PDF WORD

Тўрт қоида шарҳи

ТЎРТ ҚОИДА ШАРҲИ

 

 

Шайхулислом, мужаддид

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Тамимий

роҳимаҳуллоҳ

Фазилатли шайх

Солиҳ ибн Абдулазиз Оли Шайх ҳафизаҳуллоҳ

шарҳи асосида

 


 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Буюк арш Роббиси, Саховатли Аллоҳдан дунё-ю охират ишларингни бошқариб боришини, қаерда бўлмагин сенга барака ато этишини ва сени берилганда шукр қиладиган, синовга учраганда сабр қиладиган, ҳамда гуноҳ қилса истиғфор айтадиганлардан қилишини сўрайман. Чунки ушбу уч (хислат) саодат белгисидир.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳга хосдир. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ҳамда Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, оилалари ва саҳобаларига қиёмат кунига қадар кўпдан-кўп салавот-у саломлар йўлласин.

Сўнг:

Ушбу мухтасар асар – тўрт қоида рисоласи – муҳим рисола ва ушбу (тавҳид) даъватининг имоми (Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб) роҳимаҳуллоҳнинг мақолаларидандир. Ушбу рисола тўрт қоиданинг зидди бўлган амалларни билиш ила муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тўрт қоидага путур етиши ёки ушбу қоидаларни аниқлаб олмаслик сабаб мушрик ва муваҳҳидларнинг ҳолатини билиш борасида улкан англашмовчилик юз беради. Имтиҳон тавҳид ва ширк аҳли билан рўй берганди. Аллоҳ жалла ва аъла Қуръонда Ўзининг ҳаққида вожиб бўлган тавҳид ва Унга ширк келтиришни батафсил баён қилиб берди.

Ушбу тўрт қоида Китобу Суннат ҳужжатлари ва арабларнинг ҳолатидан келиб чиқиб жамлангандир. Ушбу буюк қоидалар, уни ёдлаб, маъносини билган кишини ширк аҳлининг ҳукми борасидаги масалада иккиланиб қолишдан (сақлайди) ва динни Аллоҳ жалла ва аълага холис адо этишни вожиб эканлиги ва ушбу иш қандай адо этилишига кўмак беради.

Ушбу (таҳвид) даъвати имоми (бўлмиш Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб) роҳимаҳуллоҳ кўплаб рисолаларидаги одатларига биноан ушбу рисолани ўқийдиган ёки унга мурожаат қиладиган кишининг ҳаққига дуои хайр билан бошлаяптилар. Бундан шу нарса маълум бўладики, илм ва даъватнинг бошланиши муаллим билан мутааллим, ҳамда даъватчи билан даъват қилинаётган киши ўртасида ўзаро раҳмат ва меҳр-шафқат бўлмоғи (лозимлигига) огоҳлантириш бўлаяпти. Чунки бундай ишларда меҳр-шафқат бўлмоқлиги ўзаро алоқалар давом этиши сабабидир. Аллоҳ жалла ва аъла шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз» (Оли Имрон: 159).

(Муаллиф роҳимаҳуллоҳ томонларидан бўлган) ушбу дуо ҳам меҳр-шафқат натижасидир. Шунингдек, муаллим, даъватчи, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчига ҳам одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмли бўлиши лозим бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла Ўзининг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу қовли билан васф қилганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Ва мана бу қовли: «Ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон» (Тавба: 128).

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчининг итоатсиз ва ҳақдан юз ўгирувчиларга нисбатан қандай ҳолатда бўлиши (лозимлигини) сифатлаб, шундай дедилар:

Юзингда икки қорачиғинг бўлсинким, иккиси ҳам Раҳмондан қўрқиб йиғловчи бўлсин.

Агар Роббинг хоҳлаганда сен ҳам ўшаларга ўхшаш бўлардинг.

Демак, қалблар Раҳмоннинг бармоқлари орасидадир.[1]

Ҳатто ҳудуд-жазо қўлланаётганда ҳам раҳм-шафқат йўлига кўра татбиқ қилинади, ўч олиш йўлига кўра эмас. Севикли кишингиз душман қўлида асир бўлгани каби ушбу жазога ҳақли бўлишида шайтон уни эгаллаб олган кимсага ҳам раҳмат ўлароқ (жазо-ҳудуд қўлланади).

Имом роҳимаҳуллоҳ томонларидан ушбу дуо билан кириш сўзи қилинишлиги ана шу нарсага огоҳлантириш бериб ўтиш учун эди.

Дуолари асносида Аллоҳ жалла ва аъладан бизни: «Берилганда шукр қиладиган, синовга учраганда сабр қиладиган ҳамда гуноҳ қилса истиғфор айтадиганлардан…», қилишини сўрадилар.

«Берилганда шукр қиладиган…». Чунки Аллоҳ жалла ва аъла томонидан бўлган ато неъмат бўлиб, У субҳанаҳу бандалари орасида шукр қилувчиларни яхши кўради.

Шукр эса тил ва амал билан бўлади: «(Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!» (Луқмон: 14). (Ушбу оятдаги шукр) ҳам тил, ҳам амал билан (эканлиги тушунилади).

«(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар!» (Саба: 13). Бу ерда эса фақат амалий жиҳати айтилди.

«Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!» (Бақара: 152). Бу ерда эса ҳам сўз, ҳам амал жиҳати зикр қилинди.

Шунинг учун шукр ва ҳамд-сано бошқа-бошқа нарсалардир.

Шукр неъмат (берилганда) бўлади. Ҳамд-сано эса гоҳида неъмат (берилганда) ёки неъмат муқобилига ва гоҳида (неъмат берилмаганда) ҳам айтилаверади.

Шукр тил ва амалда бўлади. Ҳамд-сано эса амалсиз фақат тилни ўзида бўлади.

Ва яна илм аҳли наздида (ушбу иккиси) ўртасида яна кўплаб фарқлар мавжуддир. Буни тадаббур қилиш лозимки, бандага атои неъмат берилганда, Аллоҳ жалла ва аъланинг берганига шукр қилади.

Атои неъматга шукр қилиш эса сўз ва амал билан бўлади.

Сўз билан бўлишига келсак, ушбу неъматни, атои неъмат қилиб берган Зотга нисбат бериш ва бунинг учун Унга сано айтиш, ҳамда бу борада Ундан ўзгасига қайрилиб ҳам қарамаслик билан бўлади. «Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир» (Наҳл: 53).

«Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар» (Наҳл: 83).

Амал билан шукр қилишга келсак, ушбу неъматни инъом қилиб, тўкиб сочган Зот яхши кўрадиган йўлларга сарф қилиш билан бўлади.

Ана шу Аллоҳ жалла ва аъла яхши кўрадиган амаллардандир. Балки банда шукр қилувчи бўлишлиги Аллоҳ яхши кўрадиган ибодатларнинг энг улуғларидандир. Шунинг учун ҳам айтдики: «Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир» (Саба: 13). Ва яна шундай деди: «(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди» (Исро: 3).

Муфассирлар айтишдики: Бир луқма таом еса, ёки бир қултум сув ичса, ёки бирор кийим кийса, шулар учун Аллоҳга шукр қилади.[2] Яъни, берилган ва кўзини қувонтирган ушбу неъматларга ўзимни куч-қувватим билан эришдим деган фикрдан батамом холий бўлиб, ушбу неъмат Аллоҳ жалла ва аъладан эканини эътироф этади.

Шукр бобининг тавҳидга боғлиқлик жойи бор. Гўёки имом (Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб) роҳимаҳуллоҳ атои неъматга шукр қилиш, синовга сабр қилиш ва гуноҳларга истиғфор айтишни ёдга олганларида, гўёки у киши муваҳҳиднинг ҳолига назар ташладилар. Ва унга, у билан доимо бирга бўлиши вожиб бўлган нарса билан хитоб қилдилар. Чунки Аллоҳ таоло муваҳҳидга шундай бир неъматни инъом қилганки, унга бирор бир неъмат тенг келмайди. У ҳам бўлса саҳиҳ Исломда ҳамда Аллоҳ таоло дунё-ю охиратда саодатни ваъда қилганлар(нинг йўли бўлмиш) чинакам тавҳид асосида эканлигидир.

Муваҳҳид синов-имтиҳондан қочиб қутулолмайди. Шунинг учун (муаллиф роҳимаҳуллоҳ) унинг ҳаққига синовга тутилганда сабр қилишлигини сўраб (дуо қилдилар).

Гоҳида ушбу синов-имтиҳон унга қаратилган сўз-(ҳақоратлар) билан бўлади.

Гоҳида эса танасига етган (оғриқ ва жароҳатлар) билан бўлади.

Гоҳида эса мол-дунё ёки бошқа жиҳатдан бўлади.

Сўнг шундай дедилар: «Гуноҳ қилса истиғфор айтадиганлардан». Чунки муваҳҳид (шариатнинг маълум бир буйруқ ва қайтариқларидан) юз ўгириши, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин гуноҳларга қўл уриб қўйиши аниқ-тайиндир. Аллоҳ жалла ва аъланинг исмларидан бири «Ғофур»дир. Аллоҳ таолонинг ушбу («Ғофур») исмининг асорати борлиғи ва мулкида зоҳир бўлиши чорасиздир.

Шу сабабли Аллоҳ таоло мухлис, муваҳҳид бандасини доимо истиғфор айтишлигини яхши кўради.

Муваҳҳид ана шундай бўлиши лозим-у лобуддир. Банда истиғфорнинг нақадар буюк (амал эканини) унутган они, уни кибр эгаллайди. Кибр эса кўплаб амалларни ҳабата-(пуч) қилади.

Шунинг учун ҳам ушбу ўринда айтдиларки: «Гуноҳ қилса истиғфор айтадиганлардан қилишини сўрайман. Чунки ушбу уч (хислат) саодат белгисидир». Демак, ушбу уч хислат ҳар бир муваҳҳиднинг ажралмас жиҳатидир. Улар: атои неъматга шукр қилиш, синов-имтиҳонга сабр қилиш, ҳамда гуноҳ ва маъсиятларга истиғфор айтиш. Банда Роббисини танишлиги ва қалбидаги тавҳид зиёдалашиб боргани сари, унда ушбу уч хислат(га амал қилиш) ҳам зиёдалашиб боради. Ҳатто банда ўз амал ва бошқарувга ҳақли экани борасида Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасини кўзи кўрмайдиган бўлиб қолади. Банда ана шулардан ғофил қолмас экан, унинг истиғфор айтиши, истиғфор айтганда ҳеч вақони тушунмайдиган кимсанинг айтгани каби бўлмайди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча ва кундузда Аллоҳга юз мартадан кўп истиғфор айтардилар.[3] Яна бир ривоятда: «У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир мажлис(ни ўзида) етмиш мартта истиғфор айтардилар», дея нақл қилинган.[4] Муваҳҳидга доимо мағрурланиб қолишлик хавфи хатар солиб туради. Чунки у тавҳид аҳли ва салафларга чинакам эргашувчилардан ёки ушбу илмни уққанлардандир. Сўнг эса қалбида Аллоҳ таоло билган бўйинсунишлик ва хокисорлик пайдо бўлмаслиги унинг ушбу восита, яъни Аллоҳ жалла жалалуҳунинг тавҳиди(га элтувчи) воситани қабул қилмасликка сабаб бўлади. Иш шундай жиддийдир. Аллоҳ таоло бандаларидан оз нарсани талаб қилди. Шу сабабли ҳам тавҳид иши улуғ бўлиб, ширк ва унга олиб борувчи нарсалар қабиҳ бўлди.

Шуни билгилки, Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат қилишга йўлласин, тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати: Аллоҳга, динни Ўзи учун холис қилган ҳолда ибодат қилишингдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

Аллоҳ таоло сени Ўзига ибодат қилишинг учунгина яратганини билиб олган бўлсанг, (шуни ҳам) билгинки, ибодат фақат тавҳид билангина ибодат деб номланади. Худди намоз фақат таҳорат билангина намоз деб номлангани каби. Ибодатга ширк оралайдиган бўлса, у (ибодат) ярамайди. Худди таҳорат бузилгани каби.

Демак ширк ибодатга оралайдиган бўлса, уни яроқсиз қилиши ва амал ҳабата бўлиб, ушбу амал соҳиби жаҳаннамда абадий қоладиганлардан (бирига) айланишини билиб олган бўлсанг, шояд Аллоҳ сени ушбу тўрдан халос этар, гарданингдаги энг муҳим нарса: шуни, яъни Аллоҳга ширк келтириш (нақадар разил иш) эканини билиб олдинг. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ёки кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради» (Нисо: 116).

Ушбу (мақсадга) Аллоҳ таоло Ўзининг китобида зикр қилган тўрт қоидани билиш билан (эришилади).

Қоидаларга киришиш олди ушбу муқаддима зикр қилинди. Унинг аввали «Ҳанифийя» – «Иброҳим алайҳиссалом миллатидир». Аллоҳ жалла ва аъла Иброҳим (алайҳиссаломни) «Ҳаниф», яъни, ширк йўлини қўйиб, тўла тавҳид сари талпинувчи қилди.

«Ҳанифийя» (Тўғри йўлдан оғмаганлик) шундай миллатки, ҳар қандай ботилдан узоқ бўлиб, ҳақ сари талпинган миллатдир. Ва у Аллоҳ жалла ва аъла айтганидек отамиз Иброҳим алайҳиссалом миллатидир: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган» (Оли Имрон: 67). Ва яна айтдики: «Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди. У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри йўлга ҳидоят қилди» (Наҳл: 120-121).

Иброҳим алайҳиссалом миллатининг ҳақиқати, у Аллоҳ жалла ва аъла Зухруф сурасида айтганидек «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини рўёбга чиқаришдир: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак». У (Иброҳим) ўшани (яъни ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди» (Зухруф: 26-28). Ушбу сўз – «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасидир. «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)». Ана шу тавҳид калимасидир:

«Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман». (Оятнинг ушбу қисми) тавҳид калимасидаги нафий бўлмиш биринчи жиҳатидир. Яъни, «Ла илаҳа» сўзининг маъноси: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман».

«Иллаллоҳ» эса: «Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)» маъносидадир.

«У (Иброҳим) ўшани (яъни ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди». Тавҳид калимасининг энг муфассал изоҳи ушбу оятдир: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)».

Шунинг учун ҳам илм аҳли айтишдики: тавҳид калимаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»да нафий ва исбот мавжуд:

Нафий – Аллоҳ жалла ва аъладан ўзга ҳар қандай маъбуд ва Аллоҳ жалла ва аъладан ўзга(сига қилинган) ҳар қандай ибодатдан пок-безор бўлишлик. Чунки Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасига (қилинган) ибодат ботилдир.

Исбот – ёлғиз Аллоҳ жалла ва аълага ибодат қилиш. Яъни, ҳақиқий, чинакам бандаликни ёлғиз Зотга, яъни, Аллоҳ жалла жалалуҳуга йўналтиришликдир.

Ана шу Иброҳим алайҳиссалом миллати ва «Ҳанифийя»дир. Ана шу Аллоҳ жалла ва аъла Ўзининг пайғамбарини маҳкам тутишга амр этган миллатдир: «Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл: 123). Иборҳим алайҳиссалом миллати – тавҳиддир.

Шуларни билган бўлсангиз, ибодат фақат тавҳид билангина мақбулдир. Ва бу намоздаги таҳоратга тамсил қилинди. Тавҳид, яъни, ихлос ибодат қабул бўлишидаги шартдир. Таҳорат эса намознинг саҳиҳ бўлишидаги шарт. Намоз таҳоратсиз саҳиҳ бўлмайди. Шунингдек, ибодат ҳам киши муваҳҳид бўлгандагина саҳиҳ бўлади. Пешонасида сажда изи бўлса, кундузлари рўза тутиб, кечаларни ибодат билан ўтказса, ушбу амалларининг қабул бўлиш шарти холис муваҳҳид бўлишлигидир. Аллоҳ жалла ва аъла шундай деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65-66).

Аллоҳ жалла ва аъла кофирлар ҳақида шундай деди: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23).

Ибодат қанчалик катта ва кўп бўлмасин, агар ихлос билан бўлмаса, у мақбул эмасдир. Худди бир киши узоқ туриб намоз ўқиса, рукуъ ва саждада узоқ туриб, гўзал суратда адо этса ва ушбу намозга таҳоратсиз киришган бўлса, ушбу намоз ижмо билан қабул қилинмагандир. Чунки таҳорат намоз саҳиҳ бўлишидаги шартдир. Саҳиҳ ҳадисда ворид бўлганидек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло бирортангизнинг намозини таҳорати сингач, то таҳорат олмагунича қабул қилмайди».[5] «Намоз фақат таҳорат биландир».[6] Ушбу шартга (яъни, намоз саҳиҳ бўлиши учун таҳорат лозимлигига) иттифоқ қилинган.

Ушбу буюк масалага (ана шу мисолни келтирилишлиги) зеҳнимизда тўла тасаввур ҳосил бўлиши учундир. Аслида эса ибодат қабул бўлиши учун ихлос ва тавҳидни шарт эканлиги, намоз қабул бўлиши учун таҳорат шарт эканлигидан (бир неча чандон) улканроқдир. Чунки киши қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, ушбу кимсани кофир эканлиги илм аҳли ўртасида ихтилофли масаладир. Бироқ Аллоҳга, (Унга бирор нарсани) шерик қилган ҳолда ибодат қилса, унинг ибодати мақбул эмаслиги ва ўзи кофир бўлишига ижмо қилинган. Чунки у амал қабул қилинмаслигида сабаб бўлган катта ширкка қўл уриб, Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтирди.

Ушбу масала (зеҳнимизга мустаҳкам) ўрнашган бўлса, ушбу асос кишини (бир жиҳатдан) хавфга солса, (яна бир бошқа жиҳатдан) хурсанд қилади:

1) Ширк ва унинг аҳлидан бўлиб қолишдан чўчиса;

2) Аллоҳ жалла ва аъла уни тавҳид аҳлидан қилиб қўйганига хурсанд бўлади.

Аллоҳ таоло уни тавҳид аҳлидан қилиб қўйганлигидаги хурсандлиги, ушбу (неъмат)га шукр қилиб, унда бардавом бўлишлигини вожиб қилиб қўяди.

Ширк аҳлидан бўлиб қолишлигидан ёки ширкнинг баъзисига қўл уриб қўйишидан қочиб, хавфсираши, уни доимо ҳазир бўлишлигига, ибодат, ақида ва (оғзидан чиқаётган) сўзларига ширк оралашидан огоҳ бўлишига ундайди. Чунки ушбу ширкийётлар катта ширкдан бўладиган бўлса, батаҳқиқ, у амални ҳабата қилади. Агар кичик ширкдан бўладиган бўлса, батаҳқиқ, у бидъат ва (ширкдан қуйи турадиган) турли маъсиятлардан улканроқдир. Шак-шубҳасиз ушбу (асос) кишини ҳам хавфсировчи, ҳам умидвор қилади. Яъни, тавҳид билан шодланиб, ширкдан хавфсировчи бўлади. Ва яна (ушбу асос) кишини ўз ишида аниқ ишончга эга бўлишида сабаб бўладиган ана шу қоидалар борасида изланишига ундайди.

Имом, ислоҳотлар олиб борувчи (Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб) роҳимаҳуллоҳнинг даъватларидаги тавҳид ва ширк борасида мулоҳаза юритган кишида, шайхнинг масалаларни қайд этишлари ва ширк аҳлига ҳукм қилишлари жиҳатидан бироз иккиланиш ва шак-шубҳа оралаши мумкин. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ», деб, намоз ўқиб, закот бериб, рўза тутиб, ҳаж ва бошқа улуғ ибодатларни адо этаётган, ҳамда одамлар бу киши солиҳлардан-да дейишаётганларнинг амаллари ширкийётлардан бўлишлиги ёки тоғутга куфр келтирмаган чоғида амалларининг сариқ чақалик қиймати бўлмаслиги, катта иш (мусибат). Ахир ушбу (сўзлар одамлар) қалбида қандай қарор топади?! (Улар буни тасаввур ҳам қилиб кўришдан ожиздирлар).

Гоҳида назарий жиҳатдан, ширкка ботган ҳолда улкан ибодатларни адо этаётган кимсалар борасида одамлар: (ахир қандай қилиб, дея норози оҳангда) ушбу кимсаларни мушрик эканларини тасаввур ҳам қила олмайдилар.

Ушбу қоидалар ана шу улкан масалага асос қўйиш учундир. Аслида бу борада Аллоҳнинг ҳаққи (топталяптими ёки йўқми) дея қаралмоғи лозим эди. Камчилик эса одамларнинг махлуқнинг ҳаққи (топталяпти) дея назар ташлашлари жиҳатидан содир бўляпти. Бироқ инсонни яратиб, (барча аъзоларини) тиклаб, сўнг (қоматини ҳам) расо қилган, осмонлар ва ерни ушбу ажойиб кўриниш-(интизом)да яратган, рубубиятда якка эканига бўлган далилларни қоим қилиб, ушбу (далиллар)ни (инсон) қалби, само ва атроф (оламга) жо қилган, ҳамда У Зот жалла ва аъланинг зарарига, мушрикнинг фойдасига асло ҳужжат бўлмайдиган қилиб, элчиларни ҳужжат қоим бўлиши ва огоҳлантирув баралла айтилиши учун раҳмат ўлароқ юборган Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳаққи (топталяптими ёки йўқми, дея) назар ташлаганларида эди…

Биринчи қоида: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг олиб борган кофирлар, Аллоҳ таоло Яратувчи, (ишни) Бошқарувчи, деб иқрор бўлардилар ва бу (иқрор бўлишлари) уларни Исломга дохил қилолмаганини билишингдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

Биринчи қоида шуки, рубубият тавҳиди бирор кишини Исломга дохил қилолмайди. Рубубият тавҳиди, у талаб қилинган эмас. Арабларнинг Аллоҳ жалла ва аъла Яратувчи, ёлғиз Ўзи ризқ берувчи, ёлғиз Ўзи тирилтириб, ўлдирувчи, У ҳимояга олади ва Ўзи ҳимояга олинмайди, иш-(бошқарув)нинг бари Унинг Қўлида, ёмғирни ёғдирадиган, (сўритокларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни яратган Зотдир деб билишлари, шуларнинг барини бўйинсундириб, яратган Зот Аллоҳ жалла ва аъладир деб иқрор бўлишлари уларга фойда келтирмади. Аллоҳ жалла ва аъла уларни ушбу ишлари сабаб аҳли Ислом деб айтмади. Аллоҳ таоло айтадики: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106). Яъни, рубубиятда якка эканига иймон келтирсалар-да, ибодатни (ёлғиз Ўзига қилмай) ширк келтирадилар.[7]

Араб кофирларининг ҳолатига бир қаранг! Улар Аллоҳ жалла ва аъла айтганидек рубубиятнинг кўплаб маъноларини тан олардилар: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31). «Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар», яъни, ушбу ишларни қилган Зот – ягона Аллоҳдир. «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!», яъни, Унинг рубубиятда якка эканини тан оласизлар-у, ёлғиз Ўзига ибодат қилмай, Унга ширк келтиришни ташламай Ундан қўрқмайсизларми?! Шундай қилиб ўзлари тан олган нарса-(рубубият тавҳиди) билан ўзлари инкор қилган нарса-(улуҳият тавҳиди)га ҳужжатни қоим қилди.

Ушбу мушрикларга қарши ҳужжат қоим қилишдаги Қуръон услубидир. Рубубият тавҳидига ҳужжат қоим қилинмоғи, ибодат тавҳидидаги ҳужжатлардандир. Чунки ёлғиз Ўзи Яратувчи, ризқ берувчи, … , Зотгина ибодатга лойиқдир.

Шунинг учун Аллоҳ таоло мушрикларнинг (қилмишларини) инкор қилган ҳолатда шундай деди: «Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Аллоҳга) шерик қиладиларми?!» (Аъроф: 191). Ва яна шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуою-салом бўлсин». Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?!» (Намл: 59). Аллоҳ таоло мушриклар (топинаётган) олиҳаларни ожиз, бирор нарсага қодир эмас, ярата олмайди ва анавилар юзланишлари учун (ҳақли бўлган) сифатларга эга эмас дея васф қилди.

«Агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак ўша бутлардан ҳожатини) раво қилишни сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир» (Ҳаж: 73). Ушбу (мушриклар) ибодат қилиб юзланаётган (олиҳаларининг) мисоли эди. Мушрикларнинг рубубият (тавҳиди)га иқрор бўлишлари, уларни Исломга олиб киролмади.

Бундан оладиган хулосамиз, улардан кейин келганларнинг ҳам рубубиятни тан олишлари, улар мўминлар экан-да деганини англатмас экан. Агар бир одам келиб: Аллоҳ таоло Роб, Яратувчи, У менинг Роббим, ризқ бериб, тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зот Аллоҳ эканига иймон келтираман, деса, ушбу киши шаръий иймон доирасидаги мўмин ҳисобланмайди. Яъни, то тавҳидни адо этмагунча мусулмон ҳисобланмайди.

Шу сабабли «Илоҳ» – ихтиро-(яратиш)га қодир Зот, дея таъриф бериш билан мутакаллимлар қўпол хатога йўл қўйди. Улар: Илоҳ – ихтиро-(йўқдан бор қилиш)га қодир Зотдир дейдилар.

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси, уларнинг наздида рубубият маъносинигина ифодалайди. Бу эса Ислом динига нисбатан энг катта хато-(жиноят)дир. Мутакаллимлар томонидан динга, (Ислом) миллатига нисбатан (содир бўлган) хато-(жиноят)ки, улар (пайғамбарлар билан қавмлари ўртасидаги) келишмовчилик рубубиятда эди деган фикрни илгари суришди. Киши нарсаларни йўқдан бор қилиб, яратган Зот – Аллоҳдир, дея аниқ ишончга эга бўлса, бас, у уларнинг (мутакаллимларнинг) наздида мўмин-мусулмондир. Бу эса улуҳият маъносидан ўзга бир маънодир. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси: Аллоҳ жалла ва аъладан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. Демак у (тавҳид калимаси)нинг маъноси рубубият эмас, балки убудийят маъносини ифодалаяпти.

Демак, кофир ва мушрикларнинг ҳолатларидан келиб чиқиб (битилган) ушбу муҳим, яқиний (бирор шак-шубҳа ораламаган) қоидадан шайх (роҳимаҳуллоҳ) ирода қилган маъно шуки, улар рубубият тавҳидини тан олардилар ва бунинг уларга бирор фойдаси бўлмади, бу уларни Исломга олиб кирмади, ҳамда улар учун бирор ҳақ-(насиба) улашмади. Чунки улар Аллоҳ жалла ва аълага бошқа олиҳаларни шерик қилардилар. Ботил олиҳаларга сиғинардилар. Шундай деб айтардилар: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5).

Ҳозирги замон, боринг ана шайхнинг замонлари ва ундан олдинги-ю кейинги замонларга назар ташлар эканмиз, рубубиятга тўла инонадиган, бироқ ибодатда ширк келтирадиган кимсаларга гувоҳ бўламиз. Аввалгиларнинг ҳолати каби бу уларга асло манфаат келтирмайди. Чунки қоида шуки: араб мушриклари рубубиятга тўла инонардилар.

Бугун эса баъзиларда заифлик кузатилиб: иншааллоҳ, дейдиган ёки Аллоҳ жалла ва аълани зикр қилганини ёки Аллоҳ Роббимдир, У менинг Эгам ё шунга ўхшаш сўзларни айтаётган кишини эшитса, уни мусулмон деб ўйлаб, бу борада ундан қаноат ҳосил қилади. Аслини оладиган бўлсак, бу борада (пайғамбарлар билан қавмлари ўртасида) бирор келишмовчилик юз бермаганди. Демак, У Зотга ибодат қилишда муваҳҳид бўлишлик лозиму лобуддир. Яъни, Аллоҳга пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилган йўл билангина ибодат қилиб, ширк ва унинг аҳлидан батамом пок-безор эканини эълон қилади.

Иккинчи қоида: Улар (кофирлар) айтардиларки: биз уларга (бут ва санамларга) фақатгина (Аллоҳга бироз бўлса ҳам) қурбат (ҳосил қилармикинмиз) ва (Аллоҳни ҳузурида бизни) шафоат (қилармикинлар), деб дуо қилиб, юзланамиз. (Кофирларнинг бут ва санамларга Аллоҳга) қурбат (ҳосил қилиш учун ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар: 3).

(Кофирлар бут ва санамларга, улар бизни Аллоҳнинг ҳузурида) шафоат (қиладилар, деб ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар» (Юнус: 18).

Шафоат икки турлидир: салбий-номақбул ва ижобий-мақбул.

Салбий-номақбул шафоат, фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган ишлар борасида Аллоҳдан ўзгасидан сўраладиган шафоатдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат-қўллов бўлмайдиган кун келишидан илгари сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир» (Бақара: 254).

Ижобий-мақбул шафоат эса Аллоҳдан сўраладиган шафоатдир. Шафоат қилувчи шафоат (неъмати) ила иззат-икром қилингандир (мукаррамдир). Шафоат қилинадиган киши эса Аллоҳ таоло (шафоат қилинишига) изн бергач сўзи ва амалидан рози бўлган кишидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қилолмайди» (Бақара: 255).

Ушбу иккинчи қоида ибодат борасидаги мушрикларнинг ҳолати ҳақида бўлиб, улар Аллоҳдан Ўзга олиҳаларга ҳам сиғинардилар.

Улар ушбу ибодат билан нимани қасд қилардилар? Булар мустақил олиҳа деб айтармидилар ёки булар фақат воситадир, дермидилар?

Ушбу қоида шуни ифода этадики, улар Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасига фақат восита, қурбат ва шафоат жиҳатидан ибодат қилардилар. Яъни: ушбу ботил олиҳалари уларни Аллоҳга яқинлаштиради, ҳожат-(сўровлари)ни Аллоҳга кўтаради-(етказади) ёки уларни Аллоҳни ҳузурида шафоат қилади, деб айтардилар.

Яъни, араб мушриклари (ўз ҳожатларини) ушбу олиҳаларни ўзидан мустақил сўрамасдилар, балки бир восита, қурбат ва (Аллоҳга) яқинлик (ҳосил қилиш) жиҳатидан сўрардилар.

Иккинчи жиҳати эса муаллиф роҳимаҳуллоҳ ёдга олганларидек шафоат жиҳати эди. Сўнг шундай дедилар: (Кофирларнинг бут ва санамларга Аллоҳга) қурбат (ҳосил қилиш учун ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар: 3).

Яъни, уларга ибодат қилишимизнинг, бизни (Аллоҳга) яқинлаштиришларидан ўзга сабаби йўқ. Улар Аллоҳ жалла ва аълага яқин бўлмоқ истакларини очиқ чеклов услубида баён қилдилар. Демак, улар ҳам Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳузуридаги нарса-(ажру савобни) хоҳлагандилар.

Ушбу ботил олиҳаларга юзланганлари маҳал Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса-(ажр)ни истагандилар ва улардан (ботил олиҳалардан) тўғридан тўғри (ҳожатларини ўтаб беришни) сўрамасдилар. Балки ана шу (ботил олиҳалар воситасида) Аллоҳ жалла ва аълага бироз бўлсада яқинлик ва қурбат ҳосил қилишни хоҳлардилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтдики: «У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3). Демак ибодатлари билан (Аллоҳга) қурбат ҳосил қилишни хоҳлардилар.

(Кофирлар бут ва санамларга, улар бизни Аллоҳнинг ҳузурида) шафоат (қиладилар, деб ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар» (Юнус: 18).

Шафоат – (ушбу ботил олиҳалар) Аллоҳ жалла ва аъладан уларнинг истак-ҳожатларини талаб қилишларидир (деб билардилар). Чунки шафоатнинг маъноси: талабгор ўз талабини (орадаги) талаб қилувчига топширади-да, ушбу (орадаги восита) талабни бошқарув Унинг Қўлида бўлган Зотга кўтаришлигидир. Ана шу шафоатнинг маъносидир: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади, дейдилар». Яъни: биз учун истакларимизни сўраб беришади. Аллоҳ жалла ва аъла уларнинг шафоатларини рад этмайди. Чунки улар Унга яқин зотлардир.

Олам узра барча гуруҳ ва тоифалардаги ширкнинг асли икки жиҳатнинг биридадир:

Биринчи жиҳати – юлдузларнинг руҳиятига эътиқод қўйиш билан юз берган ширк. Худди Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмида юз берганидек. Иброҳим алайҳиссалом юлдузлар руҳияти тимсолида гавдаланган санамларга ибодат қиладиган қавмга юборилгандилар. Улар хос бир юлдузлар борасида, улар коинотда ўз таъсирига эга дея эътиқод қилардилар. Бут ва санамларга сиғинардилар. Чунки ушбу юлдузларнинг руҳлари (сиғинишаётган бут ва санамларида) акс этади (деб эътиқод қилардилар). Шайтонлар ушбу бут ва санамларда акс этиб, уларга хитоб қиларди. Гоҳида эса истаклари рўёбга чиқарди. Иш ана шу алфозда ширк қилишларигача борди. Ушбу ширкка зиёда ўлароқ (истакларимизни) бажараётган, ҳамда бизга хитоб қилаётган юлдузлар ва уларнинг руҳиятидир, дея эътиқод қилдилар. Аллоҳ жалла ва аъла шундай деди: «Шундай қилиб Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мамлакатларини кўрсатурмиз. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди» (Анъом: 75-76).

Уламолар (Иброҳим алайҳиссалом ушбу қовлни айтган вақтларида уларнинг ҳолатига) назар ташлаган ҳолда айтганмидилар ёки баҳс-мунозара йўлига кўра айтганмидилар, дея ихтилофлашдилар. Саҳиҳ қовл шуки, Иброҳим алайҳиссалом «Мана шу Парвардигорим», деб айтганларида назар ташловчи эмас, балки мунозара йўлига кўра айтгандилар.[8]

Ширкнинг иккинчи тури-(жиҳати) эса Нуҳ алайҳиссалом қавмининг ширкидир. Бу эса солиҳ зотларнинг руҳига эътиқод қўйиш жиҳатидан рўй берган ширкдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Бухорийнинг ўз саҳиҳ тўпламларида (4920) Атодан, у киши эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар: «Булар Нуҳ қавмида ўтган солиҳ кишиларнинг исмларидир. Ушбу кишилар борасида ширк юз берди. Чунки улар солиҳ зотлар эди».

Араблар ширкни солиҳ зотлар дея отамерос қилиб олиб, турли бут ва санамларга сиғиндилар.

Лотга сиғиндилар. Лот бир ердаги қабр бўлиб, ушбу қабрга эътиқодларига кўра унинг (Лотнинг) руҳи келармиш. Унинг сиймосини гавдалаймиз дея бир бут ясаб, ўшанга сиғина кетишди. Аслида эса шайтонлар уларни (ўзларининг ғаразли мақсадларида) суистеъмол қиларди.

Шунингдек, Уззо бир дарахт, Манот эса харсанг тош эди. Ушбу дарахт олдида ибодат билан машғул бир солиҳ киши бўларди. Манотнинг олдида ҳам ибодат билан машғул бир солиҳ зот бўлган.

Солиҳ зотлар ва уларнинг руҳларига эътиқод қўйиб, уларни авлиёлар дея ушбу зотлар Аллоҳ жалла ва аълага уларнинг истак-хоҳишларини олиб чиқади деб билардилар.

Арабларнинг ҳолати борасида мулоҳаза юритар экансиз, ширк араблар томонидан содир бўлганига гувоҳ бўласиз. Шайх роҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу иккинчи қоидада ана шу (масала)ни қайд этиб ўтмоқчиларки, ширк солиҳ зотлар борасида ёки қурбат ва шафоат талабида олиҳалар борасида араблар томонидан содир бўлган. Ушбу олиҳалар рубубият ёки улуҳият маъноларидан бирига эга экани жиҳатидан эмас. Асло ундай эмас. Сабаб бўлиши жиҳатидан ушбу санамларни олиҳа деб билардилар. Уларга бир восита дея ибодат қилинарди, алоҳида олиҳа деб эмас. Шунинг учун Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5). Улар ушбу олиҳаларни қурбат ва шафоат жиҳатидан воситалар дея эътиқод қилардилар.

Китобу Суннат ҳужжатларида шафоат икки турлидир. Салбий-номақбул ва ижобий-мақбул:

Салбий-номақбул: имом роҳимаҳуллоҳ ёдга олганларидек, у Аллоҳ жалла ва аълагина қодир бўладиган ишлардаги шафоат. Гуноҳни мағфират қилишликка эга бўлмаган кишидан шафоат-оқлов сўраш каби.

Шафоат дуо талаб қилиш маъносидадир. Шафоат қилди, яъни, талаб қилди. Шафоат – талабдир. Талаб қилинган ё тирик ёки ўлик бўлади. Ҳаёти дунёда ёки қиёмат майдонида тирик, (олдингизда) ҳозир бўлган тирикдан шафоат сўраш жоизлиги ҳақида далиллар мавжуддир. Бу борада кўплаб ҳужжатлар келган.

Ўлик эса на амал ва на талаб диёридадир. Ҳамда Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳузурида ҳам талаб қилинган истакни бажо қиладиган ўрни йўқ. Демак, шафоат Аллоҳ жалла ва аъладан сўралади.

Салбий-номақбул шафоатни Аллоҳ жалла ва аъла Ўзининг Китобида рад этгандир: «Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18). Ва шундай деди: «Ва на оқлов бўлмайдиган кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир» (Бақара: 254). Ва яна айтдики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу (Қуръон) билан ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир оқловчи бўлмаган ҳолда Парвардигорлари даргоҳида тўпланишдан қўрқадиган зотларни қўрқитинг!» (Анъом: 51). Шафоат инкор қилинган яна бундан бошқа оятлар бор. Ушбу салбий-номақбул шафоат Аллоҳнинг Изни ва Розилигисиз бўладиган шафоатдир. Бу эса шафоат қилиш имкониятига эга бўлмаган кишидан талаб қилиш билан бўлади. (Мисол учун) даражаси қанчалар олий бўлмасин, ўликдан талаб қилиш каби. Ахир у шафоат талаб қилишга эга эмас-ку.

Шу сабабли шафоат Аллоҳ жалла ва аъладан талаб қилинади. Ана шу фойдали шафоатдир.

«Ижобий-мақбул шафоат». Шайх роҳимаҳуллоҳ ҳақиқий шафоат маъносини баён қилиш ва ботил шафоатга боғланиб қолганларга раддия беришга киришяптилар. Шафоатнинг ушбу тури тавҳид китоби ва аҳли суннанинг шафоат ҳақидаги китобларида муфассал ёритилган.

Хулоса шуки: ижобий-мақбул шафоат шаръий шартлар тўла топилганидир. Ушбу шартларнинг энг каттаси Изн ва Розиликдир. Шафоат қилувчи шафоат қилиши учун изн ҳамда шафоат қилувчи ва шафоат қилинмишдан Розилик. Аллоҳ жалла ва аъла шундай деди: «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Нажм: 26).

Субҳанаҳу айтдики: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қила олмайди» (Бақара: 255).

Жалла ва аъла шундай деди: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).

Ва яна айтдики: «(Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида Ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)» (Зухруф: 86).

Демак, ижобий-мақбул шафоат фойдалиси экан. Бироқ изн ва розилик бўлмиш икки шарт билангина манфаатли бўлади: шафоат қилувчидан рози бўлиш ва у билган ҳолида ҳақ гувоҳлик берганлардан бўлиши, ҳамда шафоат қилинмиш тавҳид аҳлидан бўлиши ила ундан рози бўлиш.

Саҳиҳ ҳадисда келишича Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол йўллаб шундай дедилар: «Эй Росулуллоҳ, шафоатингизга ҳақли одам ким?», ёки «Қиёмат куни одамларнинг шафоатингиз сабабли бахтлилари ким?». У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дарҳақиқат, сендан олдин (бу ҳақда) мендан бирор киши сўрамаганини билдим. Буни эса ҳадисга ташна эканингдан деб англадим. Қиёмат куни менинг шафоатим ила бахтли бўладиганлар қалбидан ёки нафси (жонидан) холис бўлган ҳолда: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ (Ла илаҳа иллаллоҳ), деб айтган кишидир».[9]

Демак, шафоат фақатгина ихлос аҳли учундир. Қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, малоика, солиҳ зотлар ва уламоларнинг шафоати фақат ва фақат мухлис зотлар-(тавҳид аҳли) учундир. Ихлос аҳли эса шафоатни фақатгина Аллоҳдан талаб қиладилар. Мухлис-(муваҳҳид) шундай дейди: Аллоҳим, Росулинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам, малоика, уламо ва солиҳлар, ҳамда Сен уларни ва улар Сени севадиган кишилар мени шафоат қилишларини насиб айла! Ва шунга ўхшаш лафзлар.

Демак, шафоат Аллоҳ жалла ва аъладан талаб этилади, махлуқдан эмас. Нима учун? Чунки шафоат талаб-сўровдир. Агар: сендан шафоат, яъни дуо сўрайман ва ҳожатимни (Аллоҳга) етказишингни сўрайман деб айтса, шафоат талаб-сўров маъносини ифодалаган заҳоти у дуо турларидан бирига айланади. Натижада Аллоҳдан ўзгасидан талаб ва дуо қилиш катта ширкка айланади.

Ушбу муносабат билан айтамизки: Аллоҳгина қодир бўладиган ишлар борасида Ундан ўзгасидан шафоат сўраш, яъни, ўлик ва шунга ўхшашлардан, ушбу иш катта ширкдир. Чунки у дуодир. Дуони эса банда Аллоҳ жалла ва аълага ихлос қилган ҳолда адо этмоғи вожиб бўлади.

Учинчи қоида: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли нарсаларга ибодат қиладиган кимсалар рўбарўсига чиқдилар. Уларни ичида пайғамбар ва солиҳ кишиларга, тошу дарахтларга, ҳамда қуёш ва ойга ибодат қиладиганлар бор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг орасини ажратиб ўтирмай, (барчаларига) қарши жанг қилдилар. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир:  «То фитна тугаб, (бутун) дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз!» (Бақара: 193).

Қуёш ва ойга (ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Фаришталарга (ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва (бошқа) пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас» (Оли Имрон: 80).

Пайғамбарларга (ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтдингми?», деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг Зотингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг Билгувчисисан»» (Моида: 116).

Солиҳ кишиларга (ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У Зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар» (ал-Исро: 57).

Тош ва дарахтларга (ибодат қилишганига) далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) – «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!» (Нажм: 19-20).

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайнга (жой номи) чиқдик. Биз эндигина Исломга кирганлардан эдик. Мушриклар атрофида йиғилиб ўтирадиган ва унга қуролларини илиб қўядиган бир дарахт бўлиб, у «Зоти Анвот», дейиларди. Ўша дарахтнинг олдидан ўтиб айтдикки: «Эй Росулуллоҳ, бизга ҳам уларни «Зоти Анвоти» бўлгани каби бир «Зоти Анвот» қилиб беринг…»».

Ушбу қоида муқаддима ва хотимани ўз ичига олган.

Муқаддимага тўхталадиган бўлсак, у Аллоҳ жалла ва аъла ибодатлари ва турли ботил олиҳаларга сиғинишганликлари ҳақида хабар берганига биноан арабларнинг ҳолатини билиш мавзусидадир:

Уларни орасида қуёш ва ойга сиғинадиганлари бор эди. (Шайх роҳимаҳуллоҳ) далил сифатида Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини ёд этдилар: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган ЗотгаАллоҳга сажда қилинглар (Фуссилат: 37). Булар арабларнинг бир тоифаси бўлиб, улар қуёш ва ойга сиғинардилар. Араблардан ўзга (халқлар) ҳам шундай эди.

Уларни орасида яна дарахт ва тошга сиғинадиганлари бор эди. (Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) – «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!» (Нажм: 19-20).

Уларни ичида малоикаларга ибодат қиладиганлари ҳам бор эди. Аллоҳ жалла ва аъла айтганидек: «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. …», дерлар» (Саба: 40-41). Араб ва улардан бошқа (халқлар) ичида фаришталарни (Аллоҳга) шерик қиладиганлари бор эди.

Уларнинг ичида яна Ийсо алайҳиссалом каби пайғамбарларни (Аллоҳга) шерик қиладиганлари бор эди. Аллоҳ таоло у киши (Ийсо алайҳиссалом) ҳақларида шундай деди: «Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтдингми?», деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг Зотингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг Билгувчисисан»» (Моида: 116). Шундай қилиб Ийсо алайҳиссаломни (ибодатда Аллоҳга) шерик қилдилар.

Солиҳ кишиларни ҳам (Аллоҳга) шерик қилдилар. Аллоҳ жалла ва аъла шундай деди: «Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар – ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар» (Анбиё: 101-102). Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби борасида нақл қилинишича Аллоҳ жалла ва аъланинг ушбу: «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар» (Анбиё: 98), ояти нозил бўлганда араблар бу билан шодланиб, шундай дейишган экан: яқин келажакда Ийсо, Узайр ва бошқа (пайғамбар ва солиҳ зот)лар билан бирга бўларканмиз-да. Сўнг Аллоҳ жалла ва аъланинг ушбу қовли нозил бўлди: «Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар – ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар» (Анбиё: 101-102).

Пайғамбар ва солиҳ зотларга турли ибодатлар ила юзланишарди.

Дарахт ва тошларга ҳам юзланишарди. «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) – «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!» (Нажм: 19-20).

Шайтон ва жинларга ҳам юзланишарди. «Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар» (Сабаъ: 41).

«Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни – муттаҳамликни зиёда қилур эдилар» (Жин: 6).

Булар Қуръонда ворид бўлган арабларнинг ибодат турлари бўлиб, ушбу оятларда уларнинг ҳолати очиқ-ойдин ёритилгандир.

Аллоҳ жалла ва аъла Ўзининг пайғамбарига ушбу гуруҳлар ўртасини ажратишга амр этиб, ҳеч шундай дедими: кимда-ким дарахт, тош, санам, қуёш ва ойга ибодат қилса, бас, уларга қарши жанг қилинглар. Энди кимда-ким солиҳ зот ва пайғамбарларни шафоатчи қилиб, улар бизни Аллоҳга озгина бўлса-да яқинлаштирармикинлар дейдиганларга қарши эса жанг қилманглар?!

Орани бундай ажратишлик ҳеч бир ўринда ворид бўлмаган. Балки барчалари борасида бир буйруқ бўлиб, кофир ва мушриклар дея ҳукм қилиниб, жанг қилинди. Аллоҳ жалла ва аъла бирорталарини ажратиб ўтирмай ушбу тўдаларнинг барига қарши жанг қилишга амр этди. «Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз!» (Тавба: 36). Бу барча мушриклар ҳақида умумий (буйруқдир). Ушбу қисм хотима эди, юқорида ўтганлар эса муқаддима бўлди.

Иш шундай бўлар экан, демак, пайғамбар, тош, дарахт, жин ёки фариштага қилинган ибодат бир экан.

Энди ҳозирги замонда бир киши орага ажратув олиб кириб, айтсаки: солиҳ зотлар авлиёлардир. Улар Аллоҳнинг ҳузурида ўз ўринларига эга. Пайғамбарлар ўз мартаба ва обрўларига эга. Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳузурида ўз обрўларига эга эканлар, демак, улардан шафоат талаб қиламиз.

Шунда биз айтамизки: ушбу солиҳ зотларга ибодат қилиб, уларга юзланган ва Ийсо ёки Узайр (алайҳимассалом) ёки солиҳ зотларга ибодат қилганлар ўртасида нима фарқ бор? Булар ўртасида қандай фарқ бор? Шак-шубҳасиз барчаларининг ҳукми бирдир.

Ушбу қоида анавилар ўртасида бирор фарқ йўқ эканини яқийнан-аниқ ишонч билан айтяпти. Чунки ишнинг бари қалбда кечадиган ибодатдадир. Агар қалбда Аллоҳ жалла ва аълага тенгдош ёки шерик исбот қилиш қоим бўлса, ушбу шерик қилинаётган солиҳ ёки фосиқ, пайғамбар ёки пайғамбар бўлмаган, тош ёки фаришта эканлиги баб-баробардир. Ишнинг бари бирдир. Чунки қалб якка Аллоҳга ибодат қилишлиги ва дини ёлғиз Аллоҳ учун бўлмоқлиги вожиб бўлади.

«(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир)» (Зумар: 3).

«Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман»» (Зумар: 14).

Ушбу убудийят-бандалик ибодат қилувчи томонидан содир бўлади. Бу борада кимга (Аллоҳдан бошқасига) юзланаётгани аҳамиятсиздир. Агар якка-ю ягона Аллоҳга юзланса, бас, у муваҳҳид-мухлисдир. Агар Ундан ўзгасига юзланса, бас, у мушрикдир. Ушбу Аллоҳдан ўзга юзланаётгани ким ёки нима бўлишидан қатъий назар. Шунинг учун Аллоҳ жалла ва аъла айтдики: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117). Аллоҳ таоло бу ўринда айтяптики: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса», эътибор қаратинг: «Ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда». Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасига ибодат қилган кимсанинг сифати ана шундайдир. Ибодат қилаётган (олиҳаси) борасида унинг учун бирор ҳужжат йўқ. Ушбу оятдан (Аллоҳдан Ўзга) ибодат қилинаётган (олиҳаларга) ҳужжат бор эканлиги англашилмайди. Балки Аллоҳдан ўзгасига ибодат ва дуо қилаётган ҳар бир кимса, ушбу (олиҳаси) ибодат ва юзланмоқликка ҳақли экани борасида бирор ҳужжатга эга эмас.

Замонамизга назар ташлар эканмиз авлиё, қабр, қадамжо ва пайғамбарларга ибодат қилиб, (ўшаларга) топинаётганларни: саҳоба ва ушбу зотлар (Аллоҳ ҳузурида) ўз ўрин-мартабаларига эга, деб айтаётганларига (гувоҳ бўламиз). Ёки ҳар бир шаҳарда одамлар топиниб, ширк келтиришадиган бир сағана-(мавзолей) бор эканига (кўзимиз тушади). Улар: ушбу аввалги мушрикларнинг ибодати эмас, дейдилар. Нима учун? Чунки бу солиҳ зотларга ибодат қилишдир. Улар (аввалги мушриклар) эса бут ва тошларга ибодат қилардилар, дейдилар. Қандай қилиб (ушбу тубан ҳолатга) тушишди. Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла ва аъла ушбу ибодат қилинадиган (олиҳалар)ни васф қилиб, айтдики: «(Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар» (Наҳл: 21).

Абу Ҳайён ўз тафсири «Баҳрул Муҳит» (5/468)да ва муфассирлардан иборат бир тоифа айтишдики: ушбу оят қайта тириладиганлар ҳақидадир. Чунки Аллоҳ таоло айтдики: «(Улар) жонсиз ўликлардир». Ўлик дея васф қилинган нарса қачонлардир тирик бўлганига ишорадир. Тош, дарахт ва шуларга ўхшаш бутлар: «(Улар) жонсиз ўликлардир», дея сифатланмайди. Ушбу васф билан қачонлардир тирик бўлиб, сўнг вафот этганлар сифатланади. Булар борасида: «(Улар) жонсиз ўликлардир», деб айтилади. Ушбу маънони мана бу оят янада очиқ баён қилади: «Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар». Ушбу оят қиёмат куни Аллоҳ жалла ва аъла билан учрашиш учун қайта тириладиганлар ҳақидадир.

Ҳозирги ва шайх роҳимаҳуллоҳнинг замонларидаги, ҳамда барча ўринлардаги мушрикларнинг ҳужжатлари шуки: биз солиҳ зотларга юзланяпмиз. Шунда биз айтамизки: аввалги мушриклар ҳам солиҳ зотларга юзлангандилар.

(Ҳозирги замон мушриклари): биз буларни восита қиляпмиз. Улардан (ҳожатларимизни) тўғридан-тўғри сўрамаяпмиз, дейдилар. Биз эса: аввалги (мушриклар) ҳам восита қилиб, (булар бизни Аллоҳга бироз бўлса-да) яқинлаштириб, шафоат қилармикинлар (дея ибодат қилиб), улардан (истак-ҳожатларини) тўғридан-тўғри сўрамасдилар, деймиз.

Демак, исм ва даъволар ўзгарган холос. Ҳолатлар эса ўша-ўша. Бугунги тун кечагисига қандай ҳам ўхшаб кетяпти-я.

Тўртинчи қоида: Замонамиз мушрикларининг ширки аввалгиларникидан қўполроқ-тубанроқдир. Чунки аввалгилар роҳат-фароғат вақтида ширк келтиришар, оғир дамларда эса ихлос қилишарди. Замонамиз мушриклари эса доимий ширкда, роҳат-фароғатда ҳам ва оғир-қийин дамларда ҳам. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!» (Анкабут: 65).

Ушбу қоида юқорида ўтган (жумла)ларнинг хотимасидир.

Ҳозирги замон мушриклари барча замонлардаги мушриклар жинсидан, жоҳилият мушриклари жинсидан экани маълум бўлган бўлса, гарчи улар (замонамиз мушриклари) Ислом миллатига нисбат берилиб, намоз ва турли ибодатларни адо этсалар-да, барибир уларнинг (аввалги мушрикларнинг) жинсидандирлар. Улар (замонамиз мушриклари) қўл ураётган ширк аввалги (мушрик)лар қўл урган ширкнинг айни ўзидир. Эҳтимол ширк ҳолатлари янада зиёдалашган. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу қоидада баён қилмоқчи бўлаётганлари ана шуки, ҳозирги замон мушрикларининг ширки жоҳилият мушрикларининг ширкидан ғализ-қўполроқдир. Нима учун?

Чунки Аллоҳ жалла ва аъла жоҳилият аҳлини роҳат-фароғот вақтида ширк келтириб, оғир дамларда ёлғиз Аллоҳга юзланишларини васф қилиб, айтдики: «Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар» (Наҳл: 53). «Унгагина», яъни, Ундан ўзгасига эмас.

«…Фақат Унгагина илтижо қилурсизлар. Сўнг, У зот сизлардан балони аритганида эса, баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, Биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл: 53-54).

Аллоҳ жалла ва аъла уларнинг денгиздаги ҳолатлари ҳақида шундай деди: «То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни, сизларни) олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини билганларида: «Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз», деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар. Энди қачонки Аллоҳ уларга нажот бергач, баногоҳ улар ер юзида ноҳақ зулму тажовузкорлик қилурлар» (Юнус: 22-23).

Ва яна айтдики: «Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!» (Анкабут: 65).

Бошқа бир оятда эса: «Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри йўл тутгувчидир. Бизнинг оятларимизни инкор қилмас, магар барча хоин ва ношукур кимсаларгина (инкор қилурлар)» (Луқмон: 32).

Ушбу икки ҳолат (аввалги ва ҳозирги мушриклар ҳолатини) мулоҳаза қилар экансиз:

Аввалгилар роҳат-фароғот ҳолатида ширк келтирарди. Бошларига қийинчилик ва мусибат тушадиган бўлса, Аллоҳга ихлос билан юзланардилар: «Чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар».

Ҳозирги замон мушриклари эса бошларига оғир иш тушадиган бўлса Айдрус, Ҳусайн, Бадавий, Марғиноний, (Баҳоуддин Нақшбанд, Занги ота, Қўйлиқ ота) … ва ҳаказо ўликларга топинадилар. Бошларига мусибат тушадиган бўлса дарахт, тош ва шунга ўхшаш нарсаларга топинадилар.

Шак-шубҳасиз бу аввалгиларнинг ширкидан қабиҳроқдир. Чунки улар (замонамиз мушриклари) икки ҳолатда ҳам (роҳат-фароғот ва мусибат тушганда ҳам) ширк келтирадилар. Аввалги мушриклар эса бир ҳолатда ширк келтириб, иккинчи ҳолатда (Аллоҳни) ёдга олардилар.

Бироқ ҳозирда буларни ким ҳам тушуниб, англай оляпти дейсиз?! Ким ҳам ҳозир ушбу ишни осонликча тушуниб, бирор шак-шубҳа қилмай, чалғимай яқийний-аниқ илмни қўлга киритяпти дейсиз?! Чунки баъзи кимсалар: ахир улар намоз ўқиб, закот бериб, рўза тутадилар-ку. Ахир, қандай қилиб аввалги (мушриклар)дан-да қабиҳроқ ширкка ботадилар, деб айтадилар.

Шунда биз айтамизки: Асос – диннинг пойдеворидир. Чунки тавҳидсиз ушбу ибодатнинг бирор фойдаси йўқ. Сўзимиз бошида эслаб ўтганимиздек, таҳоратсиз адо этилган намознинг фойдаси бўлмагани каби. Ушбу улкан ибодатлар ширк ила адо этилар экан, батаҳқиқ, уларнинг фойдаси йўқ ва (Аллоҳнинг ҳузурида) қабул ҳам қилинмайди. Ахир, қандай қилиб ҳам роҳат-фароғот ва ҳам мусибатли дамларда ширкка қўл урилади?!

Уламолардан баъзилари ёдга олишича, у киши даъват ва тавҳид тарқалмасидан олдин Тоиф аҳлидан бўлган бир киши билан учрашиб қолган экан.

Шунда ушбу олим анави кишига: Тоиф аҳлига мусибат келса Ибн Аббосга топиниб, Аллоҳни унутадилар деди.

У киши эса: уларга Ибн Аббосни ёдга олишлари кифоя қилади-да, деган экан.

Ушбу одамларнинг қон-қонига сингиб кетган ширк турларининг биридир. Нодир ҳолатларни ҳисобга олмасак, улар Аллоҳ жалла ва аълани ҳам роҳат-фароғот, ҳам оғир дамларда унутадилар.

Бундай ҳолатлар бугун жуда ҳам кўпдир. Ташқарига чиқсангиз буларга гувоҳ бўласиз. Одамлар ушбу масалада аниқ илмга эга эмаслар. Аллоҳ жалла ва аъла бизга ушбу диёрда кўплаб неъматларини инъом этди. Бизни ҳавотирга соладиган ушбу ширкийёт, катта куфр ва катта ширкка кўзимиз ҳам тушмайди, эшитмаймиз ҳам. Кимда-ким ширкийётлар урчиган диёрлар бўлмиш Миср, Судан, Африка, Покистон, Ҳиндистон, Ироқ, Сурия ва шунга ўхшаш диёрларга борса, ажабланарли бир ҳолатни, яъни, одамларни сағана-(мавзолей), авлиё ва авлиё бўлмаганларнинг мақбараларига топинаётганларига гувоҳ бўлади. Ушбу кимсалар ана шу ўликлар борасида шундай эътиқод қиладиларки, ҳатто уларга улуҳиятдан улуш исбот қиладилар.

Диннинг барини холис адо этишликдаги барча ҳақ Аллоҳ жалла ва аъла учундир. Қалб бандалик бажо келтириб, барча ибодатни якка Ўзигагина адо этиш учун лойиқ бўлган энг буюк Зот – Аллоҳ жалла ва аъладир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Аллоҳ жалла ва аъла ҳадиси қудсийда шундай деди: «Мен шерикларниг шериклик қилинмоғидан Беҳожат Зотман. Кимда-ким бирор амал қилиб, ушбу амалда Менга ўзга бир нарсани шерик қилса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман».[10] Ушбу ҳадис риё ҳақида бўлиб, киши ўз амали ила Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасини, фалончи (ана шу қилаётган ибодатини) кўришлигини қасд қилса, энди Аллоҳдан ўзгасига очиқчасига дуо қилиб, мадад сўраб, назр атаб, жонлиқ сўйиб, Аллоҳгина қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасидан паноҳ ва ёрдам сўраб, Аллоҳ жалла ва аъладан ўзгасига ибодат қилаётганлар ҳақида нима дейсиз?! Ўликларга топиниб, улар ҳақида турли ботил эътиқодларни қилиб: ушбу зот сирли (таъсирга эга), Аллоҳ ушбу зотнинг сирини муқаддас айласин дейдилар. Чунки улар ўша мурдаларнинг руҳлари сирли (таъсирга) эга дея эътиқод қиладилар. Ҳолбуки унинг руҳида Аллоҳ таоло яратгандаги сиридан ўзга бирор сири-(таъсири) йўқ. Ушбу мурдалар мадад сўраганга мадад бериши, истакларни бажо қилишига келсак, ушбу ибодатлар билан фақат Аллоҳ жалла ва аълагагина юзланади: «У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳонаю сабаблар узилади» (Бақара: 166).

Аллоҳ таоло дўзахдаги кофирлар ҳолати ҳақида хабар бериб шундай деди: «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз» (Шуаро: 97-98). Уламолар айтишдики: улар ушбу бут ва санамларни оламларнинг Роббисига яратиш, ризқ бериш, тирилтириш ва ўлдиришда тенглаштирмай, балки ибодатда, ўша (бут ва санам)ларга баъзи ибодатлар билан топинишда тенглаштирардилар. Натижада ушбу ботил олиҳаларни ибодатга лойиқ экани борасида Аллоҳ жалла ва аълага тенглаштирувчилардан бўлдилар. Чунки улар Аллоҳга ва бошқасига ҳам сиғинардилар. Натижада махлуқотни Холиқ жалла ва аълага тенг қилдилар. Бу эса Аллоҳ жалла ва аъланинг ҳаққига бўлган энг жирканч зулм ва энг қабиҳ тажовуздир. Зеро У субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққи – Уни улуғлаш, Унга таъзим бажо қилиш, (ибодатда) яккалаш, Унга ихлос қилиш, барча камолот Унгагина хос эканлигини эътироф этиш, ҳамда У жалла ва аълани гўзал, олий ва мукаммал сифатлар ила васф қилишдир. Қалб тўрингдан сўрачи, бари яхшилик У субҳанаҳу томонидан ва ёмонликни даф этиш ҳам У субҳанаҳу томонидандир. Биз эса Аллоҳнинг фазл-у марҳамати ила ҳаракатланамиз холос.

Ушбу иш уч дуонинг моҳиятига қайтиш билан бўлади.

Аллоҳ жалла ва аъладан бизни неъматга шукр қиладиган, синов-имтиҳонга учраганда сабр қиладиган ва гуноҳ қилса мағфират сўрайдиганлардан қилишлигини сўраймиз.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловоту салом ва баракалар ёғдирсин.

 

Манба: Тавҳид форуми

_________________________________________________________

[1] «Ал-Кофия аш-Шофия» (4/31) Бакр Абу Зайд бошчилигида таҳқиқ қилинган, 1427 ҳижрий йил, биринчи босма.

[2] Абу Ҳайён Андалусий «Баҳрул Муҳит» (6/8) «Кутуб ал-Иълмийя» нашриёти, биринчи босма 1413 ҳижрий йил.

[3] Термизий (3434) Ибн Можжа (3883) Албоний: саҳиҳ дедилар.

[4] Бухорий (6307).

[5] Бухорий (6954), Муслим (225).

[6] Муслим (224).

[7] Ибн Жарир Тобарий тафсири (16/286) Қоҳирадаги «Ибн Таймийя» мактабаси, иккинчи босма, Маҳмуд Шокир (роҳимаҳуллоҳ) таҳқиқ остида. Ибн Абу Ҳатим (7/2207-2208) ва бошқа манбаларга қаранг.

[8] Ибн Касир ўз тафсирларида (6/97) «Муассаса Қуртуба» биринчи босма, улар айтган сўзни зикр қилгач, (Иброҳим алайҳиссалом) ушбу қовлни болалигида айтганди, дедилар. Ибн Жарир эса ўз тафсирларида қуйидагича нақл қилдилар: ҳақ шуки, Иброҳим алайҳиссалом ушбу мақомда ўз қавми билан мунозара олиб бориб, уларнинг ҳайкал ва бутларга қилган ибодатлари ботил эканини баён қилиб бераётганди. Замахшарий ҳам Кашшоф ((2/366) «Мактаба Убайкан» биринчи босма, 1418 ҳижрий йил)да ушбу қовлни илгари сурди: «Мана шу Парвардигорим», ушбу қовл хусуматлашаётган рақибининг сўзи пуч эканини исботлаб беришини билган ҳолда, унга нисбатан инсоф билан ёндашган кишининг қовлидир. Ўз йўлига кўр-кўрона эргашмаётган киши бўлиб, унинг (рақибининг) қовлини тилга олади. Чунки бу унинг ҳақни қабул қилишига ундовчироқ ва шовқин-сурон кўтарилишидан йироқ бўлган услубдир. Сўнг унинг (рақибининг) сўзини тилга олгач, ҳужумга ўтиб, ҳужжат ила унинг ботил эканини кўрсатиб беради. Абу Ҳайён Андалусий «Баҳрул Муҳит» (4/172)да қуйидагича нақл қилди: Ундан (Иброҳим алайҳиссаломдан) содир бўлган ушбу қовл ҳужжатни зоҳир қилиш учун арқонни узун ташлаш ва унга эришиш нуқтаи назаридан бўлганди. Худди санамларни синдиришда ушбу қовлдан фойдалангани каби: «Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Албатта мен (вабо) касалига йўлиқувчидирман», деди» (Соффат: 88-89). Юлдузларга назар ташлаш билан уларга ғолиб келди. Ва унинг: «Албатта мен (вабо) касалига йўлиқувчидирман», қовли уларга (юлдузларга) тикилишидан содир бўлганми (ёки бошқа нарсаданми) дея уларни ўйлашга мажбур қилди.

[9] Бухорий 99.

[10] Муслим 2985.

Фикр билдиринг

Мулоҳаза билдириш учун рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.