Азиз биродарлар, ушбу суҳбатимизда рўза одобларидан иккинчи қисми – мустаҳаб (яъни, мажбурий бўлмаган, бироқ риоя этиш билан мўл ажру савобга эришиладиган) одоблар ҳақида сўз юритамиз.
Мазкур одоблардан бири – саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш бўлиб, саҳар пайтида ейиладиган таом бўлгани учун саҳарлик деб номланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар:
«Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳ Муслим»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарлик тановул қилишдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо билан саҳарлик қилишни мақтаб:
«Хурмо мўминнинг нақадар яхши саҳарлигидир», деганлар (Абу Довуд ривояти).
Яна бир ҳадисларида:
«Ҳар қандай саҳарлик таоми баракадир. Сизлардан бирингиз гарчи бир қултум сув билан саҳарлик қилса-да, саҳарликни тарк қилманглар! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтиб туради», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини амалга ошириш ва у зотнинг қилган феълларига эргашишни ният қилиши керак. Шунда унинг саҳарлиги ибодатга айланади. Шунингдек, саҳарлиги билан рўзага қувват ҳосил қилишни ният қилсинки, бу билан ажрга эга бўлади. Саҳарликни субҳга қадар давом эттириш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит билан бирга саҳарлик қилдилар. Саҳарликдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, намоз ўқидилар». Анас розияллоҳу анҳудан:
«Саҳарликдан фориғ бўлишлари билан намозга киришишлари ўртасида қанча вақт бор эди?» деб сўралганда:
«Бир киши эллик оят қироат қилиши миқдорича», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Билол тунда (яъни саҳарликка уйғотиш учун) азон айтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, чунки у тонг отмагунича азон айтмайди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарликни кечиктириш рўзадорнинг ҳолати учун фойдалироқ бўлади, шунингдек уни бомдод намозидан ухлаб қолишдан сақлайди. Рўза тутувчи киши саҳарликни тамомлаб, ният қилиб олганидан кейин ҳам то тонг отганига ишонч ҳосил қилмагунича еб-ичиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Уфқда кўринган оқариш билан ёки азон ва шу каби ишончли бир хабар билан тонг отганлигига ҳукм қилинади. Тонг отиши билан ейиш-ичишдан тўхтайди ва дили билан рўзага ният қилади. Ниятни тил билан талаффуз қилмайди, чунки бундай қилиш бидъатдир.