PDF WORD

Қалб ва тил саломатлиги

Қалб ва тил саломатлиги

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

بسم الله الرحمن الرحيم

Мўминларнинг иймонлари комил, динлари тўкис ва хулқлари олий эканига далолат қилувчи улкан белги ва мукаррам сифатларидан бири: мўмин биродарлари рўбарўсида қалб ва тиллари саломат эканидир. Қалбларида ҳасад ёки ғилли-ғашлик ёҳуд буғзу-адоват ёкида кек-(нафрат) йўқ. Тилларида эса ғийбат ёки чақимчилик ёҳуд ёлғон ёкида обрў тўкишлик йўқ. Балки қалбларида фақат муҳаббат, хайр, раҳм, яхшилик қилиш, меҳр ва иззат-икром қилишликни юклаганлар. Тиллари билан эса фақат фойдали калима, манфаатли сўз ва роcтгўй дуоларни талаффуз қиладилар.

Ана ўшалар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғиллиғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан»» (Ҳашр: 10). Раббилари уларни икки улкан сифат ва икки буюк зийнат билан васф қилди. Бири тилга тааллуқлидир. Тилларида мўмин биродарлари рўбарасида фақат насиҳат-(самимийлик) ва дуо мавжуд. «Айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин». Иккинчи хислат эса қалбга тааллуқли. Қалблари биродарлари қаршисида саломат. Унда ғилли-ғаш ёки ҳасад ёҳуд кек-адоват ёкида кин йўқ.

Қалб ва тил саломатлиги иймоннинг тугал ва мукаммал эканига энг ёрқин далил ва энг ростгўй ҳужжатлардандир. Дарҳақиқат, салафлар раҳимаҳумуллоҳ қалб ва тили саломат кишини ўрталаридаги энг афзали деб ҳисоблардилар. Иёс ибн Муовия ибн Қурра (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Уларнинг наздидаги энг афзаллари (яъни салафлар наздида) қалби энг саломат ва ғийбати энг озлари эди». Суфён ибн Дийнор (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Абу Башрга дедим: «Бизлардан олдингиларнинг амаллари ҳақида менга хабар беринг». У киши: «Улар оз амал қилардилар ва кўп ажрга сазовор бўлардилар», деди. Мен: «Ахир, бу қандай?» – дедим. У киши: «Қалблари саломат бўлгани учун», деди».

Дарҳақиқат, ўша сара зотларнинг қалб ва тиллари саломат эканининг энг улкан сабаби, Аллоҳга кучли боғланишлари ва Ундан ниҳоятда рози эканликларидир. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Албатта, у (яъни, Аллоҳдан рози бўлишлик) унга саломатлик эшигини очади. Натижада қалбини ғилли-ғаш ва иллатдан саломат, пок қилиб қўяди. Аллоҳнинг азобидан эса фақат Аллоҳга саломат қалб билан келган кишигина нажот топади. Шунингдек, ғазаб ва норозилик билан қалб саломат бўлиши мустаҳилдир. Банданинг розилиги кучайгани сари қалби саломатроқ бўлиб бораверади. Кирлик, иллат ва ғилли-ғашлик ғазабнинг ҳамроҳидир. Қалб саломатлиги, унинг эзгу ва самимийлиги эса розилик ҳамроҳидир. Шунингдек, ҳасад – ғазаб самараларидан. Қалбнинг ундан саломат экани эса розилик самараларидандир». Сўзи тугади.

Розилик меваларидан бири бўлмиш қалб саломатлиги самараларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Кўнгил саломатлиги дунёда роҳат, унсият ва ҳотиржамликдир. Охиратдаги савоби эса савобларнинг энг яхшиси ва унинг ўлжаси, ўлжаларнинг энг каттаси.

Абу Дужона розияллоҳу анҳу бемор эканлар, у кишининг ҳузурларига кирилган вақт юзлари хурсандликдан ёнарди. У кишига: «Юзингизга не бўлдики, хурсанд кўринадур? – дейилди. Шунда у киши: Менинг наздимда икки нарсадан кўра ишончлироқ бирор амал йўқ: Мен фақат ўзимга тегишли бўлган нарсалар ҳақида сўз очар эдим. Бошқаси эса, қалбим мусулмонларга нисбатан саломат эди» – дедилар.

Мусулмонга биродарларига нисбатан қалб ва тилининг саломат бўлиши учун кўмакчи бўладиган нарсалардан бири: Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилиш, Ундан сидқ ва ихлос ила сўрашлик, бунинг самараси ўлароқ дунё ва охиратдаги мақтовга сазовор оқибат ва муборак натижаларига боқишликдир. Шунингдек, қалбида ғилли-ғаш ёки кек-адоват ёҳуд ҳасад ё шунга ўхшашлар бўлган кимса ҳосил қиладиган ва эришадиган ёмон оқибат ва хавфли натижаларга назар ташлашликдир.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган кўплаб дуоларда Аллоҳдан қалб ҳидояти, унинг саломат ва собитқадамлигини сўраганлари собит бўлган. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар: «… Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато эт ва уни покла! Сен уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан… Эй, Аллоҳ! Мен Сендан фойдасиз илм ва бўйинсунмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман…».[1] Анас розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб кўп айтардилар: «Эй, қалбларни бурувчи! Қалбимни динингда собитқадам қил!»».[2] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида шундай дердилар: «Эй, Аллоҳ! Қалбимга нур жо айла!»[3] Ва бундан бошқа у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуои шарифлари.

Ҳар бир мусулмонга қалбини ўнглаш, дилини поклаш ва тубан истак, пасткаш шаҳват ва қуйи ғоялардан уни тозалашда нафсига қарши беаёв кураш олиб бориши вожибдир. Ҳамда Аллоҳга саломат қалб билан йўлиқиши учун ҳаёти давомида шунга сабр қилади.

Қалб ва тил саломатлиги бобида улкан, фойдали дуолардан бири, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан собит бўлган ҳадисдир. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) деди: «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Менга тонг отганда ва кеч кирганда айтадиган бир нарсага буюринг». У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй, Аллоҳ! Ғайбу шаҳодатни Билувчи, осмонлар ва ерни илк Яратувчи, барча нарсанинг Рабби ва Эгаси! Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Нафсим ҳамда шайтон ёмонлиги ва ширкидан Сенинг паноҳинга қочаман». Бошқа бир ривоятда: «Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан паноҳ сўрайман, деб айтасиз» – дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уни тонг отганда ва кеч кирганда ҳамда ўрнингизга ётганда айтасиз» – дедилар.[4]

Дарҳақиқат, ушбу буюк ҳадис ёмонлик, унинг сабаблари ва ғоясидан Аллоҳнинг паноҳига қочишликни ўз ичига олган. Ёмонликнинг бари, ё нафсдан ёки шайтондан содир бўлади. Шунда у иккисидан ушбу қавлида Аллоҳдан паноҳ сўрайди: «Нафсим ҳамда шайтон ёмонлиги ва ширкидан Сенинг паноҳинга қочаман». Ёмонликнинг ниҳояси эса, ё амал қилувчининг ўзига ёки мусулмон биродарига қайтади. Ҳадисда эса ана шундан паноҳ сўрашликни ўрганамиз: «Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан паноҳ сўрайман».

Ушбу ҳадис ёмонлик содир бўладиган унинг икки манбаси ҳамда уларга бориб тақаладиган икки чўққисидан паноҳ сўрашликни ўз ичига олгандир. Эй Аллоҳ! Қандай ҳам мукаммал дуо, мақсадлари қандай ҳам гўзал, далолати қандай ҳам ажойиб! Ҳамда Буюк Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатма берганларидек, мусулмон киши уни тонги ва кечки зикрлари ҳамда уйқу олди одат тусига киргазиши қандай ҳам чиройлидир!

 

Мақоланинг асл манбаси: http://al-badr.net/muqolat/2556

Манба: Тавҳид форуми

 


 

[1] Муслим (2722).

[2] Термизий (2140), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан Термизий» (1739)да саҳиҳ деди.

[3] Бухорий (6316), Муслим (763).

[4] Термизий (3392, 3529), Абу Довуд (5067, 5083), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан Термизий» (2701)да саҳиҳ деди.

Фикр билдиринг