Pages (2): 1 2   
Муслим   09-23-2012, 05:21 PM
#1
ИСЛОМДА БОЙКОТНИНГ ҲУКМИ

بسم الله الرحمن الرحيم

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Бугунги кунда бойкотга (муқотаъа) бўлган даъватлар сони кўпайиб кетди. Бундай баёнотларда барча уламолар куфр мамлакатлари, хусусан Америка ва Исроил билан ҳар қандай савдо-сотиқ муносабатларини таъқиқлашгани, бу эса бугунги кундаги жиҳоднинг бир тури эканлиги ҳақидаги даъволарни кўришингиз мумкин. Баъзилари эса ҳатто улар билан тижорат қилиш, молларини сотиб олиш ва ҳоказоларни гуноҳи кабира деб айтишади. Яна баъзилари эса кофирлар билан ҳар қандай молиявий алоқаларни олиб боришлик “ал-вало вал-баро” (дўст ва душманлик) қоидасига хилоф эканини айтишади.
Имом Барбахорий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Замондошларингдан кимнинг гапини эшитган бўлмагин, шошма ва унга суянма, ҳатто бу каби (сўзларни) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирорталари гапирганлигини сўраб, билмагунингча» (Қаранг: «Шарҳу Сунна» 27).
Кофирлар билан бўладиган савдо-сотиқ ва молиявий муносабатларда бойкотнинг ҳукмини билишлик учун Қуръон ва Суннат таълимотларига қайтишимиз даркор. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бизга шуни амр қилган, бирор далилга асосланмаган ихтилофли мунозараларга чўмиб кетишликни амр қилмаган. Аллоҳ таоло айтадики: “Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (Нисо: 59).
Имом Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Агарда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларида ҳар қандай ихтилофнинг изоҳи бўлмаганида, Аллоҳ ихтилоф қилинганда Қуръон ва Суннатга мурожаат этишни амр қилмаган бўларди” (Қаранг: “Эъламул мувақиъин” 1/49).

Кофирлар билан тижорат қилишнинг ҳалол экани ҳақида

Тижоратнинг асли - унинг ҳалол эканидир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган” (Бақара: 275).
Суннатда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар кофирлар билан савдо-сотиқ ва молиявий алоқалар қилишгани ҳақида хабарлар жуда кўп келган. Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ривоят қилади: “Бир куни биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биргалигимизда бир мушрик қўйларини ҳайдаб кетаётган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Бу сотиладими ёки ҳадями?” деб сўрадилар. У: “Йўқ, сотилади” деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан қўй сотиб олдилар” (Бухорий 2216).
Имом Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг “Саҳиҳ”ларида келтирдилар ва ушбу бобни: “Мушриклар ва ҳарб аҳли билан савдо-сотиқ қилиш ҳақида” деб номлади (Қаранг: “Саҳиҳ ал-Бухорий” 2/772).
Оиша розияллоҳу анҳа ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан насияга таом сотиб олдилар” (Бухорий 2068, Муслим 1603).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. Уларнинг совутлари эса яҳудийда оилалари учун олган ўттиз соъ буғдой эвазига қўйилган эди” (Аҳмад 5/137, Доримий 2582. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний саҳиҳ деди).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар мусулмонлар денгизга чиқишса ва уларга мусулмонлар юртига йўл олган душман мамлакатидан бўлган мушрик савдогарлар учраса, унда у (мусулмон)лар уларга қаршилик қилмасликлари ва улар билан урушмасликлари керак. Душман еридан бўлган ҳар қандай мусулмонлар ерига тижорат учун қадам босган билан саводи-сотиқ қилишлик мумкин”. Имом Авзоий ва Шофеийлар ҳам худди шундай дейишган (Қаранг: “ал-Муғний” 8/245).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар инсон мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мамлакатга улардан нимадир сотиб олишлик учун борса, бу жоиздир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик даврларида Абу Бакр Шомда савдо қилгани ҳақидаги ҳадис шунга далолат қилади. У вақтда Шом уруш қилинаётган мамлакат эди” (Қаранг: “ал-Иқтидо” 2/15).
Имом Аҳмад ва Ибн Таймиянинг сўзларидан мусулмонлар юртига кириб келган, ўзи асли уруш қилаётган куфр давлати аҳолиси билан тижорат қилишликнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ эканини кўриб турибмиз. Худди шундай, мусулмонлар билан уруш қилаётган давлатга тижорат учун сафар қилишлик ҳам жоиз эканини билдик.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан ўша даврда мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мўғул-татарлар билан тижорат қилиш ҳақида савол берилганда, у киши раҳимаҳуллоҳ шундай жавоб бердилар: “Улар билан тижорат қилишга келсак, у кабилар билан жоиз бўлган нарса улар билан ҳам жоиздир, у кабилар билан ҳаром бўлган нарса улар билан ҳам ҳаромдир. Бошқаларга сотиладиганлардан уларга егулик, кийим ва шунга ўхшашлар сотишлик жоиздир. Улар таъқиқланган урушда фойдаланишлари мумкин бўлган отлар ёки қуролларни уларга ёки бошқа бировга сотишликка келсак, унда бу ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида: 2)” (Қаранг: “Мажмуъул фатава” 29/275).
Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳга савол берилди: “Агар сотувчи шиа-рофиза бўлса, одамларни ундан ҳеч нарса сотиб олмасликка чақирса бўладими?”
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: “Ҳатто кофирлардан ҳам сотиб олишлик жоиз. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олардилар, оилалари учун озуқа эвазига яҳудийга совутларини гаровга қолдирганлар. Аммо сизлар (одамлар) улар билан дўстлашмасликлари учун одамларга рофизийларнинг адашган эътиқодларини тушунтиришингиз керак. Улардан бирор нарсани сотиб олишликка келсак, бу оддий ишдир”.
У кишидан сўрашди: “Аммо ахир улардан сотиб олмаслик афзал бўладику (тўғрими)?”
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: “Муҳими уларга муҳаббат қилишликдан огоҳ қилишлик ва уларнинг бузуқ эътиқод ва амалларини тушунтиришликдир. Чунки улар Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларини ҳақорат қилишади ва обрўларини тўкишади, Алийга дуо қилишади. Бу эса катта ширкнинг бир кўринишидир” (Тингланг: “Шарҳ усул Сунна”).
Бироқ шубҳасиз ўша молни солиҳ мусулмонга сотиш ёки сотиб олишлик афзал бўлади. Бу билан мусулмонларга ёрдам кўрсатишлик амалга ошади. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига келсак, у киши савол берувчига Исломда энг аҳамиятга молик бўлган жиҳатга кўрсатма бермоқдалар.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: “Шайх, Кола номли ичимлик бор. Айтишларича у яҳудийлар корхонасида ишлаб чиқарилар экан. Ушбу ичимликни ичиш ва сотишнинг ҳукми нима бўлади?”
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: “Ахир сен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи оилалари учун яҳудийдан егулик сотиб олганларини ва унда совутларини гаровда қолдирган ҳолда вафот этганларини билмайсанми?! Яна сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир яҳудийдан совға қабул қилганларини билмайсанми?! Катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар ва қолган фойдали майда-чуйда (нарсалар) яҳудийлар томонидан ишлаб чиқарилади” (Қаранг: “Бабул мафтуҳ” 95).
Бирорта имом кофирлар билан дунёвий масалаларда алоқа қилишлик “ал-вало вал-баро” (дўст ва душманлик) қоидасига зид деб айтмаган. Бундай дейишлик, кофирларга муҳаббат ва уларни улуғлашликка (мувалатул куффар) ҳеч қандай алоқаси йўқ (Қаранг: “ал-Вало вал-баро фил Ислам” 292).
Ҳеч бир олимнинг Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалол қилиб берган нарсани ҳаром қилишга ҳаққи йўқ. Олимнинг сўзи ўз-ўзидан у ёки бу амалнинг ҳалол ёки ҳаром эканига далил ҳисобланмайди. Чунки Исломда фақатгина салафларнинг фаҳми билан тушунилган Қуръон ва Суннат далил ҳисобланади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, уламоларнинг сўзи шаръий далил билан қувватланади. Бироқ шаръий далил уларнинг сўзи билан қувватланмайди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 26/202).
Агар уламоларга нисбатан бу сўзлар айтилган бўлса, унда мақоми ҳатто толиби илм бўлмаган одамларнинг даъволари ҳақида нима дея оламиз?!

Кофирлар билан нималарни савдо-сотиқ қилиб бўлмаслиги

Аллоҳ таоло айтади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида: 2).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кофирлар билан ҳар қандай ишни олиб борса бўлади, ҳаром бўлган нарсалар бундан мустасно” (Қаранг: “Фатҳул Борий” 9/80).
Мусулмонлар билан нима савдо-сотиқ қилишлик ҳаром бўлса, ўша нарсалар кофирлар учун ҳам ҳаром бўлади. Масалан: рибо, тарозидан уриб қолиш, асли ҳаром бўлган нарсаларни сотиш ёки сотиб олиш ва ҳоказо. Яна кофирлар билан икки нарса савдо қилишлик мумкин эмас: динлари ва байрамларини нишонлашга ёрдам бўладиган нарсаларни сотишлик ёки сотиб олишлик, шунингдек мусулмонларга қарши урушда қўлланиши мумкин бўлган нарсани сотишлик.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мусулмон учун кофирларнинг байрам кунларида улар айни шу учун ишлатадиган нарсаларни сотишлиги мумкин эмас, хоҳ у таом, кийим, хушбўйлик ва ҳоказолар бўлсин (жоиз эмас). Бу уларнинг шодиёналарини ўтказишга кўмаклашишнинг бир тури ҳисобланади. Бу кофирга хамр тайёрлаши учун узум сотишлик жоиз эмаслиги ҳақидаги қоидадан келиб чиқади” (Қаранг: “ал-Иқтидо” 229).
Бироқ бу ҳолатда мусулмон узум аниқ маст қилувчи ичимлик тайёрланиши учун сотиб олинаётганлиги ёки сотиб олинаётган мол аниқ кофирлар байрамида ишлатилиши учун олинаётганлиги аниқ бўлиши керак. Бу ўринда фараз ва гумонларга асосланиб бўлмайди.
Шайх ибн Қосимдан молининг бир қисмини сотиб, черковнинг фойдасига ишлатишликни васият қилган насроний ҳақида сўрашди: “Мусулмон учун ушбу мулкдан бирор нарса сотиб олишлик жоизми?” У киши жавоб бердилар: “Йўқ, бу жоиз эмас. Чунки бунда уларнинг удум ва динларини улуғлашлик бор”. Яна у кишидан черковга тегишли бўлган ерни уни таъмирлашлик учун сотиб олишлик ҳақида сўрашди ва у киши жавоб бердилар: “Мусулмонларга, черковни улуғлашда иштирок этмаслик учун, уни сотиб олишлик жоиз эмас” (Қаранг: “Би васита ал-Иқтидо” 2/19).
Имом Ибн Баттал раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мушриклар билан молиявий алоқа қилишлик жоиз, илло улар мусулмонларга қарши урушда қўллашлари мумкин бўлган нарсани сотишлик бундан мустасно” (Қаранг: “Фатҳул Борий” 4/410).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мусулмонлар билан уруш қилаётганларга қурол сотишлик ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишди” (Қаранг: «ал-Мажмуъ» 9/432).

Бойкот қачон вожиб бўлади

Исломда бойкот мусулмонлар ҳукмдори Ислом ва мусулмонлар манфаати учун қандайдир мамлакат билан савдо-сотиқ қилишни таъқиқлаганидагина вожиб бўлади. Бундай ҳукм чиқарган мусулмонлар ҳукмдорига итоат қилишлик кераклигига Қуръон ва Суннат далолат қилади. Аллоҳ таоло айтадики: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!” (Нисо: 59).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат қиласан. Агар орқанга уриб, молингни олса ҳам қулоқ солиб, итоат қил» (Муслим 1847).
Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон кишига ўзи ёқтирган ва ёқтирмаган нарсаларда (ҳукмдорига) қулоқ солиб, итоат қилиши вожиб бўлади. Маъсиятга буюрилиши бундан мустаснодир. (Маъсиятга буюрилса) қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир» (Бухорий 7144, Муслим 1839).
Доимий фатво қўмитаси уламоларига қуйидагича савол берилди: “Американинг «Пицца Хат» ва «Макдоналдс» ширкатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини узишликка чақириқлар тарқалди. Ушбу чақириққа ижобат қилайликми? Душманлик қилаётган кофирлардан уларнинг юртларида (маҳсулотларини) сотиб олиш ва тижорат қилишлик жоизми? Ёки хавфсизлик кафолати бўлган бизнинг юртдаги кофирлар билангина бу иш жоизми?”
Жавоб: “Қаерда бўлмасин, ҳаром бўлмаган нарсани сотиб олишлик жоиз. Агарда фақатгина мусулмонлар ҳукмдори Ислом ва мусулмонларнинг манфаати учун қайсидир мамлакат билан тижорат қилишни таъқиқлаб қўйса (тижорат қилишлик ҳаром бўлади). Савдо-сотиқдаги асос – унинг ҳалол эканидир. Аллоҳ таоло айтганидек: “Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган” (Бақара: 275). Ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олар эдилар” (Қаранг: “Фатава ал-лажнату-ддаима” № 7851).
Шайх Солиҳ Фавзон ҳафизаҳуллоҳдан сўрашди: “Шу кунларда бир газетада Америка маҳсулотларига, уларни сотиб олмаслик ва сотмаслик билан бойкот эълон қилишга чақирувчи мақола нашр қилинди. Шу билан бирга шу кундаёқ бир газета мусулмон уламолари бойкотга чақираётганлари, бу иш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн экани, у маҳсулотларни сотиб олишлик ҳаром экани, ўша маҳсулотларни сотиб олаётган бу билан америкаликларга ва яҳудийларга мусулмонларга қарши курашда ёрдам бериши ҳақида (мақола) нашр қилинди. Ушбу масалани тушунтириб беришингизни илтимос қиламан”.
Шайх ҳафизаҳуллоҳ жавоб бердилар: “Биринчидан, менга ўша газетани кўрсатишингизни сўрайман. Иккинчидан, бу ёлғон. Чунки уламолар Америка маҳсулотларини сотиб олиш ёки сотишни таъқиқлангани ҳақида фатво чиқармадилар. Уларнинг маҳсулотлари кириб келмоқда ва мусулмонларнинг бозорларида сотилмоқда. Уларнинг маҳсулотларидан бирор нарсани сотиб олмаслигинг Америкага ҳеч қандай зарар етказмайди. Сен мусулмон ҳукмдорнинг буйруғидан ташқари уларни бойкот қилмайсан. Агар ҳукмдор бошқа давлатни бойкот қилиш учун шундай қарор чиқарган бўлса, унда бойкот вожиб бўлади. Бунинг ҳаром экани борасида оддий шахсларнинг бераётган фатволарига келсак, бу Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишликдир. Бу эса жоиз бўлмаган ишдир!” (Тингланг: “Фатава ал-улама фил жиҳад”).
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан Америка маҳсулотларини бойкот қилишлик ғояси тарқалганлиги ҳақида сўрашганида, у киши раҳимаҳуллоҳ қисқа ва лўнда жавоб бердилар: “Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани сотиб ол ва У сенга ҳаром қилган нарсани тарк қил!” (Қаранг: "ал-Баб ал-мафтуҳ" № 64).
Тўғри, шайх Ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳнинг Америка билан савдо-сотиқ қилишлик ҳаром экани борасида эски фатволари бор. Бироқ шайх Аҳмад Нажмий раҳимаҳуллоҳдан ушбу фатво ҳақида сўрашганида, у киши бу фатвони хато эканини, унга суяниб бўлмаслигини айтганлар. Чунки бойкот ҳақидаги фатвони фақатгина мусулмонлар давлати ёки унинг бошқарувчилари чиқаришлари мумкин. Алоҳида шахслар эса Аллоҳ ҳалол қилгаан нарсани ҳаром қилишга ҳақлари йўқ. Бу билан улар мусулмонларга қийинчилик туғдиришади. Ахир барчага маълумки, кофирлар билан молиявий алоқа қилишлик жоиз экани ҳақида Суннатда жуда кўп хабарлар келган. Бу кофирлар яҳудий бўладими, насронийми ёки мушрикми, фарқи йўқ (Қаранг: “ал-Фатва ал-жалия” 131-133. Шайх Аҳмад Нажмий фатволари 19/10/1421 ҳ.й. 2000 м.й).
Ахир юз ёки мингта мусулмон пепси кола ичмасликлари Америкага ҳеч қанақаси зарар етказмайди ва буни бойкот деб номлаб бўлмайди. Бироқ бу мусулмонларнинг ўзига зарар етказиши мумкин. Чунки уларнинг ўзларида ҳозирча тараққий топган ишлаб чиқариш саноатлари йўқ. Ҳаётнинг қайси соҳасига қараманг, мусулмонлар кофирлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни ишлатишади.
Агар мусулмонларнинг бир қисми у ёки бу давлат билан савдо-сотиқ алоқаларини узишлик кераклигини эълон қилишса, қолган қисми эса бунга норози бўлса, бу Ислом уммати орасида жиддий ихтилофларга олиб келиши мумкин. Мусулмонлар бир-бирларини қоралашни, айблашни ва бир-бирига норозиликларини изҳор этишади. Бугунги кунда буларнинг барчасига ўзимиз гувоҳ ҳам бўлиб турибмиз. Мусулмонларнинг муаммоларини, шунингдек фойда ва зарар масалаларини ҳар кимга муҳокама қилишлик мумкин эмас! Бу мусулмонлар ҳукмдори ва уламоларнинг вазифсидир! (Қаранг: “ал-Ашбаҳ ва-нназаир” 140).
Бироқ алоҳида бир шахс, масалан ширкат бошлиғи ва шунга ўхшаганлар ўз ихтиёри билан бошқа бир фирма ёки мамлакатни бойкот қилиши мумкин. Аммо у бунга бошқа мусулмонларни мажбурлаши мумкин эмас. Бундай ҳолатда мусулмон ҳукмдорнинг рухсати шарт эмас. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далил бўлади. У киши ривоят қилишича, Сумома мусулмонларга асир бўлган вақтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриб қолади ва Исломни қабул қилади. У Маккага қайтиб борганида, Қурайш унга: «Сен ҳам диндан озибсан-да, эй Сумома?» дейишди. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Балки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, мусулмон бўлдим. Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!», деди (Бухорий 4372, Муслим 1764).
Ушбу қиссанинг бошқа ривоятида эса айтиладики, Сумома юртига қайтиб боргач, Маккага озиқ-овқат етказиб беришни таъқиқлаб қўйди. Бунинг оқибатида Қурайш озиқ-овқат тақчиллигидан қаттиқ қийналиб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мактубда у зотдан ўрталаридаги қариндошчилик ҳаққи-ҳурмати, Сумомани Маккадан озиқ-овқат тақиқини бекор қилишга чорлаш сўраларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг илтимосларини қондирдилар (Қаранг: Ибн Ҳишом 2/381, Ибнул Қоййим “Зодул маъод” 3/277).
Ушбу ҳадисда яна мусулмонлар ҳукмдорига итоат қилишлик вожиб эканига кўрсатма бор. Агар у савдо алоқаларини йўлга қўйишни буюрса, унга итоат қилишлик керак бўлади. Сумома амалга оширган бойкот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарорлари измида эди. Бунга унинг қуйидаги сўзлари далолаат қилади: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!»
Инсон шахсан ўзи кофирлар билан савдо-сотиқ қилмаслиги бир масала бўлса, бошқаларни бунга мажбурлашлик ва итоат қилмай кофирларга сотган ёки улардан сотиб олганни гуноҳкор эканлигида айблашлик умуман бошқа бир масаладир. Агарда алоҳида бир шахс ўзи учун кофирларнинг маҳсулотларини сотиб олмасликка қарор қилган бўлса, бу унинг ҳаққи. Бироқ бу у кишининг нақадар тақводор ёки солиҳ инсон эканига далолат қилмайди, унга бундай қилганларга нафрат назари билан қарашлик ҳуқуқини бермайди. Чунки кофирлар билан умматнинг энг афзал инсонлари савдо-сотиқ қилишган, бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобаларидир.

Хулоса

Қуръон, Суннат ва уламоларнинг сўзларидан кўриб турибмизки, кофирлар билан савдо-сотиқ қилишлик жоиздир, ҳатто улар мусулмон мамлакатлар билан уруш қилаётган давлатдан бўлишса ҳам. Ушбу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кофирлар билан савдо-сотиқ қилишлик жоиз эканида мусулмонлар ижмоъ қилишди” (Қаранг: “Шарҳ Саҳиҳ Муслим” 11/218).
Бойкотга келсак, у фақатгина мусулмонлар ҳукмдори амри билангина мусулмонлар учун вожиб бўлади. Бу ҳақида юқорида етарли далиллар келтирилди. Бироқ, ҳукмдор ҳам, алоҳида шахслар ҳам ниҳоятда муҳим бўлган фойда ва зарар (ал-масалиҳ вал-мафасид) масаласини эътиборга олишлари, мусулмонлар учун қай ҳолатда кўпроқ фойда бўлишига эътиборларини қаратишлари лозим. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Маълумки, Аллоҳ таоло Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё ва охират фаровонлигини яхшилашлик учун юборди. У (субҳанаҳу ва таоло) фойдага буюрди ва зарардан қайтарди. Агар бирор-бир амалда ҳам фойда ҳам зарар бўлса, унда фойда бор нарсага мойил бўлишлик лозим. Агар бу ишда фойда зарардан кўпроқ бўлса, унда шу ишни ихтиёр қилиш керак. Агар бу ишда зарар кўпроқ бўлса, унда бу ишни тарк қилишлик керак. Чунки ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло Расулини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фаровонликни ўрнатиш ва уни такомиллаштириш, зарарни четлатиш ва уни камайтириш учун юборди” (Қаранг: “Минҳажу сунна” 4/527).
Кимки Америка ёки Исроилнинг маҳсулотларини сотиб олса, бу билан у Ислом ва мусулмонларга қарши олиб борилаётган урушга кўмаклашган бўлади, чунки улар бу пулга қурол-аслаҳа сотиб олишади ва ҳоказо деган ҳеч бир далилга асосланмаган турли-туман ақлий хулосаларга келсак – буларнинг барчаси на жиҳодга, на “ал-вало вал-баро”га ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Наҳотки бирор ким яҳудийга совутларини омонат қилиб қолдирган, мушрик ва яҳудийлар билан савдо-сотиқ алоқаларини қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кофирларга Исломга қарши курашларида ёрдам берганликда ёки “ал-вало вал-баро” қоидасига хилоф иш тутганликларида айблашга журъат эта олса?! Ваҳоланки Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган бўлса: “Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз” (Моида: 82).
Биз мусулмонларни ўз илмларини тўғри келган одамдан олаверишлик билан залолат эшикларини очмасликка ва эшитган ёки ўқиган бирор нарсасини тарқатишдан аввал, ўша нарса ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини текширишликка чақирамиз! Ахир илм – бу динку. У орқали биз Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиламиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Дининг, дининг, дарҳақиқат – тана ва қонингдир. (Шундай экан) динингни кимдан олаётганингга қарагин!» (Хатиб «ал-Кифоя»да 121).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
mutaallim   10-03-2012, 02:32 PM
#2
Бугунги кунда интернет оламида шайх Ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳнинг Америка ва Исроил маҳсулотларини бойкот қилишлик вожиб экани ҳақида берган қуйидаги фатволари ўзбек тилига таржима қилиниб, мусулмонлар орасида кенг тарқалиб бормоқда:
Quote:
Америка ва Исроил давлатлари ишлаб чиқарган маҳсулоталарга бойкот қилиш ҳақидаги фатво
(фатво рақами 930)
Фатво берувчи шайх Абдуллоҳ Жибрин роҳимаҳуллоҳ

Савол: Ҳаммага маълумки, муқаддас замин бўлган Фаластинда бизларнинг мусулмон биродарларимиз сиёнист, ёвуз яҳудийлар тарафидан камситилиш ва қатлиомларга юз тутмоқдалар. Ҳеч шубҳа йўқки, яҳудийлар қўлларидаги замонавий қуролларга эга бўлганликларида катта давлатларнинг кўмаги борлиги ва бу давлатларнинг аввалида Америка туради. Мусулмон киши биродарларини бошдан кечираётган аянчли ҳолатларини кўриб, уларга ёрдам бериш ва душманларни қилаётган хунрезликларидан тийиб қўйиш йўлини ахтаради. Лекин у мусулмонларга Оллоҳдан нусрат сўраб дуо қилиш ва душманларга хорлик тилашдан бошқа чорасини топа олмайди. Шу пайт динига муҳаббатли бўлган баъзи кишилар мусулмонларга ёрдам бериш учун Исроил ва Америка ишлаб чиқарган маҳсулотларга бойкот қилиш керак деган фикрни кўтариб чиқадилар. Саволим шуки, мусулмон киши агар, кофирларга душманлик қилиш ва уларнинг иқтисодларини пасайтириш ниятида, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларга бойкот қилишга киришса, савобга дохил бўла оладими? Сизнинг тавжиҳотингиз қандай? Оллоҳнинг ҳифзи ҳимоясида бўлгайсиз.

Жавоб: Ер юзидаги жамики мусулмонлар учун яхшилик ва тақво йўлида, ҳамда мусулмонларга дунёнинг қайси бурчагида бўлмасинлар ёрдам кўрсатишда бир-бирларига кўмакдош бўлишлари вожибдир. Ҳатто хўрланаётган мусулмонлар ўзларининг диёрларида бемалол қаддиларини кўтариб яшашлари ва диний анъаналарни ва исломий шиорларни ошкор қила олишлари керак ва ислом таълимотларига тўла амал ва диний аҳкомларни тадбиқ қилиб, ҳудудларни барпо эта билишлари ва дин таълимотларига кўра амал қила олишлари керак. Ва бу ёрдамлари уларни яҳуд ва насоролардан иборат бўлган душманлари устидан ғалаба қозонишларига сабаб бўлишига олиб бориши керак. Шунинг учун мусулмон киши душманларга жиҳод қилишда қўлидан келган василани ишлатиши мумкин. Дарҳақиқат ҳадис шарифда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Мушрикларга молинглар, жонинглар ва тилларинглар билан жиҳод қилинглар» (1) деб марҳамат қилган эдилар. Демак мусулмонларга қўлларидан келган ёрдамларини мужоҳид биродарларига кўрсатишлари вожибдир. Ва ислом ҳамда мусулмонлар учун қувват бағишлайдиган барча имкониятларни ишлатмоқлари ҳам зарурдир. Шунингдек мусулмонларнинг устларида кофирлар билан кўлларидан келган имкониятга қараб жанг қилиш вазифаси турибди. Ва яна мусулмонлар устида дин душманларидан иборат бўлган кофирларни заифлаштирувчи барча василаларни ишлатиш услуби бор. Улардан ёзувчи, ҳисобчи, муҳандис ёки хизматкор қандай бўлмасин ва қайси турда бўлмасин олинмасин, ишлатилмасин. Чунки улар мусулмонларнинг молларини олиб чиқиб кетадилар. Бундай йўллар беркитилиш керак. Мана шундай қилиб ҳар бир мусулмон киши кофирларнинг маҳсулотларини улар билан қилаётган муомалаларни узиш йўли ила тарк қила олади. Улардан ҳеч нарса сотиб олмасин. Машина бўлсин ёки кийим кечак бўлсин, ҳар қанча фойдали ашё бўлсин ёки зарарли бўлсин сигарет каби. Ният кофирларни заифлаштириш тижоратларини касод қилишдир. Токи уларнинг иқтисоди синиб ва аччиғи сўниб хор бўлсинлар. Валлоҳу аълам.

(1)- бу ҳадис Имом Аҳмад (3) 124, 153, 151. Доримий (2431) Абу Довуд (2504) Насоий (3096) Ҳоким 2. 81. (2427) ривоят қилганлар. Заҳабий саҳиҳ деб мувофиқ бўлган.
الكتاب : فتاوى موقع الألوكة
المؤلف : مجموعة من العلماء
Юқоридаги мақолада ушбу фатвони Аҳмад Нажмий раҳимаҳуллоҳ хато деб топганлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтилган эди:
(09-23-2012, 05:21 PM)Муслим Wrote: Тўғри, шайх Ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳнинг Америка билан савдо-сотиқ қилишлик ҳаром экани борасида эски фатволари бор. Бироқ шайх Аҳмад Нажмий раҳимаҳуллоҳдан ушбу фатво ҳақида сўрашганида, у киши бу фатвони хато эканини, унга суяниб бўлмаслигини айтганлар. Чунки бойкот ҳақидаги фатвони фақатгина мусулмонлар давлати ёки унинг бошқарувчилари чиқаришлари мумкин. Алоҳида шахслар эса Аллоҳ ҳалол қилгаан нарсани ҳаром қилишга ҳақлари йўқ. Бу билан улар мусулмонларга қийинчилик туғдиришади. Ахир барчага маълумки, кофирлар билан молиявий алоқа қилишлик жоиз экани ҳақида Суннатда жуда кўп хабарлар келган. Бу кофирлар яҳудий бўладими, насронийми ёки мушрикми, фарқи йўқ (Қаранг: “ал-Фатва ал-жалия” 131-133. Шайх Аҳмад Нажмий фатволари 19/10/1421 ҳ.й. 2000 м.й).
Шундай бўлсада фойда учун шайх Аҳмад Нажмий раҳимаҳуллоҳнинг фатволарини тўлиқ ҳолатда эътиборингизга ҳавола этмоқчиман:

Америка ва Исроил маҳсулотларини бойкот қилишлик
Шайх Аҳмад Нажмий (роҳимаҳуллоҳ)
Америка ва Исроил маҳсулотларини бойкот қилишлик ҳақидаги шайх Абдуллоҳ ибн Жибрин (роҳимаҳуллоҳ)нинг фатволарига боғлиқ савол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Росулуллоҳга, у кишининг аҳли оилалари ва саҳобаларига саловат-у саломлар бўлсин. Сўнг:
Дарҳақиқат, менга Америка ва Исроил маҳсулотларини бойкот қилишлик ҳақидаги шайх Абдуллоҳ ибн Жибрин (роҳимаҳуллоҳ)нинг фатволари ҳақида савол йўллаган Сомита муҳофазасидаги қизлар мактабининг биридан савол тушди. Савол шундай:
Фазилатли шайх Аҳмад ибн Яҳё Ан-Нажмий ҳафизаҳуллоҳ, саламуллоҳи алайка ва роҳматуҳу ва барокатуҳ. Сўнг: сиз фазилатларидан ушбу фатвога назар ташлашингизни хоҳлардик. Яъни, шайх Абдуллоҳ ибн Жибриннинг Америка маҳсулотларини бойкот қилишлик вожиб экани ҳақидаги фатволари. Эй муҳтарам шайхимиз, мен ундан (ушбу фатводан) таажжубланганим шуки, Аллоҳга қасамки, мавжуд (маҳсулотларнинг) аксари Америка маҳсулотлари бўлса. Ахир, қандай қилайлик?! Аллоҳнинг Ўзи билади, бизнинг уларга (америкаликларга) ёрдам бериш ёки мусулмон биродарларимизга қарши кўмакчи бўлиш нийятимиз йўқ. Ушбу фатвони (ҳаётда) татбиқ қилишлик биз учун оғир ишдир. Ахир ислом (дин)имиз бизга улар билан ўз манфаатларимиз йўлида муомала қилиб, улардан бизга зарар берадиган нарсаларни тарк этишимизни мубоҳ қилиб бермаганми? Ва у Китобимизда ҳаром бўлмаганми? Шайхимиз ушбу фатво борасида тафсилот киритсангиз! Аллоҳга қасамки, ушбу фатво одамлар ўртасида жуда кенг тарқалди. Ва барчалари айни ушбу саволни йўллаяпти.
Жавоб: Аллоҳнинг тавфиқи ила айтаманки
Ҳар бир мусулмонга онгсизлик асосида келадиган ҳис-ҳаяжондан узоқ бўлган ҳолда ҳалол ва ҳаром қилишлик, олиш ва маън қилишликдан иборат ислом шариатида келганларига эргашишлиги вожиб бўлади. Дарҳақиқат, муҳтарам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизга шу нарса саҳиҳ келганки, у киши вафот этганларида совутлари яҳудий қўлида аҳли оилаларига нафақа ёки озуқа бўлсин дея олган арпа эвазига гаровда эди. Ушбу ҳадис саҳиҳайнда ворид бўлган.
У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳли билан улардан чиқадиган зироат ва меванинг ярми(ни олишлик шарти) билан муомала қилганликлари ҳам саҳиҳдир. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жиҳод қилиб, кийим ва бошқа нарсаларни ғанимат олганликлари ҳамда ушбуларни ювмай кийганликлари ворид бўлган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам яҳудий қўлида ҳақ эвазига ишлаб, унга беш ёки олти челак хурмо ташиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Урайқит Ад-Диялийни мушрик эканини билган ҳолда йўл кўрсатувчи қилиб ишга ёлладилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Бани Қайнуқоълик яҳудий заргар билан бўлган ҳодисада (заргар) изхир (ўсимлик) олиб келди. У киши (Али розияллоҳу анҳу) Фотима (розияллоҳу анҳо) валиймаларида ундан фойдаланиш учун сотиб олдилар. Ҳадис Бухорийда ворид бўлган.
Саҳиҳайнда ворид бўлишича Шомдан биз томонларга набатийлар келарди. Биз уларга буғдой ва арпада олдиндан қарз берардик. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Кимда-ким қарз берса маълум ўлчовда ёки маълум вазнда муайян муддатгача берсин”.
Муҳими шуки, авваламбор: кофирлар билан (савдо) муомалалари қилишликнинг жоизлигига далиллар жуда кўпдир. Хоҳ яҳудий ёки насроний ёҳуд мушриклар бўлсин. Улар билан (савдо) муомаласидан қайтарадиган бирор далил келмаган. Уруш қилаётганлари бундан мустаснодир.
Иккинчидан: бойкот қилиш ёки қилмаслик давлатнинг ҳақ-ҳуқуқларидандир. Ҳамда унинг (давлатнинг) масъулиятларидан бўлган бир масъулиятдир. Бирор кишига бу борада унинг (давлатнинг) устидан ҳукм чиқаришлиги жоиз эмасдир.
Учинчидан: давлатга ушбу ишга бел боғлаганда вожиб бўлгани шуки, ушбу бойкот қилишлик ёки қилмаслик ортидан келадиган фойда ва зарарларга назар ташлашлик учун ушбу масалани етарли суратда кўриб чиқмоқлигидир. Ана шунда аҳоли фойдасини ўз ичига олсин учун рожиҳ деб билган фойдага кўра амал қилади.
Тўртинчидан: Дарҳақиқат Абдуллоҳ ибн Жибрин Америка маҳсулотларини бойкот қилишлик вожиблиги ҳақида фатво берди. Ва бу давлатни устидан ҳукм чиқаришликдир. Унга ушбу ишни қилмаслиги вожиб эди.
Бешинчидан: Агар яҳудларнинг -Исроил давлатининг- маҳсулотларини бойкот қилишлик вожиб бўлади дейилса, бас, бу мақбулдир. Чунки у (бизга) уруш очган давлатдир. Дарҳақиқат, Саудия ва бошқа араб давлатлари мен билишим бўйича узоқ вақтлардан бери Исроил давлатига бойкот эълон қилган. Зоҳири улар ҳануз шу фикрдалар. Муҳими, Ибн Жибриннинг фатвоси икки жиҳатдан ислом шариатига хилофдир:
Биринчи жиҳати: ушбу фатво уруш очмаган кофир давлат билан (савдо) муомалаларини ҳаром қиляпти. Бу эса шаръий таълимотлардан чиқишлик ва Аллоҳ таоло бандаларига ҳалол қилганларини ҳаром қилиб беришликдир. Ҳамда бунинг зимнида Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром қилишлик билан мусулмонларга тазйиқ қилишлик мавжуддир.
Иккинчи жиҳати: ушбу иш давлат устидан ҳукм чиқариш ва унинг ҳаққини тортиб олишликдир. Мен ушбу фатвони инкор қилишимни эълон қиламан ва уни олмасликни тўғри деб биламан. Аллоҳ таолодан адашганларимизни тўғри йўлга бошлашини, қоқилганларимизни рушд-у ҳидоятга йўллашини, жоҳилларимизга таълим беришлигини ва бизни саломат йўлларга бошламоғини сўраб қоламан. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, аҳли оилалари ва саҳобаларига саловат-у саломлар йўлласин.
Ушбу фатвони Аҳмад ибн Яҳё Ан-Нажмий имло қилди. 19/10/1421 ҳижрий.
Муслим   10-15-2012, 11:08 AM
#3
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
Америка маҳсулотларини бойкот қилиш



Савол: Шу кунларда бир газетада Америка маҳсулотларига, уларни сотиб олмаслик ва сотмаслик билан бойкот эълон қилишга чақирувчи мақола нашр қилинди. Шу билан бирга шу кундаёқ бир газета мусулмон уламолари бойкотга чақираётганлари, бу иш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн экани, у маҳсулотларни сотиб олишлик ҳаром экани, ўша маҳсулотларни сотиб олаётган бу билан америкаликларга ва яҳудийларга мусулмонларга қарши курашда ёрдам бериши ҳақида (мақола) нашр қилинди. Ушбу масалани тушунтириб беришингизни илтимос қиламан.
Жавоб: Биринчидан, менга ўша газетани кўрсатишингизни сўрайман.
Иккинчидан, бу ёлғон. Чунки уламолар Америка маҳсулотларини сотиб олиш ёки сотишни таъқиқлангани ҳақида фатво чиқармадилар. Уларнинг маҳсулотлари кириб келмоқда ва мусулмонларнинг бозорларида сотилмоқда. Уларнинг маҳсулотларидан бирор нарсани сотиб олмаслигинг Америкага ҳеч қандай зарар етказмайди. Сен мусулмон ҳукмдорнинг буйруғидан ташқари уларни бойкот қилмайсан. Агар ҳукмдор бошқа давлатни бойкот қилиш учун шундай қарор чиқарган бўлса, унда бойкот вожиб бўлади. Бунинг ҳаром экани борасида оддий шахсларнинг бераётган фатволарига келсак, бу Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишликдир. Бу эса жоиз бўлмаган ишдир! (Тингланг: «Фатава ал-улама фил жиҳад»).

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Admin   11-04-2012, 11:32 AM
#4
Бойкот қачон вожиб бўлади

Савол: Американинг «Пицца Хат» ва «Макдоналдс» ширкатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини узишликка чақириқлар тарқалди. Ушбу чақириққа ижобат қилайликми? Душманлик қилаётган кофирлардан уларнинг юртларида (маҳсулотларини) сотиб олиш ва тижорат қилишлик жоизми? Ёки хавфсизлик кафолати бўлган бизнинг юртдаги кофирлар билангина бу иш жоизми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Қаерда бўлмасин, ҳаром бўлмаган нарсани сотиб олишлик жоиз. Агарда фақатгина мусулмонлар ҳукмдори Ислом ва мусулмонларнинг манфаати учун қайсидир мамлакат билан тижорат қилишни таъқиқлаб қўйса (тижорат қилишлик ҳаром бўлади). Савдо-сотиқдаги асос – унинг ҳалол эканидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара: 275). Ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олар эдилар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 21776 – 1.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Оли Шайх
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Ғудайён
Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон

[Image: lajnah_moqatah.jpg]
mutaallim   11-04-2012, 11:34 AM
#5
Дания маҳсулотларини бойкот қилиш ҳукми

Савол: Агар билсакки ҳукмдор бизни Дания маҳсулотларини бойкот қилишга буюрмаган бўлса ва бундан бизни қайтармаган бўлса, мени шахсан ўзим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаш учун ушбу бойкотдан улар зарар кўрадилар деб билганимга биноан уларни бойкот қилсам жоизми?
Жавоб: Ушбу масалада тафсилот бор. Авваламбор ҳукмдор бирор давлатни бойкот қилишга амр этса барчага ўша (давлат)ни бойкот қилишликлари вожиб бўлади. Чунки бу уларнинг фойдалари ва душманнинг зарари, ҳамда ҳукмдорга итоат қилишликдандир. Бироқ ҳукмдор бойкот қилишга буюрмаган бўлса, бас, инсон ихтиёрлидир. Хоҳласа ўзи бойкот қилаверади, хоҳласа бойкот қилмайди. У ушбу ишда ихтиёрлидир.

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ

Манба: "Илм олишлик асос ва меёрлари" марузаси 1427/Муҳаррам/11 (56:53).
http://www.alathary.net/vb2/showthread.php?9773
Муслим   11-04-2012, 12:02 PM
#6
Шайх Убайд ибн Абдуллоҳ Жобирий ҳафизаҳуллоҳ
Кофирларнинг маҳсулотларини бойкот қилиш



Савол: Ушбу киши кофирларнинг маҳсулотларини бойкот қилиш ҳақида сўраяпти.
Жавоб: Ушбу иш Ислом аҳлининг аввалги йўналишида мавжуд бўлмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий, насроний ва улардан бошқа кофирларга бойкот қилмаганлар. Шунингдек, тўрт халифа ва улардан кейинги Ислом халифалари ҳам бойкот қилишмаган. Бойкот аввал рофизалар томонидан рўй берди. Улар Язид ибн Муовия қазитган қудуқлардан (сув) ичишмасди. Аллоҳ таоло Муовиядан рози бўлсин. Шом томонидан келадиган пишлоқ ва мевалардан емасдилар. Ҳақиқий муомала қандай бўлишини билмайдиган кўплаб гуруҳбозлар ушбу манҳаж бўйлаб юрдилар.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
SALIHAN   01-15-2013, 03:01 PM
#7
Ассаламу алайкум! Биродарлар! Бойкот деб шариатда нимага айтилади? Дунёвий иқтисодда эса нимага айтилади? Шуни тушунтириб берсангизлар.

Аллоҳ таъоло айтади: "Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир." (Моида, 44)
Abu Solih   01-20-2013, 03:41 AM
#8
Алҳамдулиллаҳи ваҳдаҳ, Вассолату вассаламу ъала ман ла набийя баъдаҳ, ва баъд.

Бойкот (инглизча: бойcотт, арабча: муқотаъа) - сиёсий ва иқтисодий кураш формасидир. Норозилик сифатида маълум шахс, ташкилот, мамлакат билан муомалани тўлиқ, ёки қисман узишлик. ( http://en.wikipedia.org/wiki/Boycott )

Шариатда эса, шайх Жобирий айтганларидек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва тўрт халифа даврларида бу нарса бўлмаган. Шундай экан: Бойкот деб шариатда нимага айтилади, деган савол хато саволдир.

Тўғриси: Кофирлар ўйлаб топган бойкот, муқотаъанинг Ислом шариатидаги ҳукми нима? Бу саволга эса юқорида етарлича жавоб келтирилган.

Валлоҳу аълам. Васоллаллоҳу ъала набиййина Муҳаммад ва ъала аалиҳи ва соҳбиҳи васаллим.
abu Huzayfa   01-21-2013, 07:49 AM
#9

(11-04-2012, 11:34 AM)mutaallim Wrote:
Дания маҳсулотларини бойкот қилиш ҳукми

Савол: Агар билсакки ҳукмдор бизни Дания маҳсулотларини бойкот қилишга буюрмаган бўлса ва бундан бизни қайтармаган бўлса, мени шахсан ўзим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаш учун ушбу бойкотдан улар зарар кўрадилар деб билганимга биноан уларни бойкот қилсам жоизми?
Жавоб: Ушбу масалада тафсилот бор. Авваламбор ҳукмдор бирор давлатни бойкот қилишга амр этса барчага ўша (давлат)ни бойкот қилишликлари вожиб бўлади. Чунки бу уларнинг фойдалари ва душманнинг зарари, ҳамда ҳукмдорга итоат қилишликдандир. Бироқ ҳукмдор бойкот қилишга буюрмаган бўлса, бас, инсон ихтиёрлидир. Хоҳласа ўзи бойкот қилаверади, хоҳласа бойкот қилмайди. У ушбу ишда ихтиёрлидир.

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ

Манба: "Илм олишлик асос ва меёрлари" марузаси 1427/Муҳаррам/11 (56:53).
http://www.alathary.net/vb2/showthread.php?9773

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Admin   09-19-2013, 12:12 AM
#10
Дилмурод Абу Муҳаммад

Манҳажга оид турли мавзулар

Нима сабабдан бойкот ҳукмдорга хос амал?
[mp3]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/manhaj/manhaj-turli/nima_sababdan_boykot_hukmdorga_xos_amal.mp3[/mp3]
Юклаб олиш
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.