Admin   11-21-2010, 04:23 PM
#1
Иймон - етмиш нечадир ёки олтмиш нечадир қисмдан иборат

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иймон - етмиш нечадир ёки олтмиш нечадир қисмдан иборат». Икки хил ривоят мавжуд (Бухорий (9) «Олтмиш нечадир» лафзи билан, Муслим эса (35) икки хил лафз билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
«Иймон - етмиш нечадир қисмдан иборат. Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир», яъни, ушбу қисм-бўлакларнинг энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзидир. У ислом ва иймоннинг боши, биринчи рукни ва динга кириш ўрнидир.
«Қуйи қисми», яъни, энг охирги ва энг оз қисми.
«Йўлдан озорни олиб ташлаш», яъни, юриладиган йўлдан озорни йўқ қилиш. Мисол учун одамларга озор берадиган тикан, тош, ахлат ва чиқиндиларга ўхшаш. Йўлга, ўтувчиларга озор берадиган нарса ташлаш ҳаромдир. Озор ўтувчиларга ҳалақит бериб, уларни хатарга қўяди. Мисол учун кўчадаги сайёра йўлни тўсиб қўйиши, уйдан кўчага қарата сув оқизиб қўйиш, шаҳар ёки чекка жой бўлишидан қатъий назар йўлга ахлат, тош, ўтин, темир ташлаш, чуқур кавлаб кетиш ушбу маъно остига дохил бўлади.
Энди бир мусулмон келиб ушбу озорни олиб, йўлни бўшатиб қўйса, бу унинг иймонига далолат қилади. Йўлга озор ташлаш куфр шохчаларидандир. Йўлдан озорни олиб ташлаш эса иймон шохчаларидан.
«Ҳаё иймон қисмларидандир», яъни, ҳаё Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган бир хулқ бўлиб, у инсонни чиройли ва таҳсинга сазовор ишларга ундаб, хунук ва ёмон ишлардан тўсади. Ўз соҳибини яхшиликка ундаб, ёмонликдан узоқлаштирадиган ҳаё – мақтовга сазовордир. Инсонни яхшилик, илм талаб қилиш ва ўзига муаммоли бўлган масалалар ҳақида савол беришдан тўсадиган ҳаё эса мазамматлангандир. Чунки у энди хижолатга айланди.
Иймон қисмлари кўп бўлиб, етмиш нечадир қисмдан иборат. Дарҳақиқат, имом Байҳақий катта бир асар битиб, иймон қисмларини баён қилганлар. Ушбу асар мухтасар суратда нашрдан чиққан.
Иймон тил билан нутқ қилиш, қалб ила эътиқод қилиш ва тана аъзолари билан амал қилиш эканига далил, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир». Ҳадиснинг ушбу қисми тил билан нутқ қилишга далилдир. «Қуйи қисми эса йўлдан озорни олиб ташлаш». Бу эса амал бўлиб, амал ҳам иймондан эканига далолат қилади. «Ҳаё иймон қисмларидандир». Бу эса қалбда юз беради. Ҳаё қалбда бўлади. Ҳадис тўлалигича иймон тил билан нутқ қилиш, қалб ила эътиқод қилиш ва тана аъзолари билан амал қилиш эканига далолат қиляпти.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.