وعنه قال: سمعت رسول الله، صلى الله عليه وسلم، يقول: من حج، فلم يرفث، ولم يفسق، رجع كيوم ولدته أمه متفقٌ عليه.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда ким аёлига шаҳвоний муносабатда бўлмаган, фосиқлик қилмаган ҳолда ҳаж қилса, онасидан туғилган кундагидек (бегуноҳ) бўлиб қолади” - деганларини эшитдим” - дейдилар (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Яъни шу ҳолда ҳаж қилган шахс худди онасидан туғилган кундагидек гуноҳсиз қайтар экан, чунки ҳажда қилган амаллари унинг барча гуноҳларига каффорат бўлар экан (Ал-мунтақо шарҳул-Муватто, 3/15). Рафасни баъзи уламолар уят сўзлар дейишган. Кўпчилик уламолар рафасдан мақсад жимоъ қилиш дейишиб, бунга Аллоҳ таъолонинг:
“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди” (Бақара: 187) - деган оятини далил қилишган экан. Баъзилар эса:
“У хотинга қўшилишни очиқча зикр қилиш” - дейишган экан. Азҳарий (роҳимаҳуллоҳ) айтишларича:
“Рафас - эркак киши аёлдан хоҳлайдиган ҳамма нарсани жамловчи сўз” экан. Ибни Аббос (розияллоҳу анҳума) уни фақат аёлларга қилинган хитобга хос дер эдилар (Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий, 5/13).
Имом Муслим ривоят қилишларича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Амр ибнил-Ос (розияллоҳу анҳу)га:
“... ҳажнинг ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни йўқотишини билмадингми?!” - деган эканлар (Муслим ривояти, 1/112, ҳадис рақами: 192).
Имом Насоий Абдуллоҳ ибни Масъуддан ривоят қилишларича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Ҳаж ва умрани тез-тез қилиб туринглар, чунки бу иккаласи фақирлик ва гуноҳларни худди босқон темир, олтин ва кумуш кирларини кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳаж учун Жаннатдан бошқа савоб йўқ” – деган эканлар (Насоий ривояти, 5/122, ҳадис рақами: 2630).
Яна ҳадисда зикр қилинган фисқ сўзи гуноҳ қилиш, Аллоҳнинг бўйруғини тарк қилиш ва ҳақ йўлдан чиқиш деган маънода ишлатилади. Ҳадисда оятга таяниб, жидол, яъни жанжал-сурон сўзи зикр қилинмаган (Умдатул-Қорий шарҳу Саҳийҳил-Бухорий, 14/206-207). Чунки оятда қўйидагича келган:
“Ҳаж (мавсуми)
маълум ойлардир (яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни)
. Демак, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса)
, ҳаж давомида (жуфтига)
яқинлашмайди, гуноҳ ишлар ва жанжал-сурон қилмайди” (Бақара: 197).