mutaallim   03-02-2014, 07:18 AM
#1
Қалб ва тил саломатлиги

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Мўминларнинг иймонлари комил, динлари тўкис ва хулқлари олий эканига далолат қилувчи улкан белги ва мукаррам сифатларидан бири: мўмин биродарлари рўбарўсида қалб ва тиллари саломат эканидир. Қалбларида ҳасад ёки ғилли-ғашлик ёҳуд буғзу-адоват ёкида кек-(нафрат) йўқ. Тилларида эса ғийбат ёки чақимчилик ёҳуд ёлғон ёкида обрў тўкишлик йўқ. Балки қалбларида фақат муҳаббат, хайр, раҳм, яхшилик қилиш, меҳр ва иззат-икром қилишликни юклаганлар. Тиллари билан эса фақат фойдали калима, манфаатли сўз ва ротгўй дуоларни талаффуз қиладилар.
Ана ўшалар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан»”. (Ҳашр: 10). Раббилари уларни икки улкан сифат ва икки буюк зийнат билан васф қилди. Бири тилга тааллуқлидир. Тилларида мўмин биродарлари рўбарасида фақат насиҳат-(самимийлик) ва дуо мавжуд. “Айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин”. Иккинчи хислат эса қалбга тааллуқли. Қалблари биродарлари қаршисида саломат. Унда ғилли-ғаш ёки ҳасад ёҳуд кек-адоват ёкида кин йўқ.
Қалб ва тил саломатлиги иймоннинг тугал ва мукаммал эканига энг ёрқин далил ва энг ростгўй ҳужжатлардандир. Дарҳақиқат, салафлар раҳимаҳумуллоҳ қалб ва тили саломат кишини ўрталаридаги энг афзали деб ҳисоблардилар. Иёс ибн Муовия ибн Қурра (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: “Уларнинг наздидаги энг афзаллари –яъни салафлар наздида- қалби энг саломат ва ғийбати энг озлари эди”. Суфён ибн Дийнор (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: “Абу Башрга дедим: Бизлардан олдингиларнинг амаллари ҳақида менга хабар беринг. У киши: Улар оз амал қилардилар ва кўп ажрга сазовор бўлардилар, деди. Мен: Ахир, бу қандай?-дедим. У киши: Қалблари саломат бўлгани учун, деди”.
Дарҳақиқат, ўша сара зотларнинг қалб ва тиллари саломат эканининг энг улкан сабаби, Аллоҳга кучли боғланишлари ва Ундан ниҳоятда рози эканликларидир. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: “Албатта, у –яъни, Аллоҳдан рози бўлишлик- унга саломатлик эшигини очади. Натижада қалбини ғилли-ғаш, ва иллатдан саломат, пок қилиб қўяди. Аллоҳнинг азобидан эса фақат Аллоҳга саломат қалб билан келган кишигина нажот топади. Шунингдек, ғазаб ва норозилик билан қалб саломат бўлиши мустаҳилдир. Банданинг розилиги кучайгани сари қалби саломатроқ бўлиб бораверади. Кирлик, иллат ва ғилли-ғашлик ғазабнинг ҳамроҳидир. Қалб саломатлиги, унинг эзгу ва самимийлиги эса розилик ҳамроҳидир. Шунингдек, ҳасад – ғазаб самараларидан. Қалбнинг ундан саломат экани эса розилик самараларидандир”. Сўзи тугади.
Розилик меваларидан бири бўлмиш қалб саломатлиги самараларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Кўнгил саломатлиги дунёда роҳат, унсият ва ҳотиржамликдир. Охиратдаги савоби эса савобларнинг энг яхшиси ва унинг ўлжаси, ўлжаларнинг энг каттаси.
Абу Дужона розияллоҳу анҳу бемор эканлар, у кишининг ҳузурларига кирилган вақт юзлари хурсандликдан ёнарди. У кишига: “Юзингизга не бўлдики, хурсанд кўринадур?-дейилди. Шунда у киши: Менинг наздимда икки нарсадан кўра ишончлироқ бирор амал йўқ: Мен фақат ўзимга тегишли бўлган нарсалар ҳақида сўз очар эдим. Бошқаси эса, қалбим мусулмонларга нисбатан саломат эди”- дедилар.
Мусулмонга биродарларига нисбатан қалб ва тилининг саломат бўлиши учун кўмакчи бўладиган нарсалардан бири: Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилиш, Ундан сидқ ва ихлос ила сўрашлик, бунинг самараси ўлароқ дунё ва охиратдаги мақтовга сазовор оқибат ва муборак натижаларига боқишликдир. Шунингдек, қалбида ғилли-ғаш ёки кек-адоват ёҳуд ҳасад ё шунга ўхшашлар бўлган кимса ҳосил қиладиган ва эришадиган ёмон оқибат ва хавфли натижаларга назар ташлашликдир.
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган кўплаб дуоларда Аллоҳдан қалб ҳидояти, унинг саломат ва собитқадамлигини сўраганлари собит бўлган. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар: “… Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато эт ва уни покла! Сен уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан… Эй, Аллоҳ! Мен Сендан фойдасиз илм ва бўйинсунмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман…”. (Муслим (2722)). Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб кўп айтардилар: “Эй, қалбларни бурувчи! Қалбимни динингда собитқадам қил!”. (Термизий (2140), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ Сунан Термизий” (1739)да саҳиҳ деди). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида шундай дердилар: “Эй, Аллоҳ! Қалбимга нур жо айла!”. (Бухорий (6316), Муслим (763)). Ва бундан бошқа у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуои шарифлари.
Ҳар бир мусулмонга қалбини ўнглаш, дилини поклаш ва тубан истак, пасткаш шаҳват ва қуйи ғоялардан уни тозалашда нафсига қарши беаёв кураш олиб бориши вожибдир. Ҳамда Аллоҳга саломат қалб билан йўлиқиши учун ҳаёти давомида шунга сабр қилади.
Қалб ва тил саломатлиги бобида улкан, фойдали дуолардан бири, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан собит бўлган ҳадисдир. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) деди: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Менга тонг отганда ва кеч кирганда айтадиган бир нарсага буюринг. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Аллоҳ! Ғайбу шаҳодатни Билувчи, осмонлар ва ерни илк Яратувчи, барча нарсанинг Рабби ва Эгаси! Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Нафсим ҳамда шайтон ёмонлиги ва ширкидан Сенинг паноҳинга қочаман”. Бошқа бир ривоятда: “Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан паноҳ сўрайман, деб айтасиз”-дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни тонг отганда ва кеч кирганда ҳамда ўрнингизга ётганда айтасиз”-дедилар. (Термизий (3392, 3529), Абу Довуд (5067, 5083), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ Сунан Термизий” (2701)да саҳиҳ деди).
Дарҳақиқат, ушбу буюк ҳадис ёмонлик, унинг сабаблари ва ғоясидан Аллоҳнинг паноҳига қочишликни ўз ичига олган. Ёмонликнинг бари, ё нафсдан ёки шайтондан содир бўлади. Шунда у иккисидан ушбу қавлида Аллоҳдан паноҳ сўрайди: “Нафсим ҳамда шайтон ёмонлиги ва ширкидан Сенинг паноҳинга қочаман”. Ёмонликнинг ниҳояси эса, ё амал қилувчининг ўзига ёки мусулмон биродарига қайтади. Ҳадисда эса ана шундан паноҳ сўрашликни ўрганамиз: “Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан паноҳ сўрайман”.
Ушбу ҳадис ёмонлик содир бўладиган унинг икки манбаси ҳамда уларга бориб тақаладиган икки чўққисидан паноҳ сўрашликни ўз ичига олгандир. Эй, Аллоҳ! Қандай ҳам мукаммал дуо, мақсадлари қандай ҳам гўзал, далолати қандай ҳам ажойиб! Ҳамда Буюк Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатма берганларидек, мусулмон киши уни тонги ва кечки зикрлари ҳамда уйқу олди одат тусига киргазиши қандай ҳам чиройлидир!
mutaallim   03-06-2014, 12:39 AM
#2
Қалб ҳолатлари ва унинг муолажаси

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Дарҳақиқат, қалб инсон кўкрагидаги бир парча гўш бўлиб, хатари улкан, таъсири эса каттадир. Унинг салоҳияти бутун тана ва жамийки аъзолар салоҳиятидир. Унинг фасодга юз тутиши эса жасаднинг бари ва жамийки аъзоларнинг фасодга юз тутишидир. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “… Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўш бор. Агар у салоҳиятли бўлса, жасаднинг бари салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса, жасаднинг бари фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг! У қалбдир”. (Бухорий (52) ва Муслим (1599)).
Ушбу бир парча гўшнинг хатари нақадар улкан, таъсири эса нақадар катта!! Инсондан юз берадиган ҳар бир ҳаракат ва сукунат, ҳар бир феъл ёки ҳаракатсизлик ушбу бир парча гўш ирода қилганидан бир шаҳобчадир. Балки аъзолар учун бундан ортда қолишликнинг имкони йўқ. Баъзи салафлар айтишганидек: “Қалб подшоҳ, аъзолар эса унинг лашкари. Агар шоҳ яхши бўлса, қўшин ҳам яхши бўлади. Агар подшоҳ бузилса, лашкар ҳам бузилади”. Инсон ислоҳот, саралаш, поклаш ва тозалашлик нуқтаи назаридан ушбу бир парча гўшга аҳамият беришга нақадар ҳам муҳтождир. Ушбу бобда бизгача етиб келган дуолар жумласидан: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар:
“اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا

(Аллоҳумма, аати нафсий тақваҳа ва заккиҳа, Анта хойру ман заккаҳа, Анта валийюҳа ва мавлаҳа)
Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато эт ва уни покла. Сен уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан. Сен унинг Ҳомийси ва Мавлосисан”. (Муслим (2722)). Ушбу ўринда риоя қилишлик лозим бўладиган энг муҳим нарса, қалблар уни дея яратилган ҳамда уни рўёбга чиқаришлик учун вужудга келтирилган ғояни билиб олишликдир. Огоҳ бўлинг! У Аллоҳни (ибодатда) яккалашлик ва динни Унинг учун холис қилишликдир.
Бу борада қалблар икки турли бўлади:
Биринчи: Аллоҳ билан машғул, ҳақни англовчи, илм ҳақида тафаккур юритувчи ҳамда ушбу ғояни рўёбга чиқаришда тиришувчи қалб. У ана шу билан, дарҳақиқат, ўзининг тўғри ўрнига қўйилган бўлади. Ана шу дамда у икки қиррага эга бўлади: Илм, амал, саъй-ҳаракат, бўйинсуниш, рағбат, талаб, таҳқиқ ва татбиқ нуқтаи назаридан ҳаққа юзланувчи қирра. Ҳамда ботилдан юз ўгирувчи ва унга тушиб қолишдан ҳазар қилган ҳолда ундан бурилиб кетувчи қирра. Унга: Покдомон қалб, тоҳир қалб ва саломат қалб, деб айтилади. Чунки бу номлар қалбни ёмонликдан саломат, ифлосликдан йироқ ҳамда офатлардан халос бўлганига далолат қилади.
Иккинчи: Ботилга киришувчан, уни дея вужудга келтирилган ва уни рўёбга чиқаришлик учун яратилган ғоядан оғувчи қалб. У ҳам икки қиррага эга: Ботилга юз тутувчи, у билан машғул қирраси. Ҳамда ҳақдан юз ўгирувчи, ундан бет бурадиган қирраси. У иккиси ҳақиқатда икки офат: Ҳақдан тўсишлик офати ва ботилга юз тутишлик офати. Ҳар иккисининг катта зарарлари ва хавфли натижалари бор.
Ушбу ғоядан қалбни машғул қиладиган ботил икки турлидир:
Биринчи: Қалбни ҳақдан машғул қиладиган ҳамда дунёга боғлиқлик ва нафс шаҳватларидан келиб чиққан фикр, ғам, ташвиш ва маҳзунлик каби ундаги яхшиликни, унга қайсарлик қилиш ва тўқнаш келишдан холий сиқиб чиқарадиган тур.
Иккинчи: Куфр, мунофиқлик, бидъат ва шунга ўхшашлардан иборат раъй ва исёнкор ҳавои нафсга ўхшаш қалбда мавжуд ҳаққа қайсарлик қиладиган, унга тўқнаш келадиган ва ундан тўсадиган тур.
Биринчиси қалбни сиқади, иккинчиси эса ундаги нарсага тўғаноқ бўлади. (Ибн Саъдий “Ториқ ал-Вусул” (162-163)).
Биринчи муолажа: Қалб ила холис тавҳид ҳамда қалб уни дея яратилган саҳиҳ иймонга қайтиш ва бошқа иш билан машғул бўлмаслик билан бўлади.
Бу борада ворид бўлган ҳадислар жумласидан: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғамгин бўлганларида шундай дердилар:
“لَ
ا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ الْعَظِيمُ الْحَلِيمُ ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَرَبُّ الْأَرْضِ وَرَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ”

(Ла илаҳа иллаллоҳул Азимул Ҳалим. Ла илаҳа иллаллоҳу Роббул аршил Азим. Ла илаҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Раббул арзи ва Роббул аршил карим)
Буюк, Ҳалим Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Улкан арш Рабби Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Осмонлар Рабби, ер Рабби ва улуғ арш Рабби Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”. (Бухорий (6346) ва Муслим (2703)). Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сенга ғам вақтида ёки ғамда айтадиган сўзларни ўргатайми?
اللَّ
هُ اللَّهُ رَبِّي لَا أُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا

(Аллоҳу, Аллоҳу Роббий. Ла ушрику биҳи шайъа).
Аллоҳ, Аллоҳ Раббим. Унга бирор нарсани ширк келтирмайман”-дедилар”. (Абу Довуд (1525), Ибн Можжа (3882), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ат-Тарғиб” (1824)да саҳиҳ деди). Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бошига ғам тушган кишининг дуоси:
اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو فَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ

(Аллоҳумма роҳматака аржу, фала такилний ила нафсий торфата айн ва аслиҳ лий шаъний куллаҳ. Ла илаҳа илла Ант)
Эй, Аллоҳ! Сенинггина раҳматингни умид қиламан. Мени кўз очиб-юмиш лаҳзасичалик ўзимга ташлаб қўйма. Ишимнинг барини ўнгла. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”. (Абу Довуд (5090), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Жомеъ” (3388)да “Ҳасан” даражасида деди). Саъд ибн абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Зуннуннинг балиқ-(кит) қорнида экан дуо қилгандаги дуоси:
لَ
ا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنْ الظَّالِمِينَ

(Ла илаҳа илла Анта субҳанака инний кунту мин аз-золимин)
Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сен барча айбу нуқсонлардан поксан. Дарҳақиқат, мен зулм қилувчилардан бўлдим. Шу (дуо) билан мусулмон киши бирор нарса борасида дуо қилса, албатта, Аллоҳ уни ижобат қилади”. (Термизий (3505), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Жоме” (3383)да саҳиҳ деди).
Ушбу ҳадисларда ворид бўлган ана шу жамийки калималар иймон, тавҳид, Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қўйиш, ширкнинг бари, каттаси-ю кичигидан йироқ бўлиш калималаридир. Бундан, ғамни аритадиган энг улкан нарса – иймонни янгилаш, тавҳид калимаси бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни такрорлаш эканига энг ёрқин далолат бор эканини ўрганамиз. Чунки Аллоҳни (ибодатда) яккалаш, динни Унинг учун холис қилиш ҳамда банда уни дея яратилган ва уни рўёбга чиқаришлик учун вужудга келтирилган ибодатни рўёбга чиқаришликчалик бандадан шиддатни кетказадиган ва ундан ташвишни кўтарадиган бирор нарса йўқдир. Дарҳақиқат, қалбга тавҳид ва ихлос ила кўрк берилганда ҳамда ишларнинг энг улкани ва мутлақ энг олийси бўлмиш ана шу буюк иш билан машғул қилинса, ундан ташвишлар кетади, шиддат ва ғамлар завол топади ва ғоятда саодатман бўлади.
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Тавҳид ўзининг ёв ва ёронлари бошпанасидир. Унинг душманларига келсак, бас, у (тавҳид) уларга дунё ғам, андуҳларидан нажот беради: “Қачон улар кемага минсалар (ғарқ бўлишдан кўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!”. (Анкабут: 65). Унинг дўстларига келсак, бас, у (тавҳид) уларга дунё-ю охират ғам, андуҳларидан нажот беради. Шунинг учун Юнус унга бош уриб келди. Шунда Аллоҳ унга ўша зулуматлардан нажот берди. Расулларнинг издошлари унга бош урдилар, шунда у сабабли мушриклар дунёда азобланишаётган ва охиратда улар учун ҳозирлаб қўйилган нарса-(азоб)дан нажот топдилар. Қачонки Фиръавн ҳалокат ва ғарқ бўлишини ўз кўзи билан кўргач унга таянганда, бу унга фойда келтирмади. Чунки кўз кўриб турган вақтда иймон келтиришлик қабул қилинмайди. Бу, Аллоҳнинг бандаларидаги суннатидир. Дунё шиддатлари тавҳидга ўхшашичалик (нарса) билан даф қилинмаган. Шунинг учун бошига ғам тушган одамнинг дуоси тавҳиддир. Бошига ташвиш тушган киши у ила дуо қилганда Аллоҳ албатта унга тавҳид сабаб енгиллик берадиган Зуннуннинг дуоси. Демак, катта ташвишга фақат ширк илқитади. Ундан эса фақат тавҳид нажот беради. У махлуқотларнинг таянчи, бошпанаси, қўрғони ва қутулишидир. Тавфиқ Аллоҳнинг Қўлида”. Сўзи тугади. (“Фавоид” (95-96)).
Иккинчи муолажа ушбу тўғри динга ҳидоят топиш ва унга киришга муваффақ бўлиш билан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас ўзи Парвардигори томонидан бир нур — ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?!”. (Зумар: 22).
Ушбу диндан оғган, ҳидоятдан бет бурган ҳар бир кимсанинг қалби касал ҳамда унга ушбу динга киришдан ўзга шифо йўқ. У ғоятда чанқоқ ва ташналикда бўлиб, уни фақат ушбу соф диннинг булоғи ва зилол чашмаси қондиради.
Ушбу динга ҳидоят қилинганлардан бири деди: “Ғайри мусулмонлар ақида ва миллатлари турли эканидан қатъий назар ташна одамлардир. Балки чанқоқ қаттиқлигидан ҳалок бўла ёзадилар. Чунки улар чириган ақидаларида, хоҳ у (ақида) ўзгартирилган ёки ақллари меросидан ташкил топган бўлсин чанқоқларини қондирадиган нарса топ олишмади. Ажабланарлиси шуки, ундан ичишгани сари ташналиклари зиёда бўлди. Мен ҳам ўшалардан бири эдим. Аллоҳга қасамки, ушбу зилол, соф дин дарёсидан сипқирганимдан кейингина қондим. “Бас, барча ҳамду сано осмонлар Парвардигори, ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳ учундир”. (Жосия: 36)”. (Муҳаммад Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Синийнинг “Эслатма”сидан). Куч ва қувват Олий, Буюк Аллоҳ билангинадир.
mutaallim   03-10-2014, 09:36 AM
#3
Қалбларни ислоҳ қилиш

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Мусулмон ислоҳ қилиши ва эътибор қаратиши лозим бўладиган энг муҳим нарса ўз ичидаги қалбидир. Чунки қалб амаллар асоси ва тана ҳаракатининг асли. У жасадга нисбатан, шоҳнинг ўз қўшинига нисбатан тутган ўрнидек. Агар қалб яхши бўлса, тана яхши бўлади, агар (қалб) айниса (тана) ҳам айниди.
У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбни ислоҳ қилишга қаттиқ эътибор қаратардилар ва унга тўла аҳамият берардилар. Ва бунга кўплаб ҳадиси шарифларида буюрардилар ҳамда буни кўплаб юксак дуолари зимнида ёдга олардилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дуоларида шундай дердилар: “Эй, Аллоҳ! Қалбимга нур жо айла!”. (Бухорий (6316) ва Муслим (763) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят). Дуоларида шундай дердилар: “Эй, Аллоҳ! Мен Сендан бўйсинмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман”. (Муслим (2722), Зайд ибн Арқом розияллоҳу анҳудан ривоят). У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида яна шундай дердилар: “Эй, Аллоҳ! Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни хатолардан тозала!”. (Бухорий (6375) ва Муслим (589), Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят). Яна шундай дердилар: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато эт ва уни покла! Сен уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан. Сен унинг Ҳомий ва Мавлосисан”. (Муслим (2722), Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва айтардиларки: “Эй, қалбларни буриб қўювчи! Қалбимни динингда собитқадам қил!”. (Термизий (2140), Анас розияллоҳу анҳудан ривоят. Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ Сунан Термизий” (1739)да саҳиҳ деди).
Ҳар бир мусулмонга зоҳирини ислоҳ қилишга аҳамият бериши ва амалларини мукаммал қилишга эътибор қаратиши билан бирга қалбини поклаш, уни ислоҳ қилиш ва (кирлардан) тозалашга аҳамият қаратиши вожиб бўлади. Зеро ботин фасодга юз тутиши билан зоҳирнинг салоҳиятли бўлиши эътиборсиздир. Қачонки мусулмон қалбини покловчи амаллар, ихлос, сидқ, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат билан ислоҳ қилса, аъзолари тўғри-(устивор), зоҳири эса салоҳиятли бўлади. Нўмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларида ворид бўлганидек: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяётганларини эшитдим: “Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса бутун тана салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса бутун жасад фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг! У қалбдир”. (Бухорий (52) ва Муслим (1599)).
Ушбу буюк ҳадисда банданинг зоҳирий ҳаракатларининг салоҳиятли бўлиши, қалби ва ботин ҳаракатининг салоҳиятли бўлиши ҳисобичалик эканига очиқ ишора бор. Агар қалби саломат бўлса, унда фақат Аллоҳга ва Аллоҳ яхши кўрадиган нарсаларга муҳаббат ҳамда Аллоҳдан ва У ёмон кўрадиган нарсаларга қўл уришдан қўрқувгина бўлади-да, бутун тана аъзоларининг ҳаракати салоҳиятли бўлади. Бу, аксари фасодга юз тутган қалбга хилоф ўлароқки, дарҳақиқат, уни ҳавои нафсни яхши кўриш, шаҳватларга эргашиш ҳамда нафс улушларини муқаддам қўйиш эгаллаб олган. Агар шундай бўлса, бутун тана аъзоларининг ҳаракати фасодга юз тутади.
Шунинг учун ҳам айтиладики: Қалб узвлар шоҳи. Қолган узвлар унинг қўшини. Улар шу билан бирга унга бўйсинувчи, унга итоат қилиш ва унинг буйруқларини ижро этиш учун ҳаракатга келувчи лашкар бўлиб, шуларнинг бирортасида хилоф қилмайдилар. Агар шоҳ салоҳиятли бўлса ушбу лашкарлар ҳам салоҳиятли бўлади. Агар фасодга юз тутган бўлса шу сабабли унинг қўшини ҳам фасодга юз тутган бўлади.
Аллоҳнинг ҳузурида фақат саломат қалб фойда беради. Аллоҳ таоло айтганидек: “У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”. (Шуаро: 88-89). Саломат қалб: офат ва макруҳотларнинг баридан саломат бўлганидир. У, унда Аллоҳга муҳаббат ва Ундан узоқ қиладиган нарсалардан қўрқувдан ўзга бирор нарса бўлмаган қалбдир.
Шайхул Ислом ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Сўнг қалбга келсак, у асосдир. Агар унда маърифат ва ирода бўлса, бу заруратан танага ўтади. Тана, қалб ирода қилган нарсадан ортда қолиши мумкин эмас... Агар қалб, ундаги қалбий илму амал нуқтаи назаридан иймон ила солиҳ бўлса, комил иймон билан зоҳирий сўз ва амал ила жасад салоҳияти заруратан лозим бўлиб қолади”.
Шунинг учун шахснинг зоҳирий ва ботиний иймонини кучайтирадиган энг улкан нарсалардан бири: қалбини ислоҳ қилиш, уни Аллоҳнинг ва У яхши кўрадиган нарсаларнинг муҳаббати билан кўрк бериш, Аллоҳ ёмон кўрадиган зоҳирий ва ботиний сўз ва амалларни ёмон кўришлик борасида нафсига қарши беаёв кураш олиб боришлигидир. Кимда ана шу тўла бўлса, унинг иймони ҳам тўлса бўлади.
Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: “Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун маън қилса, дарҳақиқат, иймонни комил қилибди”. (Абу Довуд (4681), Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят. Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳа” (380)да “Саҳиҳ лиғойриҳи” деди). Бунинг маъноси шуки: Қалб ва аъзолар ҳаракатининг бари, агар барчаси Аллоҳ учун бўлса, дарҳақиқат, шу билан банданинг зоҳиран ва ботинан иймони мукаммал бўлади. Қалб ҳаракатлари салоҳиятли эканидан аъзолар ҳаракатининг салоҳиятли экани (ўз-ўзидан) лозим бўлади. Агар қалб солиҳ, унда фақат Аллоҳ ва У истаган нарсаларни ирода қилишлик бўлса, аъзолар ҳам У истаган нарсага биноан қўзғалади. Унинг розилиги бор нарса сари шошилади. Ҳамда У ёмон кўрган ва гарчи буни аниқ билмасада У ёмон кўрган нарсалардан бўлишидан қўрққан нарсалардан ҳам тийилади.
Қалб фикрлашдан бирор ҳолатда холий қолмайди. Ё охират вазифаси ва фойдалари борасида ёки дунё фойдалари ва турмуши борасида ёҳуд ботил васваса, бузуқ орзулар ва фараз қилинадиган назарлар борасида. Кимда-ким қалбини ислоҳ қилишни хоҳласа, бас, унга фикрини ўз фойдаси ва муҳаққақ нажоти борасида машғул қилишлиги вожиб бўлади. Илм ва тасаввурлар бобида уни (фикрни) лозим бўлган тавҳид, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, ўлим ва ундан кейинги жаннат ёки дўзахга киргунча бўлган нарсалар, амал офатлари ва ундан сақланиш йўлларини билиш билан машғул қилади. Ирода ва азму қарор бобида эса уни (фикрни) ўз иродасига фойдали бўлган нарсаларни хоҳлаш ва ўз иродасига зарар берадиган нарсаларни хоҳлашликни ташлаш билан машғул қилади. Киши шу билан саҳиҳ, қалби эса саломат, ҳотиржам бўлади.
Бандага бу борада энг улкан кўмак бўладиган нарса, Аллоҳга боғланиши кучли бўлиши, яқин-(ишонч)и ортиши ва иймони мукаммал бўлиши учун қалбида фойдали бўлган шоҳидларни кўпайтиришидир. Дарҳақиқат, аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Мадариж ас-Саликин” китобида ушбу ишнинг ҳақиқати маълум бўладиган қалбга оид ана шу шоҳидлардан улкан бир жумласига ишора қилиб ўтган. Раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ ва охират диёри сари юриб борувчининг шоҳидларидан биринчиси дунё, унинг ҳақир экани, вафоси оз, жафоси кўп, шериклари паскаш, ниҳоясига етиши эса тез эканига бир шоҳид унда қоим бўлишидир… Агар бандада унга (дунёга) нисбатан ушбу шоҳид қоим бўлса, қалби ундан кўчиб кетиб, охират диёри талабида сафар қилади. Ана шу дамда қалбида охират, уни бардавом экани, унинг ҳақиқий ҳаёт экани, унинг аҳли эса ундан кўчмасликлари ва ундан жўнаб кетмасликлари, балки у қароргоҳ, сафар нуқтаси ва сайрнинг ниҳояси эканига бир гувоҳ қоим бўлади… Сўнг қалбида дўзах, унинг ёниши, аланга олиши, қаъри чуқур, ҳарорати қаттиқ, унинг аҳли азоби улкан эканига бир шоҳид қоим бўлсин. Уларнинг дарҳақиқат, дўзахга ҳайдаб борилиши, юзлари қора, кўзлари кўкамтир, бўйинларида занжир ва кишанлар бор эканига гувоҳ бўлади. Жаҳаннамга бориб етганларида юзлари сари унинг дарвозалари очилади. Натижада ана шу даҳшатли манзарага гувоҳ бўладилар. Дарҳақиқат, қалблари ҳасрат ва афсусдан тилка-пора бўлади… Агар банданинг қалбида ана шу шоҳид қоим бўлса гуноҳ, маъсият ва шаҳватларга эргашишдан йироқ бўлади. Ҳамда хавф ва ҳазир бўлиш либосини кияди… Ана шу шоҳиднинг кучига қараб маъсият ва хилоф чиқишдан узоқ бўлади… Ана шундан кейин унда жаннат, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсалардан иборат Аллоҳ у ерда унинг аҳлига ҳозирлаб қўйган нарсаларга бир шоҳид қоим бўлади. Аллоҳ Расулининг тилида бандаларига васф қилган таом, шароб, кийим-кечак, сурат-(кўриниш)лар, шоду ҳуррамликдан иборат энг олий лаззат турлари кафолати берилган муфассал неъматни эса асти қўяверинг. Ва қалбида дарҳақиқат, Аллоҳ у ерда доимий неъматларнинг ҳаммасини тўлалигича жо қилгани, тупроғи миск, майда тошлари дур, биноси тилла ва кумуш ғишт ҳамда марварид қамишлар, ичимлиги асалдан-да ширин, миск ҳидидан-да хушбўй, кафурдан-да муздек, занжабилдан-да лаззатли, аёлларига келсак, улардан бирининг юзи бу дунёга бир кўриниш берса қуёш зиёсидан ғолиб келади, либослари шойи ва кимхобдан иборат ипак, хизматкорлари сочилиб кетган марварид каби болакайлар, мевалари доимий, тўхтаб қолмаган, маън қилинмаган, баланд тўшаклар, озиқалари иштаҳалари тортган еридан қуш гўшти, ичимликлари - (шароб)да маст қилгувчи – ақлдан оздиргувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар , кўкатлари ўзлари танлаб олган мевалар, уларга гувоҳ бўладиганлар яшириб қўйилган марварид сингари оҳукўз ҳурлар, улар сўриларда ястаниб ўтирадилар, ўша боғда завқланадилар, у ерда нафслар хоҳлаган, кўзлар лаззатланадиган нарсалар бор ва улар у ерда абадий қоладиган бир диёрнинг шоҳиди қоим болади.
Агар бу шоҳидга зиёдалик, Раб жалла жалалуҳунинг Юзига боқиш, Унинг Каломини бевосита Ўзидан эшитишлик кунининг шоҳиди ҳам қўшилса… Ана шу ўринда қалб Раббиси сари шамол ўз томонига эсишидан-да тезроқ юриб боради. Ва у ўз йўлида ўнг-у сўлга қайрилиб қарамайди”.

Ушбу улкан шоҳидларга банда ўз ҳаётида эътибор берса ва шу нарсалар борасида фикр юритса, қалбини поклаш, уни мазамматланган сифат ва тубан иродалардан тозалаш ҳамда уни Аллоҳ субҳанаҳудан ўзгасига боғланишдан холий ва фориғ қилишда унга энг катта кўмак бўлади. Ҳамда ибодат, муҳаббат, қўрқув, тавба-тазарру, Аллоҳга муҳтожлик ва У табарока ва таолонинг Розилиги йўлида саъй-ҳаракат қилишда унга энг улкан ундов бўлади.
Сўнг қалбларга етадиган фитналар икки турлидир:
1-Шаҳватлар фитнаси.
2-Шубҳалар, оғишиш ва залолат фитнаси.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Фитналар қалбларга новдама-новда бўйра каби кўндаланг қилинади. Қайси бир қалб ундан таъсирланса унда бир қора нуқта пайдо бўлади. Қайси бир қалб уни инкор қилса унда бир оқ нуқта пайдо бўлади. Ҳатто икки (хил) қалбга айланади: силлиқ тош каби оппоқ бўлиб, осмонлар ва ер мавжуд экан бирор фитна унга зиён етказмайди. Бошқаси эса тўнкариб қўйилган кўза каби кул ранг(га мойил) қора бўлиб, маъруфни маъруф, мункарни эса мункар деб билмайди, ҳавои нафсига мувофиқ келгани мустасно”. (Муслим (144)).
У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда қалбларни, уларга фитналар кўндаланг қилинган вақт икки қисмга бўлдилар:
1-Унга фитна кўндаланг бўлганда унга аралашиб кетган қалб. Ҳудди булут сувга тўйингани каби. Натижада унда бир қора нуқта пайдо бўлади. То қорайиб, ўзини таниб бўлмайдиган бўлгунча унга кўндаланг бўлаётган ҳар бир фитнага мудом тўйиниб боради. У эса у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу қавллари маъносидир: “Тўнкариб қўйилган кўза каби”. Яъни, ағдариб қўйилган. Агар қорайиб, тўнкариб қўйилса ушбу икки офат сабабли унга икки хатарли касаллик кўндаланг бўлади:
Бири: Маъруф унга мункар бўлиб кўринади. Натижада маъруфни маъруф, мункарни эса мункар деб билмайди. Гоҳида ушбу касаллик унга мустаҳкам (ўрнашган) бўлиб, ҳатто маъруфни мункар, мункарни маъруф, суннатни бидъат, бидъатни суннат, ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб эътиқод қилади.
Иккинчиси: Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўл устидан ўз ҳавои нафсини ҳоким қилиши, ҳавои нафсига бўйсуниши ва унга эргашиши.
Бу бир қисм.
2-Иккинчи қисм: Оппоқ қалб. Дарҳақиқат, унда иймон нури чарақлаган, унинг чироқлари ёнган. Агар бирор фитна унга кўндаланг бўлса уни инкор қилади ва рад этади. Натижада нури, чарақлаши ва қуввати зиёда бўлади.
Ҳар бир мусулмонга фитналар бўй кўтарган, бидъатлар кўпайган ва Аллоҳнинг динидан бехабарлик кенг қулоч ёзган бир кезда қалбига аҳамият беришлиги вожибдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг ҳожангиздир. Бас, У зот нақадар яхши ҳожа ва нақадар яхши мададкордир”. (Ҳаж: 78).
mutaallim   04-01-2015, 01:08 PM
#4
Тилни қандай тўғирлаш-(тузатиш) ҳақида


Савол: Шайхимиз, Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин! Савол йўлловчи айтадики: Талаба тили ва сўзини қандай тўғирлайди?
Жавоб: Қандай тўғирлайди? Уни доимо кўз олдида ҳамда ҳар вақт ва онда “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”. (Қоф: 18). “(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради)”. (Исро: 36), эсда тутиш билан тўғирлайди. Ана шуни доимо эсда тутади. Агар талаффуз қиладиган ҳар бир сўз ёки бажарадиган фел ҳақида яқинда сўралиши ва ҳисоб беришини эсда тутса, идрок қилса-(англаб етса) сўзи оз ва кам бўлади. Ҳамда нима оз бўлади? Фели ёки ишлари. Ана шундай. Шунинг учун уни доимо ҳисоб қилинишидан олдин ўзини сарҳисоб қиладиган ва (тарозида) тортилишидан олдин амалини ўлчаб кўрадиган эҳтиёткор ҳолда топасиз. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: “Сўз (оғзингдан) чиқишидан олдин сен унга эгалик қиласан. (оғзингдан) чиққанидан кейин эса у сенга эгалик қилади”. Келасанда: “Мен буни қасд қилмагандим, мен буни ирода қилмагандим, мени нотўғри тушунма, чиройли гумон қил”, (дейсан). Кейин нимани бошлайсан? Ушбу жавобгарлик-(масъулият)ни. Гоҳида бир сўз учун унинг эгасига: “Мени тинч қўй”, дейди. Демак, инсонга гапиришидан олдин мулоҳазали-(зийрак), идрок қилувчи бўлиши вожиб бўлади. Нима учун Аллоҳ сенга ақл берди? Нима учун Аллоҳ сенга ақл берди? Тоинки нима? Тадаббур қилишинг учун. Гапиришдан олдин сўз(инг)ни (тарозида) тортиб кўр. Уни (тарозида) тортиб кўр! Зеҳнинга келган ҳар бир нарсани айтаверма! Ҳаа! Уни гапирма! Хаёлингдан ўтган ҳар бир иборани чиқараверма! Машааллоҳ! Ўқ узгандек. Бу тентаклик, енгилтаклик ва аҳмоқликдан. Инсон бу даражада аҳмоқ бўлиши… Нима деяётганини англамайди. Ушбу ишларни тўғри, афзал тарозида ўлчаб кўришинг вожиб бўлади. Ҳаа! У киши алайҳиссалоту вассалам “Саҳиҳайн”да шундай дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, бас, яхши сўзни сўзласин йўқса жим бўлсин!”. Ниҳоясига етдик. Шак-шубҳа йўқки кўп гап, ҳаа, ҳисоб ва нима? Сарҳисоб қилишликсиз шундай кўп гапириш инсонни (ноқулай) ҳолатларга тушириб қўяди. Шундай эмасми? Мен шом ва ҳуфтон орасида айтганларим, учрашув нима ҳақида эди? Ўзаро насиҳат қилиш ва бунга кўп тиришиш ҳақида. Ана у (шахсга) айтганларимдан: “Эй биродаримиз! Ушбу қоидани ол: Ким сенга сўз айтса сен ҳақингда ҳам айтади. Ким сенга нақл қилса сен ҳақингда ҳам нақл қилади”. Ушбу маҳмадона, ҳаа, фақат ушбу ўрта-(оралиқ)да яшаши мумкин. Фалончи шундай деди. Сўнг сендан бир сўз олади ва ана у фалончига бориб: “Фалончини кўрдингми шундай деяпти”, (дейди) ва ҳаказо. Фитналар доим ана шундай. Биродарлар ва талабалар ўртасида муаммолар юз беради. Шундай эмасми? Айтдим, айтмадим. Айтмади, бундай қилмади. Каззоб, ёлғон сўзламади. Бу нимаси? Бу тентакликдан, енгилтакликдан ва фориғлик-(бўш вақт сабаби)дан. Икки неъмат борки кўплаб одамлар бу борада мағлубдир: соғлиқ ва нима? Фориғлик-(бўш вақт). У киши алайҳиссалоту вассалам “Саҳиҳул Бухорий”да айтганларидек. Одамлар ё мағлуб ёки ҳавас қилгудек. Мағлуб – Аллоҳ унга соғлиқ ва фориғликни жамлаган. Ва у буни зое қилган. Бас, у мағлубдир. “(Аллоҳ) сизларни тўпланиш Кунига тўплашини (эслангиз)! Бу (одамлар) бир-бирини “алдаб-зиён етказадиган” Кундир (яъни, ҳаёти дунёда иймон эгаларини алдаб-зиён етказиб юрган кофирлар у Кунда дўзах азобига дучор қилиниш билан ўзларининг алданган кимсалар эканликларини билиб олурлар)”. (Тағобун: 9).
Ёки ҳавас қилгудек. У – соғлиқ ва фориғлик берилган. Бироқ уни нимада ишлатган? Манфаатли, фойдали нарсада. Унга ҳавас қилинади. Шунинг учун у киши алайҳиссалоту вассалам дедилар: “Фақат икки нарсада ҳасад бор”. Бу ўринда ҳасаддан мурод ҳавасдир. Ундан мурод нима? Ҳавас. Инсон доимо тафаккур, тадаббур қилиши ва шошмашошар бўлмаслиги мақталади. Ҳар бир нарса ҳақида гапиришинг бефойдадир. Ҳар бир масалада гапиришинг шартми? Ҳар бир иснон билан сўзлашишинг лозимми? Ҳар бир мавзуда сўз очишинг шартми? Хоҳ сенга тегишли бўлсин ёки сенга тегишли бўлмасин? Ҳар бир ишга бурнингни тиқишинг шартми? Бурнини ҳар бир нарсага тиқадиган кимса ярамайди. (У) шамоллаган-(бурни битиб қолган) инсон. Кейинчалик хушбўй ҳид билан бадбўй ҳид орасини ажратолмайди. Шунинг учун илм аҳли раҳимаҳумуллоҳ қадимда ва ҳозирда кўп гапиришдан нари бўладилар. Даф қиладилар ва фақат ҳазир-(эҳтиёткор)лик ҳамда ўз миқдорича сўзлайдилар. Ҳожат тушганда ҳазир бўлиб, (керакли) миқдорда (сўзлайдилар). Ҳожат тушганда. Айрим одамларни , баъзи талабаларни шундай деяётганларини кўришинг мумкин: “Нима учун фалончи шайх шу борада сўзламайди? Нима учун шундай-шундай демайди? Фалончи шундай қиляпти, иккинчиси эса бундай қиляпти”. Аслида сени сўзлашишга лойиқ деб билишмайди. Сени лойиқ деб билмайди. Сен билан бу борада гаплашишга ишонч билдириладиган даражага етмадинки, ақлинг бу сўзни кўтаролса. Гоҳида сенга: “Яхши иншааллоҳ”, дейиш билан кифояланади бас. Ушбу иборадан ўзгасини ҳаргиз ололмайсан. Гоҳида эса ҳожат тушганда ёки ушбу сўзни тушунадиган вақтда очиқ ва кучли ибора билан гапиради. Ана шундай, Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин! Демак, кимни гапи кўп бўлса қоқилиши ҳам кўп бўлади. Огоҳ бўл! Юз бераётган аксар англашилмовчилик ва муаммолар, сизлар буни бошингиздан ўтказаяпсизлар, бўш вақт сабаб гапиришяпти. Бу мавжуд. Тўғрими? У ундай деди, бу бундай деди. Нақл қилиш, сўз нақл қилиш. Илм талаб қилишда фаол эмас. (Илм) талаб қилиш ва биродарларнинг (ўзаро) биродар бўлиб қолишига ошиқманд эмас. Бунга ташна эмас. “Бундай деди, шундай дейишаяпти, айтмадинг, айт”га ҳарис ваҳаказо. “Деди”ни барча туслаш турлари билан тусланг, у билан ўзаро бир-бирини қўллаб қувватлайди. Аксинча намозга турса дангасалик билан туради. Ҳаа! Эҳтимол тунда узундан-узун соатларни нақл қилиш ва “у ундай дебди, бу бундай дебди”да зое қилади. Бироқ бомдод намози бўлса нима? Ундан (намоздан) ухлаб қолади. Унга турса ҳам дангасалик билан туради. Намозидан бирор нарсани англамайди. Аллоҳдан саломатлик ва офият сўраймиз! Бу, маъсиятларнинг зулуматидир. Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин! Бу, Аллоҳ жалла ва аъла айтган маъсиятлар зулматидан: “Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!”. (Мутаффифин: 14). Гоҳида киши ўзи билмаган ҳолда (қалбини ўз қўли билан қилган гуноҳлари) қоплаб олинишига гирифтор бўлади. Шак-шубҳа йўқки, фасод тарқатиш тарзида ушбу услубга биноан нақл ва сўзни танқид қилиш , у нима? Нима ден аталади? У чақимчиликдир. Бу кичик гуноҳми ёки катта гуноҳми? Эй ўғлим, огоҳ бўл! Вақтинга огоҳ бўл! Умринга огоҳ бўл! Қалбинга огоҳ бўл! Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқод китобларида қарор топган ақидасидан бири шуки: Иймон тоат билан зиёдалашади ва (маъсият билан) нуқсонлашади. Ҳар сафар чақимчилик қилиб, гап ташиганингда ҳамда фалончи ва фалончи ўртасида чақимчилик ҳамда фалончи ва фалончи ўртасини бузиш (билан шуғулланганингда), сен маъсиятларда зиёдалашиб борасан. Шундай эмасми? Яхши. Қоида нима дейди? Нуқсонлашади. Нима? Иймон. Маъсият ортидан маъсият, (унинг) ортидан яна маъсият. Ва давом этаверасан. Муаммо шуки, сен бардавомсан. Буни нима деб билмайсан? Улкан ва катта гуноҳга қўл урганингни (билмайсан). Аллоҳдан омонлик сўраймиз! Ана шу (гуноҳлар қалбни) қоплаб олишидир. Бир жонни ўлдиришинг зарур эмас. Бу маъсиятлар, маъсият дейишимиз учун уйга кириб ўғирлик қилишинг зарур эмас. Булар шак-шубҳасиз маъсият. Шундай маъсиятлар ҳам борки, улар бир жинсдан эмас. Маъсиятлар кўп. Шундай эмасми? Огоҳ бўлинглар, Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин! Ҳисоб қилишингиздан олдин ўзингизни сарҳисоб қилингиз! (Тарозида) тортилишингиздан олдин амалларингизни ўлчаб кўринглар! Зийрак – ўзини сарҳисоб қилган ва ўлимдан кейинги нарса учун амал қилган кишидир. Мангу қоламан деб ўйлама! Ҳаргиз мангу қолмайсан. Йўқ. “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз”. (Анбиё: 34). Яқинда ҳисоб қилинасан ва барча сарҳисоб қилинади. “Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроққа тутилурлар!”. (Зухруф: 19). Бас, Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳузурида сенга нажот берадиган жавобни тайёрлаб қўй! Ҳа (шундай).
Фазилатли шайх Абдуллоҳ ибн Абдурроҳим ал-Бухорий ҳафузаҳуллоҳ
Манба: http://ia801503.us.archive.org/24/items/...ry_009.mp3
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.