Аҳмад Дидат маърузаларининг бирида ўзи ҳақида гапирганлар. У киши раҳимаҳуллоҳнинг айтишларича исломий таълим олмаган эканлар, Исломий олийгоҳларда ўқимаган эканлар. У киши ўзларини насронийларнинг китобларини оддий бир тадқиқотчиси эканликларини, динлараро солиштириш таълимотини ўрганувчи (аслида буни ҳам динда асоси йўқ) эканликларини айтганлар. Яна у киши турли тилларни ўрганганлар ва насронийларнинг далиллари асоссиз эканини кўрсатиш мақсадида улар билан мунозаралар ўтказишларини ва шу орқали ҳаққа даъват қилишларини айтганлар.
Яна маърузаларнинг бирида у киши ҳақида айтилишича, у киши на шайх, на олим эканликлари, балки оддий тадқиқотчи эканликлари айтилган. Агар адашмасам бу сўзлар у кишининг ҳузурларида, Бирмингем шаҳрида айтилганди.
Уламолардан у киши ҳақида сўралганида, улар уни Ислом олими эмас, балки насроний китобларининг олими деб жавоб беришган.
У кишининг асарларида фойда бор, шунингдек қизиқарли, ҳатто ғаройиб нарсаларни топасиз. У киши мунозара қилиш қобилиятига эга ва одатда ғолиб чиқадиганлардан бўлган.
Бироқ бу кишининг даъват услублари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидан эмас.
Инжил ва шу каби адабиётларни ўқишдаги асос жоиз эмасликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттобни қўлида Тавротни кўрганларида ғазаблари келган ва унга айтганларки:
”Сен ҳали шубҳадамисан, эй Хаттобнинг ўғли?! Мен буни оппоқ тиниқ қилиб олиб келмадимми? Агар биродарим Мусо тирик бўлганида унга менга эргашишдан бошқа нарса қолмас эди” (Аҳмад 3/378, 471, Доримий 2/371. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан деган).
Аммо агарда Инжилни ўқишдан мақсад насронийлар билан ўша орқали мунозара қилиш эмас, балки уларнинг жоҳилона даъватларидан огоҳлантириш бўлса, бунинг зарари йўқ иншааллоҳ. Айниқса насронийлар ўз даъватларини кучайтирган ҳудудларда бу иш янада долзарб бўлади.
Эътиборингизга Доимий Фатво Қўмитасининг мана шу мавзудаги сўзларини келтираман:
«Аввалги самовий китоблар, Аллоҳ хабар берганидек, бузилиш ва қўшимча киритишларга юз тутган. Шунинг учун ҳам мусулмон ундан бирор нарсани ўқиши жоиз бўлмайди. Илло у (Инжилни ўқувчи) асосли илм соҳиби бўлса, бу билан ушбу китоблар бузилиш ва қарама-қаршиликлардан ташкил топганини ёритишни мақсад қилган бўлса (ўқиши жоиз бўлади)» (Қаранг: “Фатава ал-Лажна” 3/311).
Шунинг учун ҳам Аҳмад Дидат раҳимаҳуллоҳнинг даъват услубларига келсак шайх Саъд Ҳусайн уни унчалик оқламаганлар. У кишининг айтишларича бундай услуб тўғри эмас. Чунки бу каби аҳли китоблар билан баҳс ва мунозаралар оқибати шунга олиб келдики, бундан сўнг аҳли китоблар Қуръонни таъна қилишни бошлашди ва унда турли бузилишлар мавжудлигини даъво қила бошлашди. Шундан сўнг шайх мана бу оятни келтирдилар:
“Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини)
сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар” (Анъом: 108).
Ушбу буюк оятда Исломдаги энг муҳим асослардан бири бўлган фойда ва зарар масаласи мавжуд.
Имом Шавконий ушбу оятнинг тафсирида айтади:
«Ушбу оятда шу нарсага далил борки, агар ҳаққа даъват қилувчи ва бидъатдан қайтарувчи, унинг ҳаракати унданда каттароқ мункар содир бўлиши, ҳақиқатга хилофлик ва бундан каттароқ залолатга йўлиқишга олиб борса, у учун уни (даъватни) тарк қилишлиги афзалроқдир. Бундан ташқари, бу(ндай қилиш) вожиб бўлади» (Қаранг: «Фатҳул Қодир» 2/214).
У кишининг мунозаралари, маърузалари тавҳид ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам манҳажларига бўлган даъватга асосланмаган. 2-3 соат қизиқарли нарсаларни эшитишингиз мумкин, бироқ охир оқибат ҳеч қандай илмга эга бўлмайсиз.
Шунинг учун ҳам биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари даъват қилган услуб ва манҳаж асосида даъват қилишимиз лозим. Аҳмад Дидат каби биродарларимизнинг китоб ва маърузаларини эса Инжилнинг бузилганига ёки шу каби мақсадларда мусулмонларни огоҳ қилиш учун қўлланилса бўлади.
Шайх Саъд Ҳусайннинг аҳли китоблар билан беҳуда тортишувлар борасидаги мақолаларини қуйидаги манзилдан топишингиз мумкин:
http://www.saad-alhusayen.com/articles/160
Валлоҳу аълам.