Шайхулислом Ибн Таймийя «Мавлид» ҳақида
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «… Баъзи инсонлар пайдо қилаётган, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашларига тақлидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ва улуғлаш ниятида қиладиган мавлудин-набий деб аталмиш байрамлари ҳам шу жумладандир. Балки Аллоҳ муҳаббат ва ижтиҳодлари[1] сабабидан уларга ажр берар, аммо пайғамбар туғилган кунини байрам деб киритган бидъатлари учун эмас. Аслида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари айнан қайси кунлиги ҳақида ихтилофлар бор,[2] қолаверса уни байрам қилиб йиғилишлар қилишни салафлар қилмаганлар. Агар бунда катта яхшилик бўлганда салафлар албатта қилган бўлардилар, улар биздан кўра бунга лойиқроқ ва биздан кўра улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғловчироқ, яхши ишларга биздан кўра ҳарисроқ эдилар.
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, у зотга эргашиш, итоат қилиш, буйруқларига бўйсиниш, суннатларини ботинан ва зоҳиран тирилтириш, олиб келган йўлларини ёйишда ва бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилишда кўриниши керак. Аввалги муҳожир ва ансорлардан иборат салафларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг йўллари шу эди»
وكذلك ما يحدثه بعض الناس إما مضاهاة للنصارى في ميلاد عيسى عليه السلام وإما محبة للنبي صلى الله عليه وسلم وتعظيما له والله قد يثيبهم على هذه المحبة والاجتهاد لا على البدع من اتخاذ مولد النبي صلى الله عليه وسلم عيدا مع اختلاف الناس في مولده فإن هذا لم يفعله السلف مع قيام المقتضى له وعدم المانع منه ولو كان هذا خيرا محضا أو راجحا لكان السلف رضي الله عنهم أحق به منا فإنهم كانوا أشد محبة لرسول الله صلى الله عليه وسلم وتعظيما له منا وهم على الخير أحرص وإنما كمال محبته وتعظيمه في متابعته وطاعته واتباع أمره وإحياء سنته باطنا وظاهرا ونشر ما بعث به والجهاد على ذلك بالقلب واليد واللسان فإن هذه هي طريقة السابقين الأولين من المهاجرين والأنصار والذين اتبعوهم بإحسان
«Иқтизоус-сиротил-мустақим» 404-бет.
Одамлар «мавлид» сўзини турлича тушунадилар ва унга турлича маъно берадилар. Суҳбатимиз давомида эса Робиул-аввал ойининг 12 кунида амалга ошириладиган диний ибодатларни ўз ичига олган «мавлид» ҳақида гап боради. Ушбу ибодатларнинг энг кўп тарқалганида ривоят қилинишича, хуфтон намозидан кейин масжидда ёки бирор мусулмоннинг уйида тўпланиб, туни билан намоз ўқиш, барча биргаликда хос дуоларни ўқиши, ёки Қуръондан танланган оятларни ўқиши, қўшиқ эшитиш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга аталган шеър ва саловотлар айтиши керак экан.
Ҳақиқат шуки, мусулмонлар кўрсатилган амалларнинг бирортасини на 12 санада, на Робиул-аввал ойининг бошқа бир кечасида бажармасликлари лозим. Нима учунлигини тушунтириб ўтамиз.
Биринчидан, мавлидни нишонлаш ҳақида Қуръон ва Суннатда бирор нарса айтилмаган. Бундан ташқари бирорта саҳобадан, шунингдек уларнинг шогирдлари бўлган тобеинлардан, Робиул-аввал ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунини, ёки ушбу ойни бошқа бир услубда нишонлаганларига далолат қилувчи бирор нарса айтилмаган. Шу ўринда аввалда айтганимиздек, Қуръон ва Суннатга салафлар амали билан солиштирган ҳолда эргаширшимиз лозим эканлигини ёдга олишимиз керак. Наҳотки уларнинг дини тўғри бўлмаса?! Қандай қилиб улар мавлид мусулмонларнинг буюк байрами эканлигини билмай қолган бўлсалар?! Агар мавлидни нишонлашда ҳақиқатдан савоб берилганида, улар бу байрамда иштирок этишга шошилган бўлмасмидилар?! Агар биз салафларнинг дини мутлақо тўғри бўлгани, улар қайси диний байрамни қачон нишонлаш лозимлигини биздан кўра билувчироқ бўлганлари, агар улар Ислом динида «Мавлид» номли байрам мавжудлигини билганларида эди, уни нишонлаш орқали савобга эришишга интилишда биздан ўзиб кетган бўлишлари ҳақидаги саволларга жавоб берсак, кейинги авлод мусулмонларида бундай маросим бўлиши мумкин эмаслигини айтишимиз керак бўлади. Имом Молик (моликий мазҳабининг асосчиси) ҳақ сўзни айтдилар: «У кунда дин бўлмаган нарса бугун дин бўлмас» («ал-Эътисом», 1/64).
Иккинчидан, Ўзбекистонда омма эргашган ҳанафий мазҳабида мавлид байрами ҳақида нима маълумот бор? Жавоб оддий: ҳеч нарса. На Имом Абу Ҳанифа, на унинг яқин шогирдлари мусулмонлар мавлидни нишонлашлари керак эканлиги ҳақида бирор нарса дейишмаган. Бугунги кунда аввалги ҳанафий имомларнинг кўпгина китоблари қайта нашр қилинган, баъзилари эса ҳатто ўзбек тилига ўгирилган. Хусусан, ақида масалаларига оид «Фиқҳул Акбар» ва «Ақида Таҳовийя», фиқҳий китоблардан эса «Ҳидоя», «Мухтасар» каби китоблар. Шу ва бошқа ҳанафий мазҳаби манбаларидан бизга шу нарса маълум бўладики, Исломда «Ийд ал-Фитр», «Ийд ал-Азҳо» ва баъзида жума намозини байрам деб номлашган. Бироқ Исломда «Мавлид» номли байрам мавжудлиги ҳақида бирор нарса айтилмаган.
Учинчидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш қаердан пайдо бўлди ўзи? Ислом тарихчиларининг иттифоқ қилиб айтишларича, бу байрамни илк бор Шиалар Убайдийлар (Фотимийлар) давлати даврида ўйлаб топишган. Хусусан Мақризий «ал-Хутат»да айтади: «Фотимийлар ҳукмдорлари кўпгина байрамларни киритишган, улар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али ибн Абу Толибнинг туғилган кунлари. Булардан ташқари Ҳасан, Ҳусайн, Фотима ва ҳоказоларнинг туғилган кунларини нишонланган». Кейинчалик султон Салоҳиддин Айюбий фотимийларни тор-мор қилиб, Мисрдан қувиб чиқарганда, ўша байрамларнинг барчаси бекор қилинган. Бироқ бир қанча вақт ўтгач (Ироқ ҳудудидаги) Ирбил шаҳрининг волийси бўлган султон Музаффар Абу Саид баъзи инсонлар ушбу байрамни яширин равишда уйларида нишонлашни давом этаётганларини кўриб, таъқиқни бекор қилишга ва оммавий байрам қилишга қарор қилди. У бир чодир қўйишни ва ўша ердан бутун Робиул-аввал ойи давомида озиқ-овқат ва совғалар тарқатишни амр қилди. Шундай қилиб бу байрам ҳар йили нишонланадиган бўлди. Бунга тарихчилардан Ибн Касир (774 ҳ.й. вафот этган), Қолақшандий (821 ҳ.й. вафот этган), Мақризийлар (845 ҳ.й. вафот этган) гувоҳлик бердилар. Эътибор бермоқ лозимки, ушбу ҳодисалар ҳижрий 6 асрда бўлиб ўтган, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 600 йил кейин. Шу сабабдан ҳам биз на Қуръонда, на Суннатда, на саҳоба ва мазҳаб асосчилари бўлган тўрт имомдан иборат салаф солиҳларнинг амалларида мавлид тилга олинганини билмаймиз.
Тўртинчидан, ҳар йили нишонланадиган ушбу байрамга ислом уламолари қандай муносабат билдирдилар? Айтиб ўтиш лозимки буюк уламолардан (Ибн Ҳажар (852 ҳ.й.), Саҳавий (902 ҳ.й.), Суютий (911 ҳ.й.)) баъзилари ушбу байрамни нишонлашни маъқулладилар. Бироқ уларнинг бу ҳукмлари диндаги бидъат икки хил бўлади – яхши ва ёмон, деган эътиқодга асосланган эди. Ўша уламолар мавлид салаф солиҳлар даврида бўлмаган бидъат эканлигини тўғридан тўғри эътироф қилар эдилар. Бироқ улар ушбу бидъатни, ўзларининг мулоҳазаларига таянган ҳолда, яхши бидъат деб ҳисобладилар ва шунинг учун ҳам унга рухсат бердилар. Ибн Ҳажар айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидларининг асоси – бидъатдир. Чунки Исломнинг аввалги уч асрдаги салафлари уни нишонламадилар. Бироқ бу байрам ўзида шунчалик кўп яхшиликларни жамлаганки, биз уни яхши бидъат (бидъат ҳасана) сарасига киритамиз».
Бу ерда ёмон бидъат нима эканлиги ҳақида бир неча сўз айтиб ўтиш лозим. Бунга диндаги – эътиқод ёки шаръий ибодатларга тааллуқли бўлган бидъатларни киритиш мумкин. Бошқача айтганда, замонавий янгиликлардан бўлган телефон, машина ва ҳоказолар Ислом қоралайдиган бидъат сарасига кирмайди. Чунки уларнинг динимиз асосларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу барча янгиликлар ҳалол ҳисобланади. Бироқ Исломнинг яхлитлиги, ўзгармаслигига хатар солувчи, Ислом таълимотини бузишга интилувчи бидъатлар эса умуман бошқа масаладир. Бундай ёмон бидъатларга, масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликларини инкор этиш, ёки Қуръон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўзгартирилган деб ишониш ва ҳоказолар киради.
Мавлид мусулмонларнинг диний аҳкомлари ичига тобора кенгроқ илдиз отаётганини, яъни тўғридан тўғри дин ва эътиқодга алоқадорлик қила бошлаганини гувоҳи бўлиб, баъзи уламолар уни яхши бидъат ҳисоблашни рад қила бошладилар. Чунки яхшиликлар орасида кўпгина ёмонликлар содир бўла бошлади.
Масалан моликий мазҳаби уламоси Ибн Ҳаж (737 ҳ.й.) айтади: «Динга киритилган бидъатларга Робиул-аввал ойида нишонланадиган мавлид маросими киради. Гарчи ушбу маросим тарафдорлари уни энг афзал ибодат ҳисобласалар ҳам. Аслида эса унда кўпгина бидъат ва ҳаром ишлар мужассам бўлган» (Мадхал, 1/480).
Ўз замонасида ҳанафий мазҳабининг атоқли олими бўлган Ҳиндистонлик Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (1352 ҳ.й.) мавлид ҳақида айтади: «Биз тарафдан зикр қилиб ўтилган ҳофиз Ибн Диҳя «ат-Танвир …» китобининг муаллифи, ушбу китобни мавлидни қўллаб қувватлаш учун ёзган. Аммо айтиб ўтиш лозимки, мавлид фақатгина 600 ҳижрий йилда, Ирбил шаҳри султони даврида тарқала бошлаган. Бироқ ўша мавлид пок шариатда ҳеч қандай асоси йўқдир! Шундай экан уламо, ҳофиз, ҳадис билимдони учун бундай бидъат ҳақида китоб ёзиш тўғри келмайдиган ишдир» (ал-Урф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий, 2/37).
Эътибор беринг, ҳанафий уламоси мавлидни бидъат деб баҳолади.
Бундан ташқари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва у зотга муҳаббат изҳор қилишни бошқа йўл билан қилса бўлади. Бу эса у зотнинг Суннатларини ва ҳаёт манҳажларини ўрганиш, у зотнинг динларини: қандай ибодат қилганлари, қандай яшаганлари ва ҳоказоларни таълим олишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ҳам шунга ўхшайди. Саловот айтишни бир кеча билан чегараламаслик керак, кундалик намозларни тўлиқ адо этиш керак. Чунки ҳар намозимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтамиз. Барчамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Робиул-аввал ойида туғилганларини биламиз. Бироқ у зотнинг туғилганларига йилда бир кунгина эмас, балки ҳар куни шодланишимиз керак. Шундай қилишимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг кучли исботи бўлади.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
ocen horosayakniga
MashaAllah Alloh azza va jalla shu maqolani yozgan birodarga juda kop yaxshiliklarni bersin