Thread Rating:
  • 0 Vote(s) - 0 Average
  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари борасида саҳиҳ эътиқод
#1
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари борасида саҳиҳ эътиқод

74-савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари борасидаги ақидамиз нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини яхши кўриш, уларни дўст тутиш, уларга (Аллоҳнинг) розилигини тилаш, улар учун мағфират сўраш ва уларга олқиш айтиш (лозим деб) эътиқод қиламиз.
Аллоҳ таоло деди: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). Аллоҳ таоло биринчи пешқадамлардан чиройли амалларни шарт қилмай рози бўлди. Уларга эргашганлардан эса уларга (саҳобаларга) чиройли амаллар билан эргашганларидагина рози бўлди. Аллоҳ кимдан рози бўлса, унга ҳеч қачон ғазаб қилмайди.
Саҳиҳ ҳадисда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: «Дарахт остида байъат берганлардан бирортаси дўзахга кирмайди» (Муслим (2496)).
75-савол: Муҳожирларнинг фазилатларидан бирор нарса зикр қилинг?
Аллоҳ толо муҳожирларни содиқлар дея ёдга олди ва сифатлади. Аллоҳ таоло деди: «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар – камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир» (Ҳашр: 8).
76-савол: Ансорларнинг фазилатларидан бирор нарса зикр қилинг?
Аллоҳ таоло ансорларни ёдга олиб, шундай деди: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иймон аломати - ансорларни яхши кўришлик. Мунофиқлик аломати - ансорларни ёмон кўришликдир» (Бухорий (17)).
77-савол: Саҳобалардан кейин келганлар томонидан уларга (саҳобаларга) нисбатан бўлиши лозим бўладиган ҳолат нима?
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига гўзаллик билан эргашадиганлардан иборат улардан (саҳобалардан) кейингиларнинг ҳолатини зикр қилиб, шундай деди: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмаган. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан»» (Ҳашр: 10).
78-савол: Саҳобаларни ёмон кўрган кимсанинг ҳукмни нима?
Аллоҳ таоло деди: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир (яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик тутган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Одамлардан кимки қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирор кишини ёмон кўришлик мавжуд бўлган ҳолда тонг оттирса, батаҳқиқ, унга ушбу оят етибди-(тегишли бўлибди)» («Ҳилятул Авлиё» (3/113)).
79-савол: Саҳобалар бир-бирларидан афзалмилар ёки улар фазилатда бир даражадами?
Аллоҳ таоло саҳобалар ҳақида шундай деди: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат-жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳадид: 10).
Бу эса уларнинг баъзилари баъзиларидан афзал экани ва улар бир даражада эмасликларига далолат қилади.
80-савол: Саҳобаларни сўкишдан қайтарувчи далилни ёдга олинг?
«Саҳиҳайн»да Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Саҳобаларимдан бирор кишини сўкманглар! Агар бирор киши Уҳуд (тоғи)чалик тилла инфоқ қилса, уларнинг бир ҳовуч, (балки) ярим (ҳовуч қилган инфоқлари)га етмайди» (Бухорий (3673), Муслим (2540, 2541)).
Яъни, уларнинг фазилатлари жумласидан бўлган ана шу миқдорга, балки ярмига ҳам ета олишмайди.
81-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга яхшилик билан гувоҳлик берганларини зикр қилинг?
«Саҳиҳайн»да Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамларнинг энг яхшиси мени асримдагилар. Сўнг улардан кейин келадиганлари. Сўнг улардан кейин келадиганлари». Имрон (розияллоҳу анҳу): «Ўзларини асрларидан кейин икки ёки уч асрни зикр қилдиларми билмай қолдим» - дедилар (Бухорий (3651), Муслим (2533)).
82-савол: Бадрда иштирок этганларнинг фазилатини зикр қилинг?
«Саҳиҳайн»да Алий ибн аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳатиб ибн Аби Балтаъа (розияллоҳу анҳу) қиссаларида шундай дедилар: «... Албатта, у Бадрда иштирок этган. Сен қайдан биласан, шояд Аллоҳ Бадр аҳли ҳақида хабардор қилиб, айтдики: Хоҳлаган амалингизни қилинглар! Дарҳақиқат, сизларни мағфират қилдим» (Бухорий (3007), Муслим (2494)).
83-савол: Саҳобаларнинг фазилатдаги тартиблари қандай?
Аҳли сунна, ушбу умматнинг Пайғамбаридан кейинги энг яхшиси: Абу Бакр Сиддиқ сўнг Умар ал-Фаруқ деб эътиқод қилади. Бу, саҳоба ва тобеъинларнинг ижмосидир. Бу борада улардан бирор киши ихтилоф қилмаган. Аҳли сунна Усмон ибн Аффонни учинчи ва Алий ибн Аби Толибни тўртинчи деб айтади, Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин.

Reply


Forum Jump:


Users browsing this thread: 1 Guest(s)