Қалб ҳолатлари ва унинг муолажаси

Қалб ҳолатлари ва унинг муолажаси

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

بسم الله الرحمن الرحيم

Дарҳақиқат, қалб инсон кўкрагидаги бир парча гўшт бўлиб, хатари улкан, таъсири эса каттадир. Унинг салоҳияти бутун тана ва жамийки аъзолар салоҳиятидир. Унинг фасодга юз тутиши эса жасаднинг бари ва жамийки аъзоларнинг фасодга юз тутишидир. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса, жасаднинг бари салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса, жасаднинг бари фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг! У қалбдир».[1]

Ушбу бир парча гўштнинг хатари нақадар улкан, таъсири эса нақадар катта!! Инсондан юз берадиган ҳар бир ҳаракат ва сукунат, ҳар бир феъл ёки ҳаракатсизлик ушбу бир парча гўшт ирода қилганидан бир шаҳобчадир. Балки аъзолар учун бундан ортда қолишликнинг имкони йўқ. Баъзи салафлар айтишганидек: «Қалб подшоҳ, аъзолар эса унинг лашкари. Агар шоҳ яхши бўлса, қўшин ҳам яхши бўлади. Агар подшоҳ бузилса, лашкар ҳам бузилади». Инсон ислоҳот, саралаш, поклаш ва тозалашлик нуқтаи назаридан ушбу бир парча гўштга аҳамият беришга нақадар ҳам муҳтождир. Ушбу бобда бизгача етиб келган дуолар жумласидан: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар:

اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا

(Аллоҳумма, аати нафсий тақваҳа ва заккиҳа, Анта хойру ман заккаҳа, Анта валийюҳа ва мавлаҳа).

«Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато эт ва уни покла. Сен уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан. Сен унинг Ҳомийси ва Мавлосисан».[2] Ушбу ўринда риоя қилишлик лозим бўладиган энг муҳим нарса, қалблар уни дея яратилган ҳамда уни рўёбга чиқаришлик учун вужудга келтирилган ғояни билиб олишликдир. Огоҳ бўлинг! У Аллоҳни (ибодатда) яккалашлик ва динни Унинг учун холис қилишликдир.

Бу борада қалблар икки турли бўлади:

Биринчи: Аллоҳ билан машғул, ҳақни англовчи, илм ҳақида тафаккур юритувчи ҳамда ушбу ғояни рўёбга чиқаришда тиришувчи қалб. У ана шу билан, дарҳақиқат, ўзининг тўғри ўрнига қўйилган бўлади. Ана шу дамда у икки қиррага эга бўлади: Илм, амал, саъй-ҳаракат, бўйинсуниш, рағбат, талаб, таҳқиқ ва татбиқ нуқтаи назаридан ҳаққа юзланувчи қирра. Ҳамда ботилдан юз ўгирувчи ва унга тушиб қолишдан ҳазар қилган ҳолда ундан бурилиб кетувчи қирра. Унга: Покдомон қалб, тоҳир қалб ва саломат қалб, деб айтилади. Чунки бу номлар қалбни ёмонликдан саломат, ифлосликдан йироқ ҳамда офатлардан халос бўлганига далолат қилади.

Иккинчи: Ботилга киришувчан, уни дея вужудга келтирилган ва уни рўёбга чиқаришлик учун яратилган ғоядан оғувчи қалб. У ҳам икки қиррага эга: Ботилга юз тутувчи, у билан машғул қирраси. Ҳамда ҳақдан юз ўгирувчи, ундан бет бурадиган қирраси. У иккиси ҳақиқатда икки офат: Ҳақдан тўсишлик офати ва ботилга юз тутишлик офати. Ҳар иккисининг катта зарарлари ва хавфли натижалари бор.

Ушбу ғоядан қалбни машғул қиладиган ботил икки турлидир:

Биринчи: Қалбни ҳақдан машғул қиладиган ҳамда дунёга боғлиқлик ва нафс шаҳватларидан келиб чиққан фикр, ғам, ташвиш ва маҳзунлик каби ундаги яхшиликни, унга қайсарлик қилиш ва тўқнаш келишдан холий сиқиб чиқарадиган тур.

Иккинчи: Куфр, мунофиқлик, бидъат ва шунга ўхшашлардан иборат раъй ва исёнкор ҳавои нафсга ўхшаш қалбда мавжуд ҳаққа қайсарлик қиладиган, унга тўқнаш келадиган ва ундан тўсадиган тур.

Биринчиси қалбни сиқади, иккинчиси эса ундаги нарсага тўғаноқ бўлади.[3]

Биринчи муолажа: Қалб ила холис тавҳид ҳамда қалб уни дея яратилган саҳиҳ иймонга қайтиш ва бошқа иш билан машғул бўлмаслик билан бўлади.

Бу борада ворид бўлган ҳадислар жумласидан: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғамгин бўлганларида шундай дердилар:

“لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ الْعَظِيمُ الْحَلِيمُ ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَرَبُّ الْأَرْضِ وَرَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ”

(Ла илаҳа иллаллоҳул Азимул Ҳалим. Ла илаҳа иллаллоҳу Роббул аршил Азим. Ла илаҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Раббул арзи ва Роббул аршил карим)

«Буюк, Ҳалим Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Улкан арш Рабби Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Осмонлар Рабби, ер Рабби ва улуғ арш Рабби Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ».[4] Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Сенга ғам вақтида ёки ғамда айтадиган сўзларни ўргатайми?

اللَّهُ اللَّهُ رَبِّي لَا أُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا

(Аллоҳу, Аллоҳу Роббий. Ла ушрику биҳи шайъа).

Аллоҳ, Аллоҳ Раббим. Унга бирор нарсани ширк келтирмайман» – дедилар».[5] Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бошига ғам тушган кишининг дуоси:

اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو فَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ

(Аллоҳумма роҳматака аржу, фала такилний ила нафсий торфата айн ва аслиҳ лий шаъний куллаҳ. Ла илаҳа илла Ант)

Эй, Аллоҳ! Сенинггина раҳматингни умид қиламан. Мени кўз очиб-юмиш лаҳзасичалик ўзимга ташлаб қўйма. Ишимнинг барини ўнгла. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ».[6] Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Зуннуннинг балиқ-(кит) қорнида экан дуо қилгандаги дуоси:

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنْ الظَّالِمِينَ

(Ла илаҳа илла Анта субҳанака инний кунту мин аз-золимин)

«Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сен барча айбу нуқсонлардан поксан. Дарҳақиқат, мен зулм қилувчилардан бўлдим». Шу (дуо) билан мусулмон киши бирор нарса борасида дуо қилса, албатта, Аллоҳ уни ижобат қилади».[7]

Ушбу ҳадисларда ворид бўлган ана шу жамийки калималар иймон, тавҳид, Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қўйиш, ширкнинг бари, каттаси-ю кичигидан йироқ бўлиш калималаридир. Бундан, ғамни аритадиган энг улкан нарса – иймонни янгилаш, тавҳид калимаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни такрорлаш эканига энг ёрқин далолат бор эканини ўрганамиз. Чунки Аллоҳни (ибодатда) яккалаш, динни Унинг учун холис қилиш ҳамда банда уни дея яратилган ва уни рўёбга чиқаришлик учун вужудга келтирилган ибодатни рўёбга чиқаришликчалик бандадан шиддатни кетказадиган ва ундан ташвишни кўтарадиган бирор нарса йўқдир. Дарҳақиқат, қалбга тавҳид ва ихлос ила кўрк берилганда ҳамда ишларнинг энг улкани ва мутлақ энг олийси бўлмиш ана шу буюк иш билан машғул қилинса, ундан ташвишлар кетади, шиддат ва ғамлар завол топади ва ғоятда саодатман бўлади.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тавҳид ўзининг ёв ва ёронлари бошпанасидир. Унинг душманларига келсак, бас, у (тавҳид) уларга дунё ғам, андуҳларидан нажот беради: «Қачон улар кемага минсалар (ғарқ бўлишдан кўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!» (Анкабут: 65). Унинг дўстларига келсак, бас, у (тавҳид) уларга дунё-ю охират ғам, андуҳларидан нажот беради. Шунинг учун Юнус унга бош уриб келди. Шунда Аллоҳ унга ўша зулуматлардан нажот берди. Расулларнинг издошлари унга бош урдилар, шунда у сабабли мушриклар дунёда азобланишаётган ва охиратда улар учун ҳозирлаб қўйилган нарса-(азоб)дан нажот топдилар. Қачонки Фиръавн ҳалокат ва ғарқ бўлишини ўз кўзи билан кўргач унга таянганда, бу унга фойда келтирмади. Чунки кўз кўриб турган вақтда иймон келтиришлик қабул қилинмайди. Бу Аллоҳнинг бандаларидаги суннатидир. Дунё шиддатлари тавҳидга ўхшашичалик (нарса) билан даф қилинмаган. Шунинг учун бошига ғам тушган одамнинг дуоси тавҳиддир. Бошига ташвиш тушган киши у ила дуо қилганда Аллоҳ албатта унга тавҳид сабаб енгиллик берадиган Зуннуннинг дуоси. Демак, катта ташвишга фақат ширк илқитади. Ундан эса фақат тавҳид нажот беради. У махлуқотларнинг таянчи, бошпанаси, қўрғони ва қутулишидир. Тавфиқ Аллоҳнинг Қўлида».[8] Сўзи тугади.

Иккинчи муолажа ушбу тўғри динга ҳидоят топиш ва унга киришга муваффақ бўлиш билан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас ўзи Роббиси томонидан бир нур — ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?!» (Зумар: 22).

Ушбу диндан оғган, ҳидоятдан бет бурган ҳар бир кимсанинг қалби касал, ҳамда унга ушбу динга киришдан ўзга шифо йўқ. У ғоятда чанқоқ ва ташналикда бўлиб, уни фақат ушбу соф диннинг булоғи ва зилол чашмаси қондиради.

Ушбу динга ҳидоят қилинганлардан бири деди: «Ғайри мусулмонлар ақида ва миллатлари турли эканидан қатъий назар ташна одамлардир. Балки чанқоқ қаттиқлигидан ҳалок бўла ёзадилар. Чунки улар чириган ақидаларида, хоҳ у (ақида) ўзгартирилган ёки ақллари меросидан ташкил топган бўлсин чанқоқларини қондирадиган нарса топ олишмади. Ажабланарлиси шуки, ундан ичишгани сари ташналиклари зиёда бўлди. Мен ҳам ўшалардан бири эдим. Аллоҳга қасамки, ушбу зилол, соф дин дарёсидан сипқирганимдан кейингина қондим. «Бас, барча ҳамду сано осмонлар Роббиси, ер Роббиси, бутун оламлар Роббиси – Аллоҳ учундир» (Жосия: 36)».[9] Куч ва қувват Олий, Буюк Аллоҳ билангинадир.

 

Мақоланинг асл манбаси: http://al-badr.net/muqolat/2555

Манба: Тавҳид форуми

_____________________________________________

[1] Бухорий (52) ва Муслим (1599).

[2] Муслим (2722).

[3] Ибн Саъдий «Ториқ ал-Вусул» (162-163).

[4] Бухорий (6346) ва Муслим (2703).

[5] Абу Довуд (1525), Ибн Можжа (3882), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ат-Тарғиб» (1824)да саҳиҳ деди.

[6] Абу Довуд (5090), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ал-Жомеъ» (3388)да «Ҳасан» даражасида деди.

[7] Термизий (3505), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ ал-Жоме» (3383)да саҳиҳ деди.

[8] «Фавоид» (95-96).

[9] Муҳаммад Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Синийнинг «Эслатма»сидан.

4 thoughts on “Қалб ҳолатлари ва унинг муолажаси

  1. assalomu aleykum va rohmatullohi va barokatuhu.Bir odam qazo namozlari bor vafot etsa, shu odamni bollari bo’lsa,qazolarini o’qib bersa bo’ladimi.

    1. Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Биров бировнинг номидан намоз ўқимайди. Чунки намоз бадан ибодати бўлиб, на тирик ва на ўлик номидан бирон ўқимайди.
      Бу ҳақида кенгроқ маълумот олиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:
      https://tavhid.com/forum/showthread.php?tid=2552

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan