dimu   05-06-2011, 03:41 PM
#1
САВОЛ: Бизлар 18 ёшлардан намоз ўқишни бошлаганмиз, балоғат ёшидан 18 ёшгача 6 йиллик қазо намозларимиз бор. Шу қазоларни кундалик 5 маҳал намозларнинг суннатларини ўрнига такбир тушириб, қазони ният қилиб ўқисак бўладими? Масалан, пешин намозининг 4 ракъат суннати ўрнига пешиннинг қазосини, пешин фарзидан сўнг такбир тушириб, 4 ракъат асрнинг қазосини, бошқа намозларни суннатини ўрнига бир қазони ўқилса. Аллоҳ барчамизни ўзи азиз қилсин, амин.

Нодир.

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло динингиз ва иймонингиз саломатлиги учун чекаётган ташвишларингизга ажрлар ато қилсин ва Унинг ҳузурига чиройли ва мукаммал ибодатлар билан боришни насиб айласин.
Намоз энг муҳим ибодат бўлиб, уни тарк қилган одам айрим мужтаҳидлар назарида кофирдир. Жумҳур эса бенамоз одам намознинг фарзлигини инкор қилмаса кофир саналмаслигини айтишган.

“Бенамоз кофирдир”, деб эътиқод қиладиган уламолар наздида ўқилмаган намозлар қазо қилинмайди, чунки кофирнинг ибодати қабул эмас. “Намознинг фарзлигини тан олган одам кофир саналмайди”, дегувчи жумҳур олимлар назарида эса қолдирилган намозлар қазосини албатта ўқиш фарздир.

Бенамозликнинг ҳукми қандай бўлишидан қатъиназар ибодатсиз ўтган кунлар ва йиллар учун албатта кўп истиғфор ва тавбалар лозим. Бундан кейин Аллоҳнинг ибодатини ҳар қандай ишдан муқаддам қўймоқ зарур.
Биз бенамознинг ҳукмида жумҳурнинг сўзларини тўғри, деб биламиз.
Бинобарин, ўқилмаган намозларни тезроқ қазо қилиш фарздир.

Жумҳур аҳли илмлар мазҳабига кўра агар қолдирилган намозлар ададини билсанг, ўқимаган намозларингни қазо қилишинг фарз. Агар ададини билмасанг, зиммамдан соқит қилдим, деб тахмин қилгунингча ўқийверасан. Қазо қилишнинг тартиби шуки, қолдирилган намозларни тоқатинг етганича тун ёки куннинг қайси соатида бўлса ҳам дарҳол ўқийсан. Бунда тартибга риоя қилишинг керак. Аввал фажр, кейин пешин, сўнг аср ва ҳоказо. Шунда ихтилофдан холи бўласан, чунки баъзи олимлар тартиб вожибдир, дейишган… (Исламвеб, 512 фатво).

Қазо намозларни суннатлар ўрнига ўқиш керакми, деган масалага келсак, шуни айтиш мумкинки, агар суннатлар билан қазони доимий равишда бирга ўқиш сизни қийнаб қўядиган бўлса, суннат ўрнига фақат қазони ўқишингиз жоиз, валлоҳу аълам. Аммо шароитингиз кўтарса, суннатларни ўз ўрнида ўқиб, шуларнинг ёнида қазо намозларини ўқиганингиз яхши. Чунки инсон учун суннат намозларининг аҳамияти катта. Ҳатто кўп намозларни қолдирган одамлар учун ҳам суннатлар қимматлидир. Буни қуйидаги ҳадисдан ҳам англаш мумкин:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали унинг намозидир. Бас, агар (фарз) намози мукаммал бўлса, мукаммал, деб ёзилади. Агар намоздан бирор нуқсон топилса, Аллоҳ дейди: “Қаранглар, унинг нафллари бормикин, токи, фарздан қолиб кетганини ўша билан тўлдирса? Кейин бошқа амаллар ҳам ана шу тарзда ҳисоб қилинади”. (Сунани Насоий, Албоний: саҳиҳ).

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин.

Шайх Обидхон кори Собитхон кори угиллари

“Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам”. (Нисо/59)
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.