Бу Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фикри
Quote:Ассалому Алайкум Шайх Хазратлари!
Мен яқинда намоз ўқишни бошладим, шу сабабли ибодатда бир саволим бор эди. Яқинда мен Имом Бухорийнинг Саҳиҳ ҳадисларини ўқиб бир нарсага эътиборим тушди. У ерда Пайғамбаримиз с.а.в нинг қандай намоз ўқиганлари ва намозга оид кўпгина бандларда аёл намозхон ёки эркак намозхон, деб эмас балки "намозхон " дейилгани ўйлантириб қўйди. Яна Пайғамбаримизнинг мен каби намоз ўқинглар деган жумлаларига ҳам кўзим тушди. Шу сабабли сиздан сурашни энг афзали деб билдим. Биламизки хозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар бор.Пайгамбаримиз с.а.в нинг бу сўзлари фақат эркаклар учун эдими ёки замонлар ўтиши билан аёлларникини фарқлай бошладиларми?
Илтимос шу масалада менга ёрдам берсангиз ва бу мен учун жуда мухим савол эди.
- Ушбу саволни берганингиз учун ташаккур. Мен сизнинг кимлигингизни билмайман. Бу саволда айтганларингизни текшириш имконим ҳам йўқ. Аммо сиз ўзи бемазҳаб ва мазҳабни тутганларга турли йўллар билан таъналар қиладиган, четдаги бемазҳабларга мардикор бўлиб, мусулмонлар орасида ихтилоф чиқарадиганларнинг яқиндагина қўзғаган навбатдаги фитнасига мувофиқ саволни йўллагансиз. Мазкур шахслар одатда ўзлари юзага чиқмайдилар. Яшириниб олиб, баъзи одамларини савол беришга, одамлар билан масала талашишга ундаб турадилар. Ўшаларнинг гапини ва ихтилофга сабаб бўладиган сафсаталарини ташиб туришга етарли одамлари ҳам бор. Сиз ўшаларданмисиз ёки йўқлигини билмаймиз.
Яқинда баъзи аёллар қўлида бир – икки варақ қоғоз билан муслима аёлларга учраб ўша қоғозда ёзилган, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқишлари кераклиги ҳақида ташвиқот олиб боришди. Бу гап эркаклар орасида ҳам тарқади. Баъзи эркаклар аёллари мазкур гапни топганини масжид имомларига ва илмли одамларга ташвиш билан айта бошладилар. Уларга керакли тушинтиришлар йўлга қўйилди. Баъзи масжидларнинг имом домлалари бу масалани ўз маърузаларидан ҳам муолажа қилдилар. Ҳар қалай бемазҳабларнинг навбатдаги хуружи бир нави босилди.
Кунлардан бирида хонадонимизга яна шу масала аёллар номидан савол бўлиб кириб келди. Савол Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобининг русча таржимаси билан бирга келган эди. Бошқача қилиб айтганда, савол эгаси мазкур китобни қўлга олиб, уни ўқиган аёллар номидан савол сўрагани келган эди. Саволнинг маъноси эса, худди сизнинг саволингизга жуда ҳам ўхшар эди. Унда ҳам Имом Бухорийнинг саҳиҳлари, Набий алайҳиссаломнинг намозлари, мен каби намоз ўқинглар, деганлари, аёл намозхон ёки эркак намозхон дейилмагани ва бошқалар бор эди.
Мен “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобнинг муаллифи ҳозирги бемазҳабларнинг бири экани, доимо шу каби ихтилофлар чиқаргани билан машҳурлигини айтдим. Шунингдек, Совет иттифоқи қулаб шарқшунослар ишсиз қолгани, бундан фойдаланган бемазҳаблар мазкур шарқшуносларга пул бериб ўз китобларини кўплаб рус тилига таржима қилдирганлари ва ўша китоблар ҳамма тарафда тарқагани ҳамда МДҲ давлатларидаги мусулмонларнинг орасида ихтилофлар чиқараётганлари ҳақида тўхталиб ўтдим. Ҳозир мазкур ҳудудлардаги муфтийлар, имомлар, уламолар ва оддий мусулмонлар ҳамда бунга алоқаси бор кишиларнинг илтимосига биноан ўз китобларимизни рус тилига таржима қилишни бошлаганимиз, бу борада тез кунларда, Аллоҳ ҳохласа, бу каби саволларга жавоблар ҳам бўлишини айтдим. Сўнгра, мазкур китобда қўзғатилган масаланинг ечимини айтиб ҳам бердим. Китоб кўтариб савол билан келган воситачи ташаккур айтиб қайтди.
Ўша аснода Маккаи Мукаррамадан, “Робитатул Оламил Исломий” халқаро ташкилотдан келган таклифга жавобан “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда иштирок этиш учун муқаддас тупроқларга бориш бахтига муяссар бўлдим. Ҳамшаҳарлар ташкил қилган йиғинда катта уламоларизнинг бирлари билан гаплашиб ўтирган эдим. У киши ҳажга борган ватандошларимизда бирини кўрсатиб, анаву ҳамшаҳар бемазҳаблардан экан. Менга Албонийнинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобини ўқиганини айтиб ҳар-хил гапларни айтди. Мен унга “бунга ўхшаш гапларни айтманг. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари кўп. Улардан баъзиларини олиб, гап шу, бундан бошқаси бўлиши мумкин эмас қабилида иш тутиш катта хато бўлади. Бир суриялик олим “Ҳанафий мазҳаби бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” номли китоб қилган. У ҳам ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирган”, дедим” – дедилар.
Иттифақо, “Фатво ва унинг тартиблари” номли илмий анжуманда “шозз” фатволар мавзуъси ҳам бор эди. Ушбу мавзуъда сўзлаган уламолар “Шозз” дегани мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гап эканини таъкидладилар. “Шозз” фатволар мавзуъсида сўзлаган уламолар ичида давримизнинг кўзга кўринган алломаси Шайх Юсуф Қарзовий ҳазратлари ҳам бор эди. У киши замонамиздаги “шозз” фатвога Албонийнинг фатволари мисол эканини таъкидлаб айтди. Ҳамда унинг савдо молларидан закот берилмаслиги, тилло суви юритилган идишларни ишлатиш ҳаромлиги тўғрисидаги фатволарини намуна тарзи қаттиқ танқид қилди. Айтмоқчиманки, сиз кўтарган саволни юзага чиқарган одам ўзининг мусулмон умматининг барча уламоларининг гапига тескари гаплари билан танилган одамдир.
Кейинроқ, худди шу масалага ўхшаш бемазҳабларнинг эрмаги ва мусулмонлар ичида ихтилоф чирқариш учун вақти вақтида кўтариб турадиган масалаларидан яна бир-иккитаси кўтарилди. Яна бир-икки вараққа битилган матнларни кўтарган бемазҳабларнинг гумашталари у ёқ – бу ёққа йўрғалашди. Яна бундан хабардор одамлар ичида ножамлик юзага келди. Яна уламолар, имомлар ва толиби илмлар билан муҳокама, муноқашалар бўлиб ўтди. Яна одамларимизга бу масалани ҳам тўғрисини баён қилиб беришга келишилди.
Мен бунга ўхшаб бемазҳаблар кўтарадиган шубҳаларга бир-бир жавоб беришнинг ўрнига, аслида уларнинг диний матнлардан ҳукм чиқариш услублари нотўғри экани тўғрисида бир китоб кераклигини айтдим. Бу ишни имкон бўлганда амалга оширишга қарор ҳам қилдим. Бир кун ўтиб ўғлим Исмоилжон:
“Ҳазрат, кечаги масала оддий эмасга ўхшаб қолди”, деди.
“Нима учун?” дедим.
“Кеча Америкадан телефон қилишиб, у ерда ҳам худди ўша масалада уларнинг бошини гаранг қилиш бошланганини айтишди. У ерда ҳам, варақдаги гаплар. У ерда ҳам бизда нима бўлса, ўшандай. Қолаверса, бу биринчиси эмас. Авваллари ҳам шундай бўлган”, деди.
Хаёлимга бошқа тарафларда, қўшни давлатлардан, Россиядан ва бошқа ерлардан турли воситалар билан йўлланган саволлар ва ташвишлар ўтди.
Аввал эслаб ўтилган асарни битиш нияти яна ҳам жиддийлашди. Аллоҳ таоло имкон берса, у иш ҳам амалга ошиб қолар. Мана, энди сиздан ушбу савол келиб турибди. Хамир учидан патир дегандек, сизнинг саволингиз орқали сизга ҳам, бошқаларга ҳам Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимда билганимча жавоб беришни лозим топдим.
- Аввало, яқинда намоз ўқишни ўрганган одам сиз берган саволни бера олмаслигини айтиб ўтмоқчиман. Чунки, ундай одам намозни яхшилаб ўқиш ташвиши билан банд бўлади. Ўн тўрт асрдан бери мусулмонлар сўрамай келган саволни ўз-ўзидан хаёлига келтира олмайди.
- Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” номли китобларининг таржимасини ўқиган бўлсангиз керак. Ўша китобнинг ўзини ўқиса ҳам, таржимасини ўқиса ҳам шариат ҳақида фақат мазкур китоб асосида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанлар ҳам мазкур ишни қила олмайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг даврида, асл араблар ва олимларнинг юртида у кишидан “қанча ҳадисни ёддан билган одам фатво айтиши мумкин” деган саволга у киши “Тўрт юз минг ҳадисни” деб жавоб берганлар.
- Шариат ҳукмлари қуйидаги манбаълардан олинади:
1. Қуръон.
2. Суннат.
3. Ижмоъ.
4. Қиёс.
5. Амали саҳобий.
6. Масолиҳул мурсала.
7. Истиҳсон.
8. Шарҳу ман қаблана.
9. Урф.
10. Истисҳоб.
Бу манбаъларнинг номини тўлиқ биладиганлар ҳам оз бўлса керак. Аммо сизга ўхшаб даъво қиладиганлар ҳар қадамда учраб турадилар.
- Сизни “аёл намозхон ёки эркак намозхон деб эмас балки "намозхон " дейилгани ўйлантириб қўйибди. Нима учун? Ҳар бир нарсани эркакка ёки аёлга деб аташ керакми? Ҳамма халқларда, ерларда, динларда, қонунларда, одатларда сиз айтган ажратиш йўқ. Ҳамма нарса одамларга бир хил айтилади. Агар аёлларга хос нарса бўлса, алоҳида айтилади. Агар сиз айтган гапга ўтиладиган бўлса, “аёл ҳожи, эркак ҳожи, аёл рўзадор, эркак рўзадор, аёл закот берувчи, эркак закот берувчи” деб чиқиш керак бўлади. Бу эса, табиати бузилмаган одам кўтара олмайдиган ҳолатдир.
- Яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “мен каби намоз ўқинглар деган жумлаларига ҳам кўзингиз тушибди. Бу билан аёллар ҳам У зотга ўхшаб намоз ўқишлари керак. мазҳабни ушлаганлар айтаётганидек, бироз қимтиниб ўқимасликлари керак, демоқчисиз. Агар сиз демоқчи бўлмаган бўлсангиз Албоний “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобида айтган. Ундай бўладиган бўлса, ҳаж, рўза, закот ва бошқа ибодатларда ҳам шундай бўлиши керак бўлади. Ҳажда аёллар ҳам эркакларга ўхшаб бош яланг бўлиб, кийимларини ечиб ташлаб эҳром боғлаб юришлари керак бўлади.
- Албоний ўша китобида имом Бухорий аёлларнинг эркакларга ўхшаб намоз ўқиши ҳақида Умму Дардодан ривоят келтирганини айтган. Аммо шу ерда жуда ҳам усталик қилган. Мазкур гапни шарҳ қилмаган. Одамлар бу гап машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан экан деб ўйлаши учун шундай қилган. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг гапни қувватлаш учун Умму Дардо розияллоҳу анҳо ва имом Бухорийнинг номларини сотишдан устамонлик билан фойдаланган.
Аммо мазҳабни ушлаган уламолар бу ерда бор ҳақиқатни айтадилар. Мазкур ривоят кичик Умму Дардодан бўлиб, унинг исми Ҳажийма бинти Ҳуяй Авсобия бўлиб саҳобия эмасдир. Саҳобий бўлмаган шахснинг гапи ва амали ҳужжат бўла олмаслиги шарҳий илмлардан озгина хабари бор одамга ҳам маълум ҳақиқатдир. Муҳаддислар имом Бухорийнинг бу каби ривоятларини “таълийқ” дейдилар ҳадис эмас. “Таълийқ” ҳам ҳужжат бўла олмайди.
- Ҳозирда аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар борлиги замонлар ўтиши билан ҳосил бўлган ҳолат эмас. Бу аввалдан бўлган нарса. Барча мазҳабларнинг китобларида собит ҳақиқатлардан бири. Ҳеч бир мазҳабда бунинг тескариси, яъни, аёллар ҳам эркакларга ўхшаб намоз ўқиши керак, дейилмаган. Шунингдек, бу гапни ҳеч бир ҳадисда, ҳатто ўта заиф ҳадислардан бирортасида ҳам айтилмаган.
- Шариатнинг тўртинчи манбаъси бўлмиш қиёсга биноан аёллар қимтиниб, фиқҳ китобларида айтилганидек намоз ўқишлари собитдир. Чунки, муслималар доимо эркакларга ўхшамай аёлликларини эътибори бўлиб туриши динимизнинг барча кўрсатмаларида қайта-қайта такрорланган. Озгина фаҳми бор кишилар учун шунинг ўзи етарли. Бошқа гапни қўзишга ўрин қолмайди.
- Аммо, шу билан бирга бир неча ҳадисларда бу масла баён ҳам қилинган.
1. Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллаҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: “Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга текказинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас”, - дедилар”.
Абу Довуд ривоят қилган.
2. Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилинади:
“У кишидан Набий соллаллаҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар қандай намоз ўқишлари ҳақида сўралди. “Оёқларини чалиштириб ўтирар эдилар. Кейин текисланиб-қимтиниб ўтиришга амр қилиндилар”, деди.
Абу Ҳанийфа ривоят қилган. (Жомеъул Масонийд, 1-жуз).
3. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини йиғиштирсин”, деди”.
Имом Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган.
4. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳ таоло унга назар солиб туради ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим”, дейди”, - дедилар”.
Ибн Адий “Комил”да ва Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган.
Албатта, ўзини билган ҳар бир киши учун ушбу ривоятларнинг бир-бирини қувватлаб келиши Албонийнинг даъвосидан кўра маъқулдир. Яна қайтариб айтамиз, умматнинг минг тўрт юз йилдан бери амал қилиб келаётганини ва қиёсни ҳисобга олмаганимизда ҳам.
Шу ўринда барчангизни ихтилофлардан йироқда бўлишга чақирамиз. Билмаган нарсаларни сўраб ўрганишга ўтиш керак. Чет элдан келган факс ёки эмайлни кўтариб олиб, ҳозиргача қилинаётган фалон нарса нотўғри экан деб югуришнинг ҳожати йўқ.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Бу каби фиқҳий масалани шов-шувга айдантиришни нима кераги бор?!
Мазҳабпарастларнинг ҳолати инсонни ажаблантиради. Масалан оғизларини кўпиртириб таровиҳни 20 ракат дейдиларку, таровиҳни 11 ракат ўқиган афзал деганларни рад қилиш учун, тунги намознинг адади чегараланмайди деган олимларнинг далилларини келтиришади. Кейин одамларни тунги намозларда 11 ракат билан чегараланиб қолмасликка ишонтирганларидан кейин, дарҳол ўзларининг 20 ракат деган сонларига тортадилар.
Бу ерда ҳам ҳудди шу ҳолат. Аёлларни шайх Албоний китобини ўқиганларига бунча кўп эътирознинг нима кераги бор?! Балки уларнинг қалбига қандайдир ҳазратларнинг сўзларидан шу яқинроқдир. У ҳазратлар далил сифатида ҳеч қачон ҳадис келтирмайдилар. Агар келтириб қолса ҳам, одатда заиф ҳадис келтирадилар. Ўзининг фикрини маъқуллаш учун, дарҳол шайх Албонийни қоралашни нима кераги бор?! Ахир шундай бўлмаябтими?!
Quote:Мен “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобнинг муаллифи ҳозирги бемазҳабларнинг бири экани, доимо шу каби ихтилофлар чиқаргани билан машҳурлигини айтдим.
Бу киши камида ҳунук сўз айтди. Шайх Албонийда бирор масала йўқки, унда шайх бирор бир салафлардан ўзиб кетган бўлса.
Бу киши ўзининг замонаси буюк имомларидан бири бўлган Ибн Мунзир ҳақида нима деркин? Ахир бу инсонни ҳам муайян бир мазҳаби бўлмаганку. У қайси масала бўлмасин, фақат салафларнинг фикрига таянган. Имом Заҳабий Ибн Мунзир ҳақида айтади:
«Атоқли олим ва фақиҳ, Макканинг шайхи, илгари ҳеч ким ёзмаган китоблар муаллифи» (Қаранг: «Тазкиратул-ҳуффаз» 2/782).
Бизга бу, ўша мазҳаб мутаассиблари Қуръон ва Суннат ҳар бир мусулмонни маълум бир мазҳабга эргашишни вожиб қилганига далил келтиришсин. Ажабланарли жиҳати шуки, одатда бу мазҳабпарастлар қолган мазҳабларни ҳақ деб билишмайди. Айтайлик, ҳамқишлоқларидан бири ҳанафий мазҳабига эмас, балки шофиий мазҳабига эргашса, улар бу ҳолатга ҳотиржам қалб билан қарай олмайдилар. Ҳудди боя айтганимдек, улар аввал мазҳабга эргашиш кераклиги ҳақида бўкирадилар. Кейин одам охири: «Ҳа майли, мазҳаб бўлса мазҳабда, мен моликий ёки шофиий мазҳабини танладим» деса, улар эътироз билдириб, ҳанафий мазҳабига эргашиш кераклигини айтадилар.
Имом Ийз ибн Абдуссалом дедилар:
«Дарҳақиқат, Аллоҳ барча ҳақиқатни бир инсондагина жамламади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ ишларда одамлар билан маслаҳатлашишни машруъ қилди. Ахир ҳақиқат бир халққа маълум бўлиши, бошқасига эса маълум бўлмаслиги мумкинку. Кунларнинг бирида Шофиийдан сўрашди: «Барча илм қаерда?» У жавоб берди: «Бутун оламда!» Яъни Аллоҳ илмни Ўзининг бандалари орасида тақсимлади ва уни фақатгина бир инсонда жамламади» (Қаранг: «Аҳкомул жиҳод» 95).
Мен мазҳабга эргашиш мумкин эмас демоқчи эмасман. Мен айтмоқчиманки, мендан аввал шайхулислом, Ибн ал-Қоййим ва бошқа кўпгина имомлар айтганидек, маълум бир мазҳабга эргашиш вожиб эмас!
Quote:- Яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “мен каби намоз ўқинглар деган жумлаларига ҳам кўзингиз тушибди. Бу билан аёллар ҳам У зотга ўхшаб намоз ўқишлари керак. мазҳабни ушлаганлар айтаётганидек, бироз қимтиниб ўқимасликлари керак, демоқчисиз. Агар сиз демоқчи бўлмаган бўлсангиз Албоний “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари сифати” деган китобида айтган. Ундай бўладиган бўлса, ҳаж, рўза, закот ва бошқа ибодатларда ҳам шундай бўлиши керак бўлади. Ҳажда аёллар ҳам эркакларга ўхшаб бош яланг бўлиб, кийимларини ечиб ташлаб эҳром боғлаб юришлари керак бўлади.
Бу ғулувга тушиб қолган жоҳил одамнинг сўзидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Мени қандай намоз ўқиётганимни кўрганингиз каби, сизлар ҳам шундай намоз ўқинглар!» (Бухорий 631, 6008) ҳадиси умумийдир ва барча намозларга таалуқли, хоҳ у фарз ёки нафл намоз бўлсин. Бу амр у зотнинг барча умматларига тегишли. У эркак ёки аёлми, қария ёки ёш бола бўладими, намознинг адо этиш шакли ва ҳаказоларга тегишли бўлади.
Шунинг учун ҳам, бирор ким уни фарқласа, суннатдан далил келтириши керак бўлади, мазҳаб имомларидан эмас.
Ҳаж ҳақидаги мисол эса жуда ўринсиз. Чунки аёл кишининг бошяланг бўлиши мумкин эмас. Чунки Қуръон ва Суннатнинг бошқа матнлари аёл кишининг бошяланг юриши ҳаром эканига далолат қилади.
Минг афсуслпр бўлсинки, улар мана шу нарсани тушуниб етишмайябди. Муҳим бир қоидани ўзлаштириб олиш лозим: Аллоҳ таолонинг динида Аллоҳ ёки Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар қандай мурожаати истисно қилинмаган ҳолда барчага таалуқлидир. Агар хослаштирадиган далил бўлса бундан мустасно. Бир кимсага бўлган мурожаат, бутун умматга бўлган мурожаатни ўз ичига олади. Эркакларга бўлган мурожаат, аёлларга бўлган мурожаатни ўз ичига олади. Бу аҳли-сунна уламолари орасида ихтилоф бўлмаган нарсадир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас» (Нисо: 124).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот: «Ғусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот: «Унга ғусл вожиб эмас», дедилар. Шунда Умму Сулайм сўради: «Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» У зот: «Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар» (Абу Довуд 236, Термизий 113. Имом Ибн ал-Қатан ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ дейишди).
Ушбу ҳадис шарҳида имом Хаттобий айтадилар:
«Ушбу ҳадисдан тушуниладики, агар мурожаат эркак жинсига бўлса, унга аёллар ҳам киради. Аниқ хословчи далиллар келган маълум ҳолатлар бундан мустасно» (Қаранг: «Маъалиму Сунан» 1/161).
Имом Абу Довуд ҳадис тўпламининг машҳур шарҳи муаллифи, шайх Шамсулҳақ Азим Адабий ҳам худди шунга ўхшаш сўзларни айтганлар (Қаранг: «Авнул Маъбуд» 1/295).
Quote:- Албоний ўша китобида имом Бухорий аёлларнинг эркакларга ўхшаб намоз ўқиши ҳақида Умму Дардодан ривоят келтирганини айтган. Аммо шу ерда жуда ҳам усталик қилган. Мазкур гапни шарҳ қилмаган. Одамлар бу гап машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан экан деб ўйлаши учун шундай қилган. Бошқача қилиб айтганда, ўзининг гапни қувватлаш учун Умму Дардо розияллоҳу анҳо ва имом Бухорийнинг номларини сотишдан устамонлик билан фойдаланган.
Аммо мазҳабни ушлаган уламолар бу ерда бор ҳақиқатни айтадилар. Мазкур ривоят кичик Умму Дардодан бўлиб, унинг исми Ҳажийма бинти Ҳуяй Авсобия бўлиб саҳобия эмасдир. Саҳобий бўлмаган шахснинг гапи ва амали ҳужжат бўла олмаслиги шарҳий илмлардан озгина хабари бор одамга ҳам маълум ҳақиқатдир. Муҳаддислар имом Бухорийнинг бу каби ривоятларини “таълийқ” дейдилар ҳадис эмас. “Таълийқ” ҳам ҳужжат бўла олмайди.
Усталикни аслида ўша одамлар қилган!
Биринчидан, шайх Албонийнинг «усталигига» тўхталсак.
Имом Бухорий «Ташаҳҳудда ўтириш суннат» бобида айтади:
«Умму Дардо намозда эркаклар ўтирганидек ўтирарди ва у фақиҳа аёл бўлган» (Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий» 1/123).
Ушбу ривоятни имом Бухорий шу ҳолатда, ҳеч қандай иснодсиз келтирди. Муаллиф Муҳаммад Содиқ зикр қилган таълиқ мана шу бўлади.
Бухорийнинг ўзи айни шу ривоятни Умму Дардодан «Тарихус-Соғир» (95-бет) китобида тўлиқ саҳиҳ келтиради иснод билан келтиради.
Ушбу ривоятнинг асоси Ибн Аби Шайба (2801) Вақиъадан, у эса Саурадан, у эса Макҳуладан келтиради. Унинг ривоят қилишича Умму Дардо намозда эркаклар ўтирганидек ўтирар экан.
Иккинчидан, Умму Дардонинг ким эканига келсак, бу борада уламолар ўртасида ихтилоф бор ва бу, фатво муаллифи қабиҳона эълон қилганидек, Албонийнинг «усталиги» эмас.
Уламолар ўртасида айни қайси бир Умму Дардо борасида айтилаётгани ҳақида ихтилоф бор: саҳобийя ҳақидами ёки тобиинлардан бўлганими. Чунки Абу Дардонинг икки хотини бўлган ва икковларининг исми Умму Дардо эди. Масалан, имом Бадриддин Айний, айтганча бу киши ҳанафий бўлган, Саҳиҳ ал-Бухорий шарҳида ушбу ривоят ҳақида ёзишларича, бу ерда гап кичик Умму Дардо ҳақида борган экан. Чунки Макҳул каттасини учратмаган. Кейин у киши Ибн Асир сўзларини келтиради. У ривоят қилишича Ибн Мандаҳ ва Абу Нуъайм уни каттаси дейишган экан. Бироқ у бунга қўшилмаган экан. Сўнг айтади:
«Имом Бухорийнинг сермаъно бўлган Умму Дардо сўзини бирор бир ойдинликсиз қўллаши гап каттаси ёки кичиги ҳақида бораётганига далолат қилади. Бироқ у каттасини назарда тутгани эҳтимоли кучлироқ. Чунки у: «у фақиҳа аёл бўлган» деди» (Қаранг: «Умдатул қори» 6/101).
Шундай экан, агар айни қайси Умму Дардо ҳақида айтилгани борасида машҳур ихтилоф мавжуд экан, муаллиф нима ҳақида гапираябти ўзи?! Ёки Бухорий ҳам одамларни адаштиришга ҳаракат қилган «уста» бўлганми?!
Шунингдек ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам гап кичик Умму Дардо ҳақида бормоқда деган фикрни афзал топган бўлса ҳам, у киши имом Ибн Мунир имом Бухорийнинг мана шу боби ҳақида айтган сўзларини келтиради:
«Бунда (ташаҳҳудда) эркак ва аёл ўртасида фарқи йўқ» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 1/356).
Quote:Саҳобий бўлмаган шахснинг гапи ва амали ҳужжат бўла олмаслиги шарҳий илмлардан озгина хабари бор одамга ҳам маълум ҳақиқатдир. Муҳаддислар имом Бухорийнинг бу каби ривоятларини “таълийқ” дейдилар ҳадис эмас. “Таълийқ” ҳам ҳужжат бўла олмайди.
Шунинг учун ҳам мақталган суриялик, намоз ҳақидаги китоб муаллифи таҳоратда бўйинга масҳ тортишни машруъ эканига далил сифатида тобииннинг сўзини келтирган экан-да?! Ваҳоланки, бу амал борасида бирорта ҳам саҳобадан ҳеч нарса келмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келмаганини эса гапирмаса ҳам бўлмаверади.
У кишининг «ат-таълиқ» атамасини тушунишига келсак, буни кулгу саҳнаси деса ҳам бўлади.
«Таълиқ» «муаллақ» - «осиб қўйилган» деган маънони англатади. Атама сифатида ушбу сўз ҳадис иснодида бир ёки бир неча кетма кет келган одамларнинг исмини ровий томонидан тушириб қолдирилишига айтилади. Бундай ҳадислар далил сифатида қўллашга ярамайди. Аммо агар «муаллақ» фақатгина саҳиҳ ҳадислар жамланган китобларда келтирилса, масалан Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»лари каби, бундай ҳолатда ушбу ривоятарга ўзига хос ҳукм қўлланилади. Уламолар Бухорийнинг «Саҳиҳ»идаги муаллақ ҳадисларни тадқиқот қилишган ва уларнинг узилмаган иснодини келтиришган (Қаранг: «Шарҳ ан-нуҳба» 42).
Яъни таълиқларнинг орасида саҳиҳлари ҳам бўлиши мумкин. Аммо Бухорий фақатгина ҳадисни, саҳоба ва тобиин сўзини, иснодини келтирмай, зикр қилиш билан кифояланмоқда.
Quote:- Аммо, шу билан бирга бир неча ҳадисларда бу масала баён ҳам қилинган.
Энг охирида у кимсанинг далил сифатида келтирган ҳадисларига келсак, улар заифдир. Уларнинг заифлиги борасида шайх Албонийдан анча аввалги имомлар айтиб ўтишган.
Биринчи рақамли ҳадис Абу Довудда келмаган. Айни мана шу ерда бу кимса хийла ва тадлисга қўл урган. Чунки бу ҳадис Абу Довуднинг «ал-Маросил» 118 да келган.
Имомлар орасида машҳур бўлган нарса шуки, агар ҳадис остига фақатгина «Абу Довуд» деб ёзилса, бундан унинг Сунани назарда тутилади. Бироқ «Ҳадисни Абу Довуд ривоят қилди» деб, бундан унинг «ал-Маросил» ёки «Зуҳд» китобини назарда тутишлик билан мусулмонларни адаштириш мумкин эмас. Бу худди «Ҳадисни Бухорий ривоят қилди» деб, бундан унинг «Тарих» ёки «Адабул Муфрад» китобини назарда тутгандек. Чунки бу ҳам тадлис. Чунки «Бухорий ривояти» сўзида айни унинг «Саҳиҳ» тўплами назарда тутилади. Бошқа тўпламларида заиф ҳадислар ҳам, саҳиҳ ҳадислар ҳам бор.
Демак, биринчи ҳадис мурсал. Мурсал - бу Пайғамбар ва тобиин орасидаги ровийнинг тушиб қолишидир. Бу каби ҳадислар далил ўрнига ўтмайди (Қаранг: “Нузхату-нназар” 43).
Иккинчи ва тўртинчи ҳадисларни имом Байҳақий заиф санади. Уларни ўзи келтириб, деди:
"Бу борада (яъни эркак ва аёл намозидаги фарқ) иккита заиф ҳадис ривоят қилинган. Уларга таяниб бўлмайди!" (Қаранг: “Сунан ал-Кубро” 2/222).
Алийдан ривоят қилинган учинчи ҳадис эса заиф. Бу ҳақида Албонийдан ташқари «Мусанниф» тадқиқотчиси Ибн Абу Шайба ҳам айтиб ўтган.
Мана шу ўринда эътиборингизни баъзи мутаассибларнинг сўзларига қаратмоқчиман. Улар шайх Албонийни қуйидаги сўзларни Иброҳим Наҳаийга ёлғондан нисбат берганликда ҳам айблашди:
«Аёл киши худди эркак каби намоз ўқийди» (Ибн Абу Шайба 2/75).
Уларнинг айтишича бу ёлғон экан. Иброҳим Наҳаийда бу сўзлар йўқ ва Ибн Абу Шайбада бундай ривоят умуман мавжуд эмас эмиш.
Бу мазҳаб мутаассибларининг шошқалоқликларидир. Улар бу масалани ўрганиб чиқмай, ўзларининг имомларига ишониб қўйиб, олимларни айблай бошлайдилар.
Ушбу ривоят айни кўринишда Ибн Абу Шайбанинг «Зоҳирия» ва «Мухтасар Мусаннаф» нашриётида келган.
Тўлиқ тўпламида эса Иброҳим Наҳаийнинг бу сўзлари мана бу шаклда келади:
«Аёл киши намозда худди эркак каби ўтиради» (Ибн Абу Шайба 2804).
Бу қўшимча маълумот сифатида келтирилди.
Энди мазҳаблар масаласига тўхталамиз.
Маълумки, шайх Албонийдан аввал ҳам кўпгина имомлар (эркак ва) аёллар намози ўртасини хеч қандай фарқлашмаган. Масалан имом Қуртубий аёлнинг ташаҳҳуддаги ҳолати борасида имомларнинг турли қавлларини келтириб, деди:
«Имом Молик деди: «Аёл (намозни адо қилишда) эркак кабидир. У (аёл) эҳром такбиридан кейин унга (эркакка) бирор нарсада хилоф қилмайди, илло (авратни тўсувчи) либосда ва жаҳрий қироатда (хилоф қилади)»» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 1/361).
Энди ушбу масалада имом Молик мазҳабини ихтиёр қилган муслиманинг муаммоси нимада?!
Шунингдек, шайх Албоний, ҳамда шайх Усайминлар ҳам аёл билан эркак намози ўртасида фарқ йўқ деган сўзларидаги муаммо қани?!
Ёки имом Молик мазҳабини ихтиёр қилишлик ҳам бемазҳабликми?! Ҳанафий мазҳабига хилоф бўлган барча нарса – бемазҳаблик ва залолатми, шундайми?!
Сўзимнинг якунида имомларнинг эркак билан аёлнинг намози ўртасида баъзи фарқлар борасидаги баъзи сўзларини эслаб ўтмоқчиман. Бунга Суннат далолат қилади. Бу қуйидагилар:
1. Авратни беркитиш. Бунда улар фарқлидирлар, чунки аёл киши эркаклардан фарқли ўлароқ, кафт ва юзидан бошқа бутун баданини беркитиши лозим.
2. Эркаклардан орқада намоз ўқишлари лозим. Имомнинг хатосига аёллар чапак чалиш билан ишора қилишади, эркаклар “СубҳанАллоҳ” дейишлик билан.
3. Агар аёл бир эркак билан намоз ўқиса, масалан акаси ё эри билан, аёл киши орқада туради. Икки эркак эса ёнма-ён туришади.
4. Агар аёллар ўзаро жамоат бўлиб намоз ўқишса, эркаклардан фарқли равишда, имом биринчи қатордаги аёлларни орасида туради. Оиша (розияллоҳу анҳа) шундай қилганлар.
5. Эркаклардан фарқи, аёллар учун жамоат намозидаги энг яхши қатор орқадагиси (эркаклардан узоқроғи). Эркаклар учун энг яхши қатор аввалгисидир.
6. Аёл киши эркаклар учун азон ва иқомат айтмайди, аммо ўзаро бу ишни қилишлари мумкин. Бу Оиша (розияллоҳу анҳа)дан ривоят қилинади.
7. Бегона эркаклар борлигида намозни овоз чиқариб ўқимайди.
8. Улар учун намозни жамоат билан адо қилиш вожиб ҳисобланмайди, эркакларда эса акси. «ал-Муғний» 1/488, 2/258, 328, «ал-Мажмуъ» 3/429, 455.
Намозни ўзини адо қилиш борасида эса ҳеч қандай фарқ йўқ, на қиёмда, на қўл кўтаришда, на қўлларни кўкракка қўйишда, на рукуъда, на саждада ва на ташаҳҳудга ўтиришда фарқ йўқ. Аммо баъзи имомларнинг аёл киши қўлларини баданига теккизиши ва сиқилиброқ намоз ўқишини яхшироқ деб билишганлари эса, уларнинг бундай чегаралашларига бирор саҳиҳ ҳадис йўқ. Бу шартларга Имом Ибн Ҳазм раддия бериб, бу ҳақида бирор далил йўқлигини айтганлар. «ал-Муҳалла» 4/124б шунингдек «Саҳиҳ фиқху-Сунна» 1/345-346.
Валлоҳу аълам.