Abu Uways   01-17-2013, 08:47 AM
#1
Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh. Alloh ishilarga mukofat bersin va tavfiq aylasin. Tarkibida ''jelatin yoinki shunga o'xshash'' moddalari bor bo'lgan dori-darmonlarni istemol qilish joyizmi? Shu savolga javob bo'lsa INSHAALLOH ma'qul bo'lardi. Vassalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh.
Муслим   02-05-2013, 08:12 PM
#2
(01-17-2013, 08:47 AM)Abu Uways Wrote: Assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatuh.
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(01-17-2013, 08:47 AM)Abu Uways Wrote: Alloh ishilarga mukofat bersin va tavfiq aylasin. Tarkibida ''jelatin yoinki shunga o'xshash'' moddalari bor bo'lgan dori-darmonlarni istemol qilish joyizmi? Shu savolga javob bo'lsa INSHAALLOH ma'qul bo'lardi.
Таркибида желатин бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш жоизми?

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар бўлсин. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсларимиз ёмонлиги ва амалларимиз хатоликларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирор кимса ҳидоят қила олмас. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли бирор илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Унинг шериги йўқ. Ва Муҳаммад Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.
Бундан сўнг.
Кўп ҳолларда мусулмонларда таркибида желатин бўлган озиқ-овқатларни ейиш жоизлиги ҳақида савол туғилади, чунки у деярли барча нарсаларда мавжуддир.
Уламолар ичида бу масалада турли хил фикрлар бор. Аммо кучлироқ фикр қайси эканлигини тушуниш учун иккала томоннинг далилларини келтириш лозим.
Шайх Ибн Усайминдан: "Агар танасидан желатин олинган сигир шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан сўйилганини билсак, ушбу желатин қўшилган озиқ-овқатларга нисбатан шариат ҳукми қандай бўлади?" деб сўрашди.
Шайх шундай жавоб бердилар: "Шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан, ёки қурбонлиги ҳалол бўлмаган киши томонидан сўйилган нарса ўлимтик ҳисобланади. Агар мажусий (ўтга сиғинувчи) Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, қонини чиқариб жонлиқ сўйса, ёки аксинча, мусулмон киши шариат қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолда жонлиқ сўйса, бундай ҳайвоннинг гўштини ейиш жоиз эмас! Агар ушбу танадан бир бўлак олиниб бирон нарса билан аралаштирилганидан сўнг, масалан, таъм, ранг ёки ҳидда из қолдирадиган нарса ҳосил бўлса, ушбу нарса ҳам ҳаром бўлади. Лекин бунинг изи қолмаса, бундай озиқ-овқатни истеъмол қилишда муаммо йўқ. Чунки саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, мажусийларнинг пишлоғини ейишган, ваҳоланки мажусийларнинг сўйилган жонлиғи ҳаромдир! Лекин ширдондан озуқада из қолдирмайдиган оз қисм олинади холос. Бу эса из қолдирмайдиган нарсага эътибор берилмаслигига далолат қилади". "Бобул-мафтуҳ" №48, 21-минут.
Шайх Усаймин айтаётган нарса фиқҳда "истиҳолатун-нажаса" дейилади. "Истиҳола" дегани: нарса аслининг ўзгариши ва уни бошқа нарсага айланиши. "Роддул-мухтор" 1/291.
Аслида нажас бўлган нарса ўз сифатлари ўзгариши сабабидан пок бўлиши-бўлмаслиги масаласида уламолар ичида ихтилоф бор. Истиҳоладан сўнг нажас пок бўлади дейдиганлар ичида Абу Ҳанифа, кўпчилик ҳанафийлар ва моликийлар, баъзи ҳанбалийлар, уларнинг ичида мазҳабларининг энг билимдони Ибн Қудома, шунингдек Ибн Ҳазм ва зоҳирийлар бор. Бу фикрни шунингдек шайхулислом Ибн Таймия, унинг шогирди Ибнул Қоййим ва шайх Албоний танлашган. "Баҳр ар-роиқ" 1/239, "Шарҳул-кабир" 1/50, "ал-Инсоф" 1/31.
Имом Ибн Қудома шундай деган: "Ҳар қандай нажосат ўз сифатлари ўзгаришидан сўнг пок бўлади". "Ал-Муғний" 1/59.
Ибн Ҳазм: "Агар нажосат ёки ҳаром нарсанинг сифатлари ўзгариб у бошқа нарсага айланса ва бунинг натижасида олдинги шаръий ҳукм боғлиқ бўлган унинг номи йўқолса, ва бу нарса бошқа ном топса, у энди нажосат ва ҳаром бўлмайди. Аксинча, у бошқа нарса бўлиб ўзга шариат ҳукмини олади", деб айтган. "Ал-Муҳалло" 1/138.
Шайхулислом Ибн Таймия шундай деган: "Аслида нажас бўлган нарса аслини ўзгартириб ҳалол нарсага айланса, масалан, қон, ўлимтик, чўчқа туз конига тушиб тузга айланса, ёки куйган нажосат кул, оҳак ёки шунга ўхшаш нарсага айланса, бу масалада уламоларда икки хил фикр бор. Улардан бирлари нажосат сифатларини ўзгартиргани учун пок бўлмайди, деб ҳисоблашади. Бу Шофеъийнинг фикри, Молик мазҳабининг фикрларидан бири, ҳамда Аҳмаднинг фикрларидан бири. Бошқа фикр эса нажосат ҳолати ва сифатини ўзгартирганидан сўнг пок бўлишидан иборат. Бу Абу Ҳанифанинг мазҳаблари, шунингдек Молик ва Аҳмаднинг икки фикрларидан бири ва зоҳирийлар ҳамда бошқа уламоларнинг фикри. Бу энг тўғри фикрдир, чунки ўзгарган нарсага Қуръон ва Суннат матналарида таъқиқ йўқ. Уларнинг ҳаромлигига далиллар йўқ. Аксинча уларга мубоҳлик ҳақида матнлар тегишлидир, чунки улар пок нарсаларга киради, (яъни барча нарсалар аслида мубоҳ бўлгани каби мубоҳ бўлади). Шунинг учун Қуръон, Суннат ва қиёс бунинг мубоҳлигига далолат қилади!" "Фатаво ал-кубро" 1/231.
Ибнул Қоййим шундай ёзган: "Ушбу асосдан келиб чиқиб маст қилувчи ичимликнинг асли ўзгариб у бошқа нарсага айланганида унинг покланиши тўғри қиёсга мувофиқдир. Маст қилувчи ичимлик нажосатдир, чунки у ифлос дейилган. Сабаб йўқолганида, сабабдан келиб чиққан нарса (ҳукм) ҳам йўқолади. Шунга биноан бундай қиёс тўғридир ва бу бошқа нажосатларга ҳам тегишлидир, агар улар ўз ҳолатини ўзгартирса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари жойлашган мушрикларнинг қабрларини очиб ери (тупроғи)ни ўзгартирмадилар. Аллоҳ Таоло сут "ахлат ва қон орасида" пайдо бўлиши ҳақида хабар берди (Наҳл сураси, 16-66). Шунингдек нажосат еган ҳайвон қамаб қўйилиб тоза озуқа билан озуқлантирилса, унинг сути ва гўшти ҳалол бўлишига мусулмонлар иттифоқ қилишган. Шунингдек, экинлар ва мевалар нажас сув билан суғорилиб кейин тоза сув билан суғорилган бўлса, улар ҳалол бўлади, чунки нажосат сифати покка айланди. Бунинг акси, агар пок нарса аслини ўзгартириб нажосатга айланса, у нопок бўлади. Масалан, сув ва озуқа сийдик ва ахлатга айланса. Аллоҳ Таоло ифлос нарсадан пок нарсани ва пок нарсадан ифлос нарсани чиқаради. Ва нарсани олдинги сифатлари билан сифатлашнинг аҳамияти йўқолгани каби, унинг асли (олдинги ҳолати) ҳам аҳамиятсиздир". "Эълом ал-муваққиъин" 2/14-15.
Шавконий "Сайлул-жаррор"да шундай деган: "Агар шариатда нажосат ҳукми бор нарса аслини ўзгартириб нажосат ҳукмига эга бўлмаган бошқа нарсага айланса, масалан, ахлат чангга, маст қилувчи ичимлик эса сиркага айланса, нажосат ҳукмига эга бўлган нарса йўқолади ва олдинги ҳукмга сабаб бўлган унинг номи ҳам, сифати ҳам қолмайди. Пайдо бўлган нарса эса бошқа нарса бўлиб, у ўзга ҳукмга эга бўлади".
Шунингдек, Ҳофиз Ибн Ражаб ҳам "Қавоид"да (1/334) бу ҳақда айтган.
Шайх Албонийдан: "Шариат қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолда сўйилган ҳайвон ошқозонининг бир қисми қўшилган пишлоқ ҳақида нима дейсиз?" деб сўрашди. Шайх шундай жавоб бердилар: "Агар нажосат кимёвий таъсир остида ўзгарса, у шариатга биноан пок нарса бўлади. Масалан, маст қилувчи ичимлик сиркага айланса ҳалол бўлади, гарчи унинг асли (олдинги ҳолати) ҳаром бўлган бўлса ҳам. Агар нажосат қуёш, ёмғир ёки шамол таъсирида ўзгариб, масалан, тузга айланса, биз бу тузнинг асли (келиб чиқиши)га қарамаймиз, унинг ҳозирги ҳолатига қараймиз". "Силсилатул-ҳуда ван-нур", №9, қисқартирилган.
Шундай қилиб, нажосат сифати ўзгариши билан пок бўлиши ҳақидаги ушбу фикр энг кучли ҳисобланади. Чунки шариат матнлари, қиёс ва соғлом ақл бунга далолат қилади. Шариат матнларидан мисол келтирамиз. Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: "Шаҳид Қиёмат куни Аллоҳнинг олдида турганида унинг қони мушк ҳидига эга бўлади!"
Баъзи уламоланинг айтишича, исломнинг аввалида мусулмонлар мушк ишлаб чиқармаган. Мушкнинг манбаси кабарга, шохсиз кийик ёки буғудир. Мушкни фақат мушриклар ишлаб чиқаришарди, ва ўз асосида у нажосатдан ишлаб чиқарилган, чунки мушрик сўйган ҳар қандай ҳайвон ҳаром ва ўлимтикдир, ўлимтик эса нопокдир. Агар ушбу ҳайвонлардан олинган мушк нажосат бўлганида, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом шаҳидлар қонини у билан солиштирмаган бўлардилар.
Шунингдек ҳадисларда келтирилишича, ўлимтик териси ошланганидан сўнг пок бўлади.
Бундан ташқари мажусийлар тайёрлаган пишлоқни саҳобалар ейишган. Бу ҳақда биз мақоланинг бошида айтиб ўтдик.
Шунингдек маст қилувчи ичимлик ўз-ўзидан сиркага айланса, уни истеъмол қилиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Ва маст қилувчи ичимликни нажас деб ҳисоблаганлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаган. Аммо (мусулмон киши) атайин маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаши жоиз эмас. Анас розияллоҳу анҳунинг айтишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаш мумкинми?" деб сўрашганида у зот: "Йўқ", дедилар. Муслим 2/235. [1]
Ойдинлаштириш учун яна мисоллар келтириш мумкин. Масалан, тўнғиз ёки яна бирон бир ўлимтик вақт ўтиши билан чириб чангга айланса, ўша чангни бирон бир киши "тўнғиз" ёки бошқа бирон ном билан атайдими? Ахир "тўнғиз" дейилганида гўшт ва суякдан иборат тирик ҳайвон тушунилади, ва бирон одам бундан кул, темир ва бошқа нарса тушунилади демайди. Тўнғиз шариатда ҳаром! Энди, фараз қилайлик, тўнғизга ёки унинг бир бўлагига ишлов бериб у кукун ёки желега айланса, бирон киши уни "тўнғиз" дейдими? Демак, асл манбанинг сифати, таърифи ва номи йўқолди, натижада ушбу нарса ҳақида шариат ҳукми ҳам ўзгарди. Энди асли нажас бўлган нарса сифатини ҳам ўзгартирмайди ва пок ҳам бўлмайди дейдиган уламоларга келсак, бунга уларда ҳеч қандай далил йўқ!
Энди желатин нима эканлигини ва уни қандай тайёрлашини кўриб чиқамиз. Гап ҳайвон желатини ҳақида кетмоқда, сув ўсимлигидан чиқариладиган "агар желатини" ҳақида эмас. Чунки унинг ҳалоллигида ҳеч қандай шубҳа йўқ.[2]
Ҳайвон желатини ҳайвонларнинг териси, суяги, тоғайи ёки пайларидан қайнатиш йўли билан ишлаб чиқарилади. Қайнатишдан олдин суякларни олдин ёғсизлантиришади, уларнинг минерал қисмларини кислота билан ишлов бериб олиб ташлашади. Коллагенни желатинга айлантиришдан олдин уни юмшатиш учун тери ва пайларни ювиб оҳак билан ишлов беришади. Натижада бириктирувчи тўқима таркибига кирувчи коллаген глютинга айланади. Ҳосил бўлган эритмани буғлантириб, тиндириб желега айлангунича совутишади. Желени эса бўлакларга бўлиб қуритишади. Тайёр бўлган қуруқ желатин таъмсиз, ҳидсиз, шаффоф (тиниқ), деярли рангсиз ёки сарғишроқ бўлади. Қ.: "Кругосвет" энциклопедияси, "Табиий фанлар луғати".
Мана шундай пухта ишловдан сўнг бирон киши желатиннинг ўзи ҳақида "тўнғиз", "суяк", "пай" ёки бирон бошқа нарса дея оладими? Бу желатиннинг ўзи ҳақида айтилмоқда. Бошқа моддалар билан маълум озуқага оз миқдорда унинг қўшилиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Шайх Ибн Жибриндан тўнғиз ичагидан тайёрланган желатин қўшилган дори ҳақида сўрашди. У шундай жавоб берди: "Менинг фикрим, ва яна Аллоҳ яхшироқ билувчи, бу моддаларнинг ишлатилишида муаммо йўқ, чунки уларда аниқ фойда бор ва уларнинг ўрнини босадиган бошқа нарса йўқ. Бу моддаларни ишлатиш мумкин, чунки улар тайёрланиш жараёнида ўзгарди ва уларга қўшиладиган тўнғизнинг ичаги бошқа нарсага айланди. Нажосат аслини ўзгартирса ва бошқа нарсага айланса, яъни тақиқ боғлиқ бўлган асл ҳолатини ўзгартирса, бир гуруҳ уламоларнинг наздида унинг пок бўлиши ҳақидаги фикр тўғридир. Демак, тўнғиздан тайёрланган дорини кўрган одам (ҳаром деган) хулоса қилишга шошмасин! Аниқ фойдаси бор нарсани, агар у нажосат бўлмаса ва агар унинг зарари бўлмаса, Ислом ҳалол қилди!" "Фатаво Ибн Жибрин" №10509.
Юқорида айтилганларга биноан аён бўладики, таркибида желатин, гарчи тўнғиздан олинган желатин ҳам, мавжуд бўлган мубоҳ нарсалар, масалан, дори, конфетлар ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилиш жоиз бўлади.
Бу фикрни қўллаганлар келтирилган кучли далилларга асосланишади ва зикр қилинган буюк уламоларга эргашган ҳолда ҳеч қандай маломатга ҳақли эмасдир. Муҳими, инсон ҳавои нафсига эмас, илмга эргашиш лозим, чунки бу ерда айтилган нарсаларни билмай спирт ҳамда желатини бор барча нарсаларни истеъмол қилган мусулмонлар кўп.
Энди бирон бир шахсий мулоҳазаларига кўра бу фикрга юрмаганларга келсак, бу уларнинг иши. Лекин улар бу фикрга юраётган мусулмонларни ўзларидан ёмонроқ санашлари ёки уларни тақвосизликда айблашларига ҳақлари йўқ! Ҳақиқий тақво ҳавои нафсига эргашиш ва ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилишга эмас, балки Қуръон ва Суннат илмига асосланган тақводир. Ахир ҳеч ким ҳар қандай нажосат сифатини ўзгартиргани учун пок бўлади деган ва юқорида зикр қилинган уламоларни тақвосизликда айблашга журъат этолмайди-ку!
Шунингдек таъкидлаш керакки, бу мавзуда аслида бирон нарсанинг таркибида аввалдан бўлган нажосат ҳақида эмас, балки ўз ҳолати ва сифатини ўзгартирган нажосат ҳақида сўз бормоқда.[3]
Охирида оламлар Роббисига ҳамдлар айтамиз!

"Ҳалол нарсаларни ейиш лозимлиги ҳақида" номли рисоладан



____________________________________________________



[1] Таржимон изоҳи. Ғайридинлар маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлашса, уни истеъмол қилса бўлади. Мусулмонларга маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаш ҳаромлигининг сабаби шуки, бу иш маст қилувчи ичимликни уйда (ёки омборда) сақлашга олиб келади. Мусулмонларга эса уни сақлаш жоиз эмас.

[2] Таржимон изоҳи: бунинг устига охирги пайтларда кондитер маҳсулотларида пектин моддаси ҳам ишлатилмоқда. Бу модда ўсимликлардан олинади. Ҳайвондан желатин ишлаб чиқаришдан кўра ўсимликдан "агар желатини"ни ва пектинни ишлаб чиқариш арзонроққа тушса керак.

[3] Таржимон изоҳи: ушбу мақола мусулмонлар орасида охирги пайтда у ҳақда кўп гапириладиган "Е" ҳарфи ҳамда рақамлар билан қисқартириб номланган моддаларга ҳам тегишлидир.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Admin   03-11-2014, 03:50 PM
#3
«Саҳифамизда қолдирилган савол» Wrote:ассалому алайкум! демак биз чучка боксак булади
эканда? уни ейиш ва кийиниш (терисини ишлатиш) учун эмас, балким желатин килишлик учун.
https://tavhid.com/kitoblar/taom-sharob/...mment-5806
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.