Кундузлари йигирма бир соатга узайган халқлар қандай рўза тутадилар?
Савол: Кундузлари йигирма бир соатга узайган халқлар рўза тутиш учун нима қилишади: рўзаларини қандай белгилашади? Шунингдек, кундузлари ўта қисқа бўлган халқлар-чи? Кундузлари ҳам кечалари ҳам олти ой давом этадиган одамлар нима қилишади?
Жавоб: Кеча ва кундузлари йигирма тўрт соат бўлган халқлар кундузлари узун ёки қисқа бўлишидан қатъий назар рўзаларини тутадилар. Гарчи кундузлари қисқа бўлса ҳам, алҳамдулиллаҳ, шу тутишлари кифоядир. Бироқ кундуз ва кечалари бундан кўра узунроқ, масалан, олти ой бўлганлар эса, рўза ва намоз учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол чиқадиган кунни бир йил, (бошқа) кун(лар)ини бир ой ёки бир ҳафта қилиб белгилаганларидек, белгилаб оладилар. Намоз учун ҳам (бир кунни) шундай белгилаб оладилар.
Саудия Арабистонидаги Катта Уламолар Ҳайъати бу масъалани кўриб чиққан ва 12 04 1398 ҳижрий йилнинг 61 сонли қарорини берган. Унинг матни қуйидагичадир:
Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг Расулига, Расулининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Риёзда ўн иккинчи давраси учун 1398 йилнинг рабиъулаввал ойининг биринчи куни тўпланган Катта Уламолар Ҳайъатининг кун тартибида Маккаи Мукаррамадаги Ислом Олами Уюшмаси (Робитатул Оламил Исламий) Бош котибининг 555 сонли ва 16 01 1398 тарихли мактуби кўрилди. У мактуб Малу (Швеция)даги Исломий Жамиятлар Уюшмаси Бош котибининг ушбу мазмундаги сўровини ўз ичига олган эди: Скандинавия давлатларида кундуз ёз кунлари узун, қишда эса қисқа бўлади. Ўзининг жуғрофий ўрнига кўра, шимолий минтақаларда ёзда Қуёш ҳеч ҳам ботмайди. Қишда эса бунинг акси бўлади. У ердаги мусулмонлар рамазон ойида қандай ифтор қилиш ва қандай оғизни бекитиш, шунингдек, намоз вақтларини қандай белгилаш ҳақида ҳам савол бермоқдалар. Сиз жаноби олийларидан уларни қониқтирадиган фатво беришингизни умид қилиб қоламиз. Ва ҳ.к. …
Қўмита менга Илмий Изланишлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси тайёрлаган жавобни ва шу мавзуда илм аҳлларидан нақл қилинган осорларни кўрсатдилар. Узоқ изланиш ва тадқиқотлардан сўнгра Қўмита қуйидагича қарор қилди:
Биринчидан: Кеча ва кундуз тонг отиши ва қуёшнинг ботиши билан ажралиб турадиган ҳамда ёзда кундузлари жуда ҳам узун, қишда эса қисқа бўладиган давлатларда яшаётган одам, беш вақт намозни шаръан белгиланган пайтида ўқийди. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу оятларининг умумий маънолари далолат қилади:
«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини)
ҳам (тўкис адо қилинг)
. Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари)
ҳозир бўладиган намоздир» (Исроъ: 78);
«Албатта, намоз мўминларга (вақти)
тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103).
Бурайда разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намознинг вақтлари ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
«Шу иккисида биз билан намоз ўқи» дея икки кунни назарда тутдилар. Қуёш оғгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга азон айтишни буюрдилар ва у азон айтди. Сўнгра буюрдилар ва у пешин намози учун иқомат (такбир) айтди. Сўнгра амр қилдилар ва Билол аср намозига, қуёш оппоқ бўлиб ҳали кўтарилиб турганида иқомат айтди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар ва Билол шом намозига қуёш ботганида иқомат айтди. Сўнгра буюрдилар ва Билол шафақ ғойиб бўлганида ҳуфтон намози учун иқомат айтди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар ва Билол бамдод намозига субҳи содиқ ёйила бошлаганида иқомат айтди. Иккинчи куни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар ва Билол пешин намозини кечиктирди. Уни анчагина кечиктирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини қуёш кўтарилиб турган бўлсада, аввалги кундагидан кўра кечиктириброқ ўқидилар. Шом намозини эса шафақ йўқолмай туриб, ҳуфтон намозини эса кечанинг учдан бири ўтгач, бамдодни эса (уфқ) сарғайгач ўқидилар. Сўнгра:
«Намоз вақтлари ҳақида сўраган одам қани?» - дедилар. Ҳалиги одам:
«Менман, ё Расулуллоҳ!», дегач:
«Намозларингизнинг вақти шу вақтлар орасидадир» – дедилар (Имом Муслим 969; Имом Аҳмад 21877).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Пешин намозининг вақти – бировнинг сояси ўзининг бўйига тенг келса ва аср вақти кирмаган бўлса. Аср намозининг вақти – (уфқ) сарғаймагуничадир. Шом намозининг вақти – шафақ ғойиб бўлгуничадир. Ҳуфтон намозининг вақти – кечанинг ярмигачадир. Бамдод намозининг вақти эса, субҳи содиқнинг ёйилиб то қуёш чиққуничадир. Агар қуёш кўтарилаётган бўлса, намоз ўқишдан тўхта. Чунки у шайтоннинг икки шохи ўртасидан балқади» (Имом Муслим 966; Имом Аҳмад 6671, 6780, 6966, 7077).
Бундан бошқа беш вақт намознинг вақтларини талаффуз ва амал билан белгилаган ҳадислар кўп бўлиб, бу ҳадислар, модомики, намознинг вақтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилганларидек ажралиб тургудек бўлса, кундуз ва кечанинг узун ва қисқалигини айирмаган. Бу, уларнинг намозларининг вақтларини белгилашларига жавоб ўлароқдир.
Энди уларнинг рамазон рўзасини тутиш вақтларини белгилашга келсак, балоғат ёшига етган ҳар бир кишига ўз юртида, модомики, кундуз уларнинг мамлакатларида кечадан ажралиб турар экан ва кеча ва кундузлари йигирма тўрт соат бўлса, субҳи содиқдан то қуёш ботгунича таом тановул қилишдан, ичимликлар ичишдан ва бошқа рўзани очадиган нарсалардан тийилишлари керак бўлади ва уларнинг гарчи қисқа бўлсада, тунда овқат тановул қилишлари, ичимлик ичишлари ва жинсий алоқа қилишлари мумкин. Чунки шариат ҳукмлари барча давлатларда умумийдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Куннинг узунлиги сабабли рўзасини кечгача етказа олишдан ожиз бўлган ёки аломатлар ёхуд тажрибалар ё ишончли мутахассис докторнинг хабари билан маълум бўлса, ёки гумонига рўзанинг ҳалокатга олиб бориши ёхуд қаттиқ касалликка чалиши ё касаллигининг кучайишига ёки тузалишининг кечикишига сабаб бўлгудек бўлса, рўза тутмайди ва бу рўзасининг қазосини қодир бўлган кунлари тутиб беради. Аллоҳ таоло айтди:
«Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг)
саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач)
тутади» (Бақара: 185);
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
Иккинчидан: Ёзда қуёш ботмайдиган, қишда эса қуёш балқмайдиган ёки кундузлари ва кечалари олти ойдан давом этадиган мамлакатларда яшайдиган одамларнинг ўзларига яқин жойда жойлашган ва намоз вақтлари аниқ бўлган давлатга қараб ҳар йигирма тўрт соатда фарз қилинган беш вақт намозни ўқишлари ва ҳар намознинг вақтларини ўлчаб, белгилашлари керак. Зеро Исроъ ва Меърож ҳақидаги ҳадисда келганидек, Аллоҳ таолонинг ушбу умматга бир кеча ва кундузда эллик вақт намоз ўқиш фарз қилингани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг вақтларини камайтиришни сўрайвердилар ва охири Аллоҳ таоло:
«Ҳой Муҳаммад, улар бир кеча ва кундузда беш маҳал бўлсада, ҳар бир намоз учун ўн(та савоб берилади). Шу (билан) эллик (маҳал) намоздир» - деди. Ҳадиснинг охиригача … (Имом Муслим 234).
Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шу нарса бордир: «Наждлик сочлари хурпайган, ғўлдираганидан ичимиздан гапларини ҳеч ким тушунмаган бир одам келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашди ва Ислом дини ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бир кечаю кундузда беш маҳал намоз ўқиш» - дедилар. Ҳалиги одам:
«Менга бундан бошқаси ҳам борми?», – деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Йўқ, фақат нафл намоз ўқисанг (бўлаверади)» – дедилар» (Имом Бухорий 44, 1758, 2481, 6442; Имом Муслим 12).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг шундай дегани ҳам ворид бўлган: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарсани сўрашни таъқиқланган эди. Шунинг учун ҳам оқил бадавийлардан бири келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол бериши ва биз уни эшитишни суяр эдик. Саҳройилардан бири келиб:
«Ҳой Муҳаммад! Элчингнинг бизга айтишича, Сен – Аллоҳнинг Расули эканингни гумон қилибсан», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Тўғри айтибди», - дедилар. Ҳалиги одам:
«Аллоҳга қасам ичиб айтчи, Сени бунга Аллоҳ буюрдими?!», – деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳа», - деб жавоб бердилар». …
Яна (бу мавзу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига Масиҳуд Дажжол ҳақида ҳам ҳадис айтганларида ворид бўлгандир. Саҳобалар:
«Масиҳуд Дажжол Ер юзида қанча қолади?» – деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Унинг бир(инчи) куни бир йилдек, (иккинчи) кун(и) бир ойдек, (учинчи) кун(и) бир жумадек (бир ҳафтадек), қолган кунлари эса сизларнинг (оддий) кунларингиздек бўлади» - деб жавоб бердилар. Саҳобалар тарафидан:
«Ё Расулуллоҳ, бир йилга тенг бўлган кунда бир кунлик намозни ўқисак кифоями?», – деб савол берилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Йўқ, у куннинг соатларини белгилаб оласизлар!» - деб жавоб бердилар. Бундан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир йилга тенг узунликдаги кунда беш вақт намоз ўқишнинг ўзи етарли эмаслигини айтдилар. Балки ҳар йигирма тўрт соат ичида беш вақт намоз ўқишни фарз қилдилар. Уларни ўз мамлакатларидаги оддий кунларидаги вақтлар орасидаги замон оралиғи эътибори билан, намозларни ўз вақтларига тақсимлаб олишга буюрдилар. Шунинг учун ҳам, намоз вақтларини белгилаш ҳақида сўралаётган мамлакатларда яшаётган мусулмонлар, ўзларига энг яқин бўлган ва кеча ва кундуз айрилиб турадиган ҳамда йигирма тўрт соат ичида беш вақт намоз ўзининг шаръий аломатлари билан билинган давлатнинг вақтларига таяниб, ўзлари учун намоз вақтларини белгилаб олишлари керак.
Шунингдек, уларнинг рамазон ойида рўза тутишлари ҳам фарздир. Шунинг учун ҳам улар рўзаларини белгилашлари ва рамазон ойининг бошланиши ва тугашини, ой бошланганидан то тугагунича ҳар куни рўзаларини қачон бекитиб, қачон очишларини аниқлашлари ва бунда ўзларига яқин бўлган ҳамда кеча ва кундузлари айрилиб турадиган ва иккисининг йиғиндиси йигирма тўрт соат бўладиган давлатдаги субҳи содиқнинг бошланиши ва қуёшнинг ботишини белгилаб олишлари керак. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида Масиҳуд Дажжол ҳақида айтган ҳадисида саҳобаларини у кунлардаги намозларни қандай белгилашлари кераги ҳақидаги йўлланмалари билан айтиб ўтилди. Зеро намоз ва рўза вақтларини белгилаш ўртасида фарқ йўқ.
Аллоҳ тавфиқ эгасидир.
Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.