Мабрур ҳаж - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Умумий бўлим (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=5) +--- Forum: Модераторлар учун (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=41) +--- Thread: Мабрур ҳаж (/showthread.php?tid=140) |
Мабрур ҳаж - Admin - 10-29-2009 Мабрур ҳаж ҳақидаги ҳадислар шарҳи وعنه قال: سئل النبي، صلى الله عليه وسلم، أي العمل أفضل ؟ قال: إيمانٌ بالله ورسوله قيل: ثم ماذا ؟ قال: الجهاد في سبيل الله قيل: ثم ماذا ؟ قال: حجٌ مبرورٌ متفقٌ عليه.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб дейдилар: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг афзал амал нима?” - деб сўралган эдилар: “Аллоҳга ва унинг элчисига иймон келтириш” - дедилар. “Кейинчи?” - дейилган эди: “Аллоҳ йўлида жанг қилиш” - дедилар. “Ундан кейинчи?” - деб сўралган эдилар: “Мабрур ҳаж” - деб жавоб бердилар” (Муттафақун алайҳ).المبرور هو الذي لا يرتكب صاحبه فيه معصيةً. Шарҳ: Ибни Ражаб (роҳимаҳуллоҳ): “Амалларнинг энг афзали Аллоҳ таъоло бандаларига фарз қилган амаллар эканида шак-шубҳа йўқ. Бандаларга вожиб бўлган фарзларнинг энг афзали дил билан тасдиқ ва тил билан нутқ қилган ҳолда Аллоҳ ва Унинг элчисига иймон келтиришдир. Бу эса калимайи шаҳодатни айтиш бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу билан пайғамбар қилиб жўнатилганлар ва шу учун жанг қилишга буюрилганлар” - деган эканлар (Фатҳул-Борий, Ибни Ражаб, 4/18). Ушбу ҳадисда зикр қилинган афзал амаллардан иккинчиси Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш экан. Бу ҳақида ҳам кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган. Зиммасидаги фарз ҳажни адо қилмаган киши учун эса ҳаж қилиш афзал бўлади, чунки у ислом рукнларидан бири бўлиб шу кишига нисбатан фарзи айн ҳисобланади. Мабрур ҳаж деб унда риёкорлик, шаҳватга оид амаллар ва гуноҳ ишлар қилинмаган ва ҳалол мол сарфланган ҳажни айтилади. Ибни Умар (розияллоҳу анҳу): “Мабрур ҳаж одамларга овқат едириш ва яхши ҳамсуҳбат бўлиш” - деган эканлар. Савр ибни Язид (роҳимаҳуллоҳ) шундай деган эканлар: “Кимда ким ушбу уй (яъни Каъба)ни қасд қилиб келсаю, лекин унда учта хислат; яъни: ғазабини босадиган ақли, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилиши ва ҳамроҳига яхши ҳамсуҳбати бўлмаса, унинг ҳажи саломат бўлмайди”. Бир киши Ҳасан (роҳимаҳуллоҳ)дан: “Эй Абу Саъийд, мабрур ҳаж нима?” - деб сўраганда: “Дунёдан воз кечган ва охиратга қизиққан ҳолда қайтишлик” - деб жавоб берган эканлар (Ал-истизкор, Ибни Абдил-Барр, 4/104-105). Ибни Холавайҳ (роҳимаҳуллоҳ): “Мабрур ҳаж деб қабул қилинган ҳажни айтилади” - деган бўлсалар, бошқалар: “У гуноҳ аралашмаган ҳаж” - дейишган экан. Мана шу фикрни Нававий (роҳимаҳуллоҳ) қўллаб-қувватлаган эканлар. Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) эса: “Мабрур ҳажнинг маъносида зикр қилинган сўзлар ҳаммаси бир-бирига яқин маънода бўлиб, бу маъно – аҳкомлари бенуқсон қилиниб, мукаллафдан талаб қилинганидек тўла-тўкис адо қилинган ҳаждир” - деган эканлар (Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар, 4/329). Мабрур ҳаж - Admin - 10-29-2009 وعنه قال: سمعت رسول الله، صلى الله عليه وسلم، يقول: من حج، فلم يرفث، ولم يفسق، رجع كيوم ولدته أمه متفقٌ عليه.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда ким аёлига шаҳвоний муносабатда бўлмаган, фосиқлик қилмаган ҳолда ҳаж қилса, онасидан туғилган кундагидек (бегуноҳ) бўлиб қолади” - деганларини эшитдим” - дейдилар (Муттафақун алайҳ). Шарҳ: Яъни шу ҳолда ҳаж қилган шахс худди онасидан туғилган кундагидек гуноҳсиз қайтар экан, чунки ҳажда қилган амаллари унинг барча гуноҳларига каффорат бўлар экан (Ал-мунтақо шарҳул-Муватто, 3/15). Рафасни баъзи уламолар уят сўзлар дейишган. Кўпчилик уламолар рафасдан мақсад жимоъ қилиш дейишиб, бунга Аллоҳ таъолонинг: “Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди” (Бақара: 187) - деган оятини далил қилишган экан. Баъзилар эса: “У хотинга қўшилишни очиқча зикр қилиш” - дейишган экан. Азҳарий (роҳимаҳуллоҳ) айтишларича: “Рафас - эркак киши аёлдан хоҳлайдиган ҳамма нарсани жамловчи сўз” экан. Ибни Аббос (розияллоҳу анҳума) уни фақат аёлларга қилинган хитобга хос дер эдилар (Саҳиҳ Муслим шарҳи, Нававий, 5/13). Имом Муслим ривоят қилишларича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Амр ибнил-Ос (розияллоҳу анҳу)га: “... ҳажнинг ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни йўқотишини билмадингми?!” - деган эканлар (Муслим ривояти, 1/112, ҳадис рақами: 192). Имом Насоий Абдуллоҳ ибни Масъуддан ривоят қилишларича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаж ва умрани тез-тез қилиб туринглар, чунки бу иккаласи фақирлик ва гуноҳларни худди босқон темир, олтин ва кумуш кирларини кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳаж учун Жаннатдан бошқа савоб йўқ” – деган эканлар (Насоий ривояти, 5/122, ҳадис рақами: 2630). Яна ҳадисда зикр қилинган фисқ сўзи гуноҳ қилиш, Аллоҳнинг бўйруғини тарк қилиш ва ҳақ йўлдан чиқиш деган маънода ишлатилади. Ҳадисда оятга таяниб, жидол, яъни жанжал-сурон сўзи зикр қилинмаган (Умдатул-Қорий шарҳу Саҳийҳил-Бухорий, 14/206-207). Чунки оятда қўйидагича келган: “Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир (яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Демак, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар ва жанжал-сурон қилмайди” (Бақара: 197). Мабрур ҳаж - Admin - 10-29-2009 وعنه أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: العمرة إلى العمرة كفارةٌ لما بينهما، والحج المبرور ليس له جزاءٌ إلا الجنة متفقٌ عليه.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умра иккинчи умрагача шу иккаласи орасидаги гуноҳларга каффорат бўлади. Мабрур ҳажнинг эса Жаннатдан ўзга мукофоти йўқ” - деган эканлар (Муттафақун алайҳ). Шарҳ: Умра араб тилида зиёрат қилиш маъносида ишлатилади. Айтилишича, у имаротул Масжидил-ҳаром (яъни Масжидил-ҳаромни обод қилиш) сўзидан олинган экан (Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар, 5/469). Умранинг ҳукми тўғрисида уламолар икки хил фикр билдирганлар: Имом Шофеъий ва имом Аҳмадлар умра қилиш вожиб дейишган. Имом Абу Ҳанифа ва имом Моликлар эса умра қилиш суннат деб айтишган. Уламолар ҳаж амалларини қилишга киришмаган киши учун йилнинг барча кунларида умра қилиши жоиз эканига иттифоқ қилишган, лекин ҳанафий уламолар умрани Арафа, Қурбонлик ва Ташриқ кунларида қилиш макруҳ дейишган экан (Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар, 5/471). Мабрур ҳаж - Admin - 10-29-2009 وعن عائشة، رضي الله عنها، قالت: قلت يا رسول الله، نرى الجهاد أفضل العمل، أفلا نجاهد ؟ فقال: لَكُنَّ أفضل الجهاد حجٌ مبرورٌ. رواه البخاري.
Ойша (розияллоҳу анҳа) ривоят қилиб: “Эй Расулуллоҳ. Жиҳод энг афзал амал - деб биламиз, жиҳод қилмайликми?” - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар учун жиҳоднинг энг афзали мабрур ҳаждир” - дедилар (Муттафақун алайҳ). Шарҳ: Қуръон ва суннатда жиҳоднинг фазилати ҳақида кўп оят ва ҳадислар келганлиги учун Ойша (розияллоҳу анҳа): “Жиҳод энг афзал амал - деб биламиз”, - деган эканлар. Ҳажда киши ўз ҳавойи нафси билан курашганлиги учун уни жиҳод деб номладилар. Бу ҳадисда аёллар учун жиҳоднинг энг афзали мабрур ҳаж қилиш эканлиги баён қилинган (Фатҳул-Борий, Ибни Ҳажар, 5/156). |