Меҳмон   12-18-2010, 10:51 AM
#1
Ошуро кунининг бидъатлари

Муаллиф: Абу Тоййиб
عبد الله أبو طيب مؤلف:

Муҳаррир: Шамсиддин Дарғомий
مراجع: شمس الدين درغامي

Риёз шаҳри Рабва маҳалласи диний тарғибот бўлими
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
1429 – 2008

Ошуро кунининг бидъатлари

Ушбу мўъжаз мақола "Муҳаррам ойи ва Ошуро куни" номли аввалги рисоламизнинг узвий давоми бўлиб, унда Ошуро кунида баъзи одамлар томонидан амалга ошириладиган хато ва бидъат амаллар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Шариати Исломияда қарор топган ўзгармас қоидалардан бири динда янги пайдо қилинган ишлар - бидъатларни рад этмоқдир. Зеро, Соҳибрисолат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: "Кимки, бизнинг бу ишимизда (динимизда) ундан бўлмаган бирон нарсани пайдо қилса, бас, у мардуддир!" Бошқа бир ҳадисда эса: "Кимки, бизнинг бу ишимизга (динимизга) тўғри келмайдиган биронта амални қилса, бас, у мардуддир!" - дейдилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Динда янги пайдо қилинган ишлар - бидъатларнинг нечоғли ёмонлиги ва зарарлилиги ушбу мисол тариқасида келтирилган икки муборак ҳадисдан ҳам яққол намоён бўлади. Бинобарин, бидъатлар қандай ниятлар билан йўлга қўйилишидан, қандай олийжаноб мақсадларда пайдо қилинишидан қатъий назар, рад қилинур. Негаки, улар бориб-бориб шариатга айланади. Шариат қонун-қоидалари, йўл-йўриқлари ва маросимлари эса фақат ва фақат Шореъ, яъни қонун чиқарувчи бўлмиш Аллоҳ ёхуд Унинг Расули томонидангина жорий қилиниб, У рухсат берган манбалардангина олинади. Шариат учун тўрт нарса манбадир: Китоб, Суннат, уламолар ижмоъси ва қиёс. Мазкур тўрт нарса мусулмонлар учун ҳужжат ҳисобланиб, буларга хилоф равишда чиқарилган ҳар қандай амал шак-шубҳасиз эгасига қайтарилур.
Бу сўзларни бу ерда айтишимиздан мақсад, йиллар оқими давомида одамлар томонидан пайдо қилиниб, одат тусига киришга улгурган Ошуро кунидаги айрим бидъат ва хато амалларга диққат-эътиборингизни қаратишдир. Шоядки, шундай қилсак, бир-бирларимизнинг устларимиздаги насиҳат ҳаққини озми-кўпми адо қилган бўлармиз.
Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли набиралари Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари, муаррихлар айтган сўзларнинг машҳурига кўра, Ошуро кунига тўғри келган эди. (“Ал-Бидоя ван-Ниҳоя”, 8-жилд, 137-саҳифа) Бу воқеа сабаб бўлиб, одамлар икки тоифага бўлиниб кетишди. Бир тоифа, яъни шиалар, рофизийлар бу кунни ўзларига мотам ва йиғи-сиғи куни қилиб олишди. Улар бу кунда рўза тутиб, суннатда келган амалларни қилиш ўрнига, мисли кўрилмаган даражадаги жоҳилий мотам намунасини кўрсатадилар. Қора либосга бурканган бу кишилар Ошуро кунида баданларини тимдалаб, юзларини қонатиб, телбаларча уввос солиб, тўс-тўполон кўтарадилар. Асли йўқ ҳадисларни тўқиб чиқариб, бидъатларини ривожлантиришга уринадилар. Бундай ғайриисломий хатти-ҳаракатлар ҳар хил тоифа ва мазҳабларга мансуб бўлган мусулмонлар ўртасида фитначилар, мунофиқлар ва ғайридинлар томонидан пайдо қилинган гина-кудурат ва адоват жарини тобора чуқурлаштириш билан бир қаторда тарих қатларида қолиб, кўмилиб кетган воқеаларни қабрдан қазиб чиқариб, шу орқали мусулмонлар орасида таассуб, ғазаб ва нафрат оловини алангалантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида ўзини аҳли суннаданман деб даъво қиладиган баъзи бир тоифадаги одамлар ҳам биринчи тоифанинг аччиғини келтириш учун бу кунда хурсандчилик ва шодиёналар қилиш ҳақида тўқима ривоятлар ўйлаб топишди. Ҳолбуки, ҳар иккала тоифа ҳам аҳли сунна вал-жамоанинг йўлидан тойиб кетганлар.
Келинг, бу ҳолатлар ҳақида Ислом уламолари томонидан айтилган сўзларга қулоқ тутайлик:
1. Шайхул-Ислом Ибн Таймия айтадилар: "Бир тоифа одамлар (шиа ва рофизийлар) Ошуро кунини мотам, қайғу ва дод-вой куни қилиб олган бўлиб, у кунда юзга уриб, кийимни йиртиб, жоҳилият давридаги каби аза тутадилар. Ғам-ғуссали қасидаларни куйлайдилар, ростидан кўра ёлғони кўп бўлган турли фасод хабарларни ривоят қиладилар. Бу хабарларнинг ичида рости бўлса, у ҳам фақат қайғу ва мутаассибликни янгилаш учун, адоват ва низони пайдо қилиш учун ва Ислом аҳли ўртасига фитна уруғларни сочиш учунгина хизмат қилади. Ва улар бундай хабарларни ўтмишда ўтиб кетган одамларни сўкиш ва ҳақоратлаш учун восита қиладилар. Бу тоифанинг Ислом аҳлига келтирадиган зарари ва ёмонлигининг кўламини энг нотиқ, сўзамол одам ҳам бир гапиришда санаб бериши амри маҳолдир". ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 165-166-саҳифалар)
2. Шайхул-Ислом давом этадилар: "Аҳли сунна мазҳабини ниқоб қилган бир тоифа жоҳил кимсалар эса биринчи тоифага қасдма-қасдига Ошуро кунининг фазилатлари ва у кунда қувонч изҳор қилиш ва шодиёнали маросимларни ўтказиш ҳақида асли-таги йўқ ҳадисларни тўқиб чиқаришди. Улар бу билан биринчи тоифанинг аламини келтиришни қасд қилдилар ва фасодни фасод билан, ёлғонни ёлғон билан, бидъатни бидъат билан қарши олдилар". ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 166-саҳифа)
"Ҳар иккала тоифа ҳам аҳли сунна йўлидан четга чиққан бидъатчилардир. Биз ҳар иккала гуруҳдан ҳам бегонамиз. Ҳақиқий аҳли сунна эса бу кунда рўза тутиш каби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнигина қиладилар, шайтон буюрган бидъат ишлардан узоқ бўладилар". ("Ал-Мавзуъот", 2-жилд, 567-саҳифа; "Ал-Манорул-муниф фис-саҳиҳи ваз-заиф", 89-саҳифа)
3. "Ошуро кунида баъзи одамлар одат қилганлари кўзга сурма суриш, чўмилиш, хина суриш, (бу кун билан табриклаш мақсадида) қўл бериб кўришиш, дон-дунларни пишириш, хурсандчиликни кўз-кўз қилиш ва ҳоказолар каби ишлар борасида на Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирон-бир саҳиҳ ҳадис ворид бўлган, на Ул зотнинг асҳобларидан бирон-бир хабар келган. Бу нарсаларни мусулмонларнинг имомларидан на тўрт имом ва на бошқаларидан биронталари ҳам хуш кўрмаган. Шунингдек, муътамад (ишончли) китоблар соҳибларидан биронталари ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, У кишининг асҳоблари ва тобеинлардан бу ҳақда ҳеч нарса ривоят қилишмаган. На саҳиҳларда, на сунанларда ва на муснадларда бу ҳақда на саҳиҳ ва на заиф бир хабар келган. Бундай ривоятларнинг биронтаси муфаззал қилинган асрларда ҳам билинган эмас..." ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 160-161-саҳифалар)
4. Ошуро кунида оила аъзоларига кенгчилик яратишга ундовчи ушбу ҳадисга келсак: "Кимки Ошуро кунида аҳли оиласига кенгчилик туғдирса, Аллоҳ у кишига йил бўйи кенгчилик қилади", Албоний бу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: "Бу ҳадиснинг барча ривоят йўллари заиф бўлиб, баъзиларининг заифлиги баъзиларидан баттарроқдир". ("Заифут-тарғиб ват-тарҳиб", 1-жилд, 313-саҳифа)
This post was last modified: 12-18-2010, 10:53 AM by Меҳмон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Муслим   12-05-2011, 06:08 PM
#2
Ошуро кунидаги икки бидъатчи тоифа ҳолати

Муҳаррам ойида рофизийларнинг[1] қайғуси

Ошуро куни деган ном билан машҳур бўлган Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни Аллоҳ таоло Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб[2] розияллоҳу анҳуни шаҳидлик ўлими билан шарафли қилди. Бу 61 ҳижрий йилда содир бўлди. Шаҳодат сабабидан Аллоҳ у зотни мартабасини кўтарди, охират ҳаётидаги ўринларини юксалтирди. Чунку у зот ва унинг акаси Ҳасан - жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир. Улуғ мартабаларга эса фақатгина синов орқали эришилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир куни савол берилди: «Эй Росулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор бўладигани кимлар?» У зот жавоб бердилар: «Пайғамбарлар, сўнгра солиҳлар, сўнг фозиллар, сўнг фазлда улардан қуйироқдагилар. Киши динига қараб балоланади. Агар динида салобат (мустаҳкамлик) бўлса, балоси ҳам зиёда қилинади, динида енгиллик (заифлик) бўлса, балоси ҳам енгил қилинади. Мўмин кишига балолар берилаверади, бориб-бориб у ер юзида гуноҳсиз ҳолда юрадиган бўлади».[3]
Ҳасан ва Ҳусайнга Аллоҳ томонидан юқори мартаба берилди. Бироқ улар ҳали салаф солиҳлари йўлиқиб, енгиб ўтишгани каби синовларга йўлиқишмади. Икковлари ҳам Исломнинг қудратли даврида дунёга келишди. Улар ҳурмат ва азизликда тарбия топишди. Мусулмонлар уларни ардоқлаб, ҳурмат қилишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида, улар ҳали жуда кичкина бола бўлишган. Улар кечиб ўтишлари тақдир қилинган синов улар учун раҳмат бўлган. Улар худди улардан афзал бўлганлар синалгани каби синалишди. Уларнинг отаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу улардан афзал эди, аммо у ўлдирилди ва шаҳид бўлди. Ҳусайннинг ўлдирилиши билан, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилиши каби, одамлар орасида фитна тарқалди. Унинг (Усмон) ўлими фитна пайдо бўлишидаги энг катта сабаб бўлди. У фитна мусулмон умматини парчалади ва бу бугунги кунгача давом этиб келмоқда.
Абдурроҳман ибн Мулжам[4] мўминларнинг амири Али ибн Абу Толибни ўлдирганида, саҳобалар унинг ўғли Ҳасанга байъат қилишади. Рjсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида шундай деган эдилар: «Бу ўғлим саййиддир, шоядки Аллоҳ у сабабли мусулмонлардан улкан икки гуруҳ ўртасини ислоҳ қилса».[5]
Шундай бўлди ҳам. Байъатдан кейиноқ Ҳасан бошқарувдан воз кечди. Аллоҳ унинг сабабидан бир-бирига адоватда бўлган икки гуруҳнинг орасини ислоҳ қилди. Шундан сўнг Ҳасан розияллоҳу анҳу вафот этди. Шундан кейин бир гуруҳ одамлар Ҳусайнга мактуб ёзишни ва агар бошқарувни ўз қўлига олса, уни қўллаб-қувватлашларини ва ёрдам беришларини ваъда қила бошлашди. Бироқ у одамлар бу каби жиддий ишларга мос одамлар эмас эди. Ҳусайн уларга жиянини[6] юборганида, улар ваъдаларини бузишди. Келишувни бузишди ва унга қарши унинг душманларига ёрдам беришди. Ўша душманлардан улар аввалда Ҳусайнни ҳимоя қилишлари ҳақида қасам ичган эдилар ва ўшаларга қарши келажакдаги қўшин сафида жанг қилишмоқчи эди.
Ҳусайнни яхши кўрган ва тўғри насиҳат бера оладиган саҳобалар (Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар) уни бормасликка ва уларнинг ёрдамини қабул қилмасликка кўндиришга ҳаракат қилишди. Улар ўйлашдики, агар у исёнчиларга қўшилса, бундан фойда бўлмайди ва буларнинг барчаси яхши оқибатга олиб келмайди. Бироқ айтишларича Аллоҳ тақдир қилган нарса бўлди.
Ҳусайн Мадинадан чиқиб Ироққа яқинлашганида, ҳолат ҳақиқатдан ўзгарганини кўрди. Уни ҳукумат қўшини ўраб олди. У уни ўз ҳолига қўйишларини ва орқага (Мадинага) қайтиб кетишига изн беришларини, ёки чегарага (Ислом учун курашиш учун) боришига изн беришларини, ёки қариндоши Язид[7] олдига боришга изн сўради. У ўша вақт халифа эди. Бироқ қўшин қўмондони Ҳусайн таслим бўлмагунича, унинг ҳар қандай талабини бажаришдан бош тортди. Улар у билан жанг қила бошладилар, у ҳам уларга қарши урушди. Шундан сўнг қўшин уни ва барча тарафдорларини ўлдирди. Ҳусайн адолатсизлик қурбони бўлди ва Аллоҳ уни шаҳидлик ўлими билан иззат қилди. Аллоҳ Ҳусайнни унинг пок ва солиҳ оиласи билан қайта бирга қилди. Унга зулм қилган ва унга ноҳақ душманлик қилганларни шарманда қилди.
Бу ўлимнинг оқибатида мусулмонлар орасида зулм ёйилди. Бир гуруҳ жоҳиллар пайдо бўлиб, оқим барпо қилишди. Бунинг сабаби ёки уларнинг худосиз мунофиқ бўлганлари эди, ёки улар тўғри йўлдан оғиб кетган адашган аҳмоқлар бўлганлари учун бўлди. Ушбу оқим ҳар ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларига эргашиши ва муҳаббат қилишини даъво қила бошлади. Ошуро кунини улар афсус, ғам ва йиғи-сиғи учун бағишлашди. Худди мушриклар жоҳилият даврида қилганидек: улар юзларига уришди, кийимларини йиртишди ва марҳум Ҳусайн номига жоҳилий марсия сўзларини бақириб айтишди.
Шайхулислом Ибн Таймийя деди: «Ҳусайн ўлими орқали шайтон одамлар орасига иккита бидъатни киритди: Ошуро кунидаги ғам ва мотам бидъати. Унда ўзини ўзи қийнаш, бақириш, йиғи-сиғи қилиш, сув ичмаслик, ҳамдардлик сўзларини бақириш, шунингдек саҳобаларни ҳақорат қилиш ва лаънатлаш, гуноҳ қилмаганларни гуноҳкорликда айблаш. Иш ҳатто энг аввалги мусулмонларни ҳақорат қилишгача боради. Бу кунда улар унинг (Ҳусайн) вафоти ҳақидаги ривоятларни ўқишади. Уларнинг аксари ёлғон. Бу одатни киритганлар, бу билан Ислом умматида фитна ва бўлиниш эшигини очишни ният қилишганди. Бу амал мусулмонларнинг ижмосига кўра на вожиб, ҳатто на мустаҳаб эмас. Бундан ташқари аввалги мусибатлар учун мотам ва йиғи қилишлик Аллоҳ ва Росулининг қатъий ҳаромотлари сарасига киради».[8]
Бу Аллоҳнинг шариатига зид. Аллоҳ ва Росули мусибат вақтида фақатгина сабр қилиш, Аллоҳдан ажр умид қилиш ва: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» (Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз) дейишликка буюрган. Аллоҳ таоло айтади: «Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» (Бақара: 155-157).
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият даъволари билан бақириб-чақирадиган кимсалар биздан эмас».[9]
«Мен мусибат чоғида дод-вой солиб бақирадиган, сочларини юладиган ва кийимларини йиртадиган аёллардан покдирман».[10]
«Дод солиб йиғловчи аёл агар ўлмасидан олдин тавба қилмаса, қиёмат кунида қатрондан (қора елимдан) кўйлак ва қора қўтирдан совут кийган ҳолда турғазилади».[11]
«Агар Аллоҳнинг бандаларидан бирига мусибат етса, у эса: «Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз. Эй Аллоҳ мени мусибатим учун мукофотла ва эвазига ундан яхшироғини ато қил!» деб айтса, Аллоҳ таоло албатта уни мусибатида мукофотлайди ва эвазига яхшироғини ато этади».[12]
«Умматим ичидаги тўрт иш жоҳилият ишларидан ҳисобланиб, умматим уни ҳеч тарк қилмайди: бойлик билан ғурурланиш, насабларга тил теккизиш, юлдузларга қараб ёмғир сўраш ва гўяндалик».[13]
Агар буларнинг барчасига мўминларга нисбатан адолатсизлик, ҳақорат ва уларни лаънатлаш қўшилиши ҳақида нима дейиш мумкин?! Шунингдек мусулмонларнинг динини йўқ қилиш ёки бузишни истаган исёнчи ва худосизларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа чексиз ёмон ишларни бажаришлар ҳақида-чи?!
Шайтон адашган ва ҳақдан озган одамларга Ошуро кунини мотам маросими қилиб олишликни чиройли қилиб кўрсатди. Улар қайғуришади, надомат қилишади, марсиялар айтишади, аксари ёлғон бўлган қайғули шеър, қасида ва ривоятлар ўқишади. Агар у ерда ҳақиқат учраса ҳам, у фақатгина мотам ва кўр-кўрона нафратни қўзғаш, одамларда хусуматни уйғотиш ва уруш алангасини ёқиш учунгина хизмат қилади. Улар ғулғулага солишни ва Ислом тарафдорлари орасида фитна тарқатишни истайдилар. Улар одамлар салаф солиҳларни ва аввалги мусулмонларни ҳақорат қилишларига тарғиб қиладилар. Улар ёлғонни ёйиш ва мўминларни динларида чалкаштиришни истайдилар.
Мусулмонлар ушбу адашган жоҳил оқимдан кўра ёлғончироқ, зарарлироқ ва Исломга қарши кофирларга ёрдам беришга мойилроқ ҳеч кимни билмайдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар Ислом аҳлини ўлдирадилар ва бутпарастларни ўз ҳолига қолдирадилар»[14] деб айтган исёнчи хаворижларданда зарарлироқдирлар.
Улар яҳудий, насроний ва мушрикларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтлари ва мўминлар жамоасига қарши ёрдам берадилар. Улар мушрик, Ислом душманларига Боғдод ва бошқа шаҳарларда қилган ишларида ёрдам беришди.[15] У (рофизий)лар уларга аҳли байтга, Аббос ибн Абдулмуттолибнинг наслига, бошқа пайғамбар оила аъзолари ва мўминларга қарши ёрдам беришди. У (рофизий)лар уларни ўлдиришди, асирга олишди ва уйларини вайрон қилишди. Ушбу мунофиқлар Ислом умматига етказган ёмонлик ва зарарларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Уларнинг жиноятлари эса ҳар қандай таърифга ожиз.
Бу рофизийлар фирқаси бошқа фирқа ва оқимлар орасида икки хулофои рошидийн Абу Бакр ва Умарни (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) ҳақорат қилишни бошлаганлари билан танила бошладилар. Рофизийлар уларни лаънатлашади, нафратланишади ва кофирликда айблашади, Аллоҳ барчамизни бундан сақласин! Шунинг учун ҳам имом Аҳмаддан рофизийлар ким экани ҳақида сўралганида, у киши жавоб бердилар: «Бу Абу Бакр ва Умарни ҳақорат қиладиганлар».
Улар рофизийлар (рад қилганлар) номини Зайд ибн Алини[16] рад қилишгани ва ундан юз ўгиришгани сабабидан шу номни олдилар. Баъзиларнинг айтишича улар Абу Бакр ва Умардан юз ўгиришгани учун уларни рофизийлар деб номлашди.
Рофизийлик ўзининг аслини мунофиқ ва худосизлардан олади. Чунки ушбу бидъатни илк бора ўйлаб чиқарган шахс яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ[17] бўлган. У сохталик билан Исломни қабул қилган. У Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни улуғлашда ғулув кетишликни бошлаган. Айтардики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг халифа бўлишига тўғридан тўғри кўрсатма берган эканлар ва Али гўёки маъсум экан.
Бу каби эътиқодлар мунофиқлик аломати сифатида машҳур бўлгани учун, баъзи салаф солиҳлар айтишдики: «Абу Бакр ва Умарга бўлган муҳаббат - иймондан, уларга бўлган нафрат эса - нифоқдан. Хошим авлодига бўлган муҳаббат – иймондан, уларга нисбатан нафрат эса - мунофиқлик».
Шайхулислом Ибн Таймийя ушбу оқимни мана бундай таърифлади: «Рофизийлар – бу на соғлом ақли, на соғлом нақли бўлган жамоатдир. Уларда на Аллоҳ томонидан қабул бўладиган динлари бор, на дунё ҳаётида ғалабалари бор. Ушбу оқим – ёлғон ва жаҳолатда энг маҳкам ўрнашганлардан биридир. Уларнинг дини мусулмонлар сафига ҳар қандай худосиз ва муртадни киритаверади. Уларга нусайрийлар[18], исмоилийлар[19] ва бошқалар киради. Улар аниқ бир мақсадга қаратилган ҳолда Ислом умматининг энг яхши инсонлари билан душманлик қилишади, яҳудий, насроний ва мушриклардан ташкил топган Аллоҳнинг душманлари билан дўстлашишади. Улар очиқ ҳақиқатни ва мутавотир матнларни инкор этишади, бироқ ўзининг ёлғони, қалбакилиги ва бузуқлиги билан машҳур бўлган манбаларини қадрлаб, эҳтиром қилишади». Улар айни Шаъбий[20] роҳимаҳуллоҳ уларни таърифлаганларидеклар. У киши рофизийларга тааллуқли бўлган нарсаларда энг билимдон бўлганлар: «Агар улар ҳайвон бўлганларида эшак бўлардилар, агарда қуш бўлганларида эса жўрчи (ўлимтик билан озиқланадиган қуш) бўлган бўлардилар».
Бизнинг замонамизда нима бўляпти? Баъзи ўзини мусулмон деб номлайдиган одамлар бир неча давлатларда муҳаррам ойини қайғу, андуҳ билан кутиб олмоқдалар, бемаъни эртак ва афсоналар ўқишмоқда. Улар ёғочдан мақбаралар қуришади, уни ранг-баранг қоғозлар билан безашади ва ўзлари ясаган нарсани Ҳусайн мақбараси ёки Карбала деб номлашади. Бинолари ичига иккита «қабр» ясашади ва ушбу маросимни «таъзия» деб номлашади. Шундан сўнг улар фарзандларига пушти ёки яшил кийим кийдириб, уларни «Ҳусайн бечоралари» деб номлашади.
Муҳаррам ойининг биринчи кунида улар уйларини супуришади, полларини ювишади ва йиғиштиришади. Сўнг овқат олиб келиб, унинг устида Фотиҳа сурасини, Бақара сурасининг бошини, яна Кафирун, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқишади. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ўқишади ва таом савобини ўлганларга ҳадя қилишади.
Ушбу ой давомида зийнатли кийим кийиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам аёллар ўзидан барча зийнатларни ечишади. Одамлар бу ойда гўшт ейишмайди, ҳеч қандай тантанали маросимларни ўтказишмайди ва никоҳланишмайди. Агар янги эр-хотин бирга икки ойдан оз яшаётган бўлсалар, муҳаррамда уларга жинсий яқинлик қилиш мумкин эмас. Ушбу ойда рофизийлар ўз-ўзини қийнаш билан кўп шуғулланишади, юзларига, кўкракларига, белларига уришади, кўкракларидаги кийимларини йиртишади, бақиришади ва марсия айтишади, Муовия ва унинг тарафдорларини, шунингдек унинг ўғли Язидни ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини лаънатлашади.
Ойнинг аввалги ўн кунлигида рофизийлар олов ёқишади, унинг атрофида одамлар сакрашади. Болалар кўчада юриб: «Ё Ҳусайн! Ё Ҳусайн» деб бақиришади. Агар бирортаси ушбу ойда туғилса, бу ҳунук белги ва ёмон аломат деб ҳисобланади. Баъзи ноҳияларда одамлар дўмбира ва чилдирма чалиб, мусиқа чалишади, нишоналар осиб, мақбаралар қуришади. Унинг остидан эркаклар, аёллар ва болалар ўтишади. Улар нишоналарни қўлларига суртишади. Бу билан ундан барака излашади ва шуларнинг сабабидан уларга касал етмайди ва умрлари узаяди деб ўйлашади.
Баъзи мамлакатларда Ошурога ўтар кечада одамлар кўзларини боғлаб чиқишади ва кўчаларда юришади. Уй-уйларига қуёш чиқишидан бир оз олдинроқ тарқалишади.
Тўққизинчи куни ўзига хос таом тайёрланади. Қишлоқ ва шаҳар аҳолиси, улар Карбала деб номлайдиган, ўзига хос ерга боришади ва ўзлари қурган мақбарани тавоф қилишади, барака истаб нишоналарга ўзларини суркашади, дўмбирага уришади, чилдирма чалишади. Қуёш ботганида рофизийлар мақбарани кўмиб юборишади ёки сувга ташлашади. Шундан сўнг барча уйига қайтади. Баъзи одамлар салсабил деб номлашадиган ичимликлар билан йўлларда ўтиришади ва одамларни текинга ўша билан суғоришади. Яна ўн кун давомида оммавий жойларда даъватчилар ўтиришади. Улар Ҳусайннинг яхши сифатларини ва Муовия билан Язидниннг гуноҳларини зикр қилишади, у икковини кўп ҳақорат қилиб, лаънатлашади.
Яна улар Ошуро ва Муҳаррам ойининг фазилати ҳақида тўқима ва заиф ҳадисларни ўқишади ва ушбу мавзуда мутлақо ёлғон бўлган ривоятларни ҳикоя қилишади.
Ошуродан қирқ кун кейин улар бир кунлик байрам ўтказишади. Улар буни «арбаун» (қирқ) деб номлашади. Бу кунда улар пул йиғишади. Бу пулга ўзига хос байрам ноз-неъматлари сотиб олиб, одамларни чақиришади.
Бу каби бидъатлар Ҳиндистон, Покистоннинг баъзи қисмларида, айниқса – Эрон, Ироқ ва Баҳрайн каби шиа ҳаракатлари кучли ерларда амалга оширилади.
Рофизийлар қайғу, мотам ва мусибат маросимларини ўтказишаётганда, имомларининг суратларини чизишади, ўзини ўзи азоблашади. Ошуро куни ва ундан олдин бу каби номақбул амалларни қилишлик билан улар бу амаллари сабабидан Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қиламиз, ўтган йилда қилган гуноҳларимиз кечирилади деб эътиқод қилишади. Улар бу ишлари билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилмаётганларини, аксинча, бу ишлари билан Аллоҳ таолонинг раҳматини ўзларидан қочираётганларини ва узоқлаштираётганларини тушунмайдилар.
Аллоҳ Қуръони Каримда ҳақ сўзни айтди: «Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини билгувчидир» (Фотир: 8).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»» (Каҳф: 103-104).



____________________________________________________________



[1] Рофизийлар – шиаларнинг бир оқими бўлиб, уларнинг айтишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласини қўллаб-қувватлашар экан. Шу билан бирга улар Абу Бакр, Умар ва бошқа саҳобаларни ёмон кўришади. Саҳобаларнинг баъзилари бундан мустасно. Улар саҳобаларни кофир дейишади ва уларни ҳақорат қилишади.
[2] Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб ал-Ҳошимий ал-Қурайший – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, Фотима қизларининг ўғли. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда ўхшаш бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ва унинг акаси Ҳасан ҳақида: «Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир» деб айтганлар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2965). Жамал, Сиффийн ва хаворижларга қарши бўлган жангда ўз отаси сафида жанг қилган. 60 ҳижрий йилда Мадинадан чиқиб Кўфа тарафга ўша ер аҳолисининг байъатини қабул қилиш учун йўл олади. Бироқ улар у кишини ёрдамсиз ташлаб қўйишади. Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошқарувидаги ҳукумат қўшини Карбала атрофида Ҳусайнга ҳужум қилади. Улар у кишини 61 ҳижрий йилда Ошуро куни ўлдиришади.
[3] Аҳмад «Муснад» (1/172), Термизий «Сунан» (4/27) 2509 рақам остида келтириб, ҳадисни ҳасан саҳиҳ деди, Доримий «Сунан» (2/320), Ибн Можа «Сунан» (2/1334) 4023 рақам остида ривоят қилди.
[4] Абдурроҳман ибн Мулжам ал-Муродий ат-Тадавлий ал-Ҳимярий – хаворижларнинг энг фаолларидан бири. Энг кучли жангчи ва чавандозлардан бири бўлган. Уруш масалаларида катта мутахассис. Жоҳилият замонида яшаган. Умарнинг халифалик даврида ҳижрат қилган. Муоз ибн Жабалдан Қуръондан таълим олган. Қуръон ва фиқҳни яхши тушунган ва кўп ибодат қилган. Мисрни фатҳ қилишда қатнашган ва ўша ерда қарор топган. Мисрда Тадавл қабиласи баҳодири сифатида машҳур бўлган. Али ибн Абу Толиб тарафдорларидан бири бўлган ва Сиффийнда унинг сафида иштирок этган. Кейин у исён кўтариб исёнчи хаворижлар билан бирлашган ва Алига қарши чиққан. Али эрталаб азонда кўчаларда юриб, одамларни бомдод намозига уйғотадиган вақтда Алини пойлаб турган. У унга ваҳшиёна ҳужум қилиб, бошига қилич билан ўлимига олиб борган зарба берган. Бу воқеа 40 ҳижрий йили, Рамазон ойининг 17 кунида содир бўлган. Шундай кейин қотилни қўл-оёғини қарама-қарши тарафидан кесилиб, кўзи ўйилиб, тили кесиб ташланган. Кейин ўша йилиёқ Кўфада ёқиб юборилган. Аллоҳ ушбу одамнинг қалбида нима яширинганини кўрди ва уни мўминлар учун белги ва огоҳлантириш қилди. Улар ўзидан мағрурланиб, ўзини афзал деб билиб ва кибрланиб қолишмасин. Ахир зоҳиран тақводор кўринсада, Абдурраҳмон ибн Мулжам бу дунёнинг иккита энг ёмон одамларидан бири ҳисобланади. Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу одам ҳақида ҳадисларининг бирида хабар бериб кетганлар. Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Толиб ва Амморга дедилар: «Сизларга икки энг ёмон одамнинг хабарини берайми?» Улар: «Албатта, ё Росулуллоҳ» деб жавоб беришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу туяни сўйган бир қизил танли самудлик ва сени ўлдирадиган кимса, эй Али. У бошингнинг тепа қисмига шу даражада урадики, соқоли қонга беланади» (Аҳмад «Муснад» (4/263)).
[5] Бухорий «ac-Саҳиҳ» (2704).
[6] Унинг исми Муслим ибн Оқил ибн Абу Толиб
[7] Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Саҳр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманаф. 26 ҳижрий йилда туғилган. Отаси ҳаётлик давридаёқ унинг вафотидан кейин ўғли ўрнига тахтга ўтиради деб унга байъат қилинган. У халифаликка 60 ҳижрий йилда отасининг ўлимидан кейин келган ва 64 ҳижрий йилда вафотигача ҳукумат бошида бўлиб келган.
Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб ва Язид ибн Муовия Абдуманаф ибн Кусайя томонидан қариндошлиги бор. У Ҳусайннинг тўртинчи бобоси, Язид учун эса олтинчи бобоси бўлган.
[8] Қаранг: «Минҳаж ас-сунна ан-набавийя» (2/302-307).
[9] Бухорий «ас-Саҳиҳ» (1294) ва Муслим (2/110).
[10] Муслим (1/100).
[11] Муслим «ас-Саҳиҳ» (2/644) ва Аҳмад «Муснад» (5/342,343).
[12] Муслим «ас-Саҳиҳ» (2/632,633), Молик «ал-Муватто» (1/236) ҳадис № 43, Аҳмад «Муснад» (6/309) ва Абу Довуд «ас-Сунан» (2/488) ҳадис № 3119.
[13] Муслим «ас-Саҳиҳ» (2/644) ва Аҳмад «Муснад» (5/342,343).
[14] Бухорий «ас-Саҳиҳ» (7432) ва Муслим (2/741,742).
[15] Бу ерда мўғуллар назарда тутилмоқда. Улар илк бора 658 ҳижрий санада Шом ерига бостириб кирдилар. Улар аввалда барча одамларга омонлик эълон қилиб, сўнг хоинона равишда юз минг ёки ундан кўпроқ сондаги мусулмонларнинг болаларини асирга олишди. Катта миқдордаги халқни ўлдиришди ва қул қилиб олишди. Масжид ва бошқа ерларда, хусусан Масжид ал-Ақсо ва уммавийлар жомеъ масжидида муслима аёлларни хўрлашди, мазаҳ қилишди. Улар масжидларни вайрон қилишди. Барча мунофиқ ва сохталик қилиб юрган худосизлар, шунингдек рофизий, жаҳмий ва иттиҳодийлардан ташкил топган ашаддий бидъат аҳллари уларга эргашишди. Улар мўғул ҳукмдори Чингизхонни кўтар-кўтар қилиб, уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир мартабага қўйишди. У вақтда Чингизхон кофир-мушрик ва қутурган бутпараст эди. Мўғуллар уни Аллоҳнинг ўғли ва қуёш унинг онасини қорнида олиб юрган деб ҳисоблашар эди. Улар ейишса ёки ичишса, бу учун Чингизхонга раҳмат айтишарди. Улар ўша кофир ман қилган нарсадан бошқа барча нарсани ҳалол деб ҳисобшар эди. Унинг вазирларининг аксари яҳудий файласуфлар бўлган. Охир оқибат рофизалар ана ўшаларга қўшилиб кетишди. Натижада мўғул тоғути қўшини эргашувчиларига қўшилмаган бирорта ҳам оқим, бирорта ҳам мунофиқ ва бирорта ҳам бидъат қолмади. Рофизийлар мўғулларни ва уларнинг бошқарувларини яхши кўришарди. Чунки кофир ҳукумати вақтида улар ҳокимият ва салобатдан ўз улушларини олишар эди. Буларга улар мусулмонлар ҳукуматида эга бўла олмас эдилар. Улар мўғулларга Ислом шаҳарлари ва ўлкаларини босиб олишда, мусулмонларни ўлдиришда ҳаммадан кўп ёрдам беришди. Мўғуллар улардан вазирлар ва маслаҳатчилар олишди. Булардан: Носириддин Тусий, Ибн Алқамий, Рошид ва бошқалар.
[16] Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб. У Абу Бакр ва Умарга эргашувчилардан эди. Унга «зайдийлар» деган ном олган бир гуруҳ эргашди. Унинг эътиқодидан юз ўгирганлар эса Рофизийлар деган номни олишди. Зайд ибн Али ишончли ҳадис ровийси, мўл илм соҳиби, тақводор ва олижаноб инсон бўлган. Абу Ҳанифа у ҳақида деди: «Унинг замонида мен унданда фиқҳ масалаларини фаҳмловчи, унданда тезроқ жавоб бера олувчи ва унданда нотиқлик билан сўзловчи ҳеч кимни кўрмадим». У Кўфа аҳолисидан бўлган қирқ минг одамдан иборат қўшин билан чиқиб кетди. Аммо улар уни тарк қилишди. У билан фақатгина икки юз саксон нафар одам қолди. У билан халифа Хишом ибн Абдулмалик бошқарувидаги Ироқ волийси Юсуф ибн Амр жанг қила бошлади. Зайд ибн Али 122 ҳижрий йилда ўлдирилди, сўнг осиб қўйилди ва ёқиб юборилди.
[17] Абдуллоҳ ибн Сабаъ – чуқур залолатга кетган мунофиқлардан бири бўлган. У ўз залолатига фаоллик билан даъват қилган. Насаби Яманлик. У яҳудий бўлган ва Исломни қабул қилганини эълон қилган. Мусулмонлар орасида зулм ва фисқ тарқатиб, халқни ҳукмдорларига итоат қилмасликка тарғиб қилиб, барча Ислом юртларига сафар қилиб юрган. У биринчи бўлиб Али ибн Абу Толибни илоҳлаштирган ва ўзининг оқимини барпо қилган. У оқимни «сабиийлар» деб номлашган. У Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қайтганилари ҳақида ва Қуръон бу тўққиз қисмнинг бир қисмигина эканини, Қуръоннинг қолган илми эса Алида эканини даъво қилган. У биринчи бўлиб икки хулофои рошидийн – Абу Бакр ва Умарни (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) ҳақорат қилишни ва лаънатлашни бошлаган. Халифа Алининг ўзи унга нисбатан қидирув эълон қилган. Уни ушланганида эса Абдуллоҳ ибн Сабаъ ва Али илоҳий зот эканини таъкидловчи эргашувчиларини ёқиб юборишга амр қилган.
[18] Нусайрийлар – бу шиа-ботиния фирқаси бўлиб, улар ўз асосларини Муҳаммад ибн Нусайра Нумайрийдан олишади. У ғулув кетган шиа бўлган ва Алини илоҳийлиги ҳақида гапирарди. Ушбу оқим ўзининг куфрида яҳудий, насроний ва мушриклардан кўра даҳшатлироқдир. Улар зоҳирида мусулмонликни даъво қилиб юришган ва аҳли байтни яхши кўришларини эътироф қилишган. Аслида эса улар ҳатто на Аллоҳга, на Унинг Пайғамбарига, на Унинг Китобига иймон келтиришмаган. Улар на Аллоҳнинг буйруғига, на унинг қайтариғига эътибор беришмаган. Улар на ажрга, на жазога ишонишмаган. Улар бирорта ҳам Росулга ишонишмаган, иймонни ва Ислом аҳкомларини ҳар қандай йўллар билан инкор этишга интилишган. Беш вақт намозни ўқишни улар «сирларга етишиш», рўзани - «сирларни яшириш», ҳажни - «шайхларни зиёрат қилиш» деб таъвил қилишган. Улар ҳар доим Ислом душманларига мусулмонларга қарши ёрдам беришган. Зоҳиран улар ўзларини рофизалар қилиб кўрсатишади. Аслида эса улар ҳақиқий худосиз ва атеист бўлишган.
[19] Исмоилийлар – ўзларининг бошланишларини Муҳаммад ибн Исмоил ибн Жафардан олишган бўлиб, имомийлик айни ўша кимсада тугайди, чунки у еттинчи деб эътироф этишади. Улар бунга шу нарсани далил қилишадики, айтишларича ер етти қават, осмон ҳам етти қават, ҳафта ҳам етти кун, демак имомлар ҳам фақатгина еттита бўлиши керак экан. Уларнинг айтишича имом Муҳаммад ибн Исмоил, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатини ўчириб ташлаган экан. Шубҳа йўқки улар ғулув кетган шиаларданда чуқурроқ куфрга кетишган. Уларнинг айтишича, олам азалдан мавжуд бўлган экан, одамларнинг қайта тирилиши ва Қиёмат кунига ишонишмаган. Улар Исломнинг барча фарзлари ва унинг таъқиқларини инкор қилишган. Улар шунингдек каромий-ботиний оқими дея танилишган. Улар эса ўз навбатида яҳудий, насроний ва Арабистондаги жоҳилият бутпарастлариданда куфрлари кучлироқ. Уларнинг эътиқоди фалсафий ва мажусий қарашларга асосланиб барпо қилинган. Улар ҳатто шиаликка мансуб эканликларини ҳам фақатгина, мунофиқона тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда, зоҳиран кўрсатишади. Улардан энг машҳурлари Убайдийлар бўлишган. Уларнинг сулоласи кўп йиллар Миср ва Шомни бошқариб келган.
[20] Амир ибн Шураҳил ал-Ҳамданий ал-Кўфий, Абу Амр Шаъбий номи билан машҳур бўлган шахс. Тобиин, катта олим, ишончли ҳадис ровийси, шариат ва фиқҳ илмининг таниқли билимдони. Макҳул у ҳақида деди: «Мен фиқҳий масалаларда унданда билимдонроқ бўлган бирор кимсани кўрмадим». Саксон ёшида ҳижратнинг юзинчи йилидан сўнг вафот этган.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Муслим   12-05-2011, 06:22 PM
#3
Ошуро куни навосибларнинг[21] хурсандчилиги

Юқорида Ошуро кунида рофизийларнинг мотам қилишлари бидъати борасида тўхталиб ўтган эдик. Ҳозир эса Аллоҳнинг изни билан рофизийлар бидъатининг акси бўлган бидъатчи тоифа ҳақида сўз юритмоқчимиз. Улар Ошуро кунини қувонч ва хурсандчилик куни қилиб олишди. Ушбу оқим «навосиблар» деган ном билан танилганлар. Улар Ҳусайнни ва аҳли байтни ёмон кўришади. Бу жоҳиллар гуноҳга қарши гуноҳ билан курашишади, ёлғонни ёлғон ёрдамида фош қилишади, зулмни худди шундай зулм билан даф қилишади. Улар бидъатдан четланиш учун янги бидъат ўйлаб топишди. Улар Ошуро куниди хурсанд бўлиш ва кўнгилхушлик қилиш, кўзларга сурма қўйиш, сочларни бўяш, ўз оиласига кўпроқ ҳаражат қилиш, ўзига хос таомлар тайёрлаш ва шу каби байрам ва шодиёна кунларига мос келадиган бошқа ишларни қилиш керак эканига далолат қилувчи ҳадислар тўқиб чиқаришди. Бу билан ўша одамлар Ошуро кунини байрам ва ҳар йили такрорланадиган ўйин-кулги куни қилиб олишди.
Улар илк бора Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаёқ пайдо бўлишган. Ривоят қилинишича, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: «Али Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кичкина соф ҳолда топилган олтин юборди. У зот уни тўрт қисмга бўлдилар: ал-Ақраъ ибн Ҳобис ал-Ҳанзалий, сўнг Мажоший, Уяйна ибн Бадр ва Зайд ат-Тоий, сўнг Бану Набхондан бир одам ва Алқама ибн Улоса ал-Амирий, сўнг Бану Килобдан бир одамга. Қурайш ва ансорлар хафа бўлиб дедилар: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қилдилар». Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: «Албатта, мени буни уларнинг қалбларини иймонга улфат қилиш учун қилдим». Шунда кўзлари ичига кирган, икки ёноғи бўртиб чиққан, пешонаси дўнг, серсоқол ва сочи қирилган киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: «Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! Аллоҳ мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» Шунда бир одам ўша одамни ўлдиришга изн сўради, менимча бу Холид ибн Валид (розияллоҳу анҳу) эди, аммо Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунга рухсат бермадилар. Бу одам кетганида, Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Дарҳақиқат, мана шундайлардан …» - ёки у зот дедиларки – «... унинг ортидан одамлар чиқади. Улар Қуръонни кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ ўлжани бир ёғидан кириб, иккинчи жойидан чиққандек чиқадилар. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим»».[22]
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира[23] келди. У Бани Тамимлик бир одам эди ва деди: «Эй Аллоҳнинг расули, Адолат қилинг!» Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга жавоб бердилар: «Ҳолингга вой бўлсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Ахир агар мен ҳақиқатдан адолат қилмасам, унда сен залолат ва зиёнда экансан». Шунда Умар ибн Хаттоб деди: «Эй Аллоҳнинг расули Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Уни тек қўй. Албатта, унинг шериклари бордир. Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо у бўғизларидан нарига ўтмайди. Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқадилар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўштдан ҳам, қондан ҳам ўзиб кетган бўлади.[24] Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб, унинг билакларидан бирида аёлнинг кўкрагига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқадилар»».
Абу Саид ал-Худрий деди: «Гувоҳлик бераманки, мен буни Росулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитдим. Гувоҳлик бераманки, Али ибн Абу Толиб уларга қарши уруш қилди. Мен у билан бирга эдим. У ўша одамни топишга амр қилди. Сўнг уни топиб, олиб келишди. Бас, назар солсам, у худди Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васф қилганларидек экан».[25]
Шайхулислом Ибн Таймийя деди: «Кўфада бир гуруҳ шиалар бор эди. Улар Ҳусайнни ёнини олишларини даъво қилишарди. Уларнинг бошларида Мухтор ибн Убайд ал-Каззоб[26] эди. Яна у ерда навосиблар гуруҳи бор эди. Улар Алини ва унинг фарзандларини ёмон кўришарди. Ушбу гуруҳ намоёндаларидан бири Ҳажжож ибн Юсуф Сақофий[27] эди. Саҳиҳ суннатдан маълумки, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Сақоф қабиласидан бир каззоб ва бир қонхўр чиқади».[28]
Ана у шиа – каззоб, ана у навосиб эса – қонхўр. Бирлари мотам бидъатини ўйлаб чиқаришди, бошқалари эса ўйин-кулги бидъатини ўйлаб чиқаришди. Биринчи бидъат Ҳусайнга бўлган мутаассиблик ва сохта эргашишликдан, бошқа бидъат эса Ҳажжожга кўр-кўрона эргашишликдан бошланди. Ҳар бидъат залолатдир. На тўрт имомдан бирортаси ва на бирор бошқа ким на биринчи бидъатни, на иккинчисини оқламаган. Бу каби амалларни оқлайдиган ҳеч қандай шаръий далил йўқ».
[29]
Ушбу амалларида навосиблар ҳам, рофизийлар ҳам бидъатчи ва гуноҳкор эканликларида шубҳа йўқ. Улар Суннатдан четлашишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менинг суннатимни ва тўғри йўлда бўлган халифаларнинг суннатларини маҳкам ушланглар. Янги чиққан ишлардан узоқ бўлинглар. Чунки янги чиққан барча нарса бидъат ва барча бидъат залолатдир».[30]
На Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва унинг тўғри йўлда бўлган халифалари Ошуро куни рофизийлар ва навосиблар қиладиган бирор амални жорий қилишмаган, на мотам ва қайғуришни, на қувонч ва шодиёнани.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрганларида, улардан: «Бу қандай кун?» деб сўрадилар. Улар жавоб беришди: «Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган». Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бас, ундай бўлса, сизлардан кўра кўпроқ мен Мусога (яқин бўлишга) ҳақлироқман», - дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар.[31]
Шунингдек Қурайш ҳам ушбу кунни жоҳилият давридаёқ муборак деб ҳисоблашган.[32]
Аввалда одамларга бир кунгина рўза тутишлик амр қилинган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Робиул аввал (яъни Муҳаррамдан кейин) келганлар. Кейинги йил келганида, у зот рўза тутдилар ва барчани рўза тутишликка буюрдилар. Кейин ўша йилдаёқ мусулмонларга Рамазон ойида рўза тутишлик фарз бўлди. Ошуро кунидаги рўзанинг фарзлиги эса мансух бўлди.
Уламолар орасида аввалги Ошуро кунидаги рўза вожиб бўлганми ёки фақатгина мустаҳаб бўлганми деган масалада ихтилоф бор. Тўғри қавл шуки, аввалда у вожиб бўлган, кейин эса уни тутишни истаганлар учун мустаҳаб бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча одамларга ушбу рўзани тутишликка буюрмаганлар. У зот айтганларки: «Бу Ошуро куни. Мен бу кунда рўза тутаман. Ким хоҳласа рўза тутсин».[33]
Яна Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ошуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларга каффорат, Арафа кунининг рўзаси эса икки йиллик гуноҳларга каффоратдир».[34]
Баъзи саҳобалар ва уламолар бу кунда рўза тутишмаган ва рўза тутишликни мустаҳаб санашмаган. Шундай бўлсада, Ошуро куни рўза тутишлик мустаҳаб. Аммо шу билан бирга ойнинг тўққизинчи кунида ҳам рўза тутишлик керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирги йилида дедилар: «Агар келаси йилгача яшасам, албатта тўққизни тутаман».
Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидир. Бошқа амалларга келсак: алоҳида донлардан таом тайёрлашлик ёки қандайдир тансиқ овқатларни тайёрлашлик, кийимларни янгилаш, оилага бўлган ҳаражатни кўпайтириш, келаси йилга керакли бўлган барча нарсаларни сотиб олиш, ўзига хос намоз ва бошқа ибодатларни бажариш, қўй сўйиш ва қурбонлик қилиш, сурма қўйиш, сочни бўяш, шу учун алоҳида ғусл қилиш, бир-бирини табриклаш, меҳмонларга бориш, жомеъ масжид ва мақбараларни зиёрат қилиш – буларнинг барчаси қораланган бидъат амаллардир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва тўғри йўлда бўлган халифалари буларни қилишни бизга буюришмаган ва буни биз учун суннат қилишмаган. Таниқли имомлардан бирортаси ҳам бу каби амалларнинг мустаҳаб эканига кўрсатма бермаган.
Инсонга Аллоҳ ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиши, унинг динига ва йўлига эргашиши, унинг кўрсатмаларига амал қилиши, унинг суннатига суяниши ва Аллоҳга уни улкан неъмати билан ризқлантиргани учун ҳамдлар айтиши керак бўлади.
Аллоҳ айтади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сўзларнинг яхшиси - Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, ва барча бидъат залолатдир».[35]

«ал-Бидъа ал-Ҳавлийя» китобидан
Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ибн Аҳмад Тувайжирий


_____________________________________________________________



[21] Навосиблар – бидъат аҳлидан бўлиб, уларнинг аксари ўзининг эътиқоди туфайли хаворижлардан ҳисобланишади. Хаворижлар мусулмонлар жамоатига илк бора бўлиниш киритишган эди. Улар Усмон, Али ва бошқа кўпгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини кофир дейишади. Яна улар гуноҳи кабира қилганларни кофир-муртад дейишади. Агар мусулмон ҳукмдор Суннатга хилоф иш қилса, унга қарши бош кўтариб чиқишликни ўзларининг асосий бурчлари деб билишади.
[22] Бухорий «ас-Саҳиҳ» (3344) ва Муслим в «ас-Саҳиҳ» (7/161,162).
[23] ЗулхувайсираХуркус ибн Зуҳайр Саъдий. Хувайсир кийимини кийиб юргани учун Зулхувайсира лақаби билан машҳур. Бани Тамимлик саҳоба бўлган. Умар ибн Хаттоб Ҳурмузонга қарши жангда уни қўмондон қилиб тайинлаган. У Сук ал-Аҳвазни ишғол қилиб, ўша ерда яшай бошлаган. Сиффийн жангида Али томонида жанг қилган. Кейин исёнчи хаворижларга қўшилган ва Али ибн Абу Толибга нисбатан энг адоватли инсонлардан бирига айланган. Али хаворижларга қарши жангга чиққанида Зулхувайсира улар орасида бўлган ва ўша куниёқ, 37 ҳижрий йилда ўлдирилган.
[24] Бу сўзлар хаворижлар диндан бирор нарса олмай чиқиб кетишларига далолат қилади. Улар Исломда бўлганларидан биронта нишона қолмайди. Бу худди камон ўқи ўлжага катта тезликда тегиб, бошқа тарафидан тешиб чиққиб кетганига ўхшайди. Ўқ шу даражада тезликка эга бўлганидан, унда на қон, на гўштнинг асоратини топмайсиз.
[25] Муслим «ас-Саҳиҳ» (2/744,745) ҳадис № (1064) (146).
[26] Мухтор ибн Абу Убайд ибн Масъуд ибн Амр ас-Сақофий, Абу Исҳоқ. Унинг отаси энг афзал саҳобалардан бири бўлган. Мухтор ҳижрий биринчи йилда туғилган. Бироқ ўзи саҳоба бўлмаган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган. Бошқарувни қўлга киритган. Ўзини Ҳусайннинг қасоскори сифатида кўрсатиб ном қозонган. Аслида у фақатгина бойликка интилган. Ўзининг ёлғончилиги билан машҳур, тутқаноқ касалидан қийналиб юрган. Мусъаб ибн Умайр томонидан 67 ҳижрий йилда Кўфада ўлдирилган. Унинг бошқаруви 16 ой давом этган. Аввалда хавориж бўлган. Кейин зайдийликка ўтиб кетган. Ундан кейин эса рофизийликка ўтиб кетган. Кейин эса сурбетона ва очиқ-ойдин ёлғон тарқатиб, Пайғамбарликни даъво қилган.
[27] Ҳажжож ибн Юсуф ибн Абу Оқил ибн Масъуд, Абу Муҳаммад Сақофий. 39 ёки 40 ҳижрий йилда туғилган. Жудаям нотиқ бўлган, Қуръонни ёд олган. Абдулмалик ибн Марвон Ҳижозга волий қилиб тайинлаган. У ерда у Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўлдирган. Сўнг Марвон лавозимидан олиб, Ироққа волий этиб тайинлаган. У ерда Ҳажжож 84 ҳижрий йилда Васит номли шаҳарни барпо қилган. Қурилиш 86 ҳижрий йилда ниҳоясига етган. Унинг даврида ва унинг назорати остида Қуръон мусҳафларига ҳарфларнинг ҳаракатлари қўйиб чиқилган. Буни унинг солиҳ амалларига киритиш мумкин. Бироқ, қандай яхшилик қилган бўлмасин, унинг қилган зулми рўпарасига қўйиб бўлмайди. Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида айтиб ўтган қонхўр айни у бўлган. У навосиблардан бўлган, Али ва унинг тарафдорларини ёмон кўрган. Ҳажжож мустабид ҳоким бўлган. Агар унда мусулмонларнинг бирортаси оз бўлсада ҳақдан оғишганини сезса, ҳеч иккиланмай уларнинг қонини тўккан. Шунга қарамай Қуръон тиловат қилишни яхши кўрган, зино қилмаган, хамр ичмаган ва умуман Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилмаган. Аммо шу билан бирга ниҳоятда қонхўр ва одамларни, шу жамладан саҳобаларни қатл қилишда шошқалоқ бўлган. Ушбу одамнинг асл ҳолати Аллоҳгагина аён. Ҳажжож ибн Юсуф 95 ҳижрий йилда 55 ёшида вафот этган.
[28] Муслим «ас-Саҳиҳ» (4/1971, 1972) ҳадис № (2545).
[29] Қаранг: «Минҳаж ас-сунна ан-набавийя» (2/323).
[30] Аҳмад «Муснад» (4/126,127), Абу Довуд «ас-Сунан» (12/358-360), Термизий «ас-Сунан» (7/438-442) ва Ибн Можа «ас-Сунан» (1/15,16).
[31] Бухорий «ас-Саҳиҳ» (2004).
[32] Улар Ошуро кунида рўза тутишлик мустаҳаб эканини Бани Исроилдан бўлган Мусо ва бошқа Пайғамбарлардан Маккага ҳаж қилган вақтларида билиб олган бўлишлари мумкин.
[33] Бухорий «ас-Саҳиҳ» (2003) ва Муслим «ас-Саҳиҳ» (2/797) ҳадис №: 1132.
[34] Муслим «ас-Саҳиҳ» (2723).
[35] Муслим (2/592) ҳадис №: 867.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.