Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
«Тўғри йўлдан оғмаган» (ҳанифийя калимасининг) таърифи
Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
«Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати», яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, таниб олишинг вожибдир. Тўғри йўлдан оғмаган сўзи луғатда: мойил бўлмоқ, (талпинмоқ) маъноларини ифодалайди.
«Тўғри йўлдан оғмаган» калимасининг маъноси, ширкни қўйиб тавҳидга мойил бўлган, (талпинган) миллатдир. Иброҳим алайҳиссалом тўғри йўлдан оғмаган, мусулмон эдилар. Тўғри йўлдан оғмаган, яъни, ширкдан юз ўгириб, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари талпинган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди» (Наҳл: 120). Демак, тўғри йўлдан оғмаганлик Иброҳим алайҳиссалом сифатларидан бўлиб, у – ширкдан батамом юз ўгириб, тавҳид сари талпинган, бор имконияти билан тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари юз тутган, маъноларидадир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Ва яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон: 67).
Мана шулар Иброҳим алайҳиссаломнинг буюк сифатларидирки, у киши тўғри йўлдан оғмаган ва у кишининг миллатлари ҳам тўғри йўлдан оғмаган бир миллатдир. У бирор ширк асорати бўлмаган, Аллоҳ азза ва жаллага холис бир миллатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана бу қовли билан ушбу миллатга эргашмоқликни амр этди: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Шунингдек, биз ҳам Иброҳим алайҳиссалом миллатига эргашишга маъмурмиз. Аллоҳ таоло шундай деди: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, исломни ушлангиз)!... (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас Китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни, Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади» (Ҳаж: 78). Ва бу барча пайғамбарларнинг динидир.
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарларнинг энг афзали эканларига сабаб, тавҳидга даъват қилиш йўлида ўзгалар йўлиқмаган азоб-уқубатларга йўлиқиб, уларга сабр қилдилар. Пайғамбарларнинг отаси эканликларининг сабаби эса, у кишидан кейин келган пайғамбарларнинг бари ўз зурриётларидандир. Тўғри йўлдан оғмаган ушбу миллат бўлмиш тавҳидга даъват қилиб, ширкдан қайтариш – барча пайғамбарларнинг миллатидир. Бироқ Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу миллат рўбарўсида ўзига хос тутган ўринлари бўлгани боис, ушбу миллат у киши ва у кишидан кейин келганларга нисбат берилади. У кишидан кейинги пайғамбарларнинг бари Иброҳим алайҳиссалом миллатида, яъни, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш миллатидадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва биз эргашишликка маъмур бўлган ушбу миллат, аслида қайси миллат экан? Демак, бизга уни билишимиз вожиб бўлади. Чунки мусулмон киши бўйинсуниши ва унга путур етказмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло унга вожиб қилганларини билиб олиши лозим бўлади. Ҳали яхши билмай туриб киши ўзини (ушбу миллатга) нисбат бериши кифоя қилмайди. Исломни, динни бузувчи амаллар, дин ҳукмларини билмай туриб киши ўзини исломга нисбат беришлиги асло етарли эмас. Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмай туриб, унга ўзингизни нисбат беришингиз асло кифоя қилмайди. У ҳақда сўралганизда: билмайман, деб айтасизми?! Бу жоиз эмас. Демак, (ҳаётда) онгли равишда ушбу йўл бўйлаб юриб, ундаги бирор нарсага путур етказмаслигингиз учун ҳам, уни яхшилаб билиб олишингиз даркор.
Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир.
«Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир» - ана шу Иброҳим (алайҳиссалом) миллатидир. Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишингда икки иш жам бўлди: ибодат ва ихлос. Кимки Аллоҳга ибодат қилса-ю, динни Унинг учун холис қилмаса, ибодатининг сариқ чақалик қиймати йўқ. Кимки Аллоҳга ибодат қилиб, рўза тутиб, ҳажга бориб, намоз ўқиб, умра қилиб, садақа ва закотларни бериб, ҳамда кўплаб тоат-ибодатларни адо этса-ю, бироқ буларда Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмаган бўлса, ё риё сабабли ё бўлмаса сумъа-биров эшитсин учун ё Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш ва жонлиқ сўйиш каби амалига ширкдан бирор нарса аралашган бўлса, ушбу кимса ибодатида мухлис бўлмай, аксинча мушрик бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом миллатида бўлмайди.
Бугунги кунда ўзларини исломга нисбат берадиганларнинг кўпчилиги, Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, қабр ва қадамжоларга ибодат қилиб, жонлиқ сўйиш, назр аташ, барака ҳосил бўлармикин деган ниятда ўшаларнинг атрофида тавоф қилиш, ўликлардан ёрдам сўраш ва бундан бошқа ишлардан иборат катта ширкка қўл уришяпти. Ва яна: улар мусулмонлар, деб айтадилар. Ана ўшалар пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юриб ўтган Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмайдилар ёки билсалар-да билиб туриб зиддини қиладилар, Аллоҳ сақласин, бу қаттиқ-оғирроқдир.
Иброҳим (алайҳиссалом) миллати ширкнинг ҳар қандай кўринишини ҳам рад этади. Кимда-ким амалига ширкни аралаштирадиган бўлса, бас, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатида эмасдир. Гарчи ўзини ушбу миллатга нисбат бериб, мусулмонман, деб даъво қилса ҳам. Демак, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, унга амал қилишинг ва динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилиш, ҳамда ибодатинга на катта ва на кичик ширкни аралаштирмай ушбу миллатни лозим тутишинг вожиб бўлади.
Ана шу Иброҳим алайҳиссалом миллатики: ширкдан батамом юз ўгириб, тўлалигича тавҳид сари юзланган ҳанифийя-тўғри йўлдан оғмаган миллат бўлиб, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилишингдир.
Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди.
«Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб», яъни, юқоридаги: динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилиш, жумласига ишора қилиняпти. Яъни, Аллоҳ таоло жамийки халқларни, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло бутун башариятни, арабу ажамларини, оқ ва қора танлиларини, одам алайҳиссалом замонларидан бошлаб то дунёдаги охирги инсоннинг барини, хуллас барча-барчани ибодатни ихлос ила адо этишга амр этди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!» (Бақара: 21-22). Аллоҳнинг ўхшаши, тенгдоши йўқдир. Ушбу оят ширкнинг катта ва кичигидан қайтариқни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларидан тортиб барча инсониятни ана шунга амр этди.
«Уларни ана шунинг учун яратди», яъни, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилиш учун. Ана шунинг сабабидан яратилинишди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).
Ушбу жумлалар шайх раҳимаҳуллоҳнинг: шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, деган сўзларининг маъносидир. Ушбу: Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, қовлларида Аллоҳ таоло айтганидек икки ишни жам қилдилар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». Аллоҳ таолонинг ушбу: «Мен жин ва инсни яратдим» қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло барча нарсани яратган. Шу жумладан жин ва инсни ҳам. Уларга ақл бериб, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни амр этди. Уларни ибодатга бўлган буйруқ ила (ўзга махлуқотлар ичида) хослади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл ва зарар нимаю, фойда нима, ҳақ нимаю, ботил нима эканини ажратиб оладиган нарсани берди. Қолган нарсаларнинг барини уларнинг фойда ва манфаатлари учун яратди. Аллоҳ таоло шундай деди: «У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди» (Жосия: 13). Унинг сабабидан яратилинишган буюк ғояга ёрдам олсинлар-куч йиғсинлар дея барча нарса одам болалалри учун бўйинсундириб қўйилган. (Ушбу буюк ғоя) – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишдир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».
Жинлар биз кўзимиз билан кўра олмайдиган ғайб олами бўлиб, улар ҳам одам болалари каби ибодат қилишга маъмур ва ширк ҳамда маъсиятдан қайтарилгандир. Бироқ хилқатда одам болаларидан фарқлидирлар.
Буйруқ ва қайтариқлар жиҳатидан олиб қарасак, улар ҳам одам болалари сингари (маълум бир ишларга) буюрилиб, (яна маълум бир ишлардан) қайтарилгандир. Жинларни ўз кўзимиз билан кўрмасакда, бироқ улар мавжуддир.
Жинлар мавжуд бўлиб, ким уларни (бор эканлигини) инкор қилса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ, Расули ва мусулмонларнинг ижмоларини ёлғонга чиқарган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла жин ва инсни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини баён қилди, бошқа нарса учун эмас.
У Зот уларни Унга фойда ёки зарар келтирсинлар учун ёки улар сабабли хорликдан иззат сари чиқиш учун ёки оз бўлиб, энди кўпайиб қолиш учун яратгани йўқ. Чунки У барча оламлардан Беҳожатдир. Уларга ҳожатманд экани учун ёки улар унга ризқ топиб беришлари учун ҳам яратмади: «Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 57-58).
Аллоҳ таоло махлуқотларга муҳтож эмас. Балки жин ва инсни фақат бир нарса учун яратди. Яъни, Унгагина ибодат қилишлари учун. Аллоҳ таоло уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, балки улар ибодатга муҳтождир. Чунки улар Аллоҳга ибодат қиладиган бўлишса, У Зот уларни икром қилиб, жаннатга дохил қилади. Демак, қилган ибодатларидан бўлган фойда ўзлари учундир. Худди шундай қилган маъсиятларининг зарари ҳам ўзларига қайтади. Аллоҳ таолога эса итоат қилувчининг итоати ва маъсият қилувчининг маъсияти асло зарар беролмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, Мақталган Зотдир» (Иброҳим: 8). Аллоҳ таолога осийнинг маъсияти зарар бермайди ва бўйинсинувчи кишининг итоати фойда келтирмайди. Балки бу ишларнинг (фойда ёки зарарлари) ўзларига қайтади. Итоатнинг фойдасини ўзлари кўрадилар. Маъсият қилишса ҳам зарарини ўзлари кўрадилар.
«Менга Ибодат қилишлари учун», яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.
Яъни, ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учун. Ибодат ва тавҳиднинг маъноси бирдир. Тавҳид ибодат дея ва аксинча ибодат тавҳид дея изоҳланади. Иккисининг маъноси бир. Демак бу сўзлар тавҳидни Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтурувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш дея изоҳлаган кимсага раддиядир. Ушбу (кимса изоҳлаган) тавҳид, халқлар унинг сабабидан яратилган тавҳид эмас. Балки халқлар ибодат тавҳиди учун яратилди, яъни, улуҳият тавҳиди учун.
Энди ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса, у муваҳҳид ҳам ва жаннат аҳлидан ҳам эмас. Балки у дўзах эгаларидандир. Чунки у, унинг сабабидан яратилган тавҳид ва ибодатни адо этмади.