Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди:
“Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари - ул зотнинг замонларида – хуфтон намозини кутиб бошлари (мудроқдан кўкракларига) тушиб қоларди. Кейин улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди”. Абу Довуд келтириб, уни Дорақутний саҳиҳ деди. Ҳадиснинг мазмуни Муслимда келган.
Фазилатли шайх Муҳуммад ибн Солиҳ ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳ қилар эканлар, шундай дедилар:
Уйқу. Юқорида яна Сафвон ибн Уссол ҳадисида
[1] келдики, ул зот:
“Лекин катта ҳожат, сийдик ва уйқудан”, дедилар.
Quote:[1] Сафвон ибн Уссол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар биз сафарда бўлсак, махсиларимизни жунуб бўлмаган ҳолда уч кун ва уч тун ечмасликка буюрардилар. Лекин катта ва кичик ҳожат, ҳамда уйқудан (таҳорат бузилганида махси устига масҳ тортардик)”. Насоий ва Термизий ривоят қилишди. Лафзи Термизийники. Ибн Ҳузайма ҳам ривоят қилиб, уни иккови (Термизий ва Ибн Ҳузайма) саҳиҳ дейишган.
Демак, уйқу таҳоратни бузади. Лекин муаллиф раҳимаҳуллоҳ таҳоратни синдирувчи амаллар бобини бошлаб зикр қилган Анас ҳадиси уйқуда тафсилот борлигига далолат қилади. Анас розияллоҳу анҳу айтди:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари хуфтон намозини кутиб туришарди”, яъни масжидда ҳозир бўлишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хуфтон намозини кечиктиришни хуш кўрардилар. Ҳатто бир кеча чиққанларида туннинг учдан бир қисми ўтиб кетган эди. Ул зот айтдилар:
“Бу айни (хуфтоннинг) вақтидир. Агар умматимга қийин бўлишидан қўрқмаганимда, (шу вақтда ўқийверардим)”. Шундай қилиб
“саҳобалар ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кутишарди, ҳатто бошлари (кўкракларига мудроқдан) тушиб қоларди. Кейин улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди”. Яъни уйқудан бошлари энгашиб қуйи тушарди. Сўнг улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди. Шунга биноан уйқуда тафсилот бор. Агар инсон уйқуга чуқур кетмаса, яъни таҳорати синганини (ел чиққанини) сезадиган бўлса, унинг уйқуси таҳоратни синдирмайди, гарчи у узоқ муддат давомида мудраб қолса ҳам. Лекин агар ел чиққанини ичида сезадиган бўлса, у таҳоратни бузмайди. Гарчи у ёстиқ устида ухлаётган (мудраётган) бўлса ва унга ухлаётгани туюлаётган бўлса, у ел чиққанини сезса, таҳорати бузилмайди. Муҳими, унинг онги (эс-хуши) ўзи билан бирга (жойида) бўлиши керак. Модомики у таҳорати синганини ичида сезадиган бўлса, шундай уйқу билан унинг таҳорати кетмайди. Агар уйқуга кириб кетса ва ел чиққанини ичида сезмайдиган бўлса, бунда унинг таҳорати кетади. Ҳатто фараз қилсакки, унинг олдида бир эшитадиган ва ҳид сезадиган киши бўлиб у ушбу ухлаган кишига: “Мен товуш ҳам эшитганим йўқ, ҳид ҳам сезганим йўқ”, деса, лекин ухлаган одам уйқуга чуқур кетган бўлса, унинг уйқуси таҳоратни бузади. Шу билан бирга баъзан ундан ел чиқмагани равшан бўлса ҳам, ибрат инсоннинг ўзида. Модомики ел чиққанини у сезмайдиган бўлса, унинг таҳорати кетади. Бу таҳоратни бузадиган нарсалардан бири. (Иқтибос тугади).
Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ “Тамомул-минна”да (1/99-101) Абу Довуднинг “Масоил имам Аҳмад” (318-с.) китобидан Анаснинг ушбу хадисини қуйидаги лафз билан келтиради:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ёнбошлаб ухларди. Улардан таҳорат олганлар ҳам бўлди, таҳорат олмаганлар ҳам бўлди”, ва буни икки шайх шартларига кўра саҳиҳ деди. Шайх Албонийнинг айтишича бу ҳадис Сафвон ибн Уссол ҳадисини қайд қилмайди. Чунки Сафвон ҳадиси марфуъ ҳадис. (Анасники эса ҳукман марфуъ бўлади). Бундан ташқари бу воқеа уйқудан таҳорат олиш буйруғидан олдин бўлиши мумкин. Шунинг учун Албоний раҳимаҳуллоҳ уйқу мутлақо таҳоратни бузади, деган ва бу Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом ва Ибн Ҳазмнинг ҳам мазҳаби. Чунки Абу Довудда (“Саҳиҳ Абу Довуд” №198):
“Кўзлар орқа тешикни боғловчи арқондир. Ким ухласа, таҳорат олсин”, деган марфуъ ҳадис келган. Абу Убайд олдин ўтирган ҳолда уйқу таҳоратни бузмайди деган фикрда бўлган. Кейин жума куни унинг ёнида ухлаган киши ел чиқарган. Абу Убайд унга:
“Тур, таҳорат ол”, деса, у:
“Мен ухламадим”, деди ва ел чиқармаганига Аллоҳга қасам ичиб Абу Убайддан ел чиққанини айтди. Кейин Абу Убайд бу фикридан (ўтириб ухлаган кишининг таҳорати кетмаслиги ҳақидаги фикридан) қайтган (Ибн Абдулбаррнинг “Шарҳ Муватто” китоби 1/117/2). Хаттобий “Ғарибул-ҳадис”да (32/2) шундай деган:
“Уйқунинг ҳақиқати қалбга оғирлик тушиб уни очиқ-ойдин ишлардан кесиб қўйишидир. Мудровчи эса оғирлик унга тушиб махфий-ботиний ишлардан кесиб қўйилган кишидир”. Албоний айтади:
“Ана шу уйқу ва мудроқ ўртасидаги фарқни билиш билан (ҳадисларни тушунишдаги) кўп қийинчиликлар кетиб уйқу мутлақ таҳоратни бузиши таъкидланади”. Яъни, мудроқ таҳоратни бузмай, уйқу бузади, демоқчилар, чунки ел чиқиш каби очиқ-ойдин ишларни мудровчи сезади. Ётмай ухлаган кишининг таҳорати синиши ҳақидаги уч ҳадисни (Ибн Аббос, Ибн Амр ва Ҳузайфадан) Албоний эса жуда заиф деган, чунки унинг ровийлари ичида матрук ва мункарлари бор.
Ҳушдан кетиш таҳоратни бузадими?
Савол: Ҳушдан кетиш таҳоратни бузадими?
Жавоб: Ҳа, ҳушдан кетиш билан таҳорат бузилади. Чунки, беҳушлик уйқудан кўра қаттиқроқдир. Зеро, уйқу билан донг қотганда, яъни, ухлаган одам ўзидан нима чиққанини билмаса, таҳорат бузилади. Агар ўзидан бирон нарса чиққанини биладиган даражада ёнбошлаб, чалқанча ётиб, суянмай ўтириб ёки ҳар қандай ҳолатда кўзи қоқилган бўлса, бу уйқу таҳоратни бузмайди. (Такрорлаймиз): ўзидан чиққан нарсани биладиган ҳолатда кўзи қоқилган бўлса, таҳорати бузилмайди. Беҳушлик эса уйқудан кўра қаттиқроқ бўлиб, ҳуши кетган одам таҳорат қилиши керак.