Admin   01-04-2012, 09:43 PM
#1
Рубубият тавҳиди борасида саҳиҳ эътиқод

1-савол: Рубубият тавҳиди борасида эътиқодимиз нима?
Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи яратиш, мулк ва бошқарувда ягонадир дея эътиқод қилади.
2-савол: Бунинг далили нима?
Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Роббингиз – Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Роббиси — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур, У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни хадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур» (Шўро: 49).
3-савол: Мушриклар рубубият тавҳидида келиша олишмаганми?
Одамлардан бирор киши, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин бу тавҳид борасида келиша олмай қолган эмас.
Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида шундай деб айтганидек: «Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар» (Луқмон: 25).
4-савол: Агар мушриклар рубубият тавҳидига иймон келтирган эканлар, унда нима учун Аллоҳдан ўзга олиҳаларга топиндилар?
Мушриклар олиҳалари Аллоҳга восита қилинади ҳамда улар Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчи қилиб олинади дея эътиқод қилардилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар: 3).
Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «(Шунча) олиҳаларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5).
5-савол: Ушбу тавҳид қалбларда қарор топган экан, унда нима учун Аллоҳ уни Қуръони Каримда қайдлаб ўтди?
Аллоҳ таоло ушбу тавҳидни исбот қилиш, таъкидлаш ва уни улуҳиятдаги тавҳидни вожиб эканига далил қилиш учун қайдлаб ўтди. Зеро рубубият тавҳиди фақат Аллоҳга ибодат қилинишини талаб этади. Аллоҳ таоло деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).
6-савол: Рубубиятда ширкнинг ботил эканига ақлий далил нима?
Аллоҳ таоло рубубиятда ширкнинг ботил экани ва агар иш шундай бўлганда осмонлар ва ер барбод бўлишини баён қилди. Бу, ақлий топқирлик билан ҳам идрок қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон ҳақ илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар, (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган шериклардан покдир» (Мўминун: 91).

Меҳмон   03-04-2014, 09:03 AM
#2
Тавҳид турларининг қисқа изоҳи

Савол: Рубубият, улуҳият, исм ва сифатлар ҳамда Зот тавҳидларидан нима мақсад қилинади?
Жавоб: Рубубият тавҳиди – Аллоҳни яратиш, ризқ бериш, тирилтириш, ўлдириш ва шунга ўхшашлардан иборат феълларида яккалашликдир.
Улуҳият тавҳиди – намоз, рўза, ҳаж, закот, назр, қурбонлик ва шунга ўхшашлардан иборат ибодатда Аллоҳни яккалашликдир.
Исм ва сифатлардаги тавҳид эса Аллоҳни ташбиҳ, тамсил, таҳриф-(ўзгартириш) ва таътил-(бекор қилиш)ликсиз, У Ўзини сифатлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уни си-фатлаган сифатлар билан сифатлашингиз ҳамда Уни, У Ўзини номлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уни номлаганлари билан номлашлигингиздир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набийимизга ва у кишининг оиласига ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин!

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 9772.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Ғудаён
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.