Аҳмад Дийдат - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Манҳаж (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=56) +--- Forum: Жарҳ ва таъдил (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=67) +--- Thread: Аҳмад Дийдат (/showthread.php?tid=1209) |
Аҳмад Дийдат - SALIHAN - 04-06-2012 Ассаламу алайкум! Маълумки, ҳозирда масиҳий миссионерлар кўпайган давр. Уларга қарши курашган даъватчилардан бири Аҳмад Дийдотдир. Апартеид тузуми даврида Халқаро Исломга даъват маркази ва Дурбандаги “Ас-Салом” институтининг асосчиси бўлган Аҳмад Дийдот христиан миссионерлари даъватига зарба берди ва ғарб маданиятининг анъанавий ҳукмронлиги ҳақидаги тушунчаларни шубҳа остига қўйди. Диний саволларни христиан черковининг бир қатор олий лавозимли намоёндалари билан ошкора муҳокама қилган Дийдот ўзларини “иккинчи навли фуқаролар” деб ҳис қилишдан чарчаган мусулмонларга ўзларига бўлган ишонч туйғусини қайтаришга ёрдам берди. Аҳмад Дийдотнинг 60 йиллик мураббийлик фаолияти, мунозаралар ва маслаҳатлари мобайнида кўплаб кишллар Исломни қабул қилишди. 1918 йил июлда Ҳиндистонда туғилган Аҳмад Дийдот отаси Ҳусайн 1927 йил августда оиласи билан Жанубий Африкага кўчиб келганида эндигина 9 ёшга тўлган бўлиб, оилага ёрдам бера бошлади. У “Анжуман” мадрасасида инглиз алифбоси билан танишгач, бу тилни ўрганиб, мактабга ўқишга кирди. 6 ойдан сўнг Аҳмад ўз синфидаги энг яхши ўқувчига айланди. Бироқ молиявий қийинчиликлар туфайли у тез орада ўқишни тўхтатишга мажбур бўлди. У ўз ҳаёти учун мустақил равишда пул топишига тўғри келди. У ўзининг биринчи ишини Дурбаннинг чеккасидаги Адам Миссияси институти яқинидаги дўконда бошлади. Бу институт христианлик(насронийлик)ни ташвиқ қилар ва бу диннинг асосий қонун-қоидаларидан таълим берар эди. Миссия талабалари тез-тез Аҳмаднинг мусулмон бошлиғи олдига келиб туришар ва уни христианликни қабул қилишга ундашарди. Бу ёш Аҳмаднинг норозилигига сабаб бўларди. Худди шу вақтда у Ислом ва христианлик тўғрисида зарурий маълумотларни ўрганишга аҳд қилди. Христиан руҳонийси ва имом ўртасидаги диний савол-жавоб шаклида ёзилган “Изҳор ул-ҳақ” китоби унинг ҳаётини кескин ўзгартириб юборди. Бу Аҳмад Дийдотнинг “Библия” (“Инжил”) билан биргаликда диққат билан ўрганган асарларидан биринчиси эди. 1940 йилда Дийдот катта саҳнага чиқди. Унинг маърузалари Ислом ва “Инжил”даги зиддиятларнинг қиёсий диншуносликдаги тадқиқотлари доирасида эди. Унинг суҳбатлари улкан оммавийликни касб этди. Тез орада Аҳмад Дийдот минглаб тингловчиларга маърузалар ўқий бошлади. Чиқишлари давомида унга нисбатан тез-тез ўнлаб норозилик чақириқлари билдириларди, бироқ кўплаб кишилар Исломни қабул қилишарди. У Кейптаундаги Яхши Умид Марказида маърузалари билан чиқиш қилди. Бу шаҳарда истиқомат қиладиган мусулмонларнинг кўпчилиги Индонезия ва Малайзиядан қул ёки асир сифатида олиб келинган эди. Улар ўзларини маҳкум сифатида ҳис қилишар ва “иккинчи нав фуқаролари” ҳолатидан чарчашган эди. Шу туфайли Кейптаундаги унинг маърузаларига ҳаддан ташқари хайрихоҳ муносабатда бўлишди. 50-йилларга келиб, Аҳмад Дийдотнинг муайян жойдаги маърузаларини эшитишни хоҳловчиларнинг сони 40 минг кишига етди. Бу жуда кўп эди. Шунинг учун 1957 йилда маърузалар ўқиш учун восита бўлган китоб ва тўпламларни нашр этишга ихтисослашган Ислом Даъват Маркази тузилди. Тез орада Аҳмад Дийдотнингг дўстларидан бири Жанубий Африканинг жанубий қирғоқбўйидаги 70 акр ерни марказга ҳадя қилди. Кейинроқ бу ҳудудда “Ас-Салом” маркази ташкил топди. Бу ерда Аҳмад Дийдот 1973 йилда Дурбанга қайтиб кетгунигача ёш мусулмонларга таълим берди ва ўз маърузаларига катта эътибор қаратди. Айни шу даврда у халқаро эътирофга сазовор бўлди. 1976 йилда Ар-Риёдда бўлган мусулмон ёшларининг бутунжаҳон ассоциацияси конференцияси унинг ҳаётидаги яна бир бурилиш нуқтаси бўлди. 1985 йил июлда Аҳмад Дийдот Америкалик миссионер Флойд Кларк билан Лондондаги қирол Альберт залида Исо (алайҳиссалом)нинг хочга тортилиши ҳақидаги мавзуда мунозара олиб боришга розилик билдирди. Айни шу мунозарадан кейин у Дания, Марокаш, Швеция, Кения ва Австралияга бир қатор сафарлар уюштирди. Шайх Аҳмад шунингдек Жимми Сваггарт билан АҚШда бўлган “Инжил Аллоҳнинг сўзими?” мавзусидаги мунозарада ҳам иштирок этди. Унинг ҳар бир сафарида янги дўстлар ва янги душманлар пайдо бўлар эди Аҳмад Дийдот томонидан асос солинган марказ узоқ вақт давомидаги фаолияти натижасида Халқаро Исломга Даъват Маркази номини олиб, нисбатан кенгроқ ерга кўчди. Бу ерда Шайх Аҳмад турли динларнинг кўпсонли вакилларига дарс ўтар эди. Уларнинг бир қисми дастлаб Аҳмад Дийдотга хатоларини кўрсатиш учун келган кишилар бўлиб, кейинчалик Исломни қабул қилганларнинг кўпчилиги айни шундайлар орасидан чиқарди. Бундай кишилардан бири Шайх Аҳмаднинг олдига биринчи марта қирқ ёшдан ошганида келган бўлиб, у шайхга янги-янги саволлар билан мурожаат қиларди. 63 ёшга етганида бу киши Исломни қабул қилишга тайёр бўлиб, бу қувончли хабарни шайх Аҳмадга етказиш учун келганида, 1996 йил майда унинг жиддий касалликка чалинганини билди. Уч йил давомида Халқаро Ислом Ташвиқот Маркази унга ўринбосар топишга ҳаракат қилди ва марказга янги президент сайланди. Бугунги кунда Шайх Аҳмад ҳаркатланиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлган. Уни садоқатли хотини Хава парвариш қилади. Шайхнинг бутун бадани, бўйнидан оёғигача фалаж бўлиб қолганига қарамай, унинг эс-ҳуши жойида ва ўзининг зийраклиги ҳамда юмор (кулгу) ҳиссини йўқотмаган. Нутқ қобилиятидан маҳрум бўлган шайх атрофидагилари билан кўз ҳаракатлари ёрдамида мулоқот қилади. “Аҳмад Дийдот тарихи”, Ал-Мадж(ҳужжатли филм), 2002 йил Шайх Аҳмад Дийдот вафот этди 2005 йил 8 август, душанба куни машҳур мусулмон даъватчи-олими , 100 дан ортиқ исломий илмий ишларнинг муаллифи, динлараро кўпсонли мулоқотлар муаллифи Шайх Аҳмад Дийдот 87 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Кеча у ЖАРнинг Куазало провинциясидаги Виролам шаҳарчасида дафн этилди. Унинг ўғли Юсуфнинг IslamOnline.net агентлигига берган интервьюсига кўра, отаси душанба куни эрта тонгда, Фажр(Бомдод) намозидан кейин тўсатдан содир бўлган юрак хуружидан вафот этган. “У қаттиқ оғриқ бошланганида маҳаллий Ислом радиосидан “Ёсин” сурасини эшитди. Яратганнинг иродасига кўра у вафот этди. Биз ортиқча қайғуда эмасмиз, чунки ўлим олдиндан белгилаб қўйилгандир”, деб қўшимча қилди Юсуф. Юсуфнинг сўзларига кўра, аллақачон юзлаб кишилар Шайх Дийдотнинг оиласига улкан йўқотиш муносабати билан ўз таъзияларини билдиришган. Шайх Аҳмад Дийдот 1918 йилда Ҳиндистоннинг Сурат провинциясида туғилди. 1927 йилда унинг оиласи ЖАРга келди. Бу ерда у маҳаллий мактабда 9-синфгача ўқиди. Отасининг молиявий муаммолари туфайли у мактабни ташлашга мажбур бўлди. Шундан кейин у дўконда ишлай бошлади. Бу дўконга доимо маҳаллий насроний миссионерлик мактабининг ўқувчилари келиб туришарди. Улар Аҳмад билан суҳбатга киришиб, насронийлик Исломга қараганда яхшироқ ва илоҳий дин эканлигини исботлай бошлашарди. Бундай руҳи тушмаган ёш Аҳмад Дийдот 18 ёшга етганидан сўнг мусулмон ва машҳур насроний руҳонийси ўртасидаги мунозара баён қилинган китобни сотиб олди. 1940 йилда Шайх Аҳмад Дийдот ўзининг биринчи маърузасини ўқиди. Бу маъруза “Муҳаммад (с.а.в.) тинчлик (дунё) элчиси” деб номланиб, унда 14 киши иштирок этди. Ўз умри давомида Шайх Аҳмад Дийдот Ислом ва Насронийлик ҳақида кўплаб муҳокамаларда қатнашиб, доимо ўз билими билан муҳокамалар давомида ютиб чиқарди. Шу тарзда у 1981 йилда 20 минг киши иштирокида Дурбан (ЖАР) епископи жаноб Хосе Макдауэл билан бўлган мунозарани муваффақиятли ўтказди. Мунозара “Исо алайҳиссалом хочга михланганми?” мавзусида эди. 1989 йилда эса Шайх Аҳмад Дийдот АҚШда 8 минг киши қатнашган мунозарада англикан епископи, жаноб Жеми Стюарт билан баҳслашиб, ютиб чиқди. Мунозара “Евангилия(“Инжил”) Муқаддас Китобми?” мавзусида бўлди. Апартеид йилларида Аҳмад Дийдот Дурбан(ЖАР)да Халқаро Ислом Даъват Маркази ва “Ас-Салом” институтига асос солди. Бу иш 1957 йилда, унинг икки дўсти ёрдамида амалга ошди. Аҳмад Дийдот христиан миссионерлари даъватига зарба берди ва ғарб маданиятининг анъанавий ҳукмронлиги ҳақидаги тушунчаларни шубҳа остига қўйди. Диний саволларни христиан черковининг бир қатор олий лавозимли намоёндалари билан ошкора муҳокама қилган Дийдот ўзларини “иккинчи навли фуқаролар” деб ҳис қилишдан чарчаган мусулмонларга ўзларига бўлган ишонч туйғусини қайтаришга ёрдам берди. Аҳмад Дийдотнинг 60 йиллик мураббийлик фаолияти, мунозаралар ва маслаҳатлари мобайнида кўплаб кишллар Исломни қабул қилишди. Унинг маркази жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинган 20 миллиондан ортиқ китоб ва аудиокассеталарни тарқатди. ASN-News.net таҳририяти Ислом илоҳиётчиси ва даъватчиси Аҳмад Дийдотнинг яқинлари ва дўстларига чуқур таъзия билдиради. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (“Албатта, Биз Аллоҳникимиз, ва албатта Унга қайтгувчимиз”). RE: Аҳмад Дийдот - Муслим - 04-17-2012 Аҳмад Дидат маърузаларининг бирида ўзи ҳақида гапирганлар. У киши раҳимаҳуллоҳнинг айтишларича исломий таълим олмаган эканлар, Исломий олийгоҳларда ўқимаган эканлар. У киши ўзларини насронийларнинг китобларини оддий бир тадқиқотчиси эканликларини, динлараро солиштириш таълимотини ўрганувчи (аслида буни ҳам динда асоси йўқ) эканликларини айтганлар. Яна у киши турли тилларни ўрганганлар ва насронийларнинг далиллари асоссиз эканини кўрсатиш мақсадида улар билан мунозаралар ўтказишларини ва шу орқали ҳаққа даъват қилишларини айтганлар. Яна маърузаларнинг бирида у киши ҳақида айтилишича, у киши на шайх, на олим эканликлари, балки оддий тадқиқотчи эканликлари айтилган. Агар адашмасам бу сўзлар у кишининг ҳузурларида, Бирмингем шаҳрида айтилганди. Уламолардан у киши ҳақида сўралганида, улар уни Ислом олими эмас, балки насроний китобларининг олими деб жавоб беришган. У кишининг асарларида фойда бор, шунингдек қизиқарли, ҳатто ғаройиб нарсаларни топасиз. У киши мунозара қилиш қобилиятига эга ва одатда ғолиб чиқадиганлардан бўлган. Бироқ бу кишининг даъват услублари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидан эмас. Инжил ва шу каби адабиётларни ўқишдаги асос жоиз эмасликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттобни қўлида Тавротни кўрганларида ғазаблари келган ва унга айтганларки: ”Сен ҳали шубҳадамисан, эй Хаттобнинг ўғли?! Мен буни оппоқ тиниқ қилиб олиб келмадимми? Агар биродарим Мусо тирик бўлганида унга менга эргашишдан бошқа нарса қолмас эди” (Аҳмад 3/378, 471, Доримий 2/371. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан деган). Аммо агарда Инжилни ўқишдан мақсад насронийлар билан ўша орқали мунозара қилиш эмас, балки уларнинг жоҳилона даъватларидан огоҳлантириш бўлса, бунинг зарари йўқ иншааллоҳ. Айниқса насронийлар ўз даъватларини кучайтирган ҳудудларда бу иш янада долзарб бўлади. Эътиборингизга Доимий Фатво Қўмитасининг мана шу мавзудаги сўзларини келтираман: «Аввалги самовий китоблар, Аллоҳ хабар берганидек, бузилиш ва қўшимча киритишларга юз тутган. Шунинг учун ҳам мусулмон ундан бирор нарсани ўқиши жоиз бўлмайди. Илло у (Инжилни ўқувчи) асосли илм соҳиби бўлса, бу билан ушбу китоблар бузилиш ва қарама-қаршиликлардан ташкил топганини ёритишни мақсад қилган бўлса (ўқиши жоиз бўлади)» (Қаранг: “Фатава ал-Лажна” 3/311). Шунинг учун ҳам Аҳмад Дидат раҳимаҳуллоҳнинг даъват услубларига келсак шайх Саъд Ҳусайн уни унчалик оқламаганлар. У кишининг айтишларича бундай услуб тўғри эмас. Чунки бу каби аҳли китоблар билан баҳс ва мунозаралар оқибати шунга олиб келдики, бундан сўнг аҳли китоблар Қуръонни таъна қилишни бошлашди ва унда турли бузилишлар мавжудлигини даъво қила бошлашди. Шундан сўнг шайх мана бу оятни келтирдилар: “Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар” (Анъом: 108). Ушбу буюк оятда Исломдаги энг муҳим асослардан бири бўлган фойда ва зарар масаласи мавжуд. Имом Шавконий ушбу оятнинг тафсирида айтади: «Ушбу оятда шу нарсага далил борки, агар ҳаққа даъват қилувчи ва бидъатдан қайтарувчи, унинг ҳаракати унданда каттароқ мункар содир бўлиши, ҳақиқатга хилофлик ва бундан каттароқ залолатга йўлиқишга олиб борса, у учун уни (даъватни) тарк қилишлиги афзалроқдир. Бундан ташқари, бу(ндай қилиш) вожиб бўлади» (Қаранг: «Фатҳул Қодир» 2/214). У кишининг мунозаралари, маърузалари тавҳид ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам манҳажларига бўлган даъватга асосланмаган. 2-3 соат қизиқарли нарсаларни эшитишингиз мумкин, бироқ охир оқибат ҳеч қандай илмга эга бўлмайсиз. Шунинг учун ҳам биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари даъват қилган услуб ва манҳаж асосида даъват қилишимиз лозим. Аҳмад Дидат каби биродарларимизнинг китоб ва маърузаларини эса Инжилнинг бузилганига ёки шу каби мақсадларда мусулмонларни огоҳ қилиш учун қўлланилса бўлади. Шайх Саъд Ҳусайннинг аҳли китоблар билан беҳуда тортишувлар борасидаги мақолаларини қуйидаги манзилдан топишингиз мумкин: http://www.saad-alhusayen.com/articles/160 Валлоҳу аълам. |