PDF WORD

Мавлидни динга киритган киши ҳақида

Ибн Касир ва Ибн Ҳажар раҳимаҳумаллоҳ мавлидни динга киритган киши ҳақида тўплаган маълумотлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Динга мавлидни киргизган киши ҳақида уламолар қатъий айтадики, бу бидъатни киритган киши Ирбил ҳокими Музаффаруддин ибн Зайнуддиндир. «Бу киши исрофгар ҳукмдор эди. Ўз замонининг уламоларини бу киши ўзининг фикри ва ижтиҳодига асосланган йўлга эргашишларига ва ўзининг мазҳабидан бошқа мазҳабга юрмасликка мажбурлаган. У бир гуруҳ уламоларни ва ўзига тобеъларнинг аксар қисмини ўзига оғдириб олган. Биринчи подшоҳнинг туғилган кунини нишонлаш бу кишининг одати эди. Бу одамнинг мақсади мазкур одатни мусулмонлар орасига киргизиш бўлган».[1]

Бу киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлашга ҳар йили юз минг (дирҳам) сарфларди.[2]

Бу бидъатни киргизишда унинг соҳиби ва ёрдамчиси Абул-Хаттоб Умар ибн Диҳйа Андалусий эди. «У Мағрибда хизмат қилган, сўнг Шомга, кейин Ироққа сафар қилган. Кейинчалик эса Ирбилга 604 ҳ.й. келиб у ернинг ҳукмдори Музаффаруддин ибн Зайнуддин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлашга қаттиқ берилганлигини топади ва у (ҳукмдор) учун «Танвир фий мавлид ал-башир ан-назир» деган китобни ёзиб унга ўқиб беради. Ҳукмдор унга бир минг динор бериб уни мукофотлайди».[3]

Ибн Касир Ибн Диҳйа ҳақида ас-Сабтдан нақл қилади: «Ибн Унайнинг хислати мусулмонларга туҳмат қилиш ва уларни ҳақорат қилиш эди. У кўпинча ўз хабарларида қўшимчалар қилиб ҳаддан оширган (муболаға қилган)». Шунинг учун одамлар у ривоят қилаётган хабарларни қабул қилишдан тўхташди ва унинг ёлғончилиги ҳақида эълон қила бошлашди. Комил (исмли ҳукмдор) эса унга ҳомийлик қиларди. Бу кишининг хулқи фош бўлганидан сўнг у «Дорул-ҳадис»ни тарк қилиб ва (ҳукмдорнинг) ҳомийлигидан маҳрум бўлди.[4]

Ибн Диҳйа 542 ҳ.й.да туғилиб 635 ҳ.й.да вафот этган.[5]

Ибн Нажжор айтди: «Одамлар унинг ёлғончилиги, заифлиги, эштимаган нарсасини эшитдим деб даъво қилишига ва йўлиқмаган кишига йўлиқдим дейишига иттифоқ қилишганини кўрдим. Бунинг аломати очиқ-равшан эди».[6]

Ибн Ҳажар Асқалоний бу киши ҳақида яна шундай сўзларни келтиради: «У ёлғончи эди. Кўп ҳолда ёлғон ишлатарди ва ёлғон хабарларни тўқиш билан шуғулланарди. Ўтган уламолар ва фуқаҳоларга кўп туҳмат қилган, оғир гаплар гапирган. Ўзига бино қўйган, дин масалаларини тушунишда маҳрум бўлган, динга кибр билан қараган эди». Бу Ҳофиз Зиёдан ҳикоя қилинди. Кейин у давом этади: «Али бин Ҳасан Абул-Ало ал-Исфаҳоний менга айтиб берди Ибн Диҳйа олдимизга Исфаҳонга келиб отам билан хонақоҳда тўхтади. У (отам)га ҳурмат кўрсатиб унга эътибор билан қараган. Бир куни у отамнинг олдиларига гилам билан келиб, гиламни ўпди-да, отамнинг олдиларига қўйди ва: «Мен бу гилам устида шунча минг ракаат намоз ўқидим ва Қуръонни Кааба ичида бир неча марта хатм қилдим», деди. Отам бу гиламни олиб уни ўпди ва жуда хурсанд бўлиб уни қабул қилиб олди. Ўша куннинг охирида Исфаҳоннинг бир аҳли келиб, биз билан суҳбат бошлади. Суҳбатда у бирданига: «Сизларда тўхтаган Мағриб фақиҳи бугун гўзал гиламни фалон нархга сотиб олди» деди. Бундан сўнг отам гиламни олиб келишни буюрди. Ўша киши бу гиламни кўриб: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, бу ўша гилам», деди. Отам сукут сақлардилар, Ибн Диҳйа эса кўзларини қуйи туширди».[7]

 


 

[1] Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мисрий, «Қовлул-муътамад фий амалил-мавлид».

[2] Заҳабий, «Дувалул-ислом» 11/102.

[3] Ибн Касир, «Бидоя ва ниҳоя», 13/144-146.

[4] Ўша манба.

[5] Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/293.

[6] Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/294.

[7] Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/295.

2 та мулоҳаза

  1. Abdulloh → 26.01.2015 йил

    Assalomu alaykum! Bir savolim bor edi. Mavlid o’qib bo’lmaydimi? Agar bo’lmasa nega ko’p ulamolar bunga o’zlari bosh bo’ladilar?

  2. Administrator → 02.02.2015 йил

    Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
    Уламолардан (Ибн Ҳажар (852 ҳ.й.), Саҳавий (902 ҳ.й.), Суютий (911 ҳ.й.)) баъзилари ушбу мавлид байрамини нишонлашни маъқулладилар. Бироқ уларнинг бу ҳукмлари диндаги бидъат икки хил бўлади – яхши ва ёмон, деган эътиқодга асосланган эди. Ўша уламолар мавлид салаф солиҳлар даврида бўлмаган бидъат эканлигини тўғридан тўғри эътироф қилар эдилар. Бироқ улар ушбу бидъатни, ўзларининг мулоҳазаларига таянган ҳолда, яхши бидъат деб ҳисобладилар ва шунинг учун ҳам унга рухсат бердилар. Ибн Ҳажар айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидларининг асоси – бидъатдир. Чунки Исломнинг аввалги уч асрдаги салафлари уни нишонламадилар. Бироқ бу байрам ўзида шунчалик кўп яхшиликларни жамлаганки, биз уни яхши бидъат (бидъат ҳасана) сарасига киритамиз».
    Бу ерда ёмон бидъат нима эканлиги ҳақида бир неча сўз айтиб ўтиш лозим. Бунга диндаги – эътиқод ёки шаръий ибодатларга тааллуқли бўлган бидъатларни киритиш мумкин. Бошқача айтганда, замонавий янгиликлардан бўлган телефон, машина ва ҳоказолар Ислом қоралайдиган бидъат сарасига кирмайди. Чунки уларнинг динимиз асосларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу барча янгиликлар ҳалол ҳисобланади. Бироқ Исломнинг яхлитлиги, ўзгармаслигига хатар солувчи, Ислом таълимотини бузишга интилувчи бидъатлар эса умуман бошқа масаладир. Бундай ёмон бидъатларга, масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликларини инкор этиш, ёки Қуръон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўзгартирилган деб ишониш ва ҳоказолар киради.
    Мавлид мусулмонларнинг диний аҳкомлари ичига тобора кенгроқ илдиз отаётганини, яъни тўғридан тўғри дин ва эътиқодга алоқадорлик қила бошлаганини гувоҳи бўлиб, баъзи уламолар уни яхши бидъат ҳисоблашни рад қила бошладилар. Чунки яхшиликлар орасида кўпгина ёмонликлар содир бўла бошлади.
    Масалан моликий мазҳаби уламоси Ибн Ҳаж (737 ҳ.й.) айтади: «Динга киритилган бидъатларга Робиул-аввал ойида нишонланадиган мавлид маросими киради. Гарчи ушбу маросим тарафдорлари уни энг афзал ибодат ҳисобласалар ҳам. Аслида эса унда кўпгина бидъат ва ҳаром ишлар мужассам бўлган» (Мадхал, 1/480).
    Ўз замонасида ҳанафий мазҳабининг атоқли олими бўлган Ҳиндистонлик Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (1352 ҳ.й.) мавлид ҳақида айтади: «Биз тарафдан зикр қилиб ўтилган ҳофиз Ибн Диҳя «ат-Танвир …» китобининг муаллифи, ушбу китобни мавлидни қўллаб қувватлаш учун ёзган. Аммо айтиб ўтиш лозимки, мавлид фақатгина 600 ҳижрий йилда, Ирбил шаҳри султони даврида тарқала бошлаган. Бироқ ўша мавлид пок шариатда ҳеч қандай асоси йўқдир! Шундай экан уламо, ҳофиз, ҳадис билимдони учун бундай бидъат ҳақида китоб ёзиш тўғри келмайдиган ишдир» (ал-Урф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий, 2/37).
    Эътибор беринг, ҳанафий уламоси мавлидни бидъат деб баҳолади.
    Манба: https://tavhid.com/kitoblar/bidat/ibn-taymiyya-mavlid-haqida
    Шунингдек қуйидаги мавзуни ҳам ўқиб чиқишликни тавсия қиламиз:
    https://tavhid.com/forum/showthread.php?tid=279

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.