PDF WORD

Таркибида желатин бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш

Таркибида желатин бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш жоизми?

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар бўлсин. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсларимиз ёмонлиги ва амалларимиз хатоликларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирор кимса ҳидоят қила олмас. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли бирор илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Унинг шериги йўқ. Ва Муҳаммад Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.

Бундан сўнг.

Кўп ҳолларда мусулмонларда таркибида желатин бўлган озиқ-овқатларни ейиш жоизлиги ҳақида савол туғилади, чунки у деярли барча нарсаларда мавжуддир.

Уламолар ичида бу масалада турли хил фикрлар бор. Аммо кучлироқ фикр қайси эканлигини тушуниш учун иккала томоннинг далилларини келтириш лозим.

Шайх Ибн Усайминдан: «Агар танасидан желатин олинган сигир шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан сўйилганини билсак, ушбу желатин қўшилган озиқ-овқатларга нисбатан шариат ҳукми қандай бўлади?» деб сўрашди.

Шайх шундай жавоб бердилар: «Шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан, ёки қурбонлиги ҳалол бўлмаган киши томонидан сўйилган нарса ўлимтик ҳисобланади. Агар мажусий (ўтга сиғинувчи) Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, қонини чиқариб жонлиқ сўйса, ёки аксинча, мусулмон киши шариат қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолда жонлиқ сўйса, бундай ҳайвоннинг гўштини ейиш жоиз эмас! Агар ушбу танадан бир бўлак олиниб бирон нарса билан аралаштирилганидан сўнг, масалан, таъм, ранг ёки ҳидда из қолдирадиган нарса ҳосил бўлса, ушбу нарса ҳам ҳаром бўлади. Лекин бунинг изи қолмаса, бундай озиқ-овқатни истеъмол қилишда муаммо йўқ. Чунки саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, мажусийларнинг пишлоғини ейишган, ваҳоланки мажусийларнинг сўйилган жонлиғи ҳаромдир! Лекин ширдондан озуқада из қолдирмайдиган оз қисм олинади холос. Бу эса из қолдирмайдиган нарсага эътибор берилмаслигига далолат қилади» («Бобул-мафтуҳ» № 48, 21-минут).

Шайх Усаймин айтаётган нарса фиқҳда «истиҳолатун-нажаса» дейилади. «Истиҳола» дегани: нарса аслининг ўзгариши ва уни бошқа нарсага айланиши («Роддул-мухтор» 1/291).

Аслида нажас бўлган нарса ўз сифатлари ўзгариши сабабидан пок бўлиши-бўлмаслиги масаласида уламолар ичида ихтилоф бор. Истиҳоладан сўнг нажас пок бўлади дейдиганлар ичида Абу Ҳанифа, кўпчилик ҳанафийлар ва моликийлар, баъзи ҳанбалийлар, уларнинг ичида мазҳабларининг энг билимдони Ибн Қудома, шунингдек Ибн Ҳазм ва зоҳирийлар бор. Бу фикрни шунингдек шайхулислом Ибн Таймия, унинг шогирди Ибнул Қоййим ва шайх Албоний танлашган («Баҳр ар-роиқ» 1/239, «Шарҳул-кабир» 1/50, «ал-Инсоф» 1/31).

Имом Ибн Қудома шундай деган: «Ҳар қандай нажосат ўз сифатлари ўзгаришидан сўнг пок бўлади» («Ал-Муғний» 1/59).

Ибн Ҳазм: «Агар нажосат ёки ҳаром нарсанинг сифатлари ўзгариб у бошқа нарсага айланса ва бунинг натижасида олдинги шаръий ҳукм боғлиқ бўлган унинг номи йўқолса ва бу нарса бошқа ном топса, у энди нажосат ва ҳаром бўлмайди. Аксинча, у бошқа нарса бўлиб ўзга шариат ҳукмини олади», деб айтган («Ал-Муҳалло» 1/138).

Шайхулислом Ибн Таймия шундай деган: «Аслида нажас бўлган нарса аслини ўзгартириб ҳалол нарсага айланса, масалан, қон, ўлимтик, чўчқа туз конига тушиб тузга айланса, ёки куйган нажосат кул, оҳак ёки шунга ўхшаш нарсага айланса, бу масалада уламоларда икки хил фикр бор. Улардан бирлари нажосат сифатларини ўзгартиргани учун пок бўлмайди, деб ҳисоблашади. Бу Шофеъийнинг фикри, Молик мазҳабининг фикрларидан бири, ҳамда Аҳмаднинг фикрларидан бири. Бошқа фикр эса нажосат ҳолати ва сифатини ўзгартирганидан сўнг пок бўлишидан иборат. Бу Абу Ҳанифанинг мазҳаблари, шунингдек Молик ва Аҳмаднинг икки фикрларидан бири ва зоҳирийлар, ҳамда бошқа уламоларнинг фикри. Бу энг тўғри фикрдир, чунки ўзгарган нарсага Қуръон ва Суннат матналарида таъқиқ йўқ. Уларнинг ҳаромлигига далиллар йўқ. Аксинча уларга мубоҳлик ҳақида матнлар тегишлидир, чунки улар пок нарсаларга киради, (яъни барча нарсалар аслида мубоҳ бўлгани каби мубоҳ бўлади). Шунинг учун Қуръон, Суннат ва қиёс бунинг мубоҳлигига далолат қилади!» («Фатаво ал-кубро» 1/231).

Ибнул Қоййим шундай ёзган: «Ушбу асосдан келиб чиқиб маст қилувчи ичимликнинг асли ўзгариб у бошқа нарсага айланганида унинг покланиши тўғри қиёсга мувофиқдир. Маст қилувчи ичимлик нажосатдир, чунки у ифлос дейилган. Сабаб йўқолганида, сабабдан келиб чиққан нарса (ҳукм) ҳам йўқолади. Шунга биноан бундай қиёс тўғридир ва бу бошқа нажосатларга ҳам тегишлидир, агар улар ўз ҳолатини ўзгартирса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари жойлашган мушрикларнинг қабрларини очиб ери (тупроғи)ни ўзгартирмадилар. Аллоҳ Таоло сут «ахлат ва қон орасида» пайдо бўлиши ҳақида хабар берди (Наҳл сураси, 16-66). Шунингдек нажосат еган ҳайвон қамаб қўйилиб тоза озуқа билан озуқлантирилса, унинг сути ва гўшти ҳалол бўлишига мусулмонлар иттифоқ қилишган. Шунингдек, экинлар ва мевалар нажас сув билан суғорилиб кейин тоза сув билан суғорилган бўлса, улар ҳалол бўлади, чунки нажосат сифати покка айланди. Бунинг акси, агар пок нарса аслини ўзгартириб нажосатга айланса, у нопок бўлади. Масалан, сув ва озуқа сийдик ва ахлатга айланса. Аллоҳ Таоло ифлос нарсадан пок нарсани ва пок нарсадан ифлос нарсани чиқаради. Ва нарсани олдинги сифатлари билан сифатлашнинг аҳамияти йўқолгани каби, унинг асли (олдинги ҳолати) ҳам аҳамиятсиздир» («Эълом ал-муваққиъин» 2/14-15).

Шавконий «Сайлул-жаррор»да шундай деган: «Агар шариатда нажосат ҳукми бор нарса аслини ўзгартириб нажосат ҳукмига эга бўлмаган бошқа нарсага айланса, масалан, ахлат чангга, маст қилувчи ичимлик эса сиркага айланса, нажосат ҳукмига эга бўлган нарса йўқолади ва олдинги ҳукмга сабаб бўлган унинг номи ҳам, сифати ҳам қолмайди. Пайдо бўлган нарса эса бошқа нарса бўлиб, у ўзга ҳукмга эга бўлади».

Шунингдек, Ҳофиз Ибн Ражаб ҳам «Қавоид»да (1/334) бу ҳақда айтган.

Шайх Албонийдан: «Шариат қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолда сўйилган ҳайвон ошқозонининг бир қисми қўшилган пишлоқ ҳақида нима дейсиз?» деб сўрашди. Шайх шундай жавоб бердилар: «Агар нажосат кимёвий таъсир остида ўзгарса, у шариатга биноан пок нарса бўлади. Масалан, маст қилувчи ичимлик сиркага айланса ҳалол бўлади, гарчи унинг асли (олдинги ҳолати) ҳаром бўлган бўлса ҳам. Агар нажосат қуёш, ёмғир ёки шамол таъсирида ўзгариб, масалан, тузга айланса, биз бу тузнинг асли (келиб чиқиши)га қарамаймиз, унинг ҳозирги ҳолатига қараймиз» («Силсилатул-ҳуда ван-нур», № 9, қисқартирилган).

Шундай қилиб, нажосат сифати ўзгариши билан пок бўлиши ҳақидаги ушбу фикр энг кучли ҳисобланади. Чунки шариат матнлари, қиёс ва соғлом ақл бунга далолат қилади. Шариат матнларидан мисол келтирамиз. Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: «Шаҳид Қиёмат куни Аллоҳнинг олдида турганида унинг қони мушк ҳидига эга бўлади!»

Баъзи уламоланинг айтишича, исломнинг аввалида мусулмонлар мушк ишлаб чиқармаган. Мушкнинг манбаси кабарга, шохсиз кийик ёки буғудир. Мушкни фақат мушриклар ишлаб чиқаришарди ва ўз асосида у нажосатдан ишлаб чиқарилган, чунки мушрик сўйган ҳар қандай ҳайвон ҳаром ва ўлимтикдир, ўлимтик эса нопокдир. Агар ушбу ҳайвонлардан олинган мушк нажосат бўлганида, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом шаҳидлар қонини у билан солиштирмаган бўлардилар.

Шунингдек ҳадисларда келтирилишича, ўлимтик териси ошланганидан сўнг пок бўлади.

Бундан ташқари мажусийлар тайёрлаган пишлоқни саҳобалар ейишган. Бу ҳақда биз мақоланинг бошида айтиб ўтдик.

Шунингдек маст қилувчи ичимлик ўз-ўзидан сиркага айланса, уни истеъмол қилиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Ва маст қилувчи ичимликни нажас деб ҳисоблаганлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаган. Аммо (мусулмон киши) атайин маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаши жоиз эмас. Анас розияллоҳу анҳунинг айтишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаш мумкинми?» деб сўрашганида у зот: «Йўқ», дедилар (Муслим 2/235).[1]

Ойдинлаштириш учун яна мисоллар келтириш мумкин. Масалан, тўнғиз ёки яна бирон бир ўлимтик вақт ўтиши билан чириб чангга айланса, ўша чангни бирон бир киши «тўнғиз» ёки бошқа бирон ном билан атайдими? Ахир «тўнғиз» дейилганида гўшт ва суякдан иборат тирик ҳайвон тушунилади ва бирон одам бундан кул, темир ва бошқа нарса тушунилади демайди. Тўнғиз шариатда ҳаром! Энди, фараз қилайлик, тўнғизга ёки унинг бир бўлагига ишлов бериб у кукун ёки желега айланса, бирон киши уни «тўнғиз» дейдими? Демак, асл манбанинг сифати, таърифи ва номи йўқолди, натижада ушбу нарса ҳақида шариат ҳукми ҳам ўзгарди. Энди асли нажас бўлган нарса сифатини ҳам ўзгартирмайди ва пок ҳам бўлмайди дейдиган уламоларга келсак, бунга уларда ҳеч қандай далил йўқ!

Энди желатин нима эканлигини ва уни қандай тайёрлашини кўриб чиқамиз. Гап ҳайвон желатини ҳақида кетмоқда, сув ўсимлигидан чиқариладиган «агар желатини» ҳақида эмас. Чунки унинг ҳалоллигида ҳеч қандай шубҳа йўқ.[2]

Ҳайвон желатини ҳайвонларнинг териси, суяги, тоғайи ёки пайларидан қайнатиш йўли билан ишлаб чиқарилади. Қайнатишдан олдин суякларни олдин ёғсизлантиришади, уларнинг минерал қисмларини кислота билан ишлов бериб олиб ташлашади. Коллагенни желатинга айлантиришдан олдин уни юмшатиш учун тери ва пайларни ювиб оҳак билан ишлов беришади. Натижада бириктирувчи тўқима таркибига кирувчи коллаген глютинга айланади. Ҳосил бўлган эритмани буғлантириб, тиндириб желега айлангунича совутишади. Желени эса бўлакларга бўлиб қуритишади. Тайёр бўлган қуруқ желатин таъмсиз, ҳидсиз, шаффоф (тиниқ), деярли рангсиз ёки сарғишроқ бўлади (Қаранг: «Кругосвет» энциклопедияси, «Табиий фанлар луғати»).

Мана шундай пухта ишловдан сўнг бирон киши желатиннинг ўзи ҳақида «тўнғиз», «суяк», «пай» ёки бирон бошқа нарса дея оладими? Бу желатиннинг ўзи ҳақида айтилмоқда. Бошқа моддалар билан маълум озуқага оз миқдорда унинг қўшилиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Шайх Ибн Жибриндан тўнғиз ичагидан тайёрланган желатин қўшилган дори ҳақида сўрашди. У шундай жавоб берди: «Менинг фикрим, ва яна Аллоҳ яхшироқ билувчи, бу моддаларнинг ишлатилишида муаммо йўқ, чунки уларда аниқ фойда бор ва уларнинг ўрнини босадиган бошқа нарса йўқ. Бу моддаларни ишлатиш мумкин, чунки улар тайёрланиш жараёнида ўзгарди ва уларга қўшиладиган тўнғизнинг ичаги бошқа нарсага айланди. Нажосат аслини ўзгартирса ва бошқа нарсага айланса, яъни таъқиқ боғлиқ бўлган асл ҳолатини ўзгартирса, бир гуруҳ уламоларнинг наздида унинг пок бўлиши ҳақидаги фикр тўғридир. Демак, тўнғиздан тайёрланган дорини кўрган одам (ҳаром деган) хулоса қилишга шошмасин! Аниқ фойдаси бор нарсани, агар у нажосат бўлмаса ва агар унинг зарари бўлмаса, Ислом ҳалол қилди!» («Фатаво Ибн Жибрин» № 10509).

Юқорида айтилганларга биноан аён бўладики, таркибида желатин, гарчи тўнғиздан олинган желатин ҳам, мавжуд бўлган мубоҳ нарсалар, масалан, дори, конфетлар ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилиш жоиз бўлади.

Бу фикрни қўллаганлар келтирилган кучли далилларга асосланишади ва зикр қилинган буюк уламоларга эргашган ҳолда ҳеч қандай маломатга ҳақли эмасдир. Муҳими, инсон ҳавои нафсига эмас, илмга эргашиш лозим, чунки бу ерда айтилган нарсаларни билмай спирт ҳамда желатини бор барча нарсаларни истеъмол қилган мусулмонлар кўп.

Энди бирон бир шахсий мулоҳазаларига кўра бу фикрга юрмаганларга келсак, бу уларнинг иши. Лекин улар бу фикрга юраётган мусулмонларни ўзларидан ёмонроқ санашлари ёки уларни тақвосизликда айблашларига ҳақлари йўқ. Ҳақиқий тақво ҳавои нафсига эргашиш ва ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилишга эмас, балки Қуръон ва Суннат илмига асосланган тақводир. Ахир ҳеч ким ҳар қандай нажосат сифатини ўзгартиргани учун пок бўлади деган ва юқорида зикр қилинган уламоларни тақвосизликда айблашга журъат этолмайди-ку.

Шунингдек таъкидлаш керакки, бу мавзуда аслида бирон нарсанинг таркибида аввалдан бўлган нажосат ҳақида эмас, балки ўз ҳолати ва сифатини ўзгартирган нажосат ҳақида сўз бормоқда.[3]

Охирида оламлар Роббисига ҳамдлар айтамиз!

 

«Ҳалол нарсаларни ейиш лозимлиги ҳақида» номли рисоладан

Манба: Тавҳид форуми

 

 


 

 

[1] Таржимон изоҳи. Ғайридинлар маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлашса, уни истеъмол қилса бўлади. Мусулмонларга маст қилувчи ичимликдан сирка тайёрлаш ҳаромлигининг сабаби шуки, бу иш маст қилувчи ичимликни уйда (ёки омборда) сақлашга олиб келади. Мусулмонларга эса уни сақлаш жоиз эмас.

[2] Таржимон изоҳи: бунинг устига охирги пайтларда кондитер маҳсулотларида пектин моддаси ҳам ишлатилмоқда. Бу модда ўсимликлардан олинади. Ҳайвондан желатин ишлаб чиқаришдан кўра ўсимликдан «агар желатини»ни ва пектинни ишлаб чиқариш арзонроққа тушса керак.

[3] Таржимон изоҳи: ушбу мақола мусулмонлар орасида охирги пайтда у ҳақда кўп гапириладиган «Е» ҳарфи ҳамда рақамлар билан қисқартириб номланган моддаларга ҳам тегишлидир.

15 та мулоҳаза

  1. Abdulloh → 24.05.2013 йил

    Демак чучка гуши кушилган калбасани йеса буларканда

  2. Administrator → 25.05.2013 йил

    Хулосангиз хато. Колбасада гўшт ўзининг асл ҳолатини йўқотмайди, гўштлигича қолади. Энди агарда чўчқа гўштини ёқиб кул қилсангиз, ўша кул асл ҳолатини ўзгартиргани учун энди нажосат бўлмайди. Фарқни тушундингиз деб умид қиламан. Валлоҳу аълам.

  3. Шухрат → 29.05.2013 йил

    Таркибига коньяк кушилган шоколадлар хакида нима дейсиз?

  4. Administrator → 08.06.2013 йил

    Маст қилувчи ичимлик ўз аслини ўзгартирмаса ҳаром, ўзгариб асли қолмаса, буни юқорида тафсилот билан тушунтирилди.

  5. AVAZHON → 12.06.2013 йил

    ЛЕКИН ТОБЕИНЛАРДАН КОЛГАН ГАП ШУКИ,ТАКВОДОРЛАР ТАКВО КИЛМАСА ХАМ БУЛАВЕРАДИГАН НАРСАЛАР УСТИДА ТАКВО КИЛИШИБ,ТАКВОДОРЛИК ДАРАЖАСИГА ЭРИШИШАДИ.АРБАЪИЙННИ ШАРХИДА ШУ СУЗЛАРНИ КЕЛТИРИШГАНКАН.

  6. abu imron → 07.01.2014 йил

    bu bilan e 322 e 433 har hil e moddalar bor mahsulotlarni esa buladi halol demoqchimisiz birodar

  7. abu imron → 07.01.2014 йил

    iltimos javob yozila

  8. Хочу в Медину → 09.01.2014 йил

    Assalamu alaikum. Abu Imron, aitinizchi E 322 433 moddalar bor mahsulat haram ekani kai erda iazilgan?

  9. abu imron → 10.01.2014 йил

    sahobalar eyishgan pishloqda jelatin buganmidi

  10. abu imron → 13.01.2014 йил

    Valeykum assalom varohmatulloh birodar halol. org da busa kere yana tekshirib kuraman bu moddalani insonga zarari borligini hatto boshqa dindagi kishilar tasdiqlab turishibdi

  11. Administrator → 13.01.2014 йил

    Биз сиз эслаб ўтган саҳифани суянишга арзигулик манба деб ҳисобламаймиз. Имкон бўлса бирор ишончли аҳли сунна уламоларининг сўзларидан нақл қилсангиз. Баракаллоҳу фийкум!

  12. Хочу в Медину → 13.01.2014 йил

    Assalamu alaikum Uzbek birodarlar. Man inogda iuk kopincha sizlarni tushinmaiman, nimaga kereaksiz savollarni kuiasizlar? Osobenno, abu Imron, Iana bir marta ukip chikinizchi materialni.Hammasi tushitirilgan ku. Vi lutche raduites cho est takoi sait alhamduliLLah, tem bolee na uzbekskom, soval kuigancha Tavhidni urganin birodar. U vas v strane net takoi vozmojnosti poluchit znania, kak raz etot horoshi sait. Agar Tavhidti juda iakshi bilaman dep uilasaniz to oshibaetes. Davaite, modertor prigotovte neskolko voprosov pro Tavhid. Komu delat nechego pust otvechaiut na eti voprosi. Iltimos mani kechiringizlar esli u menia mnogo oshibok.Man uzbekcha iakshi bilmaiman, Kozakstonnanman.

  13. abu imron → 16.01.2014 йил

    valeykum assalom qozoq birodar men ham tushunib turibman aslini yuqotsa hukm uzgarishini,.. Adminstrator birodar man aytgan halol org daginga suyanib bulmasa sizda haqiqattan jelatin eki e 322 moddalani tarkibi najosatdan boshqa hukmga utishligi haqida sizda hujjat bormi uni tekshirgan insonga zararsiz degan fakt eki manba bormi man bu bilan tortishmoqchi emasman bu maqolani uqigandan keyin bazi birodarlarimiz juda kup import mahsulotlarini tashanmay eydigon bup qolishdi man ulaga tushuntirdim harom bumasa ham shubhaliku ahir shubhalardan chetlashish kerakku biz kofirlani mahsulotini yemasdan yasholmaymizmi bilol roziallohu anhu dedilar bir tomchi hamr tushgan hovuz eki ( quduq) tepasiga qurilgan. minorada azon aytmayman

  14. Administrator → 16.01.2014 йил

    Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Нарсалар аслида пок ва ҳалолдир. Агар бирор маҳсулотни биров ҳаром демоқчи бўлса, у одам бу учун далил келтириши керак. Бировга мана бу ҳаром, акс ҳолда ҳалол десанг далил келтир дейиш хато. Даъвогар далил келтириши керак, акси эмас.
    Сиз Е моддаларини ҳаром демоқчи бўлсангиз ишончли манбадан далил келтиришингиз керак бўлади. Акс ҳолда Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб қўйган бўласиз. Бу иш ниҳоятда хатарлидир.
    Энди сиз қалбингизда бу маҳсулот ҳалол эканига шубҳа қилиб, эҳтиёт ва тақво жиҳатидан ундан четлашмоқчи бўлсангиз, бу сиз учун яхши. Бироқ сиз бу нарсани бировдан талаб қилишга ҳаққингиз йўқ ва сиз каби йўл тутмаганни тақвосиз дея қарашингиз мумкин эмас.
    Ҳаммаси тушунарли бўлди деб умид қиламан.

    bilol roziallohu anhu dedilar bir tomchi hamr tushgan hovuz eki ( quduq) tepasiga qurilgan. minorada azon aytmayman

    Мана бу сўзларни кўп такрор қилдингиз. Бу сўзлар аслида Билол розияллоҳу анҳудан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинганми, асар манбасини келтира оласизми?

  15. солих → 10.03.2014 йил

    ассалому алайкум! демак биз чучка боксак булади
    эканда? уни ейиш ва кийиниш (терисини ишлатиш) учун эмас, балким желатин килишлик учун.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.