Меҳмон   02-17-2015, 03:23 PM
#1
"Фитрат унга талпинган ва шариат тасдиқлаган ҳақ ҳуқуқлар"

Муаллиф: Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Аль-Усаймин роҳимаҳуллоҳ.

حقوق دعَت إليها الفطرة وقررتها الشريعة

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

Сўнг …
Албатта адолатга амал қилишлик ва ҳар бир нарсага зиёда ва нуқсонсиз ҳолда ўз хаққини беришлик, бу Аллоҳнинг шариати бўлган ислом фазилатларидандир!
Аллоҳ бизларни адолат ва ҳақ, яхшилик ва тақво ҳамда қариндош уруғларга силаи раҳм қилишликка амр этади!
Шунингдек, элчилар ва уларга нозил қилинган китоблар, адолат ва ҳақни қоим қилишлик учунгина юборилганлар! Чунки бу асослар, дунё ва охират ишларининг моҳиятидир!
Адолат бу ҳар бир нарсанинг ўз ҳаққини, ўзи ҳақли (лойиқ) бўлган ўринга қўйишликдир.
Ҳақ ҳуқуқларга амал қилишлик эса уларни ўрганиб чиқмасдан туриб рўёбга ошмайди.
Мана шу холат ушбу мухтасарни битишга сабаб бўлди. Бу китобда ҳақ ҳуқуқларга доир масалалар ва уларга амал қилишлик учун ўта муҳим саволларга жавоблар битилган бўлиб, Аллоҳнинг бандалари бу китобни ўқиб, ўрганиб ва ундагиларга тоқати даражасида амал қилишлари мақсад қилинади.

Ушбу китобнинг қисқача изоҳи:
  • 1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг ҳақ ҳуқуқи.
  • 2. Росулуллоҳ соллоллоҳу ъалайҳи ва салламнинг ҳақ ҳуқуқлари.
  • 3. Ота оналарнинг ҳақ ҳуқуқлари.
  • 4. Фарзандларнинг ҳақ ҳуқуқи.
  • 5. Қариндош уруғларнинг хақ ҳуқуқлари.
  • 6. Эр ва ҳотин ҳақ ҳуқуқлари.
  • 7. Бошлиқ ва тобеълар ҳақ ҳуқуқлари.
  • 8. Қўни қўшнилар ҳақ ҳуқуқлари.
  • 9. Умумий мусулмонлар ҳақ ҳуқуқлари.
  • 10. Ғайридин номусулмонлар ҳақ ҳуқуқлари.
Буларнинг бари, биз қисқача айтмоқчи бўлган ҳақ ҳуқуқлар жумласидандир.


1 боб. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг ҳақ ҳуқуқи.
Бу ҳақ - инсон амал қилиши мумкин бўлган ҳақларнинг энг олийси, энг муҳими ва энг буюгидир. Дарҳақиқат, чунки бу ҳақ оламларнинг яратувчиси, буюк ва улуғ, барча маҳлуқотларнинг эгаси ва уларнинг бошқарувчиси бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг ҳаққидир.
Бу ҳақ, осмонлару ерни ўз жойига ўрнатган, борлиқдаги барча нарсаларни яратган ва ўзининг чегарасиз буюк ҳикмати ила уларнинг тақдирларини белгилаб қўйган Молик (барча нарсалар, мулкларнинг эгаси, подшоҳи), Ҳақ (ўзи ҳақ бўлиб, ҳақни юзага чиқарувчи), Зоҳир (мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдин ва У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир), Ҳайй (абадий ва азалий тирик) ва Қайюм (қоим турувчи ва бошқаларни қоим қилиб, ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина турадиган) зотнинг ҳаққидир! Сени йўқдан бор қилган, роббинг бўлган - Аллоҳнинг ҳаққидир!
Бу ҳақ, сени ўз онанг қорнида (бачадонида) уч қават қоронғулик ичра бўлганингда, у ерга ҳеч ким ризқингни етказа олмайдиган ҳолатда Ўзи етказиб ва ривожланишинг учун зарур муҳитни тайёрлаб қўйган, ўз марҳамати ила сени ўстириб улғайтирган роббинг бўлган - Аллоҳнинг ҳаққидир!
У зот, сен учун онангни кўкракларини сутга тўлдирган, сўнг икки йўлни яъни яхшилик ва ёмонлик йўлини кўрсатган зотдир!
У зот, сен учун ота-онангни ўзингга бўйсундириш ила сени улар билан қувватлаган ва мослаштирган зотдир!
У зот, сени турли неъматлар, ақл ва идрок билан ризқлантирди ва ушбу неъматларнинг барини сенга татбиқ қилиб, сўнг уларни ишлата олишингга мослаштирган зотдир!

Аллоҳ таъало деди:
"وَاللَّهُ أَخْرَجَكُم مِّن بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لَا تَعْلَمُونَ شَيْئًا وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ ۙ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ"

"Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга кулоқ, кўзлар ва дилларни берди." (Ан Наҳл, 78 оят).


Агарда Аллоҳ ўз неъматларини сендан бир зумгагина махрум этса, албатта ҳалок бўлувчилардан бўласан ва агарда бир зумга тўсиб (ушлаб) қолса, унда ҳам яшагувчилардан бўлмайсан!
Агарда сен буларни (неъматларни) Аллоҳдан бўлган ёрдам ва марҳамат эканлигини тушуниб етган бўлсанг, унда уни сандаги ҳаққи, ҳақлар орасида энг буюги бўлишлиги аниқ ойдинлашади. Чунки, у сени яратди, ҳаётда яшашлигингга муваффақ қилиб, неъматларини тўкис, комил қилиб берди!

Дарҳақиқат, Аллоҳ сендан унга ризқ беришингни истамайди ёки сендан уни таомлантиришингни сўрамайди (яъни Аллоҳ ўз бандаларидан беҳожатдир)!

Аллоҳ таъало деди:
لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُكَ ۗ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَىٰ


"Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат тақводорларникидир." (Тоҳа, 132 оят).

Дарҳақиқат У фақат сендан фақат бир нарсани сўрайдики, у ҳам бўлса ўзингнинг фойданггадир! Бу эса шериги бўлмаган (зот), унинг ёлғиз ўзига ибодат қилишингдир!


Аллоҳ таъало деди:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ مَا أُرِيدُ مِنْهُم مِّن رِّزْقٍ وَمَا أُرِيدُ أَن يُطْعِمُونِ


"Мен жин ва инсонларни фақат ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман." (Аз Зориёт, 56, 57 оятлар).

У сени ибодатларнинг барча маъноларида (турларида) унинг ягона ўзигагина ибодат қилувчилардан бўлишингни ҳоҳлайди, чунки У рубубиятнинг барча ҳолатларида (яъни яратиш, бошқариш, ризқ беришлик ва хоказоларда) сенинг ягона роббингдир!
У сени ўзига хушуъ ва таслим бўлган ҳолатингда ибодат қилишингни, буйруқларига итоат қилиб, манъ қилганларидан сақланишингни (қайтишингни) ва хабар берган маълумотларини қаъбул қилиб, иймон келтиришингни ҳоҳлайди!
Тан олгинки, роббинг сенга берган неъматлари жудаям кенг ва туганмасдир! Наҳотки сен шу неъматларга шукр қилишлик ўрнига, ношукрлик қилишликдан ҳаё қилмайсан!?
Агар бир инсон сенга (ишларингда) ёрдам берса, у ҳолда сен уни тингламасликдан ҳаё қиласан ва унга эътирозларингни ошкор айтолмайсан!
А энди роббинг ҳақида нима дейсан, ахир Уни сенга берган марҳамати ва неъматлари чексизку!? Ҳатто сенга етган мусибат ҳам роббингни сенга бўлган меҳрибонлигидандир!


Аллоҳ таъало деди:
وَمَا بِكُم مِّن نِّعْمَةٍ فَمِنَ اللَّهِ ۖ ثُمَّ إِذَا مَسَّكُمُ الضُّرُّ فَإِلَيْهِ تَجْأَرُونَ

"Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар." (Ан Наҳл, 53 оят).

Аллоҳнинг ўзига нисбатан бизларга юклаган ҳақлари (мажбуриятлари), ўзи осон қилган бандалари учун осон ва енгилдир. Аллоҳ бизларни қийинчилик, торлик ва мушкулликка солмайди!

Аллоҳ таъало деди:
وَجَاهِدُوا فِي اللَّهِ حَقَّ جِهَادِهِ ۚ هُوَ اجْتَبَاكُمْ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ ۚ مِّلَّةَ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ ۚ هُوَ سَمَّاكُمُ الْمُسْلِمِينَ مِن قَبْلُ وَفِي هَٰذَا لِيَكُونَ الرَّسُولُ شَهِيدًا عَلَيْكُمْ وَتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ ۚ فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَاعْتَصِمُوا بِاللَّهِ هُوَ مَوْلَاكُمْ ۖ فَنِعْمَ الْمَوْلَىٰ وَنِعْمَ النَّصِيرُ


"Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақиқий тиришингиз! Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни Исломни ушлангиз. Токи (қиёмат кунида) пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (барча динлардаги) одамлар устида гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас китобларида) ҳам мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади. Бас, намозни тўкис адо этингиз, закотни (ҳақдорларга) ато этингиз ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг ҳожангиздир. Бас, У зот нақадар яхши ҳожа ва нақадар яхши мададкордир." (Ал Ҳаж, 78 оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг олдидаги бизларнинг ҳақларимиз (мажбуриятлар) қуидагиларни ўз ичига олади:
  • 1. Мукаммал эътиқод.
  • 2. Ҳақиқатга иймон келтириш.
  • 3. Фойдали ва солиҳ амаллар.

Комил эътиқоднинг ўзи, Аллоҳни севишлик ва уни улуғлаш устига қурилади. Унинг меваси эса, ихлос ва бардавом амалдир!
Бир кеча ва кундузда беш маҳал намоз ўқишинг сабабидан, у сени гуноҳларингни кечиради, қалбингни соғлом ва аҳволингни ислоҳ қилади! Аллоҳнинг бандалари ушбу намозларни тоқатлари даражасида қоим қилмоқликлари лозим!


Аллоҳ таъало деди:
فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ

"Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар." (Ат Тағобун, 16 оят).

Саҳобалардан бири Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳу бетоб бўлиб колганларида, Набий саллаллоҳу ъалайҳи васаллам унга: "Намозингни туриб адо қил, унга қодир бўлолмасанг ўтириб, агар унга ҳам қодир бўлолмасанг ён бошингга ётиб (ёнбошлаб) адо қил!" деб айтганлари каби.
Закот - бу молингдан оз миқдорда мусулмонларнинг ҳожатмандлари учун, уларга ёрдам ўлароқ чиқариладиган молингни бир қисмидир! У мусулмонларни фақирларига, мискинларига, мусофирларига, қарздорларига ва бошқа закотга ҳақли бўлганларига берилади.
Кейингиларидан яна, ҳар йил давомида бир ой рамазон рўзасини тутиб бормоқликдир!

Аллоҳ таъало деди:
وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ

"Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади." (Бақара, 185 оят).


Энди ким рамазон ойининг рўзасини, уни ҳеч тарк қилмайдиган қудрат (мадор)сизлик сабабидан тута олмаса, унда у, ҳар тута олмаган куни учун битта мискинни (фидя ўлароқ) тўйдириши лозимдир!
Ҳаж эса - қодир бўлган (инсон)га ўз умри мобайнида бир маротаба байтул ҳаром (каъба)га сафар қилиши ёзилган (фарз қилинган) амалдир!
Бу (тепада эслатилган) амалларнинг барчаси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг бизларнинг устимиз (зиммамиз)даги ҳаққидир!
Энди булардан бошқа амаллар эса, муайян ҳолатлардагина ва муайян сабаблар орқали, мажбуриятга айланади! Масалан Аллоҳ йўлида қилинадиган жиҳод ёки мазлумга бериладиган ёрдам ва шунга ўхшаш амаллар.
Эй биродар! Бу мажбуриятларни амалларда қанчалик енгиллигига (инсон тоқатига боғланганига) ва ажрининг буюклигига назар сол!
Агар сен бу ҳақларга риоя қиларкансан, унда бу дунёда ҳам, у дунё (охират)да ҳам баҳтлилардан бўласан ва жаҳаннамдан қутилиб, жаннатга кирасан!


Аллоҳ таъало деди:
فَمَن زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ ۗ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ

"Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, батаҳқиқ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир." (Оли Имрон, 185 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   02-19-2015, 09:49 AM
#2
2 боб.


Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ ҳуқуқлари.

Дарҳақиқат, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи, бу махлуқотлар (яратилганлар) орасидаги ҳақ ҳуқуқларнинг энг олийси ҳисобланади! Махлуқотларнинг орасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдек ҳақ эгаси (шу ҳақ ҳуқуқларга риоя қилишликда, улардан кўра лойиқроқ бўлган зот) йўқдир!

Аллоҳ таъало деди:
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا لِّتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُعَزِّرُوهُ وَتُوَقِّرُوهُ وَتُسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا
[٤٨:٩]


"(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз.
(Эй инсонлар, Биз бу пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эртаю-кеч Уни поклаб, тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик)."

(Фатҳ, 8-9 оятлар).

Шунинг учун, сендан Набий саллаллоҳу ъалайҳи ва салламга қўйиладиган муҳаббатни, қолган барча инсонларга қўйиладиган муҳаббатингдан кўра олий қилишинг талаб қилинади. Ҳатто, ўз нафсингдан ҳам, ота-онангдан ҳам ва фарзандларингдан ҳам!
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ораларингиздан биронтангизга, токи мен унга, ўз нафсидан, ота-онасидан, фарзандларидан ва одамларнинг барчасидан кўра севимлироқ (муҳаббатда улуғроқ) бўлмагунимча, иймони (комил) бўлмайди." (Бухорий ривояти)
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлари эса, уларни эҳтиром қилишлик, ҳурмат қилишлик ва ўзларини лойиқ бўлган ўринга қўйиб уларни улуғлашлик билан бирга, буларнинг барчасида зиёдалик (ҳаддан ошмаслик) ва нуқсонлик (ғулув кетиб қолмаслик)га йўл қўйилмаган ҳолда амалга оширилади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни тириклик чоғларида ҳурмат қилишлик, у (киши)нинг ҳаётларидаги суннатларига (эргашишлик ила) эҳтиром қилишлик ва (шаҳсиятлари ҳақида эса) насаблари олий (муборак шаҳс) эканликларини эътироф этишлик билан бўлади!
Вафот этганларидан сўнг ҳурмат қилишлик эса, у (киши)нинг суннатларини (эътиқодлари, сўзлари ва амалларидан иборат ташлаб кетган йўллари. таржимон изоҳи) (эргашишлик ила) ва тебранмас (ўзгармас) шариатларига (унга амал қилишлик ила) эҳтиром қилишлик билан бўлади!
Энди ким, мақтов ва фазилат эгалари ҳисобланган саҳобалар томонидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни қанчалик эҳтиром ва улуғлашганидан хабардор бўлса, у пайғамбар ҳаққини (ўз жойига қўйиб), унга қандай риоя қилишлик кераклигини (бизларга кўрсатиб беришганлигини) тушуниб етади!
Бизларга сийратдан маълумки, Қурайшликлар Ҳудайбия сулҳида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан келишувлар олиб боришлик учун Урва ибн Масъудни жўнатишган! Сўнг у (ўз қавмига) қайтгач, уларга айтадики:"Мен Кисро (Румликлар ҳукмдори), Қайсар (Форслар ҳукмдори), Нажжоший (Ҳабашистон ҳукмдори) каби ва бошқа шоҳлар хузурида бўлганман, лекин уларнинг биронтаси ўзининг асҳоблари тарафидан (яқин кишиларидан), Муҳаммаднинг асҳоблари - Муҳаммадни улуғлашаётгани каби улуғланилаётганларини кўрмадим. Қачонки, У ўз саҳобаларини бирон амр (иш)га буюрса, улар бу буйруқни бажаришга шошилиб кетишар, қачонки у ювинса (таҳорат қилса) ундан қолган шу сувни ўзаро талашиб-урушишгача боришар ва қачонки У сўзлаганда эса, улар овозларини пасайтириб, унга бўлган эҳтиромнинг олийлигидан ўз назарларини ерга қаратишарди."(Бухорий ривояти).
Улар (саҳобалар) розияллоҳу анҳум, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни мана шундай эҳтиром билан (ҳақларига) риоя қилишарди. Шунингдек, Аллоҳ у (киши)га гўзал хулқ ва юмшоқ феъл (бағрикенглик) ато қилган эди. Агар У қўпол ва шавқатсиз бўлганида, у (саҳоба)лар унинг атрофидан тарқалиб кетишган бўларди!
Яна Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан (зиммамиздаги) ҳақлардан бири шуки, у киши бизларга (ғайбдан иборат) ўтмиш ва келажак ҳақида берган хабарларининг барчасига иймон келтиришлик, буйруқларига итоат қилиб, ман қилганларидан қайтишликдир. Унинг манҳажи (йўли) ва шариати (қонуни) энг мукаммал деб тасдиқлаб, ундан бошқа шариатлар ва манҳажларнинг, улар кимдан чиқишидан қатъий назар ундан устун деб ҳисобламаслик билан амалга ошади!

Аллоҳ таъало деди:
فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
[٤:٦٥]

"Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича (бўйинсунмагунларича) зинҳор мўмин бўла олмайдилар."(Нисо, 65 оят).

Аллоҳ таъало деди:
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
[٣:٣١]

"Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир."
(Оли Имрон, 31 оят).

Ва яна Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан (зиммамиздаги) ҳақлардан бири шуки, уларнинг манҳажларини (йўлларини) ва шариатларини (қонунларини) агар ҳолат тақозо қилса, қудрат даражасида ҳимоя қилишлигимиздир!
Агар душман ботил (ноҳақ) далил ва ҳужжатлар билан ҳужум қилса, у ҳолда ҳимоя қилишлик ҳам илм асосида бўлиб, ушбу далилларни ботиллигини фош қилишлик ва (уларнинг) шубуҳотларига раддия беришлик билан бўлади. Аммо душман қурол билан ҳужум қилса, у ҳолда ҳимоя ҳам худди шу йўл (қурол) билан бўлади!
Қарши туришга шароити ва қудрати бўлган ҳар бир мўмин (Аллоҳга иймон келтирган киши)га, қачонки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатларига ёки уларнинг пок шаҳсиятларига (нисбатан) бирор кимса томонидан ҳужум (ҳамла) уюштирилган пайтда, унга (бу мункарга) жим туришлиги ва у кимсани эшитишлиги жоиз эмасдир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   03-16-2015, 07:42 PM
#3
3 боб. Ота оналарнинг ҳақ ҳуқуқлари.

Ҳеч бир (кимса) ота-онанинг ўз фарзанларидан устун эканлигини инкор этолмайди!
Улар, ушбу фарзандларни дунёга келиш сабабчилари бўлишганлиги учун, уларнинг (фарзандлари) зиммасида улкан ҳақлари мавжуддир!
Фарзандларнинг ўз ота-оналари олдидаги ҳақлари жуда буюкдир. Чунки, фақатгина улар у (фарзанд)ни дунёга келишига сабабчи бўлганлар!
Улар у (фарзанд)ни гўдаклигида тарбия қилиб, унинг дам олиши учун ўзлари ҳолдан тойиб ва ухлаб-ором олишлиги учун ўзлари ухламаганлар!
Онанг сени, ўз қорнида тўққиз ой кўтаради. Ана шу вақтлар ичида, сен унинг еб-ичгани сабабли озиқланиб, унинг саломатлиги ҳисобидан яшайсан!
Аллоҳ таъало ушбу қовлида айтгани каби:
حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَىٰ وَهْنٍ

"Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди." (Луқмон, 14 оят).
Шундан кейин, У чарчаб, азобланиб ва қийинчилик кўрган ҳолда сенга энагалик қилади ва икки йил (давомида) кўкрак (сут)и билан боқади!
Отанг ҳам (ҳудди) шундай, сенинг ҳаётинг учун ва ёшлигингдан куч тўплаб, мустақил бўлгунингга қадар барча нарсаларни (муҳайё) қилади!
Сенга тарбия беради, насиҳат қилади, ахир сен ўзингга нима фойда-ю, нима зарар эканлигини билмайсан!
Шунинг учун ҳам Аллоҳ, фарзанднинг ўз ота-онасига яхшилик қилиб, уларга шукр қилишига буюрди!
Аллоҳ таъало деди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَىٰ وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ

"Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди (яъни қорнидаги ҳомила улғайгани сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур), уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), "Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!"." (Луқмон, 14 оят).
Шунингдек Аллоҳ субҳанаҳу ва таъало деди:

وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا ۚ إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا
وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

"Роббингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!
Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: "Роббим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил)." (Исроъ, 23-24 оят).

Дарҳақиқат, сенинг зиммангда ота-онангнинг қуидаги ҳақлари мавжуддир:
- Уларга меҳрибонлик билан миносабатда бўлишинг.
- Сўзларинг билан ҳам, амалларинг билан ҳам яхшилик қилишинг.
- Жисмоний томондан ҳам ва моддий томондан ҳам уларга ёрдам беришинг.
- Аллоҳга осий бўлмайдиган ва ўзингга зарар етмайдиган (ўринларда), Уларнинг буйруқларига итоат этишинг!
Шунингдек Улар билан юмшоқлик билан муомалада бўлишинг, ҳуш кўринишинг билан уларни ҳурсанд қилишинг ва уларга талаб этилгандек хизмат қилишинг (риоя қилишинг керак бўлган ҳақлар жумласидандир)!
Улар қариган чоғида ва заифлашиб ёки касал бўлиб қолган пайтларида уларга (эринчоқлик ёки малолланиш билан) жаҳл қилма ва бирон ёрдам (ҳизмат)ингни улар учун қийинчилик деб ҳисоблама! Чунки сен ҳам бир кун (келиб) уларнинг ўрнида бўласан!
Қачонлардир сен ҳам, Улар ота (она) бўлишгани каби ота (она) бўласан!
Агар (узоқ) умр кўрсанг, ота-онанг кўзинг ўнггида кексаликга етгани каби, худди сен ҳам фарзандларинг кўз ўнггида кексаликга етасан!
Ота-онанг сени уларга яхшилик қилишингга мухтож бўлишгани каби, худди сен ҳам ўз фарзандларинг томонидан сенга яхшилик қилинишига мухтож бўласан!
Агар сен ота-онангга нисбатан яхшилик қилувчилар қаторидан бўлсанг, унда катта мукофот (ажр) ва сенга ҳам шу каби муносабат (келишлиги учун) хурсанд бўлгин!
Кимда-ким ўз ота-онасига нисбатан яхши муносабатда бўлса, албатта унга ҳам ўз фарзандлари шундай муносабатда бўлишади!
Энди кимда-ким ўз ота-онасига осий бўлса, албатта унга ҳам ўз фарзандлари осий бўладилар! Чунки мукофот ҳам, бажариладиган амалларга яраша бўлади. Нима амални бажарсанг, жавобига ҳам ўшанга ярашасини оласан!
Аллоҳ, (зиммангга) ўз ҳаққидан сўнг ота-онанг ҳаққини юклаб, уларга (риоя қилишинг керак бўлган) катта ҳақ-ҳуқуқларни берди.
Ваҳоланки, Аллоҳнинг ҳаққи остига, Расулининг ҳаққиси ҳам киради!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъало деди:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا ۖ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

"Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-оналарингизга яхшилик қилинглар." (Нисо, 36 оят).
Яна Субҳанаҳу ва таъало айтди:
أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ

"Менга ва ота-онангга шукр қилгин." (Луқмон, 14 оят).
Набий саллаллоҳу ъалайҳи васаллам эса, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда ота-онага бўлган итоатни, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам устун қўйдилар!
(Ҳадисда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу): Эй Аллоҳнинг расули! "Аллоҳга энг севимли бўлган амал нима?" деб сўради! Шунда У зот: "Вақтида ўқилган намоз!", дедилар!
"Ундан сўнг қайси?" деди!
У зот: "Ота-онага яхшилик қилиш!", дедилар!
"Ундан сўнграчи?" деганларида, У зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Буларнинг барчаси кўпчилик одамлар томонидан бепарволик қилинадиган: "ота-оналарга яхшилик қилишлик"ни муҳимлигига далолат қилмоқда!
Уларга қулоқ солишмайди ва Улар билан алоқаларни узишади!
Сен инсонларнинг ичида "ота-оналарининг олдидаги ҳақларини бажариш шарт эмас" деб ҳисоблаб, балким уларни хорлайдиганларни ҳам, мазах қилувчиларни ҳам ва Улардан кибрланувчиларни ҳам топасан! Лекин эртами кечми (барибир) улар ҳам, худди шу каби (жазо) азобни тортишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.