Admin   11-21-2010, 03:31 PM
#1
Ҳожилар Арафа куни рўза тутмайди

Ҳожилар Арафа куни рўза тутмасликлари керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж вақтида ушбу кун рўза тутмаганлар. Умму Фазл розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Арафа тоғида турадиган кунда одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза тутганликларидан шубҳаланишди. Шунда, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик олиб бордим ва улар ундан ичдилар» (Бухорий 1658).
Ҳожиларга Арафа куни рўза тутиш суннат эмас, яна бу кунда уларга рўза тутишга таъқиқ ҳам бор. Икрима айтади: «Кунларнинг бирида мен Абу Ҳурайранинг ҳузурига кирдим ва ундан ҳожиларнинг Арафа кунидаги рўзаси ҳақида сўрадим. У жавоб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилаётганларга Арафа куни рўза тутишни таъқиқлар эдилар»» (Аҳмад 2/304, Абу Довуд 2440, Бухорий «ат-Тарих»да 7/4425).
Ушбу ривоятнинг саҳиҳлиги борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Бироқ Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Заҳабий ва Аҳмад Шокирлар уни саҳиҳ деб ҳисоблаганлар. Шунингдек, Умар, Ибн Умар ва Ибн Аббос каби саҳобалар Арафа куни ҳожиларга рўза тутишни таъқиқлаганлари ушбу ривоятни қувватлайди (Насоий «Сунанул-кубро» 2823, 2824, Абдурраззоқ «ал-Мусаннаф» 7820).
Имом Заҳабий деди: «Ҳожилардан бирортаси Арафа куни рўза тутиш ҳаром эканини, шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари ҳаж мобайнида Арафа куни рўза тутмаганликларини билган ҳолда рўза тутса, бизга маълум бўлган нарсалардан келиб чиқиб айтамизки, бу амали учун у савоб олмайди» («ас-Сияр» 10/684).

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.