақловчи).
Яъни, Ўзи саломат, ўзгани саломат қилувчи субҳанаҳу ва таоло.
Мусулмон киши одамларга “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деганда, у: сизларга Аллоҳ томонидан саломатлик тилаб дуо қиламан, деган маънода бўлади. Ёки “Ассаламу алайкум” деганда, яъни, сизлар Аллоҳнинг (“Ас-Салом”) исми бўлсин. Аллоҳ сизларни ёмон кўрган нарсаларингиздан сақлайди маъносида.
Ушбу ҳадисда бир қанча масалалар бор:
Биринчи масала: Бандалар томондан: “Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин”, деб айтилмайди. Чунки бунинг маъноси дуо қилишликдир. Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳаққига эса дуо қилинмайди.
Иккинчи масала: Ҳадисда “Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин” деб айтилишидан қайтарилгандаги ҳикмат баён қилинди. Чунки Аллоҳ жалла ва аъла “Ас-Салом”дир. Яъни, У Зот ас-Салом бўлар экан, Унга саломатлик тиланишига ҳожат йўқ.
Учинчи масала: Ким бирор нарсадан қайтарса, батаҳқиқ, у ушбу қайтарувнинг сабабини баён қилади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳга салом-(тинчлик) бўлсин” деган сўздан қайтарганларида, нима учун қайтарганликларининг сабабини баён қилиб: “Чунки Аллоҳ – Ас-Саломдир”, дедилар. Бу ўринда ҳукмни иллати-(сабаби) билан баён қилишни (ўрганамиз). Чунки бу зеҳнда собитроқ ва бўйсунишликка ундовчироқдир.
Тўртинчи масала: Ҳадисда, бирор нарсадан қайтарган киши, ушбу нарсанинг ўрнини босадиган яроқли нарса бўлса, шу ўринбосарни олиб келишига далил бор. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўздан қайтарганларида, лойиқ бўлган сўзни олиб келиб: “Ат-Таҳийяту…, денглар”-дедилар. Бу ўринда, ким бирор нарсадан унинг яроқли ўринбосари бўлган ҳолда қайтарса, батаҳқиқ, ушбу ўринбосарни олиб келиши ҳамда нима қилишини билмай турган кишини тарк этмаслиги (уқтириляпти).
Бешинчи масала: Ҳадисда Аллоҳ жалла ва аълага таъзим бажо қилиниши ва унга салом йўлланмаслигига далил бор. Чунки “Ат-Таҳийёт” Унга таъзим бажо келтиришлик. Салом йўллаш эса Унинг ҳаққига дуо қилиш. Аллоҳ жалла ва аълага таъзим бажо келтирилади, Унинг ҳаққига дуо қилинмайди.
Олтинчи масала: Ҳадисда “Ат-Таҳийёт” билан саломнинг ўртасида фарқ бор эканига далил бор. Таъзим бажо келтириш “Ат-Таҳийяту лиллаи” дея Аллоҳ таолонинг ҳаққида айтилади. Саломга келсак, у Аллоҳнинг ҳаққида айтилмайди. Дарҳақиқат, фарқни билиб олдик, “Ат-Таҳийёт” – таъзим бажо келтириш-(улуғлаш). Аллоҳ улуғланишга лойиқ. Салом эса дуодир. Аллоҳ дуога муҳтож эмас.
mutaallim   06-21-2014, 08:36 PM
#72
53-боб:
“Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг мени мағфират қил”, қавли ҳақидаги боб

Саҳиҳ (ҳадис)да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бирортангиз: Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг мени мағфират қил. Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг менга раҳм қил, деб айтмасин. Сўраганда азм-у қарорли бўлсин. Албатта, Аллоҳни (бирор ишга) мажбурловчи йўқдир”. (Бухорий (4/160), Муслим (4/2063)).
Муслим ривояти: “Рағбатни катта қилсин. Албатта, Аллоҳ таолога ато қилаётган бирор нарса катта бўлиб кўринмайди”. (Юқоридаги манба).

Бу боб ҳам олдинги боб туридандир. Чунки Аллоҳ таолога дуо қилаётган кишига, дуода азм-у қарорли бўлиши вожиб бўлади. Уни (дуони Аллоҳнинг) хоҳишига боғламайди. Чунки уни (дуони Аллоҳнинг) хоҳишига боғласа, бу икки ишни ўз ичига олади:
Биринчи иш: Бу, унинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан дуо сўрашликдаги ношутлигига далолат қилади. Гўёки у Аллоҳдан беҳожатдек. Ана у нарса ҳосил бўлса (яхши), акс ҳолда шарт эмас, дегандек. Гўёки уни талаб қилишда совуққонлик билан ёндашаётгандек. Ҳудди у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан беҳожатдек.
Шак-шубҳа йўқки, банда барча ҳолатларида Аллоҳ жалла ва аълага муҳтож. Чунки у Аллоҳга қарам. Ўзидаги бор имконият ва сабабларга қарамасин. Бу имкониятлар бир лаҳзада йўқ бўлиши мумкин. Уларга қарамасин ва таянмасин. Чунки у қандай бўлганда ҳам Аллоҳга муҳтож. Гарчи у одамлар ичида мол-давлати, фарзанди ва мулки энг кўпи бўлса-да. Ушбу неъмат унда қолиши ва унга манфаатли бўлишида у Аллоҳга муҳтож. Акс ҳолда у (мол-давлат) тезда йўқ бўлиб кетишга нишон бўлади. Бу бир маъно.
Иккинчи иш: Гўёки у, Аллоҳ жалла ва аъла мажбур ҳолатда дуони ижобат қилади деб билгандек. “Агар хоҳласанг”, яъни, мен Сени мажбур қилмайман. Сенга машаққат туғдиришдан қўрқаман. Бироқ хоҳласанг мени мағфират қил, менга раҳм қил, дегандек. Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нолойиқ. Чунки бу, Уни оёқости қилишликдир. Аллоҳ жалла ва аълани бирор мажбурловчи йўқ. Бу маънога у киши соллаллоҳу алйҳи ва салламнинг ушбу қавллари далолат қилади: “Албатта, Аллоҳни (бирор ишга) мажбурловчи йўқдир”.
“Саҳиҳ (ҳадис)да”, яъни, “Саҳиҳайн”да.
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бирортангиз: Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг мени мағфират қил. Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг менга раҳм қил, деб айтмасин. Сўраганда азм-у қарорли бўлсин. Албатта, Аллоҳни (бирор ишга) мажбурловчи йўқдир”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу қайтариқнинг сабабини икки ишга боғладилар:
Биринчи иш: Бу, сўровчининг ношутлигига далолат қилади. Сўровчидан талаб этилгани азм-у қарорли бўлиш: “Сўраганда азм-у қарорли бўлсин”.
Иккинчи иш: Бу, сўровчи Аллоҳ буни мажбур бўлган ҳолда мулозамат кўрсатиш бобидан қиляпти деб қўрқишини билдиради. Аллоҳ жалла ва аълани бирор мажбурловчи йўқ. Истаганини қилади ва танлайди, субҳанаҳу ва таоло. Бирор киши Уни мажбурламайди ёки Унга таъсир ўтказмайди ёҳуд У бирор кишига сермулозаматлик қилмайди ёкида бирор кишидан қўрқмайди.
“Муслим ривояти: “Рағбатни катта қилсин”. (Ушбу ривоятга) ўхшаш: “Сўраганда азм-у қарорли бўлсин”. Яъни, дуода Аллоҳдан қатъий туриб сўрасин.
“Албатта, Аллоҳ таолога ато қилаётган бирор нарса катта бўлиб кўринмайди”. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзигина биладиган нарсалардан истаганини сон-саноқсиз, беҳисоб ато этади. У субҳанаҳунинг хазиналари тугамайди. Бу, махлуққа хилоф равишдаки, у ҳам ато этади. Бироқ унинг бергани ўзига оғир келади ва молига зиён етказади. Гоҳида камбағал бўлиб, унда ҳеч вақо бўлмайди.
Аллоҳ жалла ва аълага келсак, батаҳқиқ, У Беҳожат. Ато қилаётган бирор нарсаси Унга катта бўлиб кўринмайди. Шунинг учун истакларнинг энг чўққиси бўлмиш жаннатни беради. Дунё ва охиратни ато этади, субҳанаҳу ва таоло. Беҳисоб ато этади. Хазиналари тугамайди. Қудсий ҳадисда (вориб бўлгани)дек: “Эй бандаларим! Агар аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инс ва жинларингиз бир тепаликда туриб, Мендан сўрасалар, бас, ҳар бир кишига сўраганини бераман. Бу, Менинг ҳузуримдаги нарсани камайтирмайди. Ҳудди игна денгизга киргазилганда-(ботирилганда денгиз сувини) камайтиргани каби (озайтириши) мустасно. Чунки Мен кўплаб инъом қилувчи, Бой, Буюкман. Ато қилишим бир оғиз сўз, жазойим ҳам бир оғиз сўз. Хоҳлаганимни қиламан”. (Муслим (2577), Термизий (2495), Ибн Можжа (4257), Аҳмад (5/160) ва Доримий (2788)). У субҳанаҳу ва таолонинг ҳолати шундай.
Ушбу ҳадис бир қанча масалаларга далолат қилади:
Биринчи масала: “Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг мени мағфират қил. Эй Аллоҳ! Агар хоҳласанг менга раҳм қил”, деб айтишликдан қайтарув. Қайтарув ҳаром қилишлик учундир.
Иккинчи масала: Қайтарув сабабини баён қилиш. У ҳам бўлса, Аллоҳ жалла ва аълани мажбурловчи йўқки, “Агар хоҳласанг” деб айтишингизга эҳтиёж бўлса. Гарчи кўп бўлса-да ато қилаётган бирор нарсаси Унга катта бўлиб кўринмайди. Бу, Аллоҳга нисбатан ҳеч нарса дегани. Хазиналари лиммо-лим. Кўп инфоқ қилиш билан камаймайди. Дунё ва охиратдаги барча нарса У субҳанаҳу ва таолонинг саҳовтидан. Шунга қарамай У субҳанаҳу ва таолонинг хазиналари озаймайди: “Ҳолбуки осмонлар ва ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир”. (Мунофиқун: 7). Дунё ва охират ҳамда осмонлар ва ердаги барча яхшилик ва неъматлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хазиналаридандир.
Учинчи масала: Ҳадисда У субҳанаҳу ва таолонинг беҳожатлиги мукаммал эканига, кўп инфоқ қилиши ва сўрайдиганларга ато қилишига қарамай хазиналари камаймаслигига далил бор. Осмонлар ва ерни яратгандан бери нималарни инфоқ қилганини биласизларми? Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлганидек У субҳанаҳу ва таолонинг Ўнг Қўлидаги нарса камаймайди.
mutaallim   06-21-2014, 09:55 PM
#73
54-боб:
“Қулим ва чўрим”, деб айтилмаслиги ҳақидаги боб

Саҳиҳ (ҳадис)да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бирортангиз: раббинг-(хожанг)а таом келтир ва раббинг-(хожанг)а таҳорат суви келтир, деб айтмасин. (Балки) шундай десин: саййидим, хўжайиним. Бирортангиз: қулим ва чўрим, деб айтмасин. (Балки) шундай десин: (хизматкор) йигит, (хизматкор) қиз ва ғуломим”. (Бухорий (2/221), Муслим (4/1765)).

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ бу бобни ҳам олдинги боб каби Аллоҳнинг исм ва сифатларини эҳтиром қилиш, ширкка олиб борувчи йўлларни тўсиш ва тавҳид чегарасини ҳимоя қилиш учун битдилар. Бу эса, у сабабли ширкдан иборат бирор нарса тушуниб қолинадиган лафзлардан четлашишлик билан бўлади. Гарчи сўзловчи бу маънони мақсад қилмаган бўлса-да. Бироқ эшикни асл-у асосидан тўсишлик учун бундан четлашади. Ана шу мақсад қилинганидир.
Ушбу китобда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳид чегарасини ҳимоя қилишлари ва ширкка олиб борувчи йўлларни тўсишларидан иборат шунга ўхшаш (ҳадислар) юқорида ўтди.
Шулардан: хўжайин ва молдор киши қўл остидаги одамга: қулим ва чўрим, деб айтмаслигидир. Чунки қул-(банда)лар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қуллари. Аллоҳ таоло деди: “Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур”. (Марям: 93). Бу ўринда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга бирор кишининг қули-(бандаси) йўқ. Бандаларнинг бари, мўмин-у кофир Аллоҳнинг қулларидир. Бу, умумий убудият-(бандалик). Хос убудиятга келсак, у фақат мўминларга хос: “(Эй Муҳаммад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!”. (Зумар: 53). “Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг!”. (Зумар: 17-18). “Эй, … бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар”. (Зухруф: 68). Бу, мўминларга хос убудият. Ва у, Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унга тавба-тазарру қилиш убудияти. Унинг мукофоти эса жаннат. Демак, убудият Аллоҳга хос.
“Чўрим”. Бу, фалончининг чўриси, дейилмайди. Балки: бу, Аллоҳнинг чўриси, деб айтилади. Бу, тавҳив ва Рубубият жонибига нисбатан одоб сақлашликдир. Ана шу, муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) бу сарлавҳани битишликларининг важҳи эди.
“Саҳиҳ (ҳадис)да”. Яъни, “Саҳиҳайн” бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бирортангиз:…, деб айтмасин”. Бу, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қайтарув.
“Раббинг-(хожанг)а таом келтир”. Яъни, унга таом узат.
“Раббинг-(хожанг)а таҳорат суви келтир”. Яъни, унга таҳорат қилишда кўмаклашиб юбор.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматкор йигит хўжайинига айтадиган сўзни баён қилдилар. У: “Саййидим, хўжайиним” (деб айтишидир). Ҳудди хўжайин ўз қўли остидагиларга айтадиган лафзни баён қилганлари каби. У: “(Хизматкор) йигит, (хизматкор) қиз ва ғуломим”, (деб айтишидир). Чунки бу лафзларда қайтариқ йўқ. Аксинча, қайтарилган лафзлар ўрнини босувчидир.
Ушбу ҳадис бир қанча масалаларга далолат қилади:
Биринчи масала: Ҳадисда муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) ушбу сарлавҳани битганликларидаги сабаб бор. У ҳам бўлса “Қулим” ва “Чўрим” деган сўзнинг жоиз эмаслиги. Чунки ҳадисда айни шундай ворид бўлди: “Қулим ва чўрим, деб айтмасин”.
Иккинчи масала: “Раб” лафзи фақат Аллоҳга нисбатан қўлланади. Чунки У бандалари устидан тўла рубубиятга эга бўлган Раб субҳанаҳу ва таолодир: “Сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни … яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз”. (Бақара: 21). “(Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, … паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман”. (Нос: 1), ваҳаказо. Қуръонда “Раб” лафзи мутлақ суратда фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан ворид бўлган. Уни У Зотдан ўзгасига истеъмол қилиш жоиз эмас. Гарчи сўзловчи ушбу маънони мақсад қилмай, шунчаки эгалик ва хўжайинликни қасд қилган бўлса-да. Бироқ бу, юқорида ўтганидек важ-(баҳона)ларни тўсиш бобидандир. Аммо “Раб” лафзи айтилганда, уни “Ҳовлининг рабби-(хўжайини)”га ўхшаш махлуққа нисбатан қўллаш жоиз бўлади. Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қавли каби: “Ҳожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин”. (Юсуф: 42).
Учинчи масала: Машҳур қоида, қайтарилган нарсага олиб борувчи сабабларни тўсиш. Қайтарилган нарсага олиб борувчи ҳар бир важ-(баҳона) ва восита, батаҳқиқ, маън қилинган. Бу, улкан қоида. Усул илми билан шуғулланадиганлар наздида: “Сабабларни тўсиш қоидаси”, деб юритилади. Имом Ибнул Қаййим “Иълам ал-Муваққиъин” ва “Иғоса ал-Лаҳфон” китобларида бу ҳақда батафсил сўзлаганлар. Унга тўқсон тўққизта мисол зикр қилганлар.
Тўртинчи масала: Ҳадисда, кимки бирор нарсадан, унинг яроқли ўринбосари бўлган ҳолда қайтарса, батаҳқиқ, ўринбосарни олиб келишига далил бор. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қулим” ва “Чўрим” деган сўздан қайтарганларида шундай дедилар: “(Балки) шундай десин: (хизматкор) йигит, (хизматкор) қиз ва ғуломим”. Бу, қайтариқ йўқ бўлган яроқли ўринбосардир. Агар бу ўринда қайтарилган нарсанинг ўрнини эгаллайдиган ўринбосар бўлса, батаҳқиқ, имкон борича қайтариқ йўқ бўлган ўринбосарни олиб келади. Юқорида бунга мисол ўтди. Ҳамда ўтган бобларда бу мисоллар такрор-такрор келди.
Бешинчи масала: Ҳадисда махлуққа нисбатан “Саййидим, хўжайиним”, лафзининг жоизлигига далил бор. Чунки бу икки сўз қайтарилган маъноларни ифодаламайди. Агар лафз қайтарилмаган маънога эга бўлса, бунинг ҳечқиси йўқ. Чунки саййид дея раис ирода қилинади.
Мулкдор кишига: “Саййид”, эрга нисбатан: “Хўжайин”, дейилади.
Мавло – (қул) озод қилувчи, ёрдам қўлини чўзувчи, суюмли киши ва мулкдор. Шуларнинг барига “Мавло” дейилади.
mutaallim   06-22-2014, 08:09 PM
#74
55-боб:
Аллоҳнинг номи ила сўраган кишига рад (жавоби) қилинмаслиги ҳақидаги боб

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким Аллоҳ ила сўраса, бас, унга беринглар. Кимда-ким Аллоҳ ила паноҳ сўраса, бас, унга паноҳ беринглар. Кимда-ким сизларни чорласа, бас, унга ижобат қилинглар. Кимда-ким сизларга яхшилик қилса, бас, уни муносиб тақдирланг-(мукофотланг)лар. Агар муносиб тақдирлашга бирор нарса топа олмасангиз, бас, тоинки уни муносиб тақдирладим деб билишингиз учун унинг ҳаққига дуо-и хайр қилинглар”. Абу Довуд ва Насоий саҳиҳ санад ила ривоят қилди. (Аҳмад (2/68), Абу Довуд (3/17), Насоий (5/28), Ҳоким (1/412), Байҳақий (4/99), Ҳоким ва Ҳофиз “Футуҳот” (5/250)да нақл қилинганидек “Тахрижул Азкор”да саҳиҳ дедилар).

Шайх раҳимаҳуллоҳнинг ушбу қавлларида: “Аллоҳнинг номи ила сўраган кишига рад (жавоби) қилинмаслиги ҳақидаги боб”, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлашлик мавжуд. Ва у, тавҳиднинг мукаммалигидандир. Аллоҳнинг номи билан сўровчи кишига рад жавоби беришликка келсак, бас, бунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққига ёмонлик қилиш ҳамда бу рад жавобида тавҳиддаги нуқсонлик бор.
Аллоҳнинг номи билан сўрашлик жоиз. Аллоҳ таоло деди: “Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз”. (Нисо: 1). Ҳадисда (айтилишича): “Кимда-ким Аллоҳ ила сўраса, бас, унга беринглар”. Бу эса Аллоҳнинг номи билан сўрашлик жоиз эканига далолат қилади.
Бироқ ким Аллоҳнинг номи билан сўраса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлашлик учун сўровчига рад жавоби қилиниши жоиз эмас.
“Кимда-ким Аллоҳ ила сўраса…”. Сендан Аллоҳнинг номи билан сўрайман дейишликка ўхшаш. Бунинг маъноси, Аллоҳ азза ва жалла билан онт ичишлик демакдир. Аллоҳга қасамки, ушбу нарсани менга берасан, деганга ўхшаш. Агар: Сендан Аллоҳнинг номи билан сўрайман деса, яъни, сенга Аллоҳнинг номи билан онт ичаманки, менга шундай-шундай нарсани берасан, деганидир.
“Бас, унга беринглар”. Бу, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Аллоҳ ила сўраган кишига беришликка буйруқ. Зоҳири эса вожиб эканлигидир.
Бироқ бу борада тафсилот бор. Унда ўзининг ҳаққи бўлган нарсани Аллоҳнинг номи билан сўраса, ҳудди “Байтул мол”-(“Давлат хазинаси”)дан сўраган киши каби, чунки “Байтул мол”да ҳар бир мусулмоннинг ҳаққи бор. Агар Аллоҳнинг номи билан сўраса, унга беришлик вожиб бўлади. Шунингдек, сизда ҳожатингиздан зиёда ортиқча (мол) бўла туриб таом ёки кийим-кечак ёҳуд бундан бошқалардан иборат бирор нарсага муҳтож киши сиздан мажбурликдан сўраса, батаҳқиқ, сизга унинг заруратини даф қилиш учун беришингиз вожиб бўлади. Агар унга бермасангиз, дарҳақиқат, Аллоҳга маъсият қилган бўласиз.
Кўр, мохов ва калнинг қиссасида юқоридаги ҳадисда келганидек Аллоҳ зарурий ҳолатда сўралганда бермаган икки кишига ғазаб қилди. Музтар ва муҳтож киши сўралувчининг ҳожатидан ортиқ нарсани сўраганда, унга уни беришлик вожиб бўлади. Агар унга бермаса, дарҳақиқат, Аллоҳга осийлик қилибди.
Ҳатто музтар ҳолатда бўлса, батаҳқиқ, заруратини тўсадиган (миқдорда) ўзганинг молидан олишликка ҳаққи бор.
Муҳтож ва музтар бўлмаган ҳолда ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсани сўраса, бас, сўралган киши учун унга (сўровчига) беришлиги мустаҳаб бўлади. Мана шунда сўралган киши учун унга (сўровчига) беришлиги мустаҳаб бўлади. Агар ана шу охирги ҳолатда унга бермаса макруҳ ишга қўл урган бўлади. Агар унга берса, мустаҳаб ишни қилган бўлади.
“Кимда-ким Аллоҳ ила паноҳ сўраса, бас, унга паноҳ беринглар”. Паноҳ сўраш – бошпана талаб қилишликдир.
Ким Аллоҳнинг номи билан ширкдан паноҳ сўраса, батаҳқиқ, унга паноҳ бериш сизга вожиб бўлади. Унга паноҳ бермаслигингиз жоиз эмас.
“Кимда-ким сизларни чорласа…”. Яъни, сиздан бирор муносабат билан унинг ҳузурида ҳозир бўлишни талаб қилса. Ҳудди сизни валийма таомига ҳозир бўлишга чорлагани каби. Шунда сизга ижобат қилишлик вожиб бўлади. Бу ўринда бирор монеълик бўлиши истисно қилинади. Чунки бу, биродарлик ҳақ-ҳуқуқларидан.
Ҳадиснинг зоҳири барча чақириқлар учун умумий. Бироқ уламолар: чақириққа ижобат қилиш хоссатан тўй валиймаси учун. Ундан бошқа зиёфатларга келсак, унга ҳозир бўлишлик мустаҳаб бўлади. Тўй зиёфати эса, бас, унда ҳозир бўлиш вожиб бўлади, дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларига биноан: “Энг ёмон таом зиёфат таомидир. Унга бойлар чақирилиб, камбағаллар маън қилинади”. (Бухорий (4882), Муслим (1432), Абу Довуд (3742), Ибн Можжа (1913), Аҳмад (2/267), Молик (1160) ва Доримий (2066)). (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким ижобат қилмаса, дарҳақиқат, Аллоҳ ва Расулига осийлик қилибди”. (Бухорий (4882), Муслим (1432), Абу Довуд (3742), Ибн Можжа (1913), Аҳмад (2/267), Молик (1160) ва Доримий (2066)). “Аллоҳ ва Расулига осийлик қилибди”, шоҳид ўрнидир. Бу эса тўй зиёфатларида ҳозир бўлишнинг вожиб эканига далолат қилади. Агар узрсиз бормаса гуноҳкор бўлади.
Аммо зиёфатда мункар иш бўлиши каби бу ўринда узр бўлса ва у, ушбу мункарни йўқ қилишга қодир бўлмаса, батаҳқиқ, (у ерга) бормайди. Чунки бу, чақириққа ижобат қилишдаги монеъликдир. Агар уни йўқ қилишга қодир бўлса, унга боришлик вожиб бўлади. Ҳатто рўзадор ҳам боришлиги вожиб бўлади. Бироқ рўзаси вожиб (рўза) бўлса, дуо-и хайр қилади ва жўнайди. Агар рўзаси мустаҳаб (рўза) бўлса, оғиз очиб, ейиш билан дуо-и хайр қилиб, жўнаш орасида ихтиёрлидир.
“Кимда-ким сизларга яхшилик қилса, бас, уни муносиб тақдирланг-(мукофотланг)лар”. Яъни, ким сизга мол ёки амал ёҳуд сўзга оид яхшилик қилса.
Маъруф мункарнинг зидди. Бу ўринда яхшилик ирода қилинган. Ким сизга мол-дунё ёки обрў ёҳуд ширин сўз ва бундан бошқалардан иборат яхшилик қилса, буларнинг бари яхшилик жумласидан, сизга уни муносиб тақдирлашлигингиз вожиб бўлади. Яъни, унга ҳам сизга қилганичалик яхшилик қиласиз. Яхшилигини яхшилик билан қарши оласиз. Бу, бир жиҳатдан муносиб тақдирлашлик бобидан. Яна бу ишда бошқа бир жиҳатдан миннат қилишни узишлик бор. Чунки сиз уни муносиб тақдирламасангиз, устингизда унинг миннати қолади ва унинг олдида тилингиз қисиқ бўлади.
Ҳатто яхшилик қилувчи кофир бўлса-да, батаҳқиқ, сиз уни яхшилик қилгани учун муносиб тақдирлайсиз. Чунки бу, олий хулқлар ва миннат қилишни қирқиш ҳамда яхшиликни яхшилик билан мукофотлаш бобидандир: “Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшилиқдир”. (Раҳмон: 60). Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар”. (Мумтаҳана: 8). Бу, мусулмонга яхшилик қиладиган кофир ҳақида бўлиб, мусулмон уни муносиб тақдирлайди. Балки миннат қилишни қирқиш ва унинг олдида тили қисиқ бўлмаслиги учун мусулмоннинг ҳаққида кофирнинг қилган иши-(яхшилиги) учун муносиб тақдирлашлик таъкидлироқ бўлади. Чунки бу, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш бобига дохил бўлади. Агар кофирлар мусулмонлар томонидан ушбу пок ва фазилатли хулқларни кўрса, бу уларнинг исломга киришларига ундайди.
“Агар муносиб тақдирлашга бирор нарса топа олмасангиз, бас, … унинг ҳаққига дуо-и хайр қилинглар”. Яъни, унинг ҳаққига хайр, енгиллик ва тавфиқ тилаб дуо қилинглар.
Бу эса яхшилик қилувчи ё сўз ёки амал билан муносиб тақдирланишига далолат қилади.
Ушбу ҳадисда улкан масалалар бор:
Биринчи масала: Муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) номлаган сарлавҳа: “Аллоҳнинг номи ила сўраган кишига рад (жавоби) қилинмаслиги ҳaқидаги боб”. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу қавлларига биноан: “Кимда-ким Аллоҳ ила сўраса, бас, унга беринглар”. Чунки бу ишда, Унинг номи ила сўралаётган Зот бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлашлик ҳамда унга рад жавоб қилишда Аллоҳ таолонинг ҳаққига ёмонлик қилиш ва тавҳиддаги нуқсонлик бор. Унга ато қилишликда эса Аллоҳ таолонинг ҳаққини эҳтиром ва тавҳидни мукаммал қилишлик мавжуд.
Иккинчи масала: Аллоҳ ила паноҳ сўраган кишига кўмак бериш ва уни ёмон нарсага дучор қилмасликнинг вожиб экани. Чунки бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг номи билан ҳимоя сўраган кишига тажовуз бўлади. Бу эса тавҳиднинг ноқислигидан. Унга кўмак беришлик тавҳиднинг мукаммаллигидан.
Учинчи масала: Мусулмон киши мусулмон биродарининг чақириғини ижобат қилиши. Чунки бу ишда қалблар яхшилиги ҳамда биродарлар ўртасида муҳаббатни мустаҳкамлаш ва нафратни йўқотишлик бор. Аммо ижобат қилмаса, бас, бу акс натижа беради. Одамлар ўртасида нафрат, бир-бирини ёмон кўриш ва (алоқалар) узилишига сабаб бўлади.
Тўртинчи масала: Ҳадисда яхшилик қилувчини имкон қадар қилган яхшилигичалик мукофот билан тақдирлашнинг вожиб эканига далил бор. Агар имкон бўлмаса, батаҳқиқ, уни дуо-и хайр қилиш билан мукофотлайди.
Бешинчи масала: Ҳадисда, яхшилик қилувчини муносиб тақдирламасликдан қайтарув бор. Чунки бу, мусулмонга ярашмайдиган разил сифатлардандир.
mutaallim   06-22-2014, 09:32 PM
#75
56-боб:
Аллоҳнинг Юзи ила фақат жаннат сўралишлиги ҳақидаги боб

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Аллоҳнинг Юзи ила фақат жаннат сўралади”. Абу Довуд ривояти. (Абу Довуд (2/309), Ибн Манда (98), Байҳақий “Сунан” (4/199) ва “Асмо ва Сифат” (306)).

Шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу бобни “Тавҳид китоби”да битдилар. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларини улуғлашлик Аллоҳни улуғлашликдан. Уларни улуғлашлик тавҳиддан. Чунки у, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлашликдир. Уларни улуғламаслик эса тавҳидни бадном қилиш. Чунки у, Аллоҳ азза ва жаллани оёқости қилишликдир.
“Аллоҳнинг Юзи”. У субҳанаҳу ва таолонинг Зотий сифатларидан бири бўлиб, уни исбот қилиш борасида Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида далиллар мутавотир бўлди ҳамда аҳли сунна вал жамоа уламолари унга ижмо қилди. Аллоҳ таоло деди: “(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзигина боқий мангу қолур”. (Раҳмон: 26-27). У Зот Ўзига Юзни исбот қилди. Ҳамда уни буюклик ва мукаррамлик билан сифатлади.
Аллоҳ таоло шундай деди: “Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Юзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир), Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар”. (Қасос: 88). Ушбу қавли: “Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Юзигина (мангудир)”. (Қасос: 88). Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига ўхшаш: “Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзигина боқий мангу қолур”. (Раҳмон: 28).
Суннатда Аллоҳ азза ва жаллага Юзни исбот қилиш ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Ҳудди муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) келтирган ҳадисга ўхшаш: “Аллоҳнинг Юзи ила фақат жаннат сўралади”. Ва ушбу ҳадисга ўхшаш: “У сабабли зулуматлар чароғон бўладиган ҳамда унинг асосида дунё ва охират иши салоҳиятли бўладиган Юзингнинг нури ила паноҳ сўрайман”.
Бу бобда шунга ўхшаш ҳадислар кўп. Аҳли сунна уламолари ҳамда муаллифлар ақида (китоб)ларида уларни зикр қилган. Ибн Хузайманинг “Тавҳид Китоби”, Ажуррийнинг “Суннат” китоби, Ибн Абу Осимнинг “Суннат” китоби ва бундан бошқа тавҳид ҳақида битилган китобларда (бу борадаги) оят ва ҳадисларни келтирадилар. Уларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларига, Юз ва икки Қўл каби Зотий сифатлар ҳамда (Аршга) кўтарилиши ва дунё осмонига тушиш ва бундан бошқалр каби феълий сифатларига далолат қилувчи ҳужжатларни зикр қиладилар.
Юз, Зотий сифатлардан. Балки уларнинг энг улканидир. Бироқ Аллоҳнинг сифатлари махлуқотларининг сифатлари каби эмаслигига илм, ишонч ва қатъийлик билан (эътиқод қиламиз). Аллоҳнинг Юзи бор. Махлуқнинг ҳам юзи бор. Аллоҳнинг икки Қўли бор. Махлуқнинг ҳам икки қўли бор. Аллоҳ жалла ва аъланинг эшитиш ва кўриш сифатлари бор. Махлуқнинг ҳам эшитиш ва кўриш сифатлари бор. Бироқ Аллоҳ жалла ва аъланинг сифатлари Ўзига ва буюклигига лойиқ. Махлуқнинг сифатлари ҳам ўзига ва хилқатига лойиқ. Махлуқотларнинг сифатлари Холиқ жалла ва аъланинг сифатларига ўхшаш эмас. “Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир”. (Шўро: 11). “Унинг учун бирон тенгни билурмисиз?!”. (Марям: 65). “Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). “Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир”. (Ихлос: 4). Буларнинг бари Холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари орасида тенглик ва ўхшашликни рад этади. Ўхшашлик йўқ. Гарчи маънода муштарак бўлса-да, батаҳқиқ, кайфият ва ҳақиқатда муштарак бўлмайди.
Ким Аллоҳни махлуқотларига ўхшатса, дарҳақиқат, куфр келтирибди. Ким Аллоҳ Ўзини сифатлаган нарса-(сифат)ларини инкор этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди. Бухорий (раҳимаҳуллоҳ)нинг шайхлари Нуъайм ибн Ҳаммод (раҳимаҳуллоҳ) ва у кишидан бошқа салаф уламолари айтганидек: “Кимда-ким Аллоҳни махлуқотларига ўхшатса, дарҳақиқат, куфр келтирибди”. Чунки Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: “Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир”. (Шўро: 11). Кимки Аллоҳ Ўзини сифатлаган сифатларни инкор этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир”. (Шўро: 11). Ва яна шундай дейди: “Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзиигина боқий мангу қолур”. (Раҳмон: 27). У Зот Ўзига Юзни исбот қилди. Кимда-ким Аллоҳ Ўзи учун исбот қилган нарсани рад этса, бас, у Аллоҳни ёлғончига чиқарувчидир. Ва Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирган бўлади. Чунки иймон – Аллоҳ азза ва жаллага, фаришталарига, Китобларига, Расулларига, охират кунига ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришингиздир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исм ва сифатларига, Ўзига лойиқ бўлгудек тарзда иймон келтиришлик, У Зотга иймон келтиришлик жумласидандир.
Аллоҳ жалла ва аъланинг, Ўзи исбот қилганидек Юзи бор. Бироқ У, махлуқнинг юзига ўхшамайди. Мўминнинг гумонига ушбу ёмон ўй бўлмиш Аллоҳ билан махлуқотлари ўртасини бир-бирига ўхшатиш гумони келмайди. Кимнинг ўй-(гумон)ига шу нарса келса, батаҳқиқ, унинг иймони ноқис бўлади. Агар Аллоҳ Ўзини сифатлаган нарсаларини рад этса, батаҳқиқ, иймонини йўқотган бўлади. Аллоҳдан офият сўраймиз.
Шунинг учун: мушаббиҳ-(Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларининг сифатларига ўхшатувчи) санамга ибодат қилади. Муъаттил-(Аллоҳнинг сифатларини бекор қилувчи) йўқ нарсага ибодат қилади. Муваҳҳид эса ягона, Самад-(барча ҳожатлар билан кўзланувчи) Рабга ибодат қилади, дейдилар.
“Аллоҳнинг Юзи ила … сўралади”. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга Юзни исбот қиляптилар. Бироқ бу Юз буюк бўлиб, улуғланади. У билан дунё матолари каби ҳақир нарсалар сўралмайди. Балки у билан, Унинг буюклигига лойиқ бўладиган нарса бўлмиш жаннат сўралади. Чунки жаннат талаб-(истак)ларнинг энг улкани ва чўққиси. У улкан нарса. Жаннатга элтадиган солиҳ амалларга келсак, ҳадисда (шундай дейилган): “Сендан жаннат ҳамда унга яқинлаштирадиган сўз ва амални сўрайман. Сендан дўзах ҳамда унга яқинлаштирадиган сўз ва амалдан паноҳ сўрайман”. (Ибн Можжа (3846) ва Аҳмад (6/147)).
Демак, Аллоҳнинг Юзи билан ҳақир нарса сўралишидан Уни улуғлашлик учун У билан фақат жаннат сўралади.
Жаннатдан қуйи бўлган ҳар бир нарса, батаҳқиқ, у ҳақирдир. Жаннатга элтадиган солиҳ амаллар мустасно. У ҳам Аллоҳнинг Юзи билан сўралади.
Ушбу ҳадисда икки масала бор:
Биринчи масала: Аллоҳ азза ва жаллага Юз исбот қилишлик.
Иккинчи масала: Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи билан ҳақир нарсалар сўралишидан қайтарув. Жаннатдан ўзга барча нарса, батаҳқиқ, у ҳақирдир. Демак, улар Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи ила сўралмайди.
(Бир масала) қолди. Ушбу ҳадисни Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган. Иснодида Сулаймон ибн Муоз бор. У эса заиф. Демак, ҳадис заиф. Муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) уни бу ўринда қандай келтирдилар?
Айтамизки: Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ушбу китобда саҳиҳ ёки ҳасан ёҳуд уни қўллаб-қувватлайдиган шоҳидлари бор заиф ҳадисларни далил сифатида зикр қиладилар. Ушбу ҳадисни эса Китоб ва суннатда Аллоҳ азза ва жалланинг Юзини исбот қилиш борасидаги шоҳидлари бор.
mutaallim   06-24-2014, 02:27 AM
#76
57-боб:
“Агар-да” (сўзи) борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб

Аллоҳ таолонинг ушбу қавли: “Айтадиларки, «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик»...”. (Оли Имрон: 154).

“Агар-да” (сўзи) борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб”, яъни, бундан қайтарув (ҳақида келган ҳужжатлар ҳақидаги боб). Чунки тақдирга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан бири. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига, Расулларига ва охират кунига иймон келтиришингиз ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришингиз”. (Муслим (8), Термизий (2610), Насоий (4990), Абу Довуд (4695), Ибн Можа (63) ва Аҳмад (1/27)). У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу қавллари: “Тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришингиз”, тақдирга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан бири эканига далолат қилади.
Аллоҳ таоло деди: “Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик”. (Қамар: 49). Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани тақдир билан яратди. У Зот махлуқотлари, уларни йўқдан бор қилиш ва барча тафсилотларининг тақдирини белгиловчидир. Бу борлиқдаги ҳар бир нарса яхшилик ёки ёмонлик, зарар ёки фойда, салоҳият ёки фасод, куфр ёки иймоннинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан тақдир қилинган.
Саҳиҳ ҳадисда (айтилишича): “Аллоҳ барча нарсанинг тақдирини, осмонлар ва ерни яратишдан эллик минг йил олдин Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйди. Арши эса сув устида эди”. (Муслим (2653), Термизий (2156) ва Аҳмад (2/169)).
Аллоҳ таоло деди: “На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур”. (Ҳадид: 22). Яъни, Аллоҳ азза ва жалла уни яратишдан олдин, ўзининг вақтида содир бўлишидан олдин у Лавҳул Маҳфузда ёзилган. “Албатта бу Аллоҳга осондир”. (Ҳадид: 22). Аллоҳ таоло деди: “(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур)”. (Тағобун: 11). Аллоҳнинг кавний, қадарий изни-иродаси. Яъни, У субҳанаҳу ва таолонинг тақдири ва хоҳиши билан. Ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан тақдир қилингандир.
Тақдирга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан бири. У, тавҳид остига дохил бўлади. Тақдирга иймон келтирмслик тавҳид ва иймонга зид келади. Кимки тақдирга куфр келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирибди. Унинг тавҳид ва дини йўқдир. Чунки у тақдирни инкор этди. Бу ҳақда кейинроқ муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) битган алоҳида бобда келади.
Ана шу, муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) ушбу бобни “Тавҳид китоби”да келтиришларининг важҳики, тақдирни инкор этиш тавҳидга зид келади. Чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога куфр келтиришликдир.
“Агар” сўзини инсон юз берган нарсага тоқатсизлик ва ғазаб сиёқида айтса, албатта, бу тавҳиддаги нуқсонлик, тақдирдан бетоқат бўлишликдир. Чунки мусулмонга Аллоҳнинг қазо-и қадарига рози бўлиши, бетоқат бўлмаслиги ва ғазабланмаслиги ҳамда хоҳ хоҳласин ёки бош тортсин, бетоқат бўлсин ёки бетоқат бўлмасин бу (нарса) унинг бошига тушиши аниқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдир қилган нарса юз бериши чорасиз эканини билиши вожиб бўлади.
“Аллоҳ таолонинг ушбу қавли: “Айтадиларки, «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик»...”. (Оли Имрон: 154)”. “Айтадиларки”, яъни, мунофиқлар.
Ушбу оят Оли Имрон сурасида Уҳуд ғазоти, қўшинни тартибга келтиришда Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига хилоф қилишгани сабабли мусулмонларнинг кўпчилиги шаҳид бўлиши ҳамда душманлари улар устидан ғалаба қозонишида бошларига тушган мусибат сиёқи-(оқими)да келди. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангдан олдин қўшинни тартибга келтирдилар. Мерганлардан иборат бир жамоани мусулмонларни орт томондан ҳимоя қилсинлар деб тоққа қўйдилар. Ҳамда уларга: “Ғалаба қозонсак ҳам, мағлубиятга учрасак ҳам тоғни ташлаб кетманглар”-дедилар. (Бухорий (3817), Абу Довуд (2662) ва Аҳмад (4/293)). Сўнг жанг бошланди. Мусулмонлар орт томондан ҳимояланган ҳолда кофирларга қарши жанг қила бошладилар. Кофирларга ташланиб, улардан (бир қанчаларини) қатл қилдилар ва ҳужумга ўтдилар. Ғалаба мусулмонлар томонида эди.
Ўлжаларни йиғишни бошлашгач, тоғдагилар уларни кўришди. Ва: ўлжаларга шерик бўлиш учун тушамиз, дедилар. Қўмондонлари Абдуллоҳ ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) уларни қайтарди ва уларга Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларини эслатди: “Ғалаба қозонсак ҳам, мағлубиятга учрасак ҳам тоғни ташлаб кетманглар”. Улар эса бош тортиб, (тоғдан) тушдилар.
(Тоғдан) тушишгач кофирлар тоғ айлана мусулмонларнинг ортидан келиб, уларга зарба бердилар. Мусулмонлар бу ер (олд томон) ва у ер (орт томон)дан кофирлар ўртасида қолганларинигина билишди. Натижада уруш янгидан бошланди. Мусулмонлар бошига Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатсизлик қилингани сабабли мусибат тушди. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди — сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳис-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди”. (Оли Имрон: 152). Бу, мусулмонларни ҳотиржам қилишликдир. Койигандан сўнг уларнинг ўтган (солиҳ) амаллари ва фазилатлари боис афв қилганини айтиб ҳотиржам қилди. Бироқ бу, итоатсизлик сабабли жазодир. “Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир”. (Оли Имрон: 152). У субҳанаҳу ва таолонинг ушбу қавлигача: “Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса…, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар”. (Оли Имрон: 154). Мусулмонлар қаттиқ хавф ҳолатида эдилар. Дарҳақиқат Аллоҳ уларга уйқу туширди. Чунки уйқу амн-у омонлик. Натижада уйқу мўминлар билан кофирлар ўртасини ажратиб берувчи бўлди. Мўминлар уйқуга кетишди. Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан амн-у омонлик. Мунофиқлар даҳшат, хавф ва қўрқоқлик сабаб уйқуни тотмадилар. “Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб…”. (Оли Имрон: 154). Ана шу сабабдир. Мўмин Аллоҳ ҳақида ҳақ гумонда, у Раббиси сари борувчи экани ҳамда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса-(ажр) яхшироқ ва боқийроқ деган ўйда бўлади. У Раббиси ҳақида чиройли гумонда бўлади. Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлади. Шунинг учун ўлимдан қўрқмайди. Чунки у Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиради. Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлади ҳамда Саҳоватли Раббиси сари бораётганини ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан (берилган) ваъдани (билади). Демак, у ҳотиржам. Мунофиқларга келсак, улар Аллоҳ ҳақида ёмон гумонда бўладилар. “Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки, «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик»”. (Оли Имрон: 154). Ана шу, шоҳид ўрни: “Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик”. (Оли Имрон: 154). Қатл қилиниш сабабини, бирор тадбир-(бошқарув)га эга эмасликларида деб билишди. Агар қўлларида бирор бошқарув бўлганида ўлдирилмаган бўлардилар. Шунда Аллоҳ уларга ушбу қавли билан раддия берди: “Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар»”. (Оли Имрон: 154). Уйларда қолиш ўлимдан тўсмайди. Қайси бир ўринда ўлими ёзилган киши, қатл қилиниши ёки ўша ерда ўлиши битилган жойга тезда чиқиб, боради.
Ана шу, шоҳид ўрни: “Агар”. Чунки у, бу сўзни Аллоҳнинг қазо-и қадаридан бетоқат бўлиш, аччиқланиш ва тақдирдан норози бўлиш бобидан айтди.
Шунга ўхшаш ҳолатда “Агар” дейилса, батаҳқиқ, бу жоиз бўлмайди.
Ва ушбу қавли: “(Эй Муҳаммад), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга...”. (Оли Имрон: 168).
Ушбу (сўз)ни мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай айтганди. “Дўстлари ҳақида … дейдиган…”. (Оли Имрон: 168). Яъни, (жанга) чиқиб, Уҳудда қатл қилинган мўминлар ҳақида. Аллоҳ у (мўмин)ларни қандай у (мунофиқ)ларнинг дўст-(биродар)лари деб атади? Ахир мўмин мунофиққа биродар бўладими? Бу, зоҳирига қараб (бўлди). Чунки мунофиқ зоҳирда мўмин. Демак, у зоҳирий кўринишдаги биродарлик. Чунки мунофиққа зоҳирда мўминларга қилинадиган муомала қилинади. Қалби эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога топширилади. Демак, У Зот уларни (мунофиқларни) зоҳир қилишган иймонларига қараб уларнинг (мўминларнинг) биродарлари деб атади.
Насл-у насабда биродарлари деган қавл ҳам бор. Чунки Абдуллоҳ ибн Убай Ансорлар қабиласидан, Мадина аҳлидан. Демак, улар (мунофиқлар) уларнинг (мўминларнинг) насл-у насабдаги биродарлари. Аллоҳ билувчироқ.
Дарҳақиқат, Аллоҳ унга ушбу қавли билан раддия берди: “«Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!”. (Оли Имрон: 168). Агар ўша (Уҳудда қатл қилинган)лардан ўлимни тўсиб қолишингизни даъво қилаётган экансизлар, бас, уни ўзларингиздан тўсиб қолингларчи. “«Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!”. (Оли Имрон: 168). Яъни, агар улар сизларнинг олдингизда бўлганларида ўлмай ва ўлдирилмагай қолсалар, унда ўзларингиздан ўлимни тўсиб қолингларчи.
Аллоҳ таолонинг ушбу қавлидаги шоҳид ўрни: “Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида)…”. (Оли Имрон: 168). Бу ўринда “Агар” бетоқатлик, аччиқланиш ва тақдирга иймон келтирмаслик ўрнида истеъмол қилинди. Унинг даъвосига кўра уларга етган ўлим Аллоҳнинг қазо-и қадари билан бўлмаган. Балки (жанга) чиқиш сабабли бўлган. Мадинада қолишлик эса саломат қолишга сабаб. Бу (ишни) қазо-и қадарга қайтармади. Саломат қолиш ва қатл қилинишнинг ҳар иккиси ҳам қазо-и қадарга боғлиқ. Хоҳ Мадинада қолсинлар, хоҳ Уҳудга чиқсинлар баробар. Кимга Аллоҳ ўлишини ёзган бўлса, батаҳқиқ, у Мадинада ёки Уҳудда ўлади. Кимга Аллоҳ (тирик) қолишини ёзган бўлса, батаҳқиқ, у хоҳ урушда бўлсин, хоҳ Мадинада бўлсин (тирик) қолади. Демак, иш Аллоҳнинг қазо-и қадарига боғлиқ.
Саҳиҳ (ҳадис)да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожизлик қилма. Агар сенга бирор нарса-(зарар) етса: агар бундай қилганимда шундай-шундай бўларди, деб айтма. Балки: Аллоҳнинг тақдир-(ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилади, деб айт. Албатта, “Агар” шайтон амалини очиб беради”. (Муслим (4/2052)).
“Саҳиҳ (ҳадис)да”. Яъни, “Саҳиҳ Муслим”да.
“Кучли мўмин”. Бу ўринда кучлидан мурод иймон кучи. Яъни, иймонида кучли (мўмин). Шунингдек бадани, фикри ва тадбир-(бошқарув)ида кучли. Куч-қувват иймон кучини ўз ичига олади. Ана шу асл-у асосдир. Раъй-(фикр) ва тадбир-(бошқарув)да кучи. Жасад кучи ҳам. Чунки у кучи сабабли фойда беради. Ўзига ва ўзгага манфаат келтиради. Нафи ўзига чекланиб қолмайди. У “Яхшироқ”. Яъни, яхшилиги кўпроқ.
“Ва Аллоҳга суюмлироқ”. Бу ўринда Аллоҳга муҳаббат (сифати) исбот қилиняпти. У, кучли мўминни яхши кўради. Муҳаббат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларидан.
“Заиф мўминдан”. Иймонида заиф. Шунингдек ирода, тадбир ва жасадида заиф. Чунки унинг нафи ўзига ҳам, ўзгага ҳам оз бўлади.
“Барида яхшилик бор”. Мўмимннинг бари, кучли ва заифи ҳам яхши. Барчасида хайр бор. Бироқ кучли мўминнинг яхшилиги ўзгага ҳам ўтади. Заиф мўминнинг яхшилиги эса ўзига чекланган, ўзгага ўтмайди.
“Ҳарис бўл”. Ҳарисликнинг маъноси, бирор нарсани талаб қилишда маромига етказишликдир.
“Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл”. Яъни, уни талаб қилишда маромига етказ. Уни қўлга киритишда кучингни сарфла. Чунки фойда, талаб қилинган нарсадир.
Бунинг зимнида бефойда нарсага ҳарис бўлишдан қайтарув бор.
“Аллоҳдан ёрдам сўра”. Яъни, фақат ҳарис бўлишликка таяниб қолма. Ҳарис бўлиш билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ёрдам сўра. Чунки сен Аллоҳдан беҳожат бўлолмайсан. Ҳар қанча сабабларни сарфласанг ҳам, албатта, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг изни билангина наф келтиради. Шунинг учун икки иш, Аллоҳ азза ва жалладан ёрдам сўраш билан сабабларни бажариш ўртаси жамланди.
“Ожизлик қилма”. Бу қайтарув, ожизликдан қайтарувдир.
Ожизликнинг маъноси дангасалик ва эътиборсизликдир. Жасадга оид ожизлик эмас. Агар инсон жисмга оид ожизликка йўлиқса, бунинг учун айбга буюрилмайди. Чунки бу, унинг ихтиёрида эмас. Бироқ (бу ўринда) дангасалик, эътиборсизлик ва роҳат-фароғотни ийсор-ихтиёр қилиш ирода қилинган. Ана шу қайтарилгандир. Чунки мусулмон у сабабли кўп яхшиликни қўлдан бой беради. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик, бахиллик ҳамда хоҳ ҳақ, хоҳ ноҳақ билан бўлсин кишиларнинг устунлик-(хўжайинлик) қилишларидан паноҳ сўрардилар.
“Агар сенга бирор нарса-(зарар) етса…”. Яъни, сен ёмон кўрган нарсалардан. Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўлганинг, Аллоҳдан ёрдам сўраганинг ва ожизликни тарк этганингдан кейин, ушбу сабабларни қилганингдан кейин истагинг ва талабингнинг акси бўлган нарса бошинга тушса, бас, бетоқатлик қилма. Бу, Аллоҳнинг қазо-и қадари билан бўлганини, агар Аллоҳ сенга бирор нарсани тақдир қилса, албатта, у юз беришини бил. Бироқ У сенга (бу нарсани) тақдир қилмади. Қай бир нарсада яхшилик бор эканини билмайсан. Шояд Аллоҳ уни сендан, сенга ирода қилган яхшилик учун тўсиб қўйгандир. Инсон бирор нарсага ҳарис бўлади. Агар уни қўлга киритса, у (нарса) уни ҳалок қилиши мумкин. Аллоҳ унга раҳм қилиб у (нарсадан) тўсади. “(Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз”. (Бақара: 216).
“Агар бундай қилганимда шундай-шундай бўларди, деб айтма”. Буни, ўзингнинг нуқсонга йўл қўйишинга боғлама. Бироқ уни Аллоҳнинг қазо-и қадарига боғла.
“Балки: Аллоҳнинг тақдир-(ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилади, деб айт”. Яъни, буни Аллоҳнинг қазо-и қадарига боғла. Уни сендан маън қилган нарса, у сенинг феълинг ёки тарк этганинг эмас. Балки уни сендан маън қилган Зот Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Эҳтимол Аллоҳ сенга яхшиликни ирода қилиб, ёмонликни сендан буриб юборганини билмассан. Демак, Аллоҳнинг қазо-и қадарига рози бўл.
Қазо-и қадарга иймон келтирадиган мўминнинг ҳолати шундай бўлади. Мунофиқ ва иймони заифга келсак, унга ўзи ёмон кўрадиган бирор нарса етса бетоқат бўлади ва ғазабга минади. Ҳамда: бу, фалончи сабабли ёки бу, мен шундай-шундай қилмаганим сабабли, дейди. Бу эса тақдирни инкор қилишлик ёки тақдирга иймон келтирмаслик ёҳуд тақдирга иймони заиф эканлигидандир. Мўмин бундай бўлмайди.
“Аллоҳнинг тақдир-(ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилади”. Бу, мусулмонга кўп муаммоларни ечиб беради.
“Албатта, “Агар”…”. Яъни, “Агар” деб айтишлик.
“Шайтон амалини очиб беради”. Агар буни, қазо-и қадардан ўзга нарсага боғласанг шайтон оралайди. Сенга васваса қилиб, турли ҳаёлларга солишни бошлайди. Сени нафсий ҳавотирга солади. Ғам, ташвиш ва қайғуда қоласан. Аммо бу эшикни ёпсанг ва: “Аллоҳнинг қазо-и қадари” ёки “Аллоҳнинг тақдир-(ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилди”-десанг, батаҳқиқ, шайтоннинг эшигини ёпасан.
“Албатта, “Агар” шайтон амалини очиб беради”. “Аллоҳнинг тақдир-(ўлчов)и ва У (Ўзи) хоҳлаган ишни қилди” эса шайтон эшигини ёпишликдир. Натижада унинг ёмонлиги, ташвиши, қайғуси ва васвасаларидан роҳат топасан.
Бир муаммо қолди, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида саҳобаларига: “Мен ҳозир билган нарсани илгарироқ менга билдирилганида эди, мен ўзим билан қурбонлик учун чорвалар олиб келмас эдим ва ушбу тавоф ва саъй (икки тепалик орасида югуриш)ни Умрадаги амалларнинг орасига киритиб юборган ҳамда Умрани адо этиб бўлгач, эҳромдан чиққан бўлар эдим”, дедилар. (Бухорий (1568), Насоий (2805), Абу Довуд (1787), Ибн Можа (2980) ва Аҳмад (3/366)). Ахир бу ўринда “Агар” (сўзи), умрани ҳажга боғлаш фазилати бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлдан бой берганлари борасида маълум бўлган нарса ҳақида истеъмол қилинмадими? Бу (ҳадис) у киши (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу: “Агар сенга бирор нарса-(зарар) етса: агар бундай қилганимда шундай-шундай бўларди, деб айтма”, қавлларига зид келадими? Жавоб: зид келмайди. Чунки “Агар бундай қилганимда шундай-шундай бўларди”, бу юз бериб, интиҳо топган нарсага бетоқат бўлиш бобидандир. Аммо “Мен ҳозир билган нарсани илгарироқ менга билдирилганида эди”, у келажак ҳақида хабар беришлик, ўтган иш ҳақида эмас. Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга умра ҳамда уни ҳажга боғлашлик фазилати маълум бўлганида, албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган бўлардилар ва қурбонлик учун ҳайвонларни ҳайдаб келмасдилар. Демак, у келажакда қиладиган ишлари ҳақида хабар беришликдир.
Ана шу ҳадислар орасини жамлашликдир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажак ҳақида хабар беряптилар. Яна у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тоат қилиш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қурбат ҳосил қилишни орзу қиляптилар. Қўлдан бой берилган ёки ўтган ишга бетоқатлик қилаётганлари йўқ. Демак, бу (ҳадис) билан у (ҳадис) ўртасида ўзаро қарама-қаршилик йўқ.
Ушбу бобда бир қанча масалалар бор:
Биринчи масала: Қазо-и қадарга иймон келтиришнинг вожиб экани. У, иймон рукнларининг олтинчи рукни. Ҳамда у, тавҳид аломатларидандир. Қазо-и қадарга иймон келтирмаслик тавҳидга зид келади ва у, мунофиқлик аломати.
Иккинчи масала: Икки оят ва ҳадисдан мусибат ва ёмон ишлар содир бўлганда “Агар” (сўзини) тарк этиш вожиб экани истифода қилинади. “Агар шундай-шундай қилганимда ушбу мусибатлар юз бермаган бўларди”-деб айтмайди. Балки: бу мусибатлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан тақдир қилинган, дейди. Ва Аллоҳнинг қазо-и қадарига рози бўлади.
Учинчи масала: Сабабларни бажаришликка тарғиб. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларига биноан: “Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл”.
Тўртинчи масала: Сабабларга таяниб қолишдан қайтарув ва Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашнинг вожиб экани: “Аллоҳдан ёрдам сўра”.
Бешинчи масала: Эътиборсизлик, дангасалик ва сабабларни бекор қилишдан қайтарув.
Олтинчи масала: “Агар” сўзидан қайтарувнинг сабаби шуки, у шайтон амалини очиб беради. Аллоҳдан ёрдам сўраш, фойдали нарсага ҳарис бўлиш ва “Агар” сўзи билан маломат қилишни ташлашга келсак, батаҳқиқ, бу инсон учун шайтон эшигини ёпади.
Еттинчи масала: Умуман олганда мўминнинг фазилати ҳамда кучли мўмин заиф мўминдан афзал экани.
Саккизинчи масала: Аллоҳ мўминларни яхши кўришини исбот қилишлик. У (Аллоҳнинг мўминларга муҳаббати) уларнинг (мўминларнинг) иймон ва бошқа нарсада кучли ва заиф эканликларига қараб фазилатда бир-биридан устун бўлади.
mutaallim   06-24-2014, 11:49 PM
#77
58-боб:
Шамолни сўкишликдан қайтарув ҳақидаги боб

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Шамолни сўкманглар. Ёмон кўрган нарсангизни кўрганингизда шундай деб айтинглар: Эй Аллоҳ! Биз сендан ушбу шамолнинг яхшилиги ва ундаги яхшилик ҳамда унга буюрилган яхшиликни сўраймиз. Сендан ушбу шамолнинг ёмонлиги ва ундаги ёмонлик ҳамда унга буюрилган ёмонликдан паноҳ сўраймиз”. (“Аллоҳумма иннаа насъалука мин хойри ҳазиҳиррийҳи ва хойри маа фийҳа ва хойри маа умирот биҳ. Ва наъузу бика мин шарри ҳазиҳиррийҳи ва шарри маа фийҳа ва шарри маа умирот биҳ”). Термизий саҳиҳ деди. (Аҳмад (5/123), Термизий (7/33), Насоий (933-934)).

Бу боб ҳам замонни сўкиш, “Агар” деб айтиш ва мунажжимликдан қайтарув ҳамда нарсаларни Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига боғлаш бўлган ҳар бир нарсадан қайтарув бўлган олдинги боблар туридандир. Батаҳқиқ, бу (ишлардан) қайтарилган. Чунки ишларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида. У, уларнинг Яратувчиси, Бошқарувчиси. Демак, ишлар У субҳанаҳу ва таолога изофа қилинади-(боғланади). Ундан ўзгасига на сўкиш тарзида ва на мақтов тарзида боғлиқ дейилмайди. Чунки бу ишда Аллоҳ азза ва жаллани оёқости қилиш ва ишларни Ундан ўзгасига мансуб деб билишлик мавжуд.
Юқорида ўтганидек, бу нарсалар ана шу ишларни яратади ёки пайдо қилади деб эътиқод қилса, бас, бу катта ширк. Чунки у, рубубиятдаги ширк.
Агар бундай эътиқод қилмаса, балки Аллоҳ Яратувчи, Бошқарувчи дея эътиқод қилса ва булар фақат сабабдир деган бобдан ушбу нарсаларни ана шу махлуқотларга мансуб деб билса, бас, бу ҳаром ва кичик ширк жумласидан бўлади. Ҳатто Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо), юқорида ўтганидек, кишининг: “Заб шамол бўлди-да. Денгизчи эпчил экан-да”, деган сўзини Аллоҳга тенгдош исбот қилишлик дедилар. Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини шундай изоҳладилар: “Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Кемага минганлар бирор корҳолга учрамай денгиздан чиқсалар, буни денгизчининг эпчиллиги ва кемаларини йўналтирган шамолнинг ўнгидан келганига мансуб деб биладилар. Батаҳқиқ, бу Аллоҳ азза ва жаллага тенгдош исбот қилишлик жумласидан. Чунки Аллоҳ азза ва жаллага шукр қилишлари вожиб эди. Шамолни ва денгизчини бўйсундирган, унга илм ва тавфиқ берган Зот – У (Аллоҳ)дир. Демак, нарсалар ўзининг масдар-(манба)и бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбат берилади. Ана шу тавҳиддир.
Нарсаларни У Зотдан ўзгасига нисбат беришликка келсак, бас, бу катта ёки кичик ширк.
Мусулмонларга бундан огоҳ бўлишлари вожиб бўлади. Чунки ҳозир кўпчиликнинг тилида нарсаларни мақташ, унинг шарофати билан шундай-шундай юз берди, тиббиёт шарофати билан шундай-шундай бўлди, кучларни бирлаштириш шарофати билан, фалончининг меҳнатлари шарофати билан шундай-шундай юз берди, деган сўзлар кўпайган. Аллоҳ эса асло ёдга олинмайди. Ушбу ишлар учун Унга олқиш айтилмайди. Бу ақидадаги катта хато бўлиб, бу сўзни айтувчи киши ҳақида катта ширкдан қўрқилади. У ширкдан саломат қолмайди: ё кичик ширк ёки катта ширк.
Ёки нарсалар табиий шароитларга мансуб деб қаралади. Худди ёмғирни иқлимга ёки пас атмосферага ёҳуд шамолга ёкида шунга ўхшаш нарсаларга мансуб деб айтишаётгани каби. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан беодоблик.
Ҳа, Аллоҳ нарсалар учун сабабларни таъйин қилди. Бироқ ушбу сабабларни яратган, уларни бўйсундирган, унга сир-асрорларни жо қилган Зот ким? У, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ишлар Аллоҳ азза ва жаллага мансуб деб билиниши вожибдир. Ана шу, мусулмоннинг доимий ақидаси. Ана шу, тавҳиддир.
Тоат, куфр, маъсият, фисқ ва одамлрга тажовуз қилишга ўхшаш инсоннинг феълидан иборат ишлар истисно қилинади. Булар, махлуққа нисбат берилади. Чунки улар, унинг феъли ва жинояти. У бунинг учун ҳисоб беради. Гарчи уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдир қилган бўлса-да, бироқ уларни қилган ҳамда уларга ўзининг хоҳиш, ихтиёри билан қўл урган махлуқ(нинг ўзи) бўлиб, у булар учун қораланади ва азобга тортилади. Ёки ажрга сазовор бўлади, агар солиҳ (амаллар) бўлса. У, қадар жиҳатидан Аллоҳга нисбат берилади. Бажариш жиҳатидан эса махлуққа нисбат берилади. Уларни бажарган ва уларга ўз хоҳиш, ихтиёри ва иродаси билан қўл урган у (махлуқ)дир. У, Аллоҳнинг тақдири учун эмас, ўзининг қилган ишлари учун жазоланади ёки ажрга эришади.
“Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят”. У киши Абул Мунзир Убай ибн Каъб ал-Хазражий ал-Ансорийдир. Қуръонни юқори савияда қироат қилиш билан ном қозонганлар. У киши саҳобалар ичида Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини энг яхши ўқиган кишидирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шамолни сўкманглар”-дедилар. Бу, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қайтарувдир. “Сўкманглар”, яъни, шамолни ҳақорат қилманглар, уни қораламанглар ва унга лаънат айтманглар. Инсоннинг бошига ёмон нарса тушганда ўзини сарҳисоб қилиши вожиб бўлади. Чунки унга бу ёмон нарса фақат ўзи ва феъли сабабли етди. Демак, ўзини сарҳисоб қилади ва Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилади: “(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур)”. (Шўро: 30).
Инсон шамол ва ундан бошқа нарсани маломат қилмаслиги, балки Аллоҳга қайтиши, Унга тавба қилиши ҳамда Аллоҳ унга бу мусибатни фақат ўзининг феъли ва маъсияти сабабли тақдир қилганини билиши билан ўзини маломат қилиши вожиб бўлади. Шунда Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиб, ўзини сарҳисоб қилади. Сўнг нарсаларни Аллоҳга нисбат беради. Аллоҳ ўзининг феъли сабабли уни жазолаш учун ушбу нарса-(мусибат)ни тақдир қилди ва вужудга келтирди. Уни (мусибатни) бунга амр қилган У Зотдир. Демак, у (мусибат) амр қилинган ва бошқариб турилади. “У шундай зотки, Ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ёғдирурмиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб…”. (Аъроф: 57). Шамолларни жўнатадиган Зот Аллоҳ жалла ва аъладир: “Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик”. (Ҳижр: 22). “Аллоҳ шундай зотдирки, шамолларни юборур, бас улар булутни ҳайдар, сўнг (Аллоҳ булутни) Ўзи хохлагандек ёюр ва (агар хохласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз”. (Рум: 48).
Демак, шамол Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амри билан яхшилик учун юборилади. Ва яна У Зот уни ёмонлик ва азоб билан ҳам юборади. Худди Од (қабиласи)га юборгани каби: “Од (қабиласининг қиссаси) да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди”. (Зориёт: 41-42). “Юборган эдик”, яъни, уни (бўронни) юборган У Зотдир. У (бўрон) ўзи келиб, Од (қабиласи)ни ҳалок қилган эмас. Балки уни юборган Аллоҳдир. “У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб – ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз”. (Ал-Ҳаққо: 7). “Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир давомли наҳс кунида (яъни наҳс-шумлиги хеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур”. (Қамар: 19-20). “Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир», дедилар. «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб), тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди”. (Аҳқоф: 24-25). Бунинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амри биландир.
“Ёмон кўрган нарсангизни кўрганингизда…”. Яъни, шамол сабабли ёмон кўрган нарсангизни кўрганингизда, шамолнинг шиддати ва куч-қувватини кўрганингизда. У сизларга ёки мол-ҳолларингизга зарар бериши ёҳуд дарахтларингизни қўпориб ташлаши ёкида уйларингизни бузиб ташлаши ё унинг совуқлиги сабаб ёмон кўрган нарсангиздан қўрққанингизда. Чунки шамол гоҳида ниҳоятда совуқ ёки ниҳоятда иссиқ бўлиб, наботот ва ҳосилни ҳалок қилади.
“Ёмон кўрган нарсангизни кўрганингизда…”. Шамолнинг куч-қуввати, совуқлиги ёки ҳароратини (кўрганингизда) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога юзланинглар. Шамолга юзланиб, уни қоралаб, сўкманглар. Бир жиҳатдан бу ишда фойда йўқ. У яна Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириш ҳамда нарсани ўзининг ўрнига қўймасликдир.
“Ёмон кўрган нарсангизни кўрганингизда шундай деб айтинглар…”. Ана шу, муолажа-(ечим)дир.
“Эй Аллоҳ! Биз сендан ушбу шамолнинг яхшилиги ва ундаги яхшилик ҳамда унга буюрилган яхшиликни сўраймиз. Сендан ушбу шамолнинг ёмонлиги ва ундаги ёмонлик ҳамда унга буюрилган ёмонликдан паноҳ сўраймиз”. (“Аллоҳумма иннаа насъалука мин хойри ҳазиҳиррийҳи ва хойри маа фийҳа ва хойри маа умирот биҳ. Ва наъузу бика мин шарри ҳазиҳиррийҳи ва шарри маа фийҳа ва шарри маа умирот биҳ”)”. Ана шу, муолажа-(ечим): ишларни Аллоҳга нисбат бериш ҳамда ёмонликни даф қилиш ва яхшилик келиши учун Аллоҳ жалла ва аълага дуо қилиш.
Бу эса шамол яхшилик ва ёмонликка маъмур эканига далолат қилади. Ҳадисда (айтилишича): “Шамол Аллоҳнинг раҳматидандир. У яхшилик ва ёмонлик олиб келади”. (Абу Довуд (5097) ва Ибн Можа (3727)). У (шамол) Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бўлган буйруқ ва бошқарув остида юборилади.
Ушбу ҳадисдан бир қанча масалалар истифода қилинади:
Биринчи масала: Шамолни сўкишдан қайтарув. Чунки бу, ишларни Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига нисбат беришлик нуқтаи назаридан тавҳидга шикаст етказади.
Иккинчи масала: Шамол бошқариладиган махлуқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амри билан яхшилик ва ёмонлик олиб келади. Модомики шундай бўлар экан, батаҳқиқ, мазаммат ва мадҳ унга йўналтирилмайди. Балки мусибат вақтида тавба-тазарру ва дуо билан, роҳат ва неъмат дамларида шукр ва ҳамд билан Аллоҳ таолога юзланилади.
Учинчи масала: Ҳадисда, мусулмонлар оғир дамларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога дуо, тавба-тазарру ва тавҳид билан юзланишликларига далил бор. Улар ҳозирги замон мушрикларининг ҳолати каби дуони тарк этиб, Ундан ўзгасига юзланмайдилар. (Ҳозирги замон мушриклари) қийин ҳолатга тушиб қолсалар ширк (сўзи) билан нидо қиладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига дуо қиладилар. Ўзлари ихлос қўйган ўлик, авлиё ва солиҳ кишиларга дуо қилиб, уларнинг исмларини айтиб қичқирадилар. Уларга холис (дуо) қилишлари учун номларини ёдга оладилар ва бир-бирларини шунга буюрадилар.
Даъватчиларга ушбу ишга аҳамият қаратишлари, одамларни ҳазир бўлишга чорлашлари, уларга баён қилиб беришлари, одамларни Аллоҳни (ибодатда) яккалашга даъват қилишлари, ушбу динни инсонларга етказишликка бел боғлашлари, ақидани соф, саҳиҳ тарзда ёритиб беришлари вожиб бўлади. Ана шу, ечимдир. Мусулмонларнинг муаммоларига ечим топишни истаган киши учун ана шу ечимдир.
Агар ушбу ишга бир дона мухлис киши бел боғласа, албатта, Аллоҳ у сабабли халқларни ва авлодларни қутқаради. Худди мухлис даъватчиларнинг қўлида юз берганидек. Улар якка шахслар эди. Ҳозирда эса даъват қиламан деган жамоатлар, катта имкониятлар ва мол-дунё мавжуд. Бироқ (буларнинг) таъсири қаерда? Агар бир дона даъватчи саҳиҳ манҳаж асосида туриб, Аллоҳнинг йўлига саҳиҳ манҳаж асосида даъват қилса, албатта, кўп манфаат ҳосил бўлади.
Ҳозирда даъватчилар, жамоатлар ва ҳаракатлар кўп. Бироқ фойда ва самара қаерда? Ёмонлик ортиб, атрофга тарқалиб боряпти. Чунки ушбу даъватлар асосан тўғри асосда эмас. Агар тўғри асос ва соғлом манҳажда бўлганда, бас, мухлислардан бўлган ягона киши мингта даъватчига татирди. Худди бу, ўтган ислоҳотчи даъватчилар сийратида маъруф бўлганидек.
Abu Yusuf   06-27-2014, 05:27 PM
#78
Ваффақакумуллоҳу ва баарока фийкум!
Аллоҳ жамиятимизни тавҳидни билиб, уни тахқиқига муяссар қилсин!

“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга, ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси, 5-оят).
mutaallim   06-30-2014, 08:14 PM
#79
59-боб:
Аллоҳ таолонинг ушбу: “Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!»” (Оли Имрон: 154), қавли ҳақидаги боб


Бу, улкан боб. Ушбу бобнинг “Тавҳид Китоби”га боғлиқлиги шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш тавҳиднинг вожиботларидан. Аллоҳ азза ва жалла ҳақида ёмон гумонда бўлиш эса тавҳидга зид келади. Ана шу, ушбу бобнинг “Тавҳид Китоби”га боғлиқлик тарзидир.
“Аллоҳ таолонинг ушбу … қавли ҳақидаги боб”. Яъни, Оли Имрон сурасидаги ушбу ояти карима ҳамда Фатҳ сурасидаги иккинчи-(бошқа) оят изоҳи борасида келган нарса-(асар)лар (ҳақидаги боб). Ҳар иккиси ҳам бир мавзуда. У ҳам бўлса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишлик ҳамда Аллоҳ бунинг учун ваъид қилган азоб-у уқубатлар (мавзуси)дир. Чунки бу, тавҳидга зид келади.
Бу қисса Уҳуд воқеасида, қўшинда (Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига) хилоф чиқишлик сабабли мусулмонлар устидан душман ғалаба қозонган кезда юз берди.
Ана шу ишлар юз бергач мунофиқлар ёмон сўзлар айтишди. Чунки мунофиқ доимо мусулмонларнинг камчилиги мавжуд деб биладиган фурсатдан фойдаланади. Ундан “унумли” фойдаланиб, ўзининг истагига мувофиқ изоҳлайди ва ўзгартиради. Охир замонгача мунофиқларда доим шундай. Ҳар сафар мусулмонлар бошига шиддат, офат ва торлик тушганда мунофиқлар шодланиб уни, мусулмонлар бирор нарса-(асос)да эмас, уларнинг динлари бир тийинга қиммат дея изоҳлаб, таҳлил қила бошлайдилар. Аллоҳ ҳақида ноҳақ, динсизларча бадгумонда бўладилар.
Оли Имрон сурасида Аллоҳ уни жоҳилият-(динсизларча) гумон қилиш, Фатҳ сурасида эса бадгумон қилиш деб атади.
Оли Имрон сурасида шундай деди: “Динсизларча бадгумон қилиб…”. (Оли Имрон: 154). Чунки жоҳилият – илмсизлик. Ушбу хато гумонга боришликнинг сабаби эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, Унинг исм ва сифатлари, Унга ҳамд айтиш ва ҳикматини билмасликдир.
Ва ушбу қавли: “Ва Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамбарига ва мўминларга ғалаба бермайди деб) ёмон гумон қилгувчи мунофиқ ва мунофиқаларни ҳамда мушрик ва мушрикаларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгувчидир”. (Фатҳ: 6).
Ибнул Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) биринчи оят ҳақида шундай деди: “(Оятдаги ушбу) бадгумон – Аллоҳ Ўз элчисига нусрат бермайди, унинг (пайғамбарнинг бошлаган) иши йўқ бўлиб кетади, дея изоҳланди. Ва унга етган мусибат Аллоҳнинг қадари ва ҳикмати билан бўлмади, дея шарҳланди.
Ҳикмат ва тақдирни инкор қилиш ҳамда У Зот элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишини тўла-(мукаммал) қилиши ва уни барча динларга ғолиб қилишини инкор қилиш, дея изоҳланди. Фатҳ сурасида мунофиқ ва мушриклар борган гумон, ана шу бадгумондир. Ушбу (гумон) бадгумонки, у У субҳанаҳу ва Унинг ҳикмати, мақтовга сазовор эканлиги ҳамда чин ваъдасига нолойиқдир. Кимда-ким У Зот ботил ҳақ устидан барқарор ғалаба қозонишини таъминлаб берадики, ҳақ (ер юзидан) йўқ бўлиб кетади, дея гумон қилса ёки юз бераётган нарсалар Унинг қазо-и қадари билан бўлишини рад этса ёки Унинг қадари мақтовга лойиқ бўлгудек етук бир ҳикмат учун бўлишини инкор қилса, балки у (Аллоҳ) шундай хоҳлагани учунгина бўлди, дея даъво қилса, ана шу, кофир бўлганларнинг гумонидир. Бас, кофирларга дўзах вайли бўлсин. Аксар одамлар ўзларига тегишли ишлар ва У Зот ўзгаларга нисбатан қилаётган иши борасида Аллоҳ ҳақида бадгумонга борадилар. Ушбу (бадгумон)дан фақат ва фақат Аллоҳни, Унинг исм ва сифатларини ҳамда Унинг ҳикмати ва мақтовга сазовор зот эканлиги тақозо қилганларини билган кишигина саломат қолади. Ўзига самимий бўлган оқил киши бунга аҳамият қаратсин, Аллоҳга тавба қилсин ва Раббисига нисбатан бадгумонга боргани учун Ундан ушбу гумонни мағфират қилишини сўрасин. Истаган кишингни текшириб кўр-да, албатта, унда қадарга нисбатан қайсарлик-(инжиқлик), маломат ва (аслида) шундай-шундай бўлмоғи лозим эди дея ё оз деб билувчи ёки кўп деб билувчи эканини кўрасан. Ўзингни ҳам текширчи ушбу (иллат)дан саломат эканмисан? Агар нажот топган бўлсанг, демак, катта балодан нажот топибсан. Акс ҳолда сени нажот топган деб билмайман”.

Фатҳ сурасида шундай деди: “Ёмон гумон”. (Фатҳ: 6). Яъни, Аллоҳ азза ва жалла ҳақида бадгумон қилиш. У, Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлишга зид келади. Аллоҳ ҳақида яхши гумон қилиш – тавҳид. Аллоҳ ҳақида бадгумонда бўлиш эса куфрдир.
Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу икки оят борасида Ибнул Қаййим (раҳимаҳуллоҳ)нинг сўзларини ёдга олдилар ва уни “Задул Маъад фий Ҳадйи Хойрил Иъбад”дан мухтасар суратда келтирдилар.
“Ибнул Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) биринчи оят ҳақида шундай деди: “(Оятдаги ушбу) бадгумон”. Яъни, Оли Имрондаги оят.
“Аллоҳ Ўз элчисига нусрат бермайди”. Бу, жоҳилият гумонидир.
“Унинг (пайғамбарнинг бошлаган) иши йўқ бўлиб кетади”. Бу эса Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини ёлғонга чиқаришликдир: “У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир”. (Соф: 9). Аллоҳнинг ваъдасини ёлғонга чиқаришлик куфрдир.
“Ва унга етган мусибат Аллоҳнинг қадари ва ҳикмати билан бўлмади, дея шарҳланди.
Ҳикмат ва тақдирни инкор қилиш ҳамда У Зот элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишини тўла-(мукаммал) қилиши ва уни барча динлардан ғолиб қилишини инкор қилиш, дея изоҳланди”.
Яъни, бу борада уч (ҳил) изоҳ бор: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълларида ҳикматни инкор этиш. Ҳикматни инкор этиш эса куфр ва залолат. Чунки Аллоҳ Ўзини ҳикмат (сифати) билан сифатлади. Ўзини “Ҳаким”-(Ҳикматли) деб атади. Кўплаб оятларда Ҳикматли, Хабардор. Ҳикматли, Билувчи (дея сифатланади). Ҳикмат – бирор нарсани ўз ўрнига қўйишликдир.
Ким Аллоҳнинг ҳикматини инкор қилса, батаҳқиқ, шу сабабли кофир бўлади. Уни исбот қилиб, таъвил-(таҳриф) қилган кимсага хилоф равишдаки, у ушбу таъвилда залолатга оғган дея эътибор қилинади. Чунки Аллоҳ жалла ва аъла Ҳаким-(Ҳикматли). Ҳар бир ишни фақат улкан ҳикмат сабаблигина қилади. Бу ҳикмат гоҳида бизга ошкор бўлади, гоҳида эса йўқ. Аллоҳ жалла ва аъла бирор нарсани беҳудага қилмайди. Бирор нарсани беҳикмат, шунчаки хоҳлагани учун қилмайди. Балки ишларни ҳикмат ва улкан ғоя сабабли қилади. У субҳанаҳу ва таолонинг бирор иши бесабаб эмас ва барининг ортида бир ҳикмат бор. Бундан, бизга ҳикмат ёки сабаб ошкор бўлиши лозим бўлмайди. Бироқ биз Аллоҳ жалла ва аъланинг ишларида беҳудалик йўқ дея қатъий айтамиз, иймон келтирамиз ва аниқ ишонамиз.
“Тақдирни инкор қилиш”, дея изоҳланди. Бу ҳам Аллоҳга куфр келтиришлик. Чунки тақдир, юқорида ўтганидек, иймон рукнларининг олтинчи рукни.
“У Зот элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишини тўла-(мукаммал) қилиши ва уни барча динларга ғолиб қилишини инкор қилиш”, дея изоҳланди. Ана шу учинчи изоҳки, Аллоҳ Расулига нусрат бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини ёлғонга чиқаришликдир: “Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз”. (Ғофир: 51).
“Унинг (пайғамбарнинг бошлаган) иши йўқ бўлиб кетади”. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ушбу дин яқин келажакда батамом йўқ бўлади ва ундан бирор нарса қолмайди. Ҳудди бошқа ботил даъват ва маслаклар каби. Бир муддат яшайди сўнг узилиб, эгалари, гуруҳлари ва жамоатлари кетиши билан (йўқ бўлиб) кетади. Бу эса ботил изоҳ. Чунки ҳақ баъзан ҳар қанча синов, заифлик ва алмашиниш-(вақтинча сафдан чиқарилиб туриш)ни бошдан кечирса-да боқий қолиши муқаррардир. Бироқ ҳақ қолади ва давом этади. Кимда-ким Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бошлаган) иш мусулмонлар бошига тушаётган офатлар сабабли яқин келажакда йўқ бўлиб кетади деб гумон қилса, ким шундай гумонга борса, дарҳақиқат, Раббисига нисбатан бадгумонга борибди.
Аллоҳ ушбу офатларни дин аҳли ёки дин йўқ бўлиши учун ижро қилмади. Балки ушбу офатларни дин ёки ушбу дин аҳлига, У субҳанаҳу ва таолога қайтишлари учун ёки ўзлари қўл урган ва унга тушиб қолган хато сабабли синов ва имтиҳон қилиш учун амалга оширди. Аллоҳ уларни, сафларини ташқаридан кириб қолган нарса ва хатодан тозалашлари учун огоҳлантиришни хоҳлайди. Натижада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қайтсалар Аллоҳ ҳам уларга нусрат ва (ер юзида) иқтидорни қайтариб беради. Бу, Аллоҳ жалла ва аъланинг махлуқотларидаги (ўзгармас) қонуниятидир.
Аллоҳ иймон келтирган зотлар Унга гуноҳларсиз пок ҳолда келишлари учун (уларни) синаш ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан уларни халос қилишни хоҳлайди.
Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати. У Зот мўмин бандаларининг бошига тушаётган офатлардан уларни йўқ бўлиб кетиши ёки ўзларининг зиммаларидаги ҳақ-ҳуқуқлари завол топишини истамайди, асло. Аллоҳнинг Ҳикмати буни рад этади. Балки ушбу ҳақ собитқадам бўлиши, ташқаридан кирган нарса ундан кетиши ҳамда (дин) эгаларига етган (шариатга) хилоф ишлар ундан (диндан) кетишини хоҳлайди. Тоинки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қайтсинлар ва Унга тавба қилсинлар. Ана шу дамда уларга иззат ва мартабалари қайтиб келади.
Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қадимги махлуқотларидан қиёмат кунигача бўлган қонуниятидир. Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари бошига қанчадан-қанча офат ва қийинчиликлар тушмади дейсиз? Бироқ ҳар доим оқибат уларнинг фойдасига бўлади. Алҳамдулиллоҳким, ҳақ йўқ бўлиб кетмайди.
“Ана шу бадгумондир”. Яъни, тақдирни инкор қилиш ҳамда нарсалар У субҳанаҳу ва таолонинг иродаси ва тақдирисиз юз бериши жумласидан. (Ким шундай гумонга борса), дарҳақиқат, Раббисига нисбатан бадгумон қилибди. Ва Раббисини ожизлик, жоҳиллик ва билмаслик билан сифатлабди. Аллоҳ улар айтаётган сўзларидан олийдир.
“Ушбу (гумон) бадгумонки, у У субҳанаҳу …га нолойиқдир”. У субҳанаҳу ва таоло ҳақида нолойиқ гумон. Ва у беҳудаликдир.
“Унинг ҳикмати, мақтовга сазовор эканлиги ҳамда чин ваъдасига нолойиқдир”. Чунки У субҳанаҳу ва таоло ҳар қандай ҳолатда, бандалар ёмон кўрадиган ва улар яхши кўрадиган нарсаларда ҳам мақталган Зот. Чунки у Аллоҳ томонидан мақтовга сазовор. Уқубатга лойиқ кимсага жазо бериш У субҳанаҳу ва таоло томонидан адолат бўлиб, У бунинг учун мақтовга сазовор. Кофир халқлар ҳалок қилингани учун У субҳанаҳу ва таоло мақтовга сазовор. Чунки у жазо. Иймон аҳли ва (Расулга) эргашувчиларга неъматлар, нусрат ва тавфиқ тушиши Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан фазл-у (марҳамат). Демак, У ҳар қандай ҳолатда, яхши ва ёмон кўриладиган нарсаларда ҳам мақтовга сазовор. Чунки У томондан ҳеч қачон беҳуда нарса бўлмайди.
Аллоҳни, Унинг исм ва сифатларини ҳамда Унинг мақтовга сазовор эканинг талабини билган киши алсо бундай хатоликларга тушмайди. Гарчи бошига ҳар қанча қийинчилик ва шиддат тушса-да. Чунки у, Аллоҳ унга фақат хайр бўлган нарсани қилади деб билади. (Йўлида) давом этиб, Аллоҳнинг қазо-и қадаридан рози бўлади ва ёрдамни кутади. Аллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўлмайди. Балки Аллоҳнинг Раҳматини кутади. Фалокат оғирлашгани сари Аллоҳнинг Раҳматини кутади. Балки офат қаттиқлиги сабабли умиди ортади. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Нусрат-(ёрдам) сабр билан, роҳат мусибат билан ҳамда қийинчилик билан енгиллик бор эканини билгин”. (Термизий (2516) ва Аҳмад (1/308)). Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”. (Шарҳ: 5-6). “Аллоҳ танглик-камбағаллиқдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур”. (Талоқ: 7). Иш оғирлашгани сари енгиллик келади.
Мунофиқ, кофир ва жоҳилларга келсак, улар офат вақтида Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирадилар. Аллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўладилар. Шунинг учун мусулмонлар бошига Уҳудда мусибат тушганда ана шу қабиҳ сўзларни айтишди.
Ибнул Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) дедилар: “Кимда-ким У Зот ботил ҳақ устидан барқарор ғалаба қозонишини таъминлаб берадики, ҳақ (ер юзидан) йўқ бўлиб кетади, дея гумон қилса ёки юз бераётган нарсалар Унинг қазо-и қадари билан бўлишини рад этса”. Бу, имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ томонларидан ушбу улкан масалани қайдлаб ўтиш учун такрорлашликдир.
“Ёки Унинг қадари мақтовга лойиқ бўлгудек етук бир ҳикмат учун бўлишини инкор қилса, балки у (Аллоҳ) шундай хоҳлагани учунгина бўлди, дея даъво қилса, ана шу, кофир бўлганларнинг гумонидир”. Кимки Аллоҳ ботил ҳақ устидан барақарор ғалаба қозонишини таъминлаб беради дея гумон қилса, уни (ботилни) ҳақ устидан ғалаба қозониши ортида бир ҳикмат бор. У ҳам бўлса ҳақ аҳли ўзларида юз берган хато ва камчиликка огоҳ бўлиб, ўнглайдилар: “Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш … учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради)”. (Оли Имрон: 141). Яъни, уларни бошларига тушган уқубат сабабли гуноҳ ва масъиятлар нопоклигидан поклайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтганидек: “Кимки ёмон амал қилса, жазосини олур”. (Нисо: 123). Бу, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга оғир келганда: "Қайси биримиз ёмонлик қилмайди, эй Расулуллоҳ?", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғамгин бўлмайсанми? Ҳолдам тоймайсанми? Бошинга бало тушмайдими?", дедилар. У киши: "Ҳудди шундай", дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана шу, жазоларингизни олишингиздир”-дедилар.
Аллоҳ жалла ва аъла гоҳида мўмин бандасига, уни яхши кўрган ҳолда жазо, уқубат беради. Бунинг сабаби, у Раббисига пок, соф ҳолда келиб, жаннатга кириши учун уни ушбу гуноҳдан халос этади.
Кофир ва Аллоҳнинг душманига келсак, Аллоҳ унга арқонни узун ташлаш учун неъматларни тўкиб ташлайди. Қиёмат куни гуноҳларни кўтарган ҳолда келиши учун ундан уқубатни ушлаб қолади. Натижада у, дўзах аҳлидан бўлади. Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ҳикматидир.
Айрим кимсалар: нима учун кофирлар маданият, саноат, яхши об-ҳаво, қулай иқлим, мева-чева, дарахт ва ҳосиллар билан неъматланадилар. Мусулмонлар эса мана бу ҳолатда?, дейди. Сўнг кофирлар ҳақда, Аллоҳ улардан рози. Мусулмонлар эса ҳақда эмас. Аллоҳ улардан ғазабда деган бадгумонга боради. Сўнг диндан қайтиши мумкин.
Аллоҳ жалла ва аъла дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаганига ҳам беради. Динни эса фақат яхши кўрганига беради.
Неъмат ёки офатлар туширилиши муҳаббат ёки ёмон ва кариҳ кўришга далил эмас. Балки бу, синов ва имтиҳон. Гоҳида Аллоҳ Ўзи яхши кўрган (бандаси)ни жазолайди. Гоҳида эса ёмон кўрган (бандаси)ни бу дунёда неъматлантиради: “Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган мухлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки биз уларга фақат гунохларини зиёда қилишлари учунгина мухлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир”. (Оли Имрон: 178).
Мўмин буни ёдда тутиши вожиб бўлади. Бироқ буни фақат теран тушунча эгалари, илм аҳли, аҳли дониш ва ўткир фикр эгалари идрок қилади.
Сўнг Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ўзига насиҳат қилувчи оқил киши бунга аҳамият қаратсин”. Чуқур мулоҳаза қилсин. У Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги феълларининг ишидир. Билсинки, У Зот ҳеч нарсани ҳикмат ва қазо-и қадарсиз қилмайди. Ушбу борлиқдаги бирор нарса ҳикмат ва қазо-и қадарсиз юз бермайди. Аллоҳ бирор ваъда берса, албатта, у юз бериши муқаррардир. Инсон ушбу ҳодисалар қаршисида ўзини бир ўйлаб кўрсин: унга ёки ўзгасига нисбатан ёмон кўрган бирор нарса юз берса нафси нима деркин? Шунинг учун имом Ибнул Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Аксар одамлар ўзларига тегишли ишлар ва У Зот ўзгаларга нисбатан қилаётган иши борасида Аллоҳ ҳақида бадгумонга борадилар”.
Бу, айрим одам болаларида мавжуд: “Истаган кишингни текшириб кўр-да, албатта, унда қадарга нисбатан қайсарлик-(инжиқлик), маломат …ни кўрасан”. Иблисдан (содир) бўлгани каби. Иблиснинг такаббурлиги ва Аллоҳ жалла ва аълага қайсарлик қилиши сабаб юз берган нарсалар каби.
Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феъллари ва Ўз мулкини бошқаришида Аллоҳга эътироз билдиришда унга (иблисга) ўхшаган кимса ҳам шундай-шундай бўлиши лозим эди (дейди).
Сўнг дедилар: “Ўзингни ҳам текширчи ушбу (иллат)дан саломат эканмисан?”. Инсонга ҳеч қачон ўзи ҳақида покдомон деб айтмаслиги вожиб бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: “Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар!”. (Нажм: 32). “(Эй Муҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми? Йўқ! Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклагувчидир. Ва уларга қилчалик зулм қилинмас”. (Нисо: 49). Инсон ўзини покдомон деб айтмайди. Яъни, ўзини мақтамайди ҳамда ўзини комил ва сара кишилардан деган ўйда ўзи ҳақида юксак фикрда бўлмайди. Балки инсон доим ўзини Аллоҳ таолонинг ҳаққида камчиликка йўл қўйяпман дея айблаб келади.
Аллоҳ таоло ушбу қавлида уларга олқиш айтган поклашлик-(тазкия)га келсак: “Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди”. (Шамс: 9). Бу ўринда нафсни поклашдан мурод, уни солиҳ амаллар қилиш ҳамда ёмон амалларни ташлаш билан поклашлик. Нафсни солиҳ амаллар билан машғул қилиш ва ёмон амаллардан уни четлатишлик, ана шу нафсни поклашликдир.
Бу ўринда қайтарилган тазкия-(ўзини покдомон деб билиш) ҳам мавжуд. У: ўзига юксак баҳо бериш ва мақташ. Ҳамда бу ўринда буюрилган тазкия ҳам бор. У ўнглаш, тавба ва солиҳ амал қилишликдир: “Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди”. (Шамс: 9). Аллоҳ таоло ўзларини покламайдиган кимсаларга ваъид қилиб, шундай деди: “Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!”. (Фуссилат: 6-7). Баъзи муфассирлар: бу ўринда закотдан мурод, нафсни поклашликдир, дедилар. Чунки бу оят маккийдир. Молдан закот чиқариш эса фақат Мадинада нозил бўлган. Бу оят эса маккий. Демак, нафсни солиҳ амаллар билан поклашлик талаб қилинган ва буюрилгандир.
“Ўзингни ҳам текширчи ушбу (иллат)дан саломат эканмисан?”. Яъни, ўзингни унутган ҳолда одамларнинг айблари билан шуғулланма. Ўзингни тафтиш қилиб кўрчи, сен ушбу қайсарлик ва тақдирни маломат қилиш ҳамда ҳодисаларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога эътироз билдиришдан саломат эканмисан?
“Агар нажот топган бўлсанг”. Яъни, ушбу мусибатдан.
“Агар нажот топган бўлсанг, демак, катта балодан нажот топибсан. Акс ҳолда сени нажот топган деб билмайман”. Яъни, сени ушбу фитнадан нажот топган деб ўйламайман.
Ушбу боб ҳақиқатда улкан, юксак бобдир. Ким бу ажойиб мавзуда зиёда (маълумот) хоҳласа, бас, у киши (Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ)нинг “Задул Маъад”да Уҳуд ғазоти, ўшанда мусулмонлар бошига тушган синов ҳамда бу жангда мунофиқлар нималар дегани ҳақидаги сўзларига мурожаaт қилсин.
Ушбу икки оят ва уларнинг изоҳидан қуйидагилар истифода қилинади:
Биринчи: Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлиш тавҳид вожиботларидан биридир.
Иккинчи: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида бадгумон қилиш тавҳид ёки унинг мукаммаллигиг зид келади. Агар зиёда бўлиб, кўпайиб, давом этса унинг (тавҳиднинг) аслига зид келади. Агар тасодифий нарса бўлса ёки енгил ёҳуд хаёлга келган ўй бўлиб, уни тилига чиқармаса унинг (тавҳиднинг) мукаммаллигига зид келади. Аммо тили билан сўзласа, батаҳқиқ у тавҳидга зид келади.
Учинчи: Қазо-и қадар ҳамда юз бераётган мусибат, суюмли ва ёмон нарсалар ҳамда лаззатлар Аллоҳнинг қазо-и қадари билан бўлишини исбот қилишлик.
Тўртинчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (борлиқни) бошқаришдан бирор нарсага эга эмаслар. (Иш) у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғлиқ эмас. Балки у Аллоҳга боғлиқ. Чунки бошқарувнинг бари Аллоҳ жалла ва аълага хос. Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишидан ўзгаси эмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла ва аъла у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай деди: “(Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яьни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар”. (Оли Имрон: 128). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлидан бўлган қавмларга баддуо қилганларида Аллоҳ таоло у кишини койиб, шундай деди: “(Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яьни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар”. (Оли Имрон: 128). Дарҳақиқат, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди ва мусулмон бўлдилар. Исломлари гўзал бўлди. Ҳамда исломдаги жиҳоднинг устунларига айланишди.
Демак, иш-(бошқарув)нинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога хос. У фақат Аллоҳ жалла ва аълага боғлиқ бўлади. Расул алайҳиссалоту вассаламга келсак, батаҳқиқ, у киши Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таолонинг номидан рисолатни етказувчи. Ана шу етказишлик Расулларнинг алайҳимуссалоту ва саллам вазифаси. Бошқарувнинг бари Аллоҳнинг Қўлида.
Бешинчи: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълларида ҳикматни исбот қилиш ҳамда Аллоҳ бирор нарсани беҳудага қилмаслиги.
Олтинчи: Аллоҳ жалла ва аъланинг ваъдаси рўёбга чиқиши аниқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ваъдаси ҳеч қачон амалга ошмай қолмайди. У Зот ушбу дин яқин келажакда ғолиб бўлишини ваъда қилди. Хўш, воқеълик қандай бўлди? Ахир дин шарқ-у ғарбда ғолиб бўлмадими? Ушбу дин кеча ва кундуз етган жойга етмадими? Ахир бу дин остига ер юзидаги энг катта давлатлар: Форс, Рум ҳамда шарқ ва ғарбдаги ўлкалар кирмадими? Ер юзида ушбу дин етмаган бирор жой қолдими? Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ваъдаси. “У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир”. (Соф: 9). У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлаган) иш мунофиқлар ўйлаганидек Уҳуд воқеаси билан интиҳо топмади.
mutaallim   07-12-2014, 04:17 PM
#80
60-боб:
Тақдирни инкор қилувчилар борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): “Ибн Умарнинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар улардан бирортасини Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса, сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”, дея пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларини далил сифатида ёдга олдилар: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғингдир”. Муслим ривояти. (Муслим (4/2197)).

Ушбу бобни шайх раҳимаҳуллоҳ тақдирга иймон келтириш Аллоҳнинг рубубиятига иймон келтириш экани ҳамда кимки тақдирни инкор этса, дарҳақиқат, рубубият тавҳидида ширк келтирган эканини баён қилишлик учун битдилар. Демак, тақдирга иймон келтириш рубубиятга иймон келтиришлик жумласидандир. Унга (қадарга) иймон келтирмайдиган кимса, батаҳқиқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубиятига иймон келтирмайди. Чунки у, У Зотнинг тақдири ва илмини ҳамда ушбу борлиқда юз бераётган нарсалар Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлишини инкор этди. Ҳамда Аллоҳ таолони билмаслик, ожизлик ва бундан бошқа нарсалар билан сифатлади.
Тақдир – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча нарсаларни қамраб олиши, у вужудга келишидан олдин уни билиши сўнг уни Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйишидир. Ушбу борлиқда юз бераётган барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг азалий илми ҳамда Лавҳул Маҳфузда ёзган нарсалари остига дохилдир: “На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур”. (Ҳадид: 22). “(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур”. (Тағобун: 11). Ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазо-и қадари, хоҳиши ва иродаси билан (бўлади). Бундан бирор бир нарса ташқарида қолмайди. Ҳамда у яна Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилгандир.
Пайғамбар суннатида саҳиҳ (ҳадислар тўплами) ва бошқаларда ҳам (бу борадаги) ҳадислар мавжуд бўлиб, муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) ушҳбу бобда улардан бир қанчасини келтирадилар.
Мусулмонлар бунга ижмо қилишган. Адашган фирқалардан иборат салаф манҳажидан оғган ва залолатга кетганлар мустасно. Улар Китоб, суннат ва уммат ижмоси далиллари олдида мағлубдир.
“Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)”. Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо.
“Ибн Умарнинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки”. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ушбу ишнинг таъкидли ва аҳамиятли экани боис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло номи билан онт ичдилар.
“Агар улардан бирортасини Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса, сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, то қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”. Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг ушбу сўзни айтишларига сабаб, у киши (розияллоҳу анҳумо)нинг ҳаётлари сўнгида тақдирни инкор қилувчилар вужудга келган ва шу ҳақда сўралган кезлари шундай жавоб бердилар.
Тўғри йўлдаги халифалар замонидан кейин, Муовия ибн абу Суфён розияллоҳу анҳу халифаликлари замонидан кейин, Ибн Умар, Ибн Аббос ва улардан бошқа саҳобалар ҳаёти охирида Басрада тақдирни инкор этадиган Маъбад ал-Жуҳаний исмли нусха пайдо бўлди. Яҳё ибн Умар ва Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ал-Ҳимярий (раҳимаҳумаллоҳ) Басрада ушбу сўз тарқалгач Ҳаж ёки Умра зиёратини қасд қилган ҳолда Ҳижоз сари отландилар ва: “Саҳобалардан аввалги учратган кишимиздан сўраймиз”-дедилар. Аввалда ва ҳозирда мусулмонлар ана шундай (йўл тутадилар). Агар уларга бирор нарса тушунарсиз бўлса уламоларига мурожат қиладилар ва улардан сўрайдилар. Ишни мустақил (ҳал қилмайдилар) ёки ҳар бирлари ўз раъйига эга бўлмайди ёҳуд ҳар бири ўз сўзига эга жамоат ва ҳизбларга бўлиниб олмайдилар. Улар Басрадан Маккаи Мукаррама сафар ва узоқ масофа машаққатига қарамай бир масала мақсадида келдилар. Чунки иш улкан бўлиб, бу борада илм аҳлига мурожат қилиш вожиб бўлади. Аввалги учратган кишилари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу таоло анҳумо бўлдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ у иккиларини ушбу саҳобий, буюк олимга муваффақ қилди. У кишини, Масжид ал-Ҳаромга кириб кетаётганларида учратдилар. У кишининг елкаларидан тутиб: “Эй Абу Абдурраҳмон! Биз (томонлар)да Басрада шундай-шундай деяётган кимса чиқди”-дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг жавоблари эса Аллоҳга онт ичиш билан бўлди: “Агар улардан бирортасини…”. Яъни, анави тақдирни инкор қилаётганларни.
“Уҳуд (тоғи)чалик тиллоси бўлса…”. Бу, энг кўп ва етук миқдордир.
“Сўнг уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилса…”. Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга инфоқ қилишлик ажри энг улкан нафақалардандир. У, улкан сарф қилинадиган ўринга сарфланажак катта маблағ. Унинг соҳибига катта ажр умид қилинади. Бироқ анавилар тақдирни инкор этган ҳолда ушбу маблағни ана шу улкан сарф ўрнига инфоқ қилсалар, батаҳқиқ, Аллоҳ уни улардан қабул қилмайди. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирмадилар. Аллоҳ эса фақат мўминлардан қабул қилади: “То қадарга иймон келтирмагунича Аллоҳ ундан буни қабул қилмайди”. Бу, уларнинг кофир эканига далолат қилади. Чунки улар қазо-и қадарга иймон келтирмадилар.
“Дея … далил сифатида ёдга олдилар”. Яъни, бу сўзни ўзларидан айтмадилар. Балки ушбу улкан сўзни айтганларида, унинг Аллоҳнинг Китоби ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги далилини ҳам зикр қилдилар. Чунки унинг далили бўлмаса, батаҳқиқ, у у кишига мардуддир.
Шунинг учун Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ушбу сўз ва жавобни ёдга олгач унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги далилини ҳам зикр қилдилар: “Отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу менга шундай ҳадис айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган вақтимизда, тўсатдан кийимлари оппоқ, сочи қоп-қора, сафар асорати йўқ бўлган ва биздан бирор киши уни танимайдиган бир одам кириб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларигача бориб, ўтириб, икки тиззасини у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига суяди,…”. Яъни, икки тиззасини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки тиззаларига илм олувчи муаллимга нисбатан ўтириши каби у кишига юзма-юз бўлган ҳолда суяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одоб сақлаган ҳолда: “Икки кафтини икки сонлари устига қўйиб…”. “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закотни ўташинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг», дедилар. У: «Рост сўзладингиз», деди. Биз ундан таажжубландик. Ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўярди”. Чунки одатда савол йўлловчида илм бўлмайди. Унинг: “Рост сўзладингиз”- дейиши, жавобни билган эканига далилдир.
Сўнг деди: “(Бегона киши): «Менга Иймон ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг», дедилар. (Бегона киши): «Рост сўзладингиз», деди. (Бегона киши): «Менга Эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради», дедилар. (Бегона киши): «Менга Қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (Қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар”. Яъни, қиёмат қачон қоим бўлишини мен ҳам, сен ҳам билмайсан. Чунки бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига хос бўлган илмидан. Уни бирор киши билмайди. На яқин фаришта ва на юборилган пайғамбар. На фаришталарнинг афзали бўлмиш Жаброил ва на инсониятнинг афзали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
“(Бегона киши): «Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», деди”. Яъни, қиёмат яқин қолганда юз берадиган аломатлари. “У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Чўри ўз бекасини туғиши ва яланг оёқ, яланғоч, камбағал қўйчивонларни кимўзарга уй қуришаётганини кўришинг», дедилар». (Умар розияллоҳу анҳу): «(Бегона киши) чиқиб кетди. Биз эса бир муддат ўтириб қолдик», дедилар. Сўнг Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Савол берувчини қидиринглар”-дедилар”. Уни қидириб чиқиб, топа олмадилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Жаброил бўлиб, динингизни таълим бергани келди”-дедилар. (Муслим (8), Термизий (2610), Насоий (4990), Абу Довуд (4695), Ибн Можа (63) ва Аҳмад (1/52)). Инсон суратида гавдаланди. Ҳамда савол ва жавоб тариқасида саҳобаларга динларини таълим бергани келди. Улар (саҳобалар) қулоқ солган ҳолларида у (Жаброил) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (динни) баён қилиб бердилар.
Ушбу ҳадисдан шоҳид ўрни мана бу қавлидир: “Менга Иймон ҳақида хабар беринг”. Охирида эса: “Ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг”-дея зикр қилдилар. Иймоннинг олти, исломнинг беш ҳамда эҳсоннинг бир рукнини зикр қилдилар.
Иймон рукнлари – Аллоҳга иймон келтириш… У, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг якка-ю ягоналиги, шериксиз Унинг ёлғиз Ўзи ибодатга лойиқ эканини қатъий тасдиқлашликдир. Бу эса тавҳиднинг уч турини ўз ичига олади: рубубият тавҳидига иймон келтириш, улуҳият тавҳидига иймон келтириш ҳамда исм ва сифатлардаги тавҳидга иймон келтириш.
Кимки ушбу турлардан бирортасини инкор қилса Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирувчи бўлмайди.
Тақдирга иймон келтириш ҳам шунинг остига дохил бўлади. Чунки у, рубубият тавҳиди ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феъллари жумласидандир. Демак, у рубубият тавҳиди остига дохил бўлади. Бироқ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни таъкидлаб ўтиш учун алоҳида зикр қилдилар.
“Фаришталарига”. Аллоҳнинг фаришталари бор эканига иймон келтирасиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни нурдан, Ўзига ибодат қилишлари учун яратди. “Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар”. (Анбиё: 20). Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларини Унинг мулкида ижро этадилар. Фаришталарнинг ҳар бир турини ушбу борлиқда Аллоҳ таоло амр қилган ўзига хос амали бор. Улардан ваҳийга вакил қилингани бор. У Жаброил алайҳиссалоту вассалам. Улар ичида ёмғир ва набототларга вакил қилингани бўлиб, у Микоилдир. Улар орасида сурни пуфлаш учун вакил қилингани бўлиб, у Исрофилдир. Улар ичида яна қорин-(бачадон)даги ҳомилаларга вакил қилингани бор. У шундай фариштаки, онасининг қорнидаги ҳомилага тўла тўрт ой бўлганида келиб, унга руҳ пуфлайди. Сўнг тўрт сўзни ёзишга буюрилади: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли экани.
Улардан яна одам болаларининг яхши ва ёмон амалларини сақлаб, ёзиб боришга вакил қилингани бор. “Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар”. (Инфитор: 10-12).
Улардан яна одам болаларини азиятлар етишидан сақлаб боришга вакил қилингани бор. “Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар”. (Раъд: 11). Ва бундан бошқа Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина биладиган амаллар.
Фаришталарга иймон келтириш ғайбга иймон келтиришликдандир. Чунки биз уларни кўрмаймиз. Бироқ Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга улар ҳақида хабар берди. Демак, биз уларга иймон келтирамиз.
Кимда-ким фаришталарга ёки уларнинг баъзиларига иймон келтирмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирибди.
“Китобларига”. Улар, Аллоҳ таоло Ўз элчиларига ваҳий қилган Китоблар. Таврот, Инжил, Қуръон, Забур, Иброҳим (алайҳиссалоту вассалам)нинг саҳифалари ҳамда Аллоҳ Жаброил алайҳиссалоту вассалам воситасида элчиларига нозил қилган бундан бошқа Китоблар. Унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқ ва қайтариқлари ҳамда башарият ислоҳоти бор.
Ким аввалдан охиригача бўлган Китобларга иймон келтирмаса, батаҳқиқ, у кофирдир. “Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз”. (Бақара: 136). Барча Китобларга иймон келтиришлидан ўзга чора йўқ.
Ким Китобларга аслида иймон келтирмаса, улар даҳрий ва бутпарастлар, бас, у махлуқотларнинг энг кофиридир.
Ким яҳуд ва насоролар каби Китобларнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирса, бас, у ҳам кофирдир.
Балки иймон – Китобларнинг аввалидан охиригача бўлган барчасига иймон келтиришликдир. “Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш…”. (Бақара: 85).
Аллоҳнинг Китобларидан бирор Китобга куфр келтирган кимса барчасига кофир бўлади.
“Пайғамбарларига”. Шунингдек, пайғамбарларнинг аввалидан охирагача, Аллоҳ номини айтган ва айтмаганларининг барчасига иймон келтиришлик вожиб бўлади. Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассаламнинг барчаларига иймон келтирамиз.
Ким уларнинг баъзиларига иймон келтириб, баъзиларига куфр келтирса, бас, у барчаларига кофирдир. Ҳудди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куфр келтирадиган яҳуд ва насоролар ҳамда Ийсо ва Муҳаммад алайҳимассалоту вассаламга куфр келтирадиган яҳудларнинг ҳолати каби.
Шунингдек, кимки бутпараст, даҳрий ва мулҳидлар каби аслида пайғамбарларга иймон келтирмаса, бас, у бўғизигача куфрга ботган ва куфрда йироқлашиб кетган кимсадир, Аллоҳ сақласин!
“Охират кунига”. Қиёмат куни. Охират кунига иймон келтириш вожиб бўлади. У, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барзах ҳолатлари сўнг қайта тирилиш ва тўпланиш, қабрдан туриш, сўнг маҳшаргоҳда туриш, сўнг сарҳисоб қилиниш, сўнг тарози, сўнг саҳифалар учиб келиши, мўмин ўз китобини ўнг қўли билан олади, мўминдан ўзгаси эса ўз китобини чап қўли билан олади, сўнг кўприкдан ўтиш, сўнг эса жаннат ёки дўзахда қарор топишдан иборат ўлимдан кейинги ишлар. Охиратга иймон келтириш шуларнинг барини ўз ичига олади.
Ким охират кунига иймон келтирмаса, батаҳқиқ, у Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига ва элчиларига иймон келтирса-да, қайта тирилиш ва охират кунини инкор қилса, барчасига кофир бўлади.
“Ҳамда тақдир…га иймон келтирмоғинг”. Ана шу, шоҳид ўрнидир. У ҳам бўлса Аллоҳнинг қазо-и қадари ҳамда ушбу борлиқда бирор нарса юз берса, албатта, Аллоҳ уни азалда билгани, Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйгани, У субҳанаҳу ва таоло уни хоҳлаб, ирода қилгани сўнг уни яратиб, йўқдан бор қилганига иймон келтиришингиз.
Қазо-и қадарга иймон келтириш тўрт даражани ўз ичига олади:
Биринчи даража: Аллоҳ таоло азалдаёқ барча нарсани билган эканига иймон келтириш. У субҳанаҳу ва таоло бўлган ва бўладиган нарсаларни ҳамда ҳали бўлмаган нарса агар бўлса, қандай бўлишини билишига иймон келтириш. Аллоҳ субҳанаҳу буларнинг барини билади. Унга бирор нарса махфий эмас. “Аллоҳ осмонлардаги ва ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингиз — билмадингизми!”. (Мужодала: 7). “Ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олгани…”. (Талоқ: 12). Аллоҳ жалла ва аълага ер ва осмонда бирор нарса махфий қолмайди. “Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир”. (Оли Имрон: 5). “Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир”. (Ҳадид: 3). Демак, Аллоҳ барча нарсани билгувчи эканига иймон келтиришлик шарт. Ким Аллоҳнинг илмини-(билишини) инкор этса, бас, у кофирдир.
Иккинчи даражада: Аллоҳ Лавҳул Маҳфузда барча нарсани ёзиб қўйди. Лавҳул Маҳфуздаги китоботни инкор этган кимса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамда тақдирга иймон келтуривчи бўлмайди.
Учинчи даража: Аллоҳ (мавжуд) барча нарсани ирода қилгани ва хоҳлагани. Барча нарса Аллоҳнинг иродаси билан юз беради ва вужудга келади.
Тўртинчи даража: Барча нарсаларни яратишлик. Ушбу борлиқдаги барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотларидандир. “Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку”. (Соффат: 96). “Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир”. (Зумар: 62). Ушбу борлиқдаги ҳар бир яхши ёки ёмон, куфр ва иймон, тоат ва маъсият, бойлик ёки камбағаллик, касал ёки саломатлик, ҳаёт ёки ўлим ва бундан бошқа нарсалар У субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотларидандир.
Бироқ ёмонлик У Зотга нисбат берилганда ёмонлик бўлмайди. Чунки У, уни бир ҳикмат учун яратди ва уни ўзининг ўрнига қўйди. Демак, у (нарса) Унга нисбат берилганда ёмонлик бўлмайди. Балки у (нарса) унинг бошига тушган кишига нисбатан ёмонлик бўлади. Кимга ўз гуноҳ ва маъсиятлари сабабли (ушбу нарса) тақдир қилинган бўлса, батаҳқиқ, у (нарса) юз берган ўринга нисбатан ёмонликдир. Аммо Аллоҳга нисбатан эса у яхшилик. Чунки у, У субҳанаҳу томонидан адолатдир.
Хулоса шуки, ушбу борлиқда юз бераётган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан адолат, раҳмат ва хайрдир. Гарчи ушбу нарса унинг бошига тушаётган кишига нисбатан зарар, уқубат ва ёмонлик бўлса-да.
Ана шулар, тақдирга иймон келтириш даражаларидир. Аҳли сунна вал жамоа буларнинг барига иймон келтиради.
Инкор қилувчи қадарийларга келсак, улар икки қисмдир, Аллоҳ сақласин!
Биринчи қисм: Улар аввал ўтганлари. Улар ичида қадарийларнинг ҳаддан ошганлари деб аталадиганлари бўлиб, улар Аллоҳнинг илмини инкор қиладилар. “Аллоҳ нарсаларни, юз беришидан олдин билмайди. Балки улар юз бериб, воқеъ бўлганда билади”-дейдилар. Аллоҳ барча нарсани вужудга келишидан олдин азалий (илми билан) билганини инкор қиладилар.
Шу сабабли улар кофир ва ислом миллатидан чиқиб кетадилар. Чунки улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илмини инкор қилдилар. Кимки Аллоҳнинг илмини инкор қилса, бас, у кофирдир.
Иккинчи қисм: Аллоҳнинг азалий илмини тан олади. Бироқ: “Аллоҳ ушбу нарсаларни тақдир қилмаган. Балки одамлар уни ўзлари қиладилар ва уни йўқдан бор қилиш ва яратишда мустақилдирлар. Ҳар бир киши ўз феълини ўзи яратади”-дейди. Булар аввалгилардан енгилроқ. Бироқ улар адашганлардир. Чунки улар Аллоҳнинг яратишини инкор қилдилар. Улар қадарийларнинг кейингилари. Шунинг учун “Ушбу умматнинг мажусийлари” деб аталадилар. Чунки мажусийлар: “Борлиқни икки яратувчиси бор: яхшилик ва ёмонлик яратувчиси”-дейдилар.
“Аллоҳ бандаларнинг феълларини яратмаган. Балки уни ўзлари яратадилар”-дейдиган мўътазилалар эса кўплаб яратувчиларни исбот қилдилар. Ва мажусийлардан ҳам ёмонроқ бўлиб қолдилар. Чунки мажусийлар икки яратувчини исбот қилдилар. Анавилар эса кўплаб яратувчиларни исбот қилдилар.
Мусулмонга тақдир тафсилотларига кириши ҳамда ўзига шак-шубҳа ва ўй-гумонлар эшигини очиши жоиз эмас. Балки унга барча нарса Аллоҳнинг қазо-и қадари билан бўлади деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганидек тақдирга иймон келтириши етарлидир. Нима учун ундай? Нима учун бундай?, дея тафсилот ва саволларга кирмайди. Чунки у, ҳаргиз бирор натижага эришмайди. Чунки бу иш, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларидекдир: “Тақдир сир бўлиб, уни фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билади”.
Бизга эса унга иймон келтиришимиз, унинг тафсилотларига кирмаслигимиз, балки Аллоҳнинг Китоби ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатидаги далилда келганига биноан иймон келтириш билан кифояланишимиз вожибдир.
Бизга Аллоҳнинг тоатига амал қилиш, буйруғига бўйсуниш, қайтариғидан четлашиш вожиб бўлади. Ана шу, бизга юклатилганидир. Аллоҳ бизга тақдир ҳақида изланиб, амални ташлашимиз ва: бизга нима тақдир қилинган бўлса, шу бўлади, дейишимизни юкламади.
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир кишининг жаннат ёки дўзахдаги ўрни муқаррардир дея хабар берганларида: “Эй Расулуллоҳ! Ёзилган нарсамизга таянмаймизми?”-дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Амал қилинглар! Ҳар ким нима учун яратилган бўлса, шунга муяссар қилингандир”-дедилар. (Бухорий (4666), Муслим (2647), Термизий (2136), Абу Довуд (4694), Ибн Можа (78) ва Аҳмад (1/157)). Шунда Аллоҳ оят нозил қилди: “Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!”. (Лайл: 5-10).
Сиздан талаб қилингани: амал қилиш ва қазо-и қадарга иймон келтиришлик. Амал қилишга қодир ва имкониятга эга экансиз, бас, сизга яхшиликни қилиб, ёмонликни ташлаш, гуноҳлардан тавба қилиш, ҳасанотларни кўпайтириш вожиб бўлади. Ана шу сиздан талаб этилганидир. Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина биладиган ишлар борасида изланишлик ва ушбу хусуматлашишликларга келсак, бас, бу залолат ва йўлдан озишга олиб боради. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биздан бу нарсаларни талаб қилмади. Балки бизга амал қилишни буюрди. Ана шу, Аллоҳ бизга буюрганидир. Бизни иймон ва амалга амр қилди. Ана шу, мусулмондан талаб қилингани.
Pages (10):    1 6 7 8 9 10   
  
Users browsing this thread: 8 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.