Меҳмон   08-18-2009, 09:46 PM
#1
Рамазон рўзасини ўз юрти мусулмонлари билан бирга бошлаш ва якунлаш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамдлар Аллоҳгагина хос, У зотга ҳамд айтамиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Сўнг...
Уламолар ўртасида Рамазон рўзаси мусулмонлар ҳилолни кўрган кунидан бошланиши кераклиги борасида ихтилоф йўқ. Агарда булутли ҳаво ёки бошқа бирор сабаб билан ойни кўра олишмаса, улар Шаъбон ойини ўттиз кун ҳисоблашлари, кейин эса рўза тутишлари лозим бўлади. Рамазон якуни, ҳамда Ийдул фитр байрами санаси ҳам худди шу тарзда аниқланади. Имом Бухорий ва Муслим, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!»
Астрономик кузатувлар шуни исбот қиладики, янги ой (ҳилол) узоқ юртларда турли вақтда кўриниши мумкин. Бу масалада Ислом уламолари ўртасида ҳам ихтилоф йўқ. Бироқ ўз юртида ой кўринмаган бўлса, бошқа юрт аҳолисининг Рамазон бошлангани ёки тугагани ҳақидаги хабарига эргашиш кераклиги масаласида уламолар ўртасида ихтилоф бор.
Баъзилар агар бир ўлка аҳолиси ҳилолни кўрса, бу нарса бошқа ўлка аҳолиси рўза тутишга ёки якунлашга мажбур эмас дейдилар. Икрима айтади: «Ҳар бир ўлка аҳолиси ўзлари (ҳилолни) кўришлари лозим». Ибн ал-Мунзир хабар қилишича, Қосим ибн Муҳаммад, Салим ва Исҳоқлар ҳам шу фикрда бўлишган. Ушбу ҳукм имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва Темизийлар ривоят қилган Қурайбанинг ҳадисига асосланган. Ҳадисда айтилишича: «Умму Фазл мени Шомга, Муовия ҳузурига юборди. Мен у ерга бордим ва унинг буйруғини бажардим. Мен ўша ердалигимда Рамазон кирди. Мен жума оқшомида ҳилолни кўрдим. Ой охирида эса Мадинага қайтдим. Абдуллоҳ ибн Аббос менга баъзи саволларни берди. Кейин эса ҳилол ҳақида гап очди. У деди: «Ҳилолни қачон кўрдингиз?» Мен дедим: «Биз уни жумага ўтар кечада кўрдик». У сўради: «Сен ўзинг кўрдингми?» Мен жавоб бердим: «Ҳа, одамлар ҳам кўришди. Улар рўза тутишни бошлашди, Муовия ҳам улар билан бирга бошлади». У эса деди: «Биз эса уни фақатгина шанбага ўтар кеча кўрдик. Биз ўттиз кун ўтгунича ёки ҳилолни кўрмагунимизча рўза тутамиз». Мен сўрадим: «Сенга Муовия уни кўргани ва рўза тутишни бошлагани кифоя эмасми?» У деди: «Йўқ, бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай буюрганлар»».
Ибн ал-Мажашин ва бошқаларнинг фикрича, агарда давлат бошлиғи шу қарорга келса, бошқа ўлка аҳолиси берган хабарни эътиборга олиш шарт.
Баъзиларнинг фикрича, бошқа ўлка аҳолисининг хабарини қабул қилиш мумкин, агарда ўша ўлкалар битта ҳудудда жойлашган бўлса. Баъзиларнинг айтишича, географик шароитларни эътиборга олиш керак. Масалан, ўлканинг пасттекислик ёки баланд тоғларда жойлашгани. Бироқ бу фикрлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларидан кўра кўпроқ ақлий далилларга асосланган.
Шофеийларнинг бир қисми, ҳанбалий ва бошқа уламоларнинг фикрича, бир мусулмон ўлкада ҳилолни кўришган бўлса, қолган барча ушбу хабарни эътиборга олиши шарт. Улар юқорида зикр қилиб ўтилган Ибн Умар ҳадиси ва бошқа шунга ўхшаш ривоятларга суянишган. Қурайбанинг ҳадисига келсак, улар уни эътиборга олишмаган. Чунки бу фикрни Ибн Аббоснинг ижтиҳоди деб ҳисоблашган. Ҳадисдан саҳоба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси сўзларига асослангани маълум эмас. У ўша сўзларни ўзича тушунган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шундай қилиб ушбу масаладаги ихтилоф салаф ва халаф уламолари ўртасида аввалдан мавжуд бўлган. Шунинг учун ҳам, агарда, масалан Ўрта Осиёда Ўзбекистон ёки Қозоғистон Рамазон киргани ҳақидаги араб давлатларидан келган хабарга асосланмай, ўзлари ҳилолни кузатишларининг ҳеч қандай зарари йўқ. Ушбу ҳудудларнинг ораси анча узоқда. Шунингдек, аксинча, улар Рамазон киргани ёки тугаганини бошқа ўлка хабарларига таяниб эълон қилишларининг ҳам зарари йўқ.
Юқорида зикр қилиб ўтилган барча қоидалар рўзани бошлаш ёки тугатиш ҳақидаги қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлганларга тааллуқлидир. Қолган барча мусулмонлар давлат бошлиғи қарорига (агар давлат исломий бўлса) ёки ўлканинг Ислом марказига (масалан, диний идора ёки муфтийлик ҳайъатига) эргашишлари лозим. Мусулмонлар бирликни сақлаш ҳақида ўйлашлари ва фитна тарафга юрмасликлари шарт. Айниқса бу каби уламолар ижтиҳод қилишлари жоиз бўлган масалаларда.
Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза – сизлар рўза тутган кунингиз, ҳайит – сизлар рўзани очган кунингиз ва қурбонлик (ҳайити) – сизлар (қурбонликларни) бўғизлаган кунингиздир». Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Ҳадисни зикр қилганидан сўнг Термизий айтади: «Баъзи уламолар ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: рўзани бошлаш ва якунлаш жамоат ва кўпчилик одамлар билан бўлади».
Ибн ал-Қаййим «Таҳзиб ас-сунан» (3/214)да ёзади: «Ушбу ҳадис: «Астрономик ҳисоб билан ҳилолни аниқлаган, бу ҳисобни билмаганлардан ажралган ҳолда рўзани бошлаши ва якунлаши мумкин» деганларга раддиядир, деган фикрлар мавжуд. Шунингдек, агар инсон ҳилолни кўрса, бироқ қози унинг гувоҳлигини қабул қилмаса, қолган одамлар каби у ўша куни рўза тутмаслиги керак, деган фикрлар ҳам мавжуд».
Абул Ҳасан Синдий «Ҳошия ала Ибн Можа» китобида ёзади: «Унинг зоҳирий маъноси, алоҳида шахслар жамоатдан ажралишга ҳақли бўлмаганларидек, бу каби қарорларга аралашишга ҳақли эмаслар. Бундай масалаларда қарорни имом (давлат бошлиғи) ва жамоат чиқаради. Қолган барча имом ва жамоатга итоат қилишлари шарт. Шунинг учун ҳам, бирор ким ҳилолни кўрса, бироқ унинг гувоҳлиги имом тарафидан қабул қилинмаса, бундай ҳолатда у ўзининг кўрганига эргашиши мумкин эмас. Аксинча, у қолган барча мусулмонларга эргашиши лозим».
Шайх Муҳаммад Носириддин Албоний «Силсила ал-аҳадис ас-саҳиҳа» (1/443-444)да ёзади: «Ҳадисдан ҳаёлга биринчи бўлиб келадиган нарса шудир. Ушбу фикрни Оиша Масруққа айтган сўзлари қувватлайди. У ўша кун қурбонлик куни эканлигидан ҳавф қилиб, Арафа куни рўза тутишдан бош тортган эди. Улар (Оиша) унинг фикри аҳамиятга эга эмаслиги ва у жамоат қарорига итоат қилиши кераклигини унга тушунтириб бердилар. Улар айтдилар: «Қурбонлик куни – одамлар қурбонлик қиладиган кундир. Фитр куни эса – одамлар рўзани тугатган кундадир».
Ушбу фикр одамларни бирлаштириш, сафларини жипслаштириш, ҳар қандай бирликни парчаловчи шахсий фикрлардан узоқ бўлишни мақсад қилган пок шариатга тўғри келади. Гап рўза, байрамлар ёки жамоат намози каби жамоавий ибодатлар ҳақида кетганда, шариат алоҳида шахсларнинг фикрини эътиборга олмайди, ҳатто улар қайсидир жиҳатдан ҳақ бўлсалар ҳам. Ахир сен саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, баъзилари аёл кишига, жинсий аъзога тегиниш ёки қон чиқиши таҳоратни бузади деб ҳисоблаб, бошқалари бундай деб ҳисобламасада, бир бирлари орқасида намоз ўқиганларини билмайсанми?! Баъзиси сафар вақтида намозни тўлиқ ўқиса, бошқаси қаср қилиб ўқиган. Бу ва бошқа ихтилофлар намоз вақтида битта имом ортида тўпланишларига ва бу намоз тўғри деб ҳисоблашларига монелик қилмаган. Чунки улар мусулмонлар орасининг парчаланиши, айрим масалалардаги ихтилофлардан ёмонроқ эканлигини билар эдилар. Иш шу даражага етдики, улардан бири Минодаги улуғ жамланишда мусулмонларнинг бошлиғи фикри сабабидан ўз фикрига эргашишдан воз кечди. У агар ўз фикрича иш тутганида келиб чиқиши мумкин бўлган ёмонликни олдини олишни хоҳлаган эди. Абу Довуд (1/307) ривоят қилади, Усмон розияллоҳу анҳу Минода тўрт ракаат намоз ўқиди. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу ишига таъна қилиб деди: «Мен Пайғамбар билан икки ракаат ўқидим, Абу Бакр билан икки ракаат, Умар билан икки ракаат ва Усмон билан бошқарувининг аввалида (икки ракаат намоз ўқидим). Кейин эса у намозни тўлиқ ўқий бошлади. Кейин сиз ихтилоф қилдингиз. Мен умид қиламанки, ушбу тўрт ракаатдан менга аввалги икки ракаати қолади». Сўнг Ибн Масъуд ҳам тўрт ракаат ўқиди. Ундан сўрашди: «Сен Усмонни таъна қилиб, ўзинг тўрт ракаат ўқидингми?!» У жавоб берди: «Ихтилоф – ёмонликдир». Ҳадис исноди саҳиҳ. Аҳмад (5/155) Абу Зардан шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган».

Инсон агар ҳилолни кўрса ёки ишончли шахслардан у ҳақида эшитса, қолганлардан алоҳида ҳолда рўза тутишни бошлаши ва якунлаш керакми деган масалада ихтилоф бор. Нима бўлганда ҳам, агар унинг гувоҳлиги қабул қилинмаган бўлса, у ҳилолни кўрганлиги ҳақидаги хабарни, жамиятда фитна тарқатган ҳолда, ёймаслиги лозим. Қолган ибодатларни (ҳайит намози, таровиҳ ...) у ўзининг юртидаги кўпчилик мусулмонлар билан бирга адо этши лозим.
Абу Ҳурайранинг ҳадисида оддий мусулмонлар рўза бошланиши ва тугашини эълон қилишларига, Ийдул фитр ва қурбонлик байрамларини нишонлашга ҳақлари йўқлигига очиқ кўрсатма бор. Ушбу жамоавий ибодат турлари давлат бошлиғи ёки ўлка мусулмонлари бошлиғи назорати остидадир. Мўминлар Аллоҳ таолодан уларнинг қадамларини тўғри йўлда собит қилишини дуо қилган ҳолда, уларнинг қарорларини ҳурмат қилишлари ва уларга итоат этишлари лозим.
Валлоҳу аълам!

This post was last modified: 08-18-2009, 09:51 PM by Меҳмон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Admin   08-04-2010, 09:16 AM
#2
Рўза, ҳайит ва қурбонликда одамлар билан бирга бўлиш

Ой бир-икки кун олдин ёки кейин кўрилса ҳам, ҳайит намози халқ-кўпчилик билан ўқилади ва қурбонлик халқ билан қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо Масруқка: «Қурбонлик – одамлар қурбонлик қилганда, оғиз очиш (рўза тутмаслик) одамлар рўза тутмаганда бўлади» деганлар. Албоний бу ривоятни «Саҳиҳа» (№224)ларида келтирганлар. Бунга яна бир далил: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзангиз – рўза тутганларингизда, оғиз очишингиз (рўза тутмаганингиз) – одамлар оғиз очганда, қурбонлигингиз – одамлар қурбонлик қилаётганда» дедилар. Имом Термизий «Сунан»ларида (№697) келтириб уни ғариб ҳасан деганлар. Албоний «Саҳиҳа» (№224) ва «Ирво» (№905) да саҳиҳ деганлар. Абу Довуд (№2324), Дорақутний (231, 257, 258), Байҳақий (4/251-252) да учта йўл орқали Абу Ҳурайрадан шунга ўхшаш ҳадис келтиришган. Бу Ибн Таймия («Фатаво» 25-114-117) ва баъзи бир бошқа ҳанбалий олимларнинг фикридир.
Агар халқ рўзани ойни кузатиб тутадиган бўлса, киши халқи билан рўза тутиши керак бўлади, гарчи бошқа диёрда рўзани бошқа кунда кўришган бўлишса ҳам, чунки бу иш юқоридаги ҳадисга мувофиқ бўлиб, ихтилофларнинг олдини олади. Буни Албоний «Тамомул-минна» (398-с.)да айтганлар.
Шунинг учун намозда имомга зоҳирий амалларида эргашиш ҳамда қурбонлик қилиш ва ҳайит ўқишда халқ билан бирга бўлиш мусулмонлар ўртасидаги ихтилофларнинг камайишига сабаб бўлади, деган умидда ушбу сатрларни қораладик.
Аллоҳ билгувчироқ.

Admin   07-15-2015, 08:03 AM
#3
Савол: Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Бир саволим бор эди. Туркияда Рамазон 29-кун бўлади, 30-куни бўлмайди, Ҳайит булади деб тақвим чиққан. Бу ерда ойга қараб белгиланмаса экан.
Агар янги ой 29-кунда кўринмаса, лекин давлат эртасига байрам деб эълон қилса, биз нима қилишимиз керак? Рамазонни 30-куни деб ҳисоблаб рўза тутамизми ёки байрам нишонлайверамизми?

Ўктам Абу Абдирраҳман жавоби:
[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/oktam/savol_javob/roza_omma_bilan_boshlanadi_va_tugaydi.mp3[/audio]
Юклаб олиш
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.