Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Айрим мусулмонлар ният хусусида шариатда бўлмаган бидъат ва қаттиқликни пайдо қилишган бўлиб, намоздан олдин: «Фалон намознинг шунча ракъат фарзини мана шу имом ортида холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим» каби сўзларни айтишади. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган иш бўлиб, у зот тарафларидан ниятни хоҳ махфий, хоҳ ошкор талаффуз қилганликлари ва бунга амр этганликлари нақл қилинмаган.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Имомлар (яъни, дин ва мазҳаб имомлари) ниятни жаҳрий (овоз чиқариб) қилиш ва уни такрор-такрор қилиш машруъ эмаслигига иттифоқ қилганлар, балки шундай қилишни одат қилиб олган одамнинг адабини бериш керак бўлади, ниятни жаҳрий қилувчи киши унга ҳақни билдирилгандан сўнг энди таъзирга лойиқдир. Айниқса, бу иши билан (ёнидагиларга) озор берса ва такрор-такрор қилса...» (Сўзида давом этиб, кейин шундай дейди
«Айрим мутааххирлар (салафлардан кейинги даврдаги одамлар) бу ҳақда Шофеий мазҳабидан бир важҳни келтирганлар. Буни имом Шофеийнинг жумҳур асҳоблари ғалат-хато санаганлар. Имом Шофеий: «Намознинг аввалида нутқ лозим», деган, буни хато тушуниб олганлар нутқдан мурод ният деб гумон қилдилар, аслида у киши такбирни кўзда тутган эдилар» (Мажмуъул-фатава: 22/218).
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)
айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир!» (Ҳужурот: 16).
Аллоҳ диллардаги ниятлару мақсадларни яхши билувчи Зотдир. Бинобарин, намозда ва бошқа барча ибодатларда ниятни тил билан айтишга ҳожат йўқ.
Шайхулислом Ибн Таймияга савол берилди: “Намоз, рўза, ва ҳоказо ибодатларни қилишдан аввал тил билан “Намоз ўқишга ният қилдим” ёки “рўза тутишни ният қилдим” ва ҳоказо сўзларни айтиш билан ният қилиш тўғрими?”
У киши шундай жавоб бердилар:
«Таҳорат, ғусл, таяммум, намоз, рўза, закот, каффорат тўлаш ва ҳоказо ибодатлар учун тил билан гапириб ният қилиш шарт эмас. Ният қалбда бўлади. Бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Агар киши қалбида бирор нарсани ният қилсаю, лекин тили билан бошқа нарсани айтиб юборса ҳам қалбидаги ҳисоб бўлади, тилидаги эмас.
Бу масалада ҳеч ким ихтилоф қилмаган. Шофъеий мазҳабининг баъзи уламолари дилдаги ниятни тил билан тасдиқлаш керак деган фикрни билдирганларида мазҳаббоши имомлар бу нарсанинг нотўғри эканлигини айтганлар».
Ибн Таймия ўз фикрларини давом эттириб, уламолар орасида қалбдаги ниятни тил билан тасдиқлаш мустаҳабми ёки йўқми деган масалада ихтилоф бўлганини айтадилар ва турли фикрларни ўрганиб чиққан ҳолда қуйидагича ҳулоса қилганлар:
«Дилдаги ниятни тил билан тасдиқлаш бидъатдир. Сабаби бу ҳақида Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёки саҳобаи икромлардан ёки уларнинг издошларининг бирортаси бундай қилмаган ёки бошқаларни шундай қилишга ундамаган. Агар бундай қилиш керак бўлганида, Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар етказган бўлардилар, сабаби ният туну-кун қилинадиган ҳар бир ибодатдан аввал қилинувчи амаллардандир.
Аслида мантиқий ўйлаб қаралса ҳам дилда қилинган ниятни тил билан тасдиқлашнинг ўзи ғалати ва ақлга тўғри келмайдиган амал. Мисол учун бирор киши овқат ейиш учун “Қўлимни ушбу лаганга солиб, овқатдан бир бўлак олиб, оғзимга солиб чайнашни ва ютишни токи қорним тўйгунига қадар шундай қилишни ният қилдим” деб ният қилмайдику. Бу ҳам кулгули ҳам аҳмоқона бир амал бўлар эди.
Ният бу кишининг онгига боғланган амал. Агар киши нима қилаётганини англаса демак шунга ният қилган бўлади. Агар нима қилиш кераклигини англай олмаса демак ният ҳам йўқ.
Ниятни тил билан овоз чиқариб айтишни ва ҳар бир амалдан аввал такрорлашни барча имомлар шариатда йўқ эканлигини тасдиқлаганлар. Аксинча мана шундай қилишга одатланган кишиларни бундан қайтарганлар, сабаби бу биринчидан Аллоҳнинг ибодатига бидъат амал киритиш иккинчидан ён атрофдагиларнинг ҳаёлини бўлиш ҳамдир» (ал-Фатава ал-Кубро, 1/214, 215).
Шайх Абдулазиз Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Ниятни тил билан қилиш бидаътдир, овоз чиқариб ният қилиш эса бу улкан гуноҳ ҳамдир. Ниятни қалбда қилиш суннатга мувофиқдир. Чунки Аллоҳ барча яширин ва маҳфий нарсаларни ҳам билиб тургувчи зотдир. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир!» (Ҳужурот: 16).
Тил билан овоз чиқариб ният қилиш ҳақида Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёки саҳобалардан ёки мазҳаб имомларидан бирор нарса ривоят қилинмаган. Бундан биз хулоса қиламизки бу нарса бизнинг динимизга кириб қолган бидъат амаллардандир. Валлоҳу аълам» (Фатава Исламия, 2/315).
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз, таҳорат, рўза ва ҳоказо ибодатлар учун тил билан ният қилганликлари ҳақида биронта ривоят келмаган” (Фатава Исламия, 2/216).
Шайх Солиҳ ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ «Тавҳид китоби»нинг замонавий бидъатлардан намуналар бобида айтадилар:
«Намозга жаҳрий ният қилиш, яъни ният қилдим Аллоҳ учун фалон-фалон намоз ўқимоқликни дейиш. Бу бидъат, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас. Зеро Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Сизлар Аллоҳга динингларни билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир!» (Ҳужурот: 16). Ниятнинг ўрни қалб, у қалбга оид амал, тилга эмас».
Бироқ баъзи ибодатларда ниятни талаффуз қилишлик юқоридаги ҳукмдан мустасно қилинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу борада кўрсатма келган.
Доимий фатво қўмитасига савол берилди: Намоз учун қилинаётган ниятни талаффуз қилиш жоиз эмаслигини эшитиб қолдим. Агар шу гап тўғри бўлса, намоз ўқимоқчи ёки таҳорат олмоқчи бўлсам нима дейишим керак?
Улар қуйидагича жавоб беришди:
«Ниятни намозда ёки таҳоратда ёхуд бошқа ибодатларда товуш чиқариб ёки пичирлаб талаффуз қилиш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни на сўзлари ва на ҳаракатлари билан машруъ қилдилар. Зеро ниятнинг жойи тил эмас, қалбдир. Сиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, фарз ёки нафл намозларингизни «Аллоҳу акбар!» жумласи билан, таҳоратингизни эса бисмиллоҳни айтиш билан, қалбингизда ўзингиз киришаётган ибодатни қасд қилиб бошланг. Бироқ ҳаж ва умра ибодатлари бундан мустаснодир. Чунки банда у иккисида: ҳаж учун: «Аллоҳим, ҳаж қилар эканман амрингга мунтазирман!», умра учун эса: «Аллоҳим, умра қилар эканман амрингга мунтазирман!» – дейди. Ҳаж қурбонлиги ва оддий қурбонлик учун ҳам бисмиллоҳни айтганидан сўнг: «Аллоҳим (бу қурбонликни) мендан» ёки: «фалончидан қабул эт!» – дейиш машруъдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган эдилар» (Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси: Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз; Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий; Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён. Фатво № 1507-4).
Ниятни талаффуз қилиш бидъат бўлиш билан бир қаторда риёга ҳам киради. Чунки, амални Аллоҳ учун холис ва махфий қилиш матлубдир. Фақат ошкор қилиш лозимлигига далил келган амаллар бундан мустасно. Мусулмон киши суннатга амал қилиб ва бидъатни – қайси турда ва ким томонидан чиқарилган бўлишидан қатъий назар – тарк қилиб, шариат ҳад-ҳудудларида туриши муносибдир.