Мен айтаманки: Бизнинг бугунги кунимизгача уламоларимиз бидъат аҳлидан, уларнинг китоблари ва дарсларидан огоҳлантириб келишади ҳамда уларни буткул тарк этишга ундаб келишади.
Аллома Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ рофизалар билан аҳли сунна орасини яқин олиш масаласи ҳақида сўралганларида –ҳолбуки бу чақириқ янграган вақтида, ҳушёр даъватчилар деб айтиладиган кўпчиликни таҳлика остига қўйган эди- жавоб бериб айтдиларки:
“Рофиза ва аҳли сунна орасини яқинлаштириш мумкин бўлмаган ишдир. Чунки ақидалар бошқа-бошқа. Аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси - Аллоҳни яккалаш, ибодатни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун холис адо этиш ва Аллоҳга қўшиб бирор кишига, на (Аллоҳга) яқин фариштага ва на жўнатилган элчига дуо қилмасликдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина ғайбни билади деб эътиқод қилишдир. Яна аҳли сунна вал жамоанинг ақидасидандир: саҳобаларни барчаларига муҳаббат қўйиш, уларни номини эшитганда Аллоҳ улардан рози бўлсин деб дуо қилишдир. Ва улар Аллоҳнинг пайғамбарлардан кейинги энг афзал халқлари деб иймон келтириш. Уларнинг ичида энг афзаллари Абу Бакр Сиддиқ сўнг Умар сўнг Усмон сўнг Али –Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин. Рофизалар эса бунинг тамомий аксидадирлар. Демак бу иккисини орасини жамлаш мумкин эмас. Яҳудлар билан насороларни ҳамда бутпарастлар билан аҳли суннани орасини жамлаш мумкин бўлмаганидек, ақидалар бошқа-бошқа бўлгани боис рофизалар билан аҳли сунна орасини яқинлаштириш мумкин эмасдир”. (“Мажмуъ фатава ва мақолат мутанаввиъа”-5/156).
Ибн Боз роҳимаҳуллоҳга яна қуидаги савол берилди: Бу ўринда мувозанат қилиш керак дейдиганлар бор. Яъники, бир бидъатчини бидъати сабаб одамлар огоҳ бўлиши учун танқид қиладиган бўлсангиз, тоинки унга зулм қилиб қўймаслик учун қилган яхшиликларини ҳам эслаб ўтишингиз керак экан.
Роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: “Йўқ, асло бунинг кераги йўқ, асло бунинг кераги йўқ. Шунинг учун ҳам аҳли суннанинг китобларини ўқисангиз, огоҳлантирув ирода қилинганини топасиз. Бухорийнинг “Холқ афъал ал-ибад”, “Ал-Адаб”, “Ас-Соҳиҳ”, Абдуллоҳ ибн Аҳмаднинг “Сунна” китоблари, Ибн Хузайманинг “Ат-Тавҳид” китоблари, “Род Усман ибн ад-Даримий ала аҳл ал-бидаъ” ва бундан бошқа китобларни ўқисангиз, улар бидъат аҳлининг ботил ишларидан огоҳлантириш учун асарларни келтириб ўтадилар. Уларнинг қилган яхши ишларини санаш учун эмас… Демак мақсад шуки: уларни қилган ботил ишлари-ю, яхшиликларини ҳаммасидан огоҳлантиришдир. Агар кишининг қилган бидъати куфрга олиб борадиган бўлса, қилган ишларининг сариқ чақалик қиймати йўқдир. Барча қилган яхшиликлари ботил бўлади. Агар қилган бидъати куфрга олиб бормайдиган бўлса, у киши катта хатардадир. Демак мақсад шуки, огоҳ бўлиш вожиб бўладиган хатолар ва оғишишларни баён қилишдир”. (Шайхимиз Робеъ Мадхалийнинг “Манҳаж Аҳли Сунна ва Ал-Жамаъа фий нақд ар-рижал ва ал-кутуб ва ат-товаиф”-4-6, китоблари).
Аллома Луҳайдонга қуидаги савол берилди: Фазилатли шайх, бидъат ва залолат аҳлидан огоҳлантиришда, инсоф ва адолат қилиш керак деган даъво билан бидъатчининг яхшиликларини эслаб ўтиш, уларга мақтов айтиш ва уларни кўтар-кўтар қилиш аҳли сунна вал жамоанинг манҳажиданми?
Аллома шундай дедилар: “Жоҳилиятдаги Қурайшни ва ширкка ботганларнинг раҳнамоларини яхши ишлари йўқмиди? Қуръонда қилган яхшиликларини бирортасини бўлса ҳам зикри ўтдими?
Улар меҳмонни иззат-икром қилардилар. Араблар жоҳилиятда меҳмонни иззат-икром қилардилар. Қўшничилик ҳақларига риоя қилардилар. Шу билан бирга Аллоҳ жалла ва алага итоатсизлик қилганларнинг бирор фазилатлари зикр қилинмади.
Бу ўриндаги масала, яхшилик ва ёмонликларни санаш масаласи эмас. Балки келаётган хатардан огоҳлантирув масаласидир. Бирор киши (бу борада) изланиб кўрмоқчи бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин, Али ибн Мадиний ва Шуъбалар каби имомларнинг сўзларига қарасин.
Улардан бирорталари каззоб деб танқид қилишган кишилари ҳақида, бироқ у хусни-хулқ, саҳоватпеша ва кечалари кўп таҳажжуд ўқирди деб айтишармиди?!
Ўша зотлар (бидъат аҳлига) ўралашиб юрибди ёки буни ғафлат босиб қолган деб айтган кишилари ҳақида, бироқ унда фалон ва фалон яхши хусусиятлари бор деб айтишармиди?! Йўқ, асло. Унда нима учун бугунги кунда одамлардан бирор кишидан огоҳлантирилган вақтда, бироқ унда бундай ва мана бундай яхши жиҳатлари ҳам бор деб айтилишлиги талаб қилиняпти?!
Булар жарҳ ва таъдил қоидаларидан жоҳил қолган ва фойдаларни амалга ошириш ҳамда уларни чиппакка чиқишидан огоҳлантириш сабабларини билмайдиган кишининг даъволаридир”. (Юқоридаги манба).
Аллома ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ бидъат аҳлининг китобларига кўз югуртириш ва уларни тарқатишдан огоҳлантирдилар. Ким уларга раддия беришга қодир бўлса, унга (ўша китоблар билан танишиб чиқиши) вожиб бўлиши ҳам мумкин. Чунки бидъатга раддия бериш вожибдир.
Роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: “Бидъат аҳлини тарк этишдандир: фитна етишидан хавфсираган ҳолатда уларни китобларига кўз югуртириш ва уларни тарқатишни тарк этиш. Залолат ўринларидан узоқ бўлиш вожибдир. Бироқ уларни китоблари билан танишиб чиқишдан мақсад, уларга раддия бериш учун бидъатларини билиш бўлса, саҳиҳ ақида билан ҳимояланган ва уларга раддия беришни уддасидан чиқадиган киши учун бу ишга киришишида зиён йўқ. Балки бу вожиб бўлиши ҳам мумкин. Чунки бидъатга раддия бериш вожибдир. Вожиб мукаммал бўлиши учун лозим бўлган иш ҳам вожибдир”. (“Мажмуъ ал-фатава”-5/89).
Аллома Солиҳ ал-Фавзон айтдиларки: “Бидъат аҳлидан узоқ бўлиш вожибдир. Салафлар бидъатчи билан бир жойда ўтирган ва улар билан ўралашиб юрган одамга, уларнинг (бидъат аҳлининг) ёмонликлари юқиб қолишидан чўчиб, улар билан ўтиришдан, уларни зиёрат қилишдан ва уларни олдиларига боришдан қайтарардилар”. (“Ал-Ажвиба Ал-Муфийда”-166).
Ҳафизаҳуллоҳ яна айтдиларки: “Кимки салаф манҳажига хилоф чиқса ва салаф манҳажига зид келадиган манҳажларни ва уларни аҳлини мақтаса, у хилоф чиқувчи киши деб қаралади. У даъват қилиниши ва насиҳат қилиниши вожиб бўлади. Агар ҳаққа қайтса ҳоп-ҳоп, акс ҳолда тарк қилиниб, алоқа узилади”. (“Ал-Ажвиба Ал-Муфийда”-160).
Бу ўринда бошқа кўплаб уламолар ҳам бўлиб, уларни бу мавзудаги сўзлари ва китоблари жуда кўпдир. Бу билан улар аҳли сунна вал жамоанинг йўлига хилоф чиққанларга раддия берадилар:
Аллома Абдул Муҳсин ал-Аббод
Аллома Муқбил ал-Вадиъий
Аллома Аҳмад ибн Яҳё ан-Нажмий
Аллома Абдурроҳман ал-Маъламий
Аллома Ҳамуд ат-Тувайжурий
Аллома Зайд ал-Мадхалий
Юқорида эслаб ўтилган уламолар ичида маълум бир шахсларнинг мақолаларини танқид қилганлар, уларни ботил эканлигини айтиб, ушбу ботил сўзни айтган кишини номма-ном санаганлар ҳам бор. Юқорида зикри ўтган икки буюк олимдан икки мисол келтираман:
Биринчи: Аллома АбдулАзиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ: У кишига 18/7/1416 ҳижрий санада “Шарҳ Рияз Ас-Солиҳийн” дарсида Саййид Қутбнинг Росулуллоҳ соллолло алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақидаги сўзи ўртага қўйилди. У Саййид Қутбнинг ушбу сўзи эди: “Муовия ва унинг шериги Амр –Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни назарда тутяпти- ёлғон ва товламачиликка, алдов йўлига, мунофиқлик ва ўз мансабини суистемол қилиш йўлига ўтишгач, Али бундай пасткашликка бормади. Натижада у иккиси ғалаба қозониб, бу мувафаққиятсизликка учради. Чунки бундай ютқазиқ ҳар қандай ютуқдан шарафлидир”.
Шайх роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: “Бу ўта қабиҳ ва инкор қилинадиган сўздир”.
Бошқа бир ўринда шундай дедилар: “Бу носоғлом ва ярамас сўздир. Муовия ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумоларни ҳақоратлашдир”.
Савол берувчи айтдики: “Ушбу сўзлар мавжуд бўлган китоблардан қайтариладими?”
Роҳимаҳуллоҳ: “Йиртиб ташланади”, дедилар. (Шайх Саъид ал-Умарнинг “Ан-Насиҳа” китобларидан олинди).
Иккинчи: Аллома Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ:
9/1/1418 ҳижрий санада “Мажалла ад-даъва” мажалласининг 1591-сонида “Зилал ал-Қуръан” ҳақида сўралдилар. Роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ихлос сурасига берган тафсирини ўқидим. Аҳли сунна вал жамоанинг йўлига зид бўлган қаттиқ сўзларни айтибди. Унинг ушбу сурага берган тафсири ваҳдатул вужуд ақидасини айтганига далолат қилади. Ҳудди шундай (Аллоҳни) олий бўлишини ҳукмронлик ва эгаллаб олиш деб тафсир қилибди”.
Мен айтаманки: Бизнинг ушбу асримизда Аллоҳнинг Китоби, Росули соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва у кишининг саҳобалари ҳамда салафий манҳажининг ҳимоясига туриб, ўзининг қалами ва вақтини аямай ботил ва унинг аҳлини танқид қилишдек фарзи кифоя вожиботини адо этаётган киши – у, шайхимиз аллома, мужоҳид Робеъ ибн Ҳадий ал-Мадхалий ҳофизаҳуллоҳдирлар. У кишининг китоблари мен айтаётганларга шоҳиддир. Ушбу асрнинг имомлари томонидан у кишининг қилаётган меҳнатларини қўллаб-қувватлаганлари китобларда битилгандир ва у киши адолатли суннат уламоларидан эканлари нақл қилиниб ўтилгандир.
Ким хохласа, айтганларимни рост эканини билиш учун ўша китобларга мурожаат қилиши мумкин. Шайх ҳафизаҳуллоҳ бу ишга фазилатли иш экан деб қўл урганлари йўқ. Балки Аллоҳнинг динини, Росул соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ва адолатни қоим қилиб ўтган саҳобалардан иборат салафларимизни ҳимоя қилган ҳолда, ҳақиқат юзага чиқсин дея қўл урдилар. Ўзлари айтган сўзга ҳам бир эътибор қарат:
Ҳафизаҳуллоҳга қуидаги савол берилди:
Фазилатли шайх, нима сабабдан жарҳ ва таъдил манҳажини ўзингизга йўл қилиб танладингиз? Ҳолбуки бу йўл даъватчи ва ислоҳотлар билан шуғулланаётганларнинг кўпчилигини назарида умматни парчалашга сабаб ва ушбу йўлдан юрганларга нисбатан кек-адоват сақлашга олиб борадиган йўл бўлиб кўриняпти. Уларни бу фикрга етаклаган далиллари эса, жарҳ ва таъдил замони ривоят қилиш даври тугагандаёқ тугаб бўлган?
Жавоб: “Мен жарҳ ва таъдил манҳажини танлаганим йўқ. Балки кўплаб бидъат, залолатлар ва исломга сизиб кирган қабиҳ ишларни кўрдим. Исломга зулм ва бўҳтон йўлига кўра чапланган ушбу ботилни инкор қилиш учун, ожиз ва заиф бўлишимга қарамасдан қўлимдан келган барча куч-қувватимни сарф қилдим. Чунки ўзларини исломга нисбат берадиган даъватчилар томонидан бидъат, залолат ва тўғри йўлдан оғишишлар ҳаддан ошиш ва сусткашликка йўл қўйишдек (бугунги) давримизда исломга чапланиб келинмоқда. (Ушбу бидъатлар) Исломдан деб айтиладиган бўлиб қолинди. Шу сабабдан исломга (ушбу бидъатларни ҳеч қандай алоқаси йўқ деб) ушбу ботилни рад этишга бел боғладим. Энди бу иш жарҳ ва таъдил деб номланадими ёки бошқа нарса деб номланадими (нима деб номланса номланаверсин). Мен жарҳ қилмайман, балки мен ботил сўзни танқид қиламан. Ва ақида ҳамда манҳажда фиқҳ деб қараладиган масалаларни баён қилиб бераман… Албатта танқид қилиш давомида бироз жарҳ ва таъдил оралаши табиий бир ҳолатдир. Мен ўзимни жарҳ ва таъдил қилувчи деб номламаган бўлардим. Балки мен ўзимни танқид қилувчи деб номлайман. Заиф бир оддий танқид қилувчи. Ушбу танқид йўлига кирганимни сабаби, одамлар исломга хизмат қиладиган исломнинг турли қарраларидаги (фанларга) киришяпти.
Бу осонлаштириб қўйилган. Ушбу (фанларнинг) барчаси ислом байроғини юқори бўлишига, Аллоҳ табарока ва таолонинг калимаси олий бўлишига олиб боради. Бир киши танқид йўналишини танлагандур. Бошқаси эса ҳадисларни саҳиҳ-заифга ажратиш йўлини танлагандур. Биз уни ҳам бунисини ҳам маломат қилмаймиз. Ушбу ишлар фарзи кифоя ишлардандир. Баъзи одамлар ушбу ишни адо этса, қолганлардан масъулият соқит бўлади. Демак бир одам фарзи кифоя бўлган (бир фаннинг) бир қиррасини адо этса, иккинчиси фарзи кифоя бўлган (бошқа фаннинг) бир қиррасини адо этади. Бир киши ақида бобида китоб ёзса, бошқаси суннат бобида бир китоб ёзиб, ҳадисларни саҳиҳ-заифга ажратади. Яна бир бошқаси эса фиқҳ йўлидан боради. Натижада буларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб боради”. (Шу билан бирга у кишининг ёзган китоблари, толиби илмлар билан уюштирган дарсларига қарасангиз, у киши фақат танқидга чекланиб қолмаганларини кўришингиз мумкин. У кишининг ҳузурларига қилган сафарларимда, қуидаги китоблардан дарс бераётганларини кўрдим: “Фатҳул Мажид”, Ажуррийнинг “Аш-Шариъа” китоблари, Барбаҳарийни “Сунна”, Собунийни “Ақийда ас-Салаф Асҳаб ал-ҳадис” китоблари. У кишига яна (ўқувчилари) бўш вақтларида “Соҳиҳ Муслим”, “Ихтисор улум ал-ҳадис” ва бундан бошқа китобларни ўқиб топширадилар. У кишининг вақтлари изланиш ва китоб ёзиш билан ўтади. Юқорида мен айтган китоблардан ўтган дарслари, бу фақат Маккадаги дарслари холос. У киши яна бошқа китоблардан Мадинада ҳам дарслар уюштирадилар. Аллоҳ таоло у кишига яхшилик билан мукофот ато қилсин).
“Таблиғ, ихвон ва бошқа жамоатлар бир-бирини тўлдиради деган сўзга тўхталадиган бўлсак, бу фириб ишлатиш ва хатодир. Ўзини салаф манҳажига нисбат берган одамдан (шу сўз содир бўлса) бу хатодир. Аҳли ҳаво ва залолатга кетганлардан (ушбу сўзни) чиқиши эса хатога бошлашдир. Бидъат ҳеч қачон исломни тўлдирмайди. Бир киши бидъат байроғини юқори кўтаришга, унга хизмат қилишга ва даъват қилишга бел боғлаган бўлса ҳамда бошқаси ҳам ҳудди шу ишга қўл урган бўлса, биз буни исломни бузиш деган нарсадан бошқаси деб билмаймиз. Ушбулар исломдаги бирор нарсани тўлдирмайди. Балки нуқсонлаштириб, обрўсизлантиради холос…”. (“Ажвиба шейх Робеъ ан асъила Аби Роваҳа”-13-14).
Мен айтаманки: Ушбу бизни қўлимизда турган рисола ҳам ана шу бобдандир. Яъники, саркаш ҳаво аҳлига нисбатан тўғри мавқифни очиб, ёритиб бериш билан ушбу динни ҳимоя қилиш бобидандир. У киши ушбу рисолани “Бидъат аҳлига нисбатан энг тўғри мавқиф” деб номладилар. Асли ушбу рисола у киши ҳафизаҳуллоҳга йўналтирилган саволга жавобдан иборатдир.
У киши –ҳафизаҳуллоҳ- ўзининг илми, насиҳатгўйлиги ва кўрсатмалари билан ишонч қозонган умматнинг эътиборли олимларидан бири, Китобу-Суннатга даъват қилиш ва ушбу уммат салафларининг йўлини маҳкам ушлаш, бидъат ва ҳавои-нафсга қарши уларнинг ҳақиқий ҳолатлари бўлмиш ботилни очиб, ёритиб бериш билан кураш олиб боришга катта аҳамият қаратганлари сабабидан, ушбу уммат уламолари у кишига, ақидалари ва манҳажларига мақтов айтганларини учратасиз. Ҳамда уммат ёшларини у кишининг уйларига оқиб келаётганларини, у кишининг илмларидан фойдалар олиб, ўзларига муаммоли бўлиб кўринган масалалар борасида саволлар йўллаётганларини учратасиз. Айниқса умра зиёрати, ҳаж мавсуми очиқ деб эълон қилинган вақтларда ва муборак рамазон ойида ушбу ҳолат янада авж олиб кетади. Мактабалари кенг бўлишига қарамасдан, келганлар билан тўлиб кетади. У киши бошқа шаҳарларда ҳам салафий даъвати, ушбу даъватнинг кўзга кўринган даъватчию-шайхларини оммага танитиш ва ўргатишлар ҳам олиб борадилар. Ана шулардан бири, ўзга юртдан келган бир одам савол йўллаб, ўзининг саволида бази ўзларини салаф манҳажига нисбат берадиганлар бидъат аҳли билан ўралашиб юрганлари ҳақида сўрайди. Сўнг савол берувчи фазилатли шайхдан Қуръон оятлари, пайғамбар ҳадислари, салафларнинг асарлари ва аҳли сунна манҳажидан аҳли бидъат манҳажи сари (билиб-билмай) ўралашиб қолганларнинг баъзи мисолларини эслаб ўтиш билан тарбиявий бир жавоб беришларини кутиб қолади.
Савол берувчи сўраганлари шулар эди. Агар шайх ҳафизаҳуллоҳнинг одамларни Китобу-Суннат ва ушбу уммат салафларининг манҳажига даъват қилишга бўлган чуқур аҳамиятлари бўлмаганда, савол берувчига: “Ушбу савол алоҳида бир асарга эҳтиёж сезар экан” деб, бидъат аҳлидан узоқ бўлишга насиҳат қилиш билан кифояланган бўлардилар. Бироқ шайх ҳафизаҳуллоҳни ушбу масалага ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратганлари ва ушбу ўзга юртдан келган савол берувчи ушбу саволнинг жавобига ниҳоятда ҳожатманд эканини ва шайхнинг сўзларини ўз юртида қолганларга етказишини билгач, ушбу саволга тўлақонли жавоб беришга киришдилар. Ва одатларига биноан ўзларининг ўткир жавоблари билан кўп фойдалар улашдилар. Жавоблари қисқача айтсак қуидагилардир:
1- Ушбу масалани аҳамиятли ва шаъни улуғ экани ҳамда Китобу-Суннат ва ушбу уммат салафларининг бу масалага қаттиқ этибор қаратганларини баён қилиб бериш.
2- Ёшларни бидъат аҳли билан ўралашиб юришларидан огоҳлантирадилар ҳамда уларнинг ҳақ манҳаждан ёшларни тўсишдаги қўллайдиган услубларини баён қилиб берадилар.
3- Бидъат аҳлини ўз йўлларини қуришдаги аломатларини очиб берадилар.
4- Бидъат аҳлига нисбатан чиройли гумонда бўлиш Аллоҳ табарока ва таолонинг манҳажига хилоф эканини ёритиб ўтадилар.
5- Уларга бидъат аҳлини тарк этиш ва улар билан алоқани узиш аҳли суннаниг (бидъат нималигини билмайдиган) соғлом табиатдагиларини ҳимоя қилиш учун лозим бўлган тўғри йўл деб баён қиладилар.
6- Уларга (тингловчиларга) бидъат аҳли фосиқларданда ёмон эканлигини айтиб ўтадилар.
7- Бидъат аҳли ўзларининг амирларига итоат қилишни Аллоҳу-Росулига итоат қилишдан ҳам муқаддам қўйишларини эслаб ўтадилар.
8- Китобу-Суннат ва имомларнинг йўллари ботил аҳлига суяниб иш кўрадиганларнинг зиддидадир деб, саҳобаларни аҳли-ҳаво билан қилган муомалаларидан ажойиб мисоллар келтирадилар.
9- Саҳобаларнинг даражалари юқори экани, залолат аҳли саҳобаларнинг обрўлари оёқости қилинганда ғазаб қилмасликлари, балки аксинча ўзларининг имомларига бирор гап тегадиган бўлса ниҳоятда ғазабга минишларини ёритиб ўтадилар.
10- Янги ўйлаб топилган мувозанат манҳажига пайғамбарлар ҳам, саҳобалар ҳам энди бир инсоф қилайлик деб риоя қилишган йўл эмаслигини, аксинча бу манҳажни ўзларининг йўлбошчиларини ҳимояси учун ўрнатиб кетишганини айтиб ўтадилар.
11- Ботил аҳлига суяниб иш кўришдан огоҳлантирадилар. Ва кишиларнинг йўлдан оғишларига сабаб аҳли-ҳавога суяниб иш кўрган эканларига бир неча мисоллар эслаб ўтадилар.
12- Уларни ҳақни билишга тарғиб қиладилар. Чунки ҳақни билмаслик ботилга тушиб қолиш сабабларидандир.
13- Ёшларни илм талаб қилишга, аҳли-хайр билан бирга бўлишга насиҳат қиладилар. Ва ёмон одамлар билан бирга ўтиришдан огоҳлантирадилар.
14- Бидъат аҳли билан мунозара олиб боришни хатарли эканини баён қилиб ўтадилар.
15- Китобу-Суннат ҳамда саҳобаларнинг кўрсатмаларидан фойда олишга васият қилиб, уларни баъзи аҳли-ҳаво билан муомалада қандай йўл тутганларини эслаб ўтадилар.
16- Аҳли-ҳавони ишончли суннат уламоларининг бидъат аҳли ва уларнинг залолатларини очиб ташлашган сўзларини тушириб қолдиришдаги (жирканч) услубларини айтиб ўтадилар.
17- Бидъат аҳлига нисбатан ғийбат йўқ экани, улардан огоҳлантириш ва уларга қарши курашиш қилич билан олиб борилган жиҳоддан ҳам афзал жиҳод эканини баён қиладилар.
18- Ушбу саволга берган жавобларини салафий ёшларга насиҳат қилиш билан якунлайдилар.
Ушбу бўлимларнинг барчаси нақлий, ақлий ва воқеъий узил-кесил ҳужжатлар ва аниқ-тиниқ далиллар билан ёритиб берилади. Бу ҳолат у киши ҳафизаҳуллоҳнинг уммат ёшлари аҳли ҳаво ва фитналар домига тушиб кетмасликларига нақадар ҳарис эканликларига далолат қилади. Аллоҳ таоло у кишига яхшилик билан мукофотларини тўла қилиб берсин ҳамда умрларию-вақтларига баракалар ато этсин. Албатта У Эшитувчи ва (дуоларни) ижобат қилувчи Зотдир.